Василий Шукшин. Гринька Малюгин (ҳикоя)

Ҳамқишлоқларининг якдил фикрича, Гринька ғўрроқ, довдирроқ одам.
У қўллари узун, тўмтоқ бурун, от юзли, бақувват бир йигит. Юрганда атрофга бепарво, мулойим назар ташлаб, оҳиста, орқа-олдига тебраниб қадам босарди. Қизлар уни ёқтиришарди. Мана шуниси жумбоқ эди. Битта ақллироғи фаҳмлаб қолди: унга ачинишади. Гринькага бу хуш ёқарди.
— Менга ҳамма ачинади! — дерди у кайф устида каттакон мушти билан кўксига уриб ва шу аснода “ Ахир менинг тўққизта орденим бор-а!” дегандек тикилиб қоларди.
Гринька яхши ишлар, аммо хурмача қилиқларини ҳам қўймас эди. Масалан, уни ҳар қанча пул бериб, ҳар қанча алдаб-авраб якшанбада ишлатиб бўлмасди. Осмон узилиб ерга тушсаям, қиёматқойим бўлсаям, у якшанба куни қора духоба шимини, ҳашамдор нимчасини кияр, пешонасидаги бир тутам сочини ҳўллаб, ҳафсала билан ўнг томонга силлиқлаб тарар ва қишлоқ оралаб шунчаки “дарвешлик” қилиб юраверар эди.
— Уйлансанг бўлармиди,сўтак, — маслаҳат берарди онаси.
— Ўттизга кирволай, ана ўшанда уйланарман, — дея жавоб қиларди Гринька.
Гринькага “буқача”, “сўтак”, “башара” дея тегажоқлик қилиб завқла¬нишарди. Булар Гринькага қандайдир жуда мос тушарди.
Бир куни Гринька шундай воқеани бошидан кечирди.
У шаҳарга совхоз учун ёқилғи олиб келишга боради. Шаҳарда танишиникида тўхтайди, машинасини тўсиқдан ўтказиб қўйиб, диванда мириқиб ухлайди, соат тўққизларда туриб, тўйиб нонушта қилади ва тоғ ортида, шаҳардан ўн етти километр нарида жойлашган марказий бензин омборига жўнайди.
Кун сўниқ ва илиқ эди. Йўллар ёмғирдан сўнг кўпчиб кетган, ғилдираклар бир жойда айланиб қолар эди. Омборхонага етгунча анча тинкаси қуриди.
Омборхона деганлари бамисоли ғоят қатъий тартиб ва ягона андозали бир шаҳарча бўлиб, ана ўша андоза туфайли кўркам ҳам эди. Икки гектарлик жойда цилиндрсимон, юмалоқ, тўрт бурчакли, оқиш-кумуш тусдаги цистерналар қўш қаторда чиройли саф тортган.
Гринька автомашиналарнинг узун қаторига келиб қўшилди ва секин-аста олдинга силжий бошлади.
Фақат уч соатдан кейингина машинаси томонга бензин қуйилган бочкаларни юмалатишди.
Гринька идорага яқинлашиб, машинасини бошқаларники билан ёнма-ён қўйгач, ҳужжатларини расмийлаштиргани кетди.
Ана шунда – бу қандай рўй берди, нега – кейинчалик ҳеч ким айтолмади, пастаккина идора бирдан ёп-ёруғ шуъладан ёришиб кетди.
Идорада олтита ҳайдовчи, столда ўтирган икки қиз ва кўзойнакли йўғон киши (у ҳам столда ўтирувди) бор эди. Ўша киши қоғозларни расмий¬лаштираётганди.
Шуъла қўққисдан ярақлади. Ҳамма бир дақиқа гангиб қолди. Жимлик чўкди.Сукунатни кимнингдир кўчадан эшитилган ўткир чинқириғи бузди:
— Ёнғин!
Идорадагилар жиз-биз бўлиб кетди.
Битта машинадаги бочкаларга ўт кетганди. Ўт қандайдир бир ваҳимали, сассиз, ёрқин аланга билан ёнарди. Одамлар машинадан четга қоча бошладилар.
