Варлам Шаламов. Пастернакдан хат (ҳикоя)

Сархуш радист эшигимни очди.
– Сенга бошқармадан хат бор, менинг олдимга кир. Шундай деди-ю, қоронғида қор қўйнида ғойиб бўлди. Сафардан олиб келган қуён тўшларини печкадан четга суриб қўйдим. Ўшанда қуён мўл йил бўлганди. Қопқон қўйиб улгурсанг бас эди, илинаверарди. Ярим музлаган қуён тўшлари барак томининг ярмигача ёйиб қўйилганди. Тўшни ишчиларга сотай десанг қаерга ҳам борардинг, энг яхши совға, ўнта қуён гўшти унчалик қиммат эмас, хизматга қараб хизмат учун. Лекин олдин қуёнларни эритиш керак эди. Энди қуённи уйлайдиган вақт эмасди.
Бошқармадан номимга ксива-телеграмма, радиограмма, телефонограмма – ўн беш йилда биринчи келиши эди. Ваҳимали, хавотирли. Худди қишлоқдагидай – ҳар қандай телеграмма фожеий, ўлим билан боғлиқ бўларди. Бўшатишга чақириш десам – бунга шошилаётгани йўқ, озод бўлганман-ку.
Радистнинг уйига йўл олдим. Уй эмас қўрғон, баланд деворли, шинакли. Уч қатор тўсиқ, учта қулф-калитли эшикдан кириб борилади. Эшикларни радистнинг хотини очди, улардан зўрға ўтиб, соҳибнинг масканига яқинлашдим. Сўнгги эшикдан ўтиб, қанотли паррандаларнинг қақақлашию бадбўй ҳидларини босиб, сўнг қанот қоқаётган товуқлару басма-бас қичқираётган хўрозлар орасидан эгилиб, суқилиб яна бир бўсағага қадам қўйдим. Лекин у ерда ҳам радист йўқ эди. У ерда фақат ювиб таралган, тўйдирилган чўчқаларга дуч келдим, урғочиси каттароқ ёнида учта боласи. Бу сўнгги тўсиқ экан.
Радист бодринг кўчатлари ва кўк пиёз солинган яшиклар орасида ўтирарди. Радист ростдан миллионер бўлишга бел боғлаган кўринади. Колимада шу йўл билан ҳам бойиса бўлади. Пулнинг каттаси – катта маош, қутб паёги, процент қўшилиши – бу бир; махорка ва чой билан савдо – иккинчи йўл; товуқчилик, чўчқачилик – учинчи йўл. Фауна ва флоралари қисувидан стол четига чиқиб қолган Радист бир тўп бир хил қоғозлар узатди, телеграммаларни қараб чиқдим, лекин ҳеч нарса тушунмадим, ўзимга тегишлисини тополмадим, Радист илтифот қилиб панжаралари учи билан менинг телеграммамни олиб узатди.
“Хатга келинг”, яъни “сизга хат бор, келиб олинг” почта алоқаси сўзни тежаб ишлатарди, лекин адресат гап нимадалигини тушунарди, албатта.
Район бошлиғи олдига бориб телеграммани кўрсатдим:
– Неча километр?
– Беш юз.
– Нимаям дердик. Беш суткада бориб келарман.
– Яхши. Шошилма. Машина кутиш керакмас: эртага ёқутлар ит қўшилган чаналарда Барагонгача элтиб қўйишади. У ерда буғи қўшилган чаналарда почтачилар олиб кетишлари мумкин, пулига қийналмасанг албатта. Энг муҳими – катта йўлга етиб олиш.
Бошлиқнинг олдидан чиқиб, бу лаънати йўлга тугул Барагонга ҳам етолмаслигимни тушундим, сабаби менда почапўстин йўқ эди. Почапўстинсиз колималикман-да. Ўзим айбдорман. Бир йил бурун лагердан бўшаганимда, омборчи Сергей Иванович Коробков менга деярли янги оқ почапўстин совға қилганди. Касалхоналардан тезроқ чиқиш учун поча пўстинни ҳам, ёстиқни ҳам сотгандим – қитъага кетишда ортиқча матоҳ бўлмасин дедим-да, тағин уларни ўғирлаб кетишлари ёки тортиб олишлари ҳам ҳеч гапмасди. Ўшанда шундай қилгандим. Кетиш насиб этмаганди – кадрлар бўлими Магадан ИИБ билан биргаликда чиқиш қоғози бермаганди ва пулим тугагач, яна Дальстройга хизматга киришга мажбур бўлгандим. Яна радист ва қақағлаган товуқларга қўшни бўлиб ишга тушдим. Колимада беш кунга пўстинингни бериб тур деган одамни мазах қилишади. Қасабада бошқа почапўстин олишдан ўзга чора қолмади.
