Тэлмиж Пауэлл. Ягона гувоҳ (ҳикоя)

Ярим кечаси Марко Крюгерникига нимадандир қўрқиб кетган Тимоти Уоткинс кириб келганида унинг аҳволини кўриб, Марко хурсандлигидан табассумини зўрға яширди. Ўзини хавотирлангандек ва ҳамдарддек кўрсатиб, кутилмаган меҳмонни меҳмонхонага бошлади.
Ўзини ҳеч бўлмаганда ёрдам бермоқчидек қилиб кўрсатиши керак. Қолаверса, улар Тимоти билан дўст эдилар. Тўғрироғи, кўпчилик шундай ўйлашади. Лекин Марконинг ўзи бошқача фикрда. Албатта, Тимоти унинг фирмасини сотиб олди ва қарзларини узишда ёрдам берди. Бундан ташқари, ҳақиқий дўст сифатида Марко Крюгер севадиган малласоч гўзал мисс Шарон Рэндаллни ундан «олиб қўйди”. Буларнинг бари учун Марко Уоткинсни кўрарга кўзи йўқ эди. «Балки ҳисоб-китоб қилишнинг айни пайтидир”, деб ўйлади умид билан Уоткинсга боқаркан.
Уст-боши кир меҳмоннинг қўлтиғидан меҳрибонлик билан ушлаб, уни диванга ўтқазди.
– Мен бошқа ҳеч кимга… – тўнғиллади Тимоти Уоткинс. – Нима бўлганини кимгадир айтишим керак эди. Йўқ, менимча, кетганим маъқул…
– Беманиликни бас қил! – дея қичқирди унга Марко Крюгер душманини нима бунчалик ларзага солганини жуда ҳам билгиси келиб. – Келиб тўғри иш қилгансан. Ахир биз дўстмиз-ку…
Тимоти Уоткинс бир неча бор нимадир демоқчи бўлди-ю, аммо бўғзидан қулқуллаган товуш чиқди, холос.
– Марко, – ғамгин пичирлади у, – мен одам ўлдирдим.
– Нима?! – омади келганига ишонмасди Крюгер.
– Мен уни сўнгги лаҳзада, машина ғилдираклари остига кирганидан кейингина илғадим.
Марко хурсандлигидан бақириб юборгиси келди. У ўзини зўрға қўлга олди, хўмрайиб меҳмоннинг ёнига ўтирди ва қўлини унинг елкасига қўйди.
– Менга ҳаммасини бошидан гапириб бер-чи, Тимоти. Қандай қилиб одам уриб юбординг?
– Мен аралаштиришни истамайман… – тўнғиллади Уоткинс.
– Навбатдаги сафсата, – гапиргани қўймади уй эгаси ва унинг елкасига секин туртиб қўйди. – Унда нега сенингча дўстлар мавжуд?
Тимоти Крюгерга миннатдорона боқди ва унинг кулранг кўзларига ёш тўлди.
– Биз мисс Рэндалл билан кечки овқатдан олдин биттадан коктейл ичдик.
– Сен мисс Рэндаллникидан уйга қайтаётганмидинг, Тимоти?
– Ҳа, қайтаётгандим ва у ҳақида, ажойиб кеча ҳақида ўйлаб кетаётгандим. Мендан олдинда узоқда, чорраҳада юк машинаси тўхтади. Бир неча секунддан кейин у йўлида давом этди. Ҳайдовчи йўловчини туширганини мана ҳозир тушундим, лекин ўша пайтда бунга эътибор бермабман. Мен… мен уни чорраҳага етганимда, олдимда худди ердан чиққандек пайдо бўлганидагина пайқадим. У йўл четида турганди ва овоз берди.
Мен тормозни боссам-да, машина сирпаниб кетди. Ўша пайтгача шундай катта тезликда кетаётганимни хаёлимга ҳам келтирмаган эканман. Хаёлимда машина ҳозир ағдарилиб кетадигандек туюлди ва мен рулни бошқа томонга бурдим. «Форд”им йўл четига чиқиб кетди. Кейин эса металл гўшт ва суякка урилганда чиқадиган овоз эшитилди…
Машина тўхтаган жойда ундан тушдим. Йигит ҳеч қаерда кўринмасди. У худди ёмғирли кечадаги саробга ўхшарди. Кейин тақиллаган овозни эсладим ва қўрқувдан қалтираб кетдим. Бардачокдан фонарчани олдим ва орқага югурдим…
– Ва сен уни топдинг?
