Собир Рустамхонли. Шаҳнознинг ёдгори (ҳикоя)

Ўша оқшом куз қуёшининг ёруғида ўтмишининг қайси азиз кунидан бўлса ҳам бош кўтарган жуда ширин бир хотира уйғонган эди. Бутун борлиқ юракни ларзага солувчи табиийлик билан шовулларди. Тоғларнинг сийнасида барқ урган ўрмон улкан ўчоқдай ловуллпаб ёнар, қоялар олов шуъласи сингари осмон остида жилваланарди.
Қияликлардан, учурумлардан пастга отилаётган шалолалар оқариб кўринар, дараларнинг торлигидан шоша-пиша, уриниб-суриниб, водийга қараб чопарди.
Бу гўзалликда иккаласини ҳам жимликни бузмасликка ундаган сир яширинганди…
Машинани ота ҳайдарди. Куннинг кўзи очилгандан бери йўл босаётган бўлса-да чарчагани билинмасди. Бурилишларда, дараларда зўриқиб-зўриқиб юқорига ўрмалаган қадим тоғ йўлларида уни ҳаяжонли туйғулар судраб борарди, ярим асрлик муддатнинг у томонидан таниш бўлган ерлар меҳрибонлик билан уни чорларди. Рулни тутган йирик ва оғир қўллари орасидан нигоҳи тепаликларга қадалган, йўлнинг тиклашган унгурларига илашиб қолганди. Камрон отасидан кўзини узмас, хаёлдан чалғитиб, учурум устида унинг диққатини йўлга қаратишни истарди.
— Ота, балки мен ҳайдарман. Чарчагандирсиз.
Машина қайрилишда бурилгандан сўнг Қарибали юзини ўгирмасдан гапирди:
— Бу ер Муғон эмас. Тоғ-тошда қийин. Нотаниш йўл… Бирор марта ҳам оёғинг тегмаган жойда машина ҳайдамоқчимисан..
Қамрон пешонасига тушган сочларини кафти билан четга суриб қўйди-да отасига бурилди:
— Аслим қаерданлигини қачон эшитганман, қаерда туғилганман билмайман-ку, ахир. Мени иш деб юборишмаганда, бу ерларга келиш хаёлингизда йўқ эди…
— Кўп нарса менинг хаёлимдан ўчиб кетадиган пайт ҳозир. Бусиз ҳам кўп нарса менга ортиқчалик қилаяпти. Навбат сеники…
— Кўраяпсиз-ку, мен ҳам етиб келдим бу ерларга!
— Киндигинг шу ерда кесилган ахир…
— Авваллари болалар уйда туғиларди, энди туғруқхоналарда. Киндиклар ҳам ўша ерда кесилади.
Қарибали негадир кулимсиради. Боядан бери илк марта ўғлига ўгирилди. У кенг юзли одам эди. Пешонасини, кўзларининг атрофини ўраган ажинларга қараган заҳоти синовлардан ўтган бақувват одам бўлганига ишонч ҳосил қиласан. Бошига ота-буваларидан қолган қоракўл телпак кийганди. Калта қирқилган сочлари оппоқ оқарган эди.
— Қидирувларингиз қандай ўтди?..
— Ё биринчи бор бўлгани учун ёки эски қишлоқларга келганимдан бўлди. Билмадим, мен қониқиш ҳосил қилдим. Аммо қийин. Тўрт-бешта молнинг еми эмас бу. Буни илмий қидирув дейдилар, керак бўлса тонгдан кечгача чўкич урасан…
— Сизлардагилар мактаб битирган, қўли ишдан чиққан одамлар.
— Мендан бошқа барчаси эски геологлар эди. Масала эса қўли ишдан чиққанликда эмас. Машина бизнинг илмдан бошқа ҳамма жойга осон йўл топади. — Қаерда ишлагандингиз?
— Моранқалъада.
— Қояларнинг тепасидами? У ерлар эсингиздами, ота?
— Қўй боққанимиз, турли ўйинлар ўйнаганимиз ерлар эди…
— Айтишларича, чўпонлар йиғиладиган жойи бор экан. Теп-текис экан.
