Виктор Астафьев. Кавказлик (ҳикоя)

Мария Артемьевна Ожеговага

Муҳаммад ўғли ўляпти.
У бурчакдаги майишиб кетган каравотда ётибди. Ғира-шира палатада кўзлари шишадек йилтирайди. Инграмайди, бирон нима сўрамайди ҳам. У унсиз ўляпти.
Эрталаблари унинг каравоти олдига Банников деган аскар келади. Банников палатада ўз оёғи билан юра оладиган ягона киши. У ҳаммага хабар қилади.
— Ҳалиям тирик.
— Тирикми-а?! — ҳайрон бўлишади ярадорлар. — У ўғил бола-е, қайсарнинг қайсари экан-э!
Палатадаги ярадорлар бири қўйиб бири гапиради:
— Ўлсаям ўжарлигидан ўлади. Бегоналарнинг қонини олмайди.
— Бегонанинг қонини олиш уларнинг урф-одатига ботмайди-да. Танасига бегонанинг қони қўшилганини овулларида билиб қолишса, бари-бир уни соғ қўйишмайди.
— Сен қаердан биласан?
— Биламан-да.
— Бари эскилик сарқити! Ўламан дегандан кейин ўлсин-қўйсин-да, ётадими ўйлаб.
— Ўзи улар тарафда онглилик масалалари чатоғроқмикан дейман-да. Уруш одамзотнинг бошига ёмон кунлар солди. Наҳотки, ҳамқишлоқларининг ақли шунга етмаса? Ҳеч нима дейишмас. Ҳамманиям қони қизил-ку.
Банников ярадорларни жеркиб ташлади:
— Э, қўйсаларинг-чи. Шусиз ҳам унга қийин. Энди сизларники қолдими?
Банников каравот бошидаги курсида турган овқатга имо қилиб Муҳаммад ўғлидан сўради:
— Жиндак тотинсанг бўлармиди, а?
Муҳаммад ўғли бошини сарак-сарак қилди. Бир лаҳза кўзини юмди. Бу емайман, дегани эди.
— Уфф, ҳай дардисар-э, дардисар-э, — деди Банников унга ичи куйиб. Сўнг Муҳаммад ўғлининг улушини ярадорларга берди.
Аскарлар аввал тортинишиб, овқатни емадилар. Сўнг, бировларга бериб юборишдан нима наф, яхшиси ўзимиз еб, эртароқ соғайиб кетайлик, деган хулосага келишиб, Муҳаммад ўғлининг улушини баҳам кўрдилар.
Бир кечаси, Муҳаммад ўғли бу ерга келгандан бери биринчи марта инграб юборди. Уйқудаги Банников ингроқни эшитмади. Старшина Сусекин қўлтиқтаёғи билан Банниковни туртди.
—    Трофим!
— Ҳа? — Банников сапчиб туриб, бошини уккидай айлантирди. — Нима дейсан, старшина?
— Анови кавказлигинг ўляпти дейман-ов.
Банников худди беўхшов қуш каби халатини ҳилпиратиб, бурчакка чопди. Желак бари тумбочка устидаги ойнага тегди. Ойна ерга тушиб чил-чил бўлди.
— Ўлик чиқадими дейман. Ҳамширани чақирсаларинг бўлармиди, — деди биров қоронғуда хўрсиниб.
— Индамай тур қани, Банников нима дейди.
Ярадорлар ухлашмаган экан. Муҳаммад ўғлининг инграшини бутун палата эшитибди. Улар тивит адёлларига бурканиб, дим беморхона сукунатида маъюс хаёллар суриб ётган эканлар.
— Нима гап ўзи? — деди бир ярадор қоронғуда ўрнидан тураётиб.
— Ухлаяпти дейман-ов, — аста жавоб берди Банников. — Уйқусираб инграган шекилли. Бўлмаса овозини чиқармас эди. Чақмоқтошдай эркак экан!
— Кавказликлар ўзи шундай эл-да, — дейди старшинанинг ёнидаги киши.
