Хулио Кортасар. Беморларнинг саломатлиги (ҳикоя)

Кечагина туппа-тузук юрган Клелия хола бирдан кўрпа-тўшак қилиб олганди, ҳаммамиз довдираб қолдик. Қўйинг-чи, Роке тоғадек босиқ, хар қандай оғир дамлардаям биронта чора-тадбир топа олгувчи одам ҳам ўзини йўқотиб қўйди. Дарҳол Карлоснинг ишхонасига кўнғироқ қилиб, унга хабар бердик. Пепа билан Роса мусиқа машғулотини бошқа кунга кўчириб, ўқувчи болаларни уй-уйларига қайтариб юборишди. Клелия холани айтмайсизми, ўзининг аҳволи бунақа-ю, онамиз ҳақида ташвиш чекканичи: менинг дардим енгил, кўрмагандек бўлиб кетаман, онангизни эҳтиёт қилинг, бу хафақон деганлари жуда ёмон. Бунинг устига қонида шакари кўпайиб кетибди. “Алехандрони зинҳор-базинҳор эслатманглар”, деб доктор Бонифас ҳам бекорга тайинламагандир?! Худо кўрсатмасин, Клелия хола узоқроқ ётиб қолгудек бўлса, ойим шубҳаланмаслиги учун тайинлироқ баҳона топиб қўйиш керак. Тавба, Алехандроники камлик қилаётувдими?! Бир оғиз ноўрин гап ёки арзимаган янглишмовчилик бўлса тамом, ойим ўша заҳоти сезади. Уйимиз катта, хўп, лекин бундан нима фойда?! Бахтга қарши ойим ўта сезгир, ер тагида илон қимирласа билади, ким нима қилаяпти, ким келди, ким йўқ-барчасини билиб ўтиради. Пепа телефон орқали доктор Бонифас билан икки оғизгина гаплашиб олди, доктор эртароқ келишга ваъда берибди, эшик очиқ тураверсин, қўнғироқ қилмасдан кириб бораман, дебди. Роса билан Роке тоға икки марта ҳушидан кетиб, ҳозир боши қаттиқ оғриётганидан зорланаётган Клелия холанинг тепасида гирдикапалак бўлишаётган бир пайтда Карлос ойимнинг ёнида эди. У Бразилия ҳақидаги ҳар хил миш-мишлару энг сўнгги янгиликлар билан ойимни чалғитиб ўтирарди. Ойимнинг кайфияти чоғ эди, ҳатто одатда тушдан кейин безовта қиладиган бел оғриғи эсига ҳам келмаётган эди; лекин, ҳайронман, олдига кирган одамдан нима бўлди, нега ҳаммангиз ташвишманд кўринасиз, деб сўрагани-сўраган. Худди келишиб олгандек ҳамма ҳавонинг димлиги ва таркибига аллакандай кимёвий моддалар қўшилаётгани учун нон маҳсулотларида маза-матра қолмаганлиги ҳақида зорланиб гапирарди. Энди чойга ўтирганимизда Роке тоға келди: бу ёғига ойим билан у гаплашиб ўтириши лозим эди, Карлос эса тезгина ювиниб доктор Бонифасни кутиб олгани пастга тушиб кетди. Клелия хола анча яхши бўлиб қолган, лекин иккинчи марта ҳушини йўқотмасидан олдинги шавқи сўнган, бемажол, ҳатто бармоқларини қимирлатолмасди. Унинг ҳолидан хабар олиб тепасида ўтирган Пепа билан Роса ялиниб-ёлвориб ярим пиёла чой тугул бир қултум сув ҳам ичиришолмабди. Лекин нима бўлган тақдирда ҳам кечга яқин уйдагилар бироз енгил тортишди. Клелия холанинг соғайиб, эртага ҳеч нарса кўрмагандек ўз оёғи билан ойимнинг ётоғига кириб келишига ҳамманинг ишонгиси келарди…
Бу ҳам майли-ю Алехандронинг иши чатоқ эди. У ҳамкасб дўстини кўргани кетаётганида Монтевидео шаҳри яқинида машинаси фалокатга учраб ҳалок бўлган. Ўша машъум вокеадан кейин бир йилча вакт ўтди, бу фожиа ойимдан бошқа оила аъзоларининг барчаси учун худди куни кеча рўй бергандек туюларди. Ҳа, ойимдан бошқа ҳаммамиз учун! Чунки ойим Алехандро Бразилиянинг Ресифэ шаҳридаги фирмалардан бири билан тузилган шартнома бўйича цемент заводи қурилишида соғ-саломат ишлаб юрибди, деб ўйларди. Доктор Бонифас билан бамаслаҳат юз берган автомобиль ҳалокати чоғида Алехандронинг ҳам сал-пал шикастлангани, лекин яраси енгил эканини ойимга айтиш ёки йўлини топиб, сал ишора қилиб қўйишга эса ҳеч ким журъат қилолмади. Ҳатто фожиа рўй берган дастлабки кунлар, айтиш мумкинки, эс-хушидан айрилаёзган Мария Лаура ҳам бу бахтсиз ҳодиса хусусида ойимга гапирмаслик керак, деган фикрни маъқуллади. Карлос билан Мария Лауранинг отаси Алехандронинг жасадини олиб келгани шошилинч Уругвайга учиб кетишди, қолганлар эса ойимнинг тепасидан кетмай кечаю кундуз унга парвона бўлишди, чунки ўша кунлари ойимнинг саломатлиги жудаям оғир эди. Алехандронинг жасади солинган тобутни муҳандислар клубининг катта залига (албатта, маъмуриятнинг рухсати билан) қўйишди, шу тариқа Пепадан бошка — ойим уни ҳеч қаёққа юбормаганди ўшанда — барча қариндош-уруғлар ғамдан адо бўлган Мария Лаурага таъзия билдириб, унга сабр тилаш учун ўша ерга боришди. Табиийки, ҳамма оғирлик Роке тоғанинг зиммасига тушганди, каллаи саҳарлаб ўша ерга етиб келган Роке тоға энг аввал нима килиш лозимлигини Карлосга тушунтирди, Карлос эса Алехандро билан доим карта ўйнаб ўтирадиган яшил ранг мовут қопланган столга бошини қўйиб ҳўнг-ҳўнг йиғлади, салдан кейин уларнинг ёнига Клелия хола келиб ўтирди. Ўша куни ойим эрталабгача донг қотиб ухлади — бир мартаям уйғонмади, шу сабабли бемалол ёлғиз ўзини қолдириш мумкин эди. Роса билан Пепанинг розилигини олиб ойимга “Насьон” газетасини — ойим гоҳ-гох шу газетани ўқиб турарди — кўрсатмасликка қарор қилдик, сўнг ҳаммамиз якдиллик билан Роке тоғамизнинг ўйлаб топган ҳийласини қўллаб-қувватладик. Бразилиядаги бир баобрў фирма Алехандрога бир йилга шартнома тузишни таклиф қилган. Бу икки томон учун фойдали бўлгани боис, Алехандро Монтевидеодаги жўраси билан хайрлашиб юкларини йиғиштирган-да, Бразилияга учиб кетган. Ойимга, албатта, ҳозирги замонда қадриятларнинг ўзгариб кетгани ҳақида норози оҳангда гапиргандек бўлиб, нолиганча одамлар орасида меҳр-оқибат кўтарилганига йўйдик, одамлар бағритош, бераҳм, тағинам Алехандро инсофли йигит экан — асосий гап шу аслида — тўрт-беш ойдан кейин бир ҳафтага келиб-кетишнинг иложини қиларкан, барака топсин, деб кўнглини кўтариб қўйдик. Хайрият, бу янгиликни ойим кўз ёшсиз ва дори-дармонсиз бўлмаса ҳам биз кутгандан кўра енгилроқ қабул қилди. Карлос — ойимнинг кўнглини топа биладиган одам деб ана уни айтса бўлади — суюкли кенжатойингиз шунақа мартабага эришса-ю, сиз йиғлаб ўтирсангиз уят бўлар, деди. Алехандро жигаргўшалари шунга сиқилишаётганидан хабар топса, мусофирчиликда юрган бола эзилади, деганди, ойим ўша заҳоти ўзини қўлга олиб, шу топда мусаллас бўлсайди, Алехандронинг соғлиги учун қадаҳ кўтарардим, деб қолсалар бўладими?! Юраги тўлиб ўтирган Карлос мусаллас келтириш баҳонасида хонадан учиб чиқиб кетди, мусалласни эса Роса олиб кирди ва ойим билан бирга ичишди.
