Василий Шукшин. Микроскоп (ҳажвия)

У бунга журъат қилолмай юрарди. Энди журъат қилди.
Ўша куни уйга бир аҳволда кириб келиб, хотинига қарамасдан деди:
— Бор… пулни йўқотдим. — Айтди-ю, сап-сариқ, пачоқ, қийшиқ қирғий бурни қизғиш тусга кирди. — Бир юз йигирма сўмнинг ҳаммасини йўқотдим.
Хотиннинг жағи пастга осилганича, юзида “ҳазилингни қўйсанг-чи”, деган ифода пайдо бўлди! Йўқ, бу қийшиқбурун ҳазилни билмайдиям, уни эплолмайдиям. Эрининг афтига қараб турган хотин ниҳоят:
— Қаерда? — деган аҳмоқона саволга тили келди.
Эр беихтиёр “ҳиҳ” деди.
— Қаердалигини билганимда, бориб…
Хотин жон-жаҳди билан:
— Йў-ў-ў-ўққ! — деб чинқириб юборди. — Мен сенга “ҳиҳ” дейишни кўрсатаман! — Хотин товага югурди. — Нақ тўққиз ойгача “ҳиҳ” демайдиган қиламан, аблаҳ!
Эр товадан ўзини ҳимоя қилиш учун каравотдан ёстиқни олди. (Қадимгилар зарбдан сақланиш учун ялтироқ қалқон ишлатишган, аслида қалқон олифтагарчиликка ярайди, ҳимоя учун ёстиқдан ўтадигани йўқ! Эр-хотин бири ёстиқни юзига тутган, иккинчиси това кўтарганча хонада гир айланишарди.
— Ёстиқни, ёстиқни ифлос қиласан! — дерди эр! — Буни ўзинг ювасан!
— Ўзим юваман. Юваман, қийшиқ бурун! Лекин икки қовурғанг меники бўлади. Меники! Меники!
— Қўлга тегди, уҳ, мана, қара!
— Мана сенга калта! Мана сенга қийшиқ бурун!
— Ярамас, қўлга урма! Эртага бюллетень олиб уйда ўтираман, ишга ярамайман! Ўзингга ёмон бўлади!
— Ўтирасан!
— Ўзингга ёмон…
— Майли!
— Вой!
— Мана сенга!
— Бас энди!
— Йўқ, хумордан қичиб олай, хумордан, қийшиқ бурун, касофат! Қизилиштон…
Хотин эпчиллик қилиб, това билан эрининг бошига кетма-кет туширди. Бундан келиннинг ўзиям қўрқиб кетди. Эр ёстиқни ташлаб, қўллари билан бошини ушлаганича ерга ўтириб қолди. Хотини унинг чинданми ёки ёлғондан қилаётганини билиш учун эрига диққат билан тикилди. Ростлигига ишонч ҳосил қилгач, товани даранглатиб ерга ташлади ва курсига ўтириб олиб ув тортишга тушди, ув тортиш билан баробар кафти билан тиззаларига шапиллатиб урар эди.
— Нега пешонам бунчалик шўр бўлмаса? Емай-ичмай тийин-тийинга қўшиб, норасидалардан ҳам аяб-асраб йиққан эсиз пулларим-а! Тишимни ковагида асраган эдим-а, қийшиқ бурун, касофатдан вой-дод! Тийинлаб йиғиб, бу йил қишга болаларга поча-пўстин обераман, деб қувонганларим-а! Бойқушларим мактабга йиртиқ-ямоқда боришмайди, деб ўйлаганларим-а!
— Қачон уларинг йиртиқ-ямоқда юрганди? — деди эр тоқатсизланиб.
— Гапирма, касофат! Гапирма! Ўз болаларинг насибасини ютиб, тиқилиб ўла қолмайсанми! Тиқилиб ўлганинг яхши эмасмиди-я!
— Яхши ниятинг учун раҳмат! — деди эр алам билан.
— Эҳ, сен касофат қаерга борувдинг? Эсингдами ўзи? Ишхонада унутиб қолдирмадингми? Дастгоҳ тагига қўйиб эсдан чиқаргандирсан?
— Қанақа ишхонада? …Омонат кассага ишдан кейин бордим-у. Ишхонадамиш…
— Балки бирортаникига киргандирсан, касофат?
