Сомерсет Моэм. Ниначи ва чумоли (ҳикоя)

Болалигимда мени Ла Фантен масалларини ёд олишга мажбур этишар, унинг маъно-мағзини обдан уқтиришарди. Масаллардан бири ниначи ва чумоли ҳақида бўлиб, ундаги “Меҳнат қилсанг, етасан муродга, Ялқов бўлсанг, қоласан уятга”, деган хулоса гўдак ақллар учун кони фойда эди. Бу ажойиб масалда (ҳаммага маълум нарсани такрорлаб ўтирганим учун айбга буюрмайсиз) чумоли қишлик озиқ ғамлаш мақсадида ёз бўйи тинмай меҳнат қилади, ниначи эса гул-япроққа қўниб, офтобда товланиб қўшиқ айтади. Қиш келади. Чумолининг егани олдида, емагани кетида, ниначининг эса омбори бўм-бўш. У чумолининг ҳузурига бориб, ундан емак сўрайди, жавоб жуда оддий: “Ёзда меҳнат қилганингда роҳатини кўрардинг!”
– Мен ёз бўйи куйладим.
– Ялло қилдинг, куйладинг, энди аравангни торт!
Менимча, ақли ноқисликдан эмас, болаларча бебошлигимданми, бунақа ахлоқни қабул қила олмасдим. Ахир болалар учун ахлоқий ҳислар аҳамиятсиз-да. Мен ҳамиша ниначи тарафда эдим, анча вақтгача чумолиларни кўрсам, босиб-янчиб ташлагим келарди. Билишимча, кейинчалик ҳам мен инсонлардаги пухталик, эҳтиёткорликка нисбатан норозилигимни билдиришга ҳаракат қилиб юрдим.
Бу масал ресторанда ёлғиз нонушта қилиб ўтирган Жорж Ремсини кўрганимда беихтиёр ёдимга тушди. Унинг юзи таъриф этиб бўлмайдиган даражада қайғули, ҳаракатсиз нигоҳлари аллақаёқларга тикилган, назаримда, унинг елкасига бутун дунёнинг ғами тушгандай эди. Шўрликка жуда раҳмим келди. Ҳа, укаси яна бир ҳунар кўрсатган бўлса керак. Мен унинг ёнига бордим, саломлашмоқчи бўлиб қўл узатдим.
– Аҳволлар яхшими? – сўрадим мен.
– Ишлар чатоқ.
– Яна Томми?
У чуқур хўрсинди.
– Ҳа, яна Том.