— Яхши тўшама тошлари бор эди, кафтдай текис бўларди. Ўти ҳам ширин эди, сурувларни жалб қиларди. Нимасини айтасан, эски қабристон эди. Тошларнинг қайси бирини кўтарсак, тагидан ғор оғзидай йўл очиларди. Бир вақтлар одамларни катта хумларда кўмишарди. Эркак киши ўлганда хотинини ҳам тириклай унинг ёнига қўярканлар. Мол-мулкини ҳам хумларга жойлашаркан.
— Мусулмонликдан аввалги воқеа бўлса керак.
— Ҳа, анча олдин.
— Яхши аёлларнинг уруғи қуриганди. Мундоқ бир ўйлаб кўр, ҳар бир шарти кетиб, парти қолган эркакнинг ёнида уч-тўрттадан гўзал келинни кўмишган бўлишса…
Ота бироз ўйлаб туриб илова қилди:
— Ким билади дейсан, бу қоидани чиқарганлар нимани ўйлашган экан. Одат йўқ жойдан яратилмайди… Мардон бўларди, Ҳусайнзода, эшитган бўлсанг керак… Халқнинг, давлатнинг молини ўзлаштириб, ўзиники қилиб олган. Отасининг молидай. Охири фош бўлди. Судгача чидай олмади, юраги касал экан. Ёш хотини қолди, битта боласи билан. Кейин болани ҳам қайнонасига ташлаб шаҳарга кетиб қолди. Ўқишга. Пул бор, таниш бор… Иймонимни куйдира олмайман, мен ҳам бировдан эшитганман, Айтишларича, ўқиш баҳона, қўл-қанотини ёзгиси келган экан, ўйнаб-кулиш дегандай. Шунақасини эри билан кўмишса, яхши бўларди. Мол-давлат қўлнинг кири. Ота мисоли на яхши ўғилга керак, на ёмон ўғилга…
Камрон отасининг олисдан бошлаган гурунгини чўзиб усталик билан ўгит-насиҳат-ла тугатганини кўриб, суҳбат мавзусини ўзгартирди:
— Текис тоғдан юқори кўтарилганда, қадим бир шаҳарнинг изини топдик, у ердаги ўчоқ эсингиздадир, баланд, бино. Битта қоя ҳам бор, борганлар ният қилиб майда тош ёпиштирадилар.
— У ер муқаддас жой…
— Қазиш ишлари олиб бордик. Уйлар, тош тўшалган йўллар чиқди. Одамларнинг айтишича, пайғамбар ўтган жой эмиш. Тошларнинг устида тиззаларининг, бармоқларининг изи қолган. Эгари рангли сополга айланибди, сопол узангиларда оёқ изи…
— Одамлар беҳуда гапни айтмайдилар. Бизнинг катталар аввалдан ўқимишли бўлганлар. Ардабил, Машҳад мадрасаларида. Тўғри эскича савод чиқаришарди. Лекин билимли эдилар. Бугунгиларга ўхшамаганлар. Бир бурда нон учун динни ҳам сотадилар, иймонни ҳам. Ҳақни ноҳақга алмаштирадилар. Улуғларимизнинг оғзидан эшитганман, айтардиларки, муқаддас нарсага бепарво бўлманглар. Баъзан юзлаб шоҳнинг, юзлаб саркарданинг қўриқлай олмаган обидани, китобни, ёзувни биргина “Муқаддас” сўзи асрайди…
Камрон отасининг юзига қаради. Унинг ҳафсаласини пир қилган масалаларнинг отаси учун бунақа ойдин бўлиши, одамнинг ҳар бир нарсага содда, бемалол ёндашуви Камронни таажжублантирди. Балки шунинг учун ҳам отасининг айтганини қадрлар, гапини икки қилмасди. Кўпдан бери кўришмаганлари учун отасининг бу гапларидан завқланарди.
— Ҳали анча узоқми, ота?
— Йўқ, ҳув анави қоя остига бораяпмиз.
— Телеграмма бермасам келмасдингизми?
— Энди мазам йўқ. Юрагим чидамайди деб қўрқаман. Ўзинг ҳам кеч ҳаракат қилибсан.
— Ишдан қўл бўшамасди.
— Ўртоқларинг қачон жўнашибди?
— Бугун. Тумандан кузатиб қўйдим уларни. Сизни кутиб қолдим. Тўғриси йўлланма қоғозини деб.
— Авваллари кимнинг ёнига боришингни айтишарди. Энди сени қидириш олдидан ҳеч гап айтилмади. Ота-бобо юртимизга йиллар бўйи бир парча қоғоз деб ҳасрат яшаймиз.

