Василий Шукшин. Ойдиндаги суҳбатлар (ҳикоя)

Маря Селезнева болалар боғчасида ишларди, лекин ундан аллақандай бир хас-талик тарқатувчи таёқчалар топишди-да, ўзингизга бошқа иш топинг, қайта ихтисос-лашинг, дейишди
– Қаердан иш топаман? – аччиғланди Марья. – Пенсияга бор-йўғи бир ярим йил қолган бўлса. «Бошқа иш топ», дейиш осон – оғизнинг бир четидан чиқиб кетади. Нима мен сизларга тўнғизманми… у ёнимдан бу ёнимга ағдарилгани? – у «қайта ихтисос-лашинг»ни « у ёнингизга қайта ағдарилинг» тарзидаги ҳазил дея тушунди.
Марянинг устидан бир кулишди-бир кулишди… Ва кейин қишлоқ магазини – «сел-маг»га қоровуллик қилишни таклиф этишди Маря ўйлаб кўргач, бунга кўнди.
Ана шундай қилиб у селмагни қўриқлай бошлади.
Баев деган бир чол тунлари унинг олдига келишга ўрганди. Баев умрини идоралар-да ғимирсиш билан ўтказди – бир қарасанг қишлоқ жамоатида, ундан кейин тери тайёр-лаш идорасида, яна бир кўрсанг, колхоз бошқарувида – қаерда бўлмасин, чўт соққа-ларини шиқиллатарди, бутун ҳаёти давомида унинг у ён-бу ён сурган соққалари жамлан-са, катта бир уйдан ҳам баландроқ бўлар. У кўзга ташланмайдиган бир одамгина эди, ҳеч қачон сафнинг олдига чиқмаган, бирон-бир марта бўлсин, одамлар оғзига тушадиган аҳ-моқлик қилмаган, лекин бир умр бирон ақл талаб этиладиган фойдали ишни ҳам эплама-ган.
Шундай қилиб на катта-ю на кичик қадам ташлаб, олтмиш уч ёшгача етиб келди, ана шундай одам эди у. Икки қиз, бир ўғил ўстирди, тузуккина уй қуриб олди… Бориб-бориб, бундай қарашса – бу Баев деганлари ақлли экан! Қаранглар-а, шунча ёшга етиб бир мар-тагина «оҳ» чекмабди, ҳамма нарсага эришибди, бари жойида ва яхши. Баев аслида кал-ласи тупа-тузук ишлайдиган эркаклигига ўзи ҳам ишониб қолди ва турли суҳбатларда ўзининг ақлли эканлигига ишора қила бошлади. Лекин у хоҳ ақлли эркаклар бўлсин, хоҳ ақлли аёллар бўлсин, эсини танигандан буён уларни ёқтирмасди, ҳеч қачон улар билан баҳслашмасди, бу одамларнинг ўзидан ҳар тарафлама устунлигини хотиржамгина тан оларди. Лекин мана энди унинг юраги ғалати тепа бошлади – бундан бирон хавф кўрмай қолди ва юрак тепиши кеч бўлса-да, уни бир фикрга бошлади – у ноёб бир ақл эгаси.
Кейинги пайтларда Баевга уйқусизлик азоб берарди, шунданми, у магазин қоро-вули Марянинг олдига суҳбатлашиш учун боришга одатланди.
Маря тунда сартарошхонада ўтирарди. Яъни Маря тунда кундузи соч-соқол Оли-надиган уйчада ўтирарди, чунки унинг ойналаридан селмаг кафтдагидай кўринарди.
Сартарошхона жойлашган уйчада ўткир атир ҳиди анқир, хона иссиқ ва қандайдир бир ўта қулай эди. Яна қўрқинчли эмасди. Селмаг ва уйча орасидаги майдон бошдан-оёқ ёп-ёруғ, тунлари эса ойдин эди. Ажиб бир гўзал тунлар эди – ой кўкдан арғамчида тортиб туширилгандайин – у ана шундай яқин ва катта эди. Кундузи қор эрир, тунга бориб эса, тош қотарди. Муз атрофга ёйилган мовий нурда ғоятда чиройли ялтилларди.
Уйчада чироқни ёқишмасди, фақатгина девор ва шифтда печкадан ёнаётган ўтдан таралаётган нур доғлари ўйинга тушарди. Ва бу тез оқаётган ёруғ чеҳралар бир-бирига қоришиб кетар, ажралар, тебранар ва шивирлашарди.
