Тариқ Дурсун Какинч. Ота (ҳикоя)

Мен отамни жуда кам билардим, уни кўрганимга жуда анча вақт бўлган, шунинг учун ҳам у яхши одам бўлганмиди ёки жуда ёмонмиди, тайин-тахсирли бирор нарса дейишим қийин. Болаликда ҳамма отасини телбаларча ва ҳаттоки кўр-кўрона севади. Мен ҳам отамни жон-дилимдан яхши кўрардим. У вақтда биз яхши яшар эдик — отам молия бўлимида хизмат қиларди. Кечқурунлари онам дастурхонни айвондаги столга тузарди. Бу ердан худди бутун шаҳар оёғимиз остига ястанганга ўхшаб туюларди. Отам дилкаш, паст овозда қўшиқ айтарди. Онам қўли қалтираганча ароқ қуярди. Ароқ кашта тикилган дастурхонга тўкилар, шунда отам онамнинг қўполлигидан хахолаб куларди.
Отам уйни, яни онамни ҳамда иккита боласини ташлаб кетганида мен етти ёшда эдим. Мен бу вақтда мактабга қатнардим. Куз кунларидан бирида боғчада биз тўрт киши бўлиб — Гулсефи хонимнинг ўғли, Дога, Ремзи ва мен — ошиқ ўйнаётгандик, отам келиб қолди. У тош тўсиқ ортидаги анор дарахти остида турганча бизнинг ўйинимизни кузатарди. Дога иккаламиз уришиб қолдик. У менинг учта ошиғимни олиб қўйганди. Отам тўсиқдан боғга сакраб тушиб, бизнинг олдимизга келди. Жаҳлдан кўкариб, одобсизларча сўкинардим. Агар ёнимда отам бўлмаганда, Дога таъзиримни бериб қўйиши турган гап эди.
— Хўш, нимани талашяпсизлар? — деб сўради отам.
Дога еб қўйгудек бўлиб менга қаради.
— У сўкяпти.
— Ошиғимни бер! У менинг учта ошиғимни олиб қўйди.
Отам қўлини худди улар тенгдош ўртоқдай Доганинг елкасига қўйди. Отамнинг қўллари худди аёлларникига ўхшаш оппоқ, узун бармоқли, шунингдек, кучли.
— Ахир, у сендан кичкина-ку, Дога, — деди отам. — Кейин, у ҳеч қачон бу ёмон сўзларни қайтармайди. Тўғрими?  — Отам менга ўгирилди.
Мен хоҳламайгина: «Ҳа», — деб тўнғилладим. Отам чўнтагимдаги ҳамма ошиқларни чиқардида, уларни Догага берди. У бўлса уларни чангаллаганча қочиб кетди. Менинг эса жон-поним чиқиб кетди.
— Нега ошиқларимни унга бердингиз?
Отам қуёш нурига йўғрилиб турар, унинг юзи ялтирарди.
— Бундай аҳмоқона ўйинларни ўйнашни бас қил.
— Лекин бошқалар ўйнашяпти-ку?
— Бошқалар ўйнаса ўйнайверсин, сенга эса ярашмайди. Ахир, сен мактабга борасан-ку. Улар-чи?
— Улар ўқишмайди.
— Ана кўрдингми! Мактабга борадиган болалар ошиқ ўйнашмайди.
— Бўлмаса улар нима ўйин ўйнайдилар?
— Ҳеч қанақа. Улар ўқишлари, дарс қилишлари керак.
— Бутунлай ошиқ ўйнамасликлари керакми?
— Бутунлай!
Отам менинг қўлимдан ушлаб олди ва биз Гулсефи хонимнинг зайтунзори орқали кета бошладик. Отамнинг эгнида тўқ ҳаворанг костюм, оқ йўлли ҳаворанг кўйлак бўлиб, галстук тақмаганди, ёқаси тугмаланмаганди.
Биз сербутоқ анжир дарахти остида тўхтадик. Бу ердан кўз илғамас денгиз ва кемалар у ёқдан-бу ёққа қатнаётган кўрфаз худди кафтдагидек яққол кўриниб турарди, Биз отам билан ёнма-ён ўтирдик — унинг оёғи меникига тегиб турарди.
У портсигаридан сигарет олиб, гугуртни олифталик билан ёқиб тутатди. Унинг кўзларини гўё соя беркитиб қўйганга ўхшарди.
— Дада…
У бошини кўтарди-да, маъносиз кўзларини менга тикди.
— Хўш?
