Варлам Шаламов. Жўнатма (ҳикоя)

Жўнатмани вақтида беришарди. Бригадирлар олувчининг шахсини аниқлашарди. Фанерлар ўзига хос фанерчасига ғичирлайди, синади. Бу ернинг дарахтлари бошқача синади, ўзгача овоз чиқаради. Тўсиқ орқасидаги скамейкаларда жуда шинам, пўрим кийинган ҳарбий одамлар тоза қўллари билан қутиларни очишади, текширишади, қоқишади-силкитишади, узатишади. Кўп ойлик сафар давомида бўларича бўлган жўнатма қутилари кўзга қарамай отиб юборилгач, ерга тушиб, ёрилади, синади. Қанд бўлаклари, қуруқ мевалар, чириган пиёз, эзилган тамаки қадоқчалари ҳар тарафга тўкилиб, сочилиб кетади. Ҳеч ким териб олмайди. Жўнатма олишнинг ўзи мўъжазаларнинг мўъжизаси бўлгани боис, эгалари эътироз билдиролмайди.
Вахта ёнида милтиқ тутган соқчилар туришарди – оқиш аёзли туманда қандайдир нотаниш шарпалар ғимирлайди.
Мен девор ёнида туриб навбатимни кутаяпман. Мана бу ҳаворанг бўлаклар – муз парчалари эмас! Булар – қанд! Қанд! Бир соатдан кейин бу чақмоқларни қўлимда ушлаган бўламан ва улар эримайди. Эриса, фақат оғзимда эрийди. Бундай катта чақмоқ менга икки ёки уч марта мазза қилишга етади. Тамакини айтсангиз-чи! Ўз тамаким! Қитъадан келган, Ярославл “Белка” си ёки “Кременчуг-2”. Чекаман, чектираман, ҳаммани, ҳаммани, ҳаммани, энг аввал йил давомида менга чектирганларни. Қитъа тамакиси! Ахир бизга армия омборларидан муддати ўтиб кетган тамакини беришарди-да, умуман қанақа маҳсулот муддати ўтиб, яроқсиз ҳолга келса, лагерга жўнатилган – бундан ёмон, расво иш бўлмас. Лекин мен ҳозир ҳақиқий тамакини чекаман. Мабодо, хотиним ўткир тамаки кераклигини билмаса, айтишади.
– Исми шарифинг?
Жўнатма шиқирлади, қутидан қора олхўри қоқи тўкилди. Қанд қани? Олхўри қоқи ҳам икки-уч ҳовучгина…
– Сенга чакмон! Учувчилар чакмони! Ҳа-ҳа-ҳа! Астари чармдан, каучукли. Ҳа- ҳа-ҳа! Кон бошлиғиникидақа! Ушла, ол!
Ҳафсалам пир бўлганча тек қотдим. Менга чакмоннинг нима кераги бор? Бундай чакмонда фақат байрам кунлари юриш мумкин – байрамнинг ўзи йўқ-ку! Буғу пиймаси, торбос ёхуд оддий пийма бўлсаям гўргайди. Чакмон – бу энди ортиқча даҳмаза, олифтагарчилик… Бизга тўғри келмайди. Бунинг устига…
– Менга қара, – кимнингдир қўли елкамдан тутди.
Мен шундай бурилдимки, ҳам чакмон, ҳам тагида озгина олхўри қоқи қолган қути, ҳам елкамдан тутган одамнинг юзи кўринди. У кон назоратчимиз Андрей Бойко эди. Бойко шоша-пиша шивирлади: – Бу чакмонни менга сот. Сенга пул бераман. Юз сўм. Чакмонни бараккача етказолмайсан – ановилар олиб қўйишади, қирқишади. Сўнг Бойко бармоғини бигиз қилиб туманли осмонни кўрсатди.– Баракда ҳам ўғирлашади. Биринчи кечадаёқ. “Сенинг ўзинг юборасан,”– дарҳол хаёлимдан ўтди.
– Майли, пулини бер.
– Кўрдингми, қандайман мен! – Бойко пулларни санашга тушди.– Сени алдамайман, бошқаларга ўхшаб. Юз сўм дедимми – мана, юз сўм.– Бойко ортиқча бериб юбормадимми деб хавотирланди.
Кир қоғоз пулларни тўрт, саккиз буклаб шимимнинг чўнтагига яширдим. Олхўри қоқини қутидан олиб, бушлатга солдим – унинг чўнтаклари аллақачон тамаки халта учун юлиб олинганди. Ёғ оламан! Бир кило! Нон, ёвғон, бўтқа билан ейман. Қанд ҳам оламан! Биронтасидан сумка – чилвирли тўрва оламан. Олифтанамо маҳбуснинг матоҳи-да. Ўғрибошилар тўрва осиб юришмайди.
Баракка қайтдим. Ҳамма нараларда ётар, фақт Ефремов қўлларини совуган печкага қўйиб, юзини сўниб бораётган иссиққа тутиб ўтирарди:
– Нега ўт ёқмаяпсан?
Казарма навбатчисининг ёнига келди.
– Ефремовнинг навбатчилиги! Бригадир айтди: ернинг тагидан бўлса ҳам топсин, лекин ўтин бўлсин. Барибир сени ухлагани қўймайман. Бор, ҳали кеч бўлмасдан.
Ефремов секин барак эшигига чиқди:
– Жўнатманг қани ?
– Адашишибди…
Мен дўконга югурдим. Дўкон мудири Шапаренко ҳали савдо қилаётган экан. Дўконда ҳеч ким йўқ эди.
– Шапаренко, менга нон ва ёғ бер.
– Мени хароб қиласан-да.
– Ма, қанча керак бўлса, ол.
