Таҳсин Южел. Илҳом (ҳикоя)

Унинг кайфи йўқ эди, умри бино бўлиб оғзига ичкилик олмаганди. Бугун эса у манави мўъжазгина альбомни олиш учун эгилганда худди ичиб олгандек, боши айланиб, юраги дукиллаб уриб кетди. Альбом унинг кафтида ўз-ўзидан очилиб: «Ҳали шошмай тур, қандай мўъжизаларнинг шоҳиди бўласан!»—деяётгандек эди. У альбомдаги суратларни томоша қила бошлади: фируза самога бўй, чўзган бинафша ранг тоғлар, тоғ этагига қизил черепица томли уй жойлашган бўлиб, унинг деворларига узум новдалари чирмашиб кетган, мўрисидан осмони фалакка мовий тутун ўрларди: шундоққина ёнгинасидаги ям-яшил дарахтлар орасидан сўқмоқ ўрмалаб кетган, сағал нарироқдаги ариқчада кўккўз ўрдаклар сузиб юрарди; бинаф-шаранг тоғлар ортида — қуёш ё чиқяпти, ё ботяпти; қуёшга пешвоз қора-оқ қуш учиб келяпти.
Ток новдаларига чулғанган мана шу уйнинг қўри қалбини илитдими ёки бошқа нарса сабабми, расмга маҳлиё бўлганча турган жойида қотди-қолди. Қалби ларзага келиб, остин-устун бўлиб кетганидан расмдаги манзарага қараб тўймасди. У бундай қараганда кўз илғамайдиган, лекин тасаввур қилишгина мумкин бўлган нарсаларни ҳам кўрарди. У дунёдаги барча нарсаларни унутиб, расмни томоша қиларди. У расмга қараб, бинафшаранг тоғда очиладиган гулларнинг хушбўй исини туярди. У расмга қараб, боши айланарди. У расмга қараганча, сўқмоқдан қуёшга пешвоз қадам ташларди. Бундай аҳволда бош айланмасдан бўларканми.
Ёнгинасида ғийқиллаганча машина тўхтади. У бир чеккага сакради. Ўзига келиб йўловчиларни, автомобиллару трамвайларни кўрди. Машина ойнасидан малла таксист бошини чиқариб:
— Туя! Яхшиси, йўлнинг ўртасига ётиб ола қолмайсанми,— деди.
Кейин астар-пахтасини ағдариб сўкди. Такси ўз йўлига кетди. У машина муюлишда кўздан ғойиб бўлгунча ортидан қараб қолди.
— Шофёрларга ҳам ҳайронсан, одамларга бекордан-бекорга тирғалишдан бошқа ишлари йўқми, нима бало.— дея минғирлади.
Яна альбомни томоша қила туриб, муқовасида санасини кўриб қолди: альбом тўрт йил бадалида ўз хўжайинига хизмат қилганди, лекин кўриниши яп-янги эди. «Бечора, мактабда роса пўстагини қоқишадиган бўпти-да,— дея ўйлади у. — Қизиқ, у ўз альбомини қидирганмикин? Чиройлилигини қара-я! Балки, қидиргандир! Худо билсин, ҳозир ҳам қидираётгандир. Олдимга келиб: «Сен қизил муқовали альбомимни кўрмадингми?»—деб сўрайди. Бу фикрдан ҳатто кўнгли бузилиб кетди. У альбомни худди уни олиб қўйишларидан қўрққандек, кўксига маҳкам босди.
У альбомнинг қизил муқовасига худди болакай янги ўйинчоғига тикилгандай завқ-шавқ билан тикиларди. Кейин титроқ қўллари билан уни варақлай бошлади. Бир-икки варақ очганидан кейин у катта-катта қинғир-қийшиқ ҳарфлар билан ёзилган ёзувга кўзи тушиб қолди. Кун-бакун ўқувчи бир ёки икки сатрда гоҳ об-ҳаво ҳақида, гоҳ дарслар ҳақида маълумот берарди. «Бугун мактабга бормадим. Ҳаво яхши», «Ҳаво бузилди», «Яна баҳоларим ёмонлашди, диктантдан икки олдим». Ундан у ёғига сатрлар бир-бирига мингашиб кетганидан, ҳеч “балони ажратиб бўлмай қолди.