У шу муносабат билан нималарнидир сўйлаб бергиси келаётган эди, лекин старшина Сусекин унинг гапини бўлди:
— Ай, болалар, индаманглар, ухласин, Банников, сен кавказликнинг бошида ўтир. Урф-одат шундай. У ўз эли, юртида бўлса бошқа гап эди.
— Қўй-э, насиҳатингни, — минғирлади Банников.
Палатада сукунат чўкди. Гапи бўлиниб қолган старшина қўшнисининг чеккиси келди. Сусекин унинг лабидаги папиросни юлиб олиб отиб юборди. Қўшни оғриниб, бурнини бир тортди. Кўп ўтмай уйқуга кетди.
Бошқа аскарлар ҳам ухлашди. Банников курсида мудраб ўтиради. Унинг олдида оппоқ тўшакда ётган соч-соқоли ўсган Муҳаммад ўғли қорайиб кўринарди. Унинг ёши нечадалигини ҳеч ким билмайди. Дарҳақиқат, палатадагилар ким қаерданлигини, қандай яраси борлигини биладилар. Аммо бир-бирларининг ёшларини билишмайди.
Муҳаммад ўғлининг белига бомба парчаси теккан. У кўп қон йўқотган. Дастлабки куниёқ унга қон қуймоқчи бўлдилар.
— Йўқ! — деди Муҳаммад ўғли кескин ва ҳамширани қувиб юборди.
Беморхонанинг бош доктори Агния Васильевна келди. Қон олишни рад этадиган бўлсангиз, омон қолишингизга кафолат беролмайман, деди. Муҳаммад ўғли олис ўйга толди. Лаблари пир-пир учиб, узиб айтди:
— Йўқ!
Агния Васильевна қайрилиб кетди. Шу-шу доктор ярадорларни кўргани келса, Муҳаммад ўғли айбдорларча кўзини юмиб олади. Докторнинг айтганини йўқ демай бажаради, бирор гапини қайтармайди. Ҳатто белидан пастгача ҳам ўзи ечинади. Аммо бегона одамларнинг қонини олишга асло кўнмайди.
Бир куни Агния Васильевна ёлғиз ўзи кириб келди. Муҳаммад ўғлининг ёнига чўкди. Билагини ушлаб, томир уришини санаб яна илтижо қилди:
— Бунча қайсар бўлма, жоним, ўлиб қоласан.
Муҳаммад ўғли ҳамиша куйди-пишди, ҳорғин юзли, оппоқ сочли, қошлари Кавказ қизлариники мисол қоп-қора бу докторга олис термулиб қолди. Агния Васильевнанинг чин русларга хос юз ифодаси кавказлик Муҳаммад ўғлининг кўнглига ўтириб қолди. Нимадир, нимадир уни ўзига тортди. Бу меҳрибон аёлга, ўз онасига ишонгандай, ишонгиси келди. Бироқ бор кучини йиғиб шундай деди:
—    Бўлмайди, бўлмайди… Мени кечиринг.
Муҳаммад ўғлини операция қилиш зарур эди. Бунчалик кўп қон йўқотган одамни эса операция қилиб бўлмайди.
Доктор Муҳаммад ўғлини даволай берди. Унга янги-янги дори-дармонлар берди. Кунига уч бор келиб қаради. Булар ҳам наф бермади.
Муҳаммад ўғли жон таслим қилиб борарди.
—    Э, парвардигорим, дунёда қандай одамлар бор-а! — пичирлади Банников эснаганча.
Унинг кўзлари Муҳаммад ўғлига тушиб, эти жунжикиб кетди. Муҳаммад ўғлининг кўзлари катта-катта очилиб, унга бақрайиб қараб турибди. Банников сесканиб тўлғонди, курсидаги сув тўла грелкани тушириб юборди. Грелка ерга балиқдай шалоплаб тушди. Банников худди қочиб кетмасин дегандай уни оёғи билан босди.
– Трофим, – деди Муҳаммад ўғли заиф овозда. – Трофим.