Ана шу тарзда бу ажойиб тебранаётган каштали дунёчада ўтириш ҳам, суҳбат-лашиш ҳам мароқли эди. Деразадан ташқарида катта бир ҳаёт кечаётганини ва унинг қўй-нида ўзинг ҳам борлигини ҳис этаётгандай бўлардинг. Ва эртага яна бир кун бошланади, сен унда ҳам борсан ва балки бирон-бир яхши воқеа содир бўлади. Агар ақлли яшасанг, яхшиликка ишонишинг мумкин.
– Одамларчи, улар фақат бугунги кунни ўйлаб яшашади, Баев мулоҳаза юритарди. –Ҳаётда эса ҳеч бир нарсани назардан қочирмаслик керак. Қатъий режа!.. – Баев қиёфасига маъноли тус берди, бунда унинг юқори лаби қаергадир, бурни томонга қараб тортилди, кўзи эса қисилди – гўёки ҳозир у «ним-ма» дейдигандай туюлди. – Режа! Қайси бир ақл-ли хўжайин олдиндан нимаси борлигини ва қанча туришини билмасдан уй бузишга туша-ди. Ҳисоб-китоб ишида буни режа дейдилар. Бирда яшаб турган кулбамизни бузишга шайландим – кўнгил кенгроқ, каттароқ уйда яшашни тусаб қолди, лекин бундай каллани ишлатсам, ярмига кучим етадими-йўқми? Ўттиз ёшинггача оловдай яшайсан, ундан кейин – даминг чиқиб қолибди.
Маря қувватлаб бош чайқади.
Чиндан ҳам Баев ақллига ўхшайди, идораларда ўтириб кучини беҳуда сарфлама-ган, уни бир умр учун сақлаган – ана шундан у ҳозирда тўқ, тиқмачоқдек, яна камида йигирма беш йиллик умрни мўлжаллаб турибди.
– Абжирлар ҳам кўп-да ! Мен бирда беморхонада ётгандим … мени у ерга Неверов олиб борганди, уруш пайтида ижроқўмга раис эди, эсладингми?
– Йўқ. Унақалардан нечтаси …
– Неверов, Василий Илич. Ўшанда сут етказиб беришни эплашолмаганми – у нима қилишини билмай қолган, тириклай гўрга кўмишса ҳам майли эди. Мен бир марта унинг кабинетига кирдим ва дедим: “Василий Илич, сут етказиб бериш топшириғини бажариш-ни ўргатишимни истайсизми?” – “Қани”, – деди у . ” Бизда-чи колхозчилар ҳаммасини топширишдими?” – ” Ҳаммасини топширишгандайин , – деди у. – Нимайди?” Мен сўзим-да давом этдим: “Сиз текшириб кўринг, ҳа, текшириб кўрингчи, ҳаммасини топширишган-микан?”
– Эҳ, ўшанда қанча сут элтиб топширардик ! – эслади Маря. – Ҳе, шундай сигирни соғишинг биланоқ топширган пайтларимиз бўлган. Болаларга бир пиёладан берардинг, қолганини сут олиб кетувчилар идишига қуярдинг. Ҳалиги режа деганлари ҳам қандай эди-я… қип-қизил аҳмоқона!
– Сен гапларимни эшит! – Баев олис йиллардаги кашфиётини эсларкан жонланиб кетди. – ” Ҳаммасини топширишганми? Ё йўқми?” У бир қизни чақирди: ” Маълумотни, – деди , – олиб кел”. Кўриб чиқдик: деярли ҳаммасини топширишган, гапиришга арзимагани қолган .” Мана, – деди, – деярли ҳаммаси”. – ” Энди бундай қиламиз, – бу гапни мен унга айтдим, – келинг, мулоҳаза юритамиз: давлат топшириғига мана шунча етмайди, ҳозир қанчалигини эслолмайман, шундайми? Колхозчилар ўзларида деярли борини топши-ришган … Сутни қаердан оламиз?” У менга: “Сен, – деди, – менинг миямни… эшит-ганинг, бўладиган гапни гапир!” У оламда йўқ сўконғич эди. Мен қўлимга чўт олдим : келинг, бир ҳисоблайлик. Айтайлик, сен сут йиғадиганларга беш юз литр топширишинг керак. – Баев хаёлидаги чўтда хаёлидаги беш донани сурди, Маряга тоқат билан ва муло-йим боқди. – Шундайми? Бу сенинг сигиринг сутида ёғ шунча-шунча бўлиши ҳисобидан. – Баев хаёлидаги яна бир неча соққани олдингиларидан баландроқда сурди. – Лекин сигирингни сутидаги ёғ беш юз литрга етадиган даражада эмаслиги, ундан пастлиги аниқ бўлди. Тушуняпсанми? Унда сен беш юз литр эмас, айтайлик, беш юз етмиш беш литр олиб боришинг зарур. Тушундингми?
