Тариқ Буғро. Ўғлимиз (ҳикоя)

Хотиним ғира-шира кўрина бошлаган дераза токчаси олдида ўтирарди. Бутун кечани ўша жойда ўтказибди, бечора.
 “Сен, шу пайтгача ётмадингми?” -дедим.
Қаддини ростлади. Кул ранг дераза токчаси ёнида бор-йўғи бир кўланкадан иборатдек кўринарди. Аммо бу кўланкада бирга ўтказган йигирма йилдан ортиқроқ умримизнинг ҳар бир кунидан нималардир бор эди.
 “Азон ўқиляпти,” дея пичирлади.
 Овозида қандайдир маҳзунлик бор эди. Гўё уйимиз бу дунёдан батамом олислаб, ҳатто ҳис-туйғулар ҳам етиб бора олмайдиган даражада узоқлаб кетгандек эди. Ва хотиним Қуръонда ваъда қилинган саодатни гўё беҳуда кутаётгандек эди.
 Юриш-туришларида ботиний мағлубиятнинг маҳзун сукунати сезиларди. Ошхонага ўтди. Уни гўё тушда кўраётгандек эдим. Сандал ва печкага кўмир солгандан кейин таҳорат олишга чиқди. Кейин жойномозни солиб намозга турди.
 Деразадан тонг оқаргани кўрина бошлади.
 Рангсиз, сокин ва салқин саҳар палласи. Ётоқнинг илиқлиги, лоҳас туйғулар, айқаш-уйқаш ўйлар… Хаёлларим паришон бўлганди.
 — Вой тавба-ей…
 — Ҳа, нима гап?
 — Келди-я…
 — Шукр, ниҳоят кепти-ку…
 Аммо масала фақат шундан иборат эмасди. Хотиним мени бунга умуман эътибор бермайди деб ўйлайди, чамамда. Ўзи айтмаса ҳам хафа бўлганини сезаман.
 — Индамай ўтираверасизми? Ахир бу учинчи марта қайтариляпти…
 — Хўш, нима қилай, айтгин?
 Нима қилиш кераклигини ҳақиқатан билолмайман. Аммо унга: “Eрта-перта ўзим гаплашиб қўяман,” — дейман чор-ночор.
 Қачон келади ўша эртанги кун?.. Осмон тиниқ мовий тусга кирган эди. Кун, яшашимиз керак бўлган яна бир янги кун бошланмоқда. Хотиним ҳақли. Бу муаммони тезроқ ҳал қилиш керак. Ўғлим ётоғига элан-қаран кириб бормоқда. Унга бу ишларнинг абаслигини тушунтиришим керак. Бунинг беҳуда исён эканлигини англатмоғим лозим. Ётоқдан сакраб турдим. Хотиним безовталаниб:
 — Қаттиқ гапириб юборманг-а, дадаси. Нима бўлганда-ям энди…
 Давомини айтолмади. Унга тикилдим. Кўзларидаги маънони англаш мушкул эди. «Оҳ, ўзимнинг ой юзли, қора сочли болам-а…» Эшикка яқинлашганимда хотиним елкамга чопонимни илди.

* * *

 Хонаси бинонинг кунгай томонида эди. Деразаси кенггина боғга қараган. Қаршидаги уй ортидан кўтарилаётган қуёш нуридан деворлар сарғиш-пушти тусга кирганди.
 Ва у ухлаб бўлганди.
 Кийимлари стол устида палапартиш сочилган… Пижамасининг устини киймабди. Ётоғининг ёнбошига оҳистагина ўтирдим. Ичимда ғалати ҳислар ғужғон эди. Унга қарай олмасдим, аммо ичим у билан тўлган эди. Ҳудди анча олдин бир марта бўлгани каби. У пайтлар кичкина бола эди. Терламага чалинган, иситмалаб алахсирарди. У буни ҳозир эсламайди албатта…

