Хулио Кортасар. Биз Глендани шундай яхши кўрардик (ҳикоя)

Бунақа бўлишини олдиндан ким ўйлабди, дейсиз. Кимдир биров киногами ёки театргами кетаётганда, ўзига ўхшаб ўша ерга бораётган одамлар ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмайди: кийиниб бўлгач, фильм қачон бошланишини, жойи қаерда эканини сўраб  яна бир карра қўнғироқ қилади,  ё ўн биринчи ё еттинчи қатор, нимқоронғилик ва мусиқа, ҳеч кимга, айни пайтда ҳаммага тегишли маскан, ҳамма – бир хилда тамошабин, эркаклару аёллар, ғуж-ғуж одам, лекин ҳеч ким йўқдек, ора-сира кеч қолиб безовта қилаётгани учун узрхонлик, норози оҳангдаги шивирлашлар, ким кимга  эътироз билдиряпти – номаълум, доимий осойишталик, нигоҳлар саҳнага ёки экранга қадалган, ён-верида ким ўтирибди-ю, нималар бўлаяпти – ҳеч ким қизиқмайди, ҳолбуки, зал тўла одам… Худди шунга ўхшаб,  рекламалару кинотеатр олдидаги узундан-узоқ навбатларни кўриб, газета-журналларда тинимсиз эълон қилаётган тақриз ва мақолаларни ўқиб ҳам, Гленданинг муҳлислари бунчалар кўп эканини билмас эканмиз.

Уч йил, нариси билан тўрт йил бўлди шу воқеаларнинг бошланганига, ҳозир бу фикрнинг биринчи бўлиб кимдан чиққанини ҳеч ким аниқ айтиб беролмайди, қисқаси, вақт ўтиб биз асосий гуруҳ, ёшлар эса  клуб, дея ном қўйган ўша қандайдир бирлашма ташкил этиш ғояси қачон – кинони кўриб чиққач, бир қадаҳдан мусаллас ичиб ўтиргандами, суҳбат қизиганида ёки жимгина хаёл сураётганимизда  вужудга келдими, тавба, Урасуста билан Диана Риверонинг ҳам аллақачон эсидан чиқиб кетган бўлса керак.

Аслида бу ҳеч қанақа клуб-плуб эмасди, оддийгина Гленда Гарсенни яхши кўрадиганлар давраси эди, ваҳоланки, унинг истеъдоди билан ижодига юксак баҳо беришдан нарига ўтмайдиган мухлислардан ажралиб туришимизга шунинг ўзи ҳам кифоя қилар эди. Зотан, Гленда ёрқин истеъдоди билан бизни ҳам маҳлиё этиб, чинакам санъатга ошно қилган эди, шунингдек Анук, Мерилин, Анни, Сильвана ҳамда – бўлмасам-чи – Марчелло, Ив, Витторио ва Дирк сингари актёрлар ҳам юрагимиздан ўрин олганди, лекин биз фақат Глендани чинакамига яхши кўрар эдик, айнан шунинг учун, мана шунинг шарофати билан гуруҳимиз ташкил топди ва шаклланди ҳамда қаттиян ўз мақомини белгилаб олди; бу сабабларни  ёлғиз ўзимиз билардик – буни ҳеч кимга айтмасдик, кейин-кейин, бир мунча вақт ўтиб, битта-яримта Гленданинг мухлислари билан танишиб қолиб, улар билан борди-келди қилиб юриб, узоқ давом этган суҳбатлардан сўнг кимки Глендани чин дилдан яхши кўришига ўзи ишониб қолмай, бизларни ҳам ишонтира олса, дилимизда бу туйғуларни ўшанга инониб айтардик.

