Ярослав Гашек. Дурбинда кўринган хотинлар (ҳажвия)

Мен Либерато Виноттининг Юқори Больцанодаги меҳмонхонаси айвонига чиқиб, бу йил синьор Либерато Виноттининг ишлари қалай экан деб ўйлаб ўтирардим, модомики дарҳол бир шиша шароб кўтарганча олдимга югуриб чиққан ва мени “зоти олийлари” деб атаётган экан, ишлари унча яхши бўлмаса керак. Яна тағин учоёқ синчга ўрнатилган дурбинини яқин сурди-да, бирмунча очиқ чеҳра билан, уни Грюнбах дарасига тўғрилаб қўйганини, мен энди бемалол Ауингер тегирмонини кўра олишим мумкинлигини тушунтирди. Очиғини айтсам, тегирмоннинг ҳеч бир қизиқ жойи йўқ эди, у Грюнбах дарасининг манзарасини тўсиб турарди.
Ўзим ҳар доим менга хизмат қилмоқчи бўлган одамларнинг ҳар бир хатти-ҳаракатини қадрлайман, шунга кўра ҳеч нима кўринмаётган йўналишда дурбинга бир қараб қўйиб, ҳа, синьор Винотти, тўғри айтибсиз, деб унинг навозишига ташаккур билдирдим.
– О, зоти олийлари, сиз бутунлай бошқача одамcиз, бошқаларга ўхшамайсиз. Бай-бай-бай, ўтган куни Олмониядан Галлус Ризенгубер деган бақ-бақалоқ бир киши келиб, тоза тинкамизни қуритди, – деб қўйди меҳмонхона эгаси кула-кула.– У ҳам шу айвонда ўтирганди, мен унга дурбинни суриб қўйганимни биламан, менга ҳеч қандай дурбиннинг кераги йўқ, бу ерларни кўравериб тўйиб кетганман, дея шундай қичқириб бердики, нима қилишимни билмай довдираб қолдим. “Йўқотинг кўз олдимдан буни! Бўлмаса синдириб ташлайман!”– дея бақирди. У бу ерга соат ўнда келади, унгача дурбинни йиғиштириб қўйиш керак. Бизнинг шогирд-официантимиз ул жанобнинг кайфияти йўқлигини билмаган экан, мен йўқлигимда унинг олдига дурбинни суриб қўйибди. Жаноб Ризенгубер дурбинни айвондан молхона томига улоқтиришига сал қопти, икки сайёҳ югуриб келиб қўлидан аранг юлқиб олишипти. Шу қилиғини эътиборга олмаса, ўзи жуда яхши ижарачи, эртадан кечгача айвонда ҳам, ресторанда ҳам, ётоғида ҳам овқат егани еган, соат сайин официантга: “Жоним, ошпазларингизга буюртма бериб қўйинг, менга чиройли қилиб бифштекс тайёрлаб қўйишсин; хонамга чиройли қилиб қуймоқ олиб чиқишсин”, деб қўнғироқ қилади. Шу айвонда, айнан шу ерда ярим кечагача бир шиша винони майдалаб ичиб ўтиради ва маъюс қўшиқлар айтади, ошхонадаги ошпаз хотинлар эшитганда эзилиб йиғлашади. Тун бўйи хонада юриб чиқади, хўрсинишлари ҳатто ҳовлига ҳам эшитилади. Баъзан эрталаб соат учдан телефон қилишни бошлайди, меҳмонхона ходимаси келганда қўлчасини чимчиламайди, фақат: “Айтинг-чи, қизалоғим, менга бифштекс ёки қуймоқ обкела оласизми?” деб сўрайди холос.
Ия, ия, соат тўққиздан қирқ беш дақиқа ўтибди-ку, дурбинни тезроқ олиб кетиш керак, бўлмаса яна жанжал кўтаради.
Дарвоқе, синьор Либерато Виноттининг жанжалдан қутулиб қолишга урингани бекор кетди, у зинада бақалоқ жаноб билан тўқнашиб қолди.
– Бу қанақаси-а, бу қандай аблаҳлик! – Менга у жанобнинг дағдағаси эшитилди. – Қачон қарасанг – дурбин, бир зум тинчлик йўқ!
Жаноб Галлус Ризенгубер бурнини торта-торта айвонга кўтарилди ва менга ҳамдардлик билдирди:
– Ишончим комилки, сизга ҳам шу ифлос матоҳини тиқиштиришган, тўғрими?
У қаттиқ хўрсиниб, менинг столим ёнига ўтирди ва пастга, ҳовлининг бошқа чеккасига тикилиб қаради.
