Хисрав Шохоний. Тошқин қурбонлари (ҳикоя)

Шу йилги қиш аввалгиларга қараганда қаттиқ келиб, ҳаммадан кўра қашшоқ бечораларга оғир бўлди.
Ҳозир қайси кун эканлигини аниқ айта олмайман, аммо Бахман ойида росаям жала қуйиб юборди ва унинг кетидан шаҳарни даҳшатли сув босди. Қишлоқда жойлашган тўрт минг уйдан асосан, қашшоқлар истиқомат қиладиган маҳаллалардан икки юзга яқин хонадон бутунлай вайрон бўлди ёхуд шикастланди, уч мингга яқин одам бошпанасиз қолди ва ўн беш ёки йигирма киши қурбон бўлди ва бедарак йўқолди.
Бу фожиали ҳодисадан хабардор бўлган кўплаб марказий газеталарнинг махсус мухбирлари фалокат рўй берган жойнинг ўзидан Теҳронга маълумотлар ва ахборотларни юбориш учун шаҳарга ёпирилиб келишди. Қарангки, газеталарда ёритилаётган маълумотлар билан бизнинг билганларимиз орасида от билан туяча фарқ бор. Газеталарда ёзилишича, шаҳардаги бутун бошли икки мингта бино вайрон бўлиб, ўттиз-қирқ минг киши бошпанадан айрилганди, чўкиб кетганлар ва бедарак йўқолганлар сони эса салкам бир юз эллик, ҳатто икки юз нафарни ташкил этарди.
Ўз-ўзидан равшанки, шаҳримиз оқсоқоллари биздан ақллироқ ва тажрибалироқ бўлишиб, расмий маълумотлар тўплашганди. Уларнинг маълумотлари ҳар томонлама асосланган эканлиги ва рўй берган фалокат оқибатлари жиддий ўрганиб чиқилганлиги ҳеч кимда шубҳа туғдирмади.
Тошқиннинг эртасигаёқ уй-жойдан ҳамда озиқ-овқатдан маҳрум бўлган оёқяланг ва йиртиқ-ямоқ кийимли одамлар ёрдам сўраб, ҳокимлик биноси ёнида тўпланишди. Бечоралар бундан ортиқ нима ҳам қилишлари мумкин эди? Ахир бизларнинг бирдан-бир паноҳгоҳимиз жаноб ҳоким, жаноб муниципалитет раиси, унинг ўринбосарлари эдилар-да.
Яратганнинг ўзи марҳаматига олгур жаноб ҳокимимиз талофат кўрганлар тўпланишиб, уни кутаётганлардан хабар топган заҳотиёқ ҳокимиятнинг катта эшиги олдига стол ва курси қўйишларига фармон берди ҳамда ўзи мотамсаро қиёфада енгига мотам тасмаси тақиб, курсига чиқди. Унинг икки томонида шаҳримизда эълон қилинган умум мотам белгиси сифатида қора тасма таққан жаноб муниципалитет раиси ва жаноб ўринбосарлари саф тортди.
Турли идоралар – почталар, молия, сув таъминотлари, халқ таълими раҳбарлари эса ҳамдардлик билдириш мақсадида муниципалитет раиси ҳамда унинг ўринбосарлари ортида туришди. Бироқ, афтидан, уларга қора тасма етмаган бўлса керак, улар жабрланганларга қандай қилиб бўлса-да, ўз ҳамдардликларини ифода этиш мақсадида ўзларининг оппоқ кўйлакларига қоп-қора капалак нусхаларни тақиб олишганди.
Ҳоким жаноблари таъзим бажо этаркан, бағрикенг аҳоли томонидан гулдурос қарсаклар авжига чиқиб кетди. Ахир биз ўша куни биринчи маротаба ҳокимимизнинг таъзим қилганини кўришга мушарраф бўлган эдик-да. Бу таъзимга ана шундай гулдурос қарсаклар жавоб бўлиши керак эди.
Ҳоким жаноблари сўз бошлашдан бурун лойга беланганидан доғ-дуғ бўлиб кетган шимининг чўнтагидан рўмолча олди-да, сезилар-сезилмас ҳиқиллаб, кўз ёшларини артиб қўйди. Қаранг-а, ҳокимимизнинг ўзи йиғлаб юборибдимики, унда биз нима қилишимиз керак бўларди. Турган гап биз ҳам ҳўнграй бошладик. Ҳар томондан ҳўнграб йиғлашлари ва оҳу нолалар эшитила бошланди.
