Стивен Кинг. Йўлоёқ (ҳикоя)

Соат ўндан ўн беш дақиқа ўтган, Херб Тукландер қовоқхонасини ёпишга чоғланиб турган бир пайтда Фолмаутнинг шимолий қисмида жойлашган «Тукис бар»га қимматбаҳо палто кийган ва ранги докадек оқариб кетган бир эркак отилиб кирди. Шу куни ўнинчи январ, аҳолининг аксари қисми Янги йил туфайли бузилган тартиб бўйича яшашга эндигина кўника бошлаган, ташқарида эса ниҳоятда кучли шимоли-ғарбий шамол эсаётган эди. Қорнинг қалинлиги қоронғу тушгунчаёқ олти дюймга етганига қарамай, ҳануз бўралаб ёғарди. Билли Ларриби грейдерда йўл тозалаб ёнимиздан икки марта ўтди, иккинчи мартасида Туки унга пиво олиб чиқиб берди. Онам бир пайтлари буни меҳрибонлик деб атарди, унинг ўзи бу пиводан ўз даврида қанча ичганини эса ёлғиз Худо билади. Билли Тукига фақат асосий шоссе тозаланаётганини, ёндош йўллар эса қатнов учун эрталабгача ёпилганини айтди. Портленд радиоси қор қопламининг қалинлиги яна бир футга ортишини, шамолнинг тезлиги эса соатига қирқ милгача кучайишини башорат қилибди.
Барда Туки икковимиз каминдаги аланга тилларига тикилганча, шамол увиллашини эшитиб ўтирардик.
— Кел, энди йўлоёққа ичайлик, Бут, — деди Туки. — Ёпадиган пайт бўлиб қолди.
У менга, кейин ўзига ичкилик қуйди, шу маҳал эшик очилиб, бошидан қандупа сепилгандай қорга беланган ўша нотаниш кимса кириб келди. Шу лаҳзадаёқ бар ичига қор аралаш шамол ғўриллаб урилди.
— Эшикни ёпинг! — деб ўшқирди унга Туки. — Ё молхонада тарбия кўрганмисиз?
Бу қадар қўрқиб кетган одамни мен шу пайтгача кўрмаган эдим. У менга кун бўйи қичитқи ўт еган отни эслатди. Эркак Тукига кўзларини катта-катта очиб қараганча, «Хотиним… қизим…» деди-ю, гурс этиб қулади.
— Ё авлиё Иосиф! — дея хитоб қилди Туки. — Бут, эшикни ёпгин.
Мен бориб, изғирин шамолдан жунжикканча, эшикни ёпдим. Туки эркакнинг ёнида тиз чўкиб, унинг бошини кўтарди, юзларига шапатилади. Ана шунда йўловчининг аҳволи расволигини кўрдим. Унинг юзлари қизарган, кулранг доғлар пайдо бўлганди. Вудро Вилсон президентлик қилган даврдан бошлаб Мэн штатидаги барча қишларни бошдан кечирган одам эса (камина ўзимни назарда тутаяпман) бу кулранг доғлар совуқ урганининг аниқ белгилари эканини билади.
— Ҳушидан кетди, — дея изоҳ берди Туки. — Қани, брендидан олиб кел-чи.
Мен жавондан шиша олиб, ортимга қайтдим. Туки йўловчининг палтоси тугмаларини ечди. У ўзига келгандек бўлди: кўзлари хиёл очилди, эшитилар-эшитилмас даражада бир нималар деди.
— Қуй жиндек.
— Қанча? — деб сўрадим мен.
— Бренди — нақ бомбанинг ўзи, — жавоб қилди у. — Манави нусха эса бугун роса таъзирини еган кўринади.
Қадаҳга брендидан жиндек қуйиб, Тукига қарадим. У бош ирғади.
— Тўғри томоғига қуй.
Мен шундай қилдим. Ичкиликнинг таъсири дарҳол сезилди. Эркакнинг бутун танаси ларзага келди, йўтал тутди. Юзлари янаям қизариб кетиб, кўзлари йирик-йирик очилди. Мен хавотирга тушдим, аммо Туки уни кап-катта боладек ўтқазиб қўйиб, курагини бир-икки қоқди.
Эркак брендини қайт қилиб ташлашга уринганди, Туки яна бир бор туширди.
— Мумкин эмас. Қиммат маҳсулот бу.
Эркак ҳануз йўталар, лекин аввалгидек зўриқмас эди. Ана шунда унга синчиклаб разм солдим. Кўринишига қараганда катта шаҳардан, қаердандир Бостоннинг жануб томонларидан бўлса керак. Қўлқоплари қимматбаҳо, аммо юпқа, демак, қўлларида ҳам кулранг доғлар борга ўхшайди, агар бир-икки бармоғидан айрилмаса, омади келган деяверинг. Палтоси қимматбаҳо, камида уч юз долларли эканлиги аниқ. Этикларининг қўнжи эса тўпиғига етар-етмас, жимжилоқларини совуқ олдиргани ҳам эҳтимол.
— Сал енгиллашдим, — деди у бўғиқ овозда.
— Мана бу бошқа гап, — Туки бош ирғади. — Оловга яқинроқ бора оласизми?
— Хотиним билан қизим… ўша ерда қолишди… Бўронга учрадик.
— Улар уйда телевизор кўриб ўтирмаганларини тушуниб турибман ҳар қалай, — жавоб қилди Туки. — Нима бўлганини камин ёнида бемалол гапириб берасиз. Бут, ёрдамлашиб юбор.
Эркак инграниб, ўрнидан қўзғолди, оғриқдан оғзи қийшайиб кетди. У оёғини совуқ олдирмаганмикан, деб яна ўйлаб қолдим. Мэн штатининг жанубий ҳудудини шимоли-шарқий бўронларга қасдма-қасд кесиб ўтишга уринувчи нью-йорклик телбаларни яратаётган пайтида Парвардигор нималарни ҳис этганини фақат тахмин қилиш мумкин. Бу одамнинг хотини билан ёш қизчаси ўзидан кўра иссиқроқ кийинишган бўлса шояд, деб умид қилишдан бўлак чора қолмаганди.