Диана билан Ирасуста ташкил этган уюшма секин-аста кенгайиб борарди. “Қор узра ёлқин” фильми экранларга чиққан йили биз нари борса олти ёки етти киши бўлсак, “Зеболик туҳфаси” ишланганда уюшма аъзоларининг сони ҳаддан ташқари кўпайиб, оқибатда айримлар ўзларини аллаким билиб, унча-мунча нарсани менсимайдиган бўлиб бораётганларини сезиб қолдик. Биз – Ирасуста, Диана ва яна икки уч киши ўзаро фикрлашиб талабчанликни ошириш, синамасдан ва вискихўрлик пайтида ўзини доно ҳамда фидойи қилиб кўрсатишни яхши кўрадиганларни имтиҳон қилмасдан (О, Буэнос-Айрес, Лондон ва Мехикога хос бу тунги имтиҳонлар) олмасликка қарор қилдик. “Омонат бахт” премьераси куни Глендани яхши кўрадиганлар биз ўйлагандан ҳийла кўпроқ эканига таассуф ила иқрор бўлдик. Кинотеатрда тез-тез учрашиб қолишлар, фильм тугагандан кейин кўз уриштиришлар, саросимага тушган аёлларнинг паришон чеҳралари ва аламини ичига ютган эркакларнинг сукут сақлаши – аллақандай нишонлару шартлашган сўзлардан кўра бизни очиқ равшанроқ ажратиб турарди. Бир-биримизни сўзсиз, бехато топиб олардик, қисқаси.

Ақл бовар қилмайдиган баҳонаю сабаблар изми ихтиёрида беихтиёр ҳаммамиз шаҳар марказидаги битта қаҳвахонага бориб қолардик. Алоҳида-алоҳида турган столлар бирпасда бирлаштирилар ва ҳамма келишиб олгандек бир хил коктейл чақирар, ана шундан сўнг керак-нокерак гумон ва иккиланишларни йиғиштириб қўйиб, бир-биримизнинг энг сўнгги фильмнинг энг сўнгги саҳнасида охирги кадрдаги Гленданинг ҳали ўчиб улгурмаган сиймоси акс этиб турган кўзларимизга тикилиб қарашга ботинардик.

Ким билади, йигирмата эдикми ё ўттизтами – қисқаси, неча киши келганимизни барибир билолмасдик. Чунки Гленда иштирок этган фильмлар баъзан битта кинотеатрда ойлаб намойиш этилар, баъзида эса бир вақтнинг ўзида иккита ёки тўртта кинотеатрда қўйиларди. Бир сафар – кутилмаган ҳодиса – у ҳатто саҳнада, “Қуюшқондан чиққанлар” спектаклидаги ёшгина қотил қиз ролини ижро этди ва қанчадан қанча янги мухлислар орттирди, эл-юрт олқишига сазовор бўлди, биз эса буни жиддий қабул қилмадик. Ўша пайтда биз жуда иноқлашиб кетдик, ўзаро борди-келди қиладиган бўлдик, тўғрисини айтганда асосан Гленда ҳақида гурунглашиб ўтиргани бир-биримизникига меҳмонга борардик. Аввал бошданоқ Ирасус­та бир овоздан уюшма раҳбари сифатида тан олинганди, ҳолбуки, бунга у ҳеч қачон даъво қилмаган, Диана Риверо эса гўё унинг ишончли вакили – ўринбосари эди, у асосан бизга қўшилиш ниятида бўлган номзодларни “элакдан ўтказар”, улар билан суҳбатлашар – сарагини саракка, пучагини пучакка ажратиб, бизни бетайин ва олғир мухлислардан асрар эди. Дастлаб мустақил ассоциация сифатида дунёга келган нарса энди жамоатчилик асосидаги ташкилотга айлана бошлади ва дастлабки пайт­лардаги, енгил-елпи савол-жавоблар ўрнини аниқ мақсадга қаратилган суҳбатлар, конкрет муаммолар эгаллади. “Зеболик туҳфаси”даги хатога йўл қўйилган эпизод, “Қор узра ёлқин” фильмининг интиҳосидаги сўнгги иддаолар, “Омонат бахтдаги” шарму ҳаёсиз лавҳа ҳақида саволлар бериладиган бўлди. Глендага нисбатан кўнглимиздаги меҳр-муҳаббат шунчалар кучлилигидан ҳаммаслак бўлмаган мухлислар, шарм-ҳаёсиз қиз-жувонлар, аравани қуруқ олиб қочадиган маҳмадоналар билан мутлоқо муроса қилгимиз келмасди. Ҳатто шу сабабдан бўлса керак, бир одат жорий этилди (қаердан, ким томонидан – тагига етолмадик барибир): Гленда иштирок этган фильм марказда қўйилса, жума кунлари, чекка туманда такроран намойиш этилаётганда эса ҳамма кўришга улгуриши учун бир ҳафта кутар эдик, яъни кейинги учрашув муддати суриларди; барча вазифалар қатъийян белгилаб қўйилган бўлиб, сўзсиз итоат этиларди, акс ҳолда, жазо тариқасида Ирасустанинг нафрат ва истеҳзо тўла кулгиси ёки Диананинг ўта кўнгилсиз, ўт чақнаган нигоҳига дучор бўлишарди.

