Василий Шукшин. Иккинчи сеансга чипта (ҳикоя)

Кейинги пайтларда нимагадир Тимофей Худяков­нинг кўнглига қил сиғмас, ҳамма нарсадан хуноби чиқиб юрарди. Тўрт оёқлаб турса-ю, боши қалтираб, ит­дай ирилласа, ҳуриб юборса. Балки йиғлаб ҳам олармиди.
– Сенга нима жин урган ўзи? – муғомбирона раҳмдиллик билан сўради Ермолай.
Тимофей унинг атай ўсмоқчилаётганини тушунди, аммо барибир нолиди:
– Тақдир – қанжиқ… – деди-ю, гапнинг давомини чигаллаштириб юборди. – Боши тош қотсин унинг… Дастурхони нон кўрмасин…
Тимофей руҳан қийналган дамларда сўкишни қо­тириб қўяр, гўёки ёмон кўрган одамини дарра билан ана шундай саваларди. Қаттиқ эҳтирос билан тақдирга лаънат ўқишни хоҳлаб қоларди. Тақдирни, “ўн икки ҳаворий”, “оғзига терак қипиғи”, “чўқинтирганни онаси” – бари-барини қўшиб сўкишда қизишиб давом этарди. Ҳатто Ермолай ҳам ҳайрон тикилиб қолди.
– Ҳа, қийин бўпти сенга!
– Осонми, қанжиқ тақдир сенга бунақанги кўр­ги­лигини кўрсатиб турса.
– Агар сен тақдирдан нолисанг… билмадим. Сенга нима етишмайди? Уйингда ҳамма нарса жой-жойида бўлса…
Тимофей қоровулга руҳий қийналаётганини тушунтиргиси келмас, айтгани билан у тушунмас, ҳатто ўзиям ҳеч нени англамаётган эди. Рост-да, уйида алағда бўладиган нарсаси йўқ, болаларини институтларда ўқитди… Баъзи пайтлари у яшашни билишидан мағрурланар, энди эса жаҳли чиқар ва негадир юраги сиқиларди.
Аҳмоқ қоровул Ермолай бўлса: “Сен иблисни, виж­дон еяпти; бутун умр ўмардинг… уйга ташидинг, бирон марта қўлга тушмадинг, текинхўр”, дея аламидан тутақарди.
– Ихтилоф, Еремажон… кўнглимда ғалаён. Нимаданлигини ўзим ҳам билмайман.
– Ўтиб кетади.
Ўтиб кетмади.
Шу куни шанба эди (ўзи эрталабдан ҳамма иши терсдан келаверди). Тимофей омборни тамбалаб, қо­ровул билан “яримта”ни бўлишиб кунни кеч қилди… Уйи­га жўнаш олди яна биттасини “ер тишлатгач” ўрнидан қўзғалди. Уйига боргиси келмасди – борса хотини яна минғирлаб кўнглини баттар хира қилади.
Куз ёмғири шивалаб ўтганди. Намчил шамол эсганидан ҳалқоб сувлар юзаси ажиндай тиришди. Уфқ осмони ёришиб қуёш кўринди. Ёғоч уйлар деразасида қаҳрабо ёғдулар зарҳалланиб, атрофга ёруғлик тў­шарди. Кун совуқ, ҳам зерикарли эди. Барчасининг ёқимсизлиги-чи?
Тимофей ўйга чўмди: “Мана – яшаб қўйдим, бу ёғи оз қолди… нари борса ўн-ўн икки йилми, умримни шунчаки судралиб ўтказиш-у, бўсағада ётиб олиб кун санаш қолди. Бу ҳаёт эмас, чайнаб ташланган суякдай ҳаёт кимга керак! Нима ҳам дердинг, ҳаёт – бу ҳаёт-да. Ўйлаб қоласан. Тфу! Бутун умр югурдим-елдим, ол­ғирлик қилдим, уй қурдим, ҳар хил ёлғон-яшиқлар билан бирни ўнга уриб гоҳ у нарсани, гоҳ бу нарсани топиб келдим. Еремоха бўлса, ўзи учун яшади. Жонини койитмай балиқ овлади, ўз кўрпасига бурканиб тинч-осуда, ғам-алам нималигиниям билмай ўтяпти. Қуртларга эса, барибир, биргаликда ем бўламиз… Эҳ-ҳе, кўримсиз ҳаётда даври даврон сурди. Сен-чи? Худди цирк артистидай дор устидан юриб ўтдинг. Ўтишга ўтдим-а, лекин энди тиззаларим дармонсизликдан қал­­тираяпти.
