Содиқ Чубак. Қабрда биринчи кун (ҳикоя)

Куз қуёши кун сайин хира тортиб бормоқда. Гўё саратон иссиғи унинг ҳамма қайноқ нурларини ютиб юбориб, ўзини анча толиқтириб қўйгандай. Боғ ичидаги катта ҳовуз теварагини ўраб олган улкан чинорлар боғ деворининг устидан қалин соя ташлаб турибди. Ёзда чинорларнинг барглари орасидан бу ерга тангадек нур ўтмасди. Лекин ҳозир уларнинг улуғворлигидан путур кетганди. Ҳозир уларнинг усти чанг билан қопланган, барглар ерни қуёш нурларидан сақлашга ожизлик қилиб қолган эди.
Ҳожи Муатамед эрталаб сайр қилиб юрибди. У ҳассасига таяниб, ҳовуз атрофини айланиб чиқди. Ҳар куни эрталаб ҳам, кечқурун ҳам у чарчоқ нималигини билмай, ўзининг улкан боғини айланиб чиқарди.
Ҳовуз ажабтовур чиройли эди. Каттакон, чорбурчак, бошдан-оёқ нилуфарлар очилиб ётибди. Кўкатлар ва гуллар орасидан фавворалар осмону фалакка тинмай сув пуркар эдилар. Фавворалар тиниқ, тоза сувни ер ости ҳавзаларидан оларди. Ер ости ҳавзасидан олинган сувдан йилига уч минг сангаси ҳожининг ерларини суғорар эди. Ҳожи Муатамед бу ерни қирқ беш йил аввал сотиб олган бўлиб, аста-секин бу ерга ичкари-ташқарилик уй, меҳмонхона, идора, отхона, ҳаммом, мулозимлар истиқомат қиладиган иморатлар қуриб олганди. Ўша кезларда Ҳожи Муатамед авжи қирчиллама даврини кечираётган қирқ яшар йигит эди. Энди эса у сочлари тўкилиб кетган, ўзи мункиллаб қолган, ожиз ва нимжон қарияга айланиб қолган.
Ҳовузнинг олдида калта оёқли ёғоч сўри турар, унинг панжаралари нақшлар билан безатилган бўлиб, жуда бежирим эди. Сўрининг устига тўқ қизил рангли кошон гилами тўшалган, гиламга нафис гуллар ва нақшлар чекилган. Гиламнинг устида Фатх-Али шоҳ замонларидан қолган зумрад рангли биллур чилим турибди. Чилим қимматбаҳо тошлар билан безатилган. Кумуш патнисда биллур стакан ва қанддон турарди. Шу ернинг ўзида муқоваси анча уриниб қолган Ҳофизнинг китоби ётибди.
Ҳаво очиқ кунлари Ҳожи намози асрдан кейин шу сўри устида ўтириб, ҳордиқ чиқарарди. У жиндай-жиндай ичиб турарди. Ёлғиз ичарди. Оқшом чоғлари бунақа ичишга анчадан бери ўрганиб қолганди. Мулозим унга катта патнисда таом олиб келарди. Мавсумга қараб патнисда қайнатилган сабзавот, қатиқ, сузма, қайнатилиб қаймоққа солинган ловия, картошка, барра гўшт, пиёз, ялпиз, кунжутли нон бўларди. Ва, албатта, уларнинг ёнида ичида арағи билан биллур графин. Арақда олтинранг норанж бўлаклари сузиб юрарди. Патнис устида графин ёнида шамдонда ёниб турган шам. Ҳожи шамнинг липиллаб турган тилига тикилиб ўтириб, гўёки шифобахш бальзам ичаётгандай арақни майдалаб ҳўплайди ва шивирлаб байтлар ўқийди. Ёшлигида у маишатни яхши кўрган. Лекин эндиликда камдан-кам ҳолларда икки қадаҳдан ортиқ ичарди. Икки қадаҳнинг ўзини ёлғизлик лаззатидан роҳатланиб, анча вақт майдаларди.
Ҳозир ҳожи нонуштани қилиб бўлиб, чилимини чекиб, ошиқмай сайр қилиб юрар ва тасбеҳини ўгира-ўгира шикаста овоз билан байтларни шивирларди. Ҳофизнинг бу байти умрнинг ўткинчилиги тўғрисида бўлиб, ушбу дамнинг роҳатини татиб қолишга даъват этарди.
“Ҳа, рост, бу дунёнинг ҳузур-ҳаловатидан кечиш фурсати келди”, деб ўйлади-қолди, холос. Саксон йиллик умр зув этиб ўтди-кетди. Мен қандай яшадим? Шунча саъй-ҳаракат, елиб-югуришлар билан нимага эришдим? Ахир, хавотир ва қўрқувларга тўла умрим ит азобида ўтди-ку! Мана, умрнинг охири ҳам кўриниб қолди. Аммо шунча яшаб, нимани кўрдим? Нимани билдим?”
У баҳайбат чинор олдида тўхтади ва хаёлида ўйлашда давом этди: “Мен сизларнинг ҳаммангиз билан бирин-кетин видолашмоғим керак. Эй, чинори азим, биласанми сени ким эккан? Буни мен ҳам билмайман. Мен бу жойни сотиб олганимда, сен шу ерда савлат тўкиб турардинг. Мен дунёга келмасимдан анча олдинроқ бу боғда кўплаб дов-дарахтлар экилган эди. Ҳозир уларнинг анча-мунчаси қуриб, йўқ бўлиб кетган. Сенга ўхшаган уч-тўртта қари дарахтлар қолди, холос. Лекин улар ҳам ҳаётдан кўз юмишга чоғланиб турибди. Шундоқ бўлгач, сенинг неча ёшга кирганингни мен қаёқдан билай? Юз ёшдамисан? Беш юзга кирганмисан? Буни ҳеч ким билмайди. Агар сенга тегишмаса, сен Имомзода Солиҳнинг чиноридай минг ёшга кирасан! Бироқ бундан нима наф? Барибир, бир эмас, бир кун сенинг ҳам кунинг битади. Сен илдизларинг билан ерга тармашиб олгансан, тананг йўғонлашиб, шох-шаббаларинг тарвақайлаб кетган. Лекин буларни бари беҳуда. Ўлимдан қочиб… Бора-бора кунлардан бирида бу боғнинг ўрнидан катта йўл ўтади, унинг икки бетида катта магазинлар бўлади, уларнинг пештахталарида уззукун радиоприёмниклар ванғиллаб ётади. Эҳтимол, мени гўрга тиқиб келишга улгурмай турибоқ менинг қаллобликда устаси фаранг ярамас фарзандларим, қўлларига кетмонни олиб, менинг боғимни ўзаро бўлишиб олишар. Шундоқ боғни лахтак-лахтак қилиб парчалаб ташлашар ва ҳар қайсилари боғнинг бир бўлагига эгалик қилар. Улар сени ҳам аяб ўтиришмайди. Умуман айтганда, сен билан бизнинг қисматимиз нима бўлишини ким билади дейсан? Эҳтимол, менинг тобутимни сенинг отангнинг танасидан тайёрлашар, сендан эса менинг болаларимга тобут ясашар? Биз шўринг қурғурларнинг ҳаммамизнинг ҳам қисматимиз бир”.
Қўққисдан ҳожининг диққатини кўкариб турган бир туп гулдаги ғунча жалб қилди. Ғунчанинг тах-батах барглари худди жилмайиб тургандай кўринди. “Қани, сен нима дейсан? – деди қария гулга мурожаат қилиб. – Беқиёс ҳусни тароватим бу қарияга тасалли беради деб ўйлаяпсанми? Ахир, эртага худди шу вақтда аҳволинг қандоқ бўлиши сенга маълумми? Агар борди-ю, мен одамларимга айтиб, қўриқлатган тақдиримда сени ҳеч ким узиб кетмаганда ҳам эртага гуллаб бўласан, баргларинг тўкилади ва ўласан. Сенинг бахтинг шундаки, сен ўз қисматингни билмайсан ва ҳозир менинг боғимда гуллаб-яшнаб турибсан. Лекин мен биламан-ку – сен бу дунёга бор-йўғи бир кечага келгансан. Йўқ, энди сен ҳеч қачон менда ҳаётга иштиёқ уйғотолмайсан. Узундан-узоқ умрим давомида мендаги умид бутунлай сўниб битди. Умид булоғининг кўзи ёпилди, энди ҳар қанча уринсалар-да, у қайта очилмайди ва ортиқ сув бермайди. Юрагим сезиб турибди – келаси баҳорда мен сени ортиқ кўрмайман. Сен яна гуллайсан, одамлар сенинг ҳусни тароватингга яна суқланиб қарайдилар, лекин мен ортиқ бўлмайман ва сенинг ҳуснингдан лаззатлана олмайман. Бу ҳаётнинг шоду хуррамликлари билан мени овутмоқчи бўлиб, сен менга ортиқ табассум қилмайсан. Лекин мен сенга ўрганиб қолганман. Сени менинг қабрим устига қўйсалар ажаб эмас.
Бироқ нима учун сенинг шаънингга қўшиқлар битишади? Сенинг умринг жуда қисқа бўлгани учунми? Оҳ, теварагимни қуршаб олган нимаики бўлса, ҳаммаси менда ўлим ҳақидаги ўйларни уйғотади-я? Ундан кўра кошки эди менинг ҳеч нарсам бўлмаса – на уй, на боғ, на боғдаги гуллар билан дарахтлар, на хотинларим, на фарзандларим, на неваралар ва эваралар…”
Боғнинг йўлкасида Ҳожи Муатамеднинг мураббийси ва бошқарувчиси Хонназирнинг озғин қадди-қомати кўринди. Яноқдор юзида ялтоқилик ифодаси-ла, йўрға юриш билан жиндай букчайган ҳолда, қўлларини хўжайинига беҳад ҳурмати тўла тобелигининг белгиси сифатида кўкраги устида жуфтлаб, унинг олдига яқинлаб келарди:
Бошқарувчининг келиши ҳожи учун мутлақо кутилмаган бир ҳол бўлди, у ҳайрон бўлиб, нигоҳини гул бутасидан олиб, Хонназирга қаратди:
– Ҳа, тинчликми?