Ўша кезларда бизнинг учрашувларимиз бошдан-оёқ Глендага бағишланарди, бу йиғинлар очиқдан очиқ “Гленда” деб атарларди – зеро, Гленда ҳар биримизнинг қалбимизда баайни яшар ва шу важдан орамизда тафриқа йўқ ва бирлигимизга ҳеч қандай гумон ва шубҳалар раҳна сололмас эди. Вақти келиб айримлар ботиниб, аста-секин, аввалига истиҳола ҳамда эҳтиётлик билан, бўш чиққан эпизодлардан ҳайрон қолиб ёки ҳафсалалари пир бўлиб, сийқа фикр ёки тақлидларни очиқдан-очиқ танқид қилишга ўтдилар.

Биз “Олифта” фильмининг таъсир кучини сусайтирган баъзи ерлардаги камчиликлар ёки “Сабабини ҳеч қачон билолмайсан”нинг якуни учун Гленда айбдор эмаслигини билардик. Ўша режиссёрларнинг бошқа асарларини ҳам кўрганмиз, сюжетлари қайдан пайдо бўлди-ю, сценарийсини ким ёзган – ҳаммасидан хабардор эдик, уларга шафқат қилмасдик, шу сабабли жуда яхши тушунардикки, бизнинг муносабатимиз актрисага ҳавас билан қарашдан фарқ қилади, фақат бошқаларнинг айби туфайли юзага келган хом-хатала номукаммал асарлар Гленда шаънига доғ туширмаслиги учун куйинардик. Бизнинг юксак вазифамиз, эҳтимол, бурчимиз ҳақида биринчи бўлиб Диана гапирди, у асл ниятини очиқ айтиб ўтирмай одатдагича, ўзига хос тарзда – киноя аралаш шама қилиб ўтди, очиғи, у бизни очиқдан-оч­иқ хайрихоҳлик билдиришмайди деб ўйлаган, шекилли, унинг ҳар битта гапига қўшилиб, ҳар бир фикрини маъқуллашимиздан боши осмонга етди, биз ҳам кинозалларни тўлдириб ўтиришлар, қаҳвахонада дийдорлашмоқ энди талабимизга жавоб бера олмайди, ҳатто Глендани бунақа яхши кўриб юриш ҳам кам эканига иқрор бўлдик.

Бироқ ўшанда ҳам очиқ айтилмаганди ичимиздаги асосий гаплар – балки унда эҳтиёж йўқ эдими?! Глендани қалбимизда асраш бахти ҳамма нарсадан муҳимроқ ва бу бахт камолотга эришгандагина тўлиқ бўлиши мумкин эди. Кутилмаганда фильмларда йўл қўйилган камчилик ва нуқсонлар ёмон таъсир қила бошлади: биз “Ҳеч қачон сабабини билолмайсан” фильмининг бу тарзда тугашини истамасдик ёки “Қор юзидаги ёлқин”да покер ўйини чоғидаги бета­йин эпизод ўзини оқламаган деб ҳисоблардик (Гленда у ерда бўлмаса-да, қай йўл биландир уни ҳам иснодга қўярди). Ҳар доимгидек бизни истиқболда кутаётган вазифаларни Ирасуста аниқ белгилаб берди ва ўша оқшом биз зиммамиздаги масъулият юки остида эзилганча ҳамда истиқболда кутаётган саодат ҳақида ўйлаб, яъни нуқсон ва хиёнатлар Гленданинг мунаввар сиймосига заррача гард юқтирмаслигига ишонч бахш этган саодат умидида уй-уйимизга тарқалдик.