Маря ҳозирча тушуниб етмади.
– Ўшанда у ҳам тушунмади : менга қараб кўзларини пирпиратди : тушунмаяпман, нима демоқчисан. Ҳаммадан, дедим, бир фоиздан ёғлиликни олиб ташланг – ана сизга – қўшимча сут. Сиз бу сутни колхозчилардан олинаётган давлат топшириғидек кўрсатасиз. Сут бўлса бўлгани, уни қоғозда истаганингча ўзгартириш мумкин. Эҳ, у ўшанда хурсанд-лигидан ўтиргани жой тополмай қолди. Оғзингга сиққанини сўра, дейди. Биласанми, нима дедим: мени шаҳар беморхонасига ётқизишга олиб бор. Олиб борди.
Маря давлат топшириғини бажаришдаги қийин аҳволдан қандай чиқа олишган-ларини ҳалигача ҳеч ақлига сиғдира олмасди.
– Ё Худо-я! – ҳаяжонланди Баев. – Мана сен беш юз литрингни олиб бординг, кейин сенга гражданка Селезнева ҳали яна етмиш беш литр гарданингда турибди, дейиша-ди. Сен албатта, нега экан, дейсан. Менга ўхшаган қўлида чўт, қандайдир биттаси келинг бирга ҳисоблаймиз, дейди… Ёғга келганда хатога йўл қўйилибди-да. Ходим қарамаган-да… Мен бўлсам – беморхонадаман. Ҳозирдаям у ерга қишлоқдан борганларни яқин йўлатишмайди. Мен эсам қандай бир пайтда беморхонада ётдим.
– Нега энди?.. Оғриб қолдингми, нийма?
– Сенга нима десамикан… Йўқ. Менда бир қусур бориди: ўшандаям кўзим… деяр-ли кўр эдим. Анна шунинг учун урушга олишмаган. Лекин мен беморхонага бунинг учун эмас… қандай ифодаласам экан… Шаҳар беморхонасида ётишни кўнглим тусаб қолди. Эсимдан чиққан эмас, унда ёш йигит эдим, лекин бир нарсани ўйлаганим-ўйлаган эдим: шаҳар беморхонасига қандай қилиб ётсам экан? Ана шунда ўша воқеа қўл келиб қолди. Ҳа. Беморхонага бордим, демак, менга койка ажратилган, ҳамма нарса ёғ тушса, ялагудек, чойшаблар, койка олдида жавонча … Палатада тағғин бешта жўрттага инқиллаган ётибди, ҳар қайси ҳар хил сабаб билан, биттасининг қўли майиб, бошқасининг боши ўраб ташлан-ган, битта тракторчини курагининг ярми куйиб кетган, бензин ёнган ерга ўзини урибди-чи. Анна шуннақа. Ҳа, майли, деб ўйлайман, менинг орзум амалга ошади.
– Ҳан нимма, ҳеч бир сабабсиз ётишми, бўлгани шуми? – Марянинг ақли етмасди.
– Бўлгани. Қани, бу ерда менга қандай қарашаркин, дея ўйлайман. Бошқача қарашади дея эшитганим бор-да. Ҳеч қандай бир махсус қарашни кўрмадим – фақат “Нимадан безовтасиз? Қаерингиз оғрияпти?” деб сўрашгани-сўрашган. Юрагим оғрияпти, кел, қўлингдан келса, унга даво топгин, дейман. Ҳамма еримни муштлаб чиқишди, қулоқ тутишди, бирон-бир натижа йўқ.. Э, беморхона ҳақида гапириб нима, одамларга келай-лик… Демак, мен палатага кирганимда ўша моллар ётишганди… Мен уларга яхшиликча
«Хўш, салом, йигитлар!» дедим. Ва йўл чарчоғи енгиб, бирпасгина мизғимоқчи бўлдим: йўл узоқ эди-да, арава чайқаб ташлаганди. Бирпасгина мизғиб олай, дедим.
Кўзим илинибди, демак, у қўтир эчкилар менга нима дейишди де: “Анализ олиш зарур”. – “Қанақа анализ ?” – ” Нажас, – дейишди, – тўққиз юз грамм ва яна ҳалиги кўпик-ланган тер”. Мен таажжубга тушдим, албатта, лекин …
Ана шунда Марянинг ич-ичидан кулги отилиб чиқди, қўзларидан ёш тирқираб отилганча кулди. Баев ҳам аввалига «ҳм-ҳм»лаб турди, лекин кейин Марянинг кулгидан тўхтатишини кутиб қиёфаси жиддийлашди.