* * *

Дарё пастда, учурумнинг чуқурлигида қолиб кетганди, етиб келаётган шарқираши олис тоғларда бошланаётган бўрон сингари ваҳимали эди… Ҳар икки соҳил бўйлаб боғ-роғлардан қизил ғишт рангидаги ажралиб турган уйлар саф тортганди. Қишлоқлар орасидаги йўллар дарёга қуйилаётган ариқлар сингари оқариб кўринади. Ҳосилдан бўшаган полиз ерлари қарағайзорларда яланглар сингари тизилган. Бу ердан қишлоқ уйлари кичик-кичик оқ қутиларга ўхшайди. Ота-бола ўртасида суҳбат тўхтаб машина ҳаракати секинлашди.
Ҳа, Таза канд, янги қишлоқ деганлари мана шу. Туппа тузук шаҳар экан бу. Биз кетганимизда бу ерда сел олиб келган тошдан, шох-шаббадан бошқа нарса йўқ эди. Тоғдан қайтиб тушиб дарё бўйида уйлар тиклашибди. Қайтиб келганлар орасида бизникилар ҳам бор.
Йўл тепага кўтарилган сари қишлоқнинг кенг бағри очилиб бораётир. Уйлар, ҳовлилар сой бўйлаб, дарё жилғачалари ёқалаб тоғларга, қиёликларга ёндашиб, тик қояларга, ғрмоннинг ўтиб бўлмас дарахтларигача етиб борибди… Янги экилган ниҳоллар орасидан ўтиб боришаяпти. Кўчатларнинг кўм-кўк гуллари бўй чўзган. Ёз гуллари ниҳоллар қўлида юзларча майда бодаларга ўхшайди. Гўё кўчатлар тоғлар соғлиги учун қадаҳ кўтараётгандай. Машинага нам тупроқ ва хас-ҳашак ҳиди уриларди.
Офтоб олддан, сўқмоқларнинг устидан туша бошлади. Ёруғликдан ёки нигоҳидаги аччиқ ҳасратни оғриқни яшириш истагидан Қарибалининг кўзлари сузилади.
Зич эманзор билан қопланган даралар ортда қолди. Довондан бурилиб, текис кўндаланг йўлга тушишди. Олдинда қоялар уч томондан ўраб турган кенг қия текислик намоён бўлди. Бу кенгликни ёнғоқ дарахтининг зич қаторлари тўлдирганди. У ер-бу ерда чинорлар юксалиб турарди.

