Сомерсет Моэм. Чумоли билан чигиртка (ҳикоя)

Сиз чумоли билан чигиртка ҳақидаги ҳикояни эшитганмисиз? Мен болалигимда мактабда шуни ўрганишга мажбур бўлганман. Бу оддийгина ҳикоя бўлиб, ёш ўқувчиларга ибрат бўлиши керак эди. Ҳикоя меҳнатсеварлик ғоясини тарғиб қиларди. Унга кўра кимки меҳнаткаш бўлса, муваффақиятга эришиши мумкин-у, кимки меҳнат қилмаса, бирор нарсага эриша олмайди.
Ҳикояда чумоли ёз бўйи тинимсиз меҳнат қилади. У ҳар куни уйига дон ташийди. Ёз охирига бориб у қишга етарли озуқа ғамлаб қўяди. Чигиртка эса умуман меҳнат қилмасдан, офтобда тобланиб қўшиқ айтишдан бўшамайди.
Кейин қиш келади. Чигиртканинг овқати бўлмайди. У чумолиникига бориб бирор егулик беришини сўрайди.
“Сен ёзда нима қилдинг?” – дея қарши олади уни чумоли.
“Қўшиқ айтдим”? – дейди чигиртка. – Қуёшда тоб-ланиб қўшиқ айтдим”.
“Энди яна бориб рақс тушишинг мумкин”, – дейди чумоли.
Ўшанда бу ҳикояни жиним суймаганди. У мени меҳнатсеварликка чорлай олмади. У менда чумолилар бераҳм экан, деган тасаввур уйғонишига ва чумолилардан нафратланишимга сабаб бўлди. Мен қаэрда чумоли кўрсам уни босиб-янчиб, эзиб ўтиб кетадиган бўлдим. “Бу сенинг чигирткага раҳмсизлик қилганинг учун жазо”, дердим.
Бундан бир неча кун илгари менга чумоли билан чигиртка ҳикоясини яна эслатган бир воқеа содир бўлди. Мен ресторанга тушлик қилгани боргандим. У ерда дўстим Жорж Рамсейни кўриб қолдим. У столда ёлғиз ўтирар ва жуда ғамгин кўринарди.
– Салом, Жорж, – дедим унга.
– Аҳволларинг яхшими?
– Унчалик эмас, – жавоб қилди у.
– Нима бўлди? – сўрадим столга ўтираётиб. – Яна уканг Томми? Яна у туфайли муаммоми?
– Ҳа, – деди у. – Яна Том.
Келинг, сизга аввало Том ҳақида сўзлаб берай. Ҳар қандай яхши оиланинг битта номуносиб аъзоси бўлганидек, Жоржнинг оиласида ўша одам – укаси Том эди.
Бошда Томнинг ишлари жуда яхши эди. Унинг яхшигина бизнеси, хотини ва икки боласи бор эди. Кунларнинг бирида у ортиқ ишлашни хоҳламаслигини айтиб қолди. У дам олишни, роҳатланиб яшашни истаб қолганди.
У оиласи ва ишини ташлаб, Европага жўнаб кетди. Унинг маблағи жуда оз бўлиб, ўйламасдан пулларини совурарди. У ҳашаматли меҳмонхоналарда турар, энг қиммат ресторанларда овқатланар, турли базмларга гўзал аёллар билан борарди. Қисқаси, у вақтини жуда хуш ўтказар эди.
Унинг оиласидагилар бу гаплардан хабар топишгач, афсус билан бош чайқашди.
“Пуллари тугагач, у қандай қиларкан?” – деган савол қийнарди уларни.
Тез орада бу саволга жавоб топилди. Том ҳамманинг ёқимтойи эди. У жуда хушчақчақ бўлиб, дўстлари ҳам жуда кўп эди. Пули тугагач, у дўстларидан қарз оларди.
Унинг оладиган қарзи унчалик кўп миқдорда бўлмагани учун дўстлари одатда қарзни сўраб ҳам ўтиришмасди. Мен уни тез-тез учратиб турардим, у билан ҳамсуҳбат бўлиш менга ёқарди ва ҳар гал уни кайфияти чоқ ҳолда кўрардим. Лекин ҳар кўришганимизда у мендан қарз оларди.
Том ўзининг одатий харажатларига пулни дўстларидан оларди-ю, мабодо кўпроқ пул керак бўлиб қолса, акаси Жоржнинг олдига келарди.
Жорж жуда обрў-эътиборли эди. У кўп ишлар, пулни ҳам ўйлаб сарфларди. У укасининг ҳам обрўли одам бўлишини хоҳларди.
Том акасига ҳаётини ўзгартиришга ва агарда Жорж унга етарли маблағ берса, ишини қайтадан бошлашга ваъда берди.
