Хорхе Луис Борхес. Ўз лабиринтида ҳалок бўлган Ибн Ҳоқон ал-Бухорий

…Улар ин қураётган ўргимчак кабидирлар.
Қуръон XXIX, 40

– Мана шу ерда менинг аждодларим яшаб ўтганлар, -деди Данревен ва булутлар қўйнидаги юлдузларни ҳам забтига олган ишора билан кимсасиз текисликни, денгиз ва сувоқлари кўчган улуғвор иморатни қўрғонлаб чиқди.
Дўсти Анвин, мундштукни қўлида ўйнаганча, унинг фикрини тасдиқлаган каби ишора қилди. 1914 йил ёз оқшомларининг бири эди; осуда ҳаётдан безиган бу икки оғайни Корнуэлл атрофидаги мана шу жойлар сукунатидан ором олишарди. Тимқора соқолли Данревен унинг замондошлари кўламини аниқлашга ожизлик қилган ва ҳикоя қилиб бериш мушкул улуғвор асар муаллифи сифатида шуҳрат қозонган. Анвин эса Ферма ўз вақтида исботлай олмаган Диофант теоремасини тадқиқ этганди. Ҳар иккиси ҳам навқирон, қизиққон ва жўшқин ёшда эдилар.
– Нилотлар қабиласининг сардори ва ёҳуд шоҳи Ибн Ҳоқон Ал-Бухорий, – деди Данревен, -мана шу уйнинг асосий бўлмасида ўз жияни Саид томонидан ўлдирилганидан буён қарийб чорак аср вақт ўтди.
Кутилганидек, Анвин ушбу фожеа сабабини сўради.
– Бунинг сабаблари бир қанча, – жавоб қилди Данревен.- Биринчидан, бу уй – лабиринт. Иккинчидан, шоҳни садоқатли қул ва арслон қўриқлагувчи эди. Учинчидан, яшириб қўйилган хазина ўғирлаб кетилган. Тўртинчидан, айни қотиллик содир этилган вақтда қотилнинг ўзи жонсиз эди. Бешинчидан…
– Жумбоқларни қалаштириш бефойда, – унинг мулоҳазаларини бўлди Анвин.- Уларнинг ечими жуда оддий бўлиши мумкин. Эдгар III нинг ўғирланган мактуб ҳақидаги ҳикоясини, Зангвилнинг қулфланган хонасини эсла.
– Жумбоқлар ечими жуда мураккаб бўлиши ҳам мумкин, – эътироз билдирди Данревен.-Коинотни эсла.
Қумтепага кўтарилгач, улар лабиринт қаршисида пайдо бўлишди. Яқиндан кузатилганда, лабиринт одам бўйидан баландроқ қилиб, оддий ғиштлардан барпо қилинган тўғри ва деярли адоқсиз девор каби туйиларди. Уй айлана шаклида қурилган, бироқ унинг сатҳи жуда кенглиги боис эгриликлар сезилмайди, деди Данревен, Анвин эса ҳар қандай тўғри чизиқ адоқсиз улкан айлана ёйидан иборат, деб эълон қилган Николай Кузанскийни эслади. Тун ярмида улар зим-зиё ва хавф-хатарга тўла даҳлизга олиб кирувчи, путурдан кетган кўҳна эшикни топишди.
Данревен, гарчи, ичкарида беҳисоб чорраҳалар бўлса-да, муттасил сўлга томон юрсалар, бирор соатдан сўнг уй марказига етиб олишларини айтди. Икковлон эҳтиёткорлик билан қадам қўйишарди, бир фурсат ўтиб асосий йўлак икки тор йўлакларга ажралди. Шифт тобора пастлаб борганидан уй уларни ютиб юборишга чоғлангандай туйиларди. Улар олдинма-кетин боришар, Анвин муттасил деворни пайпаслаб йўл топарди. Зимистон ичра юриб боришар экан, Данревен Ибн Ҳоқон ўлими воқеасини сўзлаб берди.