Иложимиз канча… Ойим жуда-жуда қийналиб кетганди, у ҳадеб шикоят қилиб зорланмаса-да, бир ўзини ёлғиз қолдиришмас, кечаю кундуз атрофида гирдикапалак бўлишарди. Пайшанба куни, дафн маросимининг эртасига ойим келиним кўринмаяпти, деб ажабланиб сўраган эди — Мария ҳар пайшанба уни кўргани келарди — Пепа оёғини қўлига олиб Мария Лаура билан маслаҳатлашгани чол-кампир Новалиларникига югурди. Роке тоға эса бу пайтда адвокат ошнасиникида унга топширилаётган ишнинг нақадар нозиклигини тушунтириб ўтирарди. Адвокат ўша куниёк Ресифэда истиқомат қиладиган (ойимнинг олдида шаҳарни олди-орқасига қараб танлашганига раҳмат) укасига мактуб йўллаб, тез-тез хат ёзиб турсин, Алехандро дўстингга айтиб қўй, деб тайинлашга ваъда берди. Доктор Бонифас гўё йўл-йўлакай кирган киши бўлиб ойимни бир қур текширди-да, кўзлари анча яхши, лекин толиқтириб қўйиш ярамайди, деб тайинлади ва ҳозирча газета ўқимай туришни тавсия этди. Клелия хола дунёда юз бераётган энг қизиқ воқеалар ҳақида гапириб ўтиришни зиммасига олди, бахтимизга ойим радиони, айниқса, сухандон зотини ёқтирмасди, уларнинг овози ўта ёқимсиз, буям етмагандек деярли ҳар дақиқада бериладиган шубҳали дори-дармонларнинг маъни-матрасиз рекламаларини айтинг. Одамларга ҳам ҳайронсан, фарқига бормай олаверишади, зарари йўқмикан, деб ўйлаб ҳам ўтиришмайди.
Мария Лаура жума куни кечкурун келди. У меъморчилик бўйича бошланиб кетган имтиҳонлар толиқтириб қўяётганлигидан зорланди. Бир дақика ҳам вақти йўқ экан.
— Тушунаман, фариштагинам, — деди ойим меҳр билан, — кўзларинг ҳам қизариб кетибди, яхши эмас!.. Кечқурун ётишдан олдин мойчечак дамламаси билан чайиб ётгин, эрталабгача анча яхши бўлиб колади, мени айтди дерсан.
Зарурат туғилиб қолса, ўша заҳоти суҳбат мавзуини ўзгартириб юборишга шай бўлиб Роса билан Пепа ойимнинг ёнидан бир қадам силжимай ўтиришарди. Отасига раҳмат, Мария Лаура истеъдодли актрисадек ўз ролини қойилмақом қилиб ижро этди, у ҳатто ойим куёв ҳам шунақа бўладими, ҳеч кимга лом-мим демасдан шартта жўнаворди, деганларида жилмайиб қўйди холос. Ҳозирги ёшлардан бошқа нимани ҳам кутасан; одамлар ўзгариб кетган; бесабр-бетоқат, бир нимадан қуруқ қолаётгандай ҳовлиқишади — ит эгасини танимайди… Ана шундан кейин ойимнинг узундан-узоқ хотира дафтари очилди: ота-онасини, бувиси билан бувасини, қон-қариндошларини бирма-бир эслаб чиқди, кейин ҳаммага қаҳва тортишди, ўша заҳоти янги латифалар айтиб беришдан чарчамайдиган ҳазилкаш Карлос оғзи қулоғида кириб келди — жуда пайтида келди-да, бунинг устига Роке тоға ҳам шунақаям ёқимли ва ийдириб юборадиган табассум билан ётоқхонага бош суқиб кирдики… Хуллас калом, ҳаммаси яна ўз изига тушди.
Бора-бора уйдагилар бу мураккаб ва чалкаш ўйинга кўникиб қолишди. Иқрор бўлиш керак, ҳаммадан ҳам Мария Лаурага қийин эди, яхшиям у ҳафтада бир марта- пайшанба куни ойимдан хабар олгани келарди. Ниҳоят, барчамиз орзиқиб кутган кун ҳам етиб келди. Алехандронинг илк мактуби қўлимизга тегди. Худога шукур, зап пайтида келди, акс ҳолда жим бўлиб кетди-я, деб ойим хавотир ола бошлаганди.
Карлос ойимнинг оёқ тарафига ўрнашиб ўтирди-да, мактубни овоз чиқариб ўқиб берди. Ресифэ Алехандрога бениҳоя ёқибди. У кўрфаз ҳақида, у ердаги тўтифурушлар, роҳатбахш салқин шарбатлар ҳақида эринмай батафсил ҳикоя қиларди. Буни қаранг-а — шу ерга келганда ҳамма ҳайратдан ёқасини ушлади — ананас сувтекин экан, қаҳвани айтмайсизми, бирам хушбўй-бирам хушбўй!.. Ойим хатжилдни қўлига олиб қаради-да, маркаларини Маралдоларнинг кенжатой ўғлига беришни уктирди. Агар унинг ихтиёрида бўлса, ёш болаларга марка йиғишни тақиқлаб қўяркан, чунки болалар ҳеч қачон қўлларини ювишмайди, маркалар эса қайси гўлаххоналарда ётган — ким билади?!