– Менда қанча пул борлигини кўрдингми?– деди Шапаренко.
– Сендай қуруқвой қанчаям бероларди. Нон ва ёғ олгин-да, тез туёғингни шиққиллатаб қол.
Қанд сўраш эсимдан чиқибди. Бир кило ёғ, бир кило нон. Семён Шейниннинг олдига бораман. Шейнин Кировнинг ҳали отилмаган пайтидаги собиқ референти бўлган, бир бригадада ишлаган эдик. Лекин тақдир ажратиб юборди. Шейнин баракда экан.
– Қани ейлик. Мана, ёғ, нон.
Шейннининг оч кўзлари ёниб кетди.
– Ҳозир қайноқ сув олиб келаман…
– Керак эмас қайноқ сув!
– Йўқ, мен ҳозир,– деб кўздан ғойиб бўлди.
Шу пайт кимдир бошимга оғир бир нарса билан туширди. Ўзимга келиб турганимда сумка йўқ эди. Ҳамма ўз жойида қимир этмай турар, дарғазаб кўзлар менга истеҳзо билан тикиларди. Зап томоша бўлди-да, ўзиям. Бундай ҳолларда икки нарсага хурсанд бўлишади: биринчидан, кимгадир ёмон, иккинчидан, менга бунинг дахли йўқ. Бу ҳасад эмас, йўқ .
Мен йиғламадим. Зўрға тирик қолдим. Мана, ўттиз йил ўтди. Ним қоронғи баракни, ўртоқларимнинг ғазабнок юзларини, полдаги нам тарашани, Шейниннинг оқиш қовоқларини ҳамон аниқ эслайман.
Яна дўконга бордим. Бошқа ёғ сўрамадим, қанд ҳам сўрамадим. Нон олиб баракка қайтдим. Қор эритиб, олхўри қайнатишга киришдим.
Барак уйқуда эди: ким инграган, ким хуррак отган, ким йўталган. Биз уч киши ҳар биримиз печкада керакли нарсамизни қайнатардик: Синцов тушлик пайти тежаб қолган нон ушоғини қайнатиб, кейин иссиқ ёпишқоқ ҳолга келтириб қайноқ қор суви билан ичиш, ёмғир ва нон таъмини туйиш учун, Губарев бўлса кателлокка музлаган карам баргларини солиб пиширади.¬ Ўзи ҳам айёрда – карам украин боршининг ҳидини берарди. Учовимиз ҳам бегона идишга кўз қирини ташлашдан ўзимизни тия олмадик. Кимдир барак эшигини тепиб очди. Совуқ буғ, кетидан икки ҳарбий кирди. Бири, ёшроғи,¬ лагер бошлиғи Коваленко, каттароғи кон бошлиғи Рябов эди. Рябов авиациячилар чакмонида – мениинг чакмонимда эди. Чакмон Рябовники эканини зўрға фаҳмладим.
Коваленко ўзи олиб келган чўкични ўйнатиб печкага ташланди. – Яна қозончами! Мен ҳозир сизга қозончани кўрсатиб қўяман! Ифлос ёвғон қайнатишни кўрсатаман! Нон, ушоқ ва карам баргли ёвғон солинган қозончаларни ағдариб ташлади ва чўкич билан ҳар бирининг тагини тешиб чиқди.
Рябов печка қувурида қўлини иситарди: – Қозонча бор – демак, куйди-пишди нарсаси бор – чуқур маъноли фикр билдирган бўлди кон бошлиғи – бу, биласизми, тўқлик, фаровонлик белгиси.
– Нималар пишираётганини билсанг эди,– деди Коваленко қозончаларни тепа туриб.
Бошлиқлар чиқиб кетишгач, биз мажақ бўлган қозончаларни ажратиб, ҳар биримиз ўзимизга тегишли озиқни: мен – мевани, Синцов – ивиб, бўккан нонни, Губарев бўлса карам барглари увоқларини теришга тушдик. Барини бирдан еб қўя қолдик. Айтишади-ку, ютганинг ўзингники, оғзингдаги гумон деб.
Мен бир неча мева ютибману ухлабман. Оёқларим исишидан олдин ухлашни алақачон ўрганиб олгандим, бир пайтлар шундай қилолмасдим, лекин тажриба, тажрибада гап кўп… Бир чимдим уйқу ҳамма нарсани унуттиради.
Ҳаёт тушдай қайтди – тағин эшиклар очилди: ерга, баракнинг охирига қадар етиб борган оқ буғлар, янгилигидан, кийилмаганидан ачиб кетган калта пўстинлар, ерга ағанаб тушган, лекин жонли, қимирлаётган, хуриллаётган нимадир. Навбатчи ҳеч нарса тушунмай ўнбошиларнинг пўстинларига эгилганича қотган.
– Сизнинг одамингизми? – Назоратчи ерда ифлос латтага ўралган нарсани кўрсатди.
– Бу Ефремов, – деди навбатчи.
– Бировнинг ўтинини қандай ўғирлашни билиб қўйсин.
Ефремов анча вақт, олиб кетишгунча ёнимдаги нарада ётди ва ногиронлар шаҳарчасида ўлди. Унинг ичак-чавоғини олишди – конда бу ишнинг ҳадисини олганлар кўп эди. У шикоят қилмасди, тинчгина инграб ётарди.

Русчадан Сайди Умиров таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2008 йил, 5-сон


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!