Тимофей йўл-йўлакай ўй суриб борарди… Бирдан ўзини таниш кўчага урди. Бу кўчада Поля Тепляшина яшарди… Қачонлардир – анча олдин Тимофей Поля билан жинояткорона “севги ўйини”ни ўйнаганди. Жанжаллар бўлган, деразалар синган, шармандаси чиққан. Гутя –Тимофейнинг хотини етти йил жон жаҳди билан Полядан Тимофейни қайтариб олиш учун курашганди. Гутяни қишлоқда ҳамма мақтар, у бўлса бундан ғурурланиб, қишлоқнинг ёш хотинларини кўча-кўйда учратдими, маслаҳат ошидан бечўмич узатарди. Яъни, ўзининг аҳволига тушиб қолмаслигини эслатиб, эрлари учун курашишга ўргатарди:
“У хонимчасининг уйига борганида, сен қў­лингда косов билан дераза тагида тур! Ачом­лашмоқчи бўл­ганида косов билан дераза ойналарини чил-чил қил. Лаззатдан маҳрум эт. Қаноти қирқилган қуш қайта учолмайди”.
Бунақа “ошиқ-маъшуқлик” ҳангомалари қишлоқда бўлиб турарди. Ҳозир бошқача – ажралишади, тамом! Илгарилари йиллаб ғазабини босолмай аламзада бўлиб юришарди. Ўшанда бу “ошиқлик” бирдан ўз-ўзидан тугаганди. Полянинг ўғли Колька улғайиб қолганди. Тимохани “Николай Петрович” онасининг ёнидан қувиб юборарди.
Тимофей кўзлари чақчайиб Поляга ўдағайланарди:
– Тойчоғингни тийиб қўй!
Жувон эса бирданига оғзига урарди. – Тошингни тер!.. Нима, сени ўғлимга алиштираманми? Бекорни ебсан!
Тимофей шу можародан сўнг яна бир-икки марта айланиб борган эди, Кольканинг бақувват муштига дуч келгач “ўйин”ни йиғиштириб қўя қолди. Энг аҳмоқона воқеа кейин бўлди: Поля ва Гутя дўстлашиб олишди. Энди эса унинг устидан икковлашиб мазах қилиб кулишиб, мағзава ағдаришарди. Гоҳо Поля одамлар тўда жойда Гутя билан юзма-юз келиб қолса-ку, чироғи порларди. Тимоханинг битини тўкиш баҳонасида:
– Қалай, бизнинг арғумоғимиз яхши юрибдими? – дея жўрттага сўрарди.
Гутя бундан яйраб куларди-да:
– Печка устида – канасини эзаяпти, – дерди хумордан чиқиб.
Нима бало – бу атай ундан ўч олишмиди, тушуниш қийин!
Тимоха бундай воқеа устидан чиқса, хотинига қараб от қўярди, аммо эндиликда ўз болалари томонидан қаршиликка дуч келадиган бўлди. Мана, ҳозир Тимохадан нима учун у ерга – Полянинг ёнига борганини сўрашса, тушунтиришнинг уддасидан чиқмасди. Ўзи ҳам нега бориб юрганини англамасди. Поля эса ҳайрон.
– Ановини!.. Бу меҳмонни кўринг. Нима гап?
– Нима бўпти… Нима, юқумли касалинг бормидики, айланиб ўтсам? Гаплашиб… ўтирамиз. Эски хотираларни эслаймиз, мана ичимлик… – Тимофей ўзи билан шиша оливолганди. Шишани столга қўйди. – Ўт­ганларни эслаймиз.
– Эслайдигани қоптими?
Поля кексайиб, хунуклашиб қолганди. Тимофей: “Аслида у ҳуснда урвоқ эди”, – дея ўйлаб ўз аҳволига ачиниб кетди.
