Стивен Кинг. Даҳшатли ёмғир (ҳикоя)

Кундузги соат беш яримда эр-хотин Жон ва Элиза Грэмлар ниҳоят Майн штати (АҚШ) марказидаги кичкина шахарча, Виллога борадиган йўлни топишди. Шаҳарча Ҳемпстид Плейсдан бор йўғи беш мил узоқда эди. Бироқ улар икки марта бошқа йўлдан юриб адашиб кетишган эди. Шунинг учун ҳам Виллога етиб келишганида улар анча ҳолдан тойган, пешоналаридан тер қуйиларди. Бундан ташқари улар Сент-Луисдан йўлга чиқишганида машиналариниг кондиционери бузилиб қолганди. Лекин Виллода хаво анча нам эди. –Милли Козинс бизга айтган бозор шу бўлса керак деб тўғридаги бинога ишора қилди Элиза. – Ха, уни замонавий супермаркет деб бўлмайди деб тиржайди Жон.

Жон ва Элизанинг турмуш қурганига икки бўлди. Улар бир-бирини қаттиқ севишади. Жон ёзги татилни Майнда ўтказишни режалаштирганди. Бироқ Сент-Луисдан бу ерга келиш анча чўзилиб кетди. Жон бош кўча бўйлаб секинлик билан Вилло Савдо Марказига қараб машинасини хайдаб борди. Бир бино тепасига кўк бургут шаклидаги белги осилган эди. Жон бу бино почталигини тушинди.Шахарда на пиёдалар на машиналар кўринарди. Бу ерда худди хаёт тўхтагандек жим-житлик ҳукм сурарди. – Мен ёзги татилни Майнда ажойиб тарзда ўтказамиз деб ўйлагандим деб эрига минғирлади Элиза. – Шунча йўл босганимизга яраша Виллода оз бўлсада дам оламиз деб умид қиламан деди Жон атрофни томоша қилиб. Улар машинадан тушиб Савдо Маркази биноси томонга юришди. Бино ёнидаги похол шляпали, катта ёшдаги бир киши ўткир мовий кўзлари билан уларни кузатиб турарди. У қўлбола сигаретасини тутатиб ўтирар, оёқлари остида эса унинг катта, сариқ зоти номаьлум ити думини ликиллатганича у ёқдан бу ёққа айланар эди. – Салом ёшлар! деди қари жаноб хушмуомалалик билан. – Салом деди Элиза. – Салом деди Жон хам. Мен… – Жаноб Грэм деб Жоннинг гапини бўлди қария. Жаноб ва хоним Грэм. Сизлар бу ерга ёзги татилда дам олиш учун келган бўлсангиз керак. Китоб ёзганингиз ҳақида хам эшитгандим. – Ҳа, “Ўн саккизинчи асрдаги француз имиграцияси ҳақида” деб унинг гапини тасдиқлади Жон. – Атрофга гап йўқ! Шундайми? –Албатта! Дам олиш учун зўр жой! Сиз билмайдиган кичкина шаҳарча. Шундай деб қария сигаретасини тутатди.. – Хотиним бунақа сигарета чекишимни истамайди. Айтишича бу нарса саратонга олиб келар экан. – Биз шахрингизга егулик ва ёқилғи олиш учун келдик деди Элиза. – Э! Ха, эсим қурсин! Сизларга айтишни унитибман. Мен Генри Эденман. Сизлар билан танишганимдан хурсандман. Сизларни бир ярим соатдан буён кутаман. Афтидан бу кичик шаҳарчага олиб борадиган барча йўллардан бирма-бир юриб чиққанга ўхшайсиз. Шундай деб у хириллаб кулди. Унинг бундай бетакаллуфлигидан Жоннинг қовоғи уйилди. – Хўш нега бизни кутаётган эдингиз? – Льюси Досетте исмли бир аёл бу ерга янги саёҳатчилар келаётгани хақида хабар қилганди. Сиз Льюсини танимайсиз аммо айтишича унинг жиянини яхши билар экансизлар. – Милли Козинснинг хола-бувисини айтмаяпсизми мабодо ? деб сўради Элиза. – Худди шундай. Виллода барча бири бири билан алоқада бўлиб туради. Льюси йўл бўйидаги тепалик этагида яшайди деди Эден. У бироз ўйланиб қолди. – Сиз иккалангиз бугун тунни шахар ташқарисида ўтказганингиз мақул деб ўйлайман деди Генри нихоят. – Шахар ташқарисида? Нега бундай қилар