— Оҳ, бечора, бечорагина-ей!— дея пичирлади бу гал овозини чиқариб.— Ўлгудек ялқов экансан-ку, лекин, ҳар ҳолда, яхши йигит бўлсанг керак.
У кўзини ишқаб, атрофига қаради: ёнидан тинмай одамлар, машиналар ўтиб турарди. Лекин уларнинг бари туманга чулғанганга, гўё бошқа дунёга тушиб қолганга ўхшарди. Унинг яна боши айланиб, қалбини қандайдир ғайритабиий туйғу қамради. Негадир ўзининг болалиги эсига тушиб кетди. У расмга қараб тураркан, қулоғига болаларнинг чуғур-чуғури эшитилар, кўз олдида эса қора фартук тутган ўқувчилар липилларди.
Тўсатдан дили ёришиб, шоша-пиша чўнтакларини титкилаб қалам қолдиғини топди. Атрофига қараб, кўчанинг охирида нарвон кўриб қолдида, унга яқин келиб, супурги билан хокандозни ёнига қўйиб, зинасига келиб ўтирди. У қаламни лабига яқинлаштириб, учини ҳўлладида, тоза қоғоз юзида дадил юргизди. Қалам қоғозни йиртиб юборди. У жаҳл билан варақни йиртиб, ғижимлаб отиб юборди. Яна қалам учини ҳўллади. Ток новдаларига чулғанган мўъжазгини уй ҳамда мўридан чиқаётган тутунни, осмону фалакка интилган қушнинг расмини чизди. Чизганларига шоён диққат билан қаради, лекин унга ёқмади.
— Негадир ўхшамаяпти,— дея тўнғиллади ўкинч билан.
У бошини кўтариб шундоққина қаршисига қаради ва минора, унга туташган булутларни кўриб, бу ногаҳоний манзарадан ҳатто титраб кетди. Бу шундай гўзал эдики, таърифига тил ожиз! У мачитни томоша қилгани сари қалбини альбомдаги суратни кўрганида ҳис қилган ғай-ритабиий туйғу тўлдираётгандай, ғаройиб қувончдан мамнунлик ҳисси чулғаб олаётгандай эди. Унинг олдидан машиналар ғириллаб ўтар, одамлар ўтишарди-ю, лекин у мачитдан бошқа ҳеч нарсани кўрмасдя. Юраги гўё тўхтаб қолганга ўхшарди. Бу ҳатто сархушлик ҳам эмас эди. Бу мафтунлик, завқланиш, қойил қолганлигининг белгиси эди. «Қандай чиройли!—. деб ўйлади у.— Худди расмдагидек-а!» У бу мачитни жуда яхши биларди, лекин унинг бунчалик чиройлилигини сезмаган экан. Боз устига, бўлар-бўлмас нарсаларга қарайверишга вақти ҳам йўқда. Кўчаларни супуриб, ахлатини йиғиштириши лозим. Лекин бугун уни худди алмаштириб қўйганга ўхшашарди. Қизил муқовали альбом унинг оромини ўғирлаганди. Бугун у дунёга қайтадан туғилгандай сезарди ўзини.
У мачитга, кейин альбом билан қалам қолдиғига қаради. Гўё азиз дўстини кўриб қолгандек, гўё унинг олдида жонли нарса тургандек, уни қучоқлаш, силаш, ўпиш мумкиндек, қўлларини мачитга узатди.
— Мен сени ҳозир чизаман, мачит! Қандай зўр қилиб чизишимни кўрасан ҳали!— дея хитоб қилди у болаларча завққа берилиб.
Қейин яна қаламини ҳўлладида, мачитга қараб, қўрқувдан эти жунжикиб кетди: уни шундай гўзаллигича чиза олармикан?.. Бундай фикрдан ҳатто тер чиқиб кетди. Лекин у қўрқувни нари қувди: «Нима бўпти?— деб ўйлади у.— Ахир, уни инсон кашф қилмаганми? Ахир уни инсон қўли яратмаганми?» У терларини артди. «Ле-кин у қўллар бошқача ажабтовур, улкан бўлганлар.» Қизиқиш билан ўзининг қўлларига қаради. Бармоқлари ингичка, қон томирлари бўртган, кафти яра-чақа бўлиб, қадоқ босиб кетган. «Албатта, мачитни ғайритабиий одамлар қуришган, лекин бари бир одамлар-ку!» У жилмайди.