Биз тўгаракка бошқа ҳеч кимни қабул қилмай қўйдик, бурчимизни бажариш учун одамларимиз етарли эди. Қолаверса, муҳмал ҳур фикрлилик мақсадимизни амалга оширишга тўғоноқ бўларди. Ирасуста Ресиде-де Лобасдаги боғли кошонасида қурилган тажрибахона ҳақида бутунлай битгандан кейингина оғиз очди. Шундан кейин ҳамма иш келишиб олинди ва биринчи топшириқ “Омонат бахт” фильмининг ҳамма нусхаларини топиб, йиғиб келишга масъул гуруҳ тузилди ва уюшма аъзолари ўртасида тенг тақсимланди, бу фильмдан бошлаганимизнинг боиси, муваффақиятсиз чиққан ўринлари нисбатан камроқ эди. Масаланинг молиявий томони ҳақида биров ғинг демади, Ирасуста Пичинчеда қўрғошин кони очган Говард Хьюз билан шериклик қиларди, пул бўлса чангалда шўрва – барча ишлари: самолётлар, ҳамкорлик қилувчилар, пора бериш учун пул масаласи осонгина ҳал қилинди. Бизнинг идорамиз, идорага қарашли корхонамиз ҳам йўқ эди, “Хейгар Лосс” компаниясининг компьютери олдимиздаги вазифалар ва уларнинг бажарилиш босқичлари тартибини программалаштириб берди. Диана Риверонинг ҳаммамизни бирдан ҳаракатга келтирган гапларидан икки ой ўтгач, тажрибахона иш бошлашга тайёр бўлди; “Омонат бахт”даги қушлар билан боғлиқ бўш эпизод бошқаси билан, Гленда ижросига муносиб меъёр ва драматик ҳолат ҳаққоний акс эттирилган бошқа бир лавҳа билан сезилмайдиган тарзда ўзгартирилди, баъзиларнинг зикрича, тўғриланди. Фильм экранларга бир неча йил муқаддам чиққан бўлиб, унинг қайта жаҳон экранларида намойиш этилиши ҳеч кимни ҳайрон қолдирмади: томошабинлар ва мухлисларнинг хотираси четдан қараганда ғалати таассурот қолдирар экан, биз илгари кўрган, лекин вақтики келиб ўзгариш киритилган ёки қисман ўзгартирилган нарсаларни хотирамизнинг унутиши ёки ўзгариши орқали қабул қиламиз, шу нуқтаи назардан олганда Гленданинг ўзи ҳам фильмнинг ўша эпизодларида рўй берган ўзгаришларни сезмаган бўлса, ажаб эмас. Дарҳақиқат, унинг матбуот конференциясида айтган гаплари шу фикрни юз жоиз тасдиқларди.

Биз тиним нималигини эсдан чиқариб юбордик; тажрибахонада амалга оширилган ишнинг самарасини амалда кўргач, пайсалга солмасдан “Қор юзидаги ёлқин” билан “Жоду” нусхаларини йиғиштириб олдик; сўнг қайта ишлаб, тузатиш учун бошқа фильмлар келтирилди, “Хейгар Лосс”нинг компьютерчилари билан тажрибахона ходимлари бир меъёрда қизғин иш олиб боришарди. Фақат “Зеболик туҳфаси” бироз қийнади: араб амирликларидаги нефть компанияларининг магнатлари фильм нусхаларини бутунлай сотиб олиб уйларида сақлашар экан, уни ўғирлаб чиқиб, (бошқа сўз ишлатишнинг ҳожати борми) ўрнига бошқасини қўйиб қўйиш учун турли ҳийла-найранг ишлатишга ва одам ёллашга тўғри келди, Тажрибахона панд бермай бир текис ва юқори даражада ишларди, бошида бунақа пухта иш олиб боришига асло ишонмаган эдик, (табиийки Ирасустага кўнгимиздаги иштибоҳни айтишга ботинолмагандик), тааажуб, ҳаммадан кўра Диана кўпроқ ишонқирамаганди, лекин Ирасуста “Сабабини ҳеч қачон билолмайсан”ни кўрсатганда ва биз фильм якунида Гленданинг Романолар хонадонига қайтиб келмай машинасида қоятош сари шамолдек елиб кетгани ва ўз тийнатига содиқ қолган ҳолда тошқин дарёга ғарқ бўлганини кўриб, ҳақиқий якун мана шундай бўлиши кераклигини ҳис қилгандик, зеро кўнглимизда бу дунёда ҳам бенуқсон камолотга эришиш мумкинлигига ишонч уйғонган ва Гленда  биз учун ана шундай баркамол бўлиб қолади, деб хаёл қилганмиз.

