Хорхе Луис Борхес. Соҳилдаги учрашув (ҳикоя)

Бу воқеа 1969 йилнинг февралида, Боайон шимолидаги Кембриж шаҳрида юз берганди. Мен уни қизиғида ёзиб қўймаган эдим, ягона мақсадим ўша воқеани бутунлай унутсам девдим, негаки Ҳудо кўрсатмасин, одамнинг ақлдан озиши ҳеч гап эмасди. Мана энди, 1972 йили эса, шу воқеа ҳақида ўшанда ҳикоя қилиб берсам, ўқувчилар шак-шубҳасиз ишонишмас ва буни ғирт уйдирма, деб ўйлашарди, дея фикр қилиб ўтирибман, ҳолбуки, очиғини айтсам, бугун шунча йил ўтгач, ўзим ҳам бу воқеанинг бўлиб ўтганига шубҳаланиб турибман.
Ўша дақиқаларда мен оғир кечинмалардан қийналган, бироқ кейинроқ, бедор ўтган кечаларда бундан бешбаттар кўйга тушгандим. Бу, шу ҳақца ёзилган ҳикоя бошқаларга ҳам шундай таъсир қилади, дегани эмас.
Эрталаб соат ўнлар чамаси эди. Мен Чарльз дарёсининг бўйидаги скамейкада ўтирардим. Ўнг томонда, беш юз метрча нарида баланд минора қад ростлаб турарди — унинг нима деб аталишини ҳанузгача билмайман. Кўкимтир сув сатҳида катта-катта серқирра муз бўлаклари оқиб келарди. Оқар сув беихтиёр вақтнинг ўтиши ҳақида мулоҳаза юритишга ундайди одамни. Буни минг йиллар муқаддам Гераклит айтиб ўтган. Кечаси тиниқиб ухлаганман, оқшом қилган маърузам, наздимда, толиби илмларга таъсир қилганди.
Теварак-атроф жимжит, тирик жон кўринмайди.
Дафъатан, мен бир куни шунга ўхшаган нарсани кўрган ва ҳис қилгандек кўйга тушдим. Руҳшунослар буни чарчоқ аломати, деб тушунтирдилар. Қисқаси, ёнимга кимдир келиб ўтирди. Мен ёлғиз қолишни афзал кўргандим, лекин тарбиясиз одамдек таассурот қолдиргим келмай ўрнимдан кўзғалмадим. У аллақандай куйни ҳуштакда чалишга тушди. Эрталабки ўзим учун аталган изтироблардан биринчиси шу эди: у ҳуштакда ижро этишга ҳаракат қилаётган куй, янглишмасам (куй ва қўшиқларни яхши ажратишга уқувим йўқ), аргентиналик Элиас Регуласнинг “Эски кулба” деган қўшиғи эди. Қўшиқ оҳанги аллақачон бузилиб кетган патиони* ва аллазамонларда дунёдан ўтган Альваро Мелиан Лафинурнинг қиёфасини кўз олдимга келтирди. Бир оздан кейин ўнинчи йилларда машҳур бўлган қўшиқ нақорати ҳам янграб қолди. Овоз майинлиги Альваронинг бахмалдек юмшоқ товушига ўхшамаса ҳам,ижрочининг Альварога тақлид қилаётгани яққол сезиларди. Мен юрагимда уйғонган қўрқув аралаш бу овозни танидим.
Ёнимга келиб ўтирган кимса томонга озгина сурилган бўлдим-да уни саволга тутдим:
— Сеньор, сиз уругвайликмисиз ёки аргентиналик?
— Мен аргентиналикман, лекин ўн тўртинчи йилдан буён Женевада истиқомат қиламан, — деб жавоб қилди у.
Орага жимлик чўкди. Сукунат узок давом зтди. Мен яна савол бердим:
— Маланья ўн еттида, русларнинг ибодатхонаси қаршисидами?
У тасдиқпаган бўлиб бош ирғади.
— У ҳолда,- дедим мен,-сизнинг исми-шарифингиз — Хорхе Луис Борхес. Биз 1969 йили, Кембриж шаҳрида учрашиб турибмиз.