Биз уни камин ёнигача олиб бориб, тебранма оромкурсига ўтқаздик. Миссис Туки 1974 йили вафот этгунига қадар доимо шу курсида ўтирарди. Аслида бар ҳам айнан шу аёл туфайли ном чиқарди. Бар ҳақида «Даун ист», «Санди телеграф» нашрларида ва ҳатто «Бостон глоуб»нинг якшанбалик иловасида ёзишди. Чиндан ҳам «Тукис бар» паркет поли, заранг ёғочидан қурилган бари, шифтдаги залворли тўсинлари, тошлардан кўтарилган йирик камини билан кўпроқ тавернага ўхшаб кетарди. «Даун ист»да мақола чиққанидан кейин миссис Туки барга «Тукис инн» ёки «Тукис рест» деган янги ном бермоқчи ҳам бўлди, улар дарҳақиқат ички безакларга кўпроқ мос келарди, бироқ менга эски ном — «Тукис бар» маъқулроқ. Ёзда штатимизни тўлдириб юборадиган сайёҳларнинг дидига мослашиш бир бошқа-ю, қишда қўшниларнинг ўзигагина хизмат кўрсатиб ишлаш — бир бошқа. Кўпинча шундай бўлардики, узундан-узоқ қиш кечаларини фақат Туки икковимиз содали виски ёки пивони эрмак қилганча ўтказардик. Хотиним Виктория 1973 йили вафот этганидан бери фақат Тукининг олдига келаман, борадиган бошқа жойимнинг ўзи йўқ. Бу ерда эса овозлар, ҳатто иккита овоз — меники ва Тукиники умрим лаҳзаларини санаётган соатнинг чиқиллаган товушини босиб кетарди. Бироқ Туки қовоқхонаси номини «Тукис рест»га ўхшаган бирон нимага алмаштирганида бу ерга балки келмасмидим. Бу албатта бемаъни фикр, лекин ҳақиқат.
Биз йўловчини олов ёнига ўтқаздик ва у янада кучлироқ қалтирай бошлади. У тиззаларини қучоқлаб олган, тиши-тишига тегмас, бурнидан сув оқарди. Назаримда, кўчада яна ўн беш дақиқа бўлганида омон қолмаслигини англаб ета бошлади-ёв. Уни қор эмас, балки суяк-суягидан ўтиб кетувчи, тананинг бор ҳароратини сўриб олувчи изғирин шамол ҳалок қилган бўларди.
— Қаерда йўлдан адашдингиз? — деб сўради ундан Туки.
— Б-б-бу й-й-йердан ж-жануб т-томонга о-олти м-мил масофада.
Туки икковимиз бир-биримизга қарадик ва ногаҳонда юрагим орқага тортиб кетди.
— Аниқ биласизми? — Туки қайта сўради. — Сиз шу қорда олти мил йўлни ўтдингизми?
У бош ирғади.
— Шаҳар бўйлаб ўтаётганимизда одометр1га қараганман. Айтилгани бўйича юрдим… Хотинимнинг… Камберленддаги синглисини… кўргани кетаётувдик… бу ерда биринчи марта бўлишимиз… ўзи Нью-Жерсиданмиз…
Нью-Жерси. Нью-Йоркликлардан ҳам ўтадиган телбалар мана қаерда яшар экан.
— Олти мил эканига аниқ ишонасизми? — деб сўрашини қўймасди Туки.
— Ҳа, ишонаман. Мен кўрсаткични топдим, уни қор кўмиб ташлаган экан…
Туки унинг елкасидан маҳкам чангаллади. Аланга шуъласида эркак ўзининг ўттиз олти ёшидан ҳам каттароқ кўринарди.
— Сиз ўнгга бурилдингизми?
— Ҳа, ўнгга. Хотиним…
— Кўрсаткични кўрдингизми?
— Кўрсаткични? — У Тукига маънисиз тикилди, кейин бурнини артди. — Кўрдим, албатта. Чунки хотинимнинг синглиси тушунтиргани бўйича юрдим-да. Унга кўра, Жойтнер-авеню бўйлаб Жерусалемс-Лот орқали 295-сонли шоссега чиқиб олишим керак эди. — У нигоҳини Тукидан олиб, менга қаратди. Кўчада шамол ҳануз увилларди. — Бирон нимада янглишибманми?
— Лот, — Туки уф тортди. — Э Худо!..
— Нима гап ўзи? — Эркакнинг овози баландлашди. — Бирон нарсани нотўғ¬ри қилибманми? Тўғри, йўлга қор уюлиб кетган экан, лекин мен… агар олдинда шаҳар бўлса… демак йўлни тозалашади, деб ўйлаб…
У жим қолди.
— Бут, — Туки менга ўгирилди, — шерифга қўнғироқ қил.
— Бу яхши фикр, — дея маъқуллади нью-жерсилик тентак. — Аммо сизларга нима бўлди ўзи, йигитлар? Худди арвоҳни кўргандек саросимага тушиб қолдингиз.
— Лотда арвоҳ йўқ, мистер. Сиз хотинингиз билан қизингизга машинадан чиқмай ўтиришни тайинлаганмисиз, ишқилиб?
— Бўлмаса-чи! — Унинг овозидан ранжигани сезилмасди. — Ақлимни еб қўймаганман-ку, ҳар қалай.
Лекин бу масалада менинг шубҳам бор эди.
— Исмингиз нима ўзи? — деб сўрадим. — Шерифга айтишим керак.
— Ламли, — дея жавоб берди у. — Жералд Ламли.
У Тукига яна нималарнидир тушунтира бошлади, мен эса телефон аппаратига қараб кетдим. Гўшакни кўтаргандим, тиқ этган садо эшитилмади. Клавишни қайта-қайта босиб кўрдим, ҳеч қандай натижа бўлмади.
Мен камин ёнига қайтганимда Туки Жералд Ламлига яна бир қадаҳ бренди қуйиб узатаётган эди. Ичимлик бу гал тўғри ошқозонга етиб борди.