* * *

Қарибали машинани ўзига таниш бўлган хотиралар бўйича ҳайдарди. Бу хотиралар уни қишлоққа кираверишдаги улкан ёнғоқ дарахти остида тўхтатди. Бир-бирига индамасдилар. Афтидан ҳар бири ўз хаёли билан банд эди. Майдончанинг пастки чеккасида тошлар орасидан чашма жилдирарди. Ёғоч новга тушарди.
Қарибали оёқларини тошга қўйиб сувни ҳовучлади. Бир икки қултум ичди, кейин шапиллатиб юзига урди. Бармоқларини қовоқларига сурди. Сувнинг салқинлиги билан кўз қовоқларининг чарчоғини ювмоқ истарди ёки қорачиғини қоплаган ёшни сувгаа аралаштириб ўғлидан яширишга ҳаракат қилаётганмиди – аниқ эмасди… У яшил майсаларни қизил ғунча каби ёпган баргларни ғирчиллатиб эзиб ўтарди.
— Ўзингга шукур, ё Тангрим…
Унинг бу ерга қайтганига, келиб шу булоқни ўз жойида, аввалги ҳолида, ҳамон ўша салқинлигида кўрганига шукур қилаяптими, ёки бу бир эътирозми, билиб бўлмасди.
Камрон қўлларини новдаги сувга тўлдириб ичди. Новдан оқаётган кўм-кўк сув ичра мовий само тўлқинланар, ёнғоқ дарахтининг шохлари титрарди, япроқлар орасидан қора қарға қараб турарди. Қуш қанот қоқди ва қудуққа тушган тош каби сувнинг шаффофлигида ғойиб бўлди. Ота-бола маймунжон қоплаган эски четан тўсиқлар орасидан юриб кетишди.
Қарибали олдинда борарди. Айлана четан тўсиқларнинг, қулаган деворларнинг ораси билан вақт совута олмаган иссиқ бир ўчоққа қараб интиларди. Оёқлари оғирлашганди, бу ерда ўтган кунлари билан ҳозирги дамлари орасида ўтган хаёлга сиғмаган кенглик бирданига унга умрнинг ўтиб кетганини, кексалик келиб ёқасидан олганини ҳис эттирарди. Қадам босгани бу дунёда ўша пайт ҳали оталик ҳиссини сезмаганди, ўзи ҳам ёш болага ўхшарди. Одамга бўй бермайдиган ўт-ўлан босиб, йўқолиб кетган йўлдлар, хароба қишлоқ уни ўз ўтмиши билан учраштираётганди. У бир вақтлар учрашув учун йўлга отланар ва ушбу тўсиқлар устидан йўлга энгашган кунгабоқар каби рўмолча ҳилпирарди… Очиқ турган кўча эшигини босиб ўта олмади, чириган устунга суяниб қолди…
Тоғларнинг кун ботишидан дарак берган еллари бошланганди. Даралардан чийиллаб ўтган шамол қишлоқ оралаб айланар, боғларни шовуллатиб ҳазин, мунгли навога айланарди…
Кичкина пирилдоққа ўхшаган ўрама илон кўча эшик олдидан шиддат билаб ўрмалаб ўтди. Буталар орасига кириб, кўздан ғойиб бўлди. Унинг орқасидан кўтарилган қуруқ хас-чўплар ҳавода айланиб қолди. Йирик-йирик, оғир ёнғоқ япроқлари ҳовлида сочилиб ётарди. Гўё тупроқ остида оҳанрабо юритишаяпти-ю, унинг таъсирида бу темир варақлар беихтиёр титрашар, учиб-қўнишарди.
Рўпарада турли мевали дарахтлар анчадан бери қўл теккизилмаганидан ёввойилашиб йўғонлашган, шох-шабба ёзиб чангалозорга айланганди. Узоқдан диққатни тортувчи бир жуфт ёнғоқ дарахти алвон чодир сингари ҳовлини қанотлари остига олганди. Пастки бурчакда эса уч туп финдиқ1 новдаси баҳордаги каби ям-яшил турарди. Боғ майдони йўлга қадар чўзилганди. Йирик олма дарахтларининг ҳали узилиб тушмаган мевалари қизариб турарди. Дарахтларнинг ҳеч кимдан, ҳеч нарсадан мадад кўрмай, уларни экиб ўстирганлардан бехабар эмин-эркин гуллаши, мева солиши, шох ёзиб, қад ростлаши ғаройиб кўринарди. Ташлаб кетилган, қулаб тушган уйларнинг олдларида дарахтларнинг ғариб, танҳо туришида соҳибининг қабри узра бош эгиб мунғайиб турган отнинг эътиборига ўхшаш зирқироқ бир жозиба бор. Ҳовлининг ўртасида қуриб қолган дарахтнинг пўстлоғи ҳам тўкилиб кетибди. Ҳовлини ажриқ босибди. Ясси тошлардан ўрилган зинапоя иккинчи қаватда айвоннинг чеккасига ёндашиб турибди. Уйнинг томини ўзи бузиб, ғиштини олиб кетганди. Тоғ эманидан йўнилиб ётқизилган оғир тўшама йўсин босиб кетган, лекин чириб тўкилмаганди. Эшик-деразаларнинг уринлари кўр одамдай ном-нишонсиз олисларга қараб турарди.
