Василий Шукшин. Қария қандай жон берди? (ҳикоя)

Чол саҳардан ҳолдан тойди. Азоб берувчи ҳолсизлик ёпирилиб келди. У бир ойдан буён дармонсиз эди, аммо бугунгиси ошиб тушди – юрагининг туби йиғласа ҳам, қандайдир ғам-ғуссага тўлган, шундай ёмон эдики, қўрқинчли бўлса-да, ажабтовур: бундай ҳолсизлик ҳеч қачон рўй бермаганди. Гоҳ оёғи увишиб қолади… Бармоқлари қимирламайди деса, йўқ қимирлайди. Гоҳ чап қўли увишади, уни қимирлатган эди – жони бордай. Аммо бу қанақа беҳоллик бўлди, худо…
Пешингача чидаб кутди: балки қўйиб юборар, балки юрагининг остига сал-пал жон кирар – чеккиси, ичкиси келар. Сўнгра англадики: бу ажал эди!
– Онаси… ҳой, онаси! – деб кампирини чақирди чол. – Бу… мен ўлаётганга ўхшайман.
– Ё худойим! – хитоб қилди кампир, – ётиб нималарни ўйлайсан-а?
– Мени бу ердан бир амаллаб туширсанг эди. Жуда қаттиқ, – чол печка устида ётган эди. – Тушир.
– Бир ўзим тушира олмайман. Егорга борайми?
– Бор. Уйдамикан?
– Боя айланиб юрганди… Борай-чи!
Кампир кийиниб, кулбага оппоқ совуқ туманни киритганча чиқиб кетди. “Қишда ўлим турган-битгани ташвиш-да”, ўйлади чол.
Қўшниси Егор кирди.
– Совуқ қутурди-ку! – деди у. – Шошманг, Степан амаки, сал исиниб олай, олдингизга кейин чиқаман. Бўлмаса музлаб қоламан. Нима, тобингиз қочдими?
– Аҳволим жуда ёмон, Егор. Ўламан.
– Э, қўйсангиз-чи, бирданига бундай деманг!.. Ваҳима қилмасангиз-чи!
– Ваҳимами, ваҳима эмасми – тамом. Жуда совуқми?
– Эллик даража бордир, – Егор чекди. – Далаларда қордан бошқа ҳеч вақо йўқ. Тракторлар билан суряптилар, аммо қаёқда дейсиз!
– Балки яна ёғар.
– Бошқа нимаям бўларди энди. Қани, энди тушамиз…
Кампир каравотга ёстиқ қўйди, партўшакни тўғрилади. Егор ёнлама туриб, қўлини чолнинг тагига тиқди.
– Бўйнимдан қаттиқ ушланг… Ана шундай! Қандайдир енгил бўпсизми!..
– Касалландим…
– Жуда ёш боладай. Менинг Колькам оғирроқ…
Чолни каровотга ётқизиб, устини пўстин билан ёпиб қўйишди.
– Папирос ўраб берайми? – таклиф қилди Егор.
– Йўқ. Керак эмас. Ё худо, – хўрсинди чол, – қишда ўлсанг, ёмон бўлади-да…
– Қўйсангиз-чи! – деди Егор жиддий тарзда. – Бундай фикрларга берилманг. – У курсини каровотга яқин суриб ўтирди. – Менга фронтда мана бундай жонимга текканди! Мен ҳам, куним битди, деб ўйлагандим. Доктор эса, яшашни истасанг – яшайсан, истамасанг – йўқ. Мен-чи, гапиролмайман. Ётаман-у, ўйлайман: “Ким яшашни истамайди, аҳмоқ одам? Шундай экан, ётиб “Яшайман!” – деб ўйланг.
Чол ожиз жилмайди.
– Қани, бир тортай, – деб сўради у.
Егор берди. Чол тортиб, йўталиб қолди. Узоқ йўталди…
– Бутунлай озиб кетганман… Тутун барибир қорнимга борди.
– Қаеринг оғрияпти? – деб сўради кампир чолга раҳми келиб ва негадир норози ҳолда.
– Ҳамма жойим… Бутун аъзойи баданим. Гўё бутун қонимни сўриб олишгандек ҳолдан кетганман.
Учовлари ҳам жим қолишди.
– Мен борай, Степан амаки, сигирларни соғдириш, уларга ем бериш керак…
– Боравер…
– Кечроқ келиб, хабар оламан.
– Киргин.
Егор кетди.
– Ҳолдан кетганинг нимадан? Ҳеч нарса емайсан, ана шундан беҳоллик, – деди кампир. – Балки куркани сўярмиз – шўрва пиширарман? Мазали, қувват бўлар… А?
Чол ўйлаб қолди.
– Керак эмас. Емайман.
– Битта курка нима бўпти, худо кўтарсин! Ҳечқиси йўқ…
– Керак эмас, – яна бир бор таъкидлади чол. Менга, яхшиси, ярим рюмка вино бер…Сал-пал қонимни қизитар.
– Баттар қилмасайди…
– Ҳеч нарса бўлмайди. Балки салгина қизитар.
Кампир шкафдан чоракталик олиб, шошмасдан оғзидаги латта тиқинни очди. Шишада яримдан сал кўпроқ эди.