– Латифа айтиб беришимни хоҳлайсанми?
– Қара-я!
– Нимага, ҳадеб “қара-я, қара-я” дейсан попнинг бефаҳм хотинига ўхшаб. Ёввойилигингни айтсам… Хўш, мана келдим… Нима бўпти? Тўғриси, сиз аёллар ёввойига ўхшайсизлар, чин сўзим.
– Нимага унда эси пастларнинг ёнига келасизлар?
– Қаердан топаман ақллисини? Ҳаммаси бир гўр бўлса, алмаштирсанг ҳам, совунни игнага алишгандай гап.
– Тафтиш босдими, ғазабноксан?
– Ҳали мени қармоққа илинтирадиган тафтишчи туғилмаган.
– Кўриниб турибди. Демак, туғилибди…
Тимофей стакандаги ароқни бирров симирди – газакка ҳеч нарса сўрамади ҳам. Поля газакка – чўп тутмади. Тимоха ҳам Поляга ўзи билан ичишни таклиф қилмади.
– Латифани эшит. Бир рамақижон эркак шаҳарга келибди, сўнг кўчада кетаверибди. Чўнтаги тўла мулла жиринг. Ўйлабди у: “Қаердан биронта шаҳарлик ойимқизни илинтирсам”. Чунки у шаҳарлик аёлларни осон илинтирса бўлади, деган гапни эшитган экан-да. Шу пайт, бир сулувгина жувон унинг ёнига келиб жимгина қараб турибди-да, мулойимлик билан: “Меникида тунай қолинг. Уйим бир қадам” дея хушнавозлик кўрсатибди. Худонинг ўзи етказди, деб шодланибди эркак ва аёл етагида уйига борибди. Уйга келгандан сўнг аёл эркакка қараб: “Сиз ечинаверинг, мен ҳозир келаман”, – дебди-ю, ўзи нариги хонага ўтиб кетибди.
Эркак ечиниб, уни кута бошлабди. Анча кутибди. Бир пайт аёл бир этак болаларини етаклаб чиқиб келибди ва уларга қараб: – “Мана болаларим, агар сизлар ҳам тўйиб-тўйиб овқат емасаларинг, мана шу амакига ўхшаб – қоқсуяк бўлиб қоласизлар?” – дермиш.
Поляни бу воқеа кулдиролмади, Тимофейнинг ўзига ҳам унча қизиқ туюлмади. Лекин эрталаб ҳай­дов­чилар билан бирга эшитганида кўпчилик кулган эди. Яна бу латифа ибратли экан деб ўйлаб ҳам қўйганди.
– Сен бу билан нима демоқчисан? – деди Поля. Тимофей тушунтирди:
– Мени ҳам, худди шундай қилиб қанжиқ – тақдир чиқитга чиқариб ташлади. Яшаб қол, Тимофей! – дабдурустдан қуюшқондан чиқди. – Елкангда бош борми? Бор! Яна ҳеч кимдан қўрқма! Мана, Тимофейнинг сочлари тўкилиб бўлди… энди.
– Тўғри яшаганингда, ҳеч кимдан қўрқмасдинг, – дея аччиқ чақиб олди Поля.
Тимофей ҳам қандай қилиб қаттиқроқ оғритиб чақишни ўйлади.
– Билмайсанми, ким мана бу жойда, – у каравотни кўрсатди. – Бегона эркак билан ачом-ачом ўйнашган? Мабодо эшитганинг йўқми?
– Эшитганман. Сен-чи, эшитмаганмидинг ким худди мана шу жойда, тирик хотини бўла туриб, бегона аёл билан чалкашиб ётган? А… Мен ёлғиз бева эдим, сен эса оилали эдинг. Бузуқисан, Тимоха!
Тимофей яна ичди. У энди ҳаммасини бироз тушунгандай бўлди; эссиз умри, эссиз ҳаёт. Яшагани қур­син, ҳаммаси куй.
– Бизнинг ишимиз, оқ буқача ҳақидаги эртакка ўх­шаб кетади, Поля.
Поля кулиб юборди.
– Нимага куласан? – сўради Тимофей.
– Нимага кулмас эканман?