…Менинг оға-иниларим… ва опаю сингилжонларим, – деди ҳоким томоғига тиқилиб бўғиб келаётган ўкрикни зўр-базўр босиб,– мен бошингизга тушган кулфатдан ўзимни йўқотиб қўйдим…менинг қадрдонларим… ботирларим… жасурларим… барча… сабр-тоқатли.. ҳамюртларим…
Унинг ёнида турган муниципалитет раиси биқинига туртиб шивирлади: “Бизларни ҳам қўшиб ўтинг… ҳалиги, биз ҳам қайғудамиз!”
– Фақат мен эмас, – дея сўзини давом эттирди ҳоким, – манави жаноблар –муниципалитет раисию унинг ҳурматли ўринбосарлари ҳам ич-ичларидан қайғуга чўмганлар.
Шу топда муниципалитет раиси орқасида турган халқ таълими бўлимининг мудири ҳам ҳоким жанобларини туртиб шивирлади: “Биз ҳам қайғуда эканимизни айтиб ўтинг… Қаранг, биз қанчали қайғуга чўкканмиз…”.
Ҳоким ҳиқиллаганча сўзини давом эттирарди:
– Фақат бизларгина , мен , муниципа литет раиси ва унинг ўринбосарларигина содир бўлган воқеадан қайғуда эмасмиз… халқ таълими, молия, ер тузиш… ва… ҳамда ва… бўлимлари бошлиқлари ҳам ғам-андуҳдалар (ҳоким жаноблари ўта таъсирчан одам эдилар).
– Мен тун бўйи мижжа қоқмадим, – сўзини давом эттирди ҳоким, – шаҳардаги вайрон бўлган маҳаллаларни айланиб чиқдим. Мана, кўриб қўйинглар.
У шундай деб оёғини кўтарди ва уни оломон томон чўзиб, шимининг почасига ёпишган лойларни кўрсатди. Бунга жавобан гулдурос қарсаклар яна авжига чиқиб кетди (Шаҳримиз халқи ўта мулойим табиатли эмасми, шундай бўлгач, ҳоким жаноблари оёқларини бизга биринчи марта кўрсатар экан, албатта, биз бунга бефарқ қараб тура олмас эдик-да).
– Фақат мен эмас, – дея сўзини чўзиб кетди ҳоким, – бошқа муассасаларимизнинг ҳурматли бошлиқлари ҳам тонг отгунча мижжа қоқмадилар…
(Сезилдики, ҳоким жанобларини ўз вақтида нуқиб қўйишган). Энг охирги аниқланган маълумотларга қараганда, кечаги тошқинда тўрт минг киши бошпанасиз қолган, шунингдек, тахминан уч юз одамни том босган ва сув оқизиб кетган!
Ҳамкасблари ҳамдардлик билдириб турган ҳоким жанобларининг оҳу ноласи, жабрдийдаларнинг фалакка чиқаётган фиғони-ю бақириб- чақириқларидан ақлга сиғмайдиган шовқин-сурон кўтариларди.
– Биз қасамёд қилиб сизларни ишонтирамизки, – дея сўзини якунларди ҳоким жаноблари, – бир ой ичида аввалги истиқомат қилган уйларингизга қараганда ҳашамдорроқ уйлар қуриб берамиз. Бугуннинг ўзидаёқ самолётларда бизга ёрдам кела бошлади ва ҳар бир жабрдийда ўзига етарли нарсаларни ва озиқ-овқатни олади.
Ҳоким жанобларининг қисқа бўлса-да, кишига умидворлик бахш этувчи нутқи ниҳоясига етди ва биз уни узундан-узоқ дуолар қилишиб, совуқдан дилдираганча тарқала бошладик. Ҳамма йўл-йўлакай ҳоким жанобларининг ажойиб нутқини ҳаяжонли бир тарзда миннатдорчилик билан муҳокама этиб борарди, фақат бизни вафот этганлар ва бошпанасиз қолганларнинг ҳайратга соларли даражадаги сони бошимизни қотирарди. Ахир шаҳримизнинг аҳолиси ҳеч қачон қирқ минг кишига етмаган эди- да. Шундай бўлгач, қандай қилиб қирқ минг киши бошпанасиз қолсин… Уч-тўрт минг хонадон вайрон бўлди деган маълумотга келганда эса, шаҳримизда ҳеч қачон шунча уй бўлмаган…
Аммо бу рақамлар нақ ҳоким жанобларининг ўзи томонидан айтилган экан, ўз-ўзидан маълумки, у бу рақамларни шифтга қараб тўқимайди.