эканмиз? Ахир бу шахарга энди келдик. Биз шу ерда дам олмоқчимиз деди Жоннинг жахли чиқиб. – Бу яхши фикр эмас! деган овоз эшитилди Эденнинг орқасидан. Грэмлар атрофга аланглашди ва дўкон ичидан чиқиб келаётган озғин, қари бир аёлни кўришди. У анча тушкун кайфиятда эди. – Мен Лаура Стентонман деб ўзини таништирди у. Одам иси ёқмас экан деб ўйламанг аммо бугун тунда бу ерда дахшатли ёмғир ёғади. Шунинг учун бу ерда қолишингиз хавфли. Элиза осмонга қаради. Кичкина булутчаларни хисобга олмаганда осмон мусаффо эди. – Хайрон қолишингиз табиий. Аммо хозир кўриб турганингиз хеч нимани англатмайди деди Лаура Стентон. – Кечирасиз. Гапларингизнинг бирортасига хам тушинмадим. Бу махаллий халқ ҳазилларидан бирими? деб сўради Элиза унинг гапларидан боши қотиб. – Виллода хар етти йилда бир дахшатли ёмғир ёғади деб гапида давом этди Лаура. – Ўн еттинчи июньда! Орага суқилди қария Генри. – Бу дахшатли ёмғир хар етти йилда бир, ўн еттинчи июньда ёғади. Фақат ўн еттинчи июнда, бошқа кунда эмас. Шунингдек фақат бир кечагина ёғади. Нега шундайлигини биласанми, Лаура? – Йўқ, билмайман. Гапга аралашишни бас қил Генри! Қариб ақлдан озибсан! деб унга шанғиллади Лаура Стентон. – Ха, бўпти узир деб ундан ранжиди қария. Элиза Жонга бироз қўрқув билан қаради. – Бу одамлар устимиздан кулишяптими? Ёки иккови хам ақлдан озганми? деди у эрига. Жон хам хеч нарсага тушинмаётган эди. – Хўш, гапларимни эшитинг деди Лаура Стентон мулойимлик билан. Агар истасангиз Вулвич Роддаги Вондервю мехмонхонасидан сизларга хона гаплашиб бераман. У ерда хозир жой тўлган лекин мехмонхона бошқарувчиси менинг холаваччам , у мен учун битта хона топиб беришига ишончим комил. – Бунинг барчаси шунчаки ҳазил, шундайми? Мен хеч нарсага тушунмаяпман деди Жон. – Йўқ, бу хазил эмас. Хар етти йилда ёғадиган бу ёмғир оддий ёмғир эмас, қурбақалар ёмғири! – Қурбақалар?! деди Элиза хайрон қолиб. Мен гўёки туш кўраётгандекман. Жон атрофга нажот билан қаради. Лекин кўчада хеч ким йўқ эди. “Бу ерда бир балога йўлиқишимиз аниқ” деб ўйлади у. “Агар бу одамлар чиндан ҳам ақлдан озишган бўлса аниқ муаммога учрадик.” – Ҳозир сизга айтаётган гапларим ахмоқона туйилаётган бўлиши мумкин бироқ мен хам Генри хам шунчаки ўз ишимизни бажаряпмиз деди Лаура Стентон. – Буёққа кел! Жон хотинининг билагидан ушлаб четга тортди. – Сизлар билан учрашганимдан хурсандман шундай деб у Генри ва Лаурага сохта табассум қилганича Элизани олдига солиб олиб кетди. – Бунга ишонишингиз бироз қийин деди Лаура уларнинг ортидан. – Эхтимол бизни ақлдан озган тентак деб ўйлаётгандирсиз лекин бу айни хақиқат.Виллода хар етти йилда бир қурбақа ёмғири ёғиши ҳақида эшитган инсонлар ҳам бўлса керак. “Эй худойим нега Сент-Луисдан кетдим-а?” деб ўзига ўзи минғирлади Жон.Бузилган кондиционерли машинада деярли ўн беш минг чақирим йўлни мана шу икки телбани кўриш учун босиб ўтган экан-да, шўрлик. – Элиза! Кетдик бу ердан! Жон машинасига ўтирди. Эр-хотин Грэмлар чол-кампир билан хайрлашишди ва машиналарига ўтириб жўнаб кетишди. – Кетиб тўғри қилишди. Шундай қилишса уларга яхши бўлади деди қария. – Ўзимни жуда ёмон хис қиляпман. Ёмон иш бўлди. Улар жуда яхши инсонларга ўхшайди деб афсус билан уларнинг ортидан қараб қолди Лаура.