– Ҳа? Нима дейсан? – ҳайрон бўлиб сўради Банников. У кавказликнинг кутилмаганда гапирганидан, яна унинг отини айтиб чақирганидан ҳайратга тушди.
– Трофим, бор ухла, бор…
– Қўябер, ўтирибман-да, – деди Банников пича қўзғалиб. – Қийналаётганим йўқ. Овқат ейиш билан ухлашдан бўлак нимаям ишим бор. Қалай, яхши бўп қолдингми ўзи?
Муҳаммад ўғли жавоб бермади. Банников гапиришини ҳам, гапирмаслигини ҳам билмай қолди. Яхшиси уни гапга солмаган маъқул, деган хулосага келди. Кавказликнинг пешонасига кафтини қўйиб, бош чайқади.
— Иситманг баланд-ку. Пешонанг қайноқ ғиштдай.
Банников ўйлаб ўтириб-ўтириб, ўзининг каровати олдига борди. Сочиғини сув билан ҳўллади. Банниковнинг назарида, ҳўлланган сочиқ кўп дардларга, жумладан иситма, шамоллашларга шифо бўлади. Муҳаммад ўғли пешонасига ҳўл сочиқ текканидан сесканиб кетди. Банников оҳиста гапирди:
– Ай, Муҳаммад ошна, қўй шу ўжарлигингни. Қон қуйдир. Қонинг бизнинг қонимиз билан бир тупроққа тўкилди-ку.
– Бўлмайди, Трофим иложим йўқ, – деди инграб Муҳаммад ўғли лабларини яларкан. – Айбимдан ўт.
– Қандай айб қилдингки, айбингдан ўтаман. Айбимдан ўт эмиш. Ота-онанг сени шундай ободли қилиб тарбиялабди, бу яхши. Лекин бошинг бўлмағур фикр-ўйлар билан тўлиб кетибди. Буниси ёмон. Кўнглингга олма-ю, ошна, жуда ёмон. Нечага кирдинг?
– Кеча йигирмага тўлдим, – пичирлади Муҳаммад ўғли. Оғир энтикиб, қўшиб қўйди. – Ҳозир уйда менинг саломатлигим учун вино ичишаётган бўлса керак.
Банников винони эшитиб, бир ютиниб қўйди. Орзиқиб деди:
– Эҳ-эҳ, туғилган кунни нишонлаш қандай яхши-я! Совғалар, винолар, “От етакловчи бўлганимда” деган қўшиқлар… шунақа, биродар, у ёқда сенинг соғлиғинг учун вино ичадилар, сенинг ҳолинг эса бу…
Банников эрталаб ҳам ўзининг, ҳам Муҳаммад ўғлининг улушини паққос уриб қўйди. Яна қўшимча овқат сўради. Бермадилар. Палатадагилар, Банников Муҳаммад ўғлининг овқатини кечаси билан унинг бошида ўтириб чиққани учун оляпти, деб ўйлашди. Бироқ Банников бошқа кунлари ҳам шундай қиларди. Шунда старшина Сусекин ҳайратланиб бош чайқади:
– Бундай очкўз эканлигингни билмаган эканман!
Банников адёлга жимгина бурканиб олди. Ухлай олмай, у ёғидан бу ёғига ағдарилди. Кечқурун яна икки одамнинг улушини еди. Эртасига Агния Васильевна келди. Банников кўйлагини кўтариб, баданини унга тутиб шундай деди:
– Суқинг!
Ярадор ўрнидан туриб ўтирди.
– Нима?
– Баданимга игна суқинг дейман. – деди Банников елкасини қимирлатиб.
– Нега энди? – ҳайрон бўлди доктор.
– Муҳаммадга қонимдан бераман.
Доктор Банниковга ҳайрон бўлиб қараб турди-да, қўлидаги найча билан кафтига урди.
– Қани, кўйлагингни тез кий-чи, – деди доктор. Банников итоат этабермагач, ер тепиниб дўқлади: – Бўл деяпман!