— Ҳеч кимникига кирмадим.
— Балки ароқхўр улфатларинг билан дўконда пивохўрлик қилгандирсан?.. Эсла! Балки ўша ерда тушириб қўйгандирсан? Югур, сўраб кўр ҳалиям бўлса, қайтиб беришади.
— Йўқ, дўконгаям кирганим йўқ, пивохўрлик ҳам қилганим йўқ.
— Унда қаерда йўқотдинг, касофат?
— Қаёқдан билай?
— Бу ёқда мен ўтирибман ана пул келади деб!.. Ҳозир болалар билан бориб поча-пўстинларини ўлчаб кўрмоқчи эдик. Энг яхшиларидан танлаб келувдим… Улардан ҳам айрилдик энди. Вой, касофат эр, ҳаммасининг бошига етдинг.
— Бўлди-да, намунча касофат-касофат деяверасан?..
— Унда кимсан?
— Энди илож қанча?
— Икки сменада ишлайсан, касофат! Кунингни кўрсатаман!.. Энди ҳаммомдан чиққандан кейин чоракликни ичиб бўпсан! Қудуқдан хом сув олиб ичасан!
— Чоракликка қараб қолибманми? Усизам куним ўтар.
— Ишга пиёда қатнайсан! Энди автобусда юриб бўпсан!
Эр-хотиннинг сўнгги гапидан ҳайратга тушди:
— Икки смена ишлаб яна пиёда қатнайманми? Зўру…
— Ҳа, пиёда қатнайсан! У ёққаям, бу ёққаям пиёда бориб келасан, касофат! Кечиксанг югурасан. Пул йўқотиш қандай бўлишини ҳали неча марта татиб кўрасан!
— Хоҳ икки смена бўлсин, хоҳ бир смена — бир ярим ойда ўрнини тўлғазаман, — деди эр зарб еган жойни кафти билан силаб. — Уста билан келишиб қўйдим… — Аввалига у оғзидан нима чиқиб кетганини англамади. Хотини унга ҳайрат билан қараганидан кейин хатосини тўғрилади. — Пулни йўқотганимни билгандан кейин ишхонага қайтиб бориб, келишиб келдим.
— Омонат дафтарчани бу ёққа бер, — деб хотин уни қўлга олиб, ичини очиб унга тикилиб турди-да, алам билан қўшиб қўйди: — Шунча пулни йўқ қилдингми-я, гўрингда тўнғиз қўпгур!
Қишлоқларидан тўққиз километр наридаги “Заготзерно”да дурадгор бўлиб ишлайдиган Андрей Ерин бир ҳафтагача ўзини жуда ёмон ҳис қилиб юрди. Хотин ҳамон дарғазаб, вақти-вақти билан “касофат”дан олиб “касофат”га солишини қўймасдан жонини халқумига келтирса-да, овоз чиқариб ғиринг дейишга журъат қилмасди.
Кунлар ўтаверди… Хотин тинчланди. Андрейга шу керак эди. Ниҳоят, ҳаммаси жойига тушди, деган қарорга келди у.
У кеч оқшом уйига бир қути кўтариб кириб келди. Қутининг ичида оғир нарса борлиги сезилиб турарди. У кўпинча уйга иш кўтариб келар, улар қоғозга ўралган ёғоч буюмлар бўлгани учун унинг бу келиши уйдагиларни ажаблантирмади. Андрейнинг қувончи ичига сиғмасди. У остонада тўхтаб, унга эътибор беришларини кутиб турди.
— Нима гап, ойдинда ялтираган яланғоч думбага ўхшаб келибсан? — деди хотини киноя билан.
— Мана… зарбдор меҳнат шарафига беришди… — Андрей келиб қутини столга қўйди-да, уни ўзи оча бошлади. Ниҳоят, қути очилиб, стол устида микроскоп пайдо бўлди… — Микроскоп.
— Буни нима қиласан?
Андрей Ерин хотинига қандайдир ачиниш билан тикилди, сўнг:
— Ойни кузатамиз! — деди-да, қаҳ-қаҳ уриб кулди.
Бешинчи синфда ўқийдиган ўғлиям ойни микроскопда кузатишни эшитиб кулиб юборди.