– Ҳа, нима бўлди кейин? – Маря кўзини жун рўмоли учи билан артганча сўради . –
Айтганларини тўплаб бердингми?
– Аввалига улар терларини тўплашга, ҳа, артишга тушишди, – Баев давом этди, у ҳикояси масхарага айланганидан норози эди, у сабоқ чикарадиган хулоса топишга интил-ди. – Устимга тўшаклар ёпишди, устидан иккита кўрпа ташлашди, кўпикни бўлса қўл-тиғим остидан сиқиб чиқаришга уринишди, нимаймиш, тер томчилармиш. Қарагин, одам-ларнинг калласини нима эгаллаган: касалликка соляпти, дейишади-да! Қарагин, ўйлаб кўрсалар бўлмасмиди – даҳшатли уруш кетаётган бўлса, уларни, механизаторлар каби ҳозирча бронда тутиб туришибди: бундай пайтда сўлиб-сарғайганликка олгин-да бу дунё-да йўкдайин оғзингга толқон сол. Йўқ, улар қаёқдаги жин ургур гапларни ўйлаб топиша-ди. У ётганича ўйлайди, ҳаёти олдинда, уни қандай қилиб бўлсада режалаштириш, изми-да бор нарсани ҳисоблаши керак, айтишларича?.. Сен нима! У тиш қайрайди ва ўйланиб ўтиргандан кўра ётганча қотиб-қотиб кулган маъқул дейди.
Маря тўққиз юз грамм ҳақида эслаб қолди ва яна хохолади. У Баевнинг ҳозирги-дайин жиддий гапларидан сўнг кулиш яхши эмаслигини тушунарди, лекин барибир ўзини кулгидан тўхтата олмасди.
– Шуннаққа, қандай қип … ановини ?.. Йиғиб беролдингми? – аёл яна кўзларини артди. – Нима қилайин, ўзимга кучим етмаяпти, Николай Ферапонтич, сен мени кечир, лекин роса кулгили-да, Тўққиз юз граммни йиғиб бердингми-йўқми?
– Нима-нима, биз шунақамизда – ўзимизга кучимиз етмайди-да, – Баев ранжиди, – Энтак-тентак яшаймиз – ўзимизга кучимиз етмайди, ичамиз- саёқ юрамиз – ўзимизга кучи-миз етмайди, фосиқ ишларга қўл урамиз – яна ўзимизга кучимиз етмайди. Ана менинг куёвим, ишни ажралишгача олиб борди, ярамас сўйлоқ, ўзига кучи етмайди. Айғирлар. Разиллар. – Баев жаҳли чиққанидан қизариб-бўзарди. – Бир катта михни олсанг-да, улар-нинг клубига борсанг, ҳаммасини қаторлаштириб мих билан тешсанг. Қаҳ-қаҳлашни ўр-ганишибди-да? Оёқлари тупроқ сочишни ўрганишибди-да?.. Ана энди бошингни эггин, мен сенга яшашни ўргатаман! Сассиқ такалар.
Ўртага сукунут чўкди. Маря оғир уҳ тортди: унда-да қизи бор, унинг оилавий ҳаёти ҳам бўлмаган.
– Сен уларга қандай ёрдам берасан ? – деди аёл – . Майли, кўнглинг таскин топсин, лекин айтгин, қандай ёрдам берасан?
– Ҳеч қандай, – Баевнинг бақиришига сал қолди. – Масалаларини ўзлари ҳал қилиб олишсин.
Улар яна жим қолишди.
Баев ҳидланадиган тамаки солинган шишача олди, бурун катакларига тортди – биринчисига, иккинчисига, – хиралашган кичкина кўзларини пирпиратди ва рўмолчага маза қилиб акса урди.
– Кўзингга фойдаси борми ўзи? – Маря тамаки ҳалқачаларига ишора этиб сўради.
– Агар бу бўлмаганда аллақачон кўр бўлиб қолардим. Фақат шу тамаки ушлаб турибди-да.
– Кўзинг қачон хиралашиб қолди, қаерда? Уруғларингда ҳамманинг кўзи ўткир эди-ку.