— Йўқ, — дея жавоб қилди у худди менинг овозимдагидек, фақат унинг овози узоқдан эшитилаётгандек туюлди. Орадан икки ё уч дақиқа ўтгач у қатъий ишонч билан гапини такрорлади:
— Йўқ, мен айни чоқда бу ерда, Женевадаман, Ронадан (Рона — Швейцария ва Франция ҳудудларидан оқиб ўтадиган дарёнинг номи. ХДК изоҳи) бир неча метр беридаги ўриндиқда ўтирибман. Ёшингиз анча улуғ ва сочларингиз оппоқ эканини айтмаса, биз бир-биримизга жуда ўхшаймиз, мана шунисига ҳайрон бўлаяпман.
Менинг жавобим шундай бўлди:
— Ёлғон гапирмаётганимни асослаб беришим мумкин, хоҳласанг. Мен фақат оила аъзолари биладиган нарсаларни бирма-бир эслатиб ўтаман. Бизда катта дадамиз Перудан олиб келган узун бурама оёқчали кумуш матэ* бор. Эгар қошига осиб қўйиладиган кумуш косача ҳам бор. Сенинг хонангдаги жавонда китоблар қатор қилиб терилган. У ерда Лейнанинг гравюра билан безатилган ва ҳар битта бобидан кейин майда ҳарфларда шарҳ битилган “Минг бир кеча” китобининг уч жилди; Кишернинг лотинча луғати, Тацийнинг “Германия” асарининг лотинчаси ҳамда “Дон Кихот”нинг “Горнье” нашриётида чоп этилган нусхаси, Ривер Индартенинг “Қонли театри”, Карлейлнинг “Sartor Resartus”и, Амельянинг таржимаи ҳоли ҳамда турли-туман бошқа йирик-йирик жилдлар ортига яшириб қўйилган Болқон ярим оролида яшовчи элатларнинг никоҳ удумлари ҳақидаги эски китоб.
Дюбур майдонидаги болохонада ғира-шира оқшом манзараларини томоша килганларимни ҳам эслаб ўтдим.
— Дюфур, — дея тўғрилаб қўйди у.
— Яхши. Дюфур бўлақолсин, лекин сен ишондингми энди?
— Йўқ, — дея жавоб қилди у. — Булар далил-исбот бўлолмайди асло. Агар сизни мен тушимда кўраётган бўлсам, сиз, албатта, мен билган нарсаларни билишингиз керак. Бу ўз-ўзидан равшан.
Унинг мулоҳазалари жўяли эди. Мен шунга муносиб жавоб килдим:
— Башарти, мана шу тонг билан бизнинг учрашувимиз чинданам туш бўлса, икковимиз ҳам ўзимизни ухлаётган ва туш кўраётган деб ўйлашга ҳақлидирмиз. Биз балки уйғонармиз, балки уйғонмасмиз. Лекин мен битта нарсани аниқ биламан — биз борлиқ оламни кандай кабул килаётган бўлсак ҳамда яшаётганимиз, кўраётганимиз ва нафас олаётганимизни қандай билсак, бу тушни ҳам шундай бир воқелик сифатида қабул қилишимиз лозим бўлади.
— Туш кутилмаганда чўзилиб кетса-чи? — дея ташвиш билан кўнглидагини айтиб юборди у.
Уни ҳам, шунингдек, ўзимни ҳам хотиржам килиш учун писанда қилдим:
— Нима бўпти? Мен етмиш йилдан буён туш кўриб келаяпман, мана ҳали давом этаяпти. Охир, натижада, эслатиб қўйиш мақсадида айтадиган бўлсам, дунёда ўзи билан ўзи учрашмаган одам борми? Ҳозир худди шу нарса бизнинг бошимизга тушиб турибди, модомики, бу ерда икковимиз ўтирган эканмиз, демак, ҳақиқатан шундай. Балки менинг ўтмишимда юз берган, сени эса истиқболда муқаррар кутаётган айрим ҳодисаларни билгинг келаётгандир?
У индамай бош ирғаб гапимни тасдиқлади. Мен нимаики эсимга тушса, ҳаммасини бир бошдан гапириб бера бошладим.
