Василий Шукшин. Кўпга келган тўй (ҳикоя)

Атрофдаги одамлар Серёга Безменовнинг хотинини баттол дейишарди. Баттол, инжиқ ва аҳмоқ. Бу ҳаммага маълум ва аён эди. Фақат Серёгагина ҳеч нимани кўрмас, англамас эди. У ҳаммадан жиғибийрони чиқиб, ўзича ҳайрон бўларди: наҳотки улар хотинининг қанчалар мустақил, ўқимишли, қанчалар.. эканлигини кўришмаса, тушунишмаса.. Одамларни нима жин урди экан: тилим бор деб оғзига келганини валдирайверишади. Ахир улар хотинининг зукколиги, шўх-шаддодлигини қаёқдан ҳам билишсин? Лоақал солланиб юришини бир кўришса эди! Ана буни юриш деса бўлади, ҳар қадам ташлаганда майда томирларигача ўйнаб-яйраб кетади. Серёга, айниқса, хотинининг ана ўша юришига беш кетарди: шундоқ қараб туриб азбаройи меҳри товланиб кетганидан тамшаниб қўярди. Уйда ҳайрат билан хотинини айланиб томоша қилар экан, ҳаяжондан ҳовлиқиб, терлаб кетарди.
— Хўш? — деб қўярди Клара. — Ҳмм?.. — Сўнг ишва билан тилини чўччайтирарди. Кейин жўрттага, гўё яна бир бор қадам олишини кўз-кўзлаш учун бошқа хонага йўрғалаб қоларди. Серёга ҳам зипиллаб орқасидан эргашарди.
… Бунинг устига улар яна хотини ҳақида вайсашиб, гўё уни… О, қишлоқилар! Серёга тақдирнинг бу ноёб туҳфасини қўлдан чиқариб юбормаслик учун яратганга тавалло қиларди. Баъзан у қўрқиб кетарди: бошига қўнган бахт қуши тасодиф эмасмикин, ўзи шунга муносибми, бунда бирон-бир англашил¬мовчилик йўқми, қўққисдан, фалакнинг гардиши тескари айланиб, унга “ Э-э оғайничалиш, хомтама бўлма! Кўнглинг тағин нималарни тусайди?” дейиш¬масмикин?
Серёга Кларани биринчи марта касалхонада (у эндигина ҳамшира бўлиб ишлащ учун келганди) кўрган заҳотиёқ юраги жизиллаб кетган. Олдинига у фақат кўзойнак ва бежирим бурунни кўрди. Ўша заҳотиёқ юрагига ўт тушди. Ундаги жозибанинг янги-янги қирраларини очиш бахти кейинчалик насиб этди. Олдин фақат ялтироқ кўзойнак билан бежирим бурун кўзига кўринди, қолгани сап-сариқ турмакланган соч эди. Ҳамшира оқ халатини икки ёнига еллатиб, йўлакдан шиддат билан ўтиб бораркан, йўлакай навбат кутиб ўтирган хомуш беморларга: “Боғлатмоқчи бўлганлар киришсин” дея хонасига кириб, ғойиб бўлди. Серёга шундай безовталандики, юраги туз сепгандай ачишиб кетди. Кейин ҳамшира юмшоқ, мулойим бармоқларини теккизиб, ундан сўрайди: “Оғримаяптими?” Атир ҳидидан Серёганинг боши айланади, оғримаяпти дегандек базўр бош чайқайди. Азбаройи ҳайиққанидан қимирлашга ҳам ботинолмайди.
— Сизга нима бўлди? — деб сўрайди Клара.
Ўзини йўқотиб қўйган Серёга оғримаяпти дегандек яна бош чайқайди. Клара шундоққина унинг қулоғи остида кулиб юборади… Серёгани ичидан, киндигидан юқорироқдан бир нима куйдирарди… У афтини бужмайтиради ва… йиғлаб юборади. Ростакамига йиғлайди! У ўзини тушунмас ва қўлга ҳам ололмасди. Серёга бурнини қоқиб, бошини солинтиради ва тишларини ғижирлатади. Кўз ёшлари қўлидаги жароҳатга ва ҳамширанинг оппоқ бармоқларига тома бошлайди. Клара қўрқиб кетади: “Оғримаяптими?!”