У қаламни оғзига олиб боришга улгурмовдиямки, кимнингдир қўли унинг елкасига текканини ҳис қилди. Нима бўлаётганини тушунмай, бошини кўтарди. Шундоққина рўпарасида бригадир турарди. Шунда унинг қўллари ўз-ўзидан альбому қалам билан биргаликда чўнтагига яширинди. Лекин қўрқинчли ҳеч нарса содир бўлгани йўқ. Бригадир дўстона жилмайиб турарди. Бундай дўстона жилмайиб турган одамдан қўрқишнинг ҳожати йўқ.
— Ишлар қалай?—деб сўради бригадир.
— Ҳаммаси жойида.
— Чарчадингми?
— Йўқ, нима қиб чарчабман жа?
— Тентак! — деб кулиб юборди бригадир. — Наҳотки, чарчаш уят бўлса? Агар чарчамаганингда бунақа ўтирмаган бўлардинг.
Бригадир унинг ёнига ўтириб, фаррошнинг елкасини сийпалаб қўйди-да:
— Чарчашдан уялиш керак эмас,— деди.— Тирик жон борки чарчайди. Ҳар бир одам. Ҳаттоки Исмат поша  ҳам.
У рози бўлгандек бош силкиди, лекин бригадир унга нима уқтирганини эшитмади. Унинг кўзлари мачитга михланганди. У расмни нимадан бошласам экан, деб чамаламоқда эди.
— Уни қара, оғайни!— бехос хитоб қилди бригадир унинг биқинига туртиб.— Ҳов анави аёлни кўряпсанми? Мана шунақа хотин бўлса, дунёдан армонсиз кетардим. Ишдан ҳайдаб юборишса ҳам майли эди. Мунақа хотин учун жонингни ҳам қурбон қилсанг арзийди! Вой-бў, қоматларингдан!
Фаррош ҳатто у томонга қиё ҳам боқмади, лекин бригадирнинг жағи тинай демасди:
— Уни ўринга ташлайсан-да, бошингни сийнасига қўйиб, суйкаласан. Кейин ухлаб қоласан. Менга кўп нарсанинг кераги йўқ. Бу нарса, биласанми, нима десамийкин, нақ жазирама ёз куни йўлдан бир ўзинг кетаяпсан, дейлик, оёғингда оёқ қолмаган, қуёш миянгни симобдай эритиб, дармонингни қуритиб юборган, лабларинг ҳам тарс ёрилиб кетган. Бир қултум сув анқога шафе. Бирдан олдингдан булоқ чиқиб қолади. Унга ташланиб ичаверасан, ичаверасан. Бу ҳам шунга ўхшаган нарса. Мени ташналик ўз исканжасига олган, оғайни! Яхшигина, хушчақчақ хотин бўлсайди. Бригадир гапдан тўхтади ва фаррошнинг:
— Чиройли мачит!..— дея пичирлаётганини эшитди.
— Вой эшаг-ей,— жаҳли чиқиб кетди бригадирнинг,— тақводор художўй топилганидан ўргилдиму. Хотин бошқа, мачит бошқа.
— Эй йўқ, мен тақводорлик ҳақида гапирмаяпман. Мачитни, айтяпман, чиройли деб, кўряпсанми ўзи?
Бригадир ўрнидан турди.
— Қани бўл, ишга кириш, қарагин, ҳаммаёқ ифлос бўлиб ётибди! Бўл, бўлақол, мен кечроқ келиб текшираман-а!
Фаррош ҳам ўрнидан турди. Супурги билан хокандозга, ахлатларга, кўчани ифлос қиладиган одамларга қаҳр-ғазаб билан қаради. Истар-истамас супургини қўлига олди. Унинг миясида фақат мачит ҳақидаги ўйлар чарх урарди. У ҳамон нари кетишга чоғи келмай, ер остидан мачитга қараб-қараб қўярди. Ниҳоят, чидолмади-да, хокандоз билан супургини отиб юборди. Унинг олдида афти бужмайиб кетган букри тўхтади-да:
— Чарчадингми, ўғлим. Албатта, ишинг анча оғир,— деди.