– Ҳа, – бош силкиди Тимоти, бошини қўллари билан қучоқлаб. – У йўл бўйида ўсган буталар орасида ётарди. Боши атрофида қон кўлмак бўлиб ёйилиб кетган… Ишончим комил, у ўлгани аниқ.
– Қаердан бунчалик ишонч? Сен пастга тушиб, унинг нафас олаётганми, йўқлигини текшириб кўрдингми?
– Йўқ, – Тимоти Уоткинс секин бошини кўтарди. – Мен фақат ўйладимки, шунча кўп қон бўлса… Мени ваҳима босди, шекилли. То сен менга эшик очгунинггача бўлган воқеаларнинг барчасини ғира-шира эслайман. Йўқ, у бундай жароҳат билан тирик қолиши мумкин эмасди.
– Кўп из қолдирдингми? – яширин умид билан сўради Марко.
– Мен… мен билмайман.
– Унда у ерга бориш ва текшириш керак.
– Марко, сени бунга аралаштиришни истамайман…
– Бу ҳақда унут, – унинг гапини қатъий бўлди Крюгер ва кўзидаги қувонч учқунларини Тимоти кўрмаслиги учун тезда ўгирилди. – Ахир биз шериклар ва дўстлармиз. Шундай эмасми?
– Биласанми, доимо менга нисбатан адоватдасан, деб ўйлардим, – Тимоти секин ўрнидан турди. – Мени ич-ичингдан ёмон кўрсанг керак. Чунки сендан қизингни тортиб олганман, бундан хафа бўлишинг турган гап…
– Тимоти, одамлар ҳақида бундай ёмон фикрда бўлма, – юмшоққина ўпкалади ундан уй эгаси. – Мен ундай одамлардан эмасман…
– Воқеа мана шу ерда юз берди, Марко, – пичирлади Тимоти Уоткинс ва тормоз босди. Пичирлаб гапирмаса ҳам бўларди, чунки атрофда бирор тирик жон йўқ эди. – Фақат йўлнинг нариги тарафида. Мен шаҳарга кетаётган эдим.
Машинадан тушаётиб Марко Крюгер фонарчани қўлига олди.
– Ҳалокат чироқларини ўчирма, – буюрди у. – Бирор машина кўрсанг, тушгин-да, капотни оч, худди машинанинг бирор жойи бузилгану сен тузатяпсан.
– Марко…
– Биламан, биламан. Раҳматни кейин айтасан.
Крюгер йўлни тезлик билан кесиб ўтди ва оёғи тагини ёритиб пастга туша бошлади. Мана буни омад деса бўлади, дея завқ билан пичирлади у. Тақдир унга рақибидан қутулиш ва ҳаммаси учун ўч олиш имкониятини берди. Бундай имконият ҳаётда бир марта келади. У нафақат бизнесини, балки қизини ҳам қайтариши мумкин. Албатта, Тимоти мурдани олиб кетмасидан туриб полицияга хабар беришига тўғри келади. Ҳа, полициясиз иш битмайди чоғи. Ҳечқиси йўқ. Қонунга итоатли фуқаро сифатида шундай қилиши ҳам керак. Қонун – қонун-да.
Энг қизиғи шунда эдики, агар Тимотини ваҳима босмаганида у бирозгина қўрқувдан дарҳол қутулган бўларди. Энди эса у тамом.
Марконинг шодлиги ўрнини борган сари ғазаб эгаллаб борарди. Унинг ёрдами билан Тимоти Уоткинс тортиб олган нарсаларини яқинда қайтариб олиши мумкин бўлган мурда қаёқда қолди?
Ниҳоят, Марко эзғиланган бута ва бир неча синган шохчаларни кўрди. Ҳар ҳолда бу Тимоти уриб юборган одам йиқилган ўша жой бўлса керак. Лекин унинг ўзи қани?! Ерда мурданинг изи қолган, лекин жасад йўқ эди. У ўрмалаб кетган бўлса керак. Нам барглар у буталар орасидан чиқиб кетган йўлни кўрсатиб турарди.
Крюгер бошини ғамгин чайқаб қўйди. Кўнглида уни аямасдан алдашгандек бир туйғу пайдо бўлди. У худди жабр кўрган одам оғриқни ҳис қилганидагидек афтини бужмайтирди ва сўкиниб базўр оёққа турди. Одам йиқилган жойдан бир неча фут нарида қон теккан рўмолча ётарди. Афтидан, у тўхтаган, бошидаги жароҳатга рўмолчани қўйган ва нафасини ростлаб олиб, бор кучини йиққанча олға ҳаракатланган бўлса керак.