– Ўткир… – Баев нафасини ичига ютди. – Ҳаммасининг кўзи ўткир, лекин ҳаммаси ҳам ақлли эмас. – Баев шишачани чўнтагига яширди, ўйланганча жим қолди. – Марҳум отам мени нима қилганини на қалам билан ёзиб бўлади, на…нима дейдилар?.. Менинг мактабга бормаслигим учун у ўйлаб топган ишларни ақлингга сиғдира олмайсан. Мен эса ўлгидай ўқишни истардим. Ўшшанда диний мактаб эди… Руҳоний отахон отамнинг ол-дига келиб, қобилиятли бола, мактабга борсин, деди. Кейин! Менинг отамга фақат… Ёмонликни эслаш гуноҳ, лекин … тағин… Мен қанчалик илтимос қилмадим, оёғининг тагига ётиб олдим, нола қилиб, кўз ёш тўкдим – мактабга боришга ижозат беринг! У Пий-мани токчага отади ва тамом. Печ ёнида ўтир, оёғингни иссиқ қилгин – отамнинг топган гапи шу. Эҳ-ҳ!.. – Баев аччиғланганча яна жим қолди. – Шунаққа, ҳамма уйқуга кетгач, қорачироқни ёқаманда, печ бурчагига тиқиламан ва ўқийвераман-ўқийвераман. Тун бўйи ўқиб чиқаман – ана шунда кўзимдан нур қочган-да.
– Шунаққа қилиб, нега отанг сени бундай?..
– Буни ўзидан сўрагин! Ўқиш эркакларнинг иши эмасмиш.Ўжар, саводсиз одам эди. Бир умр мен унинг қилгуликларини юрагимда сақлаб келдим.. Эсимда турибди, ўла-ётганда: “Кечир, Колка, ўқишингга тўсқинлик қилдим …”, деди. Бундай пайтларда нима дейиш кераклигини яхши биламан, лекин тил айланмайди. “Майли, – дейман, – ўтганни қайтариб бўлармиди.” Ана шундай юрагим тош қотди! Чунки унинг тили аччиқ эди! Менинг каллам эса жойида эди! Баъзан, шеърни икки марта ўқисам, ҳеч бир тутилмасдан ёддан шариллатавердим.
– Кўрдингми, агар «кечир» деган бўлса, кейин тушуниб етибди-да.
– Ҳа, кейин- кейин-да … Менинг олдимга келишади-да, ” Худо ҳаққи, ариза ёзиб бергин», дейишади ё бошқа бир нарсани илтимос қилишади, қуп-қуруққа эмас, битта товуқми ё ўнта тухумми, баъзан юнг… икки фунтча олиб келишади… Мен ўтираманда, ёзишга тушаман, илтимоснома ёзиш мен учун тупургандек бир гап: бир жойида қаттиқ оламан, бошқа ерида бўёқни қуюқлаштираман, зарур бўлса, ўзингни уволгина кўрсатасан, ё бўлмаса, юқори ташкилотлар ҳақида гап қистириб ўтасан… Буни катта бир илм дейди-лар. Ёзиб бўлиб, илтимосчининг қўлига тутқазасан: “Ма, оёғингни қўлингга олиб, йўлга туш”. Бу инсон оғзи қулоғига етиб кетяпти. Бир соатми-ярим соатдами товуқлик бўлиб олганингни ҳам сезмайди. Отам эса буни кўриб туради, бурнини тортади – албатта ўзи-нинг айбини билади-да. Ҳа, сени-я, ўйлайман, ўқигани қўйганингдами, мен ҳозир… Майли. Унда товуқнинг ўзи нари турсин, ҳиди бормиди! Ахир, мен ҳаммасига ўзим ўқиб-ўрганиб эришдим – аввал ҳисобчи, сўнг бухгалтер бўлдим. Ҳозирги дангасаларни ўқит-гандек мени ўн йил ўқитганларида, мен нималар қилмаган … билмадим. Эҳ-ҳ! Майли. – Баевга чиндан ҳам алам қилаётганди, ҳатто кўзлари ёшланди, у букилган кўрсаткич бар-моғи билан артиб олди. – Ҳозир нимасини айтасан. Албатта, алам қилади… Мана энди ҳаммаси ўтди-кетди – бу қўлларимдан қанча иш ўтганини бир тасаввур қилиб кўргин! Ахир мени бошқа туманларга ревизор қилиб жўнатишди! Боряпман, хаёлимдан кетмайди: катталар менинг бизда биттаси ҳазиллашгандайин – черков диний мактаби – ЧДБ да бор-йўғи бир ярим синф ўқиганимни билишгандами. Бор-йўғи бир ярим қиш борди-келди қилдим, сизлар бўлсангиз, бошқаларни тафтиш қилишга жўнатяпсиз! Индамадим-қўй-дим…
– Худо сенга ўқиш учун бир интилиш бахш этган экан-ку! – Маря чинакамига ҳур-мат билан сўзлади. – Бу интилиш қаердан пайдо бўлган?