Худди ўша куни тушдан кейин шакар, чой, гуруч, одеяллар, ун, буғдой, палаткалар юкланган самолётлар турналар галасидек шаҳримизга келиб қўна бошлади. Ҳокимлик ҳамда муниципалитет қошидаги омборлар тўлиб-тошиб кетди. Модомики, озиқ-овқатлар ва иссиқ кийим-кечаклару бошқа молларни кўчада қолдириб бўлмас экан, жўнатилган молларнинг бир қисми ҳоким жанобларининг ҳужрасига ва бир қисми муниципалитет раиси ва унинг ўринбосарлари ҳужраларига жойлаштирилди. Ким нима деса деяверсину шундай қилинса, ишончли ҳолда яхши сақланарди.
Эртасига марказий газеталар ва журналларнинг биринчи саҳифаларини бизнинг шаҳримизда рўй берган фалокат ҳақидаги суратлар ҳамда хабарлар эгаллаб турарди. Маълум бўлишича, иш биз тахмин қилганимизга қараганда анчагина жиддий ва тошқин биз тасаввур қилганимиздан даҳшатли бўлганди (Газеталардаги маълумотларга биноан шаҳримизда олти-етти минг хонадон вайрон бўлиб, етти юз-саккиз юз киши ҳалок бўлганди!) Маълумки, газеталар ҳеч қачон ёлғон ёзмас экан, чиндан ҳам шундай бўлибди-да!
Қуёш тоғ ортига беркиниши биланоқ шундай изғирин бошландики, биз бошпанасиз ва оч-наҳор бечоралар ҳаммом ва нонвойхонанинг нам ва сирпанчиқ томига чиқиб, итдек қалтираган ҳолда оз бўлса-да, исиниш мақсадида бир-биримизнинг пинжимизга кириб кетдик. Биз хуштаъвозе ва интизомли одамлар эмасмизми, марказдан жўнатилган адёл тантанали равишда, тартиб ўрнатилган ҳолда тарқалиши кераклигини тушунардик. Ахир бу ҳазилакам гап эмас-да! Орамиздаги айрим ҳовлиқмалар ҳоким ҳузурига бориб адёл сўрамоқчи бўлганларида, бошқалар уларни бу йўлдан қайтаришда жонбозлик кўрсатишди, ҳар қандай ишда тартиб ва сабр-тоқат бўлиши кераклигини исботлашга уринишарди.
Ўша куни тундаёқ хорижий радиостанциялар ўз эшиттиришларида шаҳримиздаги вайрон бўлган уйлар сонини ўн-ўн икки мингтага етказишди ва бошпанасиз қолганлар сони эса бир юз йигирма-бир юз ўттиз мингтага сакраб кетди ҳамда ҳалок бўлганлар сони уч-тўрт минг кишини ташкил этди!
Ана, холос! Тошқингача биз қандай улкан шаҳарда истиқомат қилаётганимизни тасаввур ҳам қила олмаган эканмиз. Ўзингиз ўйлаб кўринг: ўн икки минг уй вайрон бўлган жойда, тошқин уч-тўрт минг қурбонни оқизиб кетган тақдирда кам деганда ўттиз-қирқ минг хонадон мавжуд бўлиб, тўрт юз-беш юз минг жон истиқомат қилиши керак эди-да! Ўтган йилги аҳолини рўйхатга олинишида шаҳримизда бор-йўғи тўрт минг одам истиқомат қилишини билган бўлсак-да, радиода айтилган хабарни ҳақиқат дея тан олишдан бошқа илож қолмаганди. Ахир бу маълумотларни радио эшиттириб турибди-ку. У ҳеч қачон янглишмайди ва ҳеч қачон алдамайди. Афтидан радио мухбирларининг маълумотлари аниқроқ бўлиб, биз ўзимиз айбдор эдик, чунки шу маҳалгача бизлар қандай улкан шаҳарда яшаётганимизни билмаганмиз.