У жавоб бермади. Нимаям дея оларди? Энгашиб, супургини қўлига олди. Яна мачитга қаради— лаззатланиб, ҳавасланиб, қумсаб, эҳтирос билан—худди чиройли хотинга қарагандек қаради-ю, боши яна айланиб кетди. У қўлини олдинга чўзиб, ҳавода гумбаз, деворлари, ойнаси, минора ва унинг ёнида булутлар, ундан нарироқда, мачитнинг орқасида кўпикланаётган тўлқинлар ва унинг устидаги чағалайларни чиза бошлади.
— Мен сени чизаман, мачит,— дея қайсарлик билан такрорларди у, худди ўзини-ўзи кўндирмоқчи бўлгандек.
Яна бригадир кўринган эди, фаррош қўрқиб кетганидан жони товонига тушганча, супургисини олди. «Бошлиққа тушуниб бўлармиди, яхшими ё ёмонми?» Фаррош нигоҳини ердан узмай, мачитга қарашга юраги дов бермай оҳиста иш қиларди. «Бунақада жинни бўлиб қолиш ҳам ҳеч гапмас!» Фаррош бригадир кўздан узоқлашганини кўриб тайсалланиб турдида, кейии яна бориб пиллапояга ўтириб олди. Альбом билан қаламини чўнтагидан олиб, мачитга меҳр билан тикилди:
— Мен сени албатта чизаман!— Унинг кўзлари куларди. Бўлмасам-чи! У чизади-да, альбомини чўнтагига солиб, ўзи билан мачитни олиб кетади. Ва бу унинг мачити бўлади, фақат унинг. У альбомнинг тоза варагини топиб, қўлига қалам олди, лекин бошини кўтариб ўз олдида мачитни эмас, уни масхараомуз томоша қилаётган болани кўрди.
— Қоч бу ердан, йигитча, ҳеч нарса кўринмаяпти,— дея илтимос қилди у.
Бола эса қимир этмай, тишларини иржайтириб турарди.
— Йўқол, деяпман, сенга,— дея ўзини тутолмай бақириб юборди фаррош ва супургисига ёпишди.
Йигитча шу заҳоти жуфтакни ростлади. Фаррош қайтиб ўтирганида эса, жаҳли ёмон чиққанидан ҳечам тинчланолмасди. Ниҳоят, ўзини босиб олиб, яна мачитни завқ-шавқ билан томоша қила бошлади. У шу дақиқаларда ҳаётидаги энг бахтли, энг ажойиб онларини кечирмоқда эди.
Кўркам мачит унинг олдида қад кериб турарди, ҳозироқ чиза бошлайди. Энди у кўнгилдагидек чиқиши керак, унинг бунга имони комил эди. Биринчи чизиғи худди у хоҳлагандай чиқди. Иккинчи чизиқни қай ҳолда чизиш кераклигини чамалаш учун бошини кўтарган эди, тўғри олдига келаётган бригадирни кўриб қолди. Қўли увушиб қолгандай бўлди, лекин у барибир яна битта чизиқ чизиб улгурди ва бу гал ҳам жуда яхши чиқди.
Бригадир унинг олдида тўхтади.
— Яна ўтирибсанми? Бугун сенга нима жин урди ўзи? Ҳечам ишламаяпсан-ку. Давлат сени бекордан-бекорга боқиб аҳмоқ бўлганича йўқ. Қўлингдаги нима? Қоғоз-қаламми? Ие, ҳали сен инженер бўлиб олдингми, а?
Фаррош бригадирнинг кўзларига қаради. Унинг жаҳли чиқаётгани кўриниб турарди, лекин овози юмшоқ, дўстона эди. Бригадир, ҳар ҳолда, яхши одам. Албатта, ундан ҳарбалони кутиш мумкин эди, лекин бугун ундан ёмонлик кутмаса ҳам бўлади. Фаррош жилмайди:
— Ўтир, тердан ҳаммаёғинг ҳўл бўлиб кетибди.