Мен ҳеч нима демадим. Биз индамасдик. Чаталқой томондан, кўрфаз тутаган жойда пароход пайдо бўлди.
— Қизиқ, бу пароходлар қаёққа кетишяптийкин?
— Қанақа пароходлар?
Ҳозиргина қирғоқдан узоқлашган кемани бармоғим билан кўрсатдим. У худди қиз боладек ихчам ва улуғвор эди.
— Уми? Истамбулга кетяпти.
Балки, у ҳақиқатанам Истамбулга бормаётгандир. Балки, у бошқа мамлакатга, ҳатто номини ҳам эшитмаганим бошқа шаҳарга, қандайдир бошқа Истамбулга кетаётгандир. Лекин отам: «Истамбулга кетяпти»,— деди ва ортидан:
— Бу шаҳарнинг қанчалик гўзаллигини билганингда эди!—деб қўшиб қўйди. — Мачитлари ҳам кўп, одамлари ҳам.
— Бу ердан ҳам чиройлироқми?
— Бу ҳақда сўз ҳам бўлиши мумкин эмас. У ердаги магазинлар ҳам том маънода улкан, кемалари ҳам бизларникидан каттароқ. Ундан кейин, у ерда кўприклар бор.
— Ана шу кўприклар қандай қурилган, а, дада?
— Жуда оддий. Катта бўлганингда Истамбулга бориб ҳаммасини ўз кўзинг билан кўрасан.
Бизнинг уйимиз билан ёнма-ён бўлган уйдан бир эркак чиқиб келди. У бизни узоқданоқ кўриб: «Ҳой!»— деб чақирди. Отам ўрнидан турмасданоқ, тутаётган сигарета қистирилган қўлини силкиб қўя қолди. Бу Ремзининг отаси эди.
— У ерда нима қиляпсизлар?
— Ўтирибмиз.
Эркак кулимсиради-да, ўз йўлига равона бўлди.
— Нега энди биз Истамбулга бормаяпмиз? — деб сўрадим.
— Мана шундай, бормаймиз-да…
— Нега, бу ерда яхшироқми?
— Йўқ, бунинг учун эмас. Шундай, бормаймиз…
— Балки, у ёққа боргингиз келмаётгандир-а?
—Боргинг келмаяпти, дейсанми? Кимнинг ҳам Истамбулга боргиси келмас экана?
Биз бир-биримизга беихтиёр тикилиб қолдик. Дадамнинг кўзидаги соялар янада қуюқлашиб, натижада улар бутунлай сим-сиёҳдай бўлиб қолди.
— Ундай бўлса, нега кетмаяпсиз?
У бошини эгдида, тишлари орасидан бўғиқ овозда тўнғиллади:
— Кетаман.
Мен севиниб кетдим.
— Мениям олиб кетасизми, дада? , — Сенга мумкин эмас.
— Нега энди?
— Сен ҳали кичкинасан. Сенга у ерда ким қараб туради?
— Ойимни олиб кетамиз.
— У бормайди.
— Мен сизга ҳечам халақит бермайман. Мен ҳам ишлайман.
У оҳиста жилмайиб қўйди.
— Сен мактабни тугатишинг лозим. Мактабни акангга ўхшаб аро йўлда ташлаб кетиш ярамайди. Агар ўқиб билим олсанг, катта одам бўлиб етишасан.
Ердан тош олдим-да, бор кучим билан Ремзиларнинг черепица томига улоқтирдим.
— Ўқишни хоҳламайман! Катта одам бўлишни истамайман. Сиз билан Истамбулга боришни хоҳлайман.
У елкамдан қучиб, бошимни силади. Юрагим гупиллаб уриб, чаккамда қон гупирганини ҳис қилдим. Дадам узуқ-юлуқ овозда:
— Ҳозир кетаман-да, кейин сени чақиртириб оламан, — деди.
Мен унинг юзига қарадим. Унинг кўриниши қатъий қарор қабул қилган одамникига ўхшаб жиддий тус олган эди.
— Ростданам мени чақириб оласизми, а, дада?
— Албатта, чақиртираман. Фақат ўзим жойлашиб олайчи…
— Қачон кетмоқчисиз?
— Билмайман.
Мен бирдан Истамбулга кетаётган кемани тасаввур қилдим. Мана у уфқ ортида кўздан ғойиб бўлди. Унинг ортидан зўр-базўр кўз илғайдиган из чўзилиб борарди… Отам — мана шу кемада Истамбулга кетяпти. Мен эса қолдим. Яккаю-ёлғиз…
Мен жон ҳолатда отамнинг қўлини ушладим.