– Кузатувчанлик, – Баев тушунтирди. – Мен эсимни таниганимдан буён бир нарсани биламан – ҳар доим кузатувчан эдим. Дўмбоққина болалигимда тиззамгача сувга кириб турган пайтим кўп бўлган. Эсингдами, қишлоқ яқинида кўл бор эди? Раменское деб ата-шарди- сувга тушардим ва тураверардим. Ярим кунгача ҳаракатсиз турардим – сувда нималар бўлаётганини кузатардим. Бу Худо томонидан берилади. Бу ҳеч қачон одамлар томонидан эмас. Мен отамдан ақлли маслаҳат ўрнига тепки олардим, холос.
– Қаранглар-а, – Маря яна ҳурмат билан сўзлади. – Менга эса, нима бўлса, бари-бир! Кўчада ўйнаб тўймасдим. Кун бўйи кўчадан уйга киргим келмасди.
– Мен гуноҳ иш деб ўйлайман… – Баев атрофга қараб олди ва овозини пасайтирди. – Мен ўйлайман: марҳум онам мени бошқа биронтасидан орттирганми ё?
– Ё Худойим! – Маря ҳаяжонга тушди, лекин у ҳам паст овозда сўзланди ва ат-рофга аланглашига оз қолди. – Анися холла-я! Ферапонтич, нималар деяпсан…
Худойим! Сенми, сен отангга ўхшайсан. Фақат сен тўлароқ ва соқолинг йўқ, бўлмаса… Нима бўлди сенга, Худони ўйла! У бу ишни … ким билан қилиши мумкин?
– Энди-ии!.. – Баев яна шишачани қўлига олди. – Менинг калламни ишлаши кимга тортган экан? Мен бир нарсани ўйлайман : америкаликлар-чи ўшшанда бизда ҳаммаёқни қазиб ташлашганди – тоғларда нимадир қидиришарди… Э, ит биладими! Улар-чи… анови… тиниб-тинчимас халқ…
– Шунаққа, ўхшайсанми ўзи?
– Энди-ии!.. Ўхшайман! Кичиклигингдан бир одам атрофида уймалашаверсанг, ўхшаб қоласан. Ана ит хўжайинига ўхшаб боради-ю, одам-чи… Э, ит биладими! Балки, бўйнимга гуноҳ юкларман. Лекин отам икковимизнинг қарашларимиз осмон билан ерча.
Юрагим сезиб туради: менинг хамиртурушим деҳқонча эмас. Туғилганимдан буён на шудгорлашга, на экишга… бирон-бир деҳқончиликка ҳавасим йўқ.. Шаробга ҳам ҳеч қачон кўнгил қўймаганман – Баев деҳқон зотидан эмаслигини исботлаш учун қаттиқ тиришмасдан, кўпроқ мулоҳаза юритар ва иккиланарди. – Агар бундай ўйлаб қараганда, нега бу нарсалар менда йўқ? Мен ер олиш учун интилишим керак эди ё байрам кунлари… олишиб-солишиб юришим. Йўқ! Ўзимнинг полизимизда ғимирлашни ёқтирмайман. Мен идорада ўтириш учун яратилганман …
– Шунаққақип, ўтириб келишган – иссиққинада ва ҳурматда,- Маря ўрнидан турди.
– Ўтир ! – Баев ҳаяжонланиб бақирди. – Нега сен эркак ўрнига тун бўйи ишлаб чиқасан? Идорада ўтир ва вақт ўтказавер.
– Вақт ўтказавер…
– Ан-на! Калла бўлиши керак? Мана мен калла тўғрисида гапиряпман. Агар келиб чиқишим деҳқон бўлса, бу каллани қайдан олганман?
– Нима, сенингча, деҳқонлардан катта одамлар чиқмаганми? Ана урушда…
– У-у-урушда! – Баев аёлнинг гапини бўлди. – наган кўтариб ва томоқ йиртиб чопиб юриш – бу ҳали энг буюк донолик эмас. Томоқйиртарлар бизда кўп бўлган эмас. Биргина Ваня Кисани олгин… Болалигидан қўлида пичоқ эди. Боши турмадан чиқмасди, юраккасал. Ана шуям ботирларнинг ботири саналарди…
– Ўхшатишни қойиллатдинг-да!
– Ўхшатаман-да? Ботирликда Кисадан ўтадиган бўлганми?.. Биронта шунақаси борми?