* * *

Ҳар бир оилада битта такасалтанг бўлади. Мана, йигирма йил бўлибдики, Том акасининг бошига битган бало. У бинойидек турмуш бошлаганди: савдогарлик қиларди, уйланган, икки боланинг отаси эди. Ремсийлар оиласи ҳавас қилгудек эътиборли, Томни эса бадастур ҳаёт кечиради деб ўйлашарди. Бироқ кунларнинг бирида у ҳе йўқ-бе йўқ ортиқ ишламайман деб туриб олди, у отасига муносиб ўғил бўла олмаслигини, бундан буёғига роҳат-фароғат қилиб яшамоқчилигини айтди. У ялиниб-ёлворишларга қулоқ ҳам солмади: хотинини, ишини ташлади. Жамғариб қўйган пулларига икки йил Европанинг пойтахт шаҳарларида айшини сурди. У ҳақдаги узунқулоқ гапларга қариндошлари ёқа ушлашарди.Турган гапки, у тараллабедод қилиб вақт ўтказар, қариндошлари эса пули тугаса, нима қиларкан, дея бош чайқарди. Тез орада уларнинг қулоқларига янада шумроқ хабарлар чалинди: у товламачилик қилаётган эмиш.
У ёқимтой, кўринишдан иззатпарастга ўхшамасди. У қарз бермай кетишнинг сира иложиси йўқ кишилар тоифасига кирарди. У ҳамиша дўстларидан қарз олар, дўстларининг эса саноғи йўқ эди. У ҳамиша фақат керакли нарсаларгагина пул сарфлаш ўлгудек зерикарли, кўнглинг тусаган нарсани харид қилиш эса жуда ёқимли деб айтарди. Унинг даромад манбаи акаси бўлиб, унинг ёқимтойлиги Жорж учун бир чақага қиммат эди. Жорж ғоятда жиддий, укасининг унча-мунча қилиқларига парво қилмасди. У ақл-фаросатли эди: укасининг энди одам бўламан деган сўзига ишониб, майли, оёққа туриб олсин деб, анча-мунча пулнинг бетига қарамади. Том эса бу пулларга автомобил, яна аллақандай қимматбаҳо буюмлар олди. Жорж укасининг одам бўлмаслигини билиб, қўлни ювиб қўлтиққа урганда, Том виждонини зиғирча ҳам қийнаб ўтирмай, очиқдан-очиқ акасини тўнашга ўтди: Ахир кимсан обрў-эътиборли адвокатнинг укаси унинг севимли ресторани пештоқида туриб коктейл сотса ёки клуб дарвозаси тагида такси ҳайдайман деб турса! Том “Бар пештахтаси ортида сотувчилик қилиш ҳам, такси ҳайдаш ҳам бинойидек иш, бироқ агар Жорж мендан икки юз-уч юз фунтини аямаса, азбаройи оиламиз шаънини деб, майли, мен бу ишдан воз кечаман”, деди. Жорж ён берди. Кунларнинг бирида эса Томнинг қамалиб кетишига бир баҳя қолди. Жорж даҳшатга тушди: йўқ! Том, чиндан ҳам, ҳаддидан ошганди. Ҳа, авваллари у исрофгар, ялқов, худбин эди, лекин номуссиз ишларга аралашмасди. (Бу сўз билан Жорж қонунбузарликни кўзда тутаётганди.) Агар иш судгача борса, шубҳасиз, уни қамашади. Яккаю-ягона укангизни қамашларига жимгина қараб тура олмайсиз-ку ахир! Том билан ёқа­лашган кишининг фамилияси Кроншо бўлиб, ғоят кекчи одам эди. У ишни зудлик билан судга ошишини талаб қилар, Томни “Бу аблаҳ, албатта, жазосини олиши керак”, дерди. Бу ишларнинг яхшилик билан тугаши Жорж учун анча-мунча бош оғриғидан ташқари, беш юз фунтга тушди. Мен Том ва Кроншо кассадан чекни олган заҳотиёқ, бирга Монте Карлога жўнаб, у ерда бир ой маза қилиб дам олганликларини эшитган Жоржнинг ғазабдан қутуриб кетгудек афтини авваллари сира кўрмагандим.
Мана, йигирма йилки, Том қимор ўйнайди, от ўйинларига пул тикади, гўзал аёллар билан ишрат қилади, ўйнайди-кулади, энг қиммат ресторанларда овқатланади, олифталарча кийинади. У ҳамиша мода журналларининг саҳифаларидан чиқиб келгандек пўрим, башанг бўлиб юради. Ўзи қирқ олти ёш бўлса ҳам, нари борса, ўттиз беш ёш деб ўйлайсиз. У ғоят зийрак улфат: енгилтаклигини билиб турсангиз ҳам, баҳри дилингиз очилиб суҳбатлашасиз. У серғайрат, хушчақчақ, ёқимтой йигит. У ҳамиша мендан майда-чуйдага деб қарз олар, ҳар гал унга эллик фунт санаб берарканман, ўзимни гўё мен унинг олдида қарздордай ҳис этардим. Шундай қилиб, Том Ремси ҳаммани, ҳамма Том Ремсини танирди. Турган гапки, сиз унинг ҳаёт тарзини ёқламаслигингиз мумкин, бироқ уни ёмон кўриб ҳам қолмасдингиз.
Шўрлик Жорж бебош укасидан атиги бир ёшгина катта эди, лекин олтмишни уриб қўйгандек мункиллаб қолганди. Мана, чорак асрки, у йилда икки ҳафтагина дам олади. Ҳар куни эрталаб соат тўққиз яримдан бошлаб конторада ўтиради ва у ердан соат олтидан эрта кетмайди. У ҳалол, меҳнаткаш, ҳар жиҳатдан ҳурматга лойиқ киши. Унинг хотини бағоят гўзал, у бирор марта ҳам хотинига хиё­нат қилмаган, хиёнат қилишни хаёлига ҳам келтирмайди. Унинг тўртта ажойиб қизлари бор, қизлари учун у дунёдаги энг яхши ота. У даромадининг учдан бирини жам­ғариб, элликка киргач, шаҳар ташқарисидаги чоғроққина дала ҳовлида осойишта яшашни, боғдорчилик қилишни, голф ўйнаб, вақти чоғлик қилишни ўйларди. Унинг ҳаёти бадастур эди. У қариётганидан мамнун, чунки укаси Том ҳам қарияпти. Жорж қўлларини силтаб, Том ялло қилиб яшаган пайтлари ёш, кўркам эди; у мендан бор-йўғи бир ёш кичик, тўрт йилдан кейин элликка киради, яшаш оғирлигини ўшанда билади; мен элликка кирганда чўнтагимда уч юз минг фунт бўлади, Том қариганда бирор девор тагида ўлиб кетмасайди, деб йигирма беш йилдан бери айтаман; ўшанда кўрамиз ҳолини, меҳнат қилиш яхшими ёки ялқовликми, ўшанда биламиз, деб куюнарди.