Почапўстин ҳам, сотувчи ҳам топила қолди. Фақат почапўстин қора рангли, ёқаси қўй терисидан бежирим ишланган бўлиб, кўпроқ пахталикка ўхшарди – чўнтаклари йўқ эди, этаги ҳам йўқ эди. Фақат ёқаси, кенг енглари бор эди.
– Нима бало, этагини кесганмисан? – сўрадим лагер назоратчиси Ивановдан. Иванов бўйдоқ ва тунд йигит эди. Этакни Крага учун кесиб олган экан. Крага деб аталувчи енглар мода эди-да, почапўстиндан бешта шундай крага чиқаркан, иккитасининг нархига почапўстин олса бўларкан. Қолган қутганини почапўстин деб аташ маҳол эди, албатта.
– Сенга барибир эмасми. Мен почапўстин сотаяпман. Беш юз сўмга. Сен уни олаяпсан. Саволинг эса ортиқча, этакларини кесдимми, йўқми.
Чиндан ҳам, савол ортиқча эди, шоша-пиша пулини тўладим-да, уйга келиб кийиб кўрдим ва йўл қарай бошладим.
Ит қўшилган чана, қора кўз ёқутнинг тик нигоҳи. Қотиб қолган панжаларим билан чанага ёпишдим, учгандай кетдим, бир жойда бурилиб қандайдир дарёчадан ўтдик, музлик, бутазор, юзни чимчиловчи шамоллар. Лекин менинг ҳаммаёғим ўралган, бекик. Ўн минутларда почтага етиб келдик.
– Марья Антоновна, мени олиб кетишармикан?
– Олиб кетишади.
Бу ерда, ўтган йил ёзида беш ёшли ёқут бола йўқолиб қолганда мен ва Мария Антоновна уни қидириш ҳаракатига тушгандик. Ойиси ижозат бермади. Аёл тамаки чекди, узоқ тортди, кейин қора кўзларини Марья Антоновна ва менга қадади:
– Қидириш керакмас. Ўзи келади. Адашиб кетмайди. Бу – унинг ери.
Мана, қўнғироғини жиринглатганча буғилар ҳам келиб қолди, чаналар, ҳайдовчи – каюр қўлида таёқ.
Фақат бу таёқ хорей деб аталади, итларни урадигани – остол дейилади.
Марья Антоновнага ҳар бир ўткинчини узоқ-узоқларга – тайга қаърига узатишдан ўта зерикарли иш йўқ.
– Хайр, Мария Антоновна.
Кечга бориб катта трасса чироқлари, қоронғиликни ёриб чопаётган машиналар шовқинига дуч келдик.
Ёқутлар билан ҳисоб-китоб қилиб, вокзал иссиқхонасига югурдим. Ўтин йўқлиги боис печкаси ёқилмаган экан, барибир деворли, томли хона-ку. Машинада Марказга – Магаданга борадиганлар навбати бор экан. Навбат катта эмас – бор йўғи бир киши. Машина гуриллайди, кутаётган одам қоронғулик сари чопади. Машина гуриллайди – одам кетади. Энди совуққа чопиб чиқиш навбати менга.
Беш тонналик машина мени кўриб тарақлаб тўхтади. Кабинада бўш жой бор экан. Бундай аёзда тепада кетиб бўлмайди.
– Қаёққа?
– Сўл қирғоққа.
– Ололмайман. Магаданга кўмир элтаман, Сўл қирғоққача боришнинг ҳожати йўқ.
– Магадангача тўлайман.
– Бу бошқа гап. Ўтир. Таксасини биларсан?
– Ҳа. Километри бир сўм.
– Олдиндан чўзиб қўй.
