Василий Шукшин. Қуёш, чол ва қиз (ҳикоя)

Чол қимирламайди. Офтобдан қорайиб, этлари тиришган қўллар тизза устида бемажол. Юзи ҳам бужмайган, намланган кўзлари нурсиз. Ингичка бўйни устидаги кичкина оппоқ калла қимирламайди. Кўк чит кўйлак остидан елка суяклари бўртиб турибди.
Бу ҳол ҳар куни такрорланади. Шундай кунлардан бирида чол орқа томондан овоз эшитиб қолди: – Салом, буважон!
Чол бош ирғади.
Унинг ёнига ясси чамадонча кўтарган қиз ўтирди.
— Дам оляпсизми?
– Дам оляпман, – бош ирғади чол, қиз томонга қайрилиб ҳам қўймай.
— Мен сизни чизсам майлими? – сўради қиз.
– Қанақасига?
– Расмингизни чизсам? Чол қуёшга термулганича бир мунча муддат жим қолди, киприксиз қизғиш қовоқлари учиб қўярди. Сўнг: – Чизадиган жойим қолибдими менинг? – деди.
– Нега энди? – Қиз бироз ўнғайсизланди. – Кўринишингиз бир чиройли, буважон.
– Ўлай деб турган бўлсам…
Қиз чолга анча тикилиб турди. Кейин юмшоқ бармоқлари билан чолнинг қуруқшаган жигарранг қўлини аста силаб деди:
– Йўқ, сиз жуда ҳам чиройлисиз, буважон. Рост!
Чол бемажол жилмайди.
– Унақа бўлса, чизсанг чизавер.
Қиз чамадонини очди.
Чол кафтини оғзига қилиб йўталиб олди.
– Шаҳарлик бўлсанг керак-а?
– Ҳа, шаҳарликман.
– Бу ишингга ҳақ тўлашса керак?
– Яхши чиқса, тўлашади.
– Ҳаракат қилиш керак.
– Ҳаракат қиляпман.
Жим қолишди.
Қиз чолнинг юзига тикила-тикила чизяпти.
– Буважон, сиз шу ерликмисиз?
– Шу ерлик.
– Шу ерда туғилгансизми?
– Шу ерда, шу ерда.
– Неча ёшга бордингиз?
– Саксонга.
– Оҳ-ҳо!
– Ҳа, етишиб қолдим, – яна беҳол илжайди чол. – Сен нечага кирдинг?
– Йигирма бешга.
Яна жим қолишди.
– Қуёш қандай-а?! – секин хитоб қилди чол.
– Қандай? – тушунмади қиз.
– Каттако-он.
– Ҳа-а, бу ерда манзара жуда чиройли экан.
– Сувга қара, қарагин… Нариги қирғоққа қара…
– Ҳа, ҳа.
– Худди қон қўшилгандай.
Дарҳақиқат, шундай. Қиз нариги қирғоққа назар ташлади.
– Ажойиб!
Қуёш Олтой чўққиларини ёритиб, аста-секин узоқ кўкимтир оламга ботиб борарди. У чўккан сари, тоғ қоялари яққолроқ кўринади. Улар гўёки олдинга сурилиб келаётгандек эди. Дарё билан тоғ оралиғидаги водийнинг қора-қизғиш туси сўниб бормоқда. Тоғ томондан юмшоқ соя тушиб келмоқда. Қуёш Бобурхон тизмасининг ортига яширинган заҳотиёқ, ўша томондан кўкимтир осмонга ёрқин аланга нурлари таралди. Кўп давом этмади – аланга ҳам сўнди. Худди шу онда ўша томонларда тонг нурлари чарақлаган.
– Кетди қуёш, – хўрсинди чол.
Қиз қоғозларини чамадончасига жойлади.
Бир мунча вақт жим ўтиришди – майда тўлқинларнинг қирғоқ бўйлаб таралаётган шилдирашини тинглаб.
Водий узра парча-парча туман суза бошлади.
Яқиндаги ўрмон томонда қандайдир тунги қуш аста қийқирди. Унга жавобан дарёнинг нариги томонидан ҳам қушлар овози эшитилди.
– Яхши, – деб қўйди чол босиқ овоз билан.