— Ҳа, жойида йўқ эканми? — деб сўради Туки.
— Телефон ишламаяпти.
— Оббо, жин урсин, — деди Туки ва тағин бир-биримизга қараганча қолдик.
Ташқарида эса шамол қорни деразага келтириб урарди.
Ламли гоҳ Тукига, гоҳ менга қарарди.
— Биронтангизда машина борми? — Унинг овозида яна хавотир уйғонган эди. — Иситгич қурилма двигател ишлаб турган пайтдагина иситади. Бензин бакнинг чорак қисмида қолган, менга эса бир ярим соат керак бўлди… Нега индамайсизлар, ахир? — У ўрнидан туриб, Тукининг ёқасидан чангаллаб олди.
— Мистер, — деди Туки, — қўлингизга эрк берманг.
Ламли бир қўлига, бир Тукига қаради ва панжалари бўшашди.
— Мэн штати… — У худди сўкингандек оҳангда шивирлади. — Шу яқин орадаги ёқилғи қуйиш шохобчаси қаерда? Уларда тортувчи машина бўлиши керак…
— Энг яқин шохобча Фолмаут-Сентреда, — деб жавоб бердим мен. — Бу ердан уч мил масофада.
— Миннатдорман, — деди у киноя билан. Кейин бурилди-да, йўл-йўлакай палтосининг тугмаларини қадаганча, эшик томон йўналди.
— Лекин ишламаётган бўлса керак, — деб қўшимча қилдим.
У ўгирилиб, бизга тикилганча қолди.
— Бу нима деганинг ўзи?
— У сиз қовоқкаллага шуни тушунтирмоқчи бўлаяптики, Фолмаут-Сентредаги ёқилғи қуйиш шоҳобчаси Билли Ларрибига қарашли, Биллининг ўзи эса шу тобда грейдерда йўл тозалаш билан банд. Тушунарлими энди? — Туки сабр-тоқат билан изоҳ берарди. — Ундан кўра, жаҳлдан паққос ёрилиб кетмасингиздан бурун олов ёнига қайтиб, жимгина ўтирганингиз маъқул эмасми?
Ламли ҳеч балони тушуниб етмаган, аммо қўрқиб кетган бир қиёфада ортига қайтди.
— Сиз… ҳеч қанақа ёрдам беролмаймиз… бу ерда машина йўқ… демоқчимисиз?
— Мен ҳеч нарса деяётганим йўқ, — жавоб қилди Туки. — Аксинча, сенинг жағинг тинмаяпти. Агар бирпас тилингни тийиб ўтирсанг, балки бирон чорасини ўйлаб кўрармидик.
— Ўзи қанақа шаҳар у — Жерусалемс-Лот? — деб сўради Ламли. — Нега энди йўлда қор уюлиб кетган? Ҳеч қандай чироқ ҳам кўрмадим.
— Жерусалемс-Лот ёниб кетганига икки йил бўлди, — деб жавоб бердим мен.
— Нима, уни қайта қуришмаганми? — Ламлининг бу гапга ишонгиси келмасди.
— Ҳа, қуришмаган. — Мен Тукига қарадим. — Хўш, нима қиламиз бўлмаса?
— Уларни у ерда қолдириш мумкинмас.
Мен унга яқин бордим. Худди шу лаҳзада Ламли дераза ёнига бориб, тунги қорбўронга назар ташлаётганди.
— Мабодо уларга етиб олишган бўлса-чи? — деб сўрадим мен.
— Мумкин, — дея жавоб қилди Туки. — Бироқ аниғини билмаймиз-ку. Библия жавонда турибди, сенда хоч борми?
Мен қўйнимдан католик черковида табаррук қилинган хочни олиб кўрсатдим. Туғилганимдан буён конгрегационализм руҳида тарбия топганман, бироқ Жерусалемс-Лот атрофида яшовчиларнинг аксарияти эндиликда хоч ё авлиё Кристофер медалонини тақади ёки ёнида тасбеҳ олиб юради. Гап шундаки, икки йил муқаддам, октябрнинг қоронғу тунларидан бирида Лот бошига кулфат тушган. Гоҳи-гоҳида, узундан-узун қиш кечалари Тукининг барида доимий мижозлар йиғилиб қолган кезлари гап айланиб келиб ўша фожиага тақалади. Ва бу шунчаки қуруқ гап эмас асло. Агар билсангиз, Лотда одамлар ғойиб бўла бошлади. Аввалига битта-иккитадан, кейин бутун бошли оилалар дом-дараксиз йўқолиб кетаверди. Мактаблар ёпилди. Шаҳар қарийб бир йил кимсасиз қолди. Тўғри, айримлар, айниқса бошқа штатлардан келган, ҳозир рўпарамизда ўтирган кимсага ўхшаш телбалар, аксинча, ўша ерга кўчиб боришди, уйлар арзонлигига учишган бўлса керак-да ҳойнаҳой. Бироқ ташландиқ шаҳарда ҳеч ким узоқ яшолмади. Баъзилар Лотда бир-икки ой туриб, жўнаб кетишди. Бошқалар… нима десак экан, ғойиб бўлишди. Кейин эса узоқ давом этган қурғоқчил кузнинг адоғига бориб шаҳарга ўт кетди. Ёнғин Жойнтер-авеню тепасидаги адирликда жойлашган Марстен-Хаусдан бошланган дейишади, аммо буни ҳеч ким аниқ билмайди, то шу пайтгача ҳам. Шаҳар уч кечаю кундуз аланга ичида қолди, бироқ уни ҳеч ким ўчирмади. Кейин қандайдир вақт ҳаёт ўз маромига тушгандек бўлди. Сўнгра ҳаммаси қайтадан бошланди.