– Менинг илк хотираларим, – деб ҳикоясини бошлади Данревен, – Ибн Ҳоқоннинг Пентрит дарвозалари қаршисида пайдо бўлиши билан боғлиқ бўлса ажабмас. У арслон етаклаган одам ҳамроҳлигида ташриф буюрган эди. Инжилдаги суратларни ҳисобга олмаганда, бу мен кўрган дастлабки занжи ва биринчи арслон эди. Гарчи ҳали гўдак бўлсам-да, оловранг тусли жонзот ва тун каби қора одам мени Ибн Ҳоқон қиёфасидан кўра камроқ ҳайратга солди. Ибн Ҳоқон менга дароз бўлиб кўринди; у оч жигарранг тусли, қийиқ кўзлари тим қора, қирра бурун, лаблари қалин, соқоллари заъфарон ва қадам олишлари улуғвор маҳобатли бир одам эди. Мен “Шаҳаншоҳ денгизлар оша сузиб келди” деб эълон қилдим. Кейинроқ, бинокорлар уйни тиклашга киришгач, мен бу унвонга қўшимча қилиб, уни Бобил Шоҳи деб атадим.
Мусофирнинг Тентритда қўним топмоқчи экани ҳақидаги хабар илтифот билан қарши олинди, уйнинг кўлам ва шакли эса саросима ва можарога сабаб бўлди. Уйнинг якка-ёлғиз битта бўлма ва бир неча чақирим масофага чўзилган йўлаклардан иборат бўлиши тасаввурга сиғмас эди. Халқ орасида “Бундай гўшалар насронийларга эмас, балки Муҳаммад динидагиларга хосдир” деган гап тарқалди. Бизнинг ректор, ҳар соҳа билимдони бўлган Олби жаноблари, лабиринт барпо этганлиги боис Тангри томонидан жазога мустаҳиқ этилган шоҳ ҳақидаги ривоятни излаб топди ва буни минбар оша барчага сўзлаб берди. Душанба куни Ибн Ҳоқон ректор ҳузурига ташриф буюрди. Ушбу қисқа ташриф тафсилотлари ўша пайтда ошкор этилмаган бўлса-да, бундан буён Ибн Ҳоқоннинг иззат-нафсига тегувчи ваъзлар қайта ўқилмади, бинокорлар эса ишни давом эттирдилар. Орадан йиллар ўтиб, Ибн Ҳоқон ҳалок бўлгач, Олби ўша суҳбат мазмунини маъмурларга ошкор қилди.
Маълум бўлишича, Ибн Ҳоқон унга тахминан шундай деган эди: “Мен амалга ошираётган ишни қоралашга ҳеч бир кимса журъат этолмайди. Менинг гуноҳларим шу қадар улуғки, Тангрининг улуғ номини асрлар давомида такрорласам-да, уқубатларимни юмшата олмайди. Менинг гуноҳларим шу қадар улуғки, ўз қўлларим билан ўзимни бўғизлай олсам-да, бу – Адолат соҳиби мен учун ҳозирлаган уқубатларни бундан ортиқ зўрайтира олмайди. Менинг исмим барчага аён: мен Ибн Ҳоқон Ал-Бухорийман, мен саҳройи қабилалар устидан ҳукмронлик қилган Ибн Ҳоқон Ал-Бухорийман. Мен кўп йиллар давомида ўз жияним Саид кўмагида уларга зулм қилдим, охир-оқибат Худо уларнинг илтижоларини қабул қилиб, исён кўтаришларига йўл қўйди. Навкарларим қиличдан ўтказилди, ўзим эсам йиллар давомида тўпланган хазина билан қочишга муваффақ бўлдим. Саид мени қоя этагидаги авлиё сағанасига олиб борди. Қулимга саҳродан огоҳ бўлиб туришни тайинладим; Саид иккимиз тинкамиз қуриб, уйқуга кетдик. Кечаси мен илонлар чангалида бўғилаётганимни туш кўрдим. Даҳшат ичра уйғонгач кўрдимки, ёнимда Саид ухлаб ётар, тонг эса ёришиб келмоқда эди; мен кўрган даҳшатли тушнинг боиси баданимга ёпишган ўргимчак толаси эди. Хазина адоқсиз эмас, Саид эса ўз улушини талаб қилиши мумкин, деб хаёл қилдим. Белбоғимга кумуш сопли ханжар қистирилган эди – Саиднинг бўғзига ханжар урдим. У жон талвасасида бир-икки оғиз сўз айтди, аммо мен уларни англай олмадим. Саиднинг юзларига тикилдим: у жон таслим қилган бўлса-да, ўрнидан туриб келишидан қўрқиб, қулимга бошини тош билан мажақлашни буюрдим. Кимсасиз саҳро қўйнида узоқ адашгач, ниҳоят олисда денгизни кўрдим. Унинг сувларида улкан кемалар сузиб юрарди. Мен ўлик одам сувни кечиб ўта олмайди, деб хаёл қилдим ва ўзга юртларни излаб топишни ихтиёр этдим. Денгиздаги биринчи кечанинг ўзида Саидни ўлдираётганлигимни туш кўрдим. У айтган сўнгги сўзларни илғаб олгунимча шу ҳол такрорланаверди. У ўлими олдидан шундай деган эди: “Мени ҳозир қай тарзда ўлдираётган бўлсанг, мен ҳам сени, қаерда бўлмагин, шу тақлид ўлдираман”. Саиднинг ушбу башорати рўёбга чиқмаслиги ҳаққи қасам ичдим; унинг арвоҳи йўлдан адашмоғи учун лабиринт барпо этиб, унинг бағрида яширинишга қарор қилдим.