Маркода ҳалиям жабрдийда ҳушини йўқотиб йиқилган ва ўлган, деган умид ёниб турарди. Шу дамда у мурдани кўриш учун кўп нарсасини беришга тайёр эди.
Аммо ҳеч қандай жасад йўқ эди. Йигит ўзига келган ва ғойиб бўлганди. Марко Крюгер буни тан олишни истамас, аммо фактлардан кўз юмиб бўлмайди. «Ўзи бу дайдилар, – ғазабланиб ўйлади у, – бошқа одамларга ўхшашмайди. Санғи итга ўхшаб яшашади. Эҳтимол, у йўлгача судралиб чиққан, машина тўхтатган ва ҳозир бирор шаҳар шифохонасининг иссиқ ва шинам хонасида дам олиб ётгандир. Полициядагилар албатта, уни машина уриб юборгани тўғрисидаги ҳикоясига қулоқ солиб ҳам ўтиришмайди ва тезроқ шаҳардан «қуриш”ини буюришади”.
– Марко?
Марко Крюгер бошини кўтарди. Йўл тепасида Тимотининг гавдаси кўринди.
– Марко, хўш, қалай?
Манфур душманининг овозини эшитиб, Марко ғазабдан тишларини ғичирлатди. Тимоти Уоткинсдан қутулишни қанчалик истаётгани ва тақдир уларнинг устидан қанчалик бешафқат кулгани унга энди янада аниқроқ кўринди.
Шунда Крюгернинг хаёлига ярқ этиб бир фикр келиб қолди. Унинг бу ерда ёлғиз экани ва ҳеч қандай жасад йўқлигини Тимоти билмайди-ку? У дарҳол фонарчани ўчирди ва секингина жавоб берди:
– Машинага қайт, Тимоти. Шу ердан ўтиб кетаётган бирор ҳайдовчи сенга эътибор қаратишини истайсанми? Сен нима, ақлдан озганмисан? Тезроқ кет. Мен ҳозир чиқяпман.
Марко Крюгер машина олдига қайтганида маъюс Уоткинс рулда ўтирарди.
– Бу ердан тезроқ кетайлик, Тимоти.
– Нега у ерда узоқ қолиб кетдинг?
– Вой, Худойим, ҳечам узоқ эмас! Сенга шундай туюляпти. Мен ўша шахсни топишим ва кейин нима қилиш кераклигини ҳал этишим лозим эди. Уни қандай қилиб олиб кетиш керак, қаерга яшириш керак, шулар ҳақида ўйладим.
– Демак, у…
– Бундан ёмони бўлмайди, – тасдиқлади Марко.
Тимоти бошини рулга қўйди ва унинг ичидан бўғиқ хўрсиниқ чиқди.
– Бундай бўлганидан афсусдаман, – ҳамдардлик билан уф тортди Марко Крюгер.
– Энди мен қотилман, Марко.
– Сенинг ўрнингда бўлганимда…
– Қотил, – такрорлади Тимоти ва кутилмаганда рулни муштлай бошлади. – Мен қотилман… Ва доим шундай бўлиб қоламан.
– Ўзингни қўлга ол. Ҳаммасини пухта ўйлаб олишимиз керак.
– Бир соат олдин, – деди фиғонини ютиб Тимоти Уоткинс, – мен гуллаган фирмага ва суюкли ёрга эга қонунга итоатли тадбиркор эдим, энди эса мен қотилман. Ва бу тамғани умримнинг охиригача кўтариб юраман. Нима қилмай, бари бир қотиллигимча қолавераман.
– Сен ҳақсан, Тимоти! – Марко ошнасининг елкасидан ушлаб, уни қаттиқ силкиди. – Бунга кўникишинг керак.
– Марко, полицияга боришдан қўрқяпман.
– Нима, сен бутунлай ақлдан оздингми? У ерга боришинг керакмас. Сенинг ўрнингда кирди-чиқди одам бўлсагина полицияга боради. Унутма, сен анавини уриб юборганингда маст бўлгансан. Сени ўша заҳотиёқ қамаб қўйишади.
Тимоти Уоткинс титраб кетди ва яна бошини рулга қўйди.
– Чеҳрангни оч, дўстим! – унинг елкасига урди Марко. – Ҳали умид сўнгани йўқ. Йўли бор.
– Йўли бор? – ишонқирамай сўради Тимоти.
– Албатта. Қутулишингга ёрдам бераман. Ахир биз дўстлармиз.
– Аммо қандай?