– Қурбонингиз бўлай. Мақбара тайёр. Қачон боришни ихтиёр этасиз? – деди бошқарувчи нигоҳини ерга қадаб.
Аммо у гапини тамомлаб улгурмай, ҳожи уни чангитиб сўка кетди:
– Вой, аблаҳ-ей… Оғзингга қараб гапирсанг ўласанми? Нима демоқчисан? Қачон ўласиз? Сизни у ерга қачон олиб борамиз – демоқчимисан? Э, ўшшаймай ўл-а! Ҳа, албатта, одам ўлгандан кейин ўз оёғи билан мақбарасига бормайди-ку!
– Қурбонингиз бўлай, – дея қўрқув ичида минғирлади бошқарувчи. – Турган жойимда тилим калимага келмай қотиб қолсин – наҳотки, мен шунақа шаккоклик қилишга журъат этаоламан? Мен фақат мақбарани бориб кўришни қачон ихтиёр этасиз деб сўрамоқчи бўлган эдим.
– Бугун. Бугун оқшом бораман. Йўқол кўзимдан!
Хонназир таъзим қила-қила орқаси билан юриб нари кетди. Ҳожи эса яна атиргулга ўгирилиб гапиришда давом этди: “Унинг нима деганини эшитдинг-а? Қабр тайёр бўлипти. Менинг қабрим. Энди сен мен билан ўзинг ўртамиздаги фарқни тушунгандирсан? Мен менга андай мақбара қуришганини биламан, сен эса ўзингнинг қабринг қанақа бўлишини тасаввур ҳам қилолмайсан. Бутун умрим давомида мақбарам ҳақидаги фикр менга тинчлик бермай келарди. Сен бўлсанг шабадада ўз навдангда беғам-беташвиш чайқалишдан бошқа нарсани билмадинг. Шунинг учун ҳеч нарсадан хабаринг йўқлиги, беғамлигинг учун сени бир бегуноҳ гўдакдек яхши кўрадилар. Хўп, мен энди борай… ўша қўрқинчли ертўлага йўл олишга фурсат етди. Бориб кўрай-чи, менга қанақа жаҳаннамни тайёрлаб қўйишганикин?”
Ҳожи Муатамеднинг шажараси унинг ўзидан бошланарди, унинг келиб чиқиши ҳеч кимга маълум эмасди. Унинг ўзи ҳам ота-оналарини ҳеч қачон кўрган эмас, ҳеч ким унга улар тўғрисида гапириб берган ҳам эмасди, у ота-оналарининг нима билан шуғулланганидан бутунлай бехабар эди. Ҳожининг болалиги Бўрижарда ўтган. Лекин у ерда ким билан яшаганини эслаёлмайди. Унинг онгида фақат очликда бошпанасиз ўтказган кунларининг манзаралари гавдаланарди. Бунинг эвазига у Бўрижар ҳокимининг катта мулозими қўлида отбоқар бўлган кунларини яхши эслайди. Ўша пайтда у ўн беш ёшларда эди. Ўшандан бери қанча сувлар оқиб кетди-ю… Бу орада Ҳожи донгдор ва бадавлат одамга айланди. Бу ҳаммаси шундан бошландики, ҳожи Муатамед Эрон шоҳи Насриддиннинг ўғли, Исфахон ҳокими Зилли Султоннинг қўлида мулозим бўлиб ишлади, кейин нозир даражасига кўтарилди, кейин эса бошқарувчи ҳам бўлди. У ҳокимият эгаси бўлди, унвон олди, бойлик орттирди. Шунақа кўп ерга эга бўлдики, унинг ўзи ҳам ҳисоб-китобига етолмай қолди. Шундоқ бўлгач, эндиликда бирор кимса унинг олий насаблигига шубҳа билан қарашга журъат қила олармиди?
Сўнгги йилларда Муатамед одамларнинг кўзига деярли кўринмай яшади. Фақат фавқулодда ҳодисаларгина – бирон яқин дўстининг вафотини ёхуд қўшниси Жалил ас-Султоннинг уйида бўладиган имом Ҳусайн хотирасига бағишланган қироатхонликни – уни остона ҳатлаб кўчага чиқишга ундар эди. Бироқ эндиликда у ҳатто ана шундай ҳодисалар муносабати билан ҳам уйдан чиқмай қўйган эди. У энди ўзига ўхшаган қарияларни ва энг яқин дўстларини ҳам тан олмай қўйди.
Ҳожининг узоқ умри давомида унинг уйи теварагидаги ерларнинг эгалари бир неча мартадан алмашди. Турар-жойлар ўрнида дўконлар, кенг кўчалар пайдо бўлди. Чироқлар билан безатилган чароғон иморатлар қад кўтарди – уларнинг ичида узлуксиз радиоприёмниклар вағиллагани-вағиллаган эди. Бу ўзгаришлар унга маъқул эмас эди, бу ўзгаришлар унинг ғашига тегар эди.
Ҳожининг еттита ўғли бор эди. Уларнинг ҳаммаси ҳам катта рўзғор юкини тортиш билан овора эдилар. Уларнинг бир нечтадан хотинлари ва бири биридан кичкина бир арава болалари бор эди. Йилига фақат бир Наврўз куни эски анъаналарга риоя қилишга мажбур бўлган ўғиллар оталариникига меҳмонга келар эдилар. Шунда ҳожининг уйи тўс-тўполон бўлиб, шовқин-сурондан ҳожининг калласи ғовлаб кетарди. Ўғиллари, неваралари, эваралари, келинлари қариянинг ёнига келиб, қўлини ўпишар, қария катталарга бир ашрафийдан тилла, болаларга эса кумуш танга бериб чиқишга мажбур бўларди. Ўғиллари бу тўғрида шундай дейишарди: “Шунисига ҳам раҳмат! Отамизнинг бунақа хасислигида йилига бир марта катта байрам куни бир ашрафийдан ҳайитлик олсак, шунисига ҳам шукур!”
Мана, бу йил ҳам Наврўз куни қария боғда ҳовуз бўйида ёғоч сўрида чилимини тортиб ўтирди. Боғ бола-бақрага тўла эди. Улар майсалар устида югуришар, гулларни узишарди. Етти ёшлардаги бир ўғил бола қоғоз кемачаларини ҳовузга қўйиб юбориш билан банд. Ҳожи болага тикилиб разм солди, лекин кимнинг ўғли эканини аниқлай олмади. Шунда у ёнида қўлларини кўкрагида итоаткорона қовуштириб турган Хонназирга мурожаат қилиб сўради:
– Бу кимнинг боласи?
– Бу Тоғи оғанинг Алиакбар гурунчфурушнинг қизидан туғилган боласи, қурбон…
Тоғи-оғанинг бир нечта хотини бўлиб, ҳожининг иккинчи ўғли эди. Ҳожи ўғиллари ичида шунисини жуда ёмон кўрарди. Ҳожи қовоғини уйиб, боланинг ёнига келди-да, Хонназирга уни ҳовуздан ҳайдаб юборишни буюрди.
Қари дарахтлар соя-салқин қилиб турган боғда Муатамед фақат хотини Ҳожия хоним ҳамда яна бир қанча хизматкорлари ва оқсочлари билан бирга яшарди. Эр-хотин бир-бирларини унча хушламас эдилар. Улар йиллар мобайнида кўришмас эдилар – Ҳожия хоним боғнинг бир томонида, ҳожи Муатамед иккинчи томонида туришарди. Оғир хасталик билан тўшакка михланиб қолган Ҳожия хоним кўпдан бери ўз хонасидан ташқарига чиқмасди.
Уларнинг турмуш қуришганига эллик йил бўлди, қанчадан-қанча фарзандлар кўришди-ю, эр-хотин ҳануз бир-бирларини жинидан бадтар ёмон кўришарди. Ҳожия хоним ҳар соатда бир марта эрини қарғамаса, тураолмасди. Болалар катта бўлди, ота-оналарининг уйини тарк этиб, ҳар томонга тарқаб кетишди. Лекин улар ҳам аҳил эмас эди. Эру хотин ва уларнинг фарзандлари ўртасидаги ғалати муносабат қўни-қўшниларга ғийбат учун йўл очиб берди. Улар ҳожини “мияси айнаган чол” деб аташарди. Ҳожи эса буларнинг барини хотини Ҳожия хонимнинг фитна-найранги деб ўйларди. Унинг назарида хотини унинг тўғрисида бири-биридан ёмон гапларни тарқатарди.
Табиатан ғоятда муғамбир бўлган Хонназир ҳожи Муатамеднинг уйида хизмат қилиб юрган йилларида рўзғорни бошқаришни шунақа ўрганиб олдики, эр ва хотин бир-бирлари билан мулоқот қилмай бемалол яшайверишар эди. Айни вақтда эр-хотиннинг ҳар қайсиси, бошқарувчидан ғоятда рози эди. Хонназир бўлса, уларнинг кўпдан бери давом этиб келаётган душманликларидан фойдаланиб, сувни лойқалатар ва бу лойқа сувда балиқ тутиб келарди, яъни у ўзига анча-мунча бойлик орттириб олганди.
Ҳожи Муатамеднинг мақбараси боғнинг этагида бўлиб, ботаётган куз қуёшининг шуълаларига чўмилиб ётарди. Боғбон Гул оға Хонназирнинг кузатувида чинордан тўкилган баргларни супурмоқда. Бошқарувчи мақбарани ҳожига намойиш қилмоқчи эди, шунинг учун унинг теварагини супуриб-сидириб, ортиқча нарсаларни кўздан йўқотиб мақбарага зеб бермоқда эдилар.