— Онам соғ-саломат, Буэнос-Айресдаги Чаркас ва Майпу кўчалари туташган ердаги уйида яшаб юрибди; отам ўттиз йил муқаддам юрак хасталиги билан оғриб ўтиб кетди дунёдан. Ўлмасидан бурун шол бўлиб қолди: чап томони бутунлай ишламас, чап қўли шалвираганча ўнг қўлининг устида ётарди доим. Умри қисқа экан, ўтди-кетди, лекин узоқ азоб чекмади. Бувимиз ҳам шу уйда қазо қилди. Ўлимидан бурун бувимиз ҳаммамизни чақириб, васият қилгандилар: “Мен ошимни ошаб, ёшимни яшадим, энди паймонам тўлди, шекилли. Ўзингизни қийнаманг, кўз ёши тўкманг, ўлим ҳақ, одам боласи борки, бу қисмат шарбатини ичмай қолмас”. Синглинг Нора турмушга чиққан, икки ўғли бор, айтганча, уларнинг турмуши яхшими?
— Жуда яхши! Дадам, ҳар доимгидек, динни масхара қиладилар. Кеча кечқурун, у Исо Масиҳ бизнинг гаучо*га ўхшаб қовун туширишдан қўрқади, шунинг учун ўз фикрларини мажоз тили билан изҳор этишни лозим топди, деб юрувди.
У тўхтаб қолди ва нима дейишини билолмай:
— Ўзингиз қанақасиз? — дея савол берди.
— Сен нечта китоб ёзишингни айта олмайману, лекин битта нарсани аниқ биламан, кўп китобларинг чиқади. Шеърлар ёзасан — бу шеърларинг сенга оламжаҳон қувонч бахш этади — ғаройиб ҳикоялар яратасан. Отанг ва кўпгина қариндошларинг сингари ўқитувчилик қиласан.
Мен унинг ёзган асарларингдан кўнглинг тўладими, деб сўрамаганидан, очиғи, хурсанд эдим. Шу сабабли очиқ кўнгилда гапимни бемалол давом эттирдим:
— Бордию тарихни эслаб ўтиш лозим бўлса… Яна ўша эски рақиблар бир-бирларига уруш эълон қилиб, омонсиз қирғинлар уюштиришди. Франция жуда тез суръатда таслим бўлди, Англия билан Америка Гитлер деган немис диктаторига карши бирлашдилар, кейин — Ватерлоо остоналарида рўй берган жанглар яна такрорланди. 1946 йилга келиб Буэнос-Айрес иккинчи Росасни дунёга келтирди. 55-йилда Кордоба вилояти бир пайтлар Энтре-Риосга ўхшаб бизни ҳам халос этди. Ҳозир вазият жуда қалтис. Ер юзида Россиянинг мавқеи ошиб бормоқда. Демократиянинг душмани, деган ном қозонишдан чўчиган Америка дунёда якка ҳоким бўлишга қўрқаяпти. Бизнинг Ватанимиз маҳдудлик ботқоғига ботиб бораяпти. Қолоқлик ва ўзига-ўзи маҳлиё бўлишдек иллат жамият оёғига солинган тушов вазифасини бажармоқда. Башарти, бир кун келиб лотин тили дарслари ўрнини гуарани ( гуарани- Жанубий Америка туб аҳолисининг номи. ХДК изоҳи.) тилини ўрганиш дарси эгалласа, мен заррача ажабланмайман.
Фикри ожизимча, у гапларимни деярли эшитмас эди. Ақл бовар қилмайдиган, лекин аслида рўйи-рост нарсалардан қўрқиш ҳисси эркин фикр юритишга, мантиқий хулосалар чикаришга тўсқинлик қиларди. Ота бўлмишлик менга насиб этмаганди, бироқ мана шу пушти камаримдан бўлган фарзандимдан-да азизроқ туюлаётган бечора йигитчага нисбатан дилимда оталикнинг муқаддас ва нафис меҳр-муҳаббати жўш урди. У қўлида аллақандай бир китобни буклаб олган эди. Мен нима китоб деб сўрадим.
— “Фидойилар”, тўғрироғи, “Иблислар” китоби, Достоевскийники, — деб жавоб килди у ғурур билан.
— Яхши эслолмадим. Хўш, канақа экан ўша китоб? Ёқдими?
Саволим нақадар таҳқиромуз эканини сезиб бир оз хижолат чекдим.
— Рус адабиётининг классиги, — деди у дона-дона килиб, — славянлар руҳий оламига ҳеч бир ёзувчи унчалик чуқур кира олмаган.