– Нима десангиз деяверинг, доктор, лекин бир инсон бекордан-бекорга ўлиб кетмасин-да. – Банников ўз дадиллигидан уялиб, терлаб кетди. Яна аста қўшиб қўйди: – У ҳали жуда ёш, кечагина йигирмага тўлди.
Доктор Банниковнинг кўйлагини туширди. Елкасига шапатилаб меҳрибонлик билан деди:
– Жувонмард бола-ей! Ахир, сенинг қонинг бошқа-ку, эсинг жойидами ўзи?
– Нима фарқи бор? Бари бир – қизил қонда. Урушда ҳар бало бўлиши мумкин. Ҳозир қонни ажратадиган вақтми…
– Банников, бемаъни гаплар гапириб менга халақит берма. Сояга ўхшаб кетимдан юрма. Бор, кароватингга бориб ёт.
– Нимага энди бемаъни гап бўлар экан? Қон йиғайин деб унинг насибалариниям едим! Сиз бўлсангиз бемаъни гап дейсиз!
– Нима-нима?
– Муҳаммад ўғлининг насибасиниям ўзим еганман деяпсанми! – деди Банников йиғламоқдан бери бўлиб. У доктор қошида худди генерал олдида турган айбдор аскардай турарди. Доктор найча билан кафтига уриб, унга тикилди. Бирдан қўлидан етаклаб, Муҳаммад ўғлининг олдига олиб борди. Муҳаммад ўғлига Банниковни кўрсатиб, сўради:
– Сенга шунинг қонини қуйсак нима дейсан?
Муҳаммад ўғли ўзини айбдорларча тутаётган Банниковга, сўнг Агния Васильевнага қаради. Муҳаммад ўғлининг йилтираган кўзларида зилдай оғир дард, қайғу кўринди. Кўзларида ёш айланди. Аммо у кўнмади. Тишини тишига қўйиб юзини ўгирди. Палатада норрози овозлар эшитилди:
– Ўз жонига қасд қилаяпти-я! Одамлар уни ўлимдан қутқариб қолмоқчи бўляпти-ю, у бўлса…
Агния Васильевнанинг юраги қон бўлиб кетди. Муҳаммад ўғлига эгилиб, умид билан сўради:
– Борди-ю, мен қон берсам-чи?
Муҳаммад ўғли кескин бурилди. Кўзлари катта-катта очилди. Соқол-мўйловга кўмилиб, қуруқшаб қолган лаблари пичирлади:
– Сиз қон берасиз?!
– Ҳа, мен қон бераман.
– Сиз-а?! – Муҳаммад ўғли яна қайтариб сўради. Кўзларини юмди. Гўё кўз ёшларини қуваётгандай қоп-қора киприклари пир-пир учди. Қўлини зўрға кўтариб, кўзларини артаётгандай юзлари, пахмоқ сочларини силади. Бу, майли, дея розилик бергани эди.
– Банников, ҳамширага чоп, – бамайлихотир қўл силкиди доктор. – Қон қуядиган аппаратни олиб келишга ёрдам бер.
Банников дарҳол эшик сари йўналди. Халатининг бари тегиб тумбочкалар устидаги нарсалар пастга тўкилар, ўзи эса норози бўлиб ғўдилларди:
– Ўргатишини қаранг, кошки қанақа аппарат зарурлигини билмасам…
…Ўн беш йилдан кейин Агния Васильевна ўзининг олтмиш йиллик тўйи шарафига кўп мактублар олди. Улардан бири шундай бошланар эди:
«Ассалому алайкум, катта доктор! Бу мактубни Муҳаммад ўғли ёзаяпти…»
Муҳаммад ўғли ўз мактубида нимага шу вақтгача хат ёзмагани учун узр сўрабди. Қолаверса, мен, Муҳаммад ўғли, мактуб ёзишни хуш кўрмайман, очиғини айтсам, саводим йўқ, дебди. Насиб этса, Кавказнинг Чебаркўл овулига йўлингиз тушса, уй-ичимиз билан сизни менга қайта жон ато этган она каби кутиб оламиз.

Тоғай Мурод таржимаси