Ибн Ҳоқон Ал-Бухорий шу сўзларни айтиб, изига қайтди. Олби бу занжи эсини йўқотиб қўйибди ва барпо қилмоқчи бўлган бемаъни лабиринт тентаклигининг тимсоли ва яққол исботидир, деб ўйлади. Кейин бундай деб ўйлаш ғайриоддий иморат ва ғайриоддий ҳикояга мувофиқдир, аммо Ибн Ҳоқон вужудидан ёғилган қудрат таассуротига батамом зид, деб хаёл қилди. Эҳтимол, бу каби воқеалар Миср ерларига хосдир. Эҳтимол, бу каби хулқ-атвор (Плиний аждодлари каби) алоҳида шахслардан кўра кўпроқ миллат маданиятига хосдир… Олби Лондонда “Таймс” тахламларини кўздан кечириб, қўзғолон ҳақидаги ҳикоянинг чинлигига ҳамда Ал-Бухорий ва қўрқоқлиги билан ном чиқарган вазирнинг ғойиб бўлганига ишонч ҳосил қилди.
Бинокорлар ишни тамом қилганлари ҳамон Ибн Ҳоқон лабиринт марказига кўчиб ўтди. Уни қишлоқда бошқа кўришмади; Саид Ибн Ҳоқонни излаб топиб ўлдирган, деган фикр баъзан Олбини ташвишга соларди. Шамол кечалари арслон наърасини олиб келар, шунда қўрадаги қўйлар ибтидоий даҳшатдан тош қотар эдилар.
Шарқ мамлакатларидан Кардифф ёки Бристолга йўл олган кемалар гоҳи кичик кўрфазда лангар ташлар, шунда Ибн Ҳоқоннинг содиқ қули лабиринтдан эниб (у маҳаллар лабиринт қизғиш эмас, балки олранг эди), денгизчилар билан Африка лаҳжасида суҳбат қурар, у афтидан, тириклар орасидан вазир арвоҳини излар эди. Бу кемалар яширинча спиртли ичимлик ва фил суяклари ташишлари ҳақида овоза тарқалган эди; демак, улар марҳумлар арвоҳларини ҳам ташишлари эҳтимолдан ҳоли эмас эди.
Уй қуриб битказилгандан сўнг орадан уч йил ўтгач, “Роза Сарона” лангар ташлади. Бу кемани мен ўз кўзларим билан кўрмаган бўлсам-да, унинг қиёфаси Абукир ва Трафалгар ёнидаги муҳорабалар тасвирланган суратлардагига ўхшар ва, менимча, у кемасоздан кўра моҳир дурадгор меҳнати маҳсули бўлиб туюлувчи кемаларнинг бири эди. Бу (лоақал менинг тасаввуримда) сайқал берилган ва тезюрар гўзал кема эди, денгизчилари эса араб ва малайзияликлардан иборат эди.