Гринька ҳам уларга қўшилиб югуриб кетди. Фақат йўғон кишигина ( ўша, ҳужжатларни расмийлаштираётган киши ) озгина юриб, тўхтаб қолди.
— Брезент беринглар! Ҳе-й! — деб бақирди у. — Қаёққа кетяпсизлар?! Улгурамиз-ку, ахир!.. Ҳе-й!
— Қочсанг-чи, ҳозир дабдала қилади! Қоч, галварс! — деб бақирди ҳайдовчилардан бири.
Бир неча киши тўхтаб қолди. Гринька ҳам тўхтади.
— Ҳо-зир… асфаласофилинга кетади! — орқадан кимнингдир овози эшитилди.
— Шунча нарса увол бўлади-я! — жавоб қилди бошқаси.
Кимдир сўкинди. Ҳамма юрагини ҳовучлаб кутиб турарди.
— Брезент олиб келинглар! — йўғон кишининг кимга қичқираётганини билиб бўлмас, аммо ўзи жойидан қўзғолмас эди.
— Жўна! — дея яна унга қичқиришди. — Вой эшак-ей… Брезент бўлса нима келарди қўлингдан? Брезент эмиш…
Гринькани гўё кимдир орқасидан туртгандай бўлди. У ёниб турган машинага қараб чопди. Ҳеч нарсани ўйламади. Калласига худди биров болғача билан “Тезроқ! Тезроқ!” дея юмшоққина зирқиратиб ураётгандай туюларди. Олдинда,машина устида буралиб-айланиб ўрлаётган оппоқ алангани кўрди.
Гринька машинагача қандай югуриб борганини, моторни қандай ўт олдириб, стартёрни, сўнг тезликни қандай ишга солганини эслолмайди. Машина олдинга интилди, тезлигини ошириб, цистерна ва ёнилғи юкланган бошқа машиналардан узоқлашиб кетди.
Дарё омборхонадан ярим километр нарида эди: Гринька ўша ёққа, дарёга қараб ҳайдади.
Машина яйдоқ жойлардан учиб, сакраб борарди. Ёнаётган бочкалар кузовда тарақларди. Гринька лабларини қонатгудай тишлаб, рулга деярли ётиб олганди. Тик, жарликсимон қирғоқ имиллаб, секин яқинлашарди. Қиялик¬да,намхуш яшил майса устида ғилдирак жойида айланиб қолди. Машина орқага кета бошлади. Гринька терлаб кетди. Жон- жаҳди билан тезликни алмаштирди, рулни чапга буриб, чиқиб олди. Сўнг моторга зўр берди.
Қирғоққа йигирма метрча қолди. Гринька ўнг оёғини газдан олмай эшикни очди, чап оёғини зинага қўйди. Кузовга қарамади – у ерда бочкалар урилиб-сурилар, ёнғин оҳиста вишиллар эди. Орқаси қизиб кетди.
Энди жарликка тобора тезроқ яқинлашиб келарди.Гринька негадир имиллар, сакрай демас эди. Қирғоққа нақ беш метр қолганда сакради. Йиқилди. Бочкаларнинг даранглаб отилгани эшитилди. Мотор гувиллади… Кейин жарликдан пастда кучли портлаш бўлди. У ёқдан шиддат билан чиройли аланга бўй кўрсатди. Сўнг жимлик чўкди.
Гринька ўрнидан турди-ю, дарҳол ўтириб қолди – юрагига шундай бир иссиқ оғриқ санчилдики, кўз олди қоронғилашиб кетди.
— Ҳмм…оёғим синибди, — деди Гринька ўзича.
Унинг олдига югуриб келишди, атрофида куймаланиб қолишди. Йўғон одам унга бақира кетди:
— Нима жин уриб сакрамадинг?! Буриб юбориб сакравормайсанми? Одамларнинг юрагини ёрай дедингми?!
— Оёғим синибди, — деди Гринька.