— Тўппа-тўғри! Буниси майли, маркаларни туфлаб ёпиштиришганлари- чи?! -деди ойим. -Бирон-бир касал юқиши мумкин. Ҳамма билади, микроблар унча-мунчага ўлмайди. Фарқи нима? Битта марка кўп, битта марка кам!
Эртасига ойим Росани чақириб, Алехандрога ҳам хат ёздирди, хатда қачон таътилга чиқишини эслатиб, уйга келиб-кетиши қимматга тушмайдими, деб сўради; саломатлиги ҳақида батафсил, бутун тафсилоти билан ҳикоя қилиб берди, бунинг орасида Карлоснинг лавозими кўтарилганини эслатиб ўтишни унутмади; Пепанинг энг қобилиятли ўқувчи деган мукофотга сазовор бўлганини ҳам қистириб ўтди, турган гапки, Мария Лауранинг ҳар пайшанба канда қилмай кўргани келаётгани, шўрлик ишга берилиб соғлиғи ҳақида қайғурмаётгани ва кўзини эҳтиёт қилмаётгани ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Мактуб ёзиб тугатилгач, ойим коғоз варақларини олиб кўзига суртди, кейин қалам билан имзо чекди. Пепа ўша заҳоти ўрнидан ирғиб турди-да, конверт келтириш баҳонасида учиб чиқиб кетди, кўз очиб-юмгунча вақт ўтмай жавон устидаги гулдонга солиш учун янги узилган гуллар билан ойим соат бешда ичиши лозим бўлган дориларни кўтариб Клелия хола кириб келди.
Нимасини айтасиз… Уларга осон тутиб бўлмасди, ойимнинг қон босими бирдан кўтарилиб кетганда, беихтиёр, наҳотки шунча уриниш, эҳтиёткорликка, зўрма-зўраки масрурликка қарамай ички хавотир ва умидсизлик хуруж қилаётган бўлса-я, деган хаёлга бордилар. Йўқ, бу ҳақда гап бўлиши мумкин эмас! Чунки уларнинг олдиндан тайёрлаб қўйилган сохта кулгилари ойимнинг хоналарига киришгач, бениҳоя самимий каҳқаҳага айланиб кетардики, қойил колмай иложинг йўқ! Гоҳо-гоҳо ойим уларни кўрмайдиган, овозларини эшитмайдиган ерда ҳамма нарсани унутиб, ҳазил-мутойиба, ўйин-кулгига берилганлари-чи?! Тўғри, ўйин-кулги авжига чиққан маҳал гоҳо туйкус тўхтаб қолар ва ҳаммалари беихтиёр бир- бирларидан кўзларини яширишга ҳаракат килишарди. Пепа йиғлаб шишиб кетар, Карлос эса бошини қуйи солиб, тўхтовсиз сигарет чека бошларди… Нафсиламрини айтганда улар — ҳаммалари, ойим ҳеч нарсадан бехабар пайтида бу оғир, диққинафас кунларнинг тезроқ ўтиб кетишини орзу қилишарди. Доктор Бонифас билан бамайлихотир гаплашиб олишгач, оила аъзоларининг барчаси, Клелия хола таъбири билан айтганда, бу “мурувват ва шафқатнинг машаққатли йўлидан” асло қайтмасликка қарор қилишди. Ҳаммасидан ҳам, айниқса, Мария Лаура ойимни йўқлаб келганида жуда- жуда қийналиб кетардик. Чунки у келди дегунча, ойим Алехандро ҳақида гап очарди — тўғри, бу табиий, она бўлгандан кейин қизикади-да боласининг тақдирига. Қолаверса, ойим уларнинг мақсадини билгиси келарди, Алехандро келса, тўй қилишадими ёки Алехандро яна қилиқ чиқариб битта-яримта фирма билан каердалиги ва муодати номаълум шартномага имзо чекадими — хуллас, билгиси келарди. Ўласанми-куясанми, лекин дам-бадам ётоқхонага кириб, ойимдан хабар олиш, унинг гапларидан сиқилиб, бир ҳол бўлиб оромкурсида ўтирган Мария Лаурани лоақал бир дақиқага тинч қўйиши учун ойимни чалғитишар эди. Кунлардан бир кун ойим, дафъатан, Клелия холадан Мария Лаура келганда нима сабабдан ҳаммалари ёпирилиб кириб ётоқхонамни отбозор қилиб юборишади, Алехандронинг қаллиғи билан гаплашишга бошқа вақт қуриб қоптими, дея сўраб қолган эди, Клелия хола кулиб юборди-да, юмшоқлик билан Мария Лаурани кўришса, Алехандрони кўргандек бўлишади-да, дея изоҳ берди.
— Гапинг тўғри, — деди шунда ойим, — умуман олганда, Мария Лаура бебаҳо қиз. Менинг эркатой ўғлим (уни савалаган одамнинг ҳақи кетади) билиб қўйиши лозим, шунақа қизнинг уволи тутади, Худо урсин!
— Вой тавба, нималар деяпсан?! — Клелия хола кўзларини катта-катта очиб ойимга тикилиб қолди. — Ўғлинг ҳақида гап очилса, ўзингни йўқотиб қўясан-а!
Ойим кулимсиради ва бугун-эрта Алехандродан хат келса керак, деб қўйди. Дарҳақиқат, хат бир кун ҳам кечикмай етиб келди, Роке тоға хатни ойим ҳар кун соат 17.00 да ичадиган лимонли чой билан патнисга солиб тантанали равишда келтириб берди.
Бу сафар Алехандронинг хатини ўзи ўқимокчи бўлган ойим кўзойнагини сўради. Сўнг шошилмай, ҳар бир сўзнинг, ҳар бир жумланинг мағзини чақиб ўқиб чиқди.
-Ҳозирги ёшларга ҳайронсан, ҳурматни билишмайдими нима бало, — деди норози оҳангда ойим. — Яхшиям бизнинг пайтимизда ёзув машинкалари бўлмаган, лекин чин сўзим, мен сизларга бунақа ёзиб юборишга ботинолмасдим, отангизга-ку, мутлақо…
— Ёзиб ҳам кўрган эди! — ойимнинг гапини илиб кетди Роке тоға. — Отасига тортган-да!..
— Вой, Роке-ей, лозим бўлса-бўлмаса, чолим ҳақида бир оғиз номаъқул гап айтмасанг, кўнглинг жойига тушмайди-я! Ўзинг биласан, бунақа гапларни ёқтирмайман. Эсингдан чиқдими ойим билан ўтган гап-сўзлар?..
— Хўп-хўп, бўлди-бўлди. Гап келиб колди-да, узр, лекин ҳозирги ёшлар ҳурматни билишмайди, деганингга қўшиламан.