– Киса – қароқчи. Қароқчи, бўлган-тургани қароқчи. Мен яхши эркаклар ҳақида гапираман. Ана Иван Козловни олгин… Оддий аскар эди, командир бўлди. Орденининг саноғига етмайсан, ўшшанда фотосуратини юборганда бутун қишлоқ томоша қилишга чопгандик.
– Бу … шунчаки бир, – Баев чуқур нафас олди. У чаласавод Марянинг ўзига тенг эмаслигини яширмасди, у билан баҳслашиб нима, барибир ўзининг калта ўйи билан бирон ниманинг тагига етмаса. – Албатта, командир, орденлар … шақар-шуқур, ғарчиллайдиган этик…Буларнинг ҳаммаси таъсир кўрсатади. Лекин барибир бошни ҳеч қандай орден билан алмаштира олмайсан. Балки бош дегани бордир, балки … шундай – шапка кияди-ган бир нарсадир.
Баев Маря билан ана шундай суҳбатлашарди. Учгача, тўртгача ўтиришарди. Кўпинча нимагалардир келиша олишмас, гаплари қочиб қолиб, қизишишар, лекин тинч-гина хайрлашишарди. Баев майдон орқали жўнаб қоларди, тўғри кесиб чиқса – уйи, Маря эса диванга чўзилиб, тонг отгунча хотиржам ухларди. Сўнгра – сершовқин, серташвиш, самарасиз кун бошланарди… Ва сўнг яна тун ер узра қора чодирини ёзар, яна суҳбат, ўйга чўмиш, эслаш – турмушнинг тинчгина, зўрға илғаб қолинадиган шодликларига шўнғиш истаги етаклаб кетарди.
… Бирда Баев Маря билан тунги учларгача суҳбатлашиб ўтиришди. Баев хушбўй эрмаги – тамакининг охирги қисмини валерянка томчиларига қўшиб бурнига тиқди-да, кетишга чоғланди. Ана шунда Маря, дўкон айвончасига бир киши кириб бораётганини кўрди…. Кирди, қулфни тортди ва ортига ўгрилди. Маря курсига қапишиб кетди.
– Ферапонтич, – Маря даҳшатга тушиб шивирлади, – қарагин!
Баев тикилиб қаради ва қўрқувдан юзи буришиб кетди.
Айвончадаги одам депсинди, яна қулфга қўл чўзди… Темирнинг шарақлагани эшитилди.
– От! – Баев Маряга пичирлади. – От!.. Тўғри деразадан ўқ уз!
Маря қимирламади. У деразадан кўз узмасди..
– От! – Баев яна ундади.
– Мен қандай қип отаман?! Тирик одамга… “От!” Қандай?! Нима демоқчисан?
Айвончадаги одам уйча деразаси томон қаради, пастга тушди ва тўғри Марялар томон йўналди.
– Етти олам хўжайини, ўзинг асрагин, – Маря шивирлади, – қиёмат яқинлашяпти. Худойим, гуноҳкор бандангни ўзинг кечир…
Баев бўлса шивирлашга ҳам мажол тополмас, фақат бармоқлари билан милтиққа ва деразага имо қилар – отгин, дермиди.
Дераза тагида қорни ғарчиллатган қадам товуши эшитилди… Нотаниш одам тўх-таб, деразадан тикилди. Ана шунда Маря уни таниди. Шодон қичқирди:
– Э, бу Петка-ку! Петка Сибирсев!
– Нимага ҳеч ким йўқ ? – сўради Петка .
– Кир, кирақол! – Маря қўл силкиди. – Маккор, ярамас! Ҳозир нақ юрагим ёрилиб кетади, деб қўрқдим. Ярим тунда тентираб юрадиган шайтон! Бошоғриқ тутиб қолиб кун билан туннинг фарқига бормай қолган у.
Петка ичкари кирди.
– Нима ҳоззир тунми? – сўради у.
– Қип-қизил тентак-ку бу! – Маря яна койинди. – Сен нима дўконга чоракталикка келдингми?
Петка тунлигини ҳайрат ва алам билан англади.
– Ухлаб қолибман …
Ниҳоят Баевнинг қўл-оёғи ҳаракатга келди, бир-икки марта тамаки ҳидлади, ак-сирмади, рўмолчага бурун қоқди.
– Ҳа-а, – деди у. – Эсини йўқотганича ичадими одам, тун билан куннинг фарқига бормай қолса-я…
Петка Сибирсев узун тахта «эшак»ка ўтирди, бошини ушлади.
– Шунчаликка борадими! – Маря ҳалигача ҳайратланарди. – Отиб қўйганимда нима бўларди?
Петка бошини кўтарди, Маряга қаради – ё унинг нима деётганини тушунмади, ё гапига тузук аҳамият бермади.