— Нега куласанлар? — деди ажабсиниб хотин.
Ота-бола ҳамон қотиб-қотиб кулишарди. Хотин эрига ўқрайиб қаради. Эр кулишдан тўхтади.
— Мана сен атрофингда микроблар бижиб ётганини биласанми? Айтайлик, ичиш учун бир чўмич сув олдинг… Хўш?
Андрей челакдан чўмичда сув олиб, хотинига тутди. — Буни ичиб, сув ичяпман деб ўйлайсанми?
— Э, қоч-е!!
— Йўқ, жавоб бер.
— Хўп, сув ичаяпман деб ўйлайман.
Андрей ўғлига ғолибона қараб, яна қаҳ-қаҳ уриб кулди.
— Сув ичяпганмишлар! Ёирт жиннисан!
— Касофат! Ҳозир товани олиб, кимлигимни кўрсатаман!
Эр яна жиддий тортди.
— Микроб ичасан, азизим, микроб. Сувга қўшиб-да. Икки миллион микроб ютасан. Мазза! Газак ўрнида кетади!
Ота-бола яна кулгидан ўзларини тутиб туришолмади. Хотин това келтиргани даҳлиз томон югурди.
— Бу ёққа қара! — қичқирди Андрей чўмич билан микроскоп тепасига келиб. Микроскопни узоқ созлагач, думалоқ шиша устига сув томизиб, микроскоп устига энгашди, нафас олмай унга тикилди.
Ортда турган ўғил тоқатсизлик билан отасининг елкасидан тутиб:
— Дада, менам кўрай! — деди.
Ота шошма дегандай бир оёғини силкитди.
— Ана, ана, у ёқдан-бу ёққа, бу ёқдан-у ёққа ғимирлашини!.. Вой итваччалар-ей!
— Дадажон!
— Болаям кўрсин! — амрона деди хотини, ўзи ҳам азбаройи қизиққанидан юзлари бўғриқиб.
Андрей бошини чайқаганча найчадан бошини кўтариб, ўғлига жой бўшатди. У микроскопга энгашган боласининг елкаси оша қараб қўяркан, тоқатсизланиб сўради:
— Хўш?
Бола индамади.
— Хўш?!
— Ана улар! — қичқирди болакай. — Оппоқ…
Ота боласини микроскопдан тортиб, хотинига:
— “Энди сен қара”, деди. — Ичадиган сувингни бир кўриб қўй.
Хотин найчага узоқ тикилди… Аввал бир кўзи билан, кейин иккинчи кўзи билан қаради…
— Ҳеч балони кўрмаяпман.
Андрейнинг фиғони чиқди:
— Кўздан қолганмисан, нима бало?! Киссадаги майда чақани кўрган кўзинг шунча микробни кўрмайдими? Кўзингни ўйнатиб ирғишлаётганлар нима бўлмаса?.. Оппоқ-оппоқлари…
Хотин ўша “оппоққина”ларни кўрмай, эри билан боласи кўрганига жаҳл қилмади:
— Ҳа, ана… — деди у. Ким билади, балки ёлғондан шундай дегандир. Баъзи-баъзида унинг ёлғон ҳам гапириб турадиган одати йўқ эмасди. Андрей хотинини нари суриб ўзи микроскопга энгашди ва пичирлаб сўзлай бошлайди:
— Вой, онагинангларни қилиқларини қара!
— Улар туссизми? — сўради орқадан хотини ўғлига қараб, — худди шўрвадаги ёғ доғларига ўхшайди-а? Ўшаларми?
— Секин! — аста ўшқирди Андрей микроскопдан кўзини узмасдан. — Ёғ доғларимиш. Ўзинг ёғ доғисан! Бир бутун лаҳмсан.
Андрей Ерин шу тобда уйнинг бақироқ эгасига айланганди-қолганди.
Бешинчи синфда ўқийдиган тўнғич ўғил ҳиринглаб кулди. Она унинг гарданига аста мушт туширди. Кейин кичкиналарни микроскоп ёнига олиб келиб:
— Қани, ачиган шўрва доктори! Болалар ҳам кўришсин, бунча ёпишиб олмасанг! — деди зарда билан.