– Сиз тасаввур ҳам қилолмайсиз, ҳовлида жўжаларнинг чирқиллаб юришлари шундай чиройли, шундай ажойиб эдики… Чирқиллашлари шу ергача эшитилиб турарди, энди бу ўтмишга айланди. Мен ҳамма жўжаларни еб битказдим, улар эса янгиларини боқишмаяпти. Шуям ижарачига ғамхўрлик бўлди-ю! Э, нимасини айтасиз, уларга қўйиб берсангиз сизни, дараларини мақтаб тўйғазмоқчи бўлишади – бу уларнинг Эйснек дараси эмиш, яна тағин аллақандай Абтаутал ва Мармолад деган жойлари ҳам бор, шу ердан кўринармиш.
Жўжа егингиз келса, жўжалари йўқ. Хўрозлари ҳам йўқ, униям еб қўйдим, товуқлари ҳам йўқ. Шундай қилиб, улар сизни фақат Мармолад ва Абтаутал билан билан боқмоқчи бўлишади. Нимагаям тўй саёҳатига шу ерга келдим! Бу ерда хотиним ҳам йўқ.
Униям еб қўйдингизми, деб юборишимга сал қолди, аммо у олисдаги ибодатхона минорасига шундай ғамгин бўлиб қарадики, унга ачиниб кетдим.
– Бу ерда курка боқишганда зўр бўларди, – дея хўрсинди у.– Яхши куркани бир нима деса бўлади, унинг олдида жўжа нима, бамисоли бир чумчуқдай гап. Аммо бу ерда фойдали курка ўрнига, назаримда, муз парчаси боқишадими-е… Олдинига улар тоғларини мақтаб жонга тегишади, ана ундан кейин, ул-бул егингиз борми, деб сўрашади. Аҳмоқона қоидалар! Менга камроқ тоғ, кўпроқ жўжа керак. Эвоҳ, бу тўй саёҳати қип-қизил бахтсизлик бўлди!
У гапира-гапира бир шиша шаробни ичиб битказди ва қовурма чўчқа кабобни уришга киришди.
– Бутун Юқори Болцанодан топилган сўнгги чўчқа бу,– деб қўйди у маъюслик билан.– Ақл-идрок билан мол боқишни билмайди булар, фақат нима ўсса, дарҳол ўшани Меранога юборишади. У ерда эса даволанаётган беморлар нима беришса, ўшани еяверишади. Ана қоида-ю, мана қоида, нима дейишни ҳам билмайсан. Шўринг қурғур мамлакат! Ҳатто ҳеч қаерда ромштекс ҳам буюртма қилолмайсан. Яқинда мен каптар қийма хоҳлагандим, нақ Инсбрукка боришга тўғри келди, у бу ердан бир юз йигирма километр. Мен икки кронадан тўлаб, тўрттасини едим, йўлҳақига олтмиш крона сарфладим, менга бирмунча қимматга тушгани кўриниб турипти. Бу ерлик итальян қизлар каптарни ўлдиришга қўрқишади, ахир, уни қип-қизил қилиб қовурилса, жуда чиройли чиқади-ку! Йўқ, бу тўй саёҳатини ўлгунимча унутмайман… Ҳа, менга битта қуймоқ тайёрласангиз бўлади.– Чўчқа кабобдан кейин ҳеч нима керакмасми, деб қизиққан официантга шундай деб жавоб берди.– Ёки, майли, иккита қилақолинг, биттаси малина мурабболи, иккинчиси ўрик мурабболи бўлсин.