Хорижий агентликларнинг хабарларидан кейиноқ бизнинг шаҳарчамизга хорижий ёрдам оқиб кела бошлади. Венесуэланинг Қизил хоч ташкилоти беш юз минг тонна буғдой ҳамда туя жунидан тўқилган тўрт минг дона адёлни аяб ўтирмади; Норвегиянинг Қизил хоч жамияти эса, қирқ минг тонна шакар, ўн икки минг дона адёл ва ўн беш минг дона банкада ширин сут жўнатди; Гватемаланинг Қизил хочи бўлса, беш юз минг туман нақд пул, ўн икки минг тонна ун ва беш юз палаткани қурбон қилди; англиялик нудистлар жамияти бир минг икки юзта шолча, икки юз элликта палатка, беш юз қоп қанд юборди; Халқаро жониворларга хайрихоҳлик жамияти нақд миллион доллар пул билан олий навли ўн минг тонна ун, саккиз минг дона аёлларнинг жун рўмоли, катта миқдорда эркаклару аёлларнинг кийим-бошлари, пойафзаллари ҳамда шляпалари ва бошқаларни ҳиммат қилиб юборди…
Ахир бизнинг шаҳримизда ўн икки мингта уй-жой вайрон бўлиб, бир юз йигирма минг киши бошпанасиз қолган ва уч-тўрт минг одам ҳалок бўлганди-да! Бу ҳазилакам гапми, ахир? Наҳотки, бу кўмаклар барчага етарли бўлса?
Ҳоким жаноблари, муниципалитет раиси ҳамда унинг ўринбосарларининг омборлари ва ҳужралари тўлиб-тошиб кетганди. Озиқ-овқат ва молларни яна қаерларга жойлаштириш мумкин? Ўз-ўзидан маълумки, буларни ишончли сақлаш жойлари молия, халқ таълими, ер билан шуғулланиш ва адлия бўлимлари бошлиқларининг омборлари ҳисобланарди.
Оллоҳ улардан марҳаматини дариғ тутмасин! Агар улар бўлмаганида барча кўмак ҳавога учиб кетарди. Ахир биз, тошқин жабрдийдалари шунча бойликни қаерда ҳам сақлай олардик, дейсиз!
Тошқиндан кейинги тун ғам-ташвиш билан ўтди. Эртасига эрталаб каллаи саҳарданоқ безгак тутаётгандек қалтираётган халқ тағин ҳокимлик биноси олдига тўпланди. Аммо бу сафар табуретканинг қораси кўринмайди. Ҳоким жаноблари тошқин қурбонларига ёрдам кўрсатувчи комиссия мажлисини ўтказаётган бўлгани учун жабрдийдалар билан дийдорлашиш жаноб муниципалитет раисига топширилган эди.
Муниципалитет раиси столга чиқиб олди. У бугун кечагига қараганда анча қувноқ эди. Худо марҳаматига олгурнинг ўзини тутишини қаранг-а! Ахир бизга раҳм-шафқати келиб, юрак-бағри қонга тўлиб турган бўлса ҳамки, бизда ҳушёрлик уйғотиш ва келажакка ишонтириш учун табассум қилишига тўғри келди! Қарабсизки, бизлар ҳам ҳушёр тортдик.
Муниципалитет раиси ҳоким жанобларининг шахсан ўзлари қаршимизга чиқа олмагани учун кечирим сўради. Гап шундаки, дея тушунтирди у, ҳоким жаноблари тун бўйи шаҳримизга етган зиённи ҳисоблаш чиқиш билан овора бўлибди. Тошқин жабрдийдаларига адёл ва озиқ-овқатлар тарқатиш масаласи тез орада ҳал этиларкан. Фақат сабр-тоқатли бўлиб, энг муҳими хотиржамликни ва тартибни сақлаш керак эди. Шу билан у мухтасаргина нутқига якун ясади. Шу тунда совуққа дош беролмай бир неча киши жон таслим қилди. Эртасига ҳоким жаноблари билан муниципалитет раиси комиссия ишлари билан машғул бўлишар экан, тўпланганлар қаршисида муниципалитет девонхонаси бошлиғи – жиккаккина серғайрат киши сўзга чиқди. (бу сафар столнинг ҳам, табуретканинг ҳам қораси кўринмади). Девонхона бошлиғи ҳам тез орада комиссия ўз ишини якунлаши ва ана ўшанда қимматли ҳамшаҳарларимизга зарур кўмак берилиши ҳақида қуюқ ваъдалар қилди.
Халқ яна тарқаб кетди ва эртасигаёқ яна ҳокимлик биноси олдида тўпланди. Бу сафар бизнинг кўз олдимизда муниципалитетнинг бош фарроши намоён бўлди.
– Сизларнинг ҳадеб бу ерда пайдо бўлаверишларингиз, – деди у – жаноб комиссия аъзолари ишининг бир меъёрда боришига халақит бермоқда. Жаноб муниципалитет раиси ўз ўринбосарларига, ўринбосарлари эса ўз навбатида бўлим бошлиғига, бўлим бошлиғи бўлса менга ҳадеб бундай сабр-тоқатсизлик қила беришга барҳам беришни айтиб қўйишни буюрдилар. Вақти-соати келиб сизларга тегишли ёрдам кўрсатилади!