* * *

Бечора Жорж! Унга чин юракдан ачинаман. Унинг қаршисидаги стулга ўтирарканман, Том бу гал қандай ҳунар кўрсати экан, деб кўнглимдан ўтказдим. Жорж ниҳоятда хафа кўринарди.
– Нима бўлганини биласизми? – деди у менга.
Мен ёмон хабар эшитишга ҳозирланиб, “Наҳотки, Том суд қўлига тушган бўлса?”, дея сўрадим.
Жоржнинг овози қалтираб чиқди:
– Сиз мени бутун умр ҳалол, меҳнаткаш, ор-номусли киши бўлганимни, узоқ йиллар тежаб, пешона терим билан топганларимнинг эвазига ўлимим олдидан давлатнинг шу бир-икки сўмлик қимматбаҳо қоғозлари билан таъминланишга ҳаққим борлигини ҳам биласиз; чекимга тушган қисматдан норози бўлмай, ўз бурчимни ҳалол бажарганимни ҳам яхши биласиз.
– Тўғри, мутлақо тўғри!
– Сиз яна укам Томнинг енгилтак, олчоқ, ишёқмас, дангаса бўлганлигини ҳам рад этмасангиз керак?
– Тўппа-тўғри, сиз мутлақо ҳақсиз!
Жорж қизариб кетди:
– Бир неча ҳафта олдин Том онаси тенги бир аёлга уйланганди. Ўша аёл вафот этди. У Томга бутун бойлигини: ярим миллион фунт пул, яхта, Лондондаги уйи, дала ҳовлисини мерос қилиб қолдирибди.
Жорж столга муштлаб урарди.
– Бу адолатданмас, жин урсин, бу адолатданмас!
Мен ўзимни тутиб туролмадим. Жоржнинг ғазабдан бурушган башарасига қараб кулиб юбордим. Стулни маҳкам ушлаб олдим, полга йиқилишимга сал қолди. Бу ишим учун Жорж мени кечирмади. Аммо Том мени тез-тез, Мейфрдаги серҳашам уйида ажойиб тушликлар билан сийлаб туради. Баъзан эски одатига кўра, мендан қарз ҳам сўраб туради, бироқ уни ҳеч қачон қайтармайди.

Русчадан Ойгул Асилбек қизи таржимаси