Кема куз кунларининг бирида, тонг саҳарда лангар ташлади. Ибн Ҳоқон Олбининг уйига бостириб кирган маҳал шом туша бошлаган эди. У Саид лабиринтга кириб олганлиги ҳамда қул билан арслон ўлдирилганлиги ҳақида даҳшат ичра базўр сўзлаб берди. Ибн Ҳоқон маъмурлар уни муҳофаза қила олиш-олмасликларини билмоқчи бўлди. Олби жавоб қилиб улгурмасидан уни бу уйга иккинчи ва сўнгги бор ҳайдаб келган ўша қўрқув исканжасида дарҳол чиқиб кетди. Кутубхонада ёлғиз қолган Олби қўрқув чангалидаги мана шу одам бир вақтлар Суданда ўз ҳукми остидаги қабилаларга чексиз зулм ўтказганлиги ҳамда муҳораба ва одам ўлдириш санъатидан воқиф эканлигидан ҳайратда эди. Эртасига кемаларнинг бири (кейинроқ маълум бўлишича, Қизил денгиздаги Суакин томон) жўнаб кетганидан хабар топди. У қулнинг ўлимига ишонч ҳосил қилмоқчи бўлиб лабиринтга йўл олди. Олби Бухорийнинг узуқ-юлуқ сўзларига ишонмаган эди, бироқ йўлакнинг биринчи муюлишида ўлик арслонга дуч келди, навбатдаги муюлишда қулнинг жасадини кўрди, марказий бўлмада эса боши мажақланган Бухорийни учратди, оёқлари остида садаф билан нақшланган сандиқча ётар, ичидаги пуллар эса ғойиб бўлган эди.
Ҳикоядаги сўнгги жумлалар дабдабаси Данревен ўз ҳикоясини шу каби сўзамоллик билан якунлашга одатланганидан яққол далолат эди. Анвин ҳикояга қизиқиб қолган каби:
– Арслон билан қул қай тарзда ўлдирилган эди, – деб сўради. Данревен ўша алфозда, овозида сезилиб турган қайғули қониқиш билан жавоб қилди:
– Уларнинг ҳам бошлари мажақланган эди.
Қадам товушларига ташқарида ёғаётган ёмғир шовқини қўшилиб кетди. Анвин мана шу лабиринтда, Данревен қиссасининг “марказий бўлмаси”да тунаб қолишлари мумкинлигини ўйлади, аммо бу узоқ ноқулайлик хотираларда саргузаштга айланади. Данревен чўзилиб кетган сукутни бузиб, худди қарзини қайтаришни талаб қилаётган каби савол ташлади:
– Ахир бу воқеа сирли эмасми?
– Бу воқеа сирлими-йўқми – менга қоронғу, аммо ғирт ёлғон эканлигини аниқ биламан, -жавоб қилди Анвин. Данревен асабийлашиб, ректорнинг тўнғич ўғли (афтидан, Олби бу вақтда қазо қилган эди) ва бутун Пентрит аҳолиси бу воқеага гувоҳ эканлигини айтди. Анвин узр сўради. Қоронғулик қўйнида вақт ҳаддан зиёд секин ўтар, иккови ҳам йўлдан адашган бўлишларидан хавфсирай бошлашган, юқоридан тушаётган заиф шуъла зинанинг юқори супаларини ёрита бошлаганда эса улар буткул ҳолдан тойган эдилар. Улар юқорига кўтарилгач, думалоқ хароба хонада пайдо бўлишди.
Бахтиқаро шоҳдан хотира бўлиб, икки нарса сақланиб қолган эди: ойналаридан денгиз ва атрофидаги яланглик кўзга ташланиб турган кўламдор дераза ҳамда зинапоя қаршисидаги қопқон. Кенг бўлса-да ,бу хона зиндонга ўхшар эди.
Ёмғир туфайли эмас, балки кейин хотирлаб юриш учун икки дўст бу тунни лабиринтда ўтказишди. Риёзиётчи хотиржам ухлади; шоирнинг бўлса ўзига ҳам беўхшов туйилган мисралар хаёлидан кетмади:
Қудратли арслон ётар боши мажақланган,
Боши пачоқдир қул ва шоҳнинг ҳам.
Анвин ўзини Ал-Бухорий кечмиши баёни заррача қизиқтиргани йўқ, деб ҳисоблар, аммо тонг саҳарда жумбоқнинг ечимини топганлигига ишонч билан уйғонди. У кун бўйи бир ҳодисани бошқа бири билан ҳар жиҳатдан қиёслаган кўйи ўйчан қиёфада юрди, икки кун ўтгач, у Данревен билан Лондон қовоқхоналаридан бирида учрашишга келишиб олди. Учрашгач, унга тахминан қуйидагиларни маълум қилди:
– Мен Корнуоллда сен сўзлаб берган воқеа қип-қизил ёлғон, деб айтдим. Воқеалар ҳақиқат эди ёки ҳақиқат бўлиши мумкин эди, бироқ улар сенинг тилингда қуруқ сафсатага айланган эди. Энг асосий ёлғондан, тасаввурга сиғмайдиган лабиринтдан бошлайман. Қочоқ одам лабиринтда яширинмайди. Қочоқ одам баланд соҳилда, устига устак, олисдан денгизчиларга кўриниб турган олранг лабиринт барпо қилмайди. Уни барпо этишга ҳожат йўқ, зотан Коинотнинг ўзи тайёр лабиринтдир.