«Вампирлар» деган сўз овоз чиқариб айтилганини фақат бир марта эшитганман. Ўша кеча фрипортлик ҳайдовчи Ричи Мессина яхшигина кайф бўлиб қолганди. Жун шим, кўйлак ва чарм этик кийган бу одам нақ тўққиз футли бўй-бастини ғоз тутганича бўкирарди:
— Эй Худо, ҳамма нарсани ўз номи билан аташдан намунча қўрқмасангизлар? Вампирлармиш! Барингиз ана шу ҳақда ўйлаяпсизлар-ку, ахир, тўғримасми? Ё Исо Масиҳу азиз-авлиёлар! Нима ўзи — қўрқинчли фильмларни кўрган ёш болалармисиз? Жерусалемс-Лотда нималар бўлаётганини биласизларми ўзи? Ё мен гапириб беришимни хоҳлайсизларми? Айтаверайми, а?
— Қани, айтсанг айта қол-чи, — деб жавоб қилди Туки. Ва барда оғир сукунат чўкди. Каминда ўтинлар чирсиллашию ноябр ёмғири томни тараклатиши эшитиларди, холос. — Қулоғимиз сенда.
— У ерда дайди итларнинг бир неча тўдаси бор, холос, — деди шунда Ричи Мессина. — Биронта одам ҳам йўқ. Қолган бари эса арвоҳлар тўғрисидаги эртакларни яхши кўрувчи кампирларнинг сафсатасидан бўлак нарса эмас. Агар хоҳласангизлар, саксон баксга гаров ўйнаб, ўша ерга боришга ва арвоҳлар уясида бир кеча тунашга тайёрман. Қани, хўш, мен билан ким гаров ўйнайди?
Ҳеч ким гаров ўйнамади. Ричи ўлгудай эзма ва ашаддий пиёниста бўлганидан мабодо ўлиб кетса гўрида биров кўз ёши тўкмасди. Лекин барибир, қоронғи тушганидан кейин уни Жерусалемс-Лотга юборишни ҳеч биримиз хоҳламасдик.
— Жин урсин сизларни! — деди Ричи. — «Шеви»1 юкхонасидаги милтиқ Фолмаут, Камберленд ёки Жерусалемс-Лотда исталган нарсага бас кела олади. Кетдим ўша ерга!
У эшикни тарақлатиб ёпиб чиқиб кетди ва барда узоқ сукунат чўкди.
— Ричи Мессинани энди бошқа ҳеч ким кўрмайди, — деди руҳоний Ламонт Генри ва чўқиниб қўйди: — Жойи жаннатда бўлсин илоё.
— Кайфи тарқаса, ўзига келиб қолади, — деди Туки, лекин овози ишончсиз эди. — Бар ёпилишига яқин кириб келади-ю, ҳамма нарсани ҳазилга айлантиришга уринади.
Барибир Ламонт ҳақ бўлиб чиқди: Ричини шундан кейин бошқа ҳеч ким кўрмади. Хотини эрим автомобил учун навбатдаги ҳақни тўлай олмаганидан Флоридага қочиб кетди, деди-ю, аммо ҳақиқат унинг даҳшат тўла нигоҳида яққол кўриниб турарди. Кўп ўтмай аёл Род-Айлендга кўчиб кетди. Қоронғи тунда Ричининг арвоҳи келиб қолишидан қўрққандир эҳтимол. Яна ўзи билади.
Туки менга тикилар, мен эса кўйлак остидаги хочни ушлаганча унга қараб турардим. Умримда ҳеч қачон шунчалик даҳшатга тушмаганман, ўтган йиллар залвори елкамдан шунчалик босмаганди.
— Биз уларни ўша ерда қолдиролмаймиз, Бут, — дея такрорлади Туки.
— Ҳа, биламан.
Биз яна бирпас бир-биримизга қараб турдик, кейин у елкамдан босиб қўйди:
— Мардлигингга борман-да, Бут.
Шу гапнинг ўзиданоқ дадиллашиб кетдим. Етмишдан ошганингдан сўнг мардмисан, йўқми, ўйламай ҳам қўяр экансан.
Туки Ламлига яқинлашди.
— «Скаут»2 вездеходим бор. Ҳозир олиб келаман.
— Эй Худо, шунча пайт индамай ўтирибсизми? — Ламли Тукига ўқрайиб қаради. — Ўн дақиқани беҳуда ўтказиб, валақлаб ётибсиз-а?!
— Овозингизни ўчиринг, мистер, — деди Туки мулойимлик билан. — Мабодо яна чакагингизни очмоқчи бўлсангиз, бўронда тозаланмаган йўлга ким бурилиб кетганини бир эслаб кўринг.
Ламли нимадир демоқчи бўлди-ю, аммо оғзини юмди. Юзлари қизариб кетди. Туки «Скаут»ни олиб келиш учун гаражга кетди. Мен эса бар пештахтасини айланиб ўтиб, хромланган флягани брендига тўлдириб олдим. Шу шароитда спиртли ичимлик асқотиб қолиши мумкин.

* * *

Мэн штатидаги бўрон… Унга ҳеч дуч келганмисиз?
Қалин қор осмонни тўлдириб келиб, машинага худди қумдек шатир-шутур урилади. Олисни ёритувчи чироқни ёқиш бефойда: ёруғлик қор парчаларидан акс этиб қайтиб кўзга урилади, ўн фут масофадан ҳеч нарсани кўриб бўлмайди. Яқинни ёритувчи чироқда эса ўн беш футгача кўринади. Лекин қор ҳам ҳеч гапмас ҳали. Энг расвоси шамолки, унинг увиллашида ер юзининг жамики дарди-ҳасрати, нафрат-даҳшати эшитилади. Шамол ўлимни, оқ ажални, балки ўлимдан-да даҳшатлироқ ниманидир келтиради. Эшик-деразалар ёпилган уйда, иссиқ ўринда ётган бўлсангиз ҳам бу ўкиришдан юрак орқага тортиб кетади. Йўлда-ку, шамол энди умуман ақлдан оздиради. Айниқса Жерусалемс-Лот йўлида.
— Тезроқ юрсангизлар ўласизми? — деди Ламли.
— Сиз совқотиб ўлишингизга бир баҳя қолувди, — дея жавоб қилдим мен. — Ёки яна ажал излаб пиёда кетмоқчимисиз?