Дабдабали жавоби унинг дилидаги ғалаён босилганидан дарак берарди.
Мен ундан бу даҳонинг яна қайси асарларини ўқигансан, деб сўрадим.
У Достоевскийнинг иккита ё учта асарини айтди, шулар ичида “Қиёфадош” (“Двойник”) ҳам бор эди.
Мен, Жозеф Конрад асарларини ўқиётганингдаги каби рус адиби яратган образлар ҳам ёрқин кўринадими, шунингдек, унинг мукаммал танланган асарларини ўқиб чика оласанми, деб сўрадим.
— Тўғрисини айтсам, ўқиёлмайман, — дея жавоб килди у кутилмаганда.
Ундан нима ёзаётганлиги ҳақида сўрадим, у “Қирмизи оят” деган шеърий китоби нашрдан чиқиш арафасида экани, ҳозирда “Қирмизи оҳанглар” деган китоб тайёрлаётгани ҳақида гапириб берди.
— Сени илҳом шавқи тарк этмасин, — дедим мен, ўзимча тилак билдирган бўлиб. — Шонли йўлларни босиб ўтган ўтмишдошларингнинг руҳи қўлласин. Рубен Дарионинг мовий шеърлари билан Верленнинг мискин баётлари ёдингдами?!
Менинг сўзларимга ортиқча аҳамият ҳам бермасдан китобида Ер юзидаги одамларнинг биродарлик туйғулари мадҳ этилажаги тўғрисида сўзлай бошлади. Шоир замон билан ҳамнафас бўлиши лозим экан.
Мен ўйга толдим, сўнгра, чинданам жамики инсониятни биродарларим деб ҳисоблайсанми, дея сўрадим. Масалан, мотам маросимларини дабдаба билан ўтказадиганлару барча хат ташувчилар, ёлланган барча ғаввослар, муассасаю идораларнинг бинолари остидан ўтган йўлкаларда туновчилар, овоз бериш ҳуқуқига эга бўлмаган — ҳамма-ҳаммаларини… У менинг китобим, дунёдаги барча мазлумлар ва ҳуқуқсиз — мискинларга бағишланади, деди.
— Сен мазлумлар ва ҳуқуқсизлар тоифаси сифатида тилга олаётган омма, — эътироз билдирдим бунга жавобан мен, — мутлақо мавҳум тушунча. Умуман олганда, мабодо мавжуд бўлса, ниҳояти алоҳида битта-яримта кимсалар яшаяпти. “Бугунги одам — энди кечаги одам эмас”, деган эди аллақайси юнон. Икковимиз, мана шу скамейкада ўтирганлар — Женевадами, Кембрижда бўладими, фарқи йўқ — мана шунга далил бўлсак керак.
Чинакам тарихий ёдгорликларда муҳрланган унутилмас битиклардан бошқа ҳамма ҳақиқатлар эсда колмайдиган иборалардан ташкил топади. Ўлими олдидан одамзод болалигида бор-йўғи бир марта кўрган нақшни кўз олдига келтирмоқчи бўлади, беомон жанг арафасида аскарлар арзимас нарсалар ёки сержантлари ҳақида гап сотиб лақиллаб ўтиришади. Бизнинг бу учрашувимиз ўзига хос, ягона, бетакрор учрашув эди ва очиғини айтганда, икковимиз ҳам бунга тайёр эмасдик, аксига олиб адабиёт ва адабий тил муаммолари ҳақида мулоҳаза юритдик, манманлик бўлмасину, одатда журналистлар билан учрашганимда айтадиган гапларимдан ошириб бир янги нарса айтганим йўқ. Менинг “ alter ego”им ( «alter ego» — лотинча атама бўлиб, «бошқа» маъносини англатади, инсоннинг ўзи ўйлаб топган муқобил шахсияти, маълум маънода унинг лирик образи. ХДК изоҳи) янги-янги метафоралар яратиш ёки инкишоф этиш зарур деб ҳисобларди, ўзим эса ёлғиз тасаввурларимиз маҳсули бўлмиш сўзларнинг муносибига, шахсан ўзим яратган образлар ёки ҳаммага маълум тушунчаларга эҳтиёж сезардим.