Албатта, энг қийини нимани ўзгартириш лозим, қаерини кесиб ташлаш керак, монтаж жараёнида нималарга эътибор бериш, бачкана, тутуруқсиз ерларини қандай ҳал  қилиш эди. Ҳар биримиз Глендани турлича тасаввур қилар  эдик, қалбларимизга жо қилганимиз билан бу Глендалар ўртасида тафовут мавжуд эди, – ана шу нарса ихтилофга сабаб бўларди, баҳс-мунозаралар асабларини қақшатаётганлар, узоқ ва атрофлича таҳлил қилиб тушунтирганимиздан кейин ўзаро битимга келишар, айрим пайтларда масала кўпчилик фикриға таяниб ҳал қилинарди. Афсуски, фикри инобатга олинмаганлар қабул қилинган янги вариантига ичлари ачишиб қарашар ҳамда бизнинг ўйлаганларимизга тўла-тўкис жавоб бермайди, деб ҳисоблашар эди-ю, лекин ишончим комилки қилинган ишлардан ҳеч кимнинг кўнгли тўлмай қолган, биз Глендани шунчалар яхши кўрардикки, натижа ҳамиша ўзини оқлаш тугул, кўпинча аввал бошдан кўзлаганимиздан афзалроқ бўлиб чиқар эди. Баъзи кўнгилсизликлар ҳам рўй бериб қоларди: “Таймс” газетасида бир газетхоннинг хати босилиб чиқди, у “Қор юзидаги ёлқин” фильмида учта воқеа, илгари бу тартибда келарди, ҳозир бутунлай ўзгарган, дея ҳайрон бўлса, “Опиньон”да санъатшуноснинг мақоласи босилиб чиқди, у очиқдан очиқ “Жоду”даги бир саҳна бутунлай қирқиб ташланганига норозилик билдирарди, унинг тахминича, бу риёкор амалдорлар сиёсатидан бошқа нарса эмас. Барча ҳолатларда газак олиб кетмаслиги учун шошилинч чоралар кўрилади; бунинг ҳеч қийин ери йўқ эди, негаки оммага калтабин тоифа – у бирпасда ҳамма нарсани унутиб юборади ёки нимани тақдим этса, янгидек қабул қилиб кетаверади ёки ўзи бир янгилик ахтаришга берилади, қисқаси, у янгиликка ўч – янгиликпараст, кино олами сиёсат дунёси каби беқарор, буқаламунга ўхшайди, ҳаммаси ўзгаришдан бир лаҳза тўхтамайди, бу фақатгина бизга – Глендани жонидан ортиқ кўрувчиларга тааллуқли эмас, аслида бидъат ва ихтилофларнинг дояси бўлмиш уюшмада тўсатдан бошланиб қоладиган баҳс-мунозаралар бўлиб, улар ниҳоятда хавфли эди. Гарчи биз ўзимизни ҳар доимгидан кўра якдил, бурчимиз тақозосига кўра ўзимизни ҳамжиҳат сезсак-да, иттифоқо бир куни кечки пайт сиёсий сафсатабозлик иллатидан тамомила қутулмаган “аҳли донишлар”нинг муборак овозлари янграб қолди, иш авжи қизиган пайтда ҳаммамизнинг олдимизга ахлоқий муаммоларни рўкач қилиб қўйишмоқчи бўлишди, улар ўзимизга маҳлиё бўлиб кетиб, фил суягига ёки гуруч донасига жимжимадор нақш чизишдек ҳеч кимга кераги йўқ фаолият билан шуғулланмаяпмизми, дея савол беришди. Бундай ишбузарлардан шартта юз ўгириш осон эмасди, агар шундай қилинса, жамоанинг тартиб билан бир меъёрда олиб бораётган фаолиятига путур етар, чунки бизлар бамисли ҳавога кўтарилган самолётнинг барча мурватлари бир пайтда баравар ишлаган учун ҳавода парвоз қилаётгани каби яхлит ва уйғун организмга айланган эдик, мабодо битта мурват бузилса ёки олиб ташланса, умумий ҳаракат бутунлай тўхтаб қолиши аниқ. Бу танқидий мулоҳазаларни, бизни куч-қувватини, ғайрат-шижоатини беҳуда нарсаларга исроф қилишдек нодонликда айблашларини чидаб эшитишнинг ҳам ўзи бўлмасди. Шунга қарамасдан энди-энди ниш ура бошлаган шаккоклик куртакларини ҳозироқ – вақтида юлиб ташлашга зарурат йўқ эди, чунки ҳатто шу исёнкорлар ҳам бизга ўхшаб Глендани ҳаддан зиёд яхши кўришарди, шу боис ҳар қандай ахлоқий қарашлар ёки нуқтаи назарлардаги ихтилофлардан қатъи назар, Гленданинг камолоти бизларни ҳам, қолаверса, дунёни ҳам баркамол қилажагига ишонч ҳисси бизни бир умрга бирлаштирган эди. Ҳолбуки, биз ортиғи билан ажру мукофотга сазовор бўлган эдик, зеро, бир файласуф дўстимиз беҳуда иккиланишлар даврида қийинчилик­ларни бартараф этиб, аввалги ҳамжиҳатликни сақлаб қола билди; унинг оғзидан, ҳар қандай хусусий фаолият тарихий аҳамият касб этиши мумкин, инсоният тарихида китобнинг кашф этилишидек муҳим кашфиёт йигит кишининг бир аёл номини тинимсиз такрорлаш орқали абадийлаштириш истагининг шарофати билан воқе бўлган, деган нақлни эшитдик.