Чиндан ҳам яширинишни истаган одам учун барча йўлаклари унга элтувчи бу минорадан кўра Лондоннинг ўзи ишончлироқ. Мен сенга баён қилган фикр аввалги куни, лабиринт томига келиб урилаётган ёмғир товушига қулоқ тутган кўйи ухлашга чоғланганимиз маҳалда хаёлимга келди; мени ўз ташрифига лойиқ кўрган бу фикрдан илҳомланиб, сенинг сафсатангни унутиш ва бошқа бирор маънилироқ нарса ҳақида ўйлашга қарор қилдим.
– Масалан, кўпликлар назарияси ёҳуд тўртинчи ўлчам ҳақида.-деб қистириб қўйди Данревен.
– Асло, -жиддий қиёфада жавоб қилди Анвин. – Мен Крит лабиринти ҳақида, ҳўкиз бошли одам марказий нуқтаси бўлган Крит лабиринти ҳақида ўйладим.
Детектив асарлар билимдони бўлган Данревен жумбоқ ечими мана шу жумбоқнинг ўзидан ҳамиша бир поғона пастда туради, деб хаёл қилди. Жумбоқ ғайритабиий, ҳатто илоҳий табиатга эгадир, унинг ечими эса найрангбозликдан бошқа нарса эмас. Хотимани кечиктириш илинжида шундай деди:
– Ҳўкиз бошли минотаврни ҳайкал ва тақинчоқларда кўриш мумкин. Данте бўлса уни танаси ҳўкизники, боши эса одамники бўлган махлуқ сифатида тасаввур қилган.
– Бу талқинни ҳам қабул қилиш мумкин, -қўшилди Анвин. -Бу ерда баҳайбат уйнинг ўз даҳшатли соҳибига монанд келиши муҳим. Лабиринт мавжуд бўлишининг бош сабабчиси минотавр эди. Тушда кўрилган хатар тўғрисида бундай деб бўлмайди. Агар минотаврни хотирласак (лабиринт ичида турган одамнинг хаёлига келадиган муқаррар хотира), жумбоқ ечилади-қўяди. Бироқ тан оламан, бу кўҳна тимсол менга жумбоқнинг ечимига олиб борувчи йўл бўлиб туйилмаган эди, шу боисдан сенинг ҳикоянгда бир қадар ўринли тимсол – ўргимчак толаси бўй кўрсатиши зарур эди.
– Ўргимчак толаси?-деб қайта сўради фикридан адашган Данревен.
– Ҳа. Бу жиноятни қотилнинг (қотил мавжуд эди) кўнглига солган ўргимчак толаси (мутлақ маънодаги тола, айтайлик, кўнгил толаси) мени ҳайратга солди. Эсла: сағана қаршисида ётган Ал-Бухорий илонлар тўдасини туш кўради, уйғонгач эса аён бўладики, бу тушнинг боиси танага ёпишган ўргимчак толаси эди. Ал-Бухорий илонларни туш кўрган ўша тунга қайтамиз. Тахтдан қулатилган шоҳ, вазир ва қул ўзлари билан хазинани олиб, саҳрода жон сақлайдилар. Улар сағанада яшириниб юрадилар. Қўрқоқ эканлиги бизга маълум бўлган вазир ухлаб ётибди; биз довюраклигини билган шоҳ эса уйғоқ. Хазинани вазир билан тақсим қилишни истамаган шоҳ уни бўғизлаб ташлайди; бир неча кечадан сўнг тушида вазир уни барибир ўлдиришидан огоҳ қилади. Буларнинг барчасига ишониш қийин; менимча воқеалар бошқача тарзда содир бўлган. Ўша тунда довюрак шоҳ ухлаб ётган, қўрқоқ Саид эса сергак эди. Ухламоқ – ёруғ олам билан видолашмоқ демак, бундай видолашув эса ўзини таъқиб этаётганларидан хабардор одамга муносиб эмас. Ҳасадгўй Саидни шоҳнинг уйқуси васвасага солади. У қотиллик қилишни дилига туккан ва эҳтимол, қўлидаги ханжар ҳам шай эди, аммо у ўзида журъат