Қарибали зинанинг ер билан туташган учида — биқинидан майда оқ қўзиқоринлар бўй чўзган тошнинг устига ўтирди. Папирос чекди. Жаҳли чиққан пайтларда бўлгани каби қўли билан чап тиззасини силай бошлади.
Табиий, илиқ бир ҳаракат Камроннинг қалбини титратиб ўтди. Гўё унинг бир ярим-икки ёшли бола хаёлининг қайсидир қунжида бу ҳаёт шундайлигича қотиб қолган, энди бўлса, ўткинчи, лаҳзалик хотира қудуқ тубида милтиллаган сув сингари ялтирашга, даврнинг жуда олис уфқларидан товус патларидай товлана бошлади. Оёқлари остида қуриган ёнғоқ пўстлоқлари сочилиб ётарди. Шудрингда ювилган, тозаланиб, оппоқ бўлиб ётган майда ёнғоқлар бир-бирига урилиб шарақларди. Ҳовучидаги қўш ёнғоқни синдириб, тозалаганича дарахтлар орасидан юриб кетди.
Боғнинг ичидан сўқмоқ йўл тушганди. Четан тўсиқ тагидан кўкариб чиққан маймунжондан ҳатлаб ўтиб тўхтади. Йўл кўндаланг чўзилиб, кичик тепалик орқасига ўтиб кетарди. Камрон тепачага кўтарилиб, чуқурликдаги уйни кўрди. Икки қаватли уйнинг ҳовлисида товуқлар ер титкиларди. Сут машинаси кўзга ташланарди. Қаланган ўтинлар устида оғзи пастга қаратилган идишлар оқариб турарди.
Чуқурликда қишлоқ манзарасидан кескин фарқ қилувчи беш-олтита уй бир-биридан аразлаган каби орали-орали туришарди. Ҳаммасининг пештоқи бир томонга қаратилганди. Ҳовлида дарахтдан-дарахтга тортилган ипдан ювилган кийимларни йиғиштираётган қиз Камроннинг атрофни кузатаётган назарига тушди. У бу ерда бировни учратаман деб ўйламаганди. Қизнинг юзи нариги томонга қарагани учун йигитни кўрмасди. Енгида ипдан олинган кийимлар бор эди. Юқори чўзилганда тиззаларидан баланд кўтарилган қизил кўйлаги кечки шабадада ҳилпирар, бўйнига тушган дурраси остида икки ўрим сочи тўлғанарди.
Орқага бурилиб кўйлакларни бўш тоғорага жойлаётганда уни кўрди. Қўлини кўйлаклардан олмасдан юзини елкасидан осилиб турган ўриклари орасидан Камронга томон ўгирди..
Аста-секин бошини кўтарди. Сийнасидан пастга осилиб, бели узра чулғанаётган соч ўримларини қўли билан орқасига ташлади. Бошининг кескин ҳаракати билан курагига жойлади. Тепалик устида, куз оқшомининг оқарган уфқлари оғушида Камроннинг қомати катталашганди, бўйи-басти янада аниқ кўзга ташланарди.
— Хуш келибсиз!
Қизнинг жарангдор ва титроқ овозида бу уйнинг, эҳтимол бутун қишлоқ номидан гапира олиш ҳиссидан пайдо бўлган бамайлихотирлик ва собитлик сезиларди. Кўриниб турибдики, ора-сира келиб бирор нарса сўраган одамларга жавоб бериб кўникма ҳосил қилган, малака оширган ва рўпарасидаги одамнинг кимлиги уни унчалик ҳам қизиқтирмасди. Қайсидир эгасиз уйнинг меҳмони бўлса керак. Демак уларнинг меҳмони…
Орасидан ўтиб келган бўм-бўш боғ, уйлар каби қиз ҳам Камронга жуда табиий туюлди. Бу эгасизлик, кимсасизликда ўз иши билан банд қизнинг сиймоси йигитнинг юрагида марҳаматга мойил кадарли бир ҳис уйғотди.
— Хушвақт бўлинг!
Бу сўз юзида майин табассумга айланди. Айтадиган бирор гапи, сўрайдиган бирор саволи йўқ эди. Келган йўли билан аста-аста орқага қайтди.
Қарибали ҳамон ўша жойида ўтирарди.
— Бу ерда яшаётганлар ким, ота?
— Фермага қараётганлар бўлса керак. Шундай деб эшитганман…