— Э бор-э! — Серёга базўр гап қотади. — Ишингни қилсанг-чи. — У мана шу азиз бармоқчаларга нам юзларини босишга ҳам тайёр эди, ҳеч ким халақит бермасди. Аммо қўрқувдан карахтланди, қилмишига йиғлаб шарманда бўлгани дард устига чипқон эди.
— Оғримаяптими деяпман? — Клара яна сўрайди.
— Фақат… ҳалиги… ҳамма эртадан-кечгача ишлашини пеш қилиш керак эмас, — дейди Серёга жаҳл билан. — Қолаверса, ҳаммамиз ҳам битта давлатда яшаймиз.
— Нима, нима?
Ҳай, буёғи маълум энди…
Ўн саккиз кундан кейин улар турмуш қурдилар.
Клара уни Серий деб атай бошлади. Эркалаб. Маълум бўлишича, у аввал эр кўрган аёл экан, аммо эри қандайдир “шалпайган” кимса бўлиб, тез орада ажралишибди. Серёга хотинининг биринчи эри “шалпайган”лигидан кўкрагини кериб юрар, ўзида беқиёс куч-қудрат ҳис этар эди. Клара уни мақтаб қўярди.
Худди мана шундай бир паллада, бахт-саодатдан сархуш бўлиб, ўзини қўярга жой тополмай юрганида улар хотинини инжиқ ва баттол дейишарди. Серёга уларнинг ҳаммасини ёмон кўриб қолди. Ахир улар билмасди-да, хотинининг қанчалар… Эҳ, одамлар! Ҳаммаси кўролмайди, жин ургурлар. Бировга омад кулиб боққанини хотиржам ҳазм қилишолмайди.
— Сизлар ҳайвонлардан ўрнак олинглар, — дея маслаҳат берди Серёга шунақа билағонлардан бирига. — Агар улар биронта кучукни циркда томоша кўрсатишга олишса индашмайди-ку. Ғайирлик қилишмайди-ку. Сизлар нега жазавага тушяпсизлар?
— Сен шўрликка раҳмимиз келади.
— Э, раҳмат! Тўйдим.
Серёга хит бўлиб, бўғилар, хуноби ошгани билан фойдаси йўқлигини билар, бундан баттар жиғибийрони чиқар эди.
— Вайсақиларга парво қилма, — дерди хотини Клара. — Биз яхши яшаяпмиз-ку, бўлди-да. Мен уларни одам ўрнида кўрмайман.
Серёга Кларага қойил қолишмагани учун қариндош-уруғлари, дўстлари билан ҳам чиқишолмай қолди. Ичишни бутунлай ташлади, кир ювиш машинаси сотиб олди ва шанба кунлари оғзига кучи етмайдиганлар кўрмасин дея ҳаммом даҳлизида кир ювар эди. Серёганинг онаси бу иш хосиятлими ёки бехосиятми – билолмасди. Бир ҳисобдан, эркак киши хотинларнинг ишига аралашмагани маъқул кўринар, иккинчидан… Тағин ким билсин!
— Ахир у ичмаяпти-ку! — дерди Клара қайнонасига. — Сизга яна нима керак? У иш билан андармон.
— Унга мундоқ жонинг ачишсин, ўзинг мундоқ ювиб қўяқол, боёқишнинг бир ҳафта эзилгани камми, дамини олсин-да.
— Мен, нима, ишламаяпманми?
— Э сени ишинг…сеникини эркакларники билан солиштириб бўладими, онагинам? Зормандасини бир кунгина айлантириб кўр-чи ( Серёга тракторчи эди ) – анча-мунча қўл чидолмайди! Ахир унинг жони темирдан эмас-ку.
— Эрим билан қандай яшашни мен ўзим биламан, — дейди Клара. — Сизга қолса ичгани яхшими?
— Нималар деяпсан?
— Бўпти-да. Буларга яхшилик қилмоқчи бўлсанг яна ноз-фироқ қилишади.
— Ахир унга ичим ачийди, болам-да.
— Улар деворларнинг тагида маст-аласт бўлиб юмалаб ётишса ичингиз ачимайдими? Ачийдими? Бўпти-да. Бу тўғрида бошқа гапиришнинг ҳожати йўқ. Тушунарлими?