Андрей микроскоп олдини болаларга бўшатиб, ўзи ҳаяжонини босолмай хонада у ёқдан-бу ёққа юра бошлади. Ўзи қаттиқ хаёлга чўмган эди.
Кечки овқат пайтида ҳам Андрей ўша-ўша ўй сурганича, микроскопга қараб, бош чайқаб қўярди. У қошиқда шўрва олиб, ўғлидан сўради:
— Бунда қанча бор?.. Тахминан?
Ўғил пешонасини тириштириб, ўзича ҳисоблаб чиқиб:
— Ярим миллиончадир! — деди.
Андрей кўзларини пирпиратиб қошиққа тикилди:
— Ундан кам эмас. Биз эса буни ҳам! — У шўрвани ютиб, кўксига муштлади. — Ана, тамом! Ҳозир буни ошқозон ўзи дўппослайди. Ўзи микробларни енгади!
— Ўзинг сўрагандирсан-да? — деди хотин қовоғини уйганича микроскопга ишора қилиб — Сўрамаганингда чангютгич беришармиди. Чанг тозалашга у ҳам йўқ.
Худо аёлни яратганида уни жуда мураккаблаштириб юборган, шекилли. Афтидан илҳоми жўшиб, берилиб кетганидан шундай бўлган. Ҳарҳолда ижодкор ижодкор-да. Ҳалиям уларни донишманд қилиб яратмаганига шукр қилинг.
Тунда Андрей икки бор ўрнидан туриб, чироқни ёқиб, микроскопга тикилиб, пичирлади:
— Вой итваччалар-ей! Нима қилишаяпти. Нима қилишаяпти улар. Ухлашмайдиям ярамаслар!
— Ақлдан озмасанг бўлгани, — минғирлади хотин уйқусираб. — Яна жиндай бўлса, бутунлай томинг кетиб қоладиган.
— Яқинда кашфиётни бошлайман, — деди Андрей хотинининг иссиқ пинжига тиқилиб — Ҳеч олим билан ётганмисан?
— Энди шу камиди.
— Энди ётасан! — деди Андрей хотинининг момиқ елкасига кафти билан уриб. — Азизам, олим билан энди ётасан…
Бир ҳафта Андрей Ерин ҳудди тушдагидай яшади. Ҳар куни ишдан келибоқ шошиб ювиниб, апил-тапил овқатланиб, тўғри микроскоп тепасига келиб энгашарди.
— Гап шундаки, — дерди у. — Инсон бир юз эллик йил яшаши керак. Нима учун у олтмиш, нари борса етмиш йил яшаб, кейин оёғини чўзади? Микроблар! Ўша аблаҳлар инсон умрини қирқади. Организмга кириб олишади. Одамзод жиндай бўш келдими, ейишни бошлашади.
Ўғли иккаласи микроскоп олдида соатлаб ўтириб олиб, тадқиқот ўтказишади. Қудуқдан олинган сувнинг томчисини, челакдагини кузатишади, ёмғир ёққанида ёмғир сувини текширишади. Яна ота ўғлига кўлмакдан намуна олиб келишга юборади. Кўлмак сувида оқ таначалар бижғиб ётарди.
— Бу “онангни”ларни қара! Булар билан қандоқ курашасан? — Андрейнинг ҳафсаласи пир бўлди. — Одам кўлмакни кечиб, уйга буларни олиб келади, чақалоқ гўдак дегани яланг оёқ ўтиб, микробларни юқтиради. Кўриб турибсанки, гўдакнинг организми микробга таслим-да.
— Шунинг учун доим уйга оёқни артиб кириш керак, — деди ўғил. — Сиз бўлсангиз артмай кирасиз.
— Гап унда эмас. Бу маразларни кўлмакнинг ўзида гумдон қилишни ўрганиш керак. Мен-ку, билдим, энди артарман, лекин Сенка — анови Маров… ўшанга ўргатиб кўр-чи, молга ўхшаб кўлмакни қандай шалоплатиб юрган бўлса, ярамас шундай уйнинг тўрига чиқиб кетаверади.
Яна у ўғлининг тер томчисини текшириб кўрди. Бунинг учун ўғил кўчада ҳолдан тойгунича югурди, кейин ота қошиқ билан пешонасидаги терни сидириб, уни микроскоп тагида текширди.