* * *

Булоқ ёнида ўн-тўрт-ўн беш ёшли икки бола турарди. Улар машинани томоша қилишарди.
Йигитчалар дағаллашган қўлларини узатиб, одоб билан кўришиб, саломлашдилар.
— Кимсизлар, болам?
— Байларнинг ўғлимиз, амаки.
Эшитган исми тилига келган бошқа бир саволга монелик қилди. Озғин, баланд бўйли, очиқ чеҳрали тоғлик болаларни бошдан-оёқ кўздан кечирди.
Думалоқ юзлари, чағалай қаноти каби учидан қайрилиб пастга эгилган узун қошлари тагида катта кўзлари билан қарашарди. Қисилган лаблари юзларига жиддийлик бахш этар, уларни бўй етган йигитларга ўхшатарди.
“Қош-кўзлари мунча оналарига ўхшаб кетибди… Шаҳнознинг болалари”. Олис йилларнинг, чанг йўлларнинг нафасини янгитдан туйгандай бўлди. Қишлоқнинг охиридаги четан тўсиқнинг нариги томонидан йиғлаётган аёлларнинг боши узра Шаҳнознинг рўмоли Байларнинг эмас, унинг орқасидан силкиниб қолганди…
Нигоҳи беихтиёр ўша томонга қадалди. Ўша жойда, айни Шаҳноз турган жойда энди олча дарахти силкиниб турарди. Уруш йўли оғир мусибатларда ўтганди. Ленинград қамали… Ўзига ҳам туш каби эсланаётган қора, азобли кунлар…. Уни ўлим чангалидан ва асирлик асоратидан б ир тасодиф қутқарганди. Буларнинг барчаси ҳаётининг оқимини тўхтатган, уни урушдан кейин ҳам анча ур-сурларга рўпара қилганди. Урушдан кечикиб қайтди. У келганда Шаҳноз йўқ, Байларнинг хотини бор эди.
Ҳали ҳозирнинг ўзида ҳам ойдинлаштира олмасди. Ўша пайт Байлардан хафа бўлишда, адоват сақлашда ҳақлилашди? Ахир, унинг истагидан Шаҳноздан бошқа кимнинг хабари бор эди? Унга энди ҳеч қандай қўл етолмайди. Совуқ тупроқ устига тортилган пардани ҳеч хоҳиш-ирода кўтара олмайди. Қақшаб қуриган баданнинг, ҳамманинг кўз ўнгида шамдай эриб сўнган гўзалликнинг ёдгорлари Қарибалининг олдида туришибди. “Шаҳнознинг ёдгорлари…”
Байлар колхоз раиси эди. Юқорида, чўққиларга элтувчи сўқмоқларда, чегара ёқаларида бўлган қадимий қишлоқлар ер майдонлари, экин-тикин ерлари етишмайди баҳонасида чўлга кўчирилганда, Муғонда йирик хўжаликлар ташкил этилганда, у тоғдан кўчиб кетмаган, дарё бўйидаги қўшни қишлоққа тушган, хўжалик кичиклашса-да, ишни ташламаганди.
— Байлар қаерда, аҳволи қандай, нима иш қилаяпти?
— Ферма мудири, овулларга кетганди, қайтадиган пайтлари бўлди.
Байлар билан учрашуви энди унга авваллар бўлгани сингари кўнгилсизлик туғдирмасди…

* * *

От туёғининг товушига ўгирилдилар.
— Отам келди,– деди болалардан бири.
Байларнинг оти йўрғалиб келарди. Эгар чарчатганидан ёнлаб ўтириб олганди. Елкасида эски ов милтиғи. Озғин, соғлом юзидаги табассуми ёшлигидан қолганди, ўзгармаганди.
Ҳой бола, меҳмонни булоқ ёнида ушлаб ўтирадиларми?!– ўшқирди раис болаларига.
Отнинг бошидан ошириб юганни уларнинг устига ташлади. Телпагини пешонасидан орқароққа сурди-да, меҳмонларга диққатла қаради. Баланд, суякдор гавдасини олдинга энгаштириб, қўлларини кенг очди. Уларни танидими, танимадими, қучоқлашиб кўришмоқчи эди. Ҳар икковини диққат билан кўздан кечирди.
— Нима, шунчалик танилмайдиган бўлиб қолибмизми, Байлар?
— Қарибали!
Ўтган йиллар ҳеч қайсининг овозини ўзгартирмаганди.
Қучоқлашишди. Байлар севинчидан гапини тўхтата олмасди.
— Хўш келдинг, жўра, сафо келтирдинг, Марҳабо. Барибир шайтонга ҳай бердинг, оёғини синдирдинг-а. Шунчалар эътибор бўладими?!
Камронга юзланди:
— Бу ҳам сизлардан чиқар, Камронми ёки?!
— Ўхшайди шекилли.
— Ҳа, холаси гўзал, нега четда турибсан. Одам қишлоқи амаки-сини ёқтирмайдими? Олдимда ўйнаб, югуриб юрардинг.
Камронни қучоқлаб, юзидан ўпди. Орқага тисарилиб бўй бастига қаради.
— Мошоллоҳ, отангга тортибсан. Еганларинг бўйингга берибди-да. Аммо лекин ақлдан уларга ўхшамабсан. Таърифингни эшитганман. Тоғликмиз дема. Бу гап бизларга тегишли! Булар менгинг Тарлан, Элмон болаларим. Келиб амакиларингиз билан танишсаларингчи, ҳой аҳмоқлар!
— Кўришганмиз.
— Унда югуринглар уйга. Милтиқ билан ўйнашманглар, хўпми. Гулшанга айтинглар, меҳмонимиз бор деб. Эгардаги қушларга ҳам қарасин. Чўл одамлари каклик димламасига ўч бўлишади.
Қарибалига томон бурилди.
— Машинани нега бу ерда қолдирдинг?
— Четанлар орасидан ўтолмаймиз деб қўрқдик.
— Қишлоқнинг чеккасидан айланамиз. Юқоридаги йўл текисроқ.
Машина эшигини очиб, олдинга, Қарибали ёнига ўтирди. Кун ботиш томондан Қизилқояга қараб юришди. Қояларнинг этакларида мармар сингари силлиқ тошлар қалаб ташланганди. Шу ердан қабристон бошланарди.
Машина тўсатдан тўхтади.
— Тушиб, бу ёққа кел, Байлар!
Қабристоннинг катталиги Комронни ҳайратга солди, ғарбда бир учир қояга бориб тақалган сўқмоқ бўйи чўзилиб кетганди. Қабр тошларининг усти бошдан-оёқ ёзувлар билан тўла эди. Эски алифбода битилган тошлар ёзуви ўқиб бўлмас даражага келганди. Гўё дунё яралгандан бери бу тошлар ҳам шундай безакли – ёзувли саф тортиб турардилар. Уфққа энгашган куннинг сўнгги нурлари тошларнинг сояларини қишлоққача узайтирганди. Камрон чўккан оқшомда, харобаликларда, янги йўнилган қабр тошлари каби қишлоқ устида юксалган чинорларда, бу эгри-бугри эски ёзувларда қандайдир сезилмас, кўзга кўринмас бир боғлиқлик туярди.
Отасининг ўз қавмларини йўқлаб зиёратга келганини ҳис қиларди. Бир-биридан унча ажратиб бўлмайдигани жалб қилувчи туйғу вақт деворини бузиб, наслининг руҳи ётган қишлоқ қабристонининг чекка бир гўшасига сени оёқларинг беихтиёр етаклайди.
— Бизникилар шу ерда ётишибди…
Камрон қабр тошларининг устидаги ёзувларни ҳижжалай бошлади: “Қоражали Жаҳонгир…” Байлар унга таажжубла қараб турарди.
— Бу ёзувларни қандай ўқияпсан?– сўради у.
Камрон эса жавоб бермай ўз ичида давом этарди: “Қоражали.. Қоражали… Қоражали Камрон”. У бу номни ҳайрат-ла баланд овозда ўқиди. Отаси:
— Бўлибди, – деди. – Шундай бир одам… Бундан анча олдин. Исмини сенга қўйишган. Бувангнинг истаги эди.