Шу дамда қиз тез кунларда қадрдон шаҳрига қайтиб кетишини ва ўзи билан бир талай расмларни олиб боришини ўйлаб кетди. Шу жумладан, мана шу буванинг расми ҳам бўлади. Уни кутиб олажак дўсти, иқтидорли, ҳақиқий рассом яна койийди: «Яна шу бужмайган башаралар. Кимга керак? Сибирликлар… Совуқ иқлим ва оғир меҳнатдан ҳаммаси шунақалигини барча билади-ку!»
Қиз ўзининг иқтидор бобида мақтанадиган жойи йўқлигини яхши билади. Лекин у рўпарасида мункайиб ўтирган чолнинг машаққатли ўтмишини кўз олдига келтира олади. Унинг қўллари шундай дарак эмасми?.. Ажинлар ҳам!
«Ишлаш керак! Ишлаш, ишлаш…»
– Бу ерга эртага ҳам келасизми, бува? – сўради қиз.
– Келаман.
Қиз ўрнидан қўзғалиб, қишлоқ томон йўл олди.
Чол эса яна бироз соҳилда ўтирди. Сўнг у ҳам кетди.
Уйга келиб, одатдагидек ўзи ўрганиб қолган бурчакка, печ ёнига ўтирди ва жимгина кута бошлади – қачон ўғли ишдан қайтиб келишини ва кечки овқатга ўтиришларини.
Ўғил доимо чарчаб келар ва ғам-шикоятдан бошқа гапи йўқ эди. Келин ҳам ўшқириб, тақир-туқир қилгани қилган. Набиралар вояга етиб, шаҳарга кетиб қолишган. Уларсиз уй – ғурбатхона.
Кечки овқат. Сутга бўлка тўғраб, чолнинг олдига қўйишади. Стол четида ўтирганча, қошиқни тарақлатмаслик учун эҳтиётлик билан овқат ича бошлайди чол. Ҳамма жим. Сўнг уйқуга ётишади. Гаплашгани гап йўқ. Ҳамма гап аллақачон гапириб бўлинган.
Чол печ устига чиқади. Ўғил билан келин эса ичкари хонага кириб кетишади.

* * *

Эртаси куни кечда чол билан қиз яна тўнка ёнида ўтиришарди. Қиз ошиқиш билан чизар, чол эса қуёшга тикилганича, ҳикоя қиларди.
– Яхши яшардик, ношукрлик қилмайман. Мен дурадгорлик қилардим, иш доимо етарли. Ўғилларим ҳам дурадгорлик қилишарди. Тўрттасини уруш еди. Иккитаси қолди. Ҳозир биттаси билан тураман. Степан билан. Ваня эса шаҳарда, Бийскда яшайди, янги қурилишда прораб. Ёзишича, тузук яшаётган эмиш. Меҳмонга келиб кетишди. Набиралар бир талай. Ҳаммаси мени яхши кўришади. Лекин, барчаси у шаҳар, бу шаҳарда…
Қиз чолнинг қўлларини чизмоқда, шошилиб-шошилиб. Асабийлашади, ўчириб, қайта-қайта чизади.
– Қийинчиликда яшаган бўлсанглар керак? – ўйланиб сўради у.
– Нима? Қийинчилик? – чол ҳайрон бўлади. – Айтдим-ку сенга, яхши яшаганмиз, деб.
– Ўғилларингизни йўқотганингизга ачинасизми?
– Ачиниш гап эканми?! – яна ҳайрон бўлади чол. – Тўртта азаматни бериб қўйиш – ҳазилмас-ку!
Шунча йўқотишга қарамай, чол ўзини хотиржам тутишига қиз ҳам ҳайрон.
Қуёш яна тоғлар ортига чўкмоқда. Яна жимгина аланга таралмоқда уфқда.
– Ёмғир ёғади эртага, – деб қўйди чол.
Қиз ёруғ осмонга боқиб:
– Қаердан билдингиз?
– Ҳамма аъзоларим зирқираб оғрияпти.
– Кўкда булут йўқ-ку?
Чол индамади.
– Эртага ҳам келасизми, бува?
– Билмадим, – ўйланиброқ жавоб қилди чол. – Ҳамма еримда оғриқ.