Гул оға икки букилганча анчадан бери супурмоқда эди. Мана, у қаддини ростлади, чуқур нафас олди, бир қўлидаги супургини иккинчи қўлига олди ва қашинди. Унинг кир бўлиб кетган кўйлаги остидаги баданини бутунлай яра-чақа босиб кетганди. Юзидаги ва бўйнидаги ҳуснбузарлари ҳам қичишиб тинчлик бермасди. Қўтир кўпдан бери уни ёмон қийнаб келарди. У даволанишга уриниб кўрди. Аммо касали қўтир эканини билиб, дори ичмай қўйди. Фақат баъзида – агар топиб қолса, қорағат сувини ёки шунга ўхшаш бошқа бирон нарсани ичиб қўярди. Лекин бу ичганлари сира кор қилмас эди. Яраларининг қичиганига чидаб бўлмас. Уларнинг суви қуриб қолишга улгурмай, Гул оға яна қашиниб ҳаммасини юлиб ташларди. “Лаънати қўтир, – дея зорланарди у. – Жонимдан тўйдириб юборди! Бамисоли мен моховдай ҳамма мендан ҳазар қилади. Баъзилар мени заҳм деб сўкади, “тириклай ириб ўласан” дейишади.
Гул оға супургисини бир чеккага ташлаб, хазонларни қопга сола бошлади. У ҳамон ўзича минғирлашини қўймас эди. “Ҳавонинг расволигини қаранг-а! Ёмғир, чанг, тўзон… Бу лаънати баргларни супуришнинг нима кераги бор-а? Барибир, дарахтдан янгилари тушаверади. Худога ҳам ҳайронман – нима қиларкин ҳеч кимга кераги йўқ баргларни ерга ёғдириб? Ундан кўра, пул ёғдирса бўлмасмикин? Лекин ҳожимизнинг ёши ҳам бир жойга бориб қолди. Модомики, у ўзича мақбара қурдирган экан, демак, худо уни ўз ҳузурига чақираётган бўлса керак. Одамнинг ажали қачон етишини Оллоҳнинг ўзи яхши билади. Фақат чатоғи шундаки, ҳожининг меросхўрлари кўп. Худо кўрсатмасин, илоҳим, Ҳожининг ўзи унча ёмон одам эмас, лекин ўлиб кетса, ўғилларининг қўлида ҳолимиз нима кечаркин?” Қўтир Гул оғанинг кўнглида ана шундай фикрлар ғужғон ўйнамоқда эди.
Ҳожи боғнинг хилват гўшасида ўзига мақбара қурганидан ғоятда мамнун эди. Бир замонлар бу ерда ўймакор усталарнинг дўконлари бўларди. Уларнинг ёнида чоғроқ бир ҳовли бўлиб, у бошдан-оёқ ҳар хил тахта ва ходаларнинг чиқиндиларига тўлиб кетган эди. Жуда қиммат бўлса-да, ҳожи бу жойларни меросхўрлардан сотиб олди. Худди шу жойда у ўзига ҳашаматли мақбара қурдиришга аҳд қилди. Аммо мақбара қурилиб бўлмагунча, ҳожи ишларнинг қандай бораётганини кўргани бир марта ҳам келгани йўқ.
Гул оға мақбаранинг эшиги ёнидаги харсанг тошга ўтирди ва баланд овозда қағиллаётган қарғаларга ғаши келиб қаради, қарғаларнинг катта галаси қуёшни тўсиб қолди. Гул оға ҳожининг ўз мақбарасини тезроқ келиб кўрмоғини истар эди. Ҳожи тезроқ келиб кетса, Гул оға қаҳвахонага йўл оларди, у ерда таряк чекиб, икки-уч стакан иссиқ чой ичарди, сайёр қаландарнинг ғаройиб ҳикояларини тингларди. “Аввалги гал ҳикоянинг қаерида тўхтаган эди-я? – дея эслашга уринди Гул оға. – Ҳа-я, бу серсоқол дарвеш Суҳробни қандай ўлдиришганини айтиб бергани йўқ. Бугун кечқурун бўлса, ҳикоясини яна бошидан бошлайди, ахир сомийларини қизиқтириб олмоғи керак-да. У бугун ҳам Суҳробнинг ўлимига етиб бормайди”. Бирдан олисда ҳожининг қомати кўринди. Гул оға ўтирган жойида бир сапчиб тушди, қўлини кўксига қўйиб, тез-тез таъзим бажо келтира бошлади.
Семиз-бақалоқ ҳожи олдинда – кумуш дастали ҳассасига таяниб, аста юриб келарди. Унинг кетидан озғин ва қотма Хонназир пилдираб келмоқда. Ниҳоят, улар мақбарага етиб келишди ва ҳожи тўхтаб, ҳассасини орқасига олди-да, бели билан унга суянгандай бўлиб, мақбаранинг эшиги ва деворларини синчиклаб кўздан кечира бошлади. У ҳансираб нафас олар, юраги тез ва нотекис урар, қулоғи шанғилларди. У ўз қабрини биринчи марта кўриб турибди. Ҳожи бу ерга фақат бир марта – беш йил муқаддам янги участкани бир кўриб кетгани келган эди. Ўшанда бу жой унга анча маъқул тушган эди. Аммо ҳозир бу ерда ўзига қурилган мақбарани кўргач, бу жойлар кўзига жуда ҳам совуқ кўриниб кетди. У мақбаранинг нақшинкор пештахталарига, деворларига қаради, ҳуснихат билан ёзилган “Ўлимдан ҳеч ким бенасиб қолмайди” деган сўзларни ўқиди ва кўнглидаги қўрқув туйғуси бироз тарқалгандай бўлди. У бояги оятни ичида бир неча марта қайта ўқиди. Оят жуда чиройли ёзилган эди. Аммо мақбаранинг ойнаги кичикроқ бўлиб, ташқаридан панжара қилингани учун зиндонга ўхшаб қолган эди.
Ҳожининг нафаси бўғилди. У Хонназирга қарамай сўради:
– Нега ойналари бу қадар кичкина? Маблағ бемалол эди-ку? Шундоқ бўлгандан кейин, уларни каттароқ қилса бўлмасмиди? Мақбара жанубга қараб турибди, шунинг учун у ёруғ бўлмоғи керак. Ҳолбуки, ҳозирги туришида баайни зиндоннинг ўзи бўлибди.
Ҳожи бошини аста айлантириб, мақбаранинг эшиги ва деворларини яна бир бор кўздан кечирди. Унинг томоғи ачишиб кетди.
Агар гап ҳожининг ўз мақбараси тўғрисида кетмаётганда, у бунчалик хотиржам ва босиқ гаплашмас эди, бақириб-чақиришлар ҳам, сўкишлар ҳам бўларди. Аммо ҳозир мақбараси қаршисида туриб ва ўлим фурсати муқаррар яқинлаб келаётганини ҳис қилиб ҳожининг сўкинишга тили бормади. Хонназир эса яхши биларди – индамай туриши хўжайинга анча яхши таъсир қилади. Шунинг учун у гап қайтармай, индамай тураверди. Аммо кўнглидан шундай фикр кечди: “Шу ерда ҳам тиниб-тинчимайди-я, бу қари мўлтони! Танбеҳ бермаса, туролмайди. Ўладиган бўлганингдан кейин мақбарангнинг деразаси катта бўладими, кичкина бўладими – сенга нима фарқи бор?” Ҳожи бўлса, Хонназирдан сўраб-суриштиришда давом этди:
– Гапирадиган жойи йўқ! Одамларнинг олдида хижолатга ботмай деб, бу мақбарага озмунча пул сарфладимми? Бугун бўлмаса, эртага бу ерда дўсту душман ҳаммаси йиғилиб келади. Шундоқ бўлгандан кейин, мақбара дегани кўрса кўргудек бўлмоғи керак-да! – Шундан сўнг ҳожи бироз овозини кўтариб илова қилди:
– Хўп, майли, бўлар иш бўлибди, қани, мақбаранинг ичига кирайлик-чи! У ерда нима аҳволикин? – Тор йўлакдан ўтиб, у мақбаранинг ичига кирди. Ичкарига кириши билан унинг кўзига ташланган биринчи нарса – унинг ўзига аталган қабр бўлди. У ҳайҳотдек хонанинг ўртасида оғзини карракдек очиб турарди. Ҳожи уни кўриб, аъзои бадани қўрқувдан музлаб кетди, оёқларида мажол қолмади, орқасидан шаррос тер оқиб туша бошлади. Унинг назарида, у гўё ўзи учун қурилган дорнинг остида тургандек туюлди.
Ҳа, бу қабрни у ўзи учун буюрган эди. Чуқурнинг ёнида малахит тахта ўнг томони деворга қилиб суяб қўйилганди. Ҳожи Хонназирга паст овозда деди:
– Уни менга ўнгариб қўй – кўрай-чи, қанақа бўлдийкин?
Хонназир бошини қуйи солиб, юзида қайғу-ғам ифодаси билан қабр тошининг ёнига бориб, унинг ўнгини айлантириб қўйди. Ҳожи унга ўйиб ёзилган битикни ўқиди: “Ёлғиз Оллоҳ мангудир!” Унинг пастроғида “Оллоҳнинг раҳматларига муштоқ, бетавфиқ, жойи жаннатда бўлгур марҳум Ҳожи Али Акбар Муатамед ас-Султоннинг қазоси … йилда рўй берди” деб ёзилганди. Ёзувнинг шу жойида унинг қазоси санасини ёзмоқ учун жой қолдирилганди. Буларнинг бари настаълиқ ёзувида ҳуснихат қилинган эди: “Манави зилдай тош, – деб ўйлади Ҳожи, – бутун оғирлиги билан устимдан босиб ётади. Нафас олишнинг иложи ҳам бўлмайди. Бу ерга келган одамлар лавҳадаги ёзувни ўқиб, “мунча чиройли ёзилган экан” деб завқланишади. Борингки, бундан бошқа гапларни ҳам айтишсин, ёзган одамнинг ҳақига дуолар қилишсин, буларнинг ҳаммасидан унга нима фойда? Ахир, мен жонсиз бир мурда бўламан-ку! Мурдани кўмишади, гўрдан орқага қайтиш йўли йўқ. “Жойи жаннатда бўлсин” эмиш. Ахир, ўлгандан кейин одам ҳеч нарсани ҳис қилмайди, ҳеч нарсани сезмайди-ку! Эҳтимол, мен тошдаги ёзувда “жойи дўзахда бўлсин” деб ёзишни буюрмоғим лозим эди. Ким билсин – ҳали вафотим санаси учун қолдирилган жойга нима деб ёзишарикин? Қайси сана бўларкин у? Мен ортиқ бу ерга келолмайман ва қайси сана ёзилганини билолмайман”.