* * *

Боя Камрон кўрган уйга келишди.
Кенг хонага гилам, шолчалар тўшалганди. Девор бўйлаб ерга қуроқ кўрпачалар ташланганди.
Қарибали билан Байлар тўрда ёнма-ён ўтиришди. Комрон Байларнинг чап томонида, курсига ўтирди.
— Ўтира олмаяпсанми, ҳой йигит! Кўча-кўчлик-да, биродар. Ёз-куз эса уйимиз. Қуйи қишлоққа келсанг, иншоллоҳ… Чўлчиликни кечирасан, албатта.
— Ҳа, менинг куним ҳам чўлда ўтаяпти,– жавоб берди Камрон гиламнинг ўсиқ тукларини қўли билан текисларкан.
– Ҳунарлари шунақа. Кўҳна юрт ерларини қазишади. Ёзда бизнинг Моранқалъада ишлашди.
– Унда нега хабар бермадинглар. Ёки бизларни бегона санай-сизларми?
– Ўғлим танимайди, менинг эса ҳеч эсимга келмабди.
Гулшан ўрталиққа дастурхон ёзаркан, суҳбатга қулоқ соларди. Хона тўлитб кетди. Меҳмонлар билан кўришиб, ўтирдилар. Кейин аёллар рўмолларининг учи билан кўзларини арта-арта битта-биттадан чиқиб кетишди.
Дастурхонга капалак қанотидай юпқагина Юха қўйилди. Катта-катта идишларда буғи чиқиб турган қовурма қўзи гўшти тортилди.
Каклик чиғиртасини мемонлар олдига суришди. Қатлама, пишлоқ, мева-чева дастурхонни безади.
– Ҳой, Гулшан қизим, бурчакларни бир ахтариб кўп, томоқ ҳўллайдиган бирор нарса топилармикан?
Гулшан қалин бардоқлар ва бир неча “томоқ ҳўллагич”лардан келтириб қуйди.
Байларнинг узоқ йиллар дарди, қувончи, бир бўлган ён қўшниси билан қанча вақт айрилиқдан сўнг учрашишдан ҳис этган севинчи, ширин меҳмоннавозлиги ўтиришни янада қиздириб юборганди.
Қарибалининг ҳаёти, Камроннинг Бокудаги иши – касби тоғ қишлоқларини янгидан ободонлаштириш учун чўлдан қайтиб кўчиб келган одамларнинг умргузаронлиги ҳақидаги суҳбатлар давра-дагиларга алоҳида кўтаринкилик бахш этганди. Қарибали ҳамқишлоқларидан бўлак тушганди, ҳамиша сўраб суриштиролмасди. Энди бўлса янги хабарлар эшитиб турибди. Аҳоли аҳволининг яхшиланиши уни севинтирарди.
– Қуйи қишлоқни кўрдим, туппа-тузук шаҳарча бўлибди-қолибди.
– Ҳали жануб томонларни кўрасан! Билсанг агар қанча уйлар қурилиб, ҳовли жойлар солинган. Ҳаммаси ҳам чўлда яхши яшаган эканлар. Анчагина йиғиниб, машинали бўлиб қайтишибди.
– Машинаси борларга бу йўлларда юриш анча қийин бўлади-да.
– Ҳамма нарса турмушга боғлиқ, биродар. Ҳаёт ўзгарса, уй-жой бўлса, нон-намак бўлгандан кейин йўл ўз-ўзидан тузалиб кетади. Юрган оёқ ўзига из топади. Энди, барака топгур, ширкатларимиз чўлдаги қайси хўжаликдан кам? Тоза ҳавомизни, сувимизни, ўтин-ўчоғимизни айтмаяпман. Бу соҳани тезроқ йўлга солиш керак эди. Ёзда кўрасан яйловларимизни. Буғдой бўй баравар кўтарилади. Картошка майдонларининг боши-охири кўринмайди. Шунча экин майдонларининг эгасиз ётишига кимнинг кўзи қияди.
Қарибали папиросини тутаганича қулоқ солиб ўтирарди. Кўз ўнгида Қизилқоянинг йигирма-ўттиз йил олдинги қиёфаси гавдаланарди.
– Ҳой, Гулшан, самоварни олиб келсанг-чи…
Қарибали бу сафар хаёлида уйғонган хотиралари таъсири биланми ёки нимагадир қизга диққат-ла қаради… “Ё тавба, худди онасининг ўзи-я”. Пойгакда ўтирган Алиш ўрнидан туриб самоварни олди. Бардоқ-чойнаклар турган патниснинг чеккасига ўрнатди.
– Демак чойнинг азобини ўзим тортарканман-да.
– Ҳо золим ўғли, намунча оғир ишга урдинг ўзингни,– сўз отиб кулди Байлар.
Алишнинг қисилган нозик лаблари овқатдан кейин ялтираб турарди. Қарибали қишлоқда ўтган ёш-яланглар кечаларини эслади.
– Ҳой Алиш, балабанинг2 турибдими?
Алиш кулди.
– Эсингиздан чиқмабди-да.
–Ё Оллоҳ, уни сўраттир. Сен чалган наволарни эсласам бурнимнинг учи ачишарди.
Байларнинг юрагидагини топишганди.
– Қуйсанг-чи, нозингни. Шу одатинг қолмади-қолмади-да!
Алиш қаддини ростлади, пижжагининг чўнтагидан қорайиб кетган, устида бармоқларининг изи қолган ялпоқ балабанни олди.
– Қарибали келибди деб эшитдим, эҳтиёт чорасини кўрдим. Ўша пайттлардаги одатларимиз эсимдан чиққани йўқ.
Ясси балабан йўғон, юракни титратувчи табиий товуш билан куйлай бошлади. Шикаста куйида кечанинг тароватидан, олис юлдузлар шуъласидан, тоғларнинг сўзсиз наволаридан йиғилган бир жозиба бор эди. Шикаста наво ой шуъласида даралар бўйи чўзилган тоғ жилғалари сингари сут рангини таратар, уйга теварак атрофнинг, баҳмал чаманларнинг атрини, ҳавосини уфурарди. Аёллар айвонда, дераза олдида ўтиришарди. Гулшан ичкари ўтганди. Эшик олдида деворга суяниб турарди.
Камрон йиллар оша отасининг хотирасида яшаган бу ҳавонинг кучини, сирини туюшни истардим. Бирданига унга шундай туюлдики, бу ҳаво топиб юзага чиқарганлари хум қабрларининг тарихидан сўзлайди. Бу товушда қадимий шаҳарнинг деворларида акс-садо бергувчи баятиларнинг1 ҳазинлиги яшайди. Қабристондаги мозор тошлари сингари шикастада ҳам неча наслнинг номи, муҳри бор. Нигоҳлар эшик олдида ўзини унутиб турган қизга қаратилди. Боядан бери илк дафа қизга диққат билан қаради. Алиш чалаётган наво тоғ булоқларининг суви сингари қизнинг юзидан чарчоқни, қайғуларни ювиб кетганди. Кўзининг олдида умрининг энг гуллаган чоғини яшаётган бир гўзал турарди.
Камронга шундай туюлдики, бу наво билан унинг қулоқларига неча замон шу мўъжазгина қишлоқда қад ростлаб ўсган ёнғоқ, чинор дарахтларининг тупроққа сингган узоқ шитирлашлари, юз йиллар давомида булоқлар бўйида жилваланган гўзалларнинг мозор тошлари остида яширинган наволари янграмоқда.
Қарибалининг папироси тутаб турарди. Байларнинг кулги аримайдиган юзи жиддийлашганди. Сукутни балабанни чўнтагига жойлаган Алишнинг ўзи бузди.
– Мана шундай ишлар…

* * *

Байларнинг барча эътирозларига қарамай, Қарибали ўз уйи айвонида ётиш фикридан қайтмади. Даврада ўтирганлар ҳам унинг орзусига қарши чиқолмадилар.
– Қўй, ҳовлида бир чироқ ёқсин,– дейишди.
Байлар Гулшанни чақирди.
– Чироқ олиб бор, болаларнинг ҳар бирига бир сидрадан кўрпа-тўшак бер. Амакингларнинг айвонини тозала, шолча тўша, ётишга жой тайёрла.
Қарибали Камронга ўгирилди.
– Сен ҳам тур, ёрдамлаш. Балки машинадан чодирни оларсан?
Кимдир эътироз билдирди.
– Худди ёз ҳавосига ўхшайди. Очиқ ҳавода ухлаш ҳаммасидан яхши.