Энди у менга ўқрайиб қаради, аммо ҳеч нима демади. Биз соатига йигирма беш мил тезликда юрардик. Йўлнинг шу қисмини Ларриби бир соатгина аввал тозалаганига ишониш қийин: қор икки дюйм қалинликда тушган, ёққани-ёққан эди. Чироқлар ёғдусида чир айланаётган қор парчалари кўринарди, холос. Йўлимизда биронта ҳам машина учрамади.
Орадан ўн дақиқалар ўтгач, Ламли бехосдан:
— Ие? У нимайди? — деб бақириб қолди.
У мен томондаги деразага бармоқ нуқирди. Тўғрига қараб кетаётган одам анча кечикиб ўгирилдим, чоғи. Кўриниши ноаниқ аллақандай шарпа оқлик қаърига сингиб кетганини илғаёлдим, холос. Яна ким билади дейсиз, балки бу тасаввурим ўйинидир.
— Нима кўрдингиз? Лосними?
— Эҳтимол, — унинг овози титрарди. — Лекин кўзлари… қип-қизил эди! — Ламли менга қараб қолди. — Нима, лоснинг кўзлари тунда шундай кўринадими? — У мендан тасдиқ ишорасини кутарди.
— Ҳар қанақа кўриниш мумкин, — деб жавоб қилдим шунга ишонишга уриниб. Лосларни кечаси автомобил ичидан туриб кўп бора кузатганман, аммо чироқ ёғдуси улар кўзидан қизил рангда акс этишини кўрмаганман.
Туки миқ этмасликни маъқул кўрди.
Ўн беш дақиқалардан кейин ўнг томондаги қор уюми кескин пасайган жойга етиб келдик: қор тозалагич машиналар чорраҳадан ўтишда «пичоғи»ни доимо кўтаради.
— Назаримда, шу ердан бурилдиг-ов, — Ламлининг овозида ишонч етишмасди. — Тўғри, кўрсаткични кўрмаяпман…
— Шу ер, — дея бош ирғади Туки. Унинг овозини таниб бўлмасди. — Кўрсаткичнинг юқори қисми қор уюмидан чиқиб турибди.
— Ҳа, ҳа, тўғри, — Ламли енгил тин олди. — Мистер Тукландер, мен узр сўрамоқчи эдим. Агар билсангиз, совқотгандим, ҳаяжонлангандим, шулар сабабли ҳам ўзимни телбаларча тутдим. Хуллас, икковингизга миннатдорчилик билдирмоқчиман…
— Хотинингиз билан қизчангизни топмагунимизча Бут икковимизга раҳмат айтишга шошилмай туринг, — Туки унинг сўзини бўлди. Кейин «Скаут»ни тўрт ғилдиракли юритма тартибига ўтказди ва қор уюмини айланиб ўтиб, Лот орқали 295-шоссега чиқадиган Жойтнер-авенюга бурилди. Қор ғилдираклар остидан фаввора бўлиб отиларди. Орқа ғилдираклар сирпана бошлади, аммо Туки аллақачондан буён ҳайдовчилик қилиши туфайли машинани бир зумда ўнглаб олди. Бу йўлдан аввал ўтган автомобил — Ламли «Мерседес»ининг излари чироқлар ёғдусида бир кўриниб, бир ғойиб бўларди. Ламли олдинга энгашиб, қор пардасига тикилди.
Шу ўринда Туки гап бошлади:
— Мистер Ламли.
— Лаббай! — У Тукига ўгирилди.
— Маҳаллий аҳоли орасида Жерусалемс-Лот ҳақида ҳар хил гаплар юради. — У хотиржам сўзлар, аммо юзидаги ажинлар чуқурлашиб, кўзлари олма-кесак тера бошлаганди. — Буларнинг бари шунчаки миш-миш бўлиши мумкин, албатта. Агар хотинингиз билан қизчангиз кабинада бўлишса, жуда соз. Биз уларни менинг уйимга олиб кетамиз, эртага бўрон тинганида эса Билли автомобилингизни судраб келади. Лекин улар кабинада бўлишмаса…
— Бу нима деганингиз? — Ламли унинг гапини шартта кесди. — Кабинада бўлмай қаерда бўлишарди?
— Мабодо улар кабинада бўлишмаса, — дея давом этди Туки жавоб қилмай, — биз Фолмаутга қайтамиз ва бор гапни шерифга айтамиз. Бунақанги бўронда ва яна ярим тунда уларни излашдан фойда йўқ, тўғримасми?
— Биз уларни кабинадан топамиз. Яна қаерда бўлишлари мумкин?
— Яна бир нарса, мистер Ламли, — дея қўшимча қилдим мен. — Башарти бирон кимса учраса, у билан суҳбатлашиш мумкинмас. Ҳатто у гап бошлаган тақдирда ҳам. Тушундингизми?
— Қанақа гаплар юради… дедингиз? — Ламли оҳиста, деярли ҳар бир сўзга урғу бериб сўради.
Унга қандай жавоб қайтаришим ёлғиз Худога аён эди, бироқ Туки мени бу вазиятдан қутқарди:
— Етиб келдик.
Биз катта «Мерседес»нинг ортига тақалиб тўхтагандик. Машина томи ва юкхонасини қалин қор қоплаган, чап томонда йирик уюм тўпланган. Лекин орқа чироқлар ёниқ, чиқинди газ қувуридан тутун чиқиб турарди.
— Бензин тугабди, — деди Ламли беихтиёр.
Туки моторни ўчирмаган ҳолда қўл тормози дастагини юқори кўтарди.
— Бут нима деганини унутманг, мистер Ламли.
— Хўп, хўп? — Ламли фақат хотини билан қизи тўғрисида ўйлар, бунинг учун уни айблаб ҳам бўлмасди.
— Тайёрмисан, Бут? — Туки менга ўгирилди. Нигоҳларимиз тўқнашди.
— Тайёрман шекилли.