— Қаҳрамонликни ҳавас қилишади! Тирранчалар!.. — шанғилларди йўғон киши.
Ҳайдовчилардан бири унинг қоядек кўксига муштини тиради.
— Сен нима, эсингни едингми?
Йўғон киши ҳайдовчини нари сурди. Кўзойнагини олиб, бурнини қоқди. Жаҳлдан товуши қалтираб кетди:
— Ётади энди.Жин ургурлар!
Гринькани кўтариб, олиб кетишди.
Палатада Гринькадан ташқари яна тўртта эркак бор эди. Биттаси “самолёт” билан юрар, қолганлари гипсли оёқларини юқорида осилтириб ётишар эди. Уларнинг оёқларига темир-терсаклар боғлаб қўйилганди.
Барваста, малла, кўринишдан анқовроқ йигит ўша юра оладиган шеригидан сўради:
— Менга қара!.. Наҳотки, одамгарчилигинг йўқ бўлса?
— Йўқ, — дея хотиржам жавоб қилди шериги.
— Эҳ!..
— Мана сенга “эҳ”. — Шериги малланинг рўпарасида тўхтади. — Мен ечиб қўйсам, кейин ким жавоб беради?
— Мен.
— Сен… Мен ҳам жавобгар бўламан. Нима зарил менга. Сабр қил! Мана шу савил менинг ҳам жонимга тегмаган деб ўйлайсанми? Жонимга теккан.
— Сен юра оласан-ку!.. Гапингни қара.
— Сен ҳам юриб қоларсан.
— Нимани сўраяпсан ўзи? — деди Гринька малла йигитга. ( Гринькани шу палатага яқинда ўтказишганди).
— Темирни ечиб қўйгин деб қўймаяпти, — тушунтирди юра оладиган касал. — Ўзидан баттар аҳмоқни қидиряпти. Шундай ётсанг, кейин туриб кетасан, агар мен ечиб қўйсам, мутлақо ўрнингдан туролмай қоласан. Ўлай агар, худди ёш болага ўхшайди.
— Тоқатим тугади! — ингранди малла йигит. — Жинни бўпқолишим ҳеч гап эмас, йигирма икки кундан буён ғўладай ётибман. Ахир мен ғўла эмасман-ку, тўғрими? Ҳозир бақираман…
— Бақиравер, — хотиржам деди юра оладиган шериги.
— Сен нима, ақлдан оздингми? — сўради Гринька йигитдан.
— Ҳамшира! — бақирди йигит.
— Уялмайсанми, Степан? — дея дашном берди ётган касаллардан бири.- Сен бир ўзинг эмассан-ку, бу ерда.
— Шикоят дафтарини беринглар.
— Нима қиласан уни?
— Нега улар бунақа… Бундан тузукроқ нарса ўйлаб топишолмаптими? Подшо замонида шунақа даволашгандир. Тўнғизга ўхшатиб осиб қўйишади…
— Ўзинг тўнғизсан, — деди юра оладиган касал.
— Ҳамшира!
Палатага ҳамшира ўрнига кўзойнакли, йўғон одам ( бензин омборидаги идорадан) кирди.
— Салом! — хитоб қилди у Гринькани кўрибоқ. — Менга олдин сени қайсидир бошқа бўлимда ётибди дейишувди… Зўрға топдим. Ма, сенга овқат олиб келдим. Уфф! — У Гринька ётган каравот четига ўтирди. Атрофга аланглади. — Зап жойини топибсизлар-да, йигитлар!.. Қоринни қашлаб, шипга тикилиб ётаверасан.
— Жойингизни алмаштирамизми? – маъюс таклиф қилди малла йигит.
— Эртага алмаштирамиз.
— Ана шу-да!.. Унда валақлашгаям ҳожат йўқ. Ақл ўргатишга устасиз ҳаммангиз.
— Хўш, қалайсан энди? — сўради йўғон одам Гринькадан. — Дурустмисан ўзи?
— Ҳаммаси жойида, — деди Гринька.
— Ўзинг айт-чи, нега дарёга яқин қолганда сакрай қолмадинг?