* * *

Айвоннинг бир чеккасига қўйилган чироқ тўлин ой ёруғида хиралашганди. Гулшан айвонга жой солди.
Тарлон билан Элмон четан атрофидан хас-хашак келтириб ҳовлида ўт ёқишди. Оёқлари билан кураб олиб келган хазон оловда ловуллар, барг излари нозик сим каби оқарар, ўчоқнинг устида нақшлар чизарди. Ой ёруғи парда мисол боғлар устига қўнганди. Қишлоқнинг бўшлиги сезилмасди. Сўқмоқ бўйлаб чегара соқчилари манзилларининг чироқлари қаторлашиб кетганди.
Гулшан кириб келди. Гулхан олдида туриб совқотгандай қўлларини оловга тутди. Юзи гулхан ёруғини кўзгудай акс эттирарди. Камронга агар қизга яқинроқдан қараса унинг ёноқларида ўз аксини кўриши мумкиндай туюлди.
– Кечаси сизларга совуқ бўлади. Қарибали амакини ўз айтганидан қайтара олмадик.
– Тоғларнинг аёзигаа кўникканман.
– Бутун ёз бизнинг воҳада ишлабсизда?
– Ҳа.
– Бизларникига эса энди келдингиз…
– Сизларни танимасдим. Ҳеч қайси қишлоқни ҳам танимасдим.
Қиз бошини кўтарди, бўйнини сал эгиб, оловнинг устидан унга қаради. Унинг кўзларида бир савол чақнагандай бўлди. Буни Камрон “Танисангиз келармидингиз?”– деган маънода тушунди.
Камрон ҳамишаги одати – сочларини пешонасидан четга суриб қўйди. Кулимсиради. Гўё танимаганининг гуноҳи унда эди.
Боғ ораси йўлда Қарибалининг папироси ёришиб келарди. Байлар билан гаплаша-гаплаша яқинлашардилар.
Байлар қизига ўгирилди:– Бор, болаларнинг жойини сол. Ухлашсин. Ҳадемай дарсга боришади.
Қарибали гулхан ёнида юзма-юз турган ёшларга қаради. Ҳар бирининг юзи оловдан қизарганди. У бирданига Камрон билан Гулшан бир-бирига жуда ҳам ўхшаркан деб ўйлаб қолди ва миясига келган бу фикрдан фахрланиб қўйди. Энди унинг тасаввурида ўғлига ёнма-ён турадиган Гулшандан, “Шаҳнознинг ёдгори”дан лойиқ қиз топилмасди.
Гулшан укалари билан кетди.
– Ҳа,– деди Байлар,– болалар ҳам менинг аҳволимга тушиб қолишди. Ҳар куни пастдаги қишлоққа қатнашади. Қиз бултур мактабни битирди. Институтга бормади. Сизни ёлғиз қолдиролмайман, деди. У бўлмаса фермада ишлай олмасдим.– Бироз жим қолгач, илова қилди.– Авлодингнинг яхшиси бахтинг экан. Қизим онаси тириклигида жафокаш эди. Кейин эса болаларга оналик қилди.
Камрон истар-истамас, кетганларнинг ортидан бўйнини чўзиб қаради… Улар дарахтларнинг панасига ўтишганди.

* * *

Каттакон, юмшоқ болишга тирсакланиб, ҳовлига қарарди. У ерда отаси билан Байлар секин гаплашиб туришарди. Камронга уларнинг ёнида Гулшан ҳам бояги вазиятда турганича бўйнини сал ён томонга эгиб, оловнинг ёруғидан янада йириклашган кўзларини олиб унга қараётгандек туюлди. Кўрпага маҳкам бурканиб олди. Юмшоққина тўшак жонига ора кирди.

* * *

Отаси ундан олдин уйғонганди. Папиросини тутатганча ҳовлида юрарди.
Айвоннинг пастидан кимдир келарди. Камрон эрта тонгда умрида ҳеч қачон туймаган бир гўзаллик ва севинч ҳис этди. Устунлар орасидан чиққан Гулшан эди. Икки-уч кунлик қўнғир қўзичоқнинг олд оёқларидан кўтарганча олиб келаётганди. Қарибали билан саломлашиб ўтди.
– Чой тайёр, амаки…
Камронга бу овоз узоқ йиллардан бери танишдек туюлди.
Ўрнида бурилиб тиккайди. Кўзларига ишонмади. У томонда, паст-баланд тоғларнинг устида ўй-хаёллар етиб боролмайдиган юксакликда оқарган чўққи тонг шафағи остида барқ урар, оппоқ мўъжиза каби ял-ял ёнарди.
Ўғлининг қаерга қараётганини сезган ота:
– Саваланг тоғи шу,– деб қўйди.
Бу сўзда изоҳсиз, иловасиз ҳар нарсага ойдинлик киритадиган бир қудрат бор эди…

* * *

– Бир-икки кун қолсангиз, осмон узилиб ерга тушармиди, Қарибали!
– Йўқ, ҳаво яхшилигида қайтиб борганимиз дуруст. Камрон ҳам ишга шошаяпти.
– Ҳеч бўлмаса тез-тез келиб тур…
– Саломатлик бўлса…
Камрон машинани юргизди. Булоқ ёнида Байлар ва ўғиллари кутиб турарди. Сал нарида Гулшаннинг қизил кўйлаги кўзга ташланарди. Ёнғоқ дарахтининг шохида патларини ҳурпайтириб ёлғиз бўз чумчуқ чий-чийларди. Камрон нимагадир ўйга толиб турган қиз билан шу кичкинагина қушча орасида яқинлик борлигини ҳис этди.
Қизилқоя бутун бир тош каби юксалар, саҳар ёруғида кўз қамаштирарди. Бошқа-бошқа рангларда товланаётган тошлар, қоянинг сийнасидаги қия-қия йўллари Камронга қабр тошларидаги ёзувларни эслатди…
Узоқ йўллар қат-қат бўлиб очилар, водийда оқарган дарё билан қўшиб кетарди. Кузнинг тиниқ сувлари пўлат эритмаси каби кумушланарди. Лекин тоғлар эриб тугайдиганга ўхшамасди.

Озарбайжончадан Файзи Шоҳисмоил таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2011 йил, 9-сон.