— Кетманг! Кетмай қўяқолинг, дада…
Овозим титрарди. Мен ўзимни бениҳоя кичкина, ҳимоясиз сездим.
— Сиз ахир кетмайсиз-ку, тўғрими?
Унинг лаблари қийшайиб, худди йиғлаб юборадигандек башараси тиришди.
— Кетмайман… Ўша Истамбулга бориб нима ҳам қилдим?..
Унинг овози ҳам худди меникидек қалтиради. Шунда мен чидаб туролмадимда, йиғлаб юбордим, томоғимга юмалоқ нарса тиқилиб қолди. Мен энди ҳўнграб йиғлаб юбордим. Отам кўзимни кафтининг орқаси билан артди-да, иккала қўли билан бошимни ушлаб олди.
— Бўлди, йиғлама, тинчлан. Кап-катта болага йиғлаш уятмасми?
У яна кўз ёшларимни артиб қўйди.
— Сен ахир катта бўлиб қолдинг-ку. Ёки ҳалиям кичкинамисан?
Мен индамадим. У биринчи бўлиб ўрнидан турди-да, мени кўтарди. Биз зайтунзорни оралаб ўтиб, оҳиста қияликдан пастга туша бошладик. Биз пастга тушган саримиз, денгиз шунчалик юқори кўтарилиб борарди, у билан бирга порт, кемалар ҳали-ҳозирча кўздан йўқолмаганди.
Боғда анор дарахти остида болалар ўтиришарди. Отамни кўриб, улар зумда ўрниларидан сакраб туришди. Иброҳим тўппа-тўғри отамнинг олдига кела бошлади. Биз тўхтадик.
— Хўш, нима гап? — деб сўради отам.
— Холидбей амаки…— дея Иброҳим гап бошламоқчи бўлди-ю, тутилиб қолди.
— Хўш?
— Демак, бу… ўғлингиз бугун мени урди. Отам жиддий тусда қошларини чимирди.
— У сени нега урди?
Иброҳим тумшайиб, елкасини қисди.
— Мен қаёқдан билай! Шундай, бекордан-бекорга. Ўзи ҳайдашни хоҳламайдида, нуқул мени мажбур қилади.
— Шу гап тўғрими? — деб сўради дадам. Мен бошимни эгдим.
—    Ҳа.
— Мен кечқурун унинг адабини бериб қўяман,— деб ваъда қилди дадам Иброҳимга. — Қулоғидан тортиб деворга михлаб қўяман. Энди у сенга тирноғиниям тегизмайди.
Севиниб кетган Иброҳим бошқа болаларнинг олдига кетди. Биз дадам билан йўлимизда давом этдик, кета туриб Иброҳимга: «Сен ҳали бу қилиғинг учун жавоб берасан!»— дедим. У жавобан тилини кўрсатди.
Уйимизга буриладиган жойда дадам қўлимни қўйиб юборди. Унинг терлаган кафтидан менинг қўлим ҳам намиқиб қолди, мен уни мактаб фартугимга артдим. Мен нима деркин, деб дадамга қараб турардим. У чўққайиб ўтириб, курткамнинг ёқасидан ушлаб қисдида, кейин қўйиб юборди.
— Сен энди катта бола бўлиб қолдинг. Уришқоқ болалар билан муштлашишни йиғиштир, ошиқ ўйнашни ҳам бас қил. Ундан кўра кўпроқ шуғулланиб, дарсларингни тайёрлагин. Яхши ўқисанггина одам бўлиб чиқасан. Тушундингми?
— Тушундим.
— Агар одам ўқимаса, фаррош ёки ҳаммол бўлиб, қийинчиликда кун кўради.
У мени ўпди. Отамнинг қуп-қуруқ, қайноқ лаблари, гўё иккала ёноғимни куйдиргандек бўлди. У чўнтагидан ўн қуруш олиб кафтимга қистирди:
— Ола қол, фақат ошиқ сотиб олмагин. Эртага якшанба. Кинога тушгин, қолган пулингга эса ерёнғоқ олиб ерсан.
Мен унинг ортидан қараб турардим. У худди мендан қочиб кетаётгандек орқасига қарамай, тез-тез қадам ташлаб борарди. У Япиджиоғлига тушди-да, кейин Намозгоҳга олиб борадиган йўлга бурилди.
Мен бахтсиз, эзилган, қаҳрга минган ҳолда болалар турган жойга йўналдим. Иброҳим мени кўра солиб уйига жуфтакни ростлаб қолди.

Ҳикоят Маҳмудова таржимаси