Биз кабинадан чиқдик ва шу заҳотиёқ юз-кўзимизга қор аралаш шамол урилди. Ламли сал энгашганча олдинда борар, ҳашамдор палтосининг барлари худди елканлардек ҳаволанар эди. У иккита соя ташлар — бири Туки машинасининг чироқларидан бўлса, иккинчиси «мерседес»нинг орқа чироқларидан эди. Мен унга эргашдим, Туки эса ортимизда келарди. «Мерседес»нинг орқа бамперига яқинлашганимда Туки қўлимдан тутди:
— Ошиқма!
— Жейни! Френси! — деб бақирди Ламли. — Тинчмисизлар? — У ҳайдовчи эшигини очиб, ичкарига бош суқди. — Омонми…
Шу ондаёқ дами ичига тушиб кетди. Шамол оғир эшикни унинг қўлидан юлқиб олиб, ланг очди.
— Ё Худо, Бут! — деди Туки. — Яна ўша аҳвол такрорланганга ўхшайди!
Ламли биз томонга ўгирилди. Чеҳрасида ҳайрат ва қўрқув акс этар, кўзлари ола-кула эди. Шу заҳотиёқ биз тарафга интилди, тойиб кетиб йиқилишига оз қолди. Ёнимдан отилиб ўтиб, Тукига ёпишди.
— Улар кабинада бўлмаслигини сиз қаердан билардингиз? — дея бўкирди жонҳолатда. — Қаерда улар? Нималар бўлаяпти ўзи бу ерда?
Туки унинг қўлларини ёқасидан олиб, очиқ эшикка ёндошди. Икковимиз «мерседес» салонига биргаликда кўз ташладик. Ичкари иссиқ ва шинам, аммо қизил индикатор бензин қарийб тугаганини кўрсатарди. Ҳеч ким йўқ. Ҳайдовчи ёнидаги ўриндиқ остида Барби қўғирчоғи ётибди. Орқа ўриндиқда чанғи учганда кийиладиган болалар камзули кўринади.
— Френсининг камзули? — Ҳуштакка ўхшаш шивирлаш лаҳзада қичқириққа айланди. — Френсининг камзули!! — Ламли чеккасига мўйна қопланган капюшонли кичик камзулни қўлида тутганча бизга ўгирилди. Ҳеч балони тушунмаган кўйи, довдираганча менга тикилди. — У машинадан камзулсиз чиқолмасди, мистер Бут. Нега энди… нега… совқотади-ку, ахир!
— Мистер Ламли…
У камзулни қўлидан тутганча қорбўрон ичра қадам қўйиб қичқирди:
— Френси! Жейни! Қаердасизлар? Қаердасиз-л-а-а-ар?
Мен Тукига қўл чўзиб, туришига ёрдамлашдим.
— Тинчмисан?..
— Ҳечқиси йўқ, — деди у. — Биз уни тўхтатишимиз керак, Бут.
Биз унинг ортидан отилдик, аниқроғи, тиззадан ошган қорда аранг оёқ босардик. Лекин у тўхтади ва биз етиб олдик.
— Мистер Ламли… — Туки унинг елкасига қўл қўйди.
— Шу томонга! — дея бақирди Ламли. — Улар шу ёққа кетишган, қаранглар-а!
Катта ва кичик оёқлар изини қор кўмиб юбораётганини биз ҳам кўриб турардик. Яна беш дақиқадан кейин улар ғойиб бўлиши аниқ.
У бошини эгганча излар бўйлаб юрмоқчи эди, Туки палтосининг баридан тутиб қолди.
— Йўқ, Ламли, йўқ!
Телбавор қиёфадаги Ламли Тукига ўгирилди, қўлини мушт қилиб кўтарди-ю, аммо Тукининг нигоҳидаги нимадир тўхтатиб қолди. У менга қаради ва яна Тукига бурилди.
— У совқотади ахир. — Ламли иккита тентак болакайга гап уқтираётгандек эди гўё. — Наҳотки шуни тушунмасангизлар? Камзулсиз, бор-йўғи етти ёшли қизча бўлса…
— Улар исталган жойда бўлиши мумкин, — деб жавоб қилди Туки. — Излар бўйлаб юриш керакмас. Шамол уларни бирпасда кўмиб ташлайди.
— Нима қил дейсиз бўлмаса? — жонҳолатда қичқирди Ламли. — Полицияга боргунимизча улар музлаб қолади! Френси ҳам, хотиним ҳам!
— Эҳтимол, музлаб бўлишгандир. — Туки Ламлига нигоҳини қадади. — Агар бундан баттарроғи бўлмаса…
— Нималар деяпсиз? — Ламлининг нафаси ичига тушиб кетди. — Очиқроқ гапирсангиз-чи, жин ургур! Гапиринг дейман!
— Мистер Ламли, — деди Туки. — Гап шундаки, Лотда…
Ўзим кутмаган ҳолда гапнинг индаллосини ўзим айтиб қўя қолдим.
— Вампирлар, мистер Ламли. Жерусалемс-Лотда вампирлар тиқилиб ётибди. Буни англаб етиш мушкуллигини биламан, албатта…
Унинг кўз ўнгида бирдан кўкариб кетганимдай менга бақрайиб қаради-да, оҳиста шивирлади:
— Ақлдан озибсизлар. Икковингиз ҳам. — Кейин биздан юз ўгириб, кафтларини карнай қилганча қичқирди: — Френси! Жейни!
Сўнг из бўйлаб кетди, палтосининг барлари қор узра судралиб борарди.
Мен Тукига қарадим.
— Нима қиламиз?
— Ортидан борамиз. — Унинг соч толалари қордан пешонасига ёпишиб қолган, қиёфаси ғалати кўринарди. — Уни бу ерга ташлаб кетолмайман. Сен-чи?
— Мен ҳам.
Биз унинг ортидан юрдик. Лекин орамиздаги масофа тобора узаяр эди. Ламлининг ёшлик қуввати сезилар, қорни баайни грейдердек ёриб борарди. Менда эса артрит хуружи тутиб қолди, оёқларимга қараб яна бироз чиданглар, бирпасга сабр қилинглар, дея ёлворардим…
Шу тариқа юриб, Тукига тўқнаш келдим. У оёқларини керганча турар, боши эгилган, қўллари кўкрагини ғижимларди.
