Сайловбой Жумағулов. Менинг хотиним ёзувчи (ҳажвия)

Ёзувчилик ҳам кўнгилга тегиб кетаркан. Мана шу касбга киришганимга ҳам йигирма беш йил бўлибди. Ам¬мо ҳеч нарса орттирмабман. Ҳалиям ёш ёзувчилигимча қолибман. Шунча нарса ёзибман-у бирорта сов¬ринга сазовор бўлмабман. Бор-йўғи ёзганим тўрт-беш қисса, тўққиз драма, юзга яқин катта-кичик ҳикоялар экан. Бундан ташқари тахтанинг қалинлигидай уч китобим ёруғлик юзини кўрибди, холос. Ижодимнинг тугагани шу бўлса керак. Энди қалам-дафтарни йиғиштириб, саккиз соатлик иш топсаммикин?!
Ташқарига чиқсам, дўкончи хотиним ҳовлининг кун¬чиқар томонидаги ўриндиқда писта чақиб ўтирарди.
– Ойшахон, – дедим унинг қитиқ-патига тегиш ниятида: – Сен ёзувчи бўлишни истармидинг?
Бу сўзимга хотиним қотиб-қотиб кулади, “Мени калака қилаяпсизми? Мен бир дўкончи бўлсам, савдо ходимидан ёзувчи чиқармиди?” – дея хафа бўлади, деб ўйлаган эдим.
Лекин хаёлларим пуч бўлиб чиқди. Хотиним гапимга парво қилмасдан писта чаққанича: ..
– Ҳаракат қилиб кўрай-чи! – деди эснаб.
Дўкончи хотиним шу куни ижод хонамнинг калитини олиб, ёзув столимга бориб ўтирди. Ҳайрон бўлиб қотиб қолган жойим шундаки, анчагина ёзувчилик таж¬рибасига эга, матбуотда танилиб қолган мендек эридан маслаҳат ҳам олмади. Бугунги муҳим бўлган тижорат мавзуида ёзмасдан, антиқа дўкон очганлиги тўғрисидаги ўзининг бошидан кечирган воқеаларни қоғозга туширишга киришди.
Тонгда туриб ўқисам “Дўкончи қиз” деган етти ярим бетлик ҳикоя пайдо бўлибди. Баъзи ерларини тузатиб бердим. У бозорга бориб, йўл-йўлакай ёшлар газетасига топшириб қайтди. Ҳикоя икки кундан сўнг “Менинг биринчи ҳикоям” рукни остида босилиб чиқди.
Шу куни кечқурун телефонда таҳририятда ишлайдиган аллакимнинг узоқ маслаҳатини олиб, яна енг шимариб ёзувга ўтирди. Орадан ҳафта ўтгани йўқ. Унинг етти ярим бетли ҳикояси бирданига “Дўкончи қизнинг кундалиги” деган янги очилган газеталарнинг бирида: “Давоми. Боши газетамизнинг ўтган сонларида”, – деган кўрсаткичлар остида бир ярим ой узлуксиз босилиб турди.
Қисса босилиб чиқиши билан хотинимнинг обрўйи бирданига ошиб кетди. Энди у турли ташкилотларга учрашувларга чақириладиган бўлди. Унинг номи машҳур ёзувчиларнинг маърузаларида тилга олинарди.
Орадан уч-тўрт ой ўтгани йўқ. Мен ўйлаганимдай, қалам ҳақи чор атрофдан қордай ёға бошлади. Дастлаб “ўзи чиққани бир қисса бўлса, бу пуллар адашиб юрган бўлмасин“, деб ўйладим. Текширтириб кўрсам, ҳаммаси тўғри экан.
Телевидениэда ишлайдиган биттаси хотинимнинг асари бўйича икки қисмдан иборат телекўрсатув тайёрлабди. Таниқли режиссёрларимиздан биттаси бу асарни театр учун саҳналаштиришни бошлаб юборибди. Йил ўтмасдан хотиним Ёзувчилар уюшмасига бош маслаҳатчи бўлиб кўтарилди. Энди унинг узундан-узоқ исми пленумларда, катта-катта йиғинларда, матбуотларда тез-тез тилга олина бошланди. Ҳатто номдор танқидчиларимизнинг ҳам назаридан четда қолмади. Улар бизнинг хотиннинг қиссаси мазмуни билан ғоя¬сини чуқур ўрганишга енг шимариб ишга киришиб кетдилар.
Ҳолимга маймунлар йиғлай бошлади: мен энди бир умр кўплаб асарлар ёзган хонамнинг эшигини қоқиб кирадиган бўлдим. Овқат пишириш, болалар тарбияси билан шуғулланишлар каминанинг зиммасига тушди.
Телефон қурғур ҳам куну тун хотиним учун жиринг¬лайдиган бўлди.
Яхшиси, ёзувчилигимни қайтадан қўлимга олмасам бўлмас! Ёзувчилар уюшмасига бордим. У ердагилар мени илиқ кутиб олишди. Адабиётга яна қайтишимни маъқуллашди. Яқинда аъзоликка қабул қилишга ваъда беришди. Аммо бунинг учун таниқли икки ёзувчидан тавсиянома олишим керак экан.
– Биттасини ўзим бераман, – деди мени илиқ кутиб олган ёзувчилар уюшмасининг масъул котиби. – Мениям машҳур шоирлардан обрўйим кам эмас. Шеърларимнинг тўртинчи тўплами чиқиш арафасида. Масъул котиб деган номим бор. Аммо сиздан илтимос, иккинчи тавсияномани мендан кучлироқ бўлган ёзувчи берақолсин.
– Унда республикамиздаги таниқли ёзувчилардан бири, бир нечта мукофотларнинг совриндори Туримбет Қўспўлатовдан олсам қандай бўларкан?
– У бўлмайди. Романлари талабга жавоб бермайди. Кўчирмачи дейишяпти.
– Машҳур шоир Хўжабой Сеитовдан оларман. Тўққизта китоби чиққан.
– Шоирингизнинг шеърий тўпламлари китоб дўконларида ўтмасдан ичига сувараклар уя қуриб олган.
– Бўлмаса, кимдан олай ахир?
– Қизиқ экансиз-ку, – деди масъул котиб аччиқланиб. – Ёки бўлмаса жўрттага ўзи айтсин, деб турибсизми? Кўпчилик танийдиган, сиз тавсиянома олишга арзийдиган ёзувчи уйингизда яшайди-ку?
– Вой-бўй, менинг хотинимни айтаяпсизми?
– Ҳа-да. Бизда ундан бошқа машҳур яна ким ҳам бор? Ана шу кишидан зўр тавсияномани ола¬сиз. Бўлмаса, биз сизни аъзоликка қабул қила олмаймиз.
… Мен шу ердаги ўриндиққа беҳол ўтириб қолдим. Ёпирай, у менга аъзолик учун тавсиянома берармикин? Тўғриси, бошим қотиб қолди…
– Бало урибдими, берар. Ахир у билан бир уйда турамиз-ку!..

Қорақалпоқ тилидан Ёрқул УМАРОВ таржимаси