— Ўзим ҳам билмайман.
— Мен, ишонсанг, ўлиб қолишимга сал қолди: нақ юрагим тўхтаб қолди, тамом-вассалом. Эҳтимол, сенинг асабларинг мустаҳкамдир.
— Мен армияда танкчи бўлганман, — Гринька мақтаниб қўйди. — Мана, қитиқлаб кўргин – парво қилмайман.Қани!
— Ҳэҳ!.. Афанди! Хўш, машинани олиб чиқишди. Ҳамма ёғи дабдала бўпти… Қанча ётаркансан?
— Билмадим. Мана бу оғайнимиз йигирма икки кундан бери ўз ёғига ўзи қоврилиб ётибди. Бир ойча ётсам керак.
— Сонинг синганмиди? “Бир ойча” эмиш… Мунча чаққон бўлмасанглар!
— Хўш, йигитларимиз сенга салом айтишди, — давом этди йўғон одам. — Ўзлари келишмоқчи эди – қўйишмас экан. Мен профташкилотчи сифатида зўрға рухсат олдим. Мана, сенга журналлар бериб юборишди… — У қўлтиғидан бир даста журнал чиқарди. — Газетадан келиб, сени суриштиришди… Биз бўлсак сени кимлигингниям билмаймиз.Йўлланмангда Малюгин, Суртайкидан деб ёзилган экан. Олдингга келамиз дейишди.
— Ҳеч қиси йўқ, — деди Гринька ўзича мамнун бўлиб. — Мен уларга би-ир нутқ ирод қилай.
— Нутқ? Ҳеҳ?.. Ҳай — майли, тузалиб кетгин. Қабул кунлари олдингга келиб турамиз – мен одамларга махсус тайинлаб қўяман. Яна бироз ўтирардиму, аммо мажлисга шошиб турибман. Мен ҳам нутқ сўзлашим керак. Кўнглингни чўктирма!
— Ҳечқиси йўқ.
Профташкилотчи Гриньканинг қўлини сиқди, ҳамма билан хайрлашиб, чиқиб кетди.
— Сен нима, қаҳрамонмисан? — эшик ёпилгач, малла йигит Гринькадан сўради.
Гринька анчагача индамади.
— Сизлар ҳали ҳеч нима эшитмадингларми? — жиддий сўради у. — Радиодан эшиттиришлари керак эди.
— Менинг наушнигим ишламаяпти. — Малла йигит тепасида осиғлиқ турган радиочани йўғон бармоқлари билан чертиб қўйди.
Гринька яна бироз индамай турди. Сўнг томдан тараша тушгандай деди:
— Мени ахир ойга учиришди.
Ҳамма ҳайратдан серрайди, малла йигит ҳатто оғзини очиб қолди.
— Йўғ-э, наҳотки?
— Албатта-да. Кҳм! — Гринька гўё баҳслашиб, ҳамманинг кўз олдида болтани ютиб юборган-у, ҳозир унинг ҳазм бўлишини кутиб, ( бунга заррача иккиланмай) шипга тикилиб қолди.
— Алдаяпсан-ов? — деди секингина малла йигит.
— Ишонмасанг ишонма, — деди Гринька. — Алдаб нима зарил менга?
— Хўш, нима каромат кўрсатувдинг?
— Ярмигача учиб борганимда ёқилғи тугаб қолди.Мен сакравордим.Ерга ноқулай тушиб, мана, оёғимни синдириб олдим.
Биринчи бўлиб “самолёт”ли киши ҳушёр тортди.
— Ўзиям роса опқочди-да! Мен бўлсам лаққа тушиб ўтирибман.
— Масхаравоз! — деди малла йигит ҳафсаласи пир бўлиб. — Мен рост айтяпти деб ўйлабман.
— Ичинглар куйяпти чоғи? — сўради Гринька журналларни варақларкан. — Дарвоқе, вазнсизлик ҳолатини яхши ўтказдим.Томирим бутун йўл бўйи маромида уриб турди.