— Туки, — дедим, — соғ-омонмисан?
— Ҳаммаси жойида, — деди у қўлларини тушираркан. — Уни кўздан қочирмаслигимиз керак, Бут. Ҳадемай чарчаб қолади ва жиддийроқ ўйлай бошлайди.
Биз тепалик устига чиқиб, Ламли пастда изларни ахтараётганини кўрдик. Лекин, бояқиш уларни топиши амримаҳол эди. У турган жойда кучли шамол эсар ва ҳар қандай изни бир зумда кўмиб юборарди.
Ламли бошини кўтариб, тун қаърига қарата қичқирди:
— Френси! Жейни! Худо ҳаққи, жавоб беринглар!
Унинг овозида саросима, даҳшат, оғриқ сезиларди. Унга фақат шамолнинг ўкириши жавоб бўларди. Шамол уни масхаралаб кулаётгандек ва шундай деяётгандек туюларди: «Улар менинг қўлимда, мистер Нью-Жерси. Сиз эса ҳашаматли машинангиз ва кашмири палтоингиз билан қолаверинг. Уларни мен олдим, изларини йўқотдим, улар эрталабгача иккита музқаймоққа айланишади…»
— Ламли! — дея бақирди Туки шамол увиллашини босишга уриниб. — Вампирларга ишонмасангиз ишонманг. Аммо уларга ҳам ёрдам беролмайсиз. Яхшиси, қайтганимиз маъқул…
Шу аснода Ламлига жавоб беришди. Тун зулмати ичидан кумуш қўнғироқчалардек жаранглаган овоз эшитилди ва менинг бутун аъзои баданим музлаб кетди.
— Жерри… Бу сенмисан, Жерри?
Ламли овоз келган томонга ўгирилди. Шу лаҳзада кичик дарахтзор қоронғулигидан бир аёл арвоҳдек оҳиста сузиб чиқди. Шаҳарлик экани ҳам майли-я, мен кўрган аёллар орасида энг соҳибжамоли эди у. Унга яқинлашиб, қувончимни изҳор қилишни истардим, соғ-омон экан, шодланмай бўладими, ахир! Аёл яшил пуловер кийган, устидан енгсиз ёпинчиқ ташлаган — бунақаси пончо дейилади, чоғи. Шамол ёпинчиқ барларини ўйнар, тўсдай қора сочларни тўзғитарди. Декабр ойида, муз қопламасидан аввал жилға суви мана шундай мавжланади.
Мен аёл томон қадам қўйдим ҳам шекилли, чунки елкамда Тукининг дағал ва қайноқ қўлини сездим. Лекин барибир шу аёлга етишишни хоҳлардим — кўнгилнинг кўчасини қаранглар-а! Қора сочли гўзал дилбар. Яшил пончоси бўйни ва елкаларида ҳилпирайди. Уолтер де ла Мэрнинг шеърларидаги ғаройиб паривашнинг ўзгинаси эди у…
— Жейни! — дея қичқирди Ламли. — Жейни!
Ва қўлларини чўзганча, қор оша у томон интилди.
— Қайт! — дея уни тўхтатишга уринди Туки. — Мумкин эмас, Ламли!
У ҳатто қайрилиб боқмади… аёл эса бизга қаради ва жилмайиб қўйди. Унинг бу кулгусидан бояги эҳтиросларим сўнди-қолди. Лов этиб ёниб кетган ҳисларимга совуқ сув сепилгандек бўлди гўё. Аёлдан қабр совуқлиги келар, кафанга ўранган сўнгаклардек эди кўриниши. Ҳатто шунча масофадан ҳам кўзлари қизиллигини кўрдик. Одамнинг эмас, бўрининг кўзлари эди улар. Аёл илжайганида эса ҳаддан зиёд узун тишлари кўриниб кетди. Хуллас, рўпарамизда инсон эмас, балки шу қутурган бўронда қандайдир тарзда тирилиб қолган мурда турарди гўё.
Туки уни чўқинтирди. Аёл тисланди ва яна илжайиб қўйди. Биз ундан анча узоқда эдик, лекин барибир қўрқиб кетдик.
— Уни тўхтатиш керак! — дея шивирладим. — Тўхтата оламизми?
— Кечикдик, Бут! — деди Туки машъум оҳангда.
Ламли аёлнинг ёнига етиб борганди. Қорга думалаб, ўзи ҳам одамдан кўра арвоҳга ўхшаб кетарди. У аёлга интилди ва бирдан… қичқира бошлади. Мен ҳали-ҳануз босинқираган кезларим шу қичқириқни эшитаман: кап-катта одам қўрқинчли туш кўрган болакайдек бақирарди. Ламли ўзини олиб қочишга уринди, аммо аёлнинг узун, яланғоч ва қордек оппоқ қўллари олдинга чўзилиб, уни ўзига тортди. Мен аёл бошини бир томонга хиёл эгиб, эркакка интилганини кўрдим…
— Бут! — дея хириллади Туки. — Қочмасак бўлмайди энди!
Ва биз югуриб кетдик. Нақ каламушлардек қочиб борардик ўзиям. Ўша тунда ўша ерда бўлмаган одам шундай деб айтар ҳам балки. Ўз изимиз бўйлаб ҳаллослаб югурар эканмиз, йиқилардик, турардик, сирпаниб кетган пайтларимиз қўлларимизни ёзиб, мувозанат сақлардик. Оғзи қулоғига етиб ишшайган, кўзлари қизил аёл ортимиздан қувиб келмаяптимикан, деган хавотирда мен дам-бадам ўгирилиб қарардим.
«Скаут»нинг ёнига етганда Туки кўкрагини чангаллаганча икки букилиб қолди.
— Туки! — дея қўрқиб кетдим. — Нима гап?..
— Юрагим, — деб шивирлади у. — Кейинги беш йилдан бери безовта қилади. Мени йўловчи ўрнига ўтқазгин-у, ўзинг ҳайда машинани!