Қабр ковланган хона қоронғи ва турқи совуқ эди. Ичкаридан қараганда, деразалар янада кичикроқ кўринарди. Улар очилмайдиган қилиб ўрнатилган эди. Шунинг учун хонанинг ҳавоси оғир, ғуборли ва дим эди. Ҳожи кескин орқасига ўгирилди. Унинг назарида мақбаранинг ичига ёлғиз ўзи киргандай бўлди. Йўқ, Хонназир унинг ортидан соядай эргашиб келаётган эди. Қария уни кўриб бироз тинчланди. У кўксовга ўхшаб, бўғилиб йўталди ва хижолат ичида минғирлади:
– Бу ер кенггина экан. Мен мақбаранинг бунақа катта бўлишини кутмаган эдим. Юқори қаватда яна қанча хона бор?
У саросимага тушганини яшириш учунгина бу саволни берган эди. Аслида эса, ҳожи юқорида нечта хона борлигини жуда яхши биларди. У қурилиш ишларига ўзи бош-қош бўлиб турган ва пудратчи мақбаранинг тархи қандай бўлишини унга бир неча марта батафсил тушунтириб берган эди.
Бошқарувчи эҳтиром билан жавоб берди:
– Аёллар ва эркаклар учун алоҳида-алоҳида хоналар, чой дамлайдиган хона, чилимхона.
У яна кузатиб келадиганлар учун ҳам хона борлигини айтмоқчи бўлди-ю, лекин қўрқди ва айтмай қўя қолди.
Муатамеднинг юрагида қўққисдан санчиқ турди. У қабрга тикилганча, хаёлидан бир фикрни ўтказди: “Мен ўлгандан кейин бу ерга одамлар келишади, чой ичишади, чилим чекишади, ҳолва ейишади ва ҳатто бир-бирлари билан сўкишади ҳам. Мен ўламан-кетаман, дунё эса аввалгидек пинагини бузмай яшашда давом этаверади. Шунақа эмасми? Ё алҳазар! Бу, ахир, менинг қабрим-ку! Шу ерда менинг ҳаётим ўз интиҳосини топади. Мен шу ерда ётиб, қурт-қумурсқаларга ем бўламан!”
Ҳожи қабрдан кўзини олди-да, ҳаяжон ичида ҳеч нарсани кўрмаётган нигоҳ билан мақбаранинг эшиги ва деворларига қаради. Унинг нигоҳи қаршисида фақат қабргина турарди. Қабрдан анқиётган қўланса ҳид унинг димоғини ёрай дерди. Ҳожи бу ердан югуриб қочиб чиқиб кетгиси келарди.
У болохонага кўтарилди, у ердан яна икки зина ошиб, мақбаранинг орқа томонидаги ҳовлига ўтиш мумкин эди. Теварак-атрофига аланглаб, бирпас турди. Болохона энсиз, узун эди, ўймакорлик билан безатилган устунлар унинг томини кўтариб турарди. Ҳовли ҳам тумордеккина эди, унинг ўртасида чор бурчак ҳовузчаси ҳам бор эди, унинг тепасида эса баҳайбат қарағай дарахтларининг шохлари осилиб турарди. Ҳовузнинг ёнида мис кўзача турибди. У яп-янги, унга ҳали бир марта ҳам сув қуйилган эмас. Эскириб қийшайиб кетган, томларини ҳам майда кўкат қоплаган ҳожатхона кишига оғир таъсир қилади. Қўшни мақбаранинг ҳовлисида ўсган мажруҳ бир дарахтнинг шохлари девор оша бу томонга осилиб тушган. Бу шох-шаббалар ҳам юракни тимдалагандай бўлади.
Бирдан-бир гала қарға қағиллаб, қарағай устига ёпирилиб учиб келди. Қушларнинг чуғур-чуғурига тўлган қарағайнинг шохлари чайқалди, қуриган игналар ерни қоплади, қарғалар галаси шу лаҳзада осмонга кўтарилди ва шовқин-сурон билан гўё қоп-қора булутдай боғдаги дарахтлар ортига ўтиб, кўздан йўқолди.
Ҳожи бутун вужудида ақл бовар қилмайдиган оғирликни ҳис қилди, гўё унинг танасига қўрғошин қуйилгандай, қапчиган, териси эса қўрғошиннинг ташқарига чиқиб кетишига йўл қўймайди. Унинг оёқлари пахтага ўхшаб қолди. У ҳассага зўрға таяниб, устунлардан бирининг олдига етиб борди ва устунни ушлаб, унга суяниб қолди. Унинг кўз ўнгида ҳамма нарса чир-чир айлана бошлади, қарағай ҳам, ҳовуз ҳам, унинг ёнидаги кўзача ҳам, хароб ҳожатхона ҳам чирпирак бўлиб айланиб, қулаб тушди. Қарияни изтиробли ёлғизлик туйғуси чулғаб олди. Назарида, у йўқлик қаърига чўмиб кетаётгандай бўлди, дилидан шундай фикрлар кечди: “Нима бало, аталадай ёйилиб кетдим. Йўғ-е, ҳали куним битмагандир? Яна жиндай яшасам бўлар. Ҳа… Мен боя атиргулга “куним битди” деб бекор айтган эканман-да! Бир юз йигирма ёшга кирса ҳам бўлади-ку! Ахир, бемалол шу ёшга кириб, яшаб юрганлар бор. Йўқ, латтага ўхшаб бўшашиш ярамайди. Ана, бироз енгил тортдим. Бунинг ҳаммасига жигарим сабабчи…”
Ҳожи мақбаранинг ичига қайтди ва қабр унга қараб, оғзини карракдек очиб турганга ўхшади. У бутунлай ҳолдан тойиб, деворга суянди. Уни қўрқув емирмоқда эди. Қария ёлғиз қолишдан қўрқар ва айни чоғда ёнида ивирсиб юрган Хонназир унинг ғашини келтирарди. У қабрдан кўзини олмай туриб, бошқарувчига тишлари орасидан сўзлади:
– Бу ерда бироз ёлғиз қолмоқчиман. Сен ташқарига чиқиб, эшикка қараб тур. Бу ерга ҳеч кимни киритма. Зарур бўлганда мен ўзим чиқаман. Аста-аста ўзимнинг қабримга кўникишим керак.
Бошқарувчи таъзим қилиб, ташқарига чиқди. Ҳожи эса ҳамон лаҳадга қараганча, оғир ўйлар оғушида қийналарди. Унинг назарида, ёлғизлик ва сукунат ажални чақиради деган фикр кечди. Эшик тарақлаб ёпилди. Бу Ҳожининг қабрдан нигоҳини олиб, Хонназирнинг орқасидан қаратди. Гурс-гурс қадам товушларидан ва мақбарадаги дим ҳаводан унинг нафаси тиқилгандай туюлди. У бошини кўтариб, эшикка тикилиб қолди. Эшик устида кўк лавҳага оқ бўёқ билан Қуръони карим сурасидан бир парча чиройли ҳуснихат билан ёзиб қўйилган эди. У бир оятни ўқиди – унда бу дунёга келган ҳар қандай мавжудотнинг бир кун келиб ғойиб бўлиши тўғрисида гап борарди. Ҳожи ҳарчанд уринмасин иккинчи оятни ўқиёлмади.
Шифтдан иккита электр сими осилиб турар, уларнинг учида патрон ва лампочка йўқ эди. Ҳожининг кўнглидан яна ҳар хил фикрлар кечди: “Дарҳақиқат, бу ерда менга ҳам, ўғилларимга ҳам, Ҳожия хонимга ҳам жой етади. Ҳатто невараларга ҳам етади. Ундан нарёғига менинг ишим йўқ. Менга деса, майли, мақбарани қўриқлашсин. Неваралардан кейинги авлод ўзининг ташвишини ўзи чексин. Агар мен бунақа кенг-мўл мақбарани қуриб қўймаганимда, бирон тор лаҳадда ётишга тўғри келарди. Худо сақласин, ярамас Ҳожия хоним гўрда ҳам менга тинчлик бермаса керак. О, шўрпешона эканман-да! Васиятномада ёзиб қолдириш керак – маликаи дилозорни мендан нарироқ жойга кўмишсин”.
Энсиз, узун ва чуқур қабр ўзининг шаклига кўра қишлоқ аҳлининг ҳар хил чиқиндилар ташлайдиган чуқурига ўхшарди. Лаҳаднинг ичига гувала териб чиқилган, лекин у лой билан урилмаган эди. Шунинг учун ташқаридан қараганда унча пишиқ эмасдай кўринарди. Қария бу гувалалар узоққа бормай, қулаб тушишини кўз олдига келтирди.
Ҳожи ҳассасини тўқиллатиб, қабрга яқинлашди. У орқаси билан девор олдига борди-да, “Мен ўлгандан кейин жасадимни қуруқ ерга қўйишади” деб ўйлади. Кейин оёғи тагида гўрнинг қорайиб турган оғзига қараб, деди:
– Нега сен қаршимда оғзингни карракдек очиб турибсан? Мен сени биринчи марта кўраётганим йўқ-ку? Бутун умрим мобайнида, ҳа, бутун умрим мобайнида сен кўз олдимда турасан. Энди мен сенинг совуқдан-совуқ бағрингга кирмоғим керак. Биз бир-биримизга кўникмоғимиз керак. Ахир, эллик минг йиллик кунига1 қадар сен менинг масканим бўласан.