— У ёқда ҳаво йўқ бўлса, парашютда қандоғ учдинг? — сўради малла йигит.
— Ҳавога етгунча очмадим.
— Ҳозир олдингга келган одам ким ўзи? — сўради “самолёт”ли одам.
— Келган одамми? — Гринька журнални варақлади. — Генерал, икки марта Совет Иттифоқи Қаҳрамони. Фақат у ўз кийимини киймаган – мумкин эмас.
“Самолёт”ли одам қаҳ-қаҳ уриб кулди.
— Генерал?! Хо-хо-хо!.. Мен уни биламан-ку! Ахир у бензин омборида ишлайди-ку!
— Шунақами? — сўради Гринька.
— Шунақа.
— Билар экансан, нега сўраб ўтирибсан?
Малла йигит момақалдироқдай гумбурлаб кулди. Унга қараб туриб Гринька ҳам кулиб юборди. Кейин бошқалар ҳам қўшилиб кулишди. Кула-кула ётган жойларида юмалаб қолишди.
— Вой, онагинам!.. Вой, ўлиб қоламан!.. — дея тўлғонди малла йигит.
Гринька юзини журнал билан тўсиб, овозини чиқармай хохоларди.
Палатага дўхтир ҳовлиқиб кирди.
— Нима гап ўзи, беморлар?
— О-о!..О-о!.. — Малла йигит ишора қилиб Гринькани кўрсатар, тили калимага келмас эди. — Гене…хо-хо-хо!..
Кулгидан оғзининг таноби қочган дўхтир чол ҳам ҳиринглаб палатадан чиқиб кетди.
Шу пайт палатага йигирма уч ёшлардаги бир қиз кириб келди. Шим кийиб олган, малласоч, ясан-тусани жойида – чиройликкина нарса. Остонада тўхтаб, касалларга ҳайратомуз қараб қолди.
— Салом, ўртоқлар!
Кулги аста-секин босилди.
— Салом! — деди Гринька.
— Ўртоқ Малюгин ким?
— Мен, — жавоб қилди Гринька ва туришга чоғланди.
— Ётаверинг, ётаверинг, уринманг, — хитоб қилди қиз Гриньканинг тўшагига яқинлашиб. — Мен мана шу ерга ўтира қоламан. Майлими?
— Ё худо! — деди Гринька ва яна ётган жойида қўзғалди. Қиз оппоқ, сип-силлиқ тўшак четига ўтирди.
— Мен шаҳар ёшлар газетасиданман. Сиз билан гаплашмоқчи эдим.
Малла йигит кулишдан тўхтаб, гоҳ Гринькага, гоҳ қизга тикилиб қолди.
— Гаплашсак гаплашаверамиз, — деди Гринька ва малла йигитга бир қараб қўйди.
Малла йигитни энди ҳиқичоқ тутиб қолди.
— Ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз? — деб сўради қиз тиззаларига каттакон ёндафтарини ёзаркан.
— Отдекман, — деди Гринька.
Қиз жилмайди, Гринькага диққат билан разм солди. Гринька ҳам жилмайди ва қизга кўз қисди. Қиз кўзларини дафтарига қадади.
— Олдин…ҳалиги… одатдаги саволлар: қаерда туғилганингиз, ёшингиз, ўқиган жойингиз…
— Демак, гап бундай… — Гринька чекди. — Кейин мен ўзим нутқ сўзлайман. Майлими?
— Нутқ?
— Ҳа.
— Ҳай, майли… Мен кейинроқ ёзиб олсам ҳам бўлади. Бошқа сафар.
— Демак, гап бундай: мен Суртайкиданман, бу ердан етмиш беш километр нарида. Дарвоқе, ўзингиз қаерликсиз?
Қиз Гринькага, бошқа касалларга қизиқсиниб қаради: ҳамма сукут сақлаб, Гринькага, қизга тикилганча қулоқ солиб туришарди. Малла йигитни ҳиқичоқ тутди.
— Мен Ленинградданман, нима эди?
— Биласизми, гап нимада, — Гринька сўзланди, — мен сизга шуни айтишим мумкинки..