— Бир нарсага ҳайрон бўлаяпман, — деди ойим ва кўзойнагини олиб нақшинкор карнизни кўздан кечира бошлади, — Алехандродан бир эмас, бешта хат олдим, тавба, биронтасида мени бу ердалигида айтиб чақирадиган номимни тилга олмаяпти… Иккимиздан бошқа ҳеч ким билмайди буни. Жудаям ғалати, биласанми, сира тушунолмаяпман… Лоақал бир марта айтгандаям майлийди, акс ҳолда одам ҳар хил хаёлга бораркан…
— Балки мактубда шундай деб аташ нокулай бўлаётгандир… Гаплашиб ўтирганларингизда айтиш бошқа, хатда эса бошқачароқ чиқади. Ҳа, дарвоқе, нима деб чақирарди сени?
— Бу иккимизнинг ўртамиздаги сир. Буни Алехандро билан мен биламан фақат, — шундай деб ойим жилмайиб қўйди.
“Нима деб чақирарди Алехандро ойимни?” дея ўйлайвериб Пепа билан Росанинг мияси ачиб кетди. Уларнинг саволларидан безор бўлган Карлос эса, нима деб жавоб қилишни билмай, нуқул елкасини қисарди.
— Мендан нима истайсиз, тоға? Худога шукур, бировларнинг имзоларини ўхшатиш қўлимдан келади, ундан бошқасини кутманг ҳам, сўраманг ҳам… Эрта-индин ойимнинг бутунлай эсидан чиқиб кетади. Унинг гапларини жиддий қабул қилмаслик керак, холос.
Ҳаёт ўз йўлида давом этарди. Иттифоқо бир куни — шу суҳбатдан беш ойча ўтгач — Алехандродан ишим кўпайиб кетди, бир дақиқаям вақтим йўқ, деган мазмундаги шикоятомуз оҳангда (ҳолбуки, нолиш гуноҳ, чунки бундан ортиқ ишни орзу қилиш ёш мутахассисга ношукурлик) мактуб келганда, ойим тўсатдан Алехандродан меҳнат таътилингни олгин-да, йўлга туш, Буэнос-Айресга кел, деб қатъиян талаб қилишга ўтди. Ойимга айттириб хат ёзадиган Росанинг назарида бу сафар ойим ҳар битта сўзни тош-торозига солиб, ҳар бир жумланинг маъносини узоқ ўйлаб ёздираётгандек эди.
— Айтишга осон, боёқиш кеп-кетишнинг йўлини тополмаётганга ўхшайди, — деб юборди Роса бехосдан. — Иши яхши, истиқболи ундан ҳам яхши бўлса, кимнинг шундай фирма билан алоқани бузгиси келади?!
Ойим Росанинг гапларига заррача аҳамият бермай, сўзини давом эттираверди. Саломатлиги чатоқ, шунинг учун Алехандро жилла қурса икки кунгами, уч кунгами келмаса бўлмайди. Мария Лаураниям эсдан чиқармаслик лозим. Алехандронинг ўз қаллиғига вафодор эканига ҳеч ким шубҳа қилмайди, лекин чинакам севги учун шоирона сўзлару ваъдалар кифоя қилмайди, яна тағин хат орқали. Мактубнинг ниҳоясида ойим Алехандро яқин кунлар ичида ўзини қувонтирадиган хабар юборишига умид боғлаб кутишини изҳор этди. Ойимнинг одатига хилоф тарзда хатни хатжилдга солмасдан аввал лабига тегизиб қўймагани ҳамда худди хотирасига муҳрлаб қўймоқчидек саҳифаларига узоқ-узоқ тикилиб қолгани Росага ғалати туюлди ва жуда ажабланди. “Бечора Алехандро!” деди у хўрсиниб ва ойимдан яширинча тезгина чўқиниб олди.
— Менга қара, — деди Роке тоға кечкурун Карлос билан домино ўйнагани ўтиришган маҳал, — ишимиз чатоққа ўхшайди. Бир чорасини топиш шарт. Қанча тез бўлса, шунча яхши. Акс ҳолда бугун бўлмаса, эртага сезиб қолади.
— Менинг қўлимдан нима келади. Фақат айтишим мумкин, Алехандродан шундай бир хат келсинки, уни ўқиган ойим анча пайт тинчлансин… Бечора, шундай қийналиб кетдики, нимасини айтай…
— Ҳамма кўриб турибди нима бўлаётганини, оғайничалиш. Лекин менинг ишончим комилки, онангиз ўзини қўлга ола билади, энг асосийси, у ўз уйида, бола-чақасининг даврасида!
Ойим Алехандронинг мужмалгина хатини индамай ўқиб чиқди – хатда у заводнинг бош биносини топширишган заҳоти қандай бўлмасин таътилга чиқаман, деб ваъда берарди. Кечқурун Мария Лаура келганда Алехандронинг ваъдаларини индамай ўқиб чиққан ойим, талаб қилинг, куёв дегани бунақа бўлмайди, жилла қурса бир ҳафтага Буэнос-Айресга келиб кетсин, деди. Роса билан гаплашиб ўтирганда эса Мария Лаура ойим бу ҳакда пайтини топиб, хонада ёлғиз қолишганда айтганига эътиборни қаратди. Яхшиямки Роке тоға бор, мана шу халоскоримиз хаммани ташвишга солаётган, лекин ҳали-ҳануз биронтамиз тилга олишга журъат қилолмаётган нарса ҳақида очик-ошкор гапирди. Ана шундан сўнг ойим уйга келиб-кетишга мажбур килиб Алехандрога хат ёздираётган маҳал оилавий йиғинда — пешонамиздан кўрамиз, бошка иложи йўқ — ойимнинг ўғли ҳақидаги биринчи кўнгилсиз хабарга бардоши етиш-етмаслигини синаб кўришга жазм килдик. Карлос доктор Бонифаснинг олдидан ўтди, у янги бир дорини таклиф этатуриб асосийси эҳтиёткорлик эканини қайта-қайта тайинлади. Орадан ўн кунга якин вақт ўтди. Кунларнинг бирида, кечки пайт Роке тоға ётоқхонага кириб келди. У секингина ойимнинг оёқ тарафига ўтирди-да, аввал ойим билан саломлашди, сўнг дори-дармон турадиган стол ёнидан жилмай негадир дам-бадам деразадан ташқарига қараб кўяётган Роса билан бош қимирлатиб сўрашди.
— Мен нима девдим, жияним бекорга келиб-кетишни пайсалга солмаётибди, демовдимми, мана ҳаммаси маълум бўлди-қўйди, — деди Роке тоға тиззасига уриб. — У сенинг саломатлигингни ўйлаб, онам сиқилмасин деган, биларди-ку аҳволингни?!
Ойим ҳеч нарсани тушунмай анграйиб унга каради.
— Бугун қуданг Новали қўнғироқ қилди, Мария Лаура Алехандродан хат олганга ўхшайди. У ҳаммаси жойида, тинчлик деб ёзибди, лекин минг афсуски, уч-тўрт ой ҳеч қаёққа чиқолмасмиш.
— Нега?.. — деб сўради ойим.
— Оёғига бир бало бўлган, шекилли. Мария Лаурадан сўраб-суриштирайлик-чи ҳали. Новалининг гапига қараганда, оёғи синганмишми-ей…
— Нега синади?