Ҳожи эҳтиёткорлик билан ҳассасини деворга суяб қўйди-да, қабрнинг ёнига борди. Сўнг оёқларини лаҳадга осилтириб, ерга ўтирди. Оёқлари қабрнинг тагигача етмади. Ҳожи қабрнинг чуқурлиги қанча келишини аниқламоқчи бўлиб, намхуш қоронғилик ичига эгилиб қаради. “Ярим газдан ошиқроққа ўхшайди. Ҳойнаҳой, чоракам бир газ келиб қолар, – деган тўхтамга келди. – Бундан ортиғи ортиқлик қилади. Эй, тавба-ей, менга нима? Чуқурлиги бир газ бўладими, икки газми, менга нима фарқи бор? Мен учун бунинг мутлақо аҳамияти бўлмайди-ку!”
Ҳожи яна эшикка кўз ташлади. Эшик зич ёпилган эди. Кичкина деразалар орқали ботаётган қуёшнинг сўниқ нурлари ичкарига тушиб турар, уларнинг шуъласида деворларга нақш қилинган ёзувлар оқими зангори рангда товланарди. Ҳожи нигоҳи қаршисидаги намхуш совуқ лаҳадни кўрмаслик учун кўзларини юмди.
“Ло илоҳо иллолло! Э, парвардигори олам, бу гуноҳкор бандангдан меҳру мурувватингни аяма! Менинг ортиқ ҳаётдан умидим қолмади. Саксон йиллик умр ғув этиб елиб ўтиб кетди. Назаримда, умримнинг ҳаммаси кечагина ўтгандай… Энди мен бахтиёрман, энди қабрим бор, бутун бошли деразали, эшикли, ҳайҳотдек уй! Ичида ҳатто лампаси ҳам бор. Кўп одамнинг ҳатто қабри ҳам йўқ. Лекин менинг жасадимни лаҳадга қўйишгандан кейин эшигу дераза билан лампани бошимга ураманми? Қабрда ётган одам ҳам изтироблар чекишни пойлаб ётса хўп ғалати бўлар эди-да! Ахир, бу дунёда тортилган азоблар, чеккан ғам-ғуссалар камми? Ахир, бу дунёдагидан ортиқроқ азоб чекмоқнинг имконияти бор эканми? Ахир, нақд туғилган кунимдан бошлабоқ, мен азоб-уқубату ғам-ғуссалардан бошқа нарса кўрган эмасман. Ўлганимдан кейин мени нима кутяпти? О, Оллоҳ, инсонга нечоғлик оғир умр йўлини раво кўргансан-а!”
Чолнинг кўзларида ёш йилтиллади, бурни ачишиб, сув келди. У бармоқлари билан қисиб, қабр чуқурига бурнини қоқди-да, кафти билан кўзларини артди. Унинг юраги гурсиллаб урар, ҳар гурсиллаши икки чеккасига қозиқ қоқаётгандай сезиларди. “Йўқ, бу дунёда нимага яшаганимни билмай кетяпман. Умр кўз очиб-юмгунча ўтиб кетди. Умримнинг ҳаммаси – Бўрижар кўчаларида бир дайди мисол санқиб юрган кунларимдан тортиб, миллион-миллион пулларнинг эгаси бўлиб турган ҳозирги кунларимга қадар турган-битгани азоб-уқубатда ўтди. Хўш, ўзим-чи! Умрим давомида мен ўзим нимани қойил қилиб ўринлатиб қўйдим? Бу дунёга еттита фарзандни ато қилдим, лекин улар бири-биридан разилроқ ва аблаҳроқ, ўзим одамларга зулм қилдим, уларни ўлдирдим, молу мулкини таладим. Ва айни чоғда намоз ўқидим, рўза тутдим, ҳазрат Алининг хотираларига ҳурмат бажо келтириб турдим, дарё-дарё кўзёшлари тўкиб, азиз-авлиёлар ҳақига дуои фотиҳалар қилдим. Буларнинг бари нима учун қилинди? Энди тушундим – менинг ҳаётим ҳеч нарсага арзимас экан!”
Ҳожининг юзи қордай оппоқ соқол билан қопланган эди. Қалин мўйловлари ҳам оппоқ, улар баайни ҳўкизнинг шохларидек қайрилиб иягининг икки томонига осилиб тушган. Қорайган юзининг териси серажин, ҳали ўткир кўзларида майда-майда қизил қон томирлари таралиб ётарди. Бухоро қоракўлидан тикилган телпаги остидан бўйнидан ипакка ўхшаган майин оқ тола сочлари патила-патила чиқиб ётарди, қулоқлари ҳам шалпангқулоқ бўлиб, икки томонга тарвақайлаб турар, юзида эса ҳамиша ҳамма нарсадан ранжиб юрадиган одамнинг тунд ифодаси қотиб қолганди.
Энди чолнинг кўзлари қоронғиликка кўникиб қолганди, у қабо тубини аниқ кўра бошлади. “Лаҳад жуда ҳам чуқур қазилипти-ку, – деб ўйлади ҳожи. – Одамни бемалол кўмади-я! Майитнинг ҳиди ҳаммаёқни тутиб кетмаслиги учун атайин шундай қилишса керак. Кечки пайтлар бу ерда ўтириб, жиндай-жиндай нўш айласа, ёмон бўлмас эди. Фақат шундагина мен ўз қабримга чинакамига кўникиб кетаман. Ахир, у менинг ҳамма одатларимга мос келмоғи керак-да. Лаҳаднинг ичига тушиб кўрай-чи! Ҳадемай бу чуқур менинг масканим бўлади. Тубига тушиб, бир ётиб кўрай. Ё Оллоҳ, ҳамма умидим сенинг ўзингдан. Бисмиллоҳир раҳмону раҳим…”
Ҳожи лаҳаднинг четларига қўлларини тираб, сакраб унинг тубига тушди. Сакраб тушиши ҳамон унинг кураклари тагида қаттиқ оғриқ пайдо бўлди ва у беихтиёр минғирлади: “Ҳассамни юқорида қолдирганим чакки бўлибди-да, ҳассасиз бу ердан чиқиб олишим анча қийин бўлади”.
У лаҳаднинг тубида тик турди-да, унинг чеккалари бошидан баланд эканини кўриб қўрқиб кетди. Ҳожи саросимада ерга тикилганча турар ва бу зах ерга қандай ётишни билолмай гаранг эди.
У оғзидан ясама тишларини олиб, нимчасининг чўнтагига солиб қўйди. Ё Оллоҳ, ўзинг биласан, ўттиз икки тишимни олдириб ташлаганда мен қанчалар азоб тортганман. Ҳар битта тишимни суғуриб олаётганда бир ўлиб-тирилганман. Афтидан, сенинг ҳисобинг бўйича ҳаётнинг ҳамма латофати ана шу адоқсиз ўлиб-тирилишларда бўлса керак.
Тишларини олиб қўйгандан кейин ҳожининг юзи буришиб, бир бурда бўлиб қолди, қуриган тарвуз пўчоғига ўхшаган юқориги лаби пасткисининг устига осилиб тушди, лунжлари бужмайди, бурни эса ияги томон эгилиб қолди. У қабрнинг тубига ўтирди. Қулайроқ жойлашиш учун бир-икки у ён-бу ён сурилди, кейин рўйирост чўзилиб ётди. Унинг бурнига оҳакнинг аччиқ ҳиди урилиб, димоғини ачитди. Юқоридан қабрга совуқ хира нур тушиб турарди ва қариянинг назарида қабрнинг юқори томонлари кенгайиб бораётгандай туюлди. Шифт жуда баландда бўлса-да, унинг кўкрагидан қаттиқ босиб тургандай туюлмоқда эди. Сувоқнинг тагидан у ер-бу ердан занг босганга ўхшаган тўсинлар кўриниб турарди. “Бир эмас, тўртта темир тўсин ётқизишипти. Нима қилишарди шунча тўсинни? Неча қаватли иморат қуришмоқчи бўлишган улар? Ҳа, майли… ҳечқиси йўқ… мустаҳкамроқ бўлади… Шундай бўлиб қолиши ҳам мумкинки, юқори қаватда жуда кўп одам йиғилмоғи мумкин. Худо кўрсатмасин, шифт кўтаролмай, қулаб тушса. Жуда ёмон бўлади-я! Э-э, менга нима-я! У пайтларга келиб, мендан ному нишон ҳам қолмайди-ку!”
Ҳожи қабрнинг тубидан шифтга қараб ётарди, шунинг учун у назарида, ўзини чуқур қудуқнинг тубида ётгандек ҳис қиларди. Унинг вужудини яна қўрқув қамраб олди, у даҳшатдан муз терга тушди: “Наҳотки, чиндан ҳам ўлим фурсати етиб келган бўлса? Ўлим шунчалик яқин деб ўйламаган эдим. Лекин мен ўлишни истамайман, мени бир ит каби чуқурга тиқиб, кўмиб ташлашларини истамайман. Ундай десам, бу ҳаётда яшашдан нима фойда бор? Туну кун ит азобида яшайсан, туну кун ўлим ваҳимаси юрагингни кемиради. Бу азоблар, бу қўрқувлар бутун турмушингни дўзахга айлантириб юборади. Хўш, кейин-чи? Кейин сени нима кутади? Шармандалик кутади. Ўлим кутади. Ўлимдан ҳам ортиқроқ шармандалик бўлиши мумкинми дунёда? Ҳа, ҳали менинг тугамаган ишларим кўп. Бир сандиқ қоғозлар, ҳар хил васиқалар ётибди. Уларни тартибга келтирмоқ керак. Кирмоншоҳдаги мулклар ҳақидаги иш ҳали судда бир ёқли бўлганича йўқ. Аблаҳлар ғилдиракка ёғоч суқиш билан овора. Мулклар, қўрғонлар масаласини очиқ-равшан ойдинлаштириб олиш керак. Ҳали васиятномага имзо чекиш керак. Шу пайтгача орқага ташлай-ташлай бу ишни чўзиб келдим. Лекин, барибир, охир-оқибатда, қоғозга имзо чекмаса бўлмайди. Ҳа, бор-будимни ўз қўлим билан ана шу ярамасларга тутқазаман. Улар буларнинг барини кўрдим демай, ямламай ютади, кейин эса, келиб, қабримнинг устига ахлат ағдаришади”.