— Сен билан қўшилишиб ялқовлик қилишимни хоҳлайсанми?
— Йўқ, хоҳламайман, сен ўтир, ўтиргин!
— Ҳа, майли,— дея рози бўлди бригадир ва ўтирди. Фаррош ўзи ҳам бригадир унга қулоқ осганига, боз устига, унинг ўзи қайси юрак билан унга ўтиришни таклиф қилганига ақли бовар қилмасди. Авваллари бунга ўла қолсаям журъат қилмаган бўларди. Лекин бугун у иккита шунақанги ажойиб чизиқ чиза олдики. Шундай экан бригадирдан қўрқишга бало борми. Инженер тўғрисидаги гапи ҳам, ҳаммаси пуч.
— Мачитни кўряпсанми, бригадир? Ростданам чиройли, а?
— Хўп, чиройли ҳам бўла қолсин. Бизга ундан нима фойда?
— Рухсат берсанг, мен уни чизардим. Бригадир хахолаб кулиб юборди:
— Сен, нима бало, алаҳлаяпсанми, оғайни? Ақлдан оздингми? Сен, ахир, ўқувчимисан? Сен фаррошсан — кўча тозаловчисан, сенинг вазифанг кўчаларни супуриш. Қарагин, ҳаммаёқ ифлос бўлиб ётибди. Уялсанг бўларди, ахир, ёш бола эмассан-ку! Ҳазилни йиғиштир, оғайни, ишингдан қолма!
— Кулиш керак эмас, бригадир,— дея инграб юборди фаррош,— бу ерда кулгили нарса йўқ? Наҳотки, фақат мактабда ўқийдиганлар чизса! Ахир, мен…—У чуқур хўрсинди, яна бир бор мачитга қарадида, йиғи аралаш гапида давом этди:— Илгари, бундан анча олдин, мен чизишни жуда яхши кўрардим. Лекин бахтга қарши на дафтарим ва на қаламим бор эди. Мен ёғоч билан ерга одамларни, уйларни, дарахтлару қушларни чизардим. Мен шунақанги устаси фаранг бўлиб кетдимки, яъни. Ахир, бу пайтда мен ҳали жудаям кичкина эдим. Ҳаммадан ҳам мактаб олдида чизишни яхши кўрардим, чунки у ерда теп-текис йўлка бор эдида. Кунлардан бир куни мактабдан муаллим чиқиб, менга, кейин чизган расмларимга камоли диққат билан қаради. Исмимни, қаерда туришимизни, отам нима билан шуғулланишини сўради… Ўша куни кечқуруноқ у бизнинг уйимизга келди. Афтидан, бу ойнинг боши эди шекилли — отам ароқ ичиб ўтирарди. Меҳмон ҳам биргалашиб ичишди. Муаллим отамни бир амаллаб кўндириб, мени мактабга ёздирди. Унинг ўзи ёнидан тўлаб менга форма, китоблар ва дафтарлар сотиб олиб берди. «Катта одам бўлганингда — қарзингни тўларсан»,— деди у. Мен ўша мактабга уч йил қатнадим. Мен қунт билан ўқишга ҳаракат қилардим. Шу билан бирга жудаям яхши чизардим.
— Кейин-чи?
— Кейин муаллим ўлди. Жудаям ёш эди, афтидан, сил унинг умрининг эгови бўлди. Кейин отам ҳам ўлди. Мен бўлсам, кўча тозаловчи бўлдим. Расм чизиш ҳам аллақачон эсимдан чиқиб кетди, фақат.
Бригадир яна кулиб юборди:
— Сенга нимадир бўлганга ўхшайди. Роса ёлғон-яшиқни ҳам тўқиб ташладингда! Қани, уф дегинчи!
— Йўқ!—деди хафа бўлиб фаррош, кўз ёшлари эса ёноғидан думалаб туша бошлади.— Мен маст эмасман. Сен фақат рухсат берсанг бас, мен…
— Мумкин эмас! Рухсат йўқ!— деди бригадир жиддий равишда.— Бекорчиликка йўл қўя олмайман! Супургингни ол! Обидийда қилишларини ёқтирмайман! Иш қилмай ялқовлик қилишларини ёмон кўраман! Шуни эсингда тут!