— Ё худо, товбангдан кетай!.. Эрнинг тумшуғидан ип ўтказиб опти-ю, тағин оғиз очма эмиш.
— Бўпти, мен унга улфатларинг билан бориб ичиб келавер, дейман. Шунда кўнглингиз жойига тушадими?
— Намунча сен ичкиликка ёпишиб олдинг? — онанинг жаҳли чиқди. — У сенгача ҳам кўпам ичавермасди, ҳадеб шу савилни пеш қилаверасанми?
— Яхши, мен унга бориб кир ювишга рухсат бермаётганингизни айтаман, — деди Клара. Қўлидаги тиббиёт китобини бир четга суриб, туришга чоғланди.
Она хавотирланди.
— Майли! Дарров – “Айтаман” эмиш. Чақимчиликка суягинг йўқ.
— Хўш, сиз нимани таклиф қиласиз? — Клара кўзойнакдан қайнонасига тик боқди. — Гапнинг пўсткалласини айтинг.
— Мен нимаям дердим. Фақат мен, тасаддуғинг кетай, эринг билан охиратгача умр қилиш ниятинг йўқлигини кўриб турибман, билдингми? Умр қилмоқчи бўлганингда уни аярдинг. Сен бўлсанг…ҳалиги нимайди, ксплататорга ўхшайсан: боёқишнинг тинкасини қуритяпсан. Наҳотки сенга лоақал сув олиб келиш шунчалик оғир бўлса! У шундоғам уззукун тиним билмайди, уйга келганда яна қўшдан чиқариб молага соласан. Ахир бечора қачон дам олади?
— Қайтариб айтаман: мен униям ўйлайман. Қачон унга ачиниш кераклигиниям ўзим биламан. Ўзинглар бу ерда эркакларни талтайтириб юборгансизлар, кейин уларнинг дастидан кимга дод дейишни билмайсизлар.
— Ё товба, ё товба, — дейишдан нарига ўтмасди она. — Мана ҳозирги замон хотинлари! Эсиз, эсиз!
Серёга бу можароларни билса бормиди? Клара бу ҳақда эрига чурқ этиб оғиз очмасди.
Серёга эса сув ташиш, кир ювишдан астойдил завқланарди… Уйга чопиб кириб, хотинини бурнидан ўпиб қўяр, унинг бўлиқ, лорсиллаган, сип-силлиқ қуймучидан ўзича ҳайратланар эди. Гоҳо хотинидан оқ халат кийишни сўраб қоларди.
— Нима кераги бо-ор? — дея Клара ширингина ноз қиларди. — Бу нимаси энди?
— Илтимос, — дея Серёга қистаб қўймасди. — Мен сени ўшанда халатда кўрганман, биринчи марта. Кияқол, томоша қилгим келяпти: мана бу еримда яна бир нима қайнаб-тошади. — У юрагининг остини кўрсатади. — Қани, бўлақол, Кларнетик. — У хотинини Кларнетик деб атарди. Ёки, қаттиқроқ чақириш лозим бўлиб қолганда, Кларнет, дерди.
Клара халатини кияр ва улар шўхлик қилишарди.
— Қаеринг оғрияпти? – деб сўрарди Клара.
— Мана бу ерим, — Серёга юрагини кўрсатарди.
— Анчадан буёнми?
— Етмиш беш кун бўлди.
— Ижозат берсинлар. — Клара энгашиб, Серёганинг кўксига қулоқ тутади. Бўялган сочлар ҳиди Серёганинг димоғига урилади…Ва яна, яна ҳаяжону қувончдан боши айланади. У “врач”ни маҳкам қучоқлар, лаблари билан нозиккина бурнини қидирар – негадир бурнидан ўпишни яхши кўрар эди.
— Э-э, — дея Клара қаршилик кўрсатарди. — Врачни-я!.. — Ҳойнаҳой, эрининг бир хилдаги эркалатишлари жонига теккан эди.
“ Эй худойим-эй, нечук шундай бахт қуши елкамга қўнди! — деб ўйларди Серёга яна ташқарига чиқиб, кир ювиш машинасига яқинлашаркан. — Бу аҳволда бардош беролмайман. Жинни бўп қолишим ҳам ҳеч гапмас. Ёки бутунлай мазам қочади”.