Қоқ ерда ётавериб, орқаси оғриди. У уйда ҳамиша бошини баланд қилиб ётишга ўрганиб қолган эди. Бу ерда ҳам бошининг тагига каттакон қоракўл қалпоғини қўйиб олди, лекин елкаси ғиштга тиралиб, қаттиқ оғриди. Ётиш жуда ноқулай эди. Ҳожи ўйланиб кетди: “Ўлганидан кейин инсон ноқулайликларни сезмайди. Қанақа содир бўларкин бу иш? У ухлаб қолади-ю, сезиш қобилиятини йўқотадими? Йўқ, ҳойнаҳой, бирор нарсани сезса керак. Нима учун биз ўзимизни ўзимиз алдаймиз? Бутун умримиз давомида биз биламизки, бир куни ўламиз. Ажал ёқамиздан олганда, ўлаётганимизни ҳам билиб турамиз. Уни яқинлашиб келаётганини сезамиз. Хеш-ақраболаримиз билан жудолик фурсати етиб келганини биламиз. Энг қўрқинчлиси, лекин бошқа нарсада. Ҳамма нарсадан воз кечиш керак. Риёкорлик на ҳожат, мен хотинимни ҳам, болаларимни ҳам ёқтирмайман. Аммо боғимга, уйимга, ҳовузга ҳатто устимдаги кийим-бошга ҳам ўрганиб қолганман. Аммо қуёшдан, ой ва юлдузлардан, баҳор ва куздан, ёз ва қишдан, булутлардан, қордан, шамол ва ёмғирдан ва ҳаммадан ҳам, ўз-ўзимдан воз кечиш мен учун ҳаммасидан ҳам оғир. Менинг назаримда одам уни мозорга кўтариб кетишаётганини сезиб туради. Жасадни қабрга қўйиб, бошига тош қўйиб1 , устидан тупроқ тортишлари биланоқ, майит сапчиб туриб, овози борича дод солар экан”, деб бекорга айтишмас эканлар: “Мени бу ерда қолдириб кетманглар! Мени ўзларинг билан бирга олиб кетинглар!” Шундай деб сапчиб турганида унинг боши “тақ” этиб тошга тегади-да, у бошқа дунёга тушиб қолади. Шунда Мункар-Накир келиб, уни сўроққа тутади. Сенинг қисматингда нима борлигини – дўзахми ёхуд жаннатми – билмоқ учун қанча вақт кутмоқ керак-а? Ҳойнаҳой, эллик мингинчи йиллик кунигача кутмоқ керак бўлар? Хўш, ўша кун келгунга қадар ҳеч иш қилмай, бекорчиликда зерикиб, кутиб ётиш керак бўладими? Хўш, бетавфиқ одамларнинг аҳволи нима бўлади? Наҳотки, эллик минг йиллик куни келгунга қадар, уларнинг жонларини жаннатга қачон киритишларини кутиб пойлаб ётмоқлари керак? Назаримда, нариги дунёда ҳам тартиб йўққа ўхшайди, майли, тилим қирқилса қирқилсин-у, лекин у дунёда ҳам ит эгасини танимайдиган кўринади. Балки бугун эллик минг йиллик куни етиб келгандир, эҳтимол, эртага қиёмат қойим бўлар ва Исрофил сурини чалиб, бундан ҳаммани огоҳ қилар? О, парвардигор, буни сендан ўзга ҳеч ким билмайди. О, парвардигор, мен сендан қўрқаман. Лекин ёлғон гапирмайин – сен бормисан ё йўқмисан – ишончим комил эмас. Сен ўзинг одамларнинг кўнглига шубҳа-гумон солгансан ва шу билан низоларга, қонли урушларга йўл очиб бергансан. Бу дунёда сени кўрган бирон инсон борми? Ахир, қандай қилиб, бир вақтнинг ўзида ҳам йўқ, ҳам бор бўлиш мумкин? Одамларнинг гапига қараганда, сен ер юзига ўзингнинг бир юз-у йигирма тўрт минг пайғамбарингни юборган экансан. Улар одамларни сени тан олишга ва мавжудлигингга ишонтиришга даъват қилмоқлари керак экан. Лекин сен биласанки, уларнинг биронтаси ҳам сенинг мавжудлигингни исбот қилиб беролмаган. Сен уларнинг қўлига қилич тутқазиб, ер юзига жўнатгансан ва одамларга шу сўзларни айтишни буюргансан: “Ҳой, бандаи ожизлар, мана, сизларга қатиқдан қилинган таом. Истасанглар уни тановул қилинглар, истамасанглар еманглар, лекин уни алқаб мақтамоққа мажбурсиз, чунки бу сизга кўрсатилган валломатликдир”. Албатта, одамлар сенга ишонишса жуда яхши бўларди. Лекин бундай бўлмаса-чи? Ахир, кофирларнинг жони, тани, молу мулки нест-нобуд қилингани йўқ-ку? Ахир, улар ҳам сенинг бандаларинг-ку?
У кўзга кўринмайди, у – воҳид, у моҳиятсиз ва жисмсиз, у – ломакон. Биз эса унга эҳтиром кўрсатмоғимиз керак, чунки у бизнинг яратгувчимиз!”
Сенинг таърифинг ана шундай. Лекин бу таъриф менга сени таниб олишимга ёрдам бермади, негаки, бу таъриф сенинг мавжудлигинг мумкин эмаслигидан далолат беради. Шунинг учун мен шу вақтга қадар сенинг мавжудлигингни ҳам, мавжуд эмаслигингни ҳам билолмай юрибман. Лекин мен сендан қўрқаман, сенинг қаҳрингдан қўрқаман, шунинг учун сенинг мавжудлигингга ўзимни ишонтиришга уринаман. Агар борди-ю, сен мавжуд бўлмасанг ҳам, менинг имоним менга зарар келтирмайди. Менинг сендан қўрқишимнинг боиси шундаки, мен азалдан қўрқишга кўникиб қолганман. Ё Оллоҳ, биламан, гуноҳларим кўп, сенинг меҳр-мурувватинг бамисоли бир уммон, шафқатинг ҳудудсиз, лекин шундоқ бўлса-да, мен ҳарчанд тавба-тазарру қилмай, гуноҳларимдан фориғ бўлолмайман. Негаки, ўзинг биласан, мен одам ўлдирганман, қотилман. Ўлдирганда ҳам бир эмас, икки эмас, тўққизта одамни ўлдирганман. Тўғри, буни ўз ихтиёрим билан қилган эмасман. Мени қийнайдиган нарса шундаки, мен уларни танимас эдим ва уларнинг ҳеч қайсиси менга ёмонлик қилгани йўқ. Улар, эҳтимол, яхши одамлар бўлган бўлсалар ҳам бордир. Ўзинг ҳар нарсадан бохабарсан, мени бу интиқомга нима ундаганини ўзинг яхши биласан. Эсингда бўлса керак, сенинг ердаги ноибинг бўлгувчи эди. У – шаҳзода эди, мен унинг мулозими эдим. Мен сенинг эмас, унинг қули эдим. Ёшлигимда мен одамлардан жуда кўп ёмонлик кўрганман ва тажрибасизлигим туфайли шаҳзоданинг ёвуз ниятларини рўёбга чиқаришда унинг қўлида қурол бўлганман. Бироқ нима учун у – сенинг ердаги соянг – одамларни бемалол ўлдирмоғи мумкин? У қанча одамнинг ёстиғини қуритган? Билмадим, ҳисоблаб кўрган эмасман. Менимча, мингтадан кам бўлмаса керак. Хўш, бу жиноятларда ким айбдор? Аммо турган жойимда тил тортмай ўлай – агар сен хоҳламасанг, биронта одам бирон одам тугул, бирон қумурсқани ўлдиришга ҳадди сиғармиди?