Эр-хотин Грэмлар қўшни шахарча Вулвичга боришди. Бу ерда Виллога қараганда анча яхши эди. Кўчалар машиналар ва одамлар билан гавжум, шахарда хаёт қайнарди. Жон ва Элиза истирохат боғидаги майса устида овқатланишди. – Ўша одамлар хақида нима дейсиз, Жон? – Менимча буларнинг барчаси бемани хазиллар. Бу ерлардаги махаллий халқ сайёҳлар билан ўйин қилишни ёқтиради деди Жон. – Аммо улар менга жиддий кўринганди деди Элиза бироз ўйланиб. – Ахир шахар хувиллаб ётганди. Сизнингча ўша шахарчадаги қолган аҳоли қаерда? – Бирор бир муассасанинг очилиш маросимига ёки бошқа бирорта зиёфатда бўлишса керак деди Жон ва Элизанинг идишига қаради. – Хеч нарса емабсанку севгилим! – Оч эмасман деди Элиза бироз хомуш тортиб. – Ахир сенга айтдим-ку уларнинг гаплари барчаси бемани хазил деб. Шундай деб Жон рафиқасиниг қўлларидан ушлади. – Сиз чиндан хам шундай деб ўйлайсизми? – Ха, мен шундай фикрдаман. Дахшатли қурбақа ёмғири эмиш, шу хам гапми? – Нега бундай деб ўйлаяпсиз? – Чунки бу одамлар ўзларини тинчлигини ўйлаб шунга ўхшаш чўпчакларни тарқатишади. – Лекин ўша кампирнинг гаплари хазилга ўхшамасди. Тўғрисини айтсам унинг гаплари мени вахимага солиб қўйди. – Ха , бу кўриниб турибди деди Жон бу сафар жиддийлашиб. Очиғи бундай ахмоқликларга тоқатим йўқ лекин кимдир рафиқамнинг юрагига вахима солибдими бу мен учун дахшат. Мен бу гапларнинг тагига етаман. Хўш, ортга қайтишга тайёрмисан? –Ха , бироқ энди у ерни топа оламизми? – Ташвишланма! Мен нон ушоқлари билан ортимиздан из қолдириб келганман чунки у ерга қайтишга ундашингни билардим. – Оҳ, қандай ақллисиз азизим!Элиза ўрнидан турди. Унинг юзида яна табассумни кўрганидан Жон хурсанд эди.

Йўлдаги тепаликда фақат биттагина уй бор эди. Жон ва Элиза уйнинг ёнидан ўтиб кетаётишганида Жон деразадан қимир этмай уларга қараб турган бир аёлнинг шарпасини кўрди. – Қара! Дугонанг Миллининг хола-бувиси. Унинг вазифаси анови икки жиннига қўнғироқ қилиб бизнинг бораётганимизни етказиш бўлса керак деб Жон кулди. Улар беш дақиқадан сўнг Виллога етиб келишди. – Қулоқ сол! деди Жон Элизага. Ҳамма ёқ жим-жит фақат атрофдан бақаларнинг товуши эшитиларди. – Булар шунчаки бақалар деди Элиза. – Қурбақалар эмас деб кулди Жон ва Зуҳро юлдузи чарақлаб турган мусаффо осмонга термилди. – Улар шу ерда, Элиза! Осмонга қара! Қурбақали булутлар! Жон хохолаб кулди. – Устимдан кулишни бас қилинг деб Элиза уни тирсаги билан туртди. Улар бир уйга киришди ва тўғри ётоқхонага боришди. Элиза ухлай олмади. У ўрнидан туриб дераза олдига борди. Деразадан осмонга қараган Элиза унда булутлар сузиб юрганини кўрди. Шу пайт бирданига томга “гурс” этиб нимадир келиб урилди.