Хуллас, биз Гленданинг сиймоси ҳар қандай нуқсон ва қусурлардан холи эканига ишонадиган кунларга ҳам етиб келдик; унинг сиймоси жаҳон экранлари орқали ўзи орзу қилган – биз бунга амин эдик – даражада нур сочмоқда эди, эҳтимол, шунинг учундир матбуотда унинг кино оламини тарк этиши ҳақидаги интервьюси босилиб чиққанида унчалик ҳаяжонланмадик ҳам, фикримизча, Гленданинг ғайриихтиёрий равишда фаолиятимизга, ҳаётимизнинг мазмунини бойитишга қўшган бебаҳо ҳиссаси каромат ҳам эмас, тасодиф ҳам эмасди, бу ўзига бўлган чексиз меҳр-муҳаббатимизни ғойибона ҳис қилган қалбнинг жавоби эди гўё, ёки бўлмаса, унинг бу аҳду қарори юрагининг тубида туғён қилган миннатдорлик туйғуларининг инъикоси сифатида юзага қалқиб чиққанди; ваҳоланки, кино санъатига мансуб турли-туман шунос-шунослар унинг таҳсинга лойиқ бу қарорини – ажойиб актрисанинг кутилмаганда санъатни тарк этишини қадрдон гўшасини бевақт ташлаб кетган қушлар қисматига қиёслаган бўлсалар, биз эса, аксинча, абадият сарҳадларидаги маконларига қайтган қушларнинг ибратомуз аҳду қарори сифатида қабул қилдик. Бизнинг қувончимиз чегара билмасди: оғир кечинмаларга тўла ҳаловатсиз кунлар, уйқусиз тунлар ортда қолди, зеро, биз чеккан заҳматларимиз эвазига бахшида этилган неъматлардан баҳраманд бўлмоқлик шарафига ноил ва муносиб эдик. Энди ўзимиз яратган бу олам ичра хотиржам яшасак бўлади, чунки эртага яна бирор кор-ҳол рўй бермаслигига ишонар ҳамда Гленда иштирок этган ҳар қандай фильмни бемалол, бехавотир томоша қила олардик; биз хоҳлаган пайтимизда дилимизга ҳадик ва хавотир ораламасдан, бамисли хавф-хатардан холи боғларда чаҳ-чаҳ уриб сайраган қушлар каби яйраб-яйраб вақтимизни ўтказар эдик.