– Керакмас… Сенга ярашмайди, тишларинг сўй­лоқ.
– Бир пайтлар буни пайқамас эдинг-ку…
– Пайқаганман, нимага энди пайқамас эканман, фақат… Аттанг! Биласанми, нима алам қилади, азизам, кимгадир бу ҳаётда ҳамма нарса етарли; олий маълумотли, катта маош эгаси, хушрўй ва тишлари текис ва оппоқ ширингина ўйнаши ҳам бор. Тимохага эса сал бундайроғи ҳам ярайверади…
– Вой, илон-ей! – ажабланди Поля. – Сассиқ така. Қани, кўтар шишангни, бу ердан қорангни ўчир-чи! Ҳозир ўқлоқ оламан-да, мана шу ақлли бошингга… Кошки, ақл битса!..
Тимофей шиша оғзига яна тунука қалпоқчасини кийдирди-да, пиджагининг ички чўнтагига яхшилаб жой­лади ва шошмай кета бошлади. Сал енгил тортгандай сезди ўзини. Лекин яна кимнингдир жиғига тегишни истарди. Кимгадир мана шунақа секин, шошилмай, – чақадиган сўзларни айтса, ниш санчса!
Уйига етиб келса, кираверишдаги хона четидаги столда тирсакларига бошини тираб… ҳазрат Николай хаёл суриб ўтирарди. Ҳазратнинг қиёфасини одамлар­дан кўп бор эшитган. Қуйиб қўйгандай ҳазрат Николайнинг ўзи: оқ юзли, паст бўйли, қўрчоққа ўхшаган қа­рияча. Бошини эгиб мулойимгина тикилиб ўтирибди. Уйда бошқа ҳеч ким йўқ.
– Қани, саломатмисан, Тимофей? – мулойимлик билан сўрашди ҳазрат.
Тимофей атрофга аланг-жаланг қаради… Ва бирдан гурс этиб, қариянинг оёқлари остига йиқилди. Иложи борича майин ва лўнда қилиб секингина:
– Салом, ҳазратим. Мен сени дарров танидим, ота­хон, – деди у.
Ҳазрат нимагадир силкиниб тушди, ҳайрон бўлди ва кулимсираб бармоқлари билан секин ўдағайлади.
– Кайфинг бор-ов?
– Ҳа, озроқ бор! – қандайдир қизиққонлик ва шодликдан суюниб давом этди Тимофей. – Сиқилганимдан ҳаммаси… отахон, сендан узр. Сиқилганимдан ҳам­маси. Тиним билмайман. Мана, болаларимни ўс­тир­дим – ичсам нима қилади деб ўйладим? Нега бун­чалик қариб қолгансан-а, отахон… Нимага келгандинг ўзи?..
Ҳазрат кўзларини пирпиратди, яна кулиб юборди.
– Нимадан сиқиласан?
– Ўзим ҳам билмайман. Эй, Худо билади! Унга си­ғинмаймиз – шунинг учун бўлса керак. Худога ишонмай қўйдик; мана у бўлса кўрсатиб турибди. Черковларни ёпдик, сўкинамиз, ҳар хил йўлларга кирамиз… Сиқилишимизни боиси шундан.
– Сен илгари Худога ишонармидинг?
– Отахон!.. чўқиниб айтаман; кичкина пайтимда ишонардим. Рождестволарда бутни шарафлаб юрганман. Агар большевиклар келмаганда эди, ҳозир ҳам сиғиниб юрган бўлармидим.
– Ўзинг-чи, коммунист эмасмисан ишқилиб?
– Қаёқда! Сенга ёлғон гапирмайман, балки коммунист бўлармидим! Фақат менинг қайнотам… агар ўлиб кетмаган бўлса! Ўшани ўттизинчи йилларда қулоқ қи­лишган…
– Хўш?
– Шундан бери оғзимга латта тиқилган, ҳеч кимга, ҳеч қачон ғинг деб овоз чиқармаганман.
Ҳазрат баттар ҳайрон бўлди. Унга ачиниб қаради.
– Сен нима демоқчисан, Тимофей?