– Жон! Жонни! Туринг! — Ҳа? Нима? Жон сапчиб ўрнидан туриб кетди. – Бошланди! Бақалар ёмғири бошланди! – Қурбақалар ёмғири! Унинг гапини тўғирлади Жон. – Тўғирлаб айтсанг бў… “Гурс-гурс.” Жоннинг гапи оғзида қолди. – Бу беманилик деди Жон жаҳл билан. “Чарс-чурс”! Бу сафар шиша жаранглаши эшитилди. – Эй ланати! Жон бақирганича ўрнидан туриб, костюмини кийди. – Етар! Ҳозир… Томда ва ховлида бир неча марта гурсиллаган товуш эшитилди. Элиза эрига қўрқув билан қаради. – Аниқ биламан бу ўша эси паст чол ва кампирнинг иши. Улар бир нечта қария ошна-оғайнилари билан ховлига бир балоларни отиб бизни мазах қилишяпти деб бақирди Жон. “Гурс, қарс-қурс!” Бу сафар товуш ошхонадан эшитилди. – Худо ҳаққи ҳозир… деб додлаганича Жон залга югириб чиқди. – Мени ёлғиз ташлаб кетманг! Чинқирганича Элиза ҳам унинг ортидан югурди. Жон югириб мехмонхонага чиқди. У ерда катта дераза бўлиб у синиб ётарди. Жон синган шиша бўлагини қўлига олиб, унга яхшилаб разм солди. “Йўқ буни тош синдирмаган” деб ўйлади у. “Бу…” – Жон нима бу? деб Элиза унинг ортидан кириб келди. – Қурбақа деди Жон гарангсираб. У синган шиша парчасига тикилганича ўзига ўзи алланималарни гапирарди. Деразадан ташқарига қараган Жон ақлга сиғмас даҳшатли манзарани кўрди. Ҳаводан бир тўда ғалати шаклдаги ниарсалар ёғарди. Улардан учтаси синиқ деразадан ичкарига кириб кетди. Биттаси тўғри полдаги шиша бўлагига бориб урилди ва танасидан қоп-қора суюқлик отилиб чиқди. Буни кўрган Элиза чинқириб юборди. Қолган иккитаси эса гилам устига бориб тушди. Улардан бири ўзини ўнглаб олиб қалтираб деворни пайпаслаётган Жонга қараб сакради. Ўша сакраган нарса қурбақа эди. Лекин у одатдаги қурбақаларга умуман ўхшамас, унинг яшил-қора танаси анча катта ва думалоқ эди. Унинг тилларанг кўзлари ғайриоддий тухумга ўхшарди. Оғзида эса игнага ўхшаш ўткир тишлари бор эди. Бироз фурсат ўтиб яна бошқа кўплаб қурбақалар ичкарига отилиб кирди. – Бу ердан кет! Жон зал эшиги олдида қўрқувдан қотиб қолган хотинига бақирди ва ўзи томонга сакраб келаётган қурбақани тепди. Қурбақа унинг оёқ бармоқларига ўткир тишларини санчди. Дахшатли ва кучли оғриқдан Жон деворни бор кучи билан тепди. Атроф қурбақаларнинг хунук вақиллашига тўлиб кетганди. – Бу ердан тезроқ қоч, Элиза! Ж он яна хотинига бақирди ва қонаётган оёқларига қаради. Қурбақа ўлган аммо унинг катта, ўткир тишлари Жоннинг оёқ бармоқларига санчилганди. Жон уни силтаб юборди ва нихоят ундан халос бўлди. Хона ичи қурбақаларга тўлиб кетганди. Жон эшикка қараб югурди. Элиза ўзига келди ва эрини ушлаб тортди. Улар залга йиқилишди. Жон эшикни ёпишга улгирди. Жон дўкон олдида ўтирган ўша қарияни эслади. “Эй Худойим нега унга ишонмадим? Қанақасига ишонай, ахир умримда бундай даҳшатга учрамагандим!” Жон Элизага ташқарини кўрсатди. Аммо Элиза у ерга чиқишдан қўрқиб