Одамзоднинг қариши ва инқироз, туш кўриш ва ҳаёт, вақтнинг ўтиши ва сув. Мен бир неча йилдан кейин яратган китобимда ифода этган фикрларимни унга баён қилиб бердим.
У гапларимни деярли эшитмай ўтирганди. Бирдан сўраб қолди:
— Башарти сиз мен бўлган экансиз, у ҳолда мен ҳам Борхесман, деб сизга айтган кекса одам билан 1918 йилда учрашганингизни эслолмаслигингизни нима деб тушуниш мумкин?
Мавзунинг бундай калтис томонларини хаёлимга ҳам келтирмаган эканман. Шу сабабли иккиланиброқ жавоб қилдим.
— Ўша воқеа менга ақл бовар қилмайдигандек туюлган, шекилли, эслаб юришни лозим топмаган бўлсам керак.
У тортиниброқ бўлса ҳам савол беришга ботинди:
— Сиз қариб фаромушхотир бўлиб қолганмисиз?
Йигирма ёшга чиқмаган ўспирин кўзига етмишдан ошган мўйсафид тирик мурда бўлиб кўринса керак, деб ўйладим ўзимча ва унга шундай жавоб қилдим:
— Умуман айтганда, фаромушхотирликка ўхшаса ҳам, лекин менинг хотирам, ёддан чиқармаслик қобилиятим етарли даражада қувватга эга, деб ўйлайман. Мен англосаксон тилини ўрганаяпман, янглишмасам, гуруҳимизда мени қолоқ ҳисоблашмайди.
Суҳбатимиз анчадан бери давом этаётганини эътиборга олганда туш бунақа чўзилмайди, деб хаёл қилдим. Ялт этиб миямга бир фикр келди.
— Мени ўнгингда кўраётганингни ҳозироқ исботлаб беришим мумкин, — дедим мен. — Мана бу сатрларни эшит, сен уни ҳеч қачон, ҳеч қаерда ўқимагансан, лекин мен уни эслаб колганман. Эшит, — шундай дея гўзал сатрларни қироат билан ёдцан ўқиб бердим:
— L’hydre — univers tordant son corps écaillé d’astres.*.
У ҳайратдан қотиб колди, ҳатто қўрқиб кетганга ўхшади. Алоҳа лаззатланиб ҳозиргина мен ўқиб берган сатрни хаёлчан овозда такрорлади.
— Чинданам, — дея ғўлдиради у. — Мен ҳеч қачон бунга ўхшаган истиора яратолмасам керак.
Гюго бизни бирлаштирди. Сал олдинроқ, энди эслаяпман, у Уолт Уитмен достонидан мухтасаргина парча ўқиб берганди, унда шоир руҳий шодликни, икковлон том маънода ҳис килган денгиз бўйидаги тун фароғатини хотирларди.
— Мабодо, Уитмен тун фароғатини мадҳ этаётган экан, демак, у шундай тун бўлишини истайди, бироқ, водариғ, у йўқ ва бўлмаган. Достон қачон таъсир қилади, биз ундаги жўшқин эҳтиёжларга тўла истак-хоҳишни илғаганимизда таъсир қилади; илло ҳис қилинган қувончдан кейин эмас.
У индамасдан менга қаради, сўнг, юрагидан бир нидо отилиб чикди:
— Сиз уни билмас экансиз, Уитмен сохталик қилишга қодир эмас!
Эллик йил беҳуда ўтмайди. Билими турлича, диди, фаҳми ҳар хил бўлган икки кишининг суҳбати асносида мен бир нарсани — бизнинг бир-биримизни ҳеч қачон тушунолмаслигимизни англаб етдим, бу эса ўзаро мулоқот қилишга халал беради. Икковимиз ҳам суҳбатдошимизнинг гапларига тақлидан ҳажв қилишга моҳир эдик. Ёлғон муроса устун бўлган бундай вазият узоқ чўзилиши мумкин эмас. Мунозара қилиш ёки маслаҳат беришдан фойда йўқ, негаки, унинг йўли муқаррар менинг йўлим бўлиши аниқ.
Дафъатан лоп этиб Колриж яратган манзумалардан бири хаёлимга келди. Кимнингдир тушига жаннат боғларида сайр қилиб юргани киради, унинг бу ерда бўлгани тасдиғи сифатида гул ҳадя қиладилар. Эрталаб уйғониб қараса, ўша гул ёнида ётган экан.