Биз яна қўлимизни бурнимизга тиқиб қайтдик. Шаҳримизнинг аҳолиси ўта кетган ишонувчан, соддадил ва умидвор халқ.
Орадан ўн кун ўтиб кетган бўлса-да, жабрдийдалар икки юз-уч юз адёлдан (яъни, ҳар ўн икки кишига биттадан) бўлак ҳеч қандай ёрдам олганлари йўқ.
Ниҳоят ажойиб тонгларнинг бирида тоқатимиз тоқ бўлди ва яна ҳокимлик биноси олдида саф тортдик ҳамда ҳоким жанобларининг ўзлари чиқишларини талаб қилдик.
Орада бўлиб ўтган узоқ, кераксиз тортишувлардан кейин ахири саноқли аъёнлар кузатувида ҳоким намоён бўлди. Бу сафар унинг енгида ҳеч қандай қора тасма кўринмаганди, биз бундан қувониб кетдик: демак, ҳамма иш ўз жойига тушибди, мотам якунига етган.
Халойиқ ҳокимни гулдурос қарсаклар ва “ура” садолари остида кутиб олди. Бақириқ-чақириқлар тинчигач, ҳоким жаноблари зинага кўтарилди- да, оломонга қараб сўради:
– Бу ерга нега тўпландинглар?
– Ҳоким жаноблари, ўзингиз биласизки, – дадиллик билан сўз бошладилар олдинги қаторда турганлар, – сув тошқини бизни бошпанасиз қолдирди. Биз ваъда қилинган кўмакни олгани келдик.
Ҳоким жаноблари қип-қизил, гўштдор бўйнини қашиб туриб, ҳайратомуз деди:
– Наҳотки шу маҳалгача ёрдамни олмаган бўлсангиз?
– Йўқ, ўн кишига бир дона адёлдан бошқа ҳеч вақо олмадик…
Ҳоким жаноблари ғазабдан қизариб кетди ва бирдан ғайритабиий овозда бақириб қолди:
–Аблаҳлар! Сизнингча, биз қанча адёл беришимиз керак эди? Виждонсизлар, тамагирлар, озгина бўлса ҳам уялинглар!
Шаҳар посбонларининг бошлиғи Абдулқодир бир неча ўнлаб девқомат посбонлари ёрдамида халқни ҳайдаб солди. Кимки озгина қаршилик кўрсатгудек бўлса, қўлларини орқага қайтариб, жамоат тартибини бузганликда айблаб, олис туманларга бадарға қилинди.
Эртасига қуёш мўралаб чиқди, ҳаво илиб кетди, ҳаяжонлар сўнди. Абдулқодирнинг буралган мўйловидан ҳамда посбонларининг таёқларидан қўрқиб, юрак олдирганларнинг биронтаси ҳокимлик биносининг яқинига йўллашга журъат қилолмади.
Орадан бир неча кун ўтгандан кейин биз марказий матбуот кўплаб саховатпеша жамиятлар ҳамда турли ташкилотлар, ер юзининг деярли барча жойидан шаҳримизнинг тошқиндан жабр кўрганларига талайгина
кўмак берилгани ҳақида хабар ўқиб қолдик. Қарангки, ҳар бир жабрланган кимсага биттадан брезент палатка, тўрттадан туя жунидан тўқилган адёл, беш қопдан икки марта тегирмондан ўтказилган ун, юз килограммдан қанд ҳамда эллик мингдан юз минг риёлгача нақд пул берилибди. Бундан ташқари, тошқиндан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш комиссияси томонидан олти минг беш қаватли, кенг пешайвонли, ваннали, борингки, барча қулайликлар мавжуд бўлган хонадонлар қурилиши лойиҳалаштирилибди. Ва ниҳоят, тошқин содир этилганидан ўн беш кун ўтгач, ҳоким жаноблари бошлиқ номи зикр этилган комиссиянинг жонбозлиги туфайли шундай хонадонлардан икки мингтаси қуриб битказилибди ва кейинги ҳафтадан аҳолига тантанавор топшириларкан. Қолган тўрт минг хонадоннинг қурилиши эса жадал суръатлар билан олиб борилаётгани ва яқин кунларда қуриб битказилиши айтилганди.
Тошқин қурбонлари ўзларининг беҳисоб телеграммаларида ташкилотлар бошлиқларига , комиссия аъзоларига беғараз ёрдам берганлари ҳамда ҳушёрлик билан кўрсатган муносабатлари учун чин дилдан миннатдорчилик билдирганди.

Рус тилидан Мурод Парпихўжаев таржимаси