Роке тоға жўяли жавоб топгунча Роса дори кўтариб ойимнинг ёнида ҳозиру нозир бўлди. Худди келишиб олгандек ўша заҳоти остонада доктор Бонифас кўринди. Хуллас, чоп-чоп, югур-югур бошланди. То ҳаммаси ўрнига тушмагунча жонимиз оғзимизга келди, доктор Бонифас бечора ярим кечагача кетолмай ўтирди. Икки кундан кейин сал ўзига келган ойим Алехандрога хат ёзиб юборишинг керак, деб Пепага тайинлади. Ойимнинг гапини яхши тушунмаган Пепа қалам билан қоғоз кўтариб келганди, ойим кўзларини юмиб, бош чайқади.
— Нимани хоҳласанг, шуни ёзиб юборавер. Ўзингни эҳтиёт қил, дейишни унутмасанг бўлди.
Пепа индамайгина ойимнинг каравотига ўтирди-да, узундан-узоқ хат ёзди, ҳолбуки, у ойим бир сатрини ҳам ўқимаслигини биларди. Ўша куни оқшом Пепа Росага ойим мактубни ўқиш тугул, қўлига ҳам олмаслигига заррача шубҳа қилмаганини айтди.
Ойим суюлтирилган дорини олиб келишгандагина кўзини очди, у худди бутунлай ўзга нарсалар ҳақида ўйлаётганга ўхшар, мактубни тамомила унутган эди.
Алехандро жавоб хатида оёғининг лат егани ҳақида, ойимни ташвишга қўймаслик учун вақтида айтмаган эдим, дея астойдил ўкиниб ёзарди. Икки марта гипсга солишганини ёзиш шартмиди?! Мана энди ҳаммаси жойида, бир ҳафталардан кейин юришга рухсат беришса керак. Қисқаси, кўп эмас, икки ой вақт йўқотди. Лекин иш қизиган паллада авжи тўхтаб қолди — шуниси алам қилади…
Хатни овоз чиқариб ўқиб бераётган Карлос ойимнинг хаёли жойида эмаслигини, дам-бадам соатига қараб қўяётганини пайқаб ўтирар, бу ойимнинг асабийлашаётгани ва бетоқат бўлаётганининг белгиси эди. Соат еттидан беш дақиқа ўтган, ҳолбуки, Роса роппа-роса еттида доктор Бонифас ёзиб берган дори билан қайнатмани олиб кириши лозим эди.
— Ана кўрдинг, — деди Карлос мактубни икки буклар экан. — Ҳаммаси жойида, ваҳима қиладиган ери йўқ. Эркатой ўғлинг соппа-соғ.
— Боши омон бўлсин, ишқилиб, — деди бунга жавобан ойим. — Росага чиқиб айт, тезроқ қимирласин!
Лекин ойим, Алехандро оёғини нима қилиб синдиргани ҳақида батафсил айтиб берган Мария Лауранинг гапларини диққат билан тинглаб ўтирди ва ҳатто, оёғини уқалатсин, ёзиб юборгин, деб маслаҳат берди. Отаси отдан йиқилиб оёғи синганда айнан шу усул кўпроқ ёрдам берган. Гап орасида ойим бир неча томчи лимон қайнатмаси сўради — унинг фикрича, бу бош оғриғини тез колдирар экан.
Биринчи бўлиб кўнглидагини Мария Лаура очиқ-ойдин айтди. Ўша куни кечқурун уйига кетишдан олдин у Росани меҳмонхонага чақирди-да, ич-ичини тирнаётган шубҳа-гумонларини ўртоқлашди. Роса қулокларига ишонгиси келмай, лом-мим демасдан Мария Лаурага тикилиб колди.
— Бўлмаган гап! — деди охири Роса. — Каллангга қаердан келди бунақа бемаъни нарса?
— Бўлмаган гап эмиш, бор гап! — деди бунга жавобан Мария Лаура. — Айтиб қўяй, бошқа унинг ётоқхонасига қадам босмайман. Нима десангиз деяверинг, лекин гапим шу.
Мария Лауранинг шубҳа-гумонлари асосли эканини оиламизнинг ҳар бир аъзоси ич-ичида тан оларди, бирок Клелия хола — унинг гапига ҳамма қўшилди — айтилган сўз — отилган ўқ, бу хонадонда ҳеч ким сўзини қайтариб олмайди, деди. Роса Мария Лауранинг олдига борди, бироқ укасининг қаллиғи тўлиб турган экан, шунақаям ўкраб йиғлаб бердики, ундан бир нимани илтимос қилишдан маъно қолмади. Кечқурун ойимнинг олдида ўтирганда Пепа билан Роса Мария Лаурага роса ачинган бўлишди, бечора бир-биридан оғир имтиҳонларга тайёрланаман деб қийналиб кетди. Ойим чурқ этмади, бир ҳафтадан сўнг — кейинги пайшанба куни Мария Лаурани ақалли бир марта сўраш у ёқда турсин, умуман эсламади ҳам. Ўша куни Алехандронинг Бразилияга кетганига роппа-роса ўн ой тўлди. Ёш муҳандиснинг фаолиятига юксак баҳо берган фирма шартномани яна бир йилга чўзишни таклиф қилди, фақат битта шарти — Алехандро дарҳол янги завод қурилаётган Белен шаҳарчасига кўчиб ўтиши лозим. Буни эшитиб, Роке тоғанинг боши кўкка етди: нақадар ажойиб — бунақаси камдан-кам бўлади.
— Алехандро жуда қобилиятли, тенгқурлари ичида унга етадигани йўқ, — деди ойим, — Карлос бўлса қатъиятли, бир сўзли эди.
— Тўғри, — дея маъқуллади Роке тоға ва негадир Мария Лаура уйимизда бекорга ғалва кўтарибди, дея кўнглидан ўтказди.
— Нимасини айтасан, болалардан буюрди сенга.
-Худога шукур! Ҳаммасидан хурсандман. Отаси кўрмади-да — шу армон бўлиб қолди. Қизларимни айтмайсанми, бири-биридан ақлли, Карлос-чи, бечора бизни деб ўлиб-тирилади.
— Алехандронинг истиқболини айтмайсанми?!
— Ҳа-я… — деди ойим.
— Таклиф этишган янги шартнома қалай?! Кўнглингга сиғса, табриклаб икки энлик хат ёзиб юбор. Онамни хафа қилиб кўймадиммикан, деб ичини ит тирнаётгандир ўзиям.
— Ҳа-я… — деди ойим яна хаёлчан шифтга термилиб ётаркан. — Пепага айт, ёзиб юбора қолсин. Нима деб ёзишни ўзи билади.