Мен ҳам худди шунга ўхшаган нарсани мўлжаллаб қўйдим.
— Менга қара, — дедим унга, — ёнингда пулинг борми?
— Бор, — деди у, — йигирма франкча пулим бор. Мен бугун Симон Жиклинскийни “Тимсоҳ” қаҳвахонасига таклиф этганман.
— Симонни кўрганда айтиб қўй, у Каружда тиббий илмларни сув қилиб ичиб юборади ва жуда кўп одамларга ёрдами тегади… Майли, қани, пулингдан бер-чи.
У чўнтагидан уч франкли кумуш пул билан чақа тангалардан олди. Тушунолмай ҳайрон бўлиб менга кумуш танга узатди. Мен эса унга Американинг қоғоз пулини бердим. Америка пулини у катта қизиқиш билан кўздан кечира бошлади.
— Бўлиши мумкин эмас! — деб кичқириб юборди у бир пайт. — 1964 йил! Бу пулнинг чиққан йили-ку!
(Бир неча ойдан сўнг, кимдир, қоғоз пулларга саналар ёзилмайди, дея тушунтиради).
— Бу ҳаммаси мисли кўрилмаган мўъжиза, — деди у аранг, — мўъжизалар менинг юрагимга ваҳм солади. Лазарнинг (Лазар — Инжилда ҳазрати Исо томонидан тирилтирилган шахс сифатида тилга олинган. ХДК изоҳи) тирилишини кўрган одамларнинг ўтакаси ёриларди ҳозир.
Суҳбатимиз битта мавзу теграсида айланяпти, деган фикр кечди кўнглимдан. Оқибат яна китоблар ҳақидаги бояги гаплар такрорлана бошлади.
У қоғоз пулни майда-майда қилиб йиртиб ташлади, кумуш танга менда қолди.
Мен уни дарёга ирғитдим. Сувга улоқтирилган кумуш танга, менинг бошимдан кечаётган бугунги воқеанинг тимсоли бўлиб келиши керак эди, аммо тақдир ўзгача йўлни танлади.
Мен, агарда фавқулодда нарсалар такрорланар экан, улар қўрқитмай кўяди, деб жавоб қилдим. Алоҳа, турли даврлар ва ҳар хил ерларда жойлашган мана шу скамейкада эртага учрашишни таклиф этдим.
У ўша заҳоти розилик билдирди ва соатига қарамасданоқ кетадиган вақтим бўлди, деди. Биз икковимиз ҳам бир-биримизга ёлғон гапирмоқда эдик ва ҳар биримиз суҳбатдошимиз алдаётганини билиб турардик. Унга мени ҳам олиб кетгани келиб қолишади, дедим.
— Сизни олиб кетгани келишадими? — дея ажабланиб сўради у.
— Ҳа. Сен менинг ёшимга етганингда кўзинг бутунлай кўрмай қолади. Фақат сарғиш рангни, соя ва қуёшни ажрата оласан. Лекин қўрқма, кўз нурини секин-асталик билан йўқотиш оғир эмас. Бу худди ёз оқшомларининг секин-секин қуюқлашишига ўхшайди.
Биз бир-биримизга қўл узатмасдан хайрлашдик. Эртасига мен у ерга бормадим. У ҳам келмаган бўлса керак.
Мен бу учрашув ҳақида кўп ўйладим, лекин бу ҳақда ҳеч кимга айтмадим. Назаримда, ҳақиқатнинг тагига энди етдим. Учрашув чиндан ҳам ҳаётда рўй берган, бироқ у ўзга мен билан тушида суҳбатлашди, шунинг учун мени унутган бўлиши ҳам мумкин. Мен у билан ўнгимда суҳбатлашдим, шу боис, хотиралар ҳали-ҳануз мени қийнайди.
У мени тушида кўрдию лекин етарли даражада аниқ эмас, бугун мен учун ҳаммаси равшан, унга пулларда мавжуд бўлмаган сана анчайин аниқроқ кўринган эди.
_______________
* Патио — уй.
* Матэ — қадаҳ.
* Гаучо — Лотин Америкаси жанубидаги элат.
* Коинот — юлдузсимон тангали танасини биланглатиб ўйнаётган илон (франц.).

Олим Отахонов таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2015 йил, 3-сон.