– Меникига қайтамиз. Мен сенга ҳозирда бор бўлган ҳамма пулимни бераман. Сенда вақт масаласида катта имконият бор. Мурдани топишганида эса сен аллақачон узоқларда бўласан. Ҳеч ким тута олмайди.
– Сен менга қочишни маслаҳат беряпсанми?
– Ўзингда бундан кўра яхшироқ ғоя борми, Тимоти?
– Лекин унда мен ишимдаги улушимни ҳамда севган қизимни йўқотаман…
– Бу дунёда бошқа ишлар ва бошқа қизлар жуда кўп. Сен улушингни ва қизингни йўқотасан, Тимоти, аммо кейинги йигирма йилингни озодликда ўтказасан. Албатта, сен буни бизнесинг ва қизингдан афзал кўрсанг… – Марко Крюгер очиқ-ойдин елкасини қисди, худди жавобгарликни ўзидан соқит қилмоқчидек. – Мен сенга ҳали нимани қутқариш мумкин бўлса, ўшани қутқаришда ёрдам бермоқчиман. Мен ягона йўлни кўряпман – мумкин қадар тезроқ ғойиб бўлиш ва бу ерларга ҳеч қачон қайтиб келмаслик. Сен бунга ақл билан ёндаш, Тимоти. Бу фожиа ҳам, қиёмат қойим ҳам эмас. Сен бундай ҳолга тушган биринчи одам эмассан ва охиргиси ҳам.
Тимоти Уоткинс бироз тинчланди. У бошини кўтарди, оғир нафас олди ва моторни юргизди. Худога шукр, ўйлади Крюгер, яхшиям машина салони қоронғи ва Тимоти унинг юзидаги қувончни кўрмайди…
Улар лифтда бешинчи қаватга кўтарилишди. Марко калит билан эшикни очди, Уоткинсни меҳмонхонага бошлаб кирди ва чироқни ёқди.
– Чеҳрангни оч, Тимоти! – кулди у, шеригининг қўлини қаттиқ сиқиб. – Икки минг мил узоққа кетасан, фамилиянгни ўзгартирасан ва янги ҳаёт бошлайсан. Бир ҳафтадан кейин бугунги оқшом сенга қўрқинчли бир тушдай туюла бошлайди… Энди бориб кўрай-чи, ёнимда қанча пул бор экан?
Тимоти аста деразага яқинлашди, уни очди ва кечки тоза ҳаводан чуқур нафас олди. Ёмғир тўхтаган, ташқарида осойишталик ҳукм сурарди.
– Беш юз долларга яқин экан, Тимоти, – деди Марко. – Кўп эмас, албатта, аммо тежаб ишлатса, узоқроққа кетишга етади.
Уоткинс пулни лоқайдлик билан олди, худди бунинг нима эканини англамагандай ва чўнтагига солиб қўйди. Унинг лаблари очилиб, ғамгин жилмайди.
– Қотил… – деди ўйчанлик билан. – Биласанми, Марко, қачонки биринчи руҳий зарба ўтиб кетсагина, кўп нарса ўзгаради.
– Бу ҳақда ўйламасликка ҳаракат қил, Тимоти, – маслаҳат берди Марко Крюгер.
– Нега? Қотилликдан сўнг инсон ҳаёти умуман бошқача қийматга эга бўлиб қоларкан. Тўғрироғи, қиммати умуман қолмас экан.
– Тимоти, сен учун ҳар дақиқа ғанимат… – қайғурди Марко.
– Фирмани ва Шаронни қолдиришга тўғри келади, деган фикрга ҳечам кўниколмаяпман, Марко. Айниқса, ҳалиги жиҳатни назарга олганда ўша дайди билан мени биргина нарса боғлаб турибди. Ёмғир шубҳасиз йўл четидаги шина изларини ювиб кетди. Туфлини ёқиб юборишга эса беш дақиқа кифоя. Ва шунда битта нарса қоляпти, Марко. Сен қоляпсан. Сен – ягона гувоҳсан.
Крюгер оғиз жуфтлаб улгурмай, Уоткинс унинг жағига кучли мушт туширди. Сўнг эса полга йиқилишига йўл қўймай, қўлтиғидан олди ва деразадан пастга итариб юборди.
Квартирадан кетишда Тимоти дераза тагидаги гиламни жойидан қўзғатиб бироз суриб қўйди ва қаноат билан бош силкиди. Энди ҳар қандай изқувар Марко Крюгерни гиламда сирпаниб, деразадан пастга қулаган, деган хулосага келиши тайин.

Рус тилидан Отабек Ғайбуллоҳ таржимаси