Мен унинг қўлтиғидан олдим-да, автомобилни айланиб ўтиб, кабинага бир амаллаб ўтқаздим. Туки ўзини орқага ташлаб, кўзларини юмди. Юз териси сарғайиб, мумсимон тусга кирди.
Мен «Скаут»ни олд томонидан югурганча айланиб ўтарканман, кичкинтой қизалоқни йиқитиб юборишимга оз қолди. У машина эшиги ёнида турар, сочлари иккита қилиб ўрилган, сариқ кўйлакда эди.
— Мистер, — деди у тиниқ, жарангдор ва тонгги тумандек майин овозда. — Сиз ойимни топишга ёрдам беролмайсизми? У кетиб қолди, мен эса сов¬қотаяпман…
— Қизалоқ, тезроқ кабинага кир. Сенинг ойинг…
Шу лаҳзадаёқ сўзим бўғзимда қолди — қандай қилиб ақлдан озмаганимга ҳайронман ўша тобда. Чунки қизча қор устида эмас, балки ҳеч бир из қолдирмаган кўйи қор узра муаллақ турарди.
Бошини кўтарганча менга тикилиб турган бу гўдак Ламлининг қизи Френси эди. Етти ёшли қизалоқ, беҳисоб тунлар мобайнида шу ёшида қолаверади энди. Унинг ранги мурданикидек оппоқ, кўзлари чўғдай ёнади. Бўйнида иккита қизил нуқтани кўрдим, худди игна санчилгандек, лекин атрофидаги териси гўё тишлангандек эди.
У менга қўлларини чўзиб жилмайди.
— Мени кўтаринг, мистер, — дея чуғирлади. — Мен сизни ўпмоқчиман. Шунда сиз мени ойижонимнинг олдига олиб бора оласиз.
Қизчани ўпишни истамасдим, лекин ҳеч нарса қилолмадим. Беихтиёр унга қараб энгашдим, қўлларимни чўздим. Қизчанинг оғзи очилаётганини, пушти лаблар ортидаги майда тишларни кўрдим. Унинг даҳанидан ярқироқ ва кумушранг бир нима оқа бошлади — у сўлак эканини даҳшат ичра англаб етдим.
Унинг жажжи қўлчалари бўйнимдан қучди, мен эса бу иш у қадар даҳшатли бўлмаса кераг-ов, дея ўйлай бошлагандим. Шу пайт «Скаут» деразасидан қора ва залворли бир нима отилиб чиқиб, қизчанинг кўкрагига урилди. Шу ондаёқ ғалати ҳидли тутун пайдо бўлди, алланарса ярақлаб кетди ва қизалоқ вишиллаганча ўзини орқага олди. Ғазаб, нафрат, оғриқдан юзи бужмайиб кетди. Қизча ён томонга ўгирилди ва… кўздан ғойиб бўлди. Ҳозиргина қаршимда турганди, бир лаҳзада қор бўрони қаърига сингиб кетди, гўдак қиёфаси элас-элас кўзга ташланарди. Мана энди шамол шу манзарани ҳам чирпирак қилиб айлантириб, очиқ далага олиб кетди.
— Бут! — дея шивирлади Туки. — Тезроқ ўтир!
Мен рулга ўтиришдан аввал ҳамроҳим дўзахи қизчага отган нарсани энгашиб ердан олдим. Бу унинг онасидан қолган Библия эди.

Юқорида айтганларим аллақачонлар рўй берган воқеа. Ҳозир қариб-чуриб қолганман, аммо-лекин ўшанда ҳам ёш эмасдим. Херб Тукландер икки йил муқаддам вафот этди. Осонгина жон берди — ухлади-ю, қайтиб турмади. Бар ишлаб турибди, уни Уотервиллдан келган эр-хотин сотиб олишган. Ажойиб одамлар экан, у ерда ҳеч нимани ўзгартирмасликка уринишади. Мен барга аҳён-аҳёнда бораман, негаки Тукисиз зерикаман.
Лотда ҳамма нарса ўша-ўша. Юқоридаги воқеанинг эртаси куни эрталаб шериф Ламлининг автомобилини топди. Туки ҳам, мен ҳам унга ҳеч нарса демадик. Нима кераги бор? Вақти-вақти билан бирон йўловчи ёки турист шу атрофларда – Мактаб адирлиги ёки Уйғунлик адирлигидаги қабристон теварагида ғойиб бўлиб туради. Кейин сафархалта, қоғоз муқовали китоб ёки шунга ўхшаш бирон нима топиб олишади, аммо ғойиб бўлганлар танаси ҳеч қачон топилмайди.
Биз Жерусалемс-Лотга борганимиздаги ўша бўронли тун ҳали-ҳануз тушларимга кириб чиқади. Аёлдан ҳам кўра жажжи қизалоқ, унинг менга қўлларини чўзиб турган, мен уни кўтармоқчи, у мени ўпмоқчи бўлган пайтдаги кулгуси кўз олдимга келаверади. Лекин ёшим бир жойга бориб, тўримдан гўрим яқин қолди, оламдан ўтсам, тушларим ҳам мен билан бирга кетади.
Йўлингиз тушиб, сиз ҳам Жанубий Мэн бўйлаб саёҳатга чиқиб қоларсиз балки. Хўп ажойиб жойлар. Томоқни ҳўллаб олиш учун «Тукис бар»га ҳам бирров шўнғиб чиқарсиз, эҳтимол. Яхши бар. Янги эгалари унинг номини ҳам сақлаб қолишди. Ичишга-ку, ичаверинг, аммо кейин менинг маслаҳатимга кириб, йўлингизни шимолга қараб давом эттираверинг. Икки дунёда ҳам Жерусалемс-Лотга томон бурила кўрманг.
Айниқса, қоронғу тушганида.
Қаердадир ўша атрофда жажжи қизалоқ айланиб юрибди. Назаримда, у ҳамон кимнидир ўпишни хоҳлайди.

Русчадан Рустам Обид таржимаси.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2005 йил, 1-сон