топа олмади. У қулни кўмакка чорлаб, хазинанинг бир қисмини сағанага яшириб қўйдилар, сўнг эса Суакин ва ундан сўнг Англияга қочиб келишди. Ал-Бухорийдан яшириниш учун эмас, балки уни тузоққа илинтириб, ўлдириш мақсадида денгиз узра алвон деворли улкан лабиринт барпо қилди. Кемалар нубияликларни олранг одам, қул ва арслон ҳақида огоҳ этишларини ва эртами-кеч Ал-Бухорий уни мана шу лабиринтдан излаб топиш учун етиб келишини у билар эди. Сўнгги йўлакда Ибн Ҳоқон учун қопқон ҳозирлаган эди. Ал-Бухорий Саиддан чексиз нафратланар, шу боис оддий эҳтиёт чораларини кўришни ўзига эп кўрмади. Кутилган кун етиб келди; Ибн Ҳоқон Англия соҳилига қадам қўйди, лабиринт эшигига яқинлашди, вазир, чамаси, пистирмадан узилган битта ўқ билан ўлдирган маҳалда зинанинг биринчи супасига қадам қўйиб улгурган эди. Арслонни қул ўлдирган, қулни иккинчи ўқ ер тишлатди. У шундай иш тутишга мажбур эди, зотан боши мажақланган бир қўрқоқ жасади шубҳа уйғотиши мумкин эди; арслон, қул ва шоҳ мурдаси яхлит тизимни ташкил этади; ушбу тизимнинг бир бўлагига эга бўлган одам воқеанинг асил моҳиятини англай олади. Олби билан суҳбат чоғида Ибн Ҳоқонни (вазирни) қўрқув чулғаб олганлигидан ажабланмаса ҳам бўлади; у ҳозиргина даҳшатли жиноятни содир этган ва хазинани қўлга киритиш учун Англиядан қочиш ниятида эди.
Анвиннинг ушбу мулоҳазаларидан сўнг орага сукунат чўкди. Данревен ўз қарашларини баён қилишдан аввал яна бир кўза пиво буюрди.
– Фикрингга қўшиламан, -деди у.- Менинг Ибн Ҳоқоним аслида Саид эди. Бу каби эврилишлар – жанрнинг кўҳна хусусиятлари ва унга амал қилишни ўқувчи талаб қилади. Бироқ мен хазинанинг бир қисми Суданда қолдирилган, деган тахминни рад этаман. Эсла, Саид шоҳ ва шоҳ душманлари таъқиби остида эди; у хазинанинг бир қисмини яшириш билан овора бўлганидан кўра ҳаммасини олиб кетишини тасаввур этиш осонроқ. Эҳтимол, бутун маблағ сарф этиб бўлинганлиги боис пуллар топилмаган эди; Нибелунглар хазинасидан фарқли ўлароқ, адоқсиз бўлмаган бу пулларни бинокорлар ҳазм қилиб юборишган эди. Бу ҳолда Ибн Ҳоқон совуриб бўлинган хазинани қайтариб олиш мақсадида денгизни сузиб ўтган бўлиб чиқади.
– Совуриб бўлинган эмас, – деди Анвин, – балки уни тузоққа илинтириш ва ҳалок этиш учун ғиштдан тикланган улкан айланасимон қопқон ҳозирлашга сарф этилган хазина. Агар тахминим тўғри бўлса, Саидни баднафслик эмас, балки нафрат ва қўрқув шундай йўл тутишга мажбур қилди. У хазинани ўғирлади, бироқ кейин унинг учун хазина муҳим эмаслигини тушиниб етди. Муҳими Ибн Ҳоқонни ҳалок этиш эди. У ўзини Ибн Ҳоқон қилиб кўрсатди, у Ибн Ҳоқонни ўлдирди ва охир-оқибатда унинг ўзи Ибн Ҳоқонга айланди.
– Шундай, – қўшилди Данревен, – у дайдига айланди, у қачондир қазосидан олдин, шоҳ бўлганлигини ёҳуд ўзини шоҳ қилиб кўрсатганлигини хотирлашга маҳкум бўлган дайдига айланди.

Шарифжон Аҳмедов таржимаси