Хулио Кортасар. Ўтаётган боғлар (ҳикоя)

Аслида бу китобни бир неча кун аввал ўқий бошлаганди. Аммо орада ишлари кўпайиб кетганидан ташлаб қўйган ва мана энди юмушларини битириб, бир маромда чайқалиб бораётган поездда чорбоғига қайтар экан, уни яна қўлига олди. Асар қахрамонларининг қиёфалари ва воқеалар ривожи уни тобора ўзига тортиб борарди. Чорбоғда адвокатига мактубни ёзиб тамомлагач, иш бошқарувчиси билан ижара жиҳатларини фикрлашгунича кеч кирди. Бугуннинг мажбуриятлари адоғига етганидан мамнун тарзда ойналари эманзор боққа қараган хос бўлмасида яна ўша китобга тутинди. Уни баайни ўзига чорлаётган ва шу қадар кўникилган оромкурсига қулайроқ ўрнашар экан, ўриндиқнинг зангор барқутини алланечук меҳр билан силади.
Эшикка терс қўйилган курсининг бу ҳолати исталган меҳмон хаёлида унинг ташрифи аслида бемаврид экани ҳақидаги ноқулай фикрлар уйғотишини ўйлаб, мийиғида кулиб қўйди. Сўнгги боб саҳифалари ортда қолар экан, қахрамонлар феъл-атвори ва исмларини осонгина эслаб қоларди, зум ўтмай воқеаларнинг маккор гирдобида оқа бошлади. Китоб домига тортилиб, ўзи қўним топган мана шу уйнинг, ойналар ортидаги мана шу боғнинг одатий қуршовидан алланечук носоғлом бир мароқ билан олислаб борарди, аммо айни пайтда бугуннинг ташвишларидан толиққан вужуди оромкурсига қулай ўрнашиб олгани, тамакидони шундоққина қўли остида экани, ойна ортида – эманлар аро эса бу оқшомнинг мусаффо эпкинлари эсмоқда эканини ҳам яққол сезиб турарди.
Бирин-кетин тизилган сўзлар йўлакларидан одимлаб, асар қахрамонларининг ножўя жанжалини кузатар экан, қиёфалар тобора равшан тортар, баайни улар чинакамига яшай бошларди. Шу тариқа у тоғ бағридаги кулбада кечган сўнгги учрашувга ҳам гувоҳ бўлди. Кулбага биринчи бўлиб аёл қадам қўйди, ҳаял ўтмай жазмани пайдо бўлди. Шох-шаббалар бехос урилиб тимдаланган юзи бўғриқиб кетган эди.
Аёл жароҳатдан сизаётган қонни бўсалари билан тўхтатишга астойдил уринар, аммо эркак ҳар гал юзини четга буриб, бу эҳтиросли ўпичларни доғда қолдирарди. У бу ерга бунинг учун, бегоналар назаридан сўлғин япроқлар хирмони ва сўқмоқлар издиҳоми билан яширин бу ҳуфя муносабат маросимларини нечанчи бор қайта такрорлаш учун келмаганди у бу ерга. Унинг кўксида кимнингдир бўғзига муштоқ ханжар ётар, ханжар остида бўлса кўпдан кутилган ҳурликка интизор умид жонивори ҳаприқмоқда эди.
Таҳлика-ю қатъият, умидсизлик ва ишончга йўғрилган суҳбатлар кулала газанда янглиғ саҳифалар аро кечаркан, ҳукми азал дастлаб бошдан маълум экани ойдинлаша боради. Жазман вужудини ишғол этаётган суюб-сийпалашлар уни бир зумга бўлса-да чалғитиб, гўё қароридан қайтишга ундаётгандек бўлиб туйилар, бунга сари унинг хаёлида айни шу аёл бағрида пинҳон бўлган мана шу фароғатларнинг баридан тенгма-тенг баҳраманд бўлаётган бошқа бир баттол вужуд гавдаланар ва уни батамом яксон этиш қарори қатъийлашиб борарди. Пухта ўйланган қаттол режада барчаси назарда тутилганди: айбсизлик исбот-далиллари, тасодифлар ва ҳам эҳтимолий хатолар. Шу соатдан бошлаб ҳар бир дақиқанинг ўз вазифаси бор, ҳар лаҳзага якуний мақсад босқичлари жо қилинганди. Улар бутун режани яна бир неча бор такрорлагач, сўнгги шубҳалар ҳам тарқалди. Оқшом чўка бошлади. Беомон суиқасд ришталари билан боғланган икковлон, энди бу гал сўнгги кўз қарашларсиз, кулба ёнида ажралишди. Аёл сўқмоқ бўйлаб юқорига кетди. Қарама-қарши томон йўл олган эркак бир лаҳза ортига ўгирилди: ёйилган сочларини шамол беаёв тўзғитаётган аёл бу фитна маконини тезроқ ортда қолдиришни истаган каби елиб борарди. У ҳам қадамини тезлатди, дарахтлар ва иҳоталарни паналаб бораркан, қуюқлаша бошлаган оқшомнинг зангор шафақлари аро ниҳоят чорбоққа олиб борувчи йўлакка кўзи тушди. Режага кўра, қўриқчи итлар сукут сақлаши лозим эди – улар чиндан жим эди.
Уй бошқарувчи ҳам бу маҳал оёқ остидан чиқмаслиги лозим эди – атрофда ундан чиндан нишон йўқ эди. Жазман уч бўлмали зинадан айвонга кўтарилиб, уй ичкарисига қадам қўйди. Юраги ҳаприқиб ура бошлади, аёлнинг унга неча бор уқтирган сўзлари оғриқ кирган қулоғи остида жаранглаб эшитилди: аввалига мовийранг меҳмонхона, ундан сўнг даҳлизга ўтилади, даҳлиз сўнгида эса гилам тўшалган пиллапоя. Пиллапоя адоғида икки эшик. Биринчи хонада ҳеч кимса йўқ эди, кейингиси ҳам бўм-бўш. Мана, ниҳоят хос бўлма эшиги, қўлда эса ҳамлага шай ханжар, ойналарда оҳиста аксланаётган фонус шуъласи ва… ва зангор барқут қопланган, эшикка терс қўйилган баланд оромкурсида қулай ўрнашиб олганча аллақандай китобни берилиб мутолаа қилаётган бир одам…

Шарифжон Аҳмедов таржимаси.