* * *

 Февралнинг қорли бир тунида туғилганди… Отамнинг қўлига тутқазганимда бутун вужудимни ғалати ҳиссиёт қоплаган эди. Унга исм қидирганимда муаззам қомус менга бўм-бўшдек туюлган эди. Унга энг чиройли, энг жарангдор ва коинот каби пурмаъно исм қўйишни хоҳлардим. Алоҳал Умар деб исм қўйдик. Бу исм ҳам унга жуда ярашган эди. Унинг исмида тарих саҳифаларига битилган барча Умарларнинг иқболини кўрардим.
 Илк кулиши… Илк тиши чиққан кун… Биринчи бор талаффуз қилган сўзи… Онасига томон, ёш, гўзал ва беҳад бахтиёр онасига томон ташлаган илк одимлари…
 Кейин еттига тўлган кун… Мактабга олиб борганимда роса йиғлаган эди… Гўё дунёсига уйдан бошқа жойни қўшишни истамаётгандек йиғлаган эди. Бироқ бундан қочиб бўлмасди. У ҳам бошқа болалар каби кўча, мактаб ва бозор орасида кун сайин қатъийлашадиган бўлинишга маҳкум эди.
 Ва ўн тўртинчи ёш. Қайсарликлар, иштаҳасизликлар… Бизга янги бир шерик, шерикларнинг энг енгилмаси… Хотинимнинг тугунмас ташвишлари ва менинг илк қайғуларим…
 Аввал мактабни, кейин университетни тамомлади. Ўша пайтлари уни бироз бўлса-да кам-кўстсиз яшасин дея хотиним тўйидан ёдгор уч-беш тақинчоғини сотганди… Ва у биринчи муҳаббатининг шафқатсиз якунидан саросимага тушди, бизни ҳам паришон қилди.
 Шу тариқа биз унга бор-будимиз билан боғланиб қолгандик, дунёмизнинг ҳудудини у билан боғлагандик.
 “Сен биздан бирданига узоқлашиб кетдинг. Муҳаббатимиз ортгани сайин сен биздан сиқилавердинг. Мен буни илғардим. Биз сени асрагимиз-авайлагимиз келарди. Сен эса “ўз ҳолимга қўймаяпти” деб ўйладинг. Аммо онанг…
 Мен билардим. Сен энди шу хоналарнинг бу тарзда безатилишини, ҳатто бу уйни ҳам умуман ёқтирмай қолгандинг… Учишни ўрганган полапондай кўзингни бошқа шохларга тиккандинг. Эҳтимол, эртангги кун ҳақида ўйлаётгандирсан, ҳашамдор уй, кенг хоналар… Ҳатто бизга аталган хонани ҳам унутмагандирсан, бунга имоним комил. Лекин менга шу эр этади, ўғлим… Бошқа жойнинг кераги йўқ. Бироқ онанг… Буни сен ҳам яхши биласан, баъзи-баъзида укаларингни қандай ўқитишинг, биз учун нималарни орзу қилганингни тўлиб-тошиб айтиб берасан. Фақат нега бир-биримиздан яширишимиз керак?! Сен орзуларингни айтаётганингда овозингда титроқ пайдо бўлади, бўғзингга нимадир тиқилгандай бўлади… Чорасизлик деган балонинг азоби шунчалик оғир бўладими, болам… Аммо сен бу нарсалар учун ўзингни қийнама. Сен қўлингдан келганини қиляпсан, ҳаёт дегани шундай экан-да, на чора…
 Сенинг шу зормандага бунчалик ружу қўйганингни яхши тушунаман. Мубталосига айланмаслигингга ҳам ишонаман… Аммо онанг…
 Яна… Яна ташқарида нима қидираётганингни ҳам, уйда ўтиролмаслигингнинг сабабини ҳам жуда яхши биламан. Балки бирор бетайин ғалчадир. Мен уларни маломат қилмоқчи эмасман, ҳатто… Аммо онанг… Муштипар онанг шунақанги бетайинларнинг биттасига илакишиб қолишингдан қўрқиб юрагини ҳовучлаб ўтиради. Сен озроқ ҳаяллаб қолсанг ваҳимага туша бошлайди. Кўз қамаштирадиган кўча ва тунгги клубларни бир зумда эртаклардаги ялмоғизлар яшайдиган ғорларга айлантириб юборади.
 Аммо бу гапларнинг нима кераги бор? Гўё сен буларни билмайдигандек алжирашимни қара… Шу нарсалар туфайли қанчалик қийналаётганингни билмайманми? Онанг, мен… Сен бизга эътибор қилма. Ҳамма аҳмоқлик бизнинг ўзимизда. Гўё бироз бетоб бўлишингни кутаётганга ўхшаймиз. Ҳар доим бизга энг яқин бўлган кунлардагидек қолишингни хоҳлаяпмиз. Ўзгаришинг мумкинлигини тан ололмаяпмиз. Бор гап шу холос, болам. Мана шунинг учун ҳам сенга тик қарай олмаяпман, юзимни сен томон ўгира олмаяпман. Онанг ҳам шундай. Ҳозир биз сени уйғотолмаймиз. Чунки тан олишга иродамиз этмаса ҳам биламизки, энди сенинг ухлашинг ҳам ўзгарган. Авваллари бизни кутаётгандек ухлардинг. Ҳа, ўғлим, энди уйқунг ҳам ўзгарган. Ҳатто асл ўзгариш ухлашингда бўлди. Сен уйқуларингда ҳам биздан узоқлашдинг…”
 Бошимни ўгирдим. Унга боқдим. Унга қараётиб бодли қўлимга жон киргандек бўлди. Ичимга бирданига ёруғлик киргандай энгилладим. Гўё кўп йиллардан бери қидираётган қадрдонимни, сирдошимни топгандек бўлдим. Хурсандлигимдан ҳуштак чалгим келди. Қуёш уни безовта қилмасин дея дераза пардаларини тортиб қўйдим. Ўзимникига ўхшаган қалин ва қора соқолли юзидан секингина ўпиб ташқарига чиқдим.
 Нонушта пайти хотиним ҳамишагидай ўйга толиб ўтирарди. Мен эса кичик ўғлимнинг чойига унга кўрсатмасдан (ёқтирмаслигини билганим учун) лимон сиқиб қўйдим.

Турк тилидан Маъруфжон Йўлдошев таржимаси