– Хотиним оқ ўрикли мураббони ҳаммасидан кўпроқ яхши кўрарди, – қўшимча қилди маъюслик билан,– мен ҳам яхши кўраман. Дарвоқе, мурабболар бу ерда айтарлик яхши эмас… Мурабболарнинг энг зўрини биз Пассауда едик, мана мен энди бемазасини еб ўтирибман, бир ўзим хор бўлиб… Агар хўп десангиз, мен сизга бир бўлак Трамин пишлоғидан чақиртирай-да, бошимга тушган бахтсизлик тарихини айтиб берай. Трамин пишлоғини бемалол еса бўлади, лекин Швейцариядаги Майен-фелдда бундан яхшироқ пишлоқ еганман. Аммо сизга бир маслаҳатим: агар Левик йўналишидаги Пелцга бориб қолсангиз, ҳушёр бўлинг, сизни Алп ўтлоқларига, қандайдир сувга тўла Лалдо Назза деган жойга, у ердан товоқсойнинг чиройли манзараси кўринади, деб даъват қила бошлайдилар. Гап шундаки, у ерда сизга, албатта, ўзларининг горгонзола деган отқулоққа ўхшаган бир ўтларини тиқиштиришади. Пишлоққа эса Алп ўтлари эмас, чабрец деган бир тошчўп қўшишади. У чабрец деган жонивор қаёққа қарасанг ўша ерда тиқилиб ўсиб ётади, уларни кўравериб жининг қўзигани етмагандай, яна ошқозонингни ҳам ивирситиши керак! Пелц горгонзоласидан қорнинг шишиб кетган бир пайтда Лалдо Наззанинг мовий сувларидан лаззатланиб бўларканми? Эвоҳ, қаёқданам тўй саёҳати хаёлимизга келди-я! Уни айтиб беришдан олдин сизни огоҳлантириб қўяй: туб ерли одамлар қанчалик мақташмасин, эшак гўштидан қилинган колбасаларига ишонманг. Яқинда мен синаш учун саккизтасини еб кўрган эдим, кейин ўзимни жуда ёмон ҳис қилдим. Кейин чўчқа гўшти ва мурабболи қуймоқни ҳам зўрға оғзимга олдим. Мен бу тўй саёҳати қандай қилиб маъюс саёҳатга айланганини қисқача қилиб тушунтиришдан олдин шуни ҳам айтиб қўйишим лозимки, Алтонда менинг қаҳва дўконим бор. Турган гапки, сизни қаҳва навлари қизиқтирмайди, шунинг учун дарҳол гапни идорадан бошлай. Ҳозир ҳамма ёзув-чизувни бир йигитча олиб боради, илгари бу ишни Индржишка қиларди. Бу қиз жуда чиройли бошқарарди ишни, аммо мени, ўз бошлиғини кўришга тоқати йўқ эди. Мен бақ-бақалоқман, у эса келишган, тиниқ қиз эди. Ҳамма суяклари кўриниб турарди. Аммо мени унинг нигоҳлари сеҳрлади. Мен унга эътибор бермасликка ҳаракат қилдим ва идорада пайдо бўлганимда ҳар гал эсанкираб қолаётганини пайқадим. У тишларини ғижирлатар, кўзларини ола-кула қиларди ва, биласизми, муҳтарам жаноб, бу ҳол менинг жонимни чиқарарди. Ҳа, жонимни чиқарарди, кейин бутунлай издан чиқдим. Бир куни ишдан кейин уни тутиб қолдим ва: “Ойимтилла Индржишка, мен сизни ишдан бўшатаман”,– дедим унга. У бўзариб кетди ва: «Нима учун», – деб сўради. “Чунки мен сизга уйланаман”,– деб жавоб бердим имкон қадар қўполлик билан, шундай қилиб унга ёқмоқчи эдим… У шундай қўрқиб кетдики, ҳиқичоғи тутиб: “Мен хизматингизга тайёрман, пан бошлиқ”, – дея ғулдиради. Кейин мен унинг бармоғига никоҳ узугини тақиб қўйдим. Кейинчалик у, сизга қўрққанимдан эрга текканман, деб айтди, аммо мен, мен эса бахтли эдим. Бизни бирга кўрганлар ўзини кулгидан тиёлмасди: мен бочкадай эдим, у худди чўпга ўхшарди. Тасаввур қилинг-а: унинг оғирлиги роппа-роса қирқ килограмм эди! Тўй саёҳатига тоғларни танладик, биз ахир денгиз бўйида яшардик, тоғлар наздимизда бир ғаройибот бўлиб кўринарди. Сўнг тоғларда унинг шоирона қалби ўзини кўрсатиб қолди, Швейцарияда у кетма-кет ҳар бир шалолалар этагида – Драубургдами ёки Эбердорфдами соатлаб нигоҳ қадаб ўтира оларди. Сумкасида эса бир бўлак колбаса ҳам бўлмасди. “Азизим, етар энди шунча қараганинг” десам, нима деб жавоб қайтарарди, денг. Мен “табиатни ҳис қилмайдиган ва англамайдиган беадаб-бетамиз мечкай” эканман. Бир куни қаердадир Залцбург яқинида у мендан жуда қаттиқ жирканишини айтди. Бу шундай бўлди: унинг айтишича, харсангтошлар орасидан бир жилғача шилдираб чопиб чиққанмиш ва шу чопганча даралар бўйлаб оқиб кетипти. Мен ўтлар устига ётиб: “Э, ўргилдим чопағон жилғангдан, қаёққа оқса оқавермайдими” деган хаёлга бордим. Бу орада у чечаклар териб, гулдаста олиб келди. Қарасам – тергани гуллаган жамбил экан. Қиймаланган чўчқа биқинини жамбилли салат билан тотиб кўрганмисиз ҳеч? Емаганмисиз? У ҳам емаган экан. Мен унга бу жуда зўр бўлишини айтган эдим, бирдан қутуриб кетса бўладими? Шундай нозик мавжудотнинг бундай қутуриб кетиши даҳшатли эди. Қари денгизчи кема дарғаси билан қандай сўкишишини кўрганмисиз, мана энди бу нозик аёлнинг ўшандоқ сўкинишларини тасаввур қилинг! Бу ҳатто ундан ҳам ошиб тушарди! Ана шундан кейин у қийиндан қийин сайрларни ўйлаб топа бошлади, бир куни ҳатто мени аллақандай музтоққа судради.