Пулимни олиб тўладим.
Машина оқиш қоронғилик қаърига сингиб, тезлигини камайтирди. Олдинга юриб бўлмайди – туман.
– Ухлаймиз-а ? Еврашкада.
Еврашка, биласизми, нима? Бу – юмронқозиқ. Юмронқозиқ бекати дейилади. Мотор ишлаб турган кабинада тонг отгунча мизғидик. Тонгда қишнинг оқиш зулмати кечқурунгидай даҳшатли туюлмади.
– Энди чифир қайнатамиз-у, жўнаймиз.
Ҳайдовчи консерва кружкасига бир пачка чой солиб қайнатди, қорда совутиб ичди. Яна қайнатиб ичди-да, кружкасини яширди.
– Кетдик! Сен қаерликсан?
Мен айтдим.
– Сизларда бўлганман. Ҳатто районингизда шофёр бўлиб ишлаганман. Лагерингизда Иванов деган назоратчи бор, – аблаҳ одам. Менинг пўстинимни еб кетди. Етиб олганча бериб тур деди, ўтган йил қаттиқ совуқ бўлганди-да, шу-шу думини тугиб кетди. Изини тополмайман. Бермади, хуллас. Одамлар орқали айттирдим. Олган эмасман, вассалом, дермиш занғар. Бориб тортиб олиш ниятидаман. Қора, бой одам. Унга пўстин нимага керак? Балки кесиб крага тиктириб сотар. У ҳозир мода. Ўзим ҳам крага тикишим мумкин эди, энди на крага бор, на пўстин, на Иванов.
Почапўстиним ёқасини кўтариб, қарадим.
– Мана шу сеникидай қора эди. Аблаҳ, қанжиқ.
Хўш, ухлаб бўлдик, энди газни босайлик. Машина учиб кетди, қайрилишларда гуриллар, ҳайқирарди, чифир ичгач, ҳайдовчи тетиклашган эди.
Километрлар, кўприклар, конлар орқада қолди. Тонг ёришиб қолганди. Машиналар бир-бирини қувиб, келаётганига йўл бериб, еларди. Бирдан нимадир қаттиқ тарақлаб, даранглаб кетди, машина ўйноқлаб, йўл четига бориб қолди.
– Жин урсин,– шофёр аламдан додлаворди .– Кўмир расво бўлди. Бари расво бўлди. Беш тонна кўмир – алвидо.
Ўзига эса жин ҳам урмади, бир жойи ҳам тирналмади, нима бўлганини дафъатан тушунолмапман.
Машинамизни олдинда келаётган чехославак “Татра”си уриб кетган экан. Унинг темир бортига ҳеч нарса бўлмапти. Ҳайдовчилар тормоз бериб, кабиналаридан ташқарига чиқишди.
– Тез ҳисобини қил, – қичқирди “татра” ҳайдовчиси. – зарар қанча бўлади, кўмир, борт қанчага тушади. Биз тўлаймиз. Фақат актсиз, тушундингми?
– Яхши, – деди шофёрим, – бу… шунча бўлади.
– Маъқул.
– Мен нима қиламан?
– Сени бирор йўл-йўлакай машинага ўтқазиб юбораман. Бу ердан қирқ километр, элтиб қўйишади.
Аҳволимни тушун, бир соатлик йўл. Мен рози бўлдим, қандайдир машинага ўтирдим-да, назоратчи Ивановнинг оғайнисига қўл силкиб хайрлашдим.
Совуққотиб улгурганимча бўлмай, машина тормоз берди. Кўприкка – сўл қирғоққа етибмиз. Тушдим.
Бир пайтлар ўзим ишлаган касалхонага кирдим. Лагер касалхонасида бегоналар исиниши тақиқлаган, бир минутга туриш учун ҳам кирдим. Эркинликда юрган таниш фельдшерлардан тунашга ижозат сўрадим.
Эртаси куни керакли хонадон эшигини тақиллатиб, кирдим. Қўлимга менга яхши таниш бўлган, аниқ, тушунарли ёзилган тезкор, учқур хатни тутқазишди. Бу – Пастернакнинг хати эди.

Русчадан Сайди Умиров таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2008 йил, 5-сон


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!