Ёки анави қизни олайлик. Жойи жаннатда бўлсин унинг. У бедафуруш Аббоснинг қизи эди. Бу қизни мен нобуд қилганман. Аммо унинг шармандалигида менинг нима айбим бор эди? Бу гуноҳни унинг ўзи қилган эмасми? Ёхуд бу гуноҳ унинг отасининг бўйнида эмасми? Отаси қизини менга хотинликка беришни ваъда қилган эди. Аммо у бевақт бандаликни бажо келтириб қолди. Уни кафанлаб, кўмиб келишга улгурмасларидан, мен унинг қизи билан бир ёстиққа бош қўйдим. Мен унга жуда кўп раҳм-шафқат қилдим, бироқ у уйимдан қочиб кетиб, бузуқлик йўлига кириб кетди. Менга бу тўғрида гапириб беришганда, кўз ўнгимни қоронғилик босди. Йўқ, имоним комилки, бу ишда менинг зиғирдек ҳам гуноҳим йўқ. Ёш эдим, қизиққон эдим. Қиз эса ҳали бутунлай гўдак эди. Шунақа ҳам гўзал эдики, бунақа гўзални ҳали дунё кўрмаган эди. Эҳтиросларимиз ўт олди, биримиз олов, биримиз пахта бўлдик. Мен уни қандай қучганим, эҳтирос оловида буткул ақлимни йўқотиб қўйганим ўзингга маълум. Бироқ у бўйида бўлиб қолганидан кейин, одамларнинг гап-сўзидан қўрқиб, менинг уйимдан қочиб кетди. Агар мен уни қаердан излашни билганимда эди, топиб, уйга қайтариб олиб келардим, уни ўзини-ўзи шарманда қилишига йўл қўймасдим. Аммо у фақат бир ҳафтадан кейингина топилди. Фурсат ўтган эди. Бир ҳафтанинг ўзидаёқ у чириган мевадай бўлиб қолганди. У ғойиб бўлган дастлабки кунларда мен уни ўз жонига қасд қилган деб ўйладим. Уни сўраб-суриштирмаган одамим қолмади, лекин ҳеч ким менга унинг тўғрисида биронта ҳам хабар етказа олмади. Ҳамма ҳовузлар, қудуқларни қидириб чиқдим. Ва ниҳоят, уни топдим. Қаердан топганим ўзингга маълум. Шундай бўлса ҳам, шармандаликни бўйнимга олиб, мен ўша жойга бордим. Одамлар дарров ҳамма гапдан бохабар бўлишди. Мен унинг болани бир ёқли қилганини кўрдим, юзига мой упалар суриб олибди, қошларида ўсма, кўзларида сурма, ҳар хил қаланғи-қасанғиларга илашиб олибди. Ахир, бадном бўлган бу қизни мен қайси юз билан уйимга олиб кела олардим? Шунда унга қараб хитоб қилдим: “О, худо безори! Нечук сен бундай қилдинг? Энди одамларнинг кўзига қандай кўринасан?” Ҳойнаҳой, рўй берган фалокатга сен мени ва уни айбдор деб ҳисобласанг керак? Лекин биз айбдор эмасмиз. Буларнинг барини қилган сен ўзинг-ку! Агар сен хоҳламаганингда, биз бир-биримизни учратмаган ҳам бўлардик. Бу гуноҳни қилиш бизнинг пешонамизда ёзилган бўлса, бу сенинг хоҳишинг билан қилинган-ку! Аммо сендан ёлбориб ўтинаман – бу кирдикорни менинг ҳисобимга ёзиб қўй. Қизнинг заррача гуноҳи йўқ. Бу – менинг айбим. Йўқ, бунда сенинг ҳам айбинг бор. Тўғрисини айтганда, агар сен чиндан ҳам одил бўлсанг, бу гуноҳни ўз зиммангга олмоғинг керак. Ахир, унинг қаерга қочиб кетгани сенга аён эди, менинг эса бундан хабарим йўқ эди. Шунинг учун ҳам уни қайтара олмаган эдим. Лекин қизалоқ жуда ҳам алламбало эди-да! Майли, унинг ҳамма гуноҳларини мен олақолай, шу пайтга қадар ўқиган намозларимнинг ҳаммасини унинг ҳисобига ёзиб қўй. Агар мен уни топганимда ҳамма мол-мулкимни, бойликларимни унинг номига хатлаб берардим. Мен ҳеч кимни унингчалик яхши кўрган эмасман. У бадном бўлганидан кейин аввалига нафратим қўзиб юрди, энди эса мен уни яна аввалгидай яхши кўрмоқдаман. Менинг учун унинг қалби ҳам, жисми ҳам покиза. Агар мен Карбалога ва Маккага борадиган бўлсам, унинг ҳақига дуолар ўқийман. Унда сен уни гуноҳлардан фориғ этасан. Шунда уни Карбалои ва Маккаи деб атаса бўлади. Мен ана шу ночор, заифа қизалоқнинг бошига солган ғам-ғуссаларимни бошқа ҳеч кимнинг бошига солган эмасман. Бу гуноҳ бутун умрим давомида қалбимни оғир бир тошдек эзиб келди. Ўзинг айт-чи, ахир, мен бу дунёда чеккан дарду балоларим озмиди? Ҳали у дунёда ҳам мен дўзах азобларини тортмоғим керакми? Шунчалар эзилиб кетганим етмайдими? Умр эса ўткинчи, биз ҳаммамиз ўлиб кетамиз, шундоқ бўлгандан кейин кўз очиб юмгунча ўтиб кетадиган бу қисқа умрда нега бизни қийноқларга маҳкум этасан.
Афтидан, сен дафтарингга аллақачон бу қизалоқ баайни фариштадай маъсума ва бокира эди деб ёзиб қўйган бўлсанг керак. Ўзинг хабардорсан, қизнинг ота-оналари ўз ўғилларининг озиқ-овқат маҳсулотлари билан улгуржи савдо қиладиган ҳожи Раҳимнинг қизига унаштириш маросимини ўтказишга улгуриб-улгуришмай, сен қўққисдан уларнинг ҳаммасини – отасини, онасини, куёв билан келинни, ҳожи Раҳимнинг ўзини ҳам ва яна минглаб одамларни нариги дунёга риҳлат қилдирдинг. Шунда қизалоқ менинг маҳримга тушди. Ножўя бир иш содир бўлди. О тангрим, ўзингга маълум, ўшанда бизнинг бошимизга даҳшатли бир ўлат ёғилган эди. Ўшанда қанчадан-қанча бегуноҳ одамлар ўлиб кетди. Жасадлар кўчаларда тахлаб қўйилган ходалардек қалашиб ётарди. Уларнинг ёнларида жон таслим қилаётганлар ўлолмай тиришиб ётишарди. Ҳолбуки, яқингинада буларнинг деярли ҳаммаси соғлом, бақувват одамлар эди. Сен қайта-қайта таъкидлаб, қулоғимизга қуясанки, биз бандалар ҳаммамиз омонат ва мўртмиз. Ҳамма нарсани қолдириб, у дунёга риҳлат қилмоғимиз керак. Биз қариндошларимиз, дўстларимиз, яқинларимизнинг жасадларини ўз қўлимиз билан қаро ерга қўямиз. Ажал қаторларимиздан одамларни бирин-кетин юлиб олаверади – у баайни қўтонга кирган бўрига ўхшайди, одамлар подаси эса индамай ўтлаб юраверади. Сен ҳам буларнинг ҳаммасига тепадан индамай қараб тураверасан. Биз – шўринг қурғурлар эса ожизмиз. Наҳотки, сенинг устингдан турадиган худо йўқ, наҳотки, сен ҳеч кимга ҳисоб бермайсан, наҳотки, шунча одамларнинг жонини олаётганинг учун жавоб бермайсан? Сенинг учун рўзи маҳшар деган нарса йўқми? Ахир сен ўз Худойинг олдида қилган ишларинг учун жавоб бермайсанми? Сен менинг бутун ҳаётимни жуда яхши биласан. Мен азоб-уқубатлардан бошқа ҳеч нарса кўрган эмасман. Ҳеч қачон ўз ихтиёрим ўзимда бўлмаган. Лоақал шаҳзоданинг қўлида хизмат қилиб юрган чоғларимни олайлик. Унинг қўлида ҳокимият бор эди, мол-дунёси беҳисоб эди, одамларнинг мол-мулки, номуси ва ҳаётига ҳукми ўтарди. Унинг хоҳиши бўлса бас, унинг кўз ўнгида бирваракайига юзта одамни осиб юбораверишарди. У қанчадан-қанча одамни нобуд қилди, қанчадан-қанча қизнинг номусига тегди. Ахир, улар ҳам сенинг бандаларинг эди-ку! Уларнинг бирдан-бир айблари шу эдики, улар ўзларини ҳимоя қила билмас эдилар. Сен нима учун қонхўр шаҳзодаларни яратгансан? Эсингдами, бир навқирон, қувноқ савдогар йигит унинг устидан шоҳга арз қилган эди. Шунда ўша шўрликнинг таъзирини қандай бергани хотирангдами? Савдогар йигит қўққисдан ҳеч қандай сабаб-баҳонасиз ўлиб қолди. Ўзининг хонадонида, оила аъзолари даврасида оламдан кўз юмди. Уни апил-тапил кўмдилар. Унинг пулларини эса шаҳзода ўз ҳамтовоқлари билан бирга бўлашиб олди. Уларнинг ҳеч қайсиси қилган жиноятларига пушмон еганлари йўқ. Бироқ бошқалар билан менинг нима ишим бор? Ҳар ким ўзига-ўзи жавоб бераверсин. Менинг ўз тақдирим ҳақдаги ташвишларим бошимдан ошиб ётибди. Ахир, ҳамма нарса сенинг ихтиёрингда ва мен сенга халақит беролмайман. Сен менинг бошимга истаган жазоингни юбора оласан. Мен ҳамиша сенинг муте қулинг бўлиб келганман. Мен нимаики қилган бўлсам, ҳаммасини фақат сенинг розилигинг билан ва сенинг ёрдамингда қилганман. Сен менинг ҳамкорим эдинг. Шунинг учун нариги дунёда мен қанча азоб-уқубатлар тортсам, сен ҳам шунча тортмоғинг керак. Сен бу дунёдан беайбу беғубор кетаман деб ўйлама. Сен ўзингнинг мангулигингдан қувонасан ва ҳеч кимдан тап тортмай ёвузлик қилаверишинг мумкинлигидан гердаясан. Ҳолбуки, мангулик ўлимдан бадтарроқ эканини хаёлингга ҳам келтирмайсан. Ўлган одамни эртами-кечми унутиб юборишади, унинг яхши-ёмон ишлари тўғрисидаги хотиралар сийқаланиб қолади. Аммо сен мангусан. Дунёга келган ҳар бир одам сенинг унга атаб қўйган ёмонликларингга обдон тўйиб, кейин қабрга киради. Ахир, уларнинг уволи тутмайдими? Сени ҳеч ким яхши кўрмайди. Одамлар қўрқинчли махлуқлардир. Сендан қўрққанларидан сенга ергача эгилиб таъзим бажо келтиришади. Лекин қалбларида бутунлай тескари аҳвол! Турган жойимда тил тортмай ўлай, ҳаддан зиёд ортиқча нарсаларни жавраб юбордим, шекилли! О, тангрим, мен – гуноҳкор бандангни ўзинг кечир. Авваллари сен билан мана шунақа бемалол гаплашса бўлади, деб сира ўйламаган эдим. Ҳар куни намоз вақтида мен сенга тавалло қиламан. Лекин бир чатоқ жойи бор – айтадиган сўзларим арабча. Уларнинг маъносига тушунмай айтавераман. Мен ўзимнинг ҳасратимни сенга тушунарли тилда изҳор қилсам дер эдим. Мен эшитганман – ибодат сўзларида одамларнинг ҳамма ғам-ғуссалари ҳақида гапирилар экан, лекин намоз ҳеч қачон менинг руҳимни енгиллатган эмас, негаки, мен ўзим айтган сўзларимни ўзим тушунмас эдим. Мен сенга намозларда айтилмаган гаплардан гапирсам, мени эзиб келаётган гуноҳларим ҳақида сўзласам дейман. Бироқ нима учун сен билан фақат араб тилида сўзлашмоқ керак? О, парвардигори олам, сенга она тилимда мурожаат қилишга изн бергайсан. Кўп масалаларда сенга ҳозир, ўлиб қолмасимдан, шу ҳаётда тавба қилишни истардим, негаки, нариги дунёда буни қилолмай қоламан деб қўрқаман. Қиёмат қойим бўлиб, ҳаммаёқ остин-устун бўлиб кетса, қора қуёш осмондан одамларнинг бошига тушиб кетса, одамлар дардларини сенга айтиб бера олармидилар? Бу тўс-тўполонда, умуман бировнинг дардига қулоқ соладиган топилармиди? Нариги дунёда ҳам бизнинг соқолларимиз сенинг қўлингда… Ўлганимиздан кейин ҳам биз тўлалигича сенинг ҳукмингдамиз. Шундоқ бўлгач, ҳозир ўлмасимиздан олдин сенинг қошингда ўзимизни оқлаб олишга изн бер. Агар биз бу дунёда ҳамма азоб-уқубатларни бошимиздан кечирган бўлсак, яна нима боисдан ўзимизнинг ҳаётимиз учун самоларда жавоб бермоғимиз керак? О, тангрим, сендан ҳеч ким гуноҳларини яшириб қололмайди, кўнглимиздан нималар кечаётгани ҳамиша сенга аён. Одамзод қанча узоқ умр кечирса, унинг ҳар хил кирдикорлари ҳам шунча кўпая боради. Мен гуноҳ қилавериб ўрганиб қолганман. Ҳар бир янги гуноҳ қилганимдан кейин борган сари дадилроқ бўла борардим. Бу дунёда бирор адолатсизликка дуч келсам, тилдан қолсам ҳам майли, мен унинг айбдори сен деб ҳисоблайман. Ё Оллоҳ, шундай қилгинки, одамлар ёмон ишлар қилишини бас қилишсин. Акс ҳолда, бу ёмон ишлар узилмас занжир каби уларни бир-бирларига мустаҳкам боғлаб қўяди ва жиноятларда бир-бирларига ҳамкор ва кўмакчи бўлишга мажбур этади. Нима учун сен ерга шу қадар кўп пайғамбарларингни юборган бўлсанг-да, кун сайин ердаги ёвузликларнинг сони ортиб кетяпти? Ахир, сен нега шайтонни бино қилдинг – у туну кун сен билан олишади-ку?