У жинни бўлмади. Бошқа, кутилмаган воқеа рўй берди.
Серёганинг амакиваччаси Славка таътилга келиб қолди. Славка катта шаҳарда, олий техника мактабида ўқир, қариндош-уруғлар у билан фахрлани¬шар, у ҳар гал таътилга келганда отаси Николай амаки зиёфат берар эди. Шунақа базми жамшидлардан икки марта бўлди, Славка энди учинчи курсга ўтганди. Хуллас, яна тўпланишди. Серёга билан Кларани ҳам чорлашди.
Олдинига ҳамма нарса маромида борди.Клара енглари бароқ-бароқ бинафша кўйлакда, кўксида медальон — олтин занжирли соат, сочлари кумушдай товланади, кўзойнаги ярқирайди… Серёга уни мана шу кўзойнакда кўрганида қанчалар суярди! Атрофига аланглаб, хотинига қарар, шунда юраги яна қувончдан ҳаприқиб кетар эди: у даврадагилардан алоҳида ажралиб турарди: мағрур савлат тўкиб ўтирар, ақлли, тарбия кўрган, унчалик анойи ҳам эмас. Серёгага Славка ҳам хотинини кўпчилик ичидан ажратиб олиб, стол оша гаплашгани маъқул тушди. Аввалига шунчаки гаплашиб ўтиришувди, кейин бирдан суҳбат қизиб кетди, даврадагилар жим бўлиб, уларга қулоқ тутишди.
— Яхши, яхши, — деди Славка ҳамма қулоғини динг қилиб турганини фаҳмлаб, — биз – техникапарастларни ҳалиги… қуруқроқ халқ дейишади ва шундай ёзишади… Мен шу ўринда аниқлик киритмоқчи эдим: қуруқ эмас, конкрет дейиш керак, илло биз учун энг муҳими – жаноби Далил.
— Ҳа, аммо ана шу далил заминида кўпинча янада конкретроқ бўлган жонли одамлар туради, — дея эътироз билдирди Клара. У ҳам атрофдагилар қулоқ солаётганини пайқаган эди.
— Бунга эътирозим йўқ! — дея сиполик билан, мийиғида кулимсираб жавоб қилди техникапараст Славка. — Аммо ҳамиша далил заминида жонли одамлар турганини ўйлайверсак ва бунга ҳад-ҳисобсиз изоҳлар бераверсак, унда фан ва техника бир жойда депсиниб тураверади. Биз ўлик нуқтадан бир қарич ҳам силжий олмаймиз!
Клара шиша, кумуш ва олтинлари билан ял-ял товланиб жавоб қилди:
— Демак, тиббиёт, асосан, сизларнинг орқангиздан мурдаларни йиғиштириш билан шуғулланиши керак экан-да! — Бу луқма анчагина нордон жаранглади, даврага сукунат чўкди.
Славка бир муддат талмовсираб қолди, аммо ўзини қўлга олиб, гап қотди:
— Хоҳласангиз – худди шундай! — деди у. — Фақат ана шундай қурбонлар эвазигагина инсоният жамики табиат бойликларидан баҳраманд бўла олади.
— Ахир бу МУТТАҲАМЛИК-ку! — деди Клара секингина жимликни бузиб, алоҳида, маънодор оҳангда.
Славка кулди, аммо кулгиси сохта чиқди, буни ўзи ҳам сезди. У асабийлашди.
— Нега энди муттаҳамлик бўларкан? Менинг билишимча, муттаҳамлик тиббиётга хос нарса. Фақат тиббиётгагина.
— Сиз хуфя абортларни кўзда тутяпсизми?