— Бор! — Андрей алам билан тиззасига муштлади. — Бир юз эллик йил яшаб бўлармиди! Тердаям бор-да.
— Қонни текшириб кўрмаймизми? — таклиф қилди ўғил.
Ота игна билан бармоғини тешиб, қип-қизил томчини сиқиб чиқариб, уни ойначага силкиб туширди. — У микроскопга энгашиб туриб, инграб юборди.
Дабдала! Қонгаям ўтибди! — Андрей Ерин қаддини тиклаб, атрофга ҳайрат билан тикилди. — Хў-ўш… Ҳаромзодалар билишади, мендан яхшироқ билишади, лекин лом-мим дейишмайди.
— Ким? — тушунмасдан сўради ўғил.
— Олимлар! Уларнинг микроскоплари бизникидан яхшироқ!
Ҳаммасини кўришади, лекин билдиришмайди. Халқ хавотирланмасин дейишади. Хўш, нега айтмаслик керак? Айтишганда ҳамма бир бўлиб уларни қандай йўқотишни ўйлаб топишармиди? Йўқ, келишиб олишган-да, ғинг дейишмайди. Ёалаён кўтарилади, дейишса керак-да.
Андрей Ерин курсига ўтириб, чека бошлади.
— Ана қандай майда махлуқлардан одамлар нобуд бўлишади! — Андрей ғусса ичида деди.
Ўғил микроскопга энгашди.
— Бир-бирларини қувлашаяпти. Булар жиндай бошқача, думалоқ экан.
— Думалоғию узуни — ҳаммаси бир гўр уларнинг. Менинг қонимдаям улар борлигини ҳозирча онангга айтмай тур.
— Менинг қонимниям кўрамизми?
Отанинг кўзларида ҳам қизиқиш, ҳам ҳадик жилва қилди. Унинг тиззалари устига қўйган меҳнатдан чайир, елим ҳидли қўллари қалтирай бошлади.
Ҳожати йўқ. Балки кичкиналарда… Эҳ, сенларни! — Андрей ўрнидан туриб алам билан курсини тепиб юборди. — Бит, қандала, қаёқдаги қумурсқаларни қиришни ўрганишди, бунда бўлса, энг майда, сиркадан кичикларини қиришолмайдими? Ҳайф сенларга олимлик унвони?!
— Бит кўринади, булар… Уларни қандай қиришади?
Ота узоқ ўйланди.
— Скипидар билан-чи? Кучи етмасмикан ё? Ароқ ундан кучлироқ-ку… Мен уни ичаман, лекин қонимда нима борлигини кўриб турибсан!
— Ароқ қонга ўтадими?
— Қаёққа ўтади бўлмаса? Уни ичганлар нега жинни бўлишади?
Бир гал Андрей ишхонасидан узун, ингичка игна олиб келди… Ювиниб бўлгач, ўғлига им қоқди. Улар ичкари хонага кириб кетишди.
— Қани, уриниб кўрайлик-чи… Симнинг учини яхшилаб чархладим, балки бир жуфтини санчиб ўлдирармиз.
Чархланган симнинг учи ғоят ингичка, соч толасидай келарди.
Андрей у билан сув томчисини узоқ чўқилади. Пишиллаб, жиққа терга ботиб кетди.
— Қочиб кетишаяпти, маразлар. Йўқ, сим йўғонлик қилади, санчиб бўлмаяпти. Янаям ингичка бўлиши керак экан, бундан ингичкалатиб бўлмайди. Майли, ҳозир овқатланиб олайлик, кейин ток билан уриниб кўрамиз. Батарейка олиб келдим, икки симни туташтириб, нима бўлишини кўрамиз.
Кечки овқат устида бемаҳалда Андрей билан “Заготзерно”да ишлайдиган Сергей Куликов кириб қолса бўладими. Шанба муносабати билан Сергей маст эди. Шунинг учун ҳам санқиб юриб келиб қолган экан. Сўнгги кунларда Андрей ичкиликни оғзига олмай қўйганидан ичган одамни ёқтирмаслигини пайқади. Маст одам ўзини аҳмоқона тутади, куракда турмайдиган сўзларни гапиради.
— Ўтир, овқатланамиз, — деди Андрей унга ғаши келиб.