орқага чекинди. – Элиза! Жон хотинини ушлаб қолишга уринди. Хотини эса чинқирганича ундан узоқлашди. Қурбақалар залга хам ўтишди ва улар томонга сакрай бошлашди. Жон хотинини ушлаб олди. – Элиза! Худо ҳаққи гапимни эшит! — Биз ертўлага беркинишимиз керак! У ерда хавфсиз бўламиз! Жон уни силтади. – Йўқ! Бақирди Элиза. Айни пайтда жентелменлик қилиб, уни тинчлантириб ўтиришга вақт йўқ эди. Жон уни силтаб тортди ва олдинга судради. Залнинг яримига боришганида Элиза эс-хушини йиғиб эрига эргашди. Улар ертўла эшиги олдига боришди. Жон эшик тутқичини тортди бироқ эшик очилмади. – Ланати! Жон бақирганича эшик тутқичини жон холатда тортди аммо эшик қилт этмади. – Жон тезроқ! Элиза улар томон сакраб келаётган қурбақаларни кўрди. – Жон илтимос! Илти… Қурбақалардан бири Элизанинг тиззасига сакради. Элиза додлаб уни отиб юборди. – Жон! Эй Худойим, Жон! Жон Грэм бирданига хато қилаётганлигини тушинди. У эшикни итариш ўрнига уни тортиб ётганди . Эшикни олдинга итарганди у очилиб кетди. Жон ва Элиза ичкарига юз тубан йиқилишди. Қурбақалар эса очиқ қолган ертўла эшиги томонга сакради. Жон ўзини тутиб эшикни қарсилллатиб ёпди лекин қурбақалардан ўн иккитаси ичкарига киришга улгирди. Жон қоронғуда деворни пайпаслаб чироқни ёққанида Элиза яна додлаб юборди. Унинг сочларига қурбақа ёпишиб олганди. У қичқирганича бошини ертўладаги қутилардан бирига урди. Қурбақа сочларидан тушиб мажақланиб кетди. Жон ва Элиза ортга чекинишди. Жон деворга суяб қўйилган занглаган белкуракни кўрди ва тезда уни қўлига олиб улар томонга сакраётган қурбақаларни ура бошлади. Жон ертўла ичига кириб олган хамма қурбақаларни белкурак билан уриб ўлдирди. Эр-хотин Грэмлар бири бирларини маҳкам қучоқлаб олишганича ташқарида тўхтовсиз ёғаётган қурбақалар ёмғирига қулоқ солишди. Жон ертўланинг митти деразасидан ҳовлида сакраб юрган қурбақаларни кўрди. – Деразаларни беркитишимиз керак. Улар деразаларни синдириб кириши мумкин. – Нима билан беркитамиз? деди Элиза. Жон атрофга қаради ва деворга тиралган фанерларни кўрди Кўп эмас аммо етади. – Манавилар билан деб фанерларни кўрсатди Жон. – Қани, менга буларни майдароқ бўлакларга бўлишга ёрдамлаш. Улар тезда ишга киришишди. Ертўланинг тўртта деразаси бор эди. Жон билан Элиза охирги деразани фанер билан ёпишганида биринчи деразанинг шишаси сингани эшитилди бироқ фанер жойида мустахкам турарди. Грэмлар ертўланинг ўртасига бориб ўтиришди. Бу орада ертўла эшиги ортидан эшикни ғажишни бошлаган қурбақаларнинг овози эшитилди. – Агар улар эшикни еб ичкарига киришса нима қиламиз? Шивирлади Элиза. – Билмайман деди Жон қўрқув тўла кўзлари билан эшик томонга боқаркан. Шу пайт эшикнинг ўртасидан катта тешик очилиб ундан қурбақалар тўдаси ёпирилиб кирди. Элиза бу сафар чинқириади. Унинг додлашга ҳоли қолмаганди. Қурбақалар галаси улар томонга ташланганида Жон Грэмнинг фарёди бутун атрофга эшитилди…