— Фақат бугина эмас…
— Табобатми? Ундай бўлса, қулоғингизга яхшилаб қуйиб олинг, — Клара шиддат ва зарда ила, насиҳатомуз гапирди, — кимда-ким хатто тумов бўлган одамни даволамоқчи бўлса-ю, аммо бунга мувофиқ ҳуқуқи бўлмаса, у — яширин ЖИНОЯТЧИ. — Айниқса, “жиноятчи” дегани ваҳима ва салобат билан жаранглади. Бу гаплар қишлоқда турли ўт-ўланлар, дамлама ва қайнатмалар билан шуғулланиб юрадиган хотинлар ҳузурида, худди ана ўшалар ҳақида айтилди… Ҳамма Кларага анграйиб қараб қолди. Серёга шу дамдан бошлаб одамлар хотинини иззат қилишларини, ундан ҳайиқишларини англади. У яйраб кетди. У ўзининг кўзойнакли маъбудасини дуо қиларкан, бор овози билан бақиргиси келди: “Ажаб бўлсин энди! Валдирашларинг оламни бузарди-ку?!” Аммо Серёга бақирмади, яна йиғлаб юборди. Жин урсин, асабларига нима бўлган ўзи? Баралла йиғлаворди-я. У билинтирмай кўз ёшларини артди ва чекди.
Славка бир нималар дея минғирлади, аммо шу асно даврада яна ўзаро гурунг жонланди: Славка ютқизди. Кларага ёпирилишди — кимдир қадаҳ билан, кимдир савол билан… Серёганинг баланд бўйли қариндоши, Егор амакининг қулоғига энгашиб, оҳиста сўради:
— Исми шарифлари нима эди?
— Никаноровна. Клавдия Никаноровна.
— Клавдия Никаноровна! — Егор амакининг дўриллаган овози бошқа товушларни босиб кетди. — Клавдия Никаноровна!..
Клара шу томонга ўгирилди.
— Лаббай, мен сизни эшитаман. — Бурро, одоб ила жавоб қилди Клара.
— Мана сиз бизнинг… қариндошга тушгансиз, тўйни эса ўтказмадик. Буниси қандоғ бўлди энди? Урф-одатимизга ҳам тўғри келмайди…
Клара жавоб учун бош қотириб ўтирмади. Умуман олганда, у ҳамманинг назарига тушиб, ўнгу сўлга шунақа сўз қотиб, табассум ҳадя этишга суяги йўқ эди… Ҳамма ундан ҳайратланиб, қойил қолиб, аллакимдир ғойибона куйиниб ўтирганда у ўзидан атир ҳидлари, жозиба ва маданият унсурларини уфурган эди. Егор амакининг бу саволига жавобан Клара гилосдай қип-қизил лабларини чўччайтириб, кулимсиради… Техникапараст Славкага бир нигоҳ ташлаб олгач, Егор амакининг гапини бўлиб, деди:
— Тўй – бу ҳали сифат белгиси эмас. Бу, — Клара стол узра қўлини кўтариб, ҳаммага бармоғидаги тилла узукни кўрсатди, — бор-йўғи бир рамз, белги, холос, аммо кафолат эмас. Оиланинг мустаҳкамлиги ичилган шишалар сони билан ўлчанмайди.
Хуллас, бугун унинг жудаям авжи баланд эди. Ҳатто Серёга ҳам хотинини шу алпозда кўрмаганди. Ҳа, Клараси тушмагур мўлжалга бехато урарди. Гўё беодоблиги учун хижолатда қолган Егор амакига ҳар томондан қочиримлар ёғилди.
— Қалайсан энди? Шунақа бўлади.
— Хўш, Егорша, попугинг пасайдими? Кҳм!..
— Урф-одат эмиш! Бу ерда урф-одатсиз ҳам шундоқ суробингни тўғрилаб қўйишадики… Ма, овқатдан ол яхшиси.
Серёга, азбаройи хотинидан адоқсиз ғурурланиб, қувониб, чамаси сал кўпроқ ичиб қўйди. Елкалари худди деворнинг қарама-қарши томонига теккудай ўсиб-ғовлаб кетди. Қувончи ичига сиғмас, ҳаммани бирваракайига қучоқлаб, ўпгиси келарди. У йиғлади, қўшиқ айтмоқчи, кулмоқчи бўлди… Кейин кўчага чиқди, қўлювгичга энгашиб, бошини сувга чайиб олди ва сал ҳовурини босиб, чекиш учун айвондаги бурчакка борди. Қош қорая бошлади, енгил шамол турди. Серёга кўп ўтмай баҳавороқ жойга чиқиб, ўйланиб қолди. Йўқ, ўйламасди, балки бутун вужуди, руҳи ором оларди. Кўнглида камдан-кам бўладиган, ғаройиб бир сокинлик туйди: вақтнинг қудратли, оҳиста оқимига бўйсунган ҳолда қаёққадир енгил сузиб кетди. Ўйлари ҳам содда ва равшан эди: “ Мана, яшаяпман. Яхши”.