Мана, мен қабр ичида ётибман – ўлимдан қутула олмаслигимни биламан. Менинг тақдирим сенинг қўлингда. Тақдиримгина эмас – ер юзидаги ҳамма бахтсизликлар – урушлар, қотилликлар, қурғоқчиликлар, хасталиклар ҳам – сенинг қилмишларинг. Мен бир гуноҳкор банда бўлсам, бу ҳам сенинг хоҳишинг туфайли. Шаҳзоданинг буйруғи билан мен ўлдирган одамларнинг ҳаммасининг қони сенинг ҳам гарданингда. Агар анави ношуд қизнинг бўйида бўлиб қолган бўлса, бунда ҳам сенинг айбинг бор. Биз қизнинг вужудига олиб кирган ўша ҳаромининг уруғини бирга олиб кирганмиз. Ё, Оллоҳ, агар мен хато гапларни гапираётган бўлсам, мени кечир. Бироқ гапларим тўғри бўлса, мени дўзах азобларига маҳкум этма, мен етарли даражада кўрдим. Мен нафақат ёмон ишлар қилганман, сен савоб ишлар деб тан оладиган ишларни ҳам қилганман – намоз ўқиганман, рўза тутганман, муқаддас жойларни зиёрат қилганман, ҳаж зиёратини адо этганман, ҳайитларда қашшоқлар ҳақига ушр берганман. Лекин бунақа ишлар билан одам гуноҳларидан фориғ бўлолмайди деб ўйлайман. Гуноҳларим юки мени аввалгидек босиб ётипти. Бунинг ҳам сабабкори сен, чунки мени сен яратгансан, менинг эса бўйсунишдан ўзга чорам бўлмаган, фақат сенинг нариги дунёдаги меҳр-мурувватингдан умидвор бўлганман, холос. Энди мен яна бир иш қилмоқчиман – бу ишни мен ўзим учун савоб деб ҳисоблайман. У тўғрида сендан ўзга ҳеч кимга оғиз очмайман. Нима қилишим кераклигини мен яхши биламан – мен тоза виждон билан ҳаётдан кўз юммоғим керак. Мен бу дунёда яхши одам бўлмадим. Одамларга меҳр-шафқатни билмадим. Хотинимни ва фарзандларимни ёмон кўрдим. Бироқ бу ерда – қабримга тушиб ётганимда кўзим очилди. Биринчи марта кирдикорларимнинг ҳаммаси кўз ўнгимда намоён бўлди. Бутун умрим давомида пул йиғиб келдим. Хасис бўлдим, разиллик қилдим. Кунлардан бирида ўғлим Муҳсин билан унинг фарзандлари оч қолишганини айтишди. Аммо мен уларнинг ҳаётини енгиллатиш учун қўлимни совуқ сувга урганим йўқ. Еттита фарзанд туғиб берган, менинг хонадонимда умри ўтиб, қариган Ҳожия хоним мендан озмунча жабр кўрдими? Мен қилган ёмон ишларнинг ҳисобига етиб бўлмайди. Бироқ сен уларнинг ҳаммасидан хабардорсан, чунки уларнинг рўй беришини ўзинг аввалдан белгилаб қўйгансан. Бугундан эътиборан мен янгича ҳаёт бошламоқчиман. Бу ердан чиқиб, тўғри хотинимнинг олдига бораман, унинг қўлларини ўпиб, кечирим сўрайман. Ҳамма фарзандларимни бир жойга йиғиб, уларни эркалатаман. Умрим мобайнида ҳар хил йўллар билан тўплаган сармоямни ҳисоб-китоб қилиб, уларга мактаб, касалхона, масжид қураман. Йўқ. Масжид қурмайман. Масжидлар шундоқ ҳам жуда кўп. Қай томонга қарама, ҳамма жойда масжиднинг минораси сўппайиб турганини кўрасан. Яхшиси, масжидлардан бирига пул бериб қўяқоламан. Қолганини болаларим билан хизматкорларимга бўлиб бераман. Ерларнинг бир қанча бўлагини деҳқонларга тақсимлаб бераман. Бу уйни касалхонага бераман, ўзим эса бирор кулбада тураман-да, сабр-тоқат билан мендан рози бўлишингни кутаман. Ҳа, шундоқ қилганим бўлсин. Ахир, сармояларимнинг бирон чақаси ҳам меники эмас. Аммо, гапнинг индаллосини айтганда, мен нима учун бутун топган-тутган бойлигимни болаларимга қолдирмоғим керак экан? Ўзлари кунларини кўра олмайдиларми, ўзларини боқа олмайдиларми? Улар менинг ўлимимни кутиб, бетоқат бўлиб кетишяпти. Тезроқ ўлсам-у, улар тезроқ меросга эга бўлишса. Мен бу заҳарли илонларнинг яйрашига йўл қўймайман, менга деса, қирилиб кетишмайдими? Бошқа бу ерга келмайман. Умуман, нима учун мен язидларнинг мақбарасини эслатадиган бу сағанани қурдим? Шу ишим учун ҳамма устимдан кулиб юрибди.
Ҳожи бирданига ўзини жуда енгиллашганини ҳис қилди. Кўп йиллар мобайнида сақлаб келган гапларини айтиб, ниҳоят юрагини бўшатиб олди. Шу заҳоти кучига куч қўшилганини, қатъияти ошганини ҳис қилди. Ўрнидан қўзғалиши ҳам осон кечди. У рўйирост тик турди, иккала кафтини қабрнинг четларига қўйиб, оёғи билан унинг деворларига таяниб, бир сакраб юқорига чиқиб олмоқчи бўлди, лекин танаси оғирлик қилди, қўллари билан оёғи ҳам дош беролмади. Қўрққанидан ҳожининг баданини муздек тер босди.
Унинг аъзои бадани дағ-дағ қалтирарди. Оёқлари тахта бўлиб қолди. У чуқурдан чиқишга яна бир неча бор уриниб кўрди, лекин ҳаммаси беҳуда кетди. Бармоқлари шилиниб кетди, бутун бадани уюшиб қолганди, юрагини эса охир-кети кўринмайдиган ваҳима чулғаб олди. Бирданига юрагида қаттиқ санчиқ турди. Бутун кўкраги музлаб қолгандек бўлди – бунда ўлимнинг совуқ нафаси келаётгандай эди. Бирдан онги хиралашди. У қичқирмоқчи бўлди, бироқ қичқириғи бўғзида қолди. Бармоқлари ёзилиб кетди, қўллари бўшашиб, икки ёнига беҳол осилиб қолди, тиззаларида қалтироқ турди. Белида бир нарса қирс этиб синиб кетгандай бўлди. Юраги тўхтаб қолгандай эди. Ҳожи жон таслим қилаётганини билди. У чайқалиб кетди, қабрнинг тубига йиқилар экан, чуқур тепасида Хонназирнинг энгашиб турган юзини кўрди. Унинг кўзлари даҳшатдан чақчайиб кетган эди. Ҳожи мулозимига: “Мени бу ердан олиб кет! Мен ҳали ўлганим йўқ!” деб қичқирмоқчи бўлди. Аммо овози чиқмади. Хонназир бўлса, бошини энгаштириб, қабрга тикилганча: “Ло илоҳа иллоллоҳ! Ло илоҳа иллоллоҳ!” деб калима қайтарарди.
Энсиз деразалар панжарасидан ботаётган қуёш нурлари мақбарага тушиб, унинг тубига қонли доғларга ўхшаган шуъла солиб турарди.

Русчадан Озод Шарафиддинов таржимаси.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2005 йил, 6-сон