– Қара, баттар қилмасин тағин…
– Ароқ қачон баттар қилганди ўзи, сен нима? – Чол ўкинч билан деди. – Бутун умр унинг устида қалтирайсану, аммо тушунмайсан: ароқ – биринчи дори. Тўнкасан қандайдир…
– Ҳозир шу гапни айтмасанг-чи! – деди кампир алам билан. – “Тўнка” эмиш… Бир оёғинг у ёқда-ю, яна бировни бадном қиласан. Доктор безовта бўлмасликни буюрган.
– Доктор… ўлма, дейди, одамлар эса ўлишяпти.
Кампир ярим қадаҳ ароқ қуйиб, чолга берди. У ҳўплади ва сал бўлмаса томоғига тиқилиб қолди. Ҳаммаси қайтиб келди. У анча вақт ҳаракатсиз ётди. Кейин машаққат билан:
– Йўқ, энди ичиб бўлмаслик аниқ бўлиб қолди, – деди.
Кампир унга ачиниш ва раҳмдиллик билан қараб қолди. Қараб турди, турди-ю, бирдан ҳиқиллаб йиғлаб юборди:
– Чол… худо кўрсатмасин-у, ростдан ҳам, ўлиб қолсанг, ёлғиз мен нима қиламан?
Чол узоқ жимиб қолди, шифтга қаттиқ тикилди. Унинг учун гапириш оғир эди. Аммо у яхшилаб, батафсил гапиришни истади.
– Биринчидан, Мишкадан алимент ундириб ол. Унга: “Отанг ўлди, онангни умрининг охиригача боқишни сенга буюрди”, – деб айт. Хўпми? Агар у баттоллик қилиб, кўзи очилмаса, алимент ундириш учун судга бер. Уят-ку, ўз йўлига, аммо яшаш ҳам керак. Яхшиси, унга уят бўлсин. Манькага ёзгин, ўғлини ўқитсин. Йигитчанинг зеҳни ўткир. Кўп нарсани ёддан билади. “Отанг ўқишни буюрди”, деб айт, – чол чарчади ва шифтга қараб қолди. Унинг юзи ифодаси тантанавор ва қатьий эди.
– Петькага нима дейиш керак? – сўради кампир кўз ёшларини артиб: у ҳам жиддий, кўз ёши тўкмай гапиришга шайланди.
– Петьками?.. Петькага тегма – у зўрға бир амаллаб кун кўряпти.
– Балки, шўрва пишириб берарман? Егор сўйиб беради…
– Керак эмас.
– Нима, ёмон бўлиб қоласанми?
– Шундай. Сал дам олай, – чол кўзларини юмди ва аста-секин тинч нафас олди.
У худди ўликка ўхшаб қолди: юзида қандайдир паришонлик, бу ерда хос бўлмаган ғалати бир сокинлик бор эди.
– Степан! – деб чақирди кампир.
– Ҳм?
– Сен бундай ётма…
– Қандай ётмай, аҳмоқ? Биров ўляпти-ю, у эса, бундай ётма, дейди. Қандай ётишим керак? Тўрт оёқлаб юрайми?
– Мен Михеенани чақираман – баданингга зайтун мойи суркаб қўяди?
– Қўй-ей! У менга кўп яхшиликлар қилган… Куркангни Михеевнага бекордан-бекор тиқиштиряпсан… Яхшиси, бу куркани Егорга бер – у гўримни қазиб беради. Бўлмаса ким қазирди?
– Қўрқма, топилар…
– “Топилар” эмиш! Кейин бутун қишлоқдан ахтариб юрасан – бундай совуқда ким қазишни истайди? Қишнинг иши… Ёзда бўлса эди…
– Сенга нима бўлди, ўласанми ёки? Балки ҳали баданинг совимагандир?
– Ҳозир совияпти. Оёғим, ана, қотиб қолди… Оҳ, худойим, худойим! – Чол чуқур хўрсинди. – Худойим… оғир бўлди, мен гуноҳкорни кечир…
– Степан, сен бироз ҳушёр бўл. Егор: “Ҳар хил гапларни ўйлама”, – деди-ку!
– У кўп нарсани билади! Ўзи худди ҳўкиздай соғлом. Унга, ўлма де, ўлмайди.
– Ундай бўлса, мени кечир, чол, агар айбдор бўлсам.
– Худо кечирсин, – деди чол зўрға эшиттириб. У яна ниманидир, жуда зарур гапни айтмоқчи эди, аммо атрофга алланечук бошқача қаради, қандайдир ғалати безовта бўлди…
– Агнюша, – деди у зўрға, – мени кечир… бироз қўрқоқ эдим…
– Бурчакка қара-чи, ким у? Ким турибди у ерда?
– Қаерда, Степан?
– Ана, у ерда!.. – Чол қўлига тиралиб кўтарилди, қандайдир зийрак назар билан кулба бурчагига, олдинга қаради. – Ана ўша-ку, ана… ўтирди-ку?
Егор кечқурун келди…
Чол каравотда ётар, ўткир оппоқ бурни тепага қараганди. Кампир бош томонида ўтириб оҳиста йиғларди…
Егор шапкасини бошидан олиб, бироз ўйланиб турди, сўнг иконага қараб чўқинди.
– Ҳа, – деди – у, ҳаммасини сезган эди.

Русчадан Фатҳулла Намозов таржимаси
“Китоб дунёси” газетасидан олинди.