Ногоҳ у эшик олдида икки кишининг шошилинч товушини эшитиб қолди, юраги нохуш орзиқиб кетди: у хотинини овозидан таниди. У қотиб қолди. Ҳа, бу Кларанинг овози эди. Иккинчиси Славка эди. Оралиқда юпқагина тўсиқ бор эди. Славка билан Клара шу ерга келиб туриб қолишди. Шундай бўлдики, Серёга тўсиқнинг бу томонида орқасини ўгириб турар, улар эса нариги томонида эдилар… Оралари шунчалик яқин эдики, фақат овоз ёки бўлакча хатти-ҳаракатнигина эмас, бегона юракнинг уришини ҳам бемалол эшитса бўларди. Айни мана шу яқинлик – у худди каравот остида ётгандай эди – дабдурустдан уни гангитиб, карахт қилиб қўйди. Серёга оёқ-қўли тушов¬лангандек қимирлаёлмай қолди.
— Дўмбоққинам, — дея мулойим, жудаям таниш оҳангда эркаларди Клара, — намунча ошиқмасанг? Кел, мен сени… —Чўлп-чўлп. Нақадар таниш! Шундоққина қулоғининг тагида… — Шунқорим. Қувончим… — Чўлп-чўлп. — Ширингинам…
Улар енгилгина нари-бери сурилишиб, Серёгани ҳам қўзғотишди. Славка шоша-пиша бир нималар дея минғирлади, ниманидир сўради. Серёга унинг гапига эътибор қилмади, Клара секингина кулиб, деди:
— Ширингинам… Қаёққа, қаёққа? Вой, шўхлигингдан айланай! Қани бурнимдан битта ўпиб қўй-чи.
“Э-ҳа,мана шунақа бўларкан-да, — Серёга даҳшат,ҳазар ва алам ила англаб етди. — Мана шундай!” Жамики маъно-мазмун, наслу насаб касб этган тирик нарсалар қаёққадир гумдон бўлдию ўрнида ёлғиз, қоп-қора зимистон бўшлиқ қолди. “Энди ҳаммаси бир гўр”, деб ўйлади Серёга. Ва ана шу ўпқон сари қадам қўйди.
— Кларнетик, бу мен, Серийман, — Серёга кутилмаганда худди чўпчак сўйлаётиб, тулки хўрозчанинг уйига келган жойини айтаётгандек хиргойи қилди: — А-у-у! Мен ҳозир сизларни ўлдирама-ан.
Кейин ҳамма нарса узуқ-юлуқ, гўё тушида рўй бергандек бўлди: Серёга гоҳ у, гоҳ бу нарсани элас-элас кўриб қолди. Гоҳ у қаёққадир чопиб кетди, гоҳ одамлар қий-чув кўтаришди. Серёга ўзининг бутун борлиғини унутганди.Қандай қилиб қўлига болта илиниб қолганини ҳам эслолмасди. Аммо у битта нарсани – Кларанинг тўсиқдан қандай сакраб ўтганини яхши эслаб қолди. Кларанинг сочлари тўзғиб, ёйилиб кетди, тўсиқдан сакраб ўтаётганда малла сочлари боши узра бир лаҳза диккайди… Худди олов янглиғ. Мана шу учиб ўтаётгандаги ғаройиб ҳолати хотирасига қаттиқ муҳрланди. Кейинчалик Серёга собиқ хотинини эслаганда ҳар гал ана ўша сакраш кўз олдига келар, бу ҳам кулгили, ҳам аянчли эди.
Ўша кеча ҳамма нарса тарақа-туруқ, тўс-тўполондан сўнг бирдан тиниб, тинчиди-қолди. Ҳамма қаёққадир ғойиб бўлди. Серёга бир ўзи қўлида болтаси билан қолди… У энди ҳамма нарсанинг тагига ета бошлади. Шу қадар алам қилардики, ҳатто нафаси бўғилди. “Бу нима деган гап, ахир! Нималар бўляпти ўзи?” — деб ўйларди Серёга… Ходанинг устига чап қўлини қўйиб, болта билан панжаларини чопиб ташлади. Иккита бармоғи – кўрсаткичи билан ўртадагиси узилиб тушди. Серёга болтани улоқтириб, касалхонага жўнади. Мана энди лоақал қаёққадир борса бўлади. Қўлларини кўйлагининг бари билан ўраб олди.