Пепа нима деб ёзишни мутлақо билолмади, лекин нима бўлган тақдирда ҳам жавоб хат ёзишларда чалкашликка йўл қўймаслик учун хат матни қўлида бўлиши шарт. Онаси бундай имкониятни қўлдан чиқармаслиги лозимлигини тушунганидан, табиийки, Алехандронинг боши кўкка етди. Оёғи анча яхши, унга ишни ишониб топширишди дегунча, беш-ўн кун уйга келиб-кетиш учун рухсат сўрайди. Ойим бошини оҳиста чайқаб қўйди-да, кутилмаганда оқшомги газеталарни сўради — Карлос сўнгги янгиликларни ўқиб беришини хоҳлаб қолди.
Турмуш ортиқча қийинчиликсиз яна ўзанига тушди; кутилмаган кўнгилсизлигу ташвишлар гўё барҳам топди, Худога шукур, ойимнинг саломатлиги ҳозирча хавотирга солмасди. Ҳамма навбат билан ойимдан хабар олиб турди. Роке тоға билан Клелия хола тиқ этса, ойимнинг олдига — ётоқхонага кириб боришарди. Оқшомлари Карлос, эрталаб эса Пепа газета ўкиб берарди. Роса билан Клелия хола доктор ёзиб берган дориларни вақтида ичиришар, Роке тоға бир кунда уч-тўрт маҳал ётоқхонада ойим билан ўтириб чойхўрлик қиларди. Ойим ҳеч қачон ёлғиз қолмас, Мария Лаурани умуман эсламас, ҳар уч ҳафтада Алехандродан келган хатни ўқиб беришса, жимгина эшитар, Пепадан чўзиб ўтирмай дарҳол жавоб ёзиб юборишни илтимос қилар, кейин, туйқус суҳбатни бутунлай ўзга мавзуга буриб юборарди — ҳар доим илтифотли, ҳамиша оқила, лекин барибир алланечук ўзини бегонадек тутарди.
Айнан шу кезлари Роке тоға Аргентина билан Бразилия ҳукумати ўртасида юзага келаётган ихтилофлар ҳақидаги хабарларни ўқиб бера бошлади. Дастлаб бу гапларни у газетанинг ҳошиясига ёзиб кўярди, бора-бора ўқиш жараёнида тўқийдиган бўлди, яхшиямки, ойимни услубдаги равонлик ва аниқлик кизиқтирмасди. Роке тоға, бу воқеалар Бразилияда истиқомат қилаётган Алехандро билан бошқа аргентиналикларга таъсир қиладими- йўқми — шу хусусда турли хил тахмин ва башоратлар ўйлаб топарди, ойим лоқайд ва бепарво тинглаётганини кўриб газетадаги янгиликларни муҳокама қилишга барҳам берди, сиёсий вазият эса кун сайин кучайиб, ташвишли тус оларди. Алехандро ҳам ўзининг мактубларида мамлакатлараро дипломатик алоқаларнинг бузилиб кетиш хавфи мавжудлигидан ташвишланар, бироқ табиатан некбин эмасми — бу чўзилиб кетган можарога охир-оқибат иккала мамлакатнинг ташқи ишлар вазирлари барҳам беражагига ишонар эди.
Ойим кўпинча сукут сақларди, чамаси, Алехандронинг яқин орада келмаслигига кўзи етиб қолган эди. Бироқ бир куни у, газеталарда ёзилганидек, Бразилия билан муносабатлар чинданам шунақа ёмонми, деб доктор Бонифасдан сўраб қолса бўладими?!
— Бразилия биланми? Нима десам экан… Аҳвол ҳавас қиладиган даражада эмас, — деб жавоб берди доктор. — Лекин нима бўлган такдирда ҳам юрт бошқараётганларнинг эс-ҳуши жойида…
Бундай мужмал жавобни кутмаган ойим унга шундай тикилдики… Чинданам докторнинг овозидан унинг заррача ташвиш чекмаётгани сезилиб турарди. Ойим енгилгина хўрсиниб қўйди-да, бутунлай бошқа нарсалар ҳақида гап очди. Шу оқшом ойим одатдагидан кўра жонланиброқ ўтирганидан доктор Бонифас анча енгил тортди. Эртаси куни эса Клелия хола ётиб қолди.
Умуман олганда, унинг ҳушдан кетиши ҳеч кимни қўрқитиб юбормади, ҳар қандай одам шу ҳолга тушиши мумкин, аммо доктор Бонифас Клелия холани иложи борича тезроқ касалхонага ётқизиш керак, деб Роке тоғага маслаҳат берди. Бразилияда бўлаётган ҳодисалар ҳақидаги хабарни тинглаб ўтирган ойимга (Карлос оқшомги газетани ўқиб бераётган эди) Клелия хола бошини шамоллатиб қўйибди, кўрпа-тўшак қилиб ётганмиш, дейишди. Ҳаммасини ўйлаб бир қарорга келиш учун бемалол вақт бор, тонг отгунча ҳали эрта, фақат доктор Бонифас билан гаплашиб олган Роке тоға биринчи марта ўзини йўқотиб кўйди, унинг ёрдамисиз чора-тадбир ўйлаб топишга тўғри келди. Яхшиямки, холамизнинг дугонаси Монолита Вальенинг дала ҳовлиси ҳақидаги фикр лоп этиб Росанинг миясига урди. Эрталаб Карлос ойим билан шундай чиройли суҳбат қурдики, пировард-натижада ойимнинг ўзи Клелия холангизни дала ҳовлига олиб боринглар, тоза ҳавода тезроқ соғайса ажаб эмас, деб қолди. Карлоснинг хизматдоши сидқидилдан машинасида элтиб қўйишни таклиф қилди — бунақа аҳволда поездда юриш — бориб турган нодонлик. Клелия холанинг ўзи ойим билан хайрлашишни хоҳлаб қолди-ю, Карлос билан Роке тоға икки кишилашиб қўлтиғидан олишди-да, минг азоб билан ойимнинг ётоқхонасига олиб боришди, ойим бўлса нуқул шамоллаб қолмасин яна, деб қайта-қайта таъкидларди (бу бемаъни машиналарда доимо елвизак бўлади). Асосийси, уйқудан олдин олхўри шарбати беришсин, у кони фойда.
— Клелиянинг қон босими жуда баландга ўхшайди, — деди ойим Пепага. — Аҳволи оғир, менимча.
— Йўғ-е… Арзимаган нарса. Далада Клелия хола дарров ўзига келиб олади. Шўрлик холамиз анча уринди-да, кейинги бир-икки ой ичида. Янглишмасам, Монолита холамни доим дала ҳовлисига таклиф киларди.
— Ғалати-ку! Тавба, Клелия бу ҳақда бир мартаям айтмаганди менга.
— Балки сизни ташвишга қўймаслик учун шундай қилгандир.
— У ерда қанча туради?
Пепа елка қисди, лекин доктор Бонифасдан сўраб билишга ваъда берди, чунки Клелия холага дала ҳовлида дам олинг, деган ҳам доктор-да! Уч кундан сўнг ойим яна шу ҳақда гап очди (кечаси Клелия холанинг касали хуруж қилиб оғирлашиб қолган, тоғамиз билан галма-гал тепасида навбатчилик қилиб чиқишганди).