Малла йигит ўзини тутолмай ҳиқилларди.
— Сув ичиб ол! — Гриньканинг жаҳли чиқди.
— Ҳозиргина сув ичувдим,фойдаси бўлмаяпти, — деди малла йигит ҳижолат чекиб.
— Демак, гап бундай… — давом этди Гринька сигаретасини тутатганча. — Нима ҳақда гаплашаётувдик сиз билан?
— Қаерда ўқигансиз?
— Мен ҳаяжонланиб кетяпман, — деди Гринька ( у фақат бешинчи синфни битирганлигини айтгиси келмасди). — Менга гапириш оғир.
— Мана бунга сираям ақлим бовар қилмайди! — хитоб қилди қиз. — Наҳотки ёниб турган машинани ҳайдаш бундан осонроқ бўлса?
— Биласизми… — Гринька яна тумтароқ гапира бошлади, кейин бирдан қизни ёнига имлади ва бошқалар эшитмайдиган оҳангда, ҳадди сиғиб сўради: — Нима гап ўзи, ахир? Сиз тағин буларни ёзиб юрманг. Мен нима, ростдан ҳам қаҳрамонлик кўрсатибманми? Мен қўрқяпман: ёзадиган сиз-у, кейин мен одамлар олдида уятга қоламан. “Ана, қаҳрамон кетяпти!” дейишади.
Қиз секин кулиб қўйди. Кейин, бир муддат Гринькага қизиқсиниб қараб қолди.
— Йўқ, ҳечқиси йўқ, мумкин.
Гринька дадилланди.
— Сиз турмуш қурганмисиз? — сўради у.
Қиз ўнғайсизланди.
— Йўқ…Буниси нимага энди?..
— Сизга ҳаммасини ёзиб баён қилсам майлими? Сиз эртага яна бир келинг, шунда ўзингизга бераман. Ёнимда биров ҳиқиллаб турса ҳеч нима қилолмайман.
— Мен нима, айбдорманми энди? — деди малла йигит ва яна ҳиқичоғи тутиб ҳиқ деб қўйди.
Гриньканинг таклифидан қизнинг боши қотди.
— Биласизми… мен бу материални шу бугун топширишим керак. Эртага эса жўнаб кетаман. Ҳайронман, нима қилсак экан. Сиз қисқача гапириб бера қолинг. Демак, ўзингиз Суртайкидансиз. Шундайми?
— Шундай. — Гринька ҳафсаласи пир бўлди.
— Сиз, илтимос, мендан хафа бўлманг, мен ҳам хизматдаман ахир.
— Мен тушунаман.
— Қаерда ўқигансиз?
— Мактабда.
— Қаерда, Суртайкидами?
— Худди шундай.
— Нечанчи синфни битиргансиз?
Гринька қизга жиддий тикилди.
— Бешинчи синфни, олтинчисига тиш ўтмаган. Уйланмаганман. Судлан¬маганман. Етарлими?
— Ота-онангиз…
— Онам бор.
— Нима иш қиладилар?
— Нафақада.
— Хизмат қилганмисиз?
— Қилганман. Танк қўшинларида.
— Ёниб турган машинага ўзингизни уришга сизни нима мажбур қилди?
— Тентаклик.
Қиз Гринькага тикилиб қолди.
— Албатта-да. Мен ахир портлаб кетишим мумкин эди, — изоҳ берди Гринька.
Қиз ўйланиб қолди.
— Майли, мен эртага олдингизга келаман, — деди қиз. — Фақат мен билолмадим… Эртага қабул куними?
— Қабул куни жума, — деди малла йигит.
— Ўзимиз йўлини топамиз! — Гринька дадил сўз қотди. — Дўхтиримиз яхши чол, сўрасам йўқ демайди. А, лаббай? Сени тоби қочиб қолибди десак бюллетен ҳам ёзиб бераверади.
— Келаман. — Қиз жилмайиб қўйди. — Албатта, келаман. Бирон нарса олиб келайми?