Ярим тун. Виллода қурбақалар ёмғири шаррос қуярди. Тунги соат бир яримда кўл яқинидаги қарағай дарахтига охирги қурбақа келиб тушди ва ерга тушиб сакраб-сакраб қоронғуда ғойиб бўлди. Эрта тонгда бутун Вилло шахарчаси чор атрофга сакраб, вақ-вақлаётган қурбақаларга тўлиб кетганди. Махаллий фермерларнинг хар етти йилда бир бўладиган ушбу дахшатли ёмғирдан хабардорлиги учун чорва молларини хавфсиз жойга олишга улгиришганди. Ахир суғурта компаниясидагилар қурбақа ёмғири хақидаги гапларга ишонишармиди?! Қуёш уфққа бош кўтаргач унинг нурлари қурбақаларни эритиб юборди. Уларнинг териси оқариб, “пақ-пақ” этиб ёрилиб кетди ва оппоқ суюқликка айланди. Вилло шахарчаси худди сўнаётган вулқон маконига ўхшаб қолганди. Эрталаб соат саккизларда машинасида Лаура Стентон Савдо маркази олдига келиб тўхтади. У машинадан тушганида анча хорғин кўринишда эди. Қаёқдандир Генри Эден хам ити билан етиб келди. – Ичкаридаги аҳволни қара, шартта ортимга ўгирилиб уйга қайтиб кетгим келяпти деди Лаура бошини қимирлатиб. – Лекин бу фойда бермайди, Лаура деб унга яқинлашди Эден. – Элонларинг ёзилган пештахтанг синибди деди Лаура. – Ха, кўриб турибман, Худога шукрки бу ланати ёмғир етти йилда бир ёғади. Қария яна бир нималарни минғирлади. – Нима дединг? Яхши эшитмадим? – Бунга йўл қўймаслигимиз керак эди деяпман деди Генри афсусланиб. – Улар хали жуда ёш эди. Биз бунга йўл қўймаслигимиз керак эди Бу икки ёш хақиқатдан хам ажойиб жуфтлик эди. Ахир ўзинг шундай дегандинг-ку деб кўзларига ёш олди қария Эден. – Ха тўғри, бироқ энди қўлимиздан хеч нарса келмайди. Лаура Генрининг елкасига қўлини қўйди. – Биз уларни мажбурламадик, аксинча бунга қарши бўлдик. Уларни хатто огоҳлантирдик. Улар ўзлари шу ерда қолишни исташди. Улардан олдин бошқалар хам шундай қилишган. Бу нарса одат бўлиб қолган. – Ха биламан деб хўрсинди Эден. – Бу шахарнинг хидидан кўнглим айнийди. Ишқилиб етти йилдан сўнг бу ерларга яна бошқа бегона инсонлар келмасин. – Эхтимол сўнгги марта шундай дахшатли ёмғир ёғишидир ёки бу ерга кейинги сафар хеч ким келмас деди Лаура Стентон. – Бундай бўлмаса керак. Аммо етти йил узоқ муддат унгача бир гап бўлар деди Генри. Бироздан сўнг Генри Лаурадан элонлар ёзилган пештахтани осиб қўйишга кўмаклашишини сўради. Улар ишни тугатишгач – Мана энди етти йи тинчгина яшаймиз деди Генри Эден. – Ха, шундай деб ўйлади Лаура. Лекин етти йилдан сўнг яна дахшатли қурбақа ёмғири ёғади ва айнан ўша куни икки ёш эр-хотин хам келишади. Биз эса уларни қайта-қайта огоҳлантирамиз лекин улар бунга ишонишмайди, кейин эса… Бу нарса давом этаверади.

Ҳаво очилиб қуёш чарақлаб чиқди ва шу тахлит Виллода даҳшатли ёмғир кечаси якунига етди.

Инглиз тилидан Феруз Зиёдуллоев таржимаси

7х7 газетаси, 2015-йил, 8- январь сони