– Бува, мана бу тошнинг сизларда номи нима? – Қиз камзулининг чўнтагидан тилласимон ярақлаб турган оқ тош чиқарди.
– Қанақа тош? – сўради чол, ҳамон тоғ томон тикилганича.
Қиз унга тошни узатди. Чол қайрилиб ҳам қарамай қўл чўзди.
– Буми? – чол қараб-қарамасданоқ кўриб, қақшаган бармоқларида тошни айлантираркан. – Чақмоқ тош. Уруш йиллари гугурт йўқ эди, нуқул шунда олов чиқарардик.
Қизнинг миясига ялт этиб: «Кўрмайди шекилли?» деган гумон келди. У нима дейишини билмай чолга ён томондан боқиб туриб қолди. Чол эса ҳамон қуёш ботган томон термуларди. Ўйчанлик билан тикиларди…
– Ма, тошингни олиб қўй, – қизга қайтарди чол. – Бундан ҳам чиройлилари учрайди. Баъзан оппоқлари, тиниқ ранглилари учрайди, шундай тиниқки, ичидаги доғлари ҳам кўриниб туради. Яна, тухумсимонлари ҳам бўлади, ҳакканинг тухумига ўхшаш, ёнлари хол-хол. Майнаникига ўхшаганлари ҳам учраб қолади, кўм-кўк, улар ҳам сепкиллик.
Қиз ҳамон чолга тикилганча турарди. Сўрагани журъат қилмади: кўзлари ожизми ё…
– Буважон, қаерда яшайсиз?
– Унча узоқмас. Манави Иван Колоколниковники, – дарё қирғоғидаги уйни кўрсатди чол. – Орқасида Волокитинларники, кейин Зиновбевларники, ана ундан кейин, муюлишдан кейин бизники. Бирор зарурат бўлса – киравер, бемалол… Набиралар олдимиздалигида қандай гавжум эди-я…
– Раҳмат.
– Мен кетдим энди, ҳамма ёғим зирқираб кетяпти.
Чол ўрнидан туриб, сўқмоқ бўйлаб кетди.
Қиз унинг ортидан, тор кўчага бурилиб кетмагунча қараб турди. Чол бирор марта ҳам қоқилмай, бир текис борарди. У шошилмай, оёқ остига қараб қадам босарди.
«Йўқ, ожиз эмас, – тушунди қиз. – Сал-пал хиралашган бўлса керак кўзи».
Эртаси куни чол соҳилда кўринмади. Қиз ёлғиз, чол ҳақида ўйларди: «Унинг ҳаёти оддий, айни пайтда содда кечмаган. Бир ажиб нарса бўлса керак, қандайдир идрок этиб бўлмайдиган. Қуёш ҳам оддий кўринади, эрталаб чиқади, оқшом ботади. Аммо бу оддийлик ортида…» У чизмаларини кўздан кечира бошлади. Юрагида ғашлик сезди.
Чол кейинги, иккинчи, учинчи кунлар ҳам кўринмади. Қиз унинг уйини қидириб кетди. Топди. Каттагина уйнинг ҳовлисида, бостирма салқинида эллик ёшлар чамасидаги бир эркак тахта рандаларди.
– Салом, – сўрашди қиз.
Одам белини тиклаб, қизга тикилиб, бошмалдоғи билан пешона терини артаркан, бош ирғади:
– Саломат бўл.
– Ҳалиги… Бир бува бор эди, шу ерда туради шекилли…
Эркак қизга ғалати қилиб разм солгач:
– Ҳа, шу ерда яшарди, – деб ишини давом эттирди. Бироздан сўнг қўшимча қилди: – Мана, унга уй ясаяпман.
– Нима, вафот қилдими?
– Ўлди. – Одам рандасини бир-икки юргизиб, яна тикланди. – Бирор ишинг бормиди?
– Мен… Мен унинг расмини чизгандим.
– Ҳа-а, шунақами, – ишини давом эттирди эркак.
Анча сукутдан сўнг қиз сўради.
– У кўрмиди?
– Кўр эди.
– Анча бўлганмиди?
– Ўн йилча. Нимайди?
– Шундай… ўзим.
Қиз ташқарига юрди. Кўчага чиқиб, беихтиёр четан деворга суяниб йиғлаб юборди…

Русчадан Ўткир Ҳошимов таржимаси