— Ҳеч нарса керак эмас. Бу ерда яхши боқишади, — гап қистирди малла йигит. — Мана, гавдамни кўринг, ҳатто менга ҳам етиб ортяпти.
— Мен биронта қизиқроқ китоб олиб келарман.
— Китоб бўлса – майли, айни муддао. Севги ҳақида бўлса яна соз.
— Яхши. Демак, ўзингизни машинага уришга сизни нима мажбур қилди ўзи?
Гринька изтироб билан ўйланиб қолди.
— Билмайман, — деди у. Қизга гуноҳкорона тикилди: — Ўзингиз бир нима деб ёзиб қўя қолинг, йўлини биласиз-ку. Биронта ҳалиги… — Гринька панжа¬ларини ёзиб айлантирди.
— Сиз, ҳойнаҳой, мабодо бочка портлаб кетгудай бўлса, ёнғин бошқа цистерналарга ҳам тарқаб кетишини ўйлаган бўлсангиз керак. Шундайми?
— Албатта!
Қиз ёзиб қўйди.
— Ахир сен эртага жўнаб кетмоқчи эдинг-ку. Қандоғ келасан? — тўсатдан сўраб қолди Гринька.
— Мен бир иложини қиларман.
Палатага дўхтир кириб келди.
— Яхши қиз, қанча вақтга рухсат олувдингиз?
— Бўлди, дўхтир, чиқяпман. Яна иккита савол… Исмингиз Григориймиди?
— Малюгин Григорий Степанович… — Гринька қизнинг қўлидан ушлаб, кўзларига тик боқди. — Келгин, хўпми?
— Келаман. — Қиз далда бергандек жилмайди. Дўхтирга бир қараб қўйгач, Гринькага энгашиб шипшиди: — Фақат дўхтирдан бюллетен сўрашнинг ҳожати йўқ. Хўпми?
— Хўп. — Гринька қизга меҳр билан қаради.
— Хайр. Тузалиб қолинг. Хайр, ўртоқлар!
Дўхтир Гриньканинг ёнига келди:
— Аҳволлар қалай, қаҳрамон?
— Ҳаммаси зўр!
— Қани, оёғингни кўрсат-чи?
— Дўхтир, эртага ҳалиги қиз кела қолсин, — илтимос қилди Гринька.
— Ким? — сўради дўхтир.— Мухбир қизми? Келса келаверсин. Нима, яхши кўриб қолдингми?
— Мен эмас, унинг ўзи.
Ҳазилкаш дўхтир яна қиқирлади:
— Ўҳў… Унақа бўлса майли, келаверсин. Анча шўх йигит кўринасан.
У Гриньканинг оёғини кўргач, бошқа палатага ўтиб кетди.
— Уни ҳали келади деб ўйлайсанми? — деб сўради малла йигит.
— Келади, — деди ишонч билан Гринька. — Орқамдан бундан ҳам зўрлари югурган.
— Биламан бунақа мухбирларни. Улар ишини битирволса бўлди. Ўтган йилги йиғим-теримда мен кўп ўрувдим, — гап бошлади малла йигит. — Ана шунда менинг олдимга ҳам мухбир юборишувди.Мен унга уч соат ўз ҳаётимни гапириб бердим. У бўлса менга яримта қуйиб беришгаям ярамади. “Мен умуман ичмайман, унақа-мунақа” дея ғингший бошлади.
Гринька шипга тикилиб ётар, малла йигитни эшитмас эди. Ниманидир ўйларди.Кейин деворга ўгирилиб, кўзларини юмди.
— Менга қара, оғайни! — чақирди малла йигит.
— Ухлаяпти, — деди “самолёт”ли киши. — Уйғотма, кераги йўқ. У чиндан ҳам бир иш кўрсатган.
— Чакана боламас, — мақтаб қўйди малла йигит. — Армияда шунақалар билан хизмат қилишнинг гашти бор.
Гринька узоқ вақт ҳар турли қаҳрамонликлар ҳақидаги гурунгни эшитиб ётиб, охири чинакамига ухлаб қолди.