Гап шу ерга келганда у официантга:
– Ҳа, айтинг, менга бифштекс пиширишсин! – дея луқма ташлаб қўйди-да, қиссасини келган жойидан давом эттирди: – Азизим, бундан буёғи нақ босириқ тушга ўхшаб кетди. Мени арқон билан боғлаб, жарликлар оша судраб кетишди, Алп яйловларида эса сутдан бошқа нарса йўқ, фақат сут, сут… Менинг жаҳлим қирққа чиқиб кетди, Губеролмада бир тирик сигирни сотиб олдим, чўпонлар уни пишириб беришди. Шунда унинг қандай шовқин кўтарганини кўрсангиз эди. У бўйинлари қўнғироқли бу сигирларни қўриб, роса завқланган эди ва менинг қилмишимни унинг ҳиссиётларини таҳқирлаш деб ҳисоблади.
У қилиб, бу қилиб то Валлершпитцгача судралиб бордик. У ерда мен, энди бу тоққа чиқмайман, дея баёнот бердим. “Яхши,–деди у,– у ҳолда мен меҳмонхонадаги бошқа аҳллар билан бораман”.
Меҳмонхона шу ердагидай айвонли, бутун Валлершпитц кўриниб турарди, у ерда ҳам дурбин бор эди. У тоғларга кетганлар эса икки нафар мажор ва бир инглиз хотиндан иборат эди. Мен хотиним билан хайрлашиб қолдим, туш вақти эса зерика бошладим. Дурбиннинг олдига бориб, уни тоғларга тўғриладим. Валлершпитц олдимда кафтдек кўриниб турарди. Мен ҳатто қоялар орасида капалаклар қандай учиб юрганини ҳам кўра билдим. Анчагача хотинимни ва у билан бирга кетган одамларни топа олмадим. Кейин меҳмонхона эгасини ва официантни чақириб олдим ва нима кўраётганларини яширмай айтасизлар деб қасам ичирдим. “Зоти олийлари,– деди меҳмонхона эгаси,– муҳтарама хотинингизни ва бир мажор кишини кўряпман, айнан ўпишиб турган пайтлари экан, иккинчи мажор эса инглиз хотинни ўпяпти. Зап томошабоп, қаранг, маза қиласиз”. Кейин дурбинга официант қаради ва: “Улар ҳалиям ўпишяпти, зоти олийлари”,– деди.
Мен нима қилганимни айтайми? Дурбинни синдириб ташладим ва тинмай ича бошладим, у аблаҳ мажорлар қайтиб келишганда мен ўликдай ухлаб қолгандим. Эрталаб улар ғойиб бўлишди. Кейин инглиз хотин ҳам… Мен дурбин ҳақини тўладим, хотинимни бекатга обориб, дўконингда қимирламай ўтир, деб уйга жўнатиб юбордим. Хотиним йиғлади, у яна Куфтейн манзарасини ҳам кўраман деб орзулаб юрган экан. Жанжалдан кейинги гапини қаранг! “Бекор айтибсан, – дедим гапини бўлиб,– бу мажорлар билан ўзингни қандай тутиш кераклигини олдиндан ўйлашинг керак эди”.
Мана энди мен ёлғизман, сўққабошман, бир ўзим бу Алп тоғларида тўй саёҳатини давом эттиряпман. Мен бир эмас, тўртта дурбинни синдириб ташладим ва алам билан итальянларни ғажияпман.
Ниҳоят, официантга ўгирилиб, соғинчга тўла паст овоз билан беморларга ўхшаб:
– Менга яна битта бифштекс олиб келинг! – деб қўйди.

Русчадан Миразиз Аъзам таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2008 йил, 2-сон


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!