Афсуски, бу қувончимиз узоқ давом этмади. Гленда яшаётган мана шу оламда яшаб ўтган бир шоир қачонлардир: абадият замон беқарорлигига мафтундир, деб ёзган экан, бир йил ўтар-ўтмас Диана кўнгилсиз гап топиб келди. Гленда яна кино оламига қайтармиш, бу ҳақда ўз оғзи билан матбуот конференциясида айтибди, сабаби тушунарли – ижод унинг ҳаёт-мамоти, киносиз, театрсиз яшолмас экан, тавсия қилинаётган фильмлар сценарийси махсус унинг учун ёзилган ва яқин  кунлар ичида суратга олиш ишлари бошланиб кетар эмиш ҳоказо ва ҳоказо. Ўша кезлари шаҳар марказидаги кинотеатрларда “Зеболик сирлари” намо­йиш этилаётган эди. Фильмни кўргач, ўзимиз ўрганган ўша қадрдон қаҳвахонада йиғилишиб ўтирган оқшом ҳеч биримизнинг эсимиздан чиқмаса керак.

Ирасуста дилидагини очиқ айтиши шарт эмасди, чунки ҳаммамиз бундай адолатсизлик ва хиёнат аламидан юрак-бағримиз қон бўлиб ўтирардик. Биз Глендани шунчалик яхши кўрар эдики, азбаройи худо, айблашга тилимиз бормасди, рост-да, машҳур актриса бўлгани учун, боз устига, истеъдодли ва ҳусн-латофатда тенгсизлиги учун гуноҳкорми?! Ҳамма бало Гленда қайтиб келаётган кино оламининг ҳаром-хариш, ғирромлардан иборат эканида! Мол-дунё, обрў-эътибор, томошабинлар олқиши, Оскар каби балою офатлар биз шунча машаққатлар эвазига бино қилган эҳромларни кўз очиб-юмгунча бемалол яксон қилиб юбориши мумкинлигида! Диана Ирасустанинг кафтларига кафтини қў­йиб: “Ўзга чораси йўқ”, деганда у ҳаммамизнинг номимиздан гапираётганини биларди. Уюшма ҳеч қачон бунчалик қудрат касб этмаган ва шу кучни амалга ошириш учун мақсадини бунчалик аниқ ва лўнда ифода этмаган эди. Биз ичимизда фақат бир кишигина олдиндан биладиган куни рўй бериши муқаррар ҳодисадан ҳозирданоқ таъсирланиб руҳсиз, шалвираганча уй-уйимизга тарқалдик. Биз энди қаҳвахонада бошқа учрашмаслигимизни билардик, бундан буён ҳар битта одам ўзи яратган салтанатда ёлғиз яшашга маҳкум эканини ҳам чуқур бир армон билан ҳис қиларди. Ирасустага ўхшаган бир сўзли одам учун бу ишни амалга ошириш хамирдан қил суғиргандек гап – буни ҳамма тушуниб турарди. Бизлар худди эрта-индин “Омонат бахт” ёки “Жоду”дан кейин барибир кўришамиз-у, деган хаёлда одатдагидек ҳайрлашмадик ҳам, баъзилар шошилиб, бир нималар деганча, баъзилар кеч бўлиб қолибди, уйга бориш керак энди, деб ғудранганча тезроқ кетишга ошиқарди, қаҳвахонадан ҳамма битта-битта чиқди, аҳвол шундай эдики, иложини топган одам то ўша аҳд бажарилмагунга қадар унутишни, мутлақо эсламасликни хоҳлаган бўларди, афсуски, бунинг сира иложи йўқлиги ва кунларнинг бирида эрталаб газеталардан биридаги ҳиссиз ёзилган таъзияномани ўқишга тўғри келиши муқаррар экани ҳаммага равшан эди. Бу ҳақда ҳеч ким, ҳатто ҳаммаслак дўстларимиз билан ҳам сирлашмаймиз, кинодами, кўчадами учрашиб қолсак, минг истиҳола билан, бир-биримизни кўрмаганга солиб ўтиб кетамиз;  фақат шундай қилсаккина, уюшма Глендага бўлган садоқатини сақлаб қолади ва амалга оширган ишидан ҳеч ким бохабар бўлмайди. Биз Глендани шундай яхши кўрар эдикки, унга боқий камолот бахш этдик. Уни эришиб бўлмайдиган юксакликка олиб чиқдикми, бас, қулаб тушишдан ўзимиз асраймиз; унинг садоқатли мухлислари бундан буён ҳам бемалол, ҳеч нарсадан ҳадиксирамай унга таъзим қилаверсалар бўлади, чунки хочдан тирик тушиш ҳали ҳеч кимга насиб этмаган.

Олим ОТАХОН таржимаси

«Ёшлик» журнали, 2015 йил, 10-сон