У шундай бир туш кўрди.
Гўё у нотаниш бир уйда – ясанган, хром этик, духоба шим кийган, даврага чиқаркан, қўл кўтариб дермиш:
“Оҳангдор вальс”.
Гринька армияда хизмат қилиб юрганида уч йилгача оҳангдор вальсни ўрганмоқчи бўлиб уринган, барибир ўрганолмаган – қўлидан келмаган эди.
Мана энди, у гўё давра айланиб, айланганда ҳам қойилмақом қилиб ўйнайдики, ўзининг ҳам юраги ҳаприқиб кетади. У мухбир қизнинг ўзига тикилиб турганиниям сезиб туради.Гринька қизни кўрмас,унинг одамлар орасида ўзига қараб турганини билар, ҳис қилар эди. Кимдир исмини айтиб чақирганида уйғониб кетади.
— Гриньк…
Гринька кўзларини очди – онаси каравотда ўтириб, кичкина рўмолининг учи билан кўз ёшларини артарди.
— Бу ерга қандоғ кепқолдингиз? — Гринька ҳайрон бўлди.
— Менга… қишлоқ советида айтишди.Нима фалокат бўлди, ўғлим?
— Ҳечқиси йўқ, йиғламанг. Тузалиб кетади.
— Сен тентак ҳар доим ўзингни ўтга-чўққа уриб юрасан. Биронтаси ўрнидан силжимаганди-ру…
— Ана, холос — секин гапни бўлди Гринька. — Бошланди тағин.
Она ерда ётган халтачага қўл чўзди.
— Сенга ул-бул олиб келувдим… Лоақал энди тузукроқ овқатлангин. Э худо, бу не кўргулик! Ҳар қадамда бир ишкал. — Кейин она бошқа касалларга қаради, ўғлига энгашиб, секингина сўради: — Пул-мул беришмадими?
Гриньканинг пешонаси тиришди, у ҳам шерикларига бир қараб олгач, секин деди:
— Бу нима деганингиз? Эсингиз жойидами ўзи?..
— Ётишингни бил… эси бор одам! — ранжиди она. Яна халтасини ковлаштириб, егуликларни ола бошлади. — Уйимиз нурай деб турган бўлса…
Эртаси куни Гринькага у ҳақда ихчам бир мақола босилган газетани келтиришди. Унда Гринька ҳаётини хавф остида қолдириб давлат мулкини сақлаб қолгани ҳикоя қилинганди. Мақолага “Жасорат” деб сарлавҳа қўйилганди. Муаллифи: “А.Сильченко”. Гринька газетани ўқиб чиқиб, ёстиғининг остига яшириб қўйди.
— Гап бунда эмас, ахир, — дея ғудранди у.
Сильченкодан эса дом-дарак бўлмади. Гринька уни икки кун кутди, сўнг келишига кўзи етмай қолди.
— Олифталарни жиним суймайди, — деди Гринька малла йигитга.
Малла бўлса ўлганнинг устига тепган қилди:
— Уларни кўргани кўзим йўқ.
Гринька қутисидан бир варақ қоғоз олиб, шеригидан сўради:
— Шеърни яхши кўрасанми?
— Йўқ, — тан олди у.
— Яхши кўриш керак, — маслаҳат берди Гринька. — Мана эшит:

Орзу қилганмидим ҳаётда сира
Шеър ёзмоғу шоир бўлмоқни,
Йигирма беш йил илҳом қидирдим,
Мана энди мисралар битдим.

Малла йигит хўмрайиб тинглади.
— Хўш, қалай? — сўради Гринька.
— Дуруст, — мақтаб қўйди у. — Бу кимга тегишли?
Гринка бу гапга индамади. Қоғозни қути устига қўйиб, қаламни олди ва шипга тикилиб қолди.
— Достон ёзаман, — деди у. — Ўз ҳаётим ҳақида. Барибир, бошқа қиладиган иш йўқ.

Рус тилидан Шодмон Отабек таржимаси.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2005 йил, 12-сон


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!