Ўшандан буён қишлоқда унга Чўлтоқ деган лақаб қўйилди.
Клара ўша кечаёқ жўнаб қолди, кейинчалик ҳужжатлари — меҳнат дафтарчаси билан паспортини қаёққадир юборишди… Славка ҳам ўша кетганча бошқа таътилга келмади. Серёга ҳали-ҳамон трактор ҳайдайди, бу ишини илгаригидан ҳам қойилмақом қилиб дўндиряпти. Клара ҳақида ҳеч қачон, ҳеч ким билан гаплашмайди. Фақат бир марта эркаклар билан айтишиб қолди.
— Ахир сенга хотининг баттол… деб айтувдик-ку, Серьга.
— Қанақасига у баттол бўлсин?! — бирдан Серёганинг жиғибийрони чиқиб кетди. — Баттолликнинг бунга алоқаси йўқ.
— Бўлмаса қандай эди у? Соддадилмиди?
— Ахир соддалик, баттолликнинг бунга нима дахли бор? Ҳамма бало баттолликдами?
— Нимада бўлмаса?
— Ҳеч нимада! Билмайман нимадалигини… Ҳарқалай, гап баттолликда эмас-да. Ахир бошқачароқ сўзлар ҳам бор-ку… Намунча “баттол, баттол” деб битта гапга ёпишиб олдинглар? Эҳтимол, у аксинча, олийжанобдир, амакиваччамга ёрдам бермоқчи бўлгандир.
— Серёга, — дея қизиқсинишди, — ахир сен уни ҳалиги… яхши кўрардинг-ку… Агар ҳозир қайтиб келса кечирармидинг?
Серёга индамади. Ҳеч нарса демади.
Шунда эркаклар ўзаро суҳбатга берилишди.
— Аҳмоқмиди у қайтиб келиб.
— Нима бўпти? Яхши кўрганини ўйласа…
— Хўп, яхши кўрган, яхши кўрган. Бу яхши кўрган, аммо у яхши кўрмаган-да. У бузуқ йўлга кириб кетган, биттасига қаноат қилмаган. Агар одам ёшлигидан бузилса борми, иш хуржун деявер. Эркакми, аёлми – бари бир гўр. Хотин зоти баъзан бу ишни ҳуши бўлмасаям қилаверади.
— Ҳа, чириган дарахт ҳар қандай шабадага эгилаверади.
— Уларга ортиқча эрк бериб юборилди-да! — деди куйиниб кўзи ожиз, аммо нордонгина гапирадиган Костя Бибиков. — Иван бува, ҳозир хотинлар билан сигирларнинг куни туғди, от билан эркакка қийин, деяпти. Тўғри айтади. Бошвоқсиз бўлгач, билган номаъқулчилигини қилишяпти-да. Ана Игнаха Журавлёвникини олинг. Манжалақи, ичиб олиб эрини бутун қишлоққа шарманда қилди. Бу ҳам камлик қилгандек, яна эрига “Мени ичишга ўргатган ўзинг эмасмидинг?” дегани-чи!… Мана шунақа-да!..
— Ёшгина нарсалар-а!.. Калта кўйлак кийволиб юришларини кўрсанг… Туф-э!
Серёга энди суҳбатга аралашмай бир четда ўтирарди. Қўлидаги гиёҳни ўйнаганча қаёққадир узоқ-узоқларга тикиларди. У ўйларди: ҳай энди, пешонада бу кўргулик ҳам бор экан-да. Аммо у мабодо яна ўшандай тўфонга йўлиқса, яна кўкрак кериб унга пешвоз чиқарди. Ҳарқалай, қанчалик алам қилмасин, бу кўпга келган тўй эди. Албатта, тўйда сархушлик ҳам бўлади, таомили шундай… Ахир тўй бўлдими? Бўлди. Тамом-вассалом.

Рус тилидан Шодмон Отабек таржимаси.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2005 йил, 12-сон