– Кўнглимдагини айтаяпман, отахон! Хўш, сен нимага келгандинг-а! Яхши ният биланми ёки ёмон ният биланми? Қандоқ тушунай?
Ҳазрат тиришган кичкина кафтлари билан оппоқ соқолини силаб қўйди.
– Нима учун келганман… Хўш, мана… тавбадасан, сизларни кўргани келдим. Менга қара, сен ўрнингдан тур-чи?
– Тураман! Нега турмас эканман? Ҳеч нарса қил­майди. Отахон, мана, сен дунё кезиб, кўриб юрибсан: одамлар айниб бораётибди-а?
– Ҳаммасияммас.
– Демак, сенинг фикрингча, қайнотанг йўлингни ке­сиб ўтдими?
– Кесиб ўтди. Тўғрисини айтганда, у қулоқ ҳам бўл­­ган эмас, ҳеч қачон. Шу фақат колхозлар тузиш масаласида қайсарлик қилиб туриб олганди ўшанда. Вай­сақи эди қайнотам, тилини тиёлмасди. Аҳмоқнинг аҳмоғи эди. Аммо қатъиятли, ўзига тўқ одам эди, мен эса ўртаҳол эдим. Партияга қабул қилишлари мумкин эди.
– Хўш, қайнотанг-чи, нима қилди?
– Муддатини ўтаб келди. Мен уни ўшандан буён кўрганим йўқ, бир-биримиздан узоқда яшаймиз. У қари тентак ўғли билан яшайди. Ўғли бўлса, қаердадир, узоқда яшайди. Демак, одамлар айниган дейсанми?
– Ҳа, халқ яхшигина айниган, – деди жиддий боқиб ҳазрат.
– Умуман ҳеч нарсага арзимайди, бу халқ! – гапни илиб, баттар алжирарди Тимофей. – Ичкиликбозлик, ўғрилик… Мен ҳам омбордан ўғирлардим, сал-пал. Биламан, бу гуноҳ, аммо ҳамма ўғирлик қилади. Атрофга қара, вой, Худо, вой Худо-ей, нималар бўлмаяпти дейсан.
– Ўғирлик қилардим, дейсанми?
– Ҳа отахон, у-бу нарса ўмариб турардим. Мана, болаларимни ўқитдим. Қайси пулга-а? Отахон…
Тимофей ҳазратнинг ёнига янада яқинроқ эмак­лаб келди.
– Биласанми, сендан нима сўрамоқчи эдим?
– Хўш?..
– Сен у ерда, тепада бизнинг Худомизга, пай­ғам­баримиз Исога ва Биби Марямга яқин ўтирасан-а… Шу сен улар билан маслаҳат қилиб айт­санг-чи… хўш… ва … э-э! Шундай хўрлигим келадики, юракларим эзилади, отахон! Ахир мен аҳмоқ эмасман-у, аммо саводим ҳаминқадар бўлса ҳам қа­рагин, олий маълумотли манаман деган азаматларни бармоғимни учида ўйнатаман…
– Тушунмаяпман!
– Оҳ, қани, яна бир карра қайта туғилсам эди! А, нима дейсан? Ҳозиргиси, яъни яшаб ўтган умрим ҳи­собга олинмаса-да, бошқатдан яна мени туғ­дир­са­ларинг?..
Ҳазрат ихтиёрсиз кулиб юборди.
– Гоҳ сиқилиб кетдим деб нолийсан… Гоҳ… эҳ, сен итнинг боласи –Тимоха!
– Ҳа-да, нолийман-да, ҳаётим ҳеч ўхшамади-да! – Тимофей йиғлаб юборгудай эди. – Мана сен кулаяпсан. Ҳеч кулгули жойи йўқ! Отахон, фақат ғам-алам кўрдим, янгидан янги ғам. Қора ер юзида яшаш қандай яхши! Нима мен кўрмаяпманми, тушунмаяпманми… ҳаммасини тушуниб-кўриб турибман. Аламим келаяпти. Туфу – эзғилаб ташласанг!.. Менинг кўрган куним қурисин.
– Хўш, айт-чи, қайта туғилганингда қандай яшардинг, а, қизиқ?