Биринчи марта у акасидан олган пулларни қимматбаҳо машина сотиб олишга, иккинчи сафар Париждаги меҳмонхона маишатига сарфлаб юборди.
Жорж унга мутлақо ишонмайдиган бўлди. У Томга пул беришдан бош тортди. Шундан сўнг ўта даҳшатли воқеа юз берди. Том қамоқхонага тушиб қолиши маълум бўлди. Жорж бу воқеани эшитиб, жуда хафа бўлди. Агар Том қамоққа олинса, у ва унинг оиласи учун бу нарса шармандалик ҳисобланарди.
Том Кроншав исмли кишини катта миқдордаги пулга чув туширган эди. Кроншав уни судга берган бўлиб, агар пули қайтариб тўланмаса, Томнинг қамоққа тушиши муқаррар эди. Турган гапки, Том уни тўлолмасди. Шунинг учун Жоржнинг 500 фунт-стерлинг тўлашдан бошқа иложи қолмади.
Жорж пулни тўлаб бўлган куниёқ, Кроншав билан Том Монте-Карлога жўнаб кетишди. Улар Монте-Карлода Жоржнинг пулларига кайфу сафо қилиб бирга юришганини кўришибди. Жоржнинг фиғони фалакка чиқди. Мен уни ҳеч ҳам бунчалик жаҳлдор ҳолатда кўрмагандим.
Шундай қилиб йигирма йил давомида Том бахтли ҳаёт кечирди. Йигирма йил давомида у гўзал аёллар даврасида даврон сурди. У қирқ беш ёшга тўлган бўлса-да, анчагина ёш кўринарди. Унинг дўстлари кўп эди.
Жорж бутун умр меҳнат қилди. У ҳар куни саҳарлаб ишхонасига борарди. У ишхонасини қоронғу тушмасдан тарк этган кунини эслай олмайди. У топганини йиғиб оиласи учун сарфлади. Унинг кўнгил ёзиш, ҳордиқ чиқаришга мутлақо вақти бўлмади. Унинг ёши атиги қирқ еттида бўлса-да, олтмиш ёшли қарияга ўхшарди.
Жорж қариётганидан мамнун эди.
“Том ҳам қарияпти”, деганди у бир куни менга. “У ёш ва чиройлилигида дўст орттириши осон эди. Тўрт йилдан сўнг у элликка тўлади. Ўшанда нима қиларкан? Мен элликка тўлганимда ўттиз минг фунт стерлинг миқдоридаги жамғармам бўлади. Томда эса ҳеч вақо бўлмайди. Кўрамиз, умрни меҳнат қилиб ўтказган яхшими ёки ўйнаб?”
Мен стулга ўтирдим. Бечора Жорж. Унга ичим ачишиб кетди.
– Бу гал нима бўлибди? – сўрадим ундан.
Мен Том яна қандай хатоликка йўл қўйди экан, деб ўйлардим. Уни полиция ушладимикан ё яна қамоққа тушдимикан?
– Мен бутун умр тинимсиз меҳнат қилдим, тўғрими? – аста гап бошлади Жорж.
– Биламан, – дедим мен.
– Том охирги йигирма йил давомида бирор-бир ишнинг бошини тутмай, бекор юргани учун қолган умрини қашшоқлик ва надоматда ўтказиши керак, тўғрими?
Тасдиқлашдан ўзга иложим йўқ эди. Жорж ғазабдан бўғриқиб кетди. Унинг шунчалик жаҳли чиққандики, ҳатто гапиролмай қолди.
– Бир неча ҳафта илгари Том ва бир қари кампирнинг унаштирув маросими бўлиб ўтганди, – деди у ниҳоят. – Кампирнинг ёши шунчалик катта эдики, Том уни бемалол ойи деб чақиравериши мумкин эди. Бугун у ўлибди. Томга эса ўзининг бор мулкини қолдирибди. Томга унинг ярим миллион фунт-стерлинги, Лондонда ва қишлоқда жойлашган ҳашаматли уйи мерос бўлиб ўтибди, – деди Жорж столни алам билан муштларкан.
Мен бу вазиятда ўзимни кулгидан тўхтата олмасдим. Баланд овозда кулиб юбордим. Яқин орада бунчалик кулгили воқеани эшитмагандим. Чигиртка чумолидан кўра омадлироқ чиққанди.
Жорж мени ўша кунги кулгим учун кечирмади. У мен билан умуман гаплашмай қўйди. Том эса мени тез-тез Лондоннинг энг қиммат кварталида жойлашган ҳашаматли уйига тушликка таклиф қилиб туради.
Лекин у ўзгармаган. Ҳали ҳам уйидан чиқаётганимда мендан қарз сўраб туради.

Инглиз тилидан СамДЧТИ талабаси Аброр РАҲИМОВ таржимаси.
“Ёшлик” журналининг 2011-йил, 5-сонидан олинди.