Фаррош ўрнидан турди, лекин ишга киришишга шошилмасди. Унинг хаёллари узоқларда эди. Бригадир кетаётган жойида ортига қайтиб, яна таъкидлади:
— Ҳеч қандай ишдан бўйин товлашга йўл қўймайман! Ишёқмасларни жинимдан баттар ёмои кўраман! Бугун битасига рухсат берсанг, кейин бошқаларини эплолмай қоласан. Кейин ҳамма бало менинг бошимга ёғилади. Шунинг учун эҳтиёт бўл!
Фаррош индамай супургисини силкитдида, оҳиста кўча бўйлаб кета бошлади. Лекин, ҳар ҳолда, бригадирнинг нари кетганини кўриб у яна ўтириб олди. Альбом билан қаламини чўнтагидан олиб, вараққа чизилган иккита чизиққа узоқ тикилиб қолди. Бирдан қиқирлаб кулган овозни зшитди. Бошини кўтариб, атрофини болалар ўраб олганини кўрди. Энг олдинда эса у ҳали-ҳозиргина ҳайдаб юборган бола турарди. «Қаранглар, анавини қаранглар, фаррош расм чизяпти!»— кўчани бошларига кўтариб бақиришарди болалар. Фаррош супургиси билан таҳдид қилди, лекин болалар жойларидан қимир этмай туришарди. Шунда у қўлини кўтариб ҳавода гумбаз, деворлар, мачитнинг ойнаси, минора ва унга ёпишиб турган булутни, унинг ортидаги денгизни чиза бошлади.
Фаррошнинг атрофидаги томошаталаблар кўпайиб борарди. Ҳамма унн масхаралаб куларди, лекин у ҳеч нарсани сезмаётгандек, ҳавода чизишда давом этарди. Бригадир оломон орасини ёриб ўтиб, унга яқинлашди.
— Сен бизни шарманда қилдинг! Бизнинг ишимизни масхара қиляпсанми! Менга қулоқ солмадинг! Мени гапирди-қўйди, деб ўйладингми? Бошлиққа қулоқ солмаслик қанақа бўлишини сенга кўрсатиб қўяман! Шахсан губернаторнинг ўзига рапорт ёзаман. Сен менга қулоқ солмай, ҳаммамизни шарманда қилганингни ёзаман!
Оломон кўпайгандан кўпайиб борарди. Кулги ва ҳақоратомуз гапларга тоқат қилиб бўлмасди. Бригадир оломонга нафратла қаради, уларга боплаб жавоб бермоқчи бўлиб оғиз очди-ю… лекин муносиб сўз тополмай, тескари қаради. Фаррошга эгилдида, унинг қулоғига шивирлади:
— Қулоқ сол, сени манави муттаҳамларнинг ҳаммасидан ҳам ҳурмат қилсам-да, лекин такасалтангликка тоқат қилолмайман. Агар ҳозироқ ишга киришсанг, губернаторга ёзиб ўтирмайман. Бу аҳмоқчиликни йиғиштириб, ақлингни пешла. Яқинда бизга ефрейторларникига ўхшаш янги форма беришади. Айтишларича, америкалик маршал бизларга совға қилган эмиш. Хўш, қалай, ишлашга розимисан? Қани, супургини ола қол!..
Бригадир нечундир бугун яхши кайфиятда эди. У ўз қўл остидагиларга ҳомийлик қилишни ёқтирарди. Лекин фаррош унинг сўзларига заррача эътибор бермади. Аксинча, уни ўзидан нари итариб юборди, боз устига, сўкинди. Кейин пиллапоядан кўтарилиб, энг юқори зинасига ўтириб олди. Чўнтагидан альбом билан қаламни олиб, уни ҳўллади.
— Мен албатта ўхшатаман,— дея гапирди у баланд овозда, ғурур билан.— Осмон ағдарилиб, ер тилка-пора бўлиб кетсин. Бари бир, мен сенинг расмингни чизаман, мачит!

Ҳикоят Маҳмудова таржимаси