— Нимага ўтираман? Биз шу ерда… Бизга ҳеч нима… Бизга чекка бир бурчак бўлсаям бўлаверади.
“Бу намунча ўзини қозонлик етимдай тутмаса?” — деб ўйлади Андрей.
— Ихтиёринг…
— Микробни кўрсат.
Андрей хавотирга тушди.
— Қанақа микроб? Серёга, бориб яхшиси ухла… Менда ҳеч қанақа микроб йўқ.
— Нимага яширасан? Қуролмидики, яширсанг? Илмий иш… Ўғлим “Андрей амаким микробларни қирмоқчи”, деб гапиравериб миямни ачитиб юборди.
— Андрей! — Сергей кўксига муштлади. “Олим” унга ўқрайиб қаради. — Сенга тилладан ҳайкал қўямиз!.. Дунёга машҳур қиламиз! Мен сен билан ёнма-ён ишлайман!.. Андрюха!
Зоя Ерина ҳам мастларни ёқтирмаса-да, шу тобда эрини “олим” деб аташлари ёқиб кетди унга. Жаҳли чиқмади-ю, шунчаки одатдагидай жаврагиси келиб, минғирлади:
— Ўрнига бошқа нарса беришса бўларди, микроскопмиш! Шунинг дастидан тунлари ухламасдан эрим ақлдан озмаса бўлгани. Ўрнига чангюткич беришсаям бўларди. Уйнинг чангини тозалардик, ўзимизда йўқ, сотиб олишга гал келмайди.
— Нимани беришди? — тушунмасдан сўради Сергей.
Андрей Ериннинг танаси музлаб кетди.
— Мукофотга беришди, анови микроскопни…
Андрей кўзлари билан Сергейга имо қилиб, огоҳлантирай деса, у Зояга худди эчкидай бақрайиб турарди.
— Қанақа мукофот? Сизларга мукофот беришдими?
— Ҳа, беришди мукофотни! Қўлга бериб, қолганини ортимиздан қувлаб, яна тепки билан беришди. Мукофот берармиш-а!
— Андрейга анови микроскопни беришди, зарбдор меҳнати учун… — хотинининг овози даҳшатли даражада паст эшитилди. У ҳаммасини тушунган эди.
— Ҳа, беришади! — деди жазавага тушиб Сергей. — Мен ўтган ой нарядни 130 фоиз қилиб ёпдим… Шундайми? Ёлғон бўлса, Андрей айтсин.
Андрей оёғи остидаги ер ўпирилиб, худди тубсиз жарга қулаётгандай бўлди. У ўрнидан даст кўтарилиб, Сергейнинг ёқасидан тутамлаганича, уйдан ташқарига судраб чиқди, ҳовлида гарданига икки мушт тушириб, сўнг сўради:
— Уч сўминг борми? Маошгача.
— Бор… Нега урасан мени?
— Олдимга туш, ботқоқдан чиққан алвасти, пишириб қўйибдими уйма-уй санқиб юришни сенга? Ҳе, тўнка.
Ўша тун Андрей Ерин Сергейникида тунаб қолди. Улар бурунларидан чиққунча ичишди. Киссаларидаги пул тугаб, яна кимдандир маошгача қарз олиб ичишди.
Андрей фақат эртаси туш пайти уйга кириб келди… Уйда хотини йўқ экан.
— Онанг қаёқда? — сўради ўғлидан.
— Шаҳарга кетди… Ҳалиги комиссион дўконга.
Андрей столга ўтириб, эгилганича қўлларига тикилди. Шу алпозда узоқ ўтирди.
— Қарғандими?
— Йўқ, унча кўп эмас… Қанча ичдингиз?
— Ўн икки сўмлик… Эҳ, Петька… Ўғлим…
Андрей Ерин бошини кўтармасдан афтини бужмайтирди, тишларини ғижирлатди, — гап ундами? Сен ғўр бўлганинг учун тушунмайсан. Тушунмайсан…
— Тушунаман, онам уни сотади.
— Ҳа, сотади. Поча-пўстин керак. Майли, пўстин керак, майли, зарари йўқ… Албатта, керак…

Русчадан Меҳмон Исломқулов таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2006 йил, 12-сон


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!