— Мен сендан сўраяпман, қачон келади Клелия?
— Нима кераги бор, ойи?! Шунча пайтдан бери холам энди тоза ҳавода дам оламан деган бўлса.
— Хўп, хўп, лекин сизлар нима дедингиз менга, ҳеч нарса қилгани йўқ, ўтиб кетади демадингизми?!
— Дейишга дедик. Аслида ҳам шунақа. Клелия холам бир дам олай деган, янаям тўғрироғи, Монолита билан уч-тўрт кун дала ҳовлида турмоқчи экан… Улар болаликдан бирга ўсишган — қадрдон-ку!
— Унга қўнғироқ қилиб қачон келасиз, ойим сўраяптилар, дегин!
Роса дала ҳовлига қўнғироқ қилган, унга Клелия хола анча яхши, лекин қуввати йўқ, уч-тўрт кун шу ерда бўлади ҳали дейишган. Энг муҳими ҳаво ниҳоятда яхши!
— Шу ишлар менга сира ёқмаяпти, — деди ойим. — Клелия кела қолса бўларди.
— Ойи, ҳамма нарсага ташвишланаверасизми? Ундан кўра сал ўзингизга келиб олинг, сизни ҳам Монолита холанинг чорбоғига олиб борамиз — дам олиб келасиз.
— Мен-а? — ойим ҳайрон бўлиб Росага қаради, унинг кўзларида ҳам ўкинч, ҳам қаҳру ғазаб акс этарди.
Карлос хохолаб юборди-да, кўзларини олиб қочиб (Клелия холанинг аҳволи жудаям оғир эди — ҳозиргина Пепа қўнғирок қилганди), ойимнинг юзидан ўпиб қўйди.
— Вой эси йўғ-ей, — деди Карлос шўхлик қилган болага пўписа қилиб кўйгандек.
Шу куни ойим кечаси билан ухлолмай чиқди, тонг отар-отмас Клелия холамни сўради, ҳолбуки, бу пайтда дала ҳовлидан ҳеч ким қўнғироқ кила олмасди (Клелия холанинг ҳозиргина жони узилган, барча маросимларни майитхонада ўтказишга қарор килишганди). Эрталаб соат саккизда ҳамма гапни ойим эшитиб турсин учун катта хонадан дала ҳовлига қўнғирок қилишди. Хайрият, Клелия хола кечаси тиниқиб ухлабди, ҳозир ҳеч нарсадан шикоят қилмаётган экан, фақат Монолитанинг оилавий шифокори яна бир кун-ярим кун ёта турсин, шошилманглар, деб маслаҳат берибди.
Ишхоналари вақтинчалик ёпилганидан беҳад мамнун бўлган Карлос эрталабданоқ ойимнинг ётоғига кириб келди, у шошилмай чой ичаркан, турли нарсалар ҳақида эзмаланиб ўтирди.
— Менга қара, Карлос, — деди ойим. — Менимча, Алехандрога телеграмма юбориш керак. Вақт топиб холасини кўриб кетсин. Чунки холаси уни ўз боласидек яхши кўриб, кўтариб катта қилган, уят бўлади келмаса.
— Вой ойижон-ей, Клелия холамга нима қипти — ҳеч нарса! Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, сизни кўргани келолмаган Алехандро энди келармиди…
— Нима қилса, ўзи билади, — деди ойим, — сен ёзиб юборавер, Клелия холам оғир касал, кўриб кетмасанг бўлмайди, де.
— Ким айтди сизга Клелия холамни оғир деб?!
— Оғир бўлмаса янаям яхши. Ёзиб юбориш шунчалик қийин ишми?
Ўша куни кечқуруноқ хат ёзилиб, ойимга ўқиб эшиттирилди. Алехандродан жавоб келиши кутилган пайтда (Клелия хола ўзини анча яхши сезар, лекин шифокор қирқига чидаган қирқ бирига ҳам чиданглар, яна озгина тоза ҳавода юрса, бутунлай соғайиб кетади деб жавоб бермаётганди) Бразилия билан муносабатлар шунчалик кескинлашиб кетдики, Карлос хат йўқолиб ўтирмасин-да, ишқилиб, дея хавотир қила бошлади. Худо кўрсатмасину бунақа пайтда почта одатдагидек ишлайди, деб ҳеч ким кафолат беролмайди.
— Унинг учун айни муддао бўлибди-да, — деди ойим, сўнг мийиғида кулиб қўйди. — Ўла қолса келмайди, мени айтди дерсиз.
Алехандродан жавоб келди, бироқ унинг хатини юрак ютиб ойимга ўқиб беришга ҳеч ким ботинолмади. Роке тоға, Карлос ҳамда опа-сингиллар катта хонада анчагача, “уф” тортиб, гоҳ-гоҳ одатда Клелия хола дам оладиган оромкурсига кўз ташлаб, сўнг бир-бирларига жавдираб саволомуз назар солиб чиқишди.
— Тавба, шунчалик ҳам бўладими? — деди Карлос.- Нима биринчи марта алдаяпмизми? Ўйин давом этаяпти, холос.
— Шунақа осон бўлса кириб ўзинг ўқиб берақол! — деди Пепа ўпкаси тўлиб.
— Нима десангиз денг, лекин қаердадир қовун туширдик, менимча. Мен ойимнинг хонасига қўрқа-писа оёғимнинг учида кирадиган бўлиб қолдим… Худди ҳозир қўлга тушиб қоладигандек.
— Ҳаммасига Мария Лаура айбдор, — деди Роса. — Хаёлимизга ҳам келмаётганди унинг айтганлари, мана оқибати — довдир-совдир килиб юрибмиз, нима дейишни билмаймиз. Буям етмагандек Клелия холамни айтмайсизми?!
— Биласанми нима, гапингни эшитиб миямга бир фикр келди, Мария Лауранинг ўзи билан гаплашиш керак, — деди Роке тоға. — Энг яхши йўл шу, гўё имтиҳондан келаётибди-ю, кўриб кетай деб кирган бўлади, ойимга Алехандро ҳализамон келолмас экан деса, олам гулистон.
— Алехандро ҳар хатида Мария Лаурани сўрайверганига қарамай ойим уни заррача эсламай кўйган бўлса… юрагинг тарс ёрилиб кетмайдими?!
— Юрагим нега ёрилар экан?! Ҳозир биз келишиб олишимиз керак, холос. Ё “ҳа”, ё “йўқ”, икковидан бири.
Роса Мария Лаурани кўндиришга жудаям қийналди, у деди, бу деди, хуллас, охири розилигини олди, Мария Лаура яқин дугонасига йўк дейишга тили бормади. Сирасини айтганда, Мария Лаура бу хонадон аҳлининг ҳаммасини бир хилда яхши кўрарди-ю, фақат ойимдан ҳайиқар, унинг олдида ўзини йўқотиб қўярди. Қисқаси, бир неча кундан сўнг Мария Лаура мактуб билан келди — уни Карлос ёзиб берганди. Қўлида гулдаста, сумкасида ойимнинг жону дили бўлган ширинлик — мандаринли мармелад… Ҳа… Худога шукур, қийин имтиҳонлар ортда қолди, энди Мария Лаура бир-икки ҳафта Сан-Висентеда бемалол дам олса бўлади.