– Энг аввало, мен бошқа аёлга уйланган бўлардим. Муҳаббат ҳақида ҳатто Библияда ҳам ёзилган-у, аммо мен учун муҳаббат юмшоқ жойдан чиққан чипқондай бўлди. Бу гапларим учун ўзинг кечир, Худойим. Ёшликда қандай йўлиқдим, ана энди иҳраб-синграб, судралиб яшаб юрибман. Бўлмағур хотин учради. Аҳмоқ. Худди отасининг ўзи. Оғзи бир очилдими… фақат бер дейишни билади. Аёл эмас – кажава сандиқ. Ўшани деб кўпроқ ўғирлик қил­ганман. Хасис!.. Ўтакетган очофат. Мендаги бу ақл билан катта бошлиқ бўлишим ҳам мумкин эди. Ма­салан, мендан яхшигина прокурор чи­қарди, деб ўй­лайман.
Тимофей пастдан ҳазратнинг илоҳий кўзларига тикилиб қараб қолди.
– Қўлимдан келганида эди қайнотамни шундай жў­натардимки, менга қолса у ҳалиям ўша ерда ўтирган бў­ларди. У буни тилидан топган бўларди.
– Ўчир овозингни! – ғазаб билан ўшқирди қария. – Мен сенинг ўша қайнотангман-ку, иблис! Ўғри! Кўз­ларингни каттароқ оч, ароққа бўкибсан-да!
Тимофей ўрнидан турди, чалворини қоқди ва секин деди:
– Қара-я! Ростдан ҳам қайнотам. Қайнотагинам! Кел, ичамиз. Учрашганимиз учун. Қара, мен сени ким деб ўйлабман-а…
– Бўкибсан-да, итвачча!
– Ҳамма сирларимни айтиб берибман-а, сенга?.. Жимм! Ҳечқиси йўқ, билиб қўйдинг. Шундай ҳам ада­шаманми-а. Қовун туширганимни қара-я… Эй-й-а!.
Кейин иккаласи шишани бўшатгач, ҳақоратланган қайнота Тимофейнинг бурнини тагига бош бармоғини икки бармоғи орасидан чиқариб ўзи ва қизи учун жаҳл билан дерди:
– Мана сенга бошқа ҳаёт! Мана сенга иккинчи сеансга чипта!.. Ўғри…
Шолғоми чиққан Тимофей эса фақат бир оҳангда ғўлдирарди:
– Воҳ, қандай тушдима-а, воҳ. Шунчалик ҳам бў­ладими…
– Мен сенинг ўзингни қаматаман! Ўғри!…
– Кимсан? Ёнингда Худо борми? Сен ҳуқуқсизга ким ҳам ишонарди?
– Мана, мана сенга, иккинчи сеансга чипта! Ҳа-ҳа-хе-хе, – бошқатдан яшашни истаб қоптилар!… Ма, сенга.
Қайнотаси яна Тимофейнинг бурнини тагига бар­мо­ғини тиқаётганди, куёви унинг бошига бир стакан ароқни қуйиб юборди ва қўрқитмоқчи бўлиб чўнтагини кавлаб гугурт чиқарди.
– Ҳозир ёқиб юбораман-а.
Ҳазрат бўлмиш қайнота сочиқ билан бошини артди ва йиғлаб юборди…
– Бу нима қилганинг-а? Тимохажон? – Мендай қа­рияни-я… Уятсиз… Ярамас… Худди меҳрибонларим олдига яхши ниятлар билан келсам-у… Сен…
– Ҳамма гап шунда-да, нима қилишни билол­ма­япман, – деди Тимоха бироз юмшоқлик билан. – Бил­майман, қайнотагинам, билолмаяпман. Тўғ­ри­­­­сини айт­­сам, ўзимда нималар кечаётганлигини би­­лолмаяп­ман. Бундай яшаш жонга тегди. Ўлгудай жон­­га тегди. Учди-кетди. Алам қилади. Умримни ашула айтгандай ўтказиб юбордим, аммо ашулани ёмон айт­дим. Лекин ашула яхши эди, эссиз. Томоша учун, ме­ни кечир.
Кўнглингни кенг қил, кечир, отагинам.

Рус тилидан Ўроз Ҳайдар таржимаси.

“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 9-сон