– Унинг боши оғрияпти, – Баев куйингандай сўзланди. – Эҳ-ҳ… Одамлар! – Баев рўмолча билан лабларидан тамаки чангини қоқди, кўзларини артди. – Набирам менга бир китобчани ўқиб беряпти: Александр Невскийнинг рус ерини ҳимоя қилганини… Яхши ёзилган, лекин мен ундаги биронта сўзга ишонмайман.
Маря ва Петка чолга ўгирилишди.
– Ишонмайман! – Баев бор кучини жағига тўплаб бақирди. – Ёзган одам ўйлаб топ-ган… ва жарақ-жарақ пул олган .
– Қандайига? – Маря тушунмади.
– Ёлғонни эшворган! Нима, алдашмайдими?
– Ахир бу тарихий воқеа-ку – деди Петка. – Қандай қилиб ёлғон тўқиши мумкин? Албатта, у ўт-бетини бўяган, лекин бу бўлган воқеа.
– Бўлмаган.
– Шундайми! – Петка оғриётган бошини тебратди. – Ҳм…
– Хўп, унда кимлар билан бирга ҳимоя қилган? Сенга ўхшаган жангчилар билан-ми?
Петка яна чолга қаради … Лекин индамади.
– Агар сизлар билан бирон нима қила олмаётган бўлишса – тўрт томонда туриб тарбия қилаётган, ақлингизни ўстираётган … ҳар томонлама курашаётган бўлишса, – у пайтда онгни қандай ўстириш мумкин бўлган?
Петка чўнтагига қўл тиқди – чекишга бир нима излади, лекин на папирос, на гугурт топди.
– Газетага ёз – маслаҳат берди у. – Инкор эт.
Шундай деди-да, ўрнидан шартта туриб уйчадан чиқиб кетди.
Маря ва Баев деразадан Петканинг юришини кузатиб туришди. Йигитнинг оёқ-лари остида тунги аёзда музлаган қорнинг шиша синаётгандай қарсиллаши эшитилди, бироздан сўнг дўкон муюлиши тарафда бурилгач, унинг қадам товуши янада қаттиқроқ эшитилди.
– Улар тўй қилишмоқда, шекилли, – деди Маря. – Петканинг синглиси ановинга… ановинга… оти нимайди… ўшанга тегяпти. Акаси агроном қизимиз деб келганди-ку… Оти нимайди?
– Мен уларни қаердан танийман? Танишниям истамайман… Қаёқдаги қаланғи-қасанғилар . – Баев бирданига бўшашиб кетганини, айниқса оёқлари бўшашаётганини – худди пахтага ўхшаб қолганини ҳис қилди. Нима бўлганда ҳам у қаттиқ қўрққанди, – Шунақаям ичадими одам, тун билан кунни ажратолмаса!
– Қарагин, тунлар ҳам қандай ёп-ёруғ. Балки уйқусидан сапчиб тургандир, қараса, атроф ёруғ ва дўконга чопган.
– Бу эй-й… у ойни қуёш деб ўйлаганми?
Маря кулди:
– Қаттиқ маишат қилишган кўринади.
Баевнинг қорни таталаб қолди, у шоша-пиша тамаки шишачаси оғзини ёпди-да, чўнтагиги яшириб, қўзғалди.
– Мен борайин. Сен навбатчиликни тинчгина ўтказиб олгин.
– Саломат бўл, Ферапонтич. Эртага келгин, мен картошка олиб келаман, пишира-миз
– Пиширамиз, пиширамиз, – деди Баев. Ва тезда ташқарига чиқди.
Маря унинг майдонни кесиб ўтганини ва кўча тарафга юрганини кўрди. У оёқ-лари остига қараганча шошиб-пишиб борарди. Унинг оёқлари остида ҳам муз ғарчиллар-ди, лекин юмшоққина – Баев валенка кийиб олганди.
Атроф эса мусаффо, шундайин сокин ва мусаффо эди – кичкина бир нарса бўлса-да, кўришинг, паст овоз бўлса-да, эшитишинг мумкин эди. Лекин негадир хотиржам эмас эди. Кўкракданимадир безовта қилаётгандайин. Худди юрагингга қайноқ бир нарсани тегизишаётгандай, товонингга ҳам, чаккангга ҳам оҳиста уришаётгандайин. Ва қулоқ-ларингда силтаб-силтаб қон шанғиллайди. Бўлгани шу, ерда эса, бошқа ҳеч нарса эшитил-майди. Ой бўлса арғамчига осилиб туради.

Русчадан Ўринбой Усмон таржимаси