-Сенга тоза ҳаво ёқади,- деди ойим,- Клелия бўлса,унга… Пепа! Бугун дала ҳовлига қўнғироқ қилдингми?! Вой, эсим курсин! Сўровдим-а, ҳозир?! Буни қаранг, Клелия уч ҳафтадан бери келолмайди-я?! Мана сизга оқибати…
Мария Лаура билан Роса бу воқеани ипидан-игнасигача муҳокама қилишди. Чой келтиришганда, Мария Лаура хатнинг айрим жойларини ўқиб берди, Бразилияда чет эллик мутахассисларни эҳтиёт чораси сифатида хонабанд қилиб қўйишган экан. Ҳозир Алехандро қимматбаҳо меҳмонхонада Бразилия ҳукуматининг ҳисобидан мазза килиб яшаётган экан. Бу то давлатлараро муросага келмагунча давом этаркан. Ойим лом-мим демай эшитди, липа баргининг дамламасидан бир пиёла ичди-да, пинакка кетди. Дугоналар катта хонага ўтишди ва ўша ерда бемалол суҳбатлашиб ўтиришди. Кетар олдидан Мария Лауранинг кўнглида телефон ҳақидаги машъум фикр туғилди. Ўша заҳоти Росани чакириб ҳаммасини баён қилиб берди, Роса эса, очиғи, Карлос нима деркан дегандек кутди. Бироздан сўнг шубҳа-гумонларини Роке тоғага айтди, Роке тоға “ҳм” деб кўйди, холос. Бунақа вазиятда ё индамасдан ўтириш ё газетани қўлга олиш керак… Карлос ойим хусусида турли тахмин қилиб бошини қотириб ўтирмади-ю, лекин ҳеч ким маъқулламаётган фикрга қарши чиқмади.
— Омон бўлсак, кўрамиз, — деди у Роса билан Пепага. — Кутилмаганда ойимнинг ўзи сўраб қолиши мумкин, ана унда кўрасан…
Бироқ ойим бир марта ҳам телефонни сўрамади, Клелия холага қўнғироқ қилиш хаёлига ҳам келмади. Ҳар куни эрталаб, дала ҳовлида нима гап деб сўраб кўяр, сўнг товуш чиқармай жимгина ўтираверарди; унинг хонасида вақтнинг ўтиши томчи дорилар, дамлама ҳамда настойкалар билан ўлчанарди. Ойим Роке тоға келса суюнарди, мабодо, газетани кечиктириб келтиришса ёки Роке тоға шахматдан бош кўтармай алламаҳалгача sолиб кетса, хуноби ошаётганини сездирмасди. Роса билан Пепа ойимнинг газеталарга ҳам, дала ҳовлига қўнғироқ қилишга ҳам, ҳатто Алехандродан келадиган хатларга ҳам қизиқмай қўйганига суюнишарди. Шунга қарамай, бу ўзгаришларга тўла-тўкис ишониш ҳам қийин эди, чунки гоҳо-гоҳо бошини азод кўтариб, уларга тешиб юборгудек тикилиб қарар экан, ойимнинг кўзларида алланечук қатъият ва саркашлик пайдо бўларди. Секин-аста бу ғалати, тушуниксиз ҳаёт ҳаммани ўз домига тортди. Роса учун ҳар куни телефонни олиб, бўшлиқ билан гаплашиш оддий эрмакдек бўлиб қолди. Роке тоға эса газетанинг реклама билан футбол янгиликлари эгаллаган саҳифасини очиб, Бразилия ҳакида тутилмасдан мақола ўқирди. Карлос ётоқхона остонасидан ҳатлади дегунча, дала ҳовлига кандай бориб келгани, Монолита билан Клелия хола бериб юборган халта-халта мева-чева ҳақидаги ҳикоясини бошларди.
Сўнгги ойларда ойимнинг ҳаёти оиламизда ҳукм сурган тартиб-интизомга таъсирини ўтказа олмади. Доктор Бонифас ойингиз осонгина жон беради, у оддийгина ҳушдан кетади-да, шамдек сўнади, дея башорат қилди. Лекин ҳаётининг сўнгги дақиқаларида ҳам ойимнинг ақл-идроки хиралашмади, унинг тепасида барча болалари йиғилиб, ғам-ғуссадан адо бўлишганини яширолмай туришганда ҳам ойимнинг идроки, қувваи ҳофизаси заррача сусаймаган эди.
— Ҳаммангиздан мингдан-минг розиман, — деди ойим. — Балли, шафқат, меҳр-муҳаббатингизни аямадингиз. Мени қийналмасин, деб ҳаммасига чидаб келдингиз. Раҳмат, сизларга.
Ойимнинг ёнгинасида ўтирган Роке тоға унинг қўлларини уқалай туриб секингина юпатди ва қўй бунақа гапларни, деди. Пепа билан Роса ўзларини жавондан бир нимани ахтараётгандек тутишарди. Улар Мария Лауранинг тахмини тўғри эканига энди ишонишди, ҳарқалай, бошиданоқ сал-пал сезганларига иқрор бўлишди.
— Менга шунчалар ғамхўрлик қилдингизки… — деб гап бошлади ойим.
Роса Пепанинг қўлини қисиб қўйди, чунки мана шу икки оғиз гап ҳаммасини аввалгидай давом эттириш, узоқ давом этган ўта нозик ва зарур ўйинни қайта тиклаш учун имкон берарди. Карлос худди ойим ҳаммалари учун жудаям муҳим бир гапни айтажагини ҳис килгандай ундан кўз узмай турарди.
— Бу ёғига энди хотиржам юрасизлар… Биз бошқа қийнамаймиз сизларни…
Роке тоға эътироз билдирмоқчи бўлиб оғиз жуфтлаган эди, Карлос унинг билагидан ушлаб, қаттиқ сиқди. Ойимнинг ризқ-насибаси узилган, уни безовта қилишнинг фойдаси йўқ эди.
Дафн маросимининг учинчи куни Алехандродан мактуб келди. Бу унинг охирги хати эди. Унда Алехандро ойим билан Клелия холамизнинг саломатлиги ҳақида батафсил ёзиб юборишимизни илтимос қиларди. Роса одати бўйича мактубни очишга очди-ю, охиригача ўқиёлмади. Қайноқ кўз ёшлари ёнокларини куйдириб оқарди, бироздан сўнг барибир мактубни сатрма-сатр ўқиётган чоғда дафъатан Алехандрога ойимнинг ўлими ҳақида қандай ёзамиз, деган саркаш бир фикр миясидан кетмаётганини сезиб қолди.

Рус тилидан Олим Отахон таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2015 йил, 5-сон.