Ричард Мэтисон. Фалокат дастаги (ҳикоя)

Эшик остонасида устига “Жаноб ва хоним Льюисларга” деб ёзилган кубсимон картон қути турарди. Норма қутини олиб эшикни очди ва уйига кирди. Қоронғу туша бошлади. Жўжанинг ичига қиймани солиб бўлгач, Норма картон қутини очишга ўтирди.
 Қутининг ичидан дастаги бор ёғоч қутича чиқди. Дастакнинг усти шиша гумбаз билан қопланганди. Норма гумбазни тортиб кўрди лекин у маҳкам қотирилган экан. Норма картон қутининг ичига қаради ва у ерда ётган қоғозчани кўрди.Қоғозчани олиб қаради. Унда “Жаноб Стюард сизникига кечки соат 8:00 да боради” деб ёзилган экан. Норма қутичани диваннинг устига қўйиб салат тайёрлаш учун ошхонага қайтиб борди.
 Соат саккизда эшик қўнғироғи чалинди.
– Ўзим очаман деди Норма ошхонадан туриб. Артур мехмонхонада газета ўқиб ўтирарди. Остонада паст бўйли эркак турарди. Норма эшикни очиши билан у шляпасини бошидан олди.
– Льюис хоним? деди у мулойимлик билан.
– Ҳа?
– Мен жаноб Стюардман.
– Эҳа деди Норма табассум қилиб. У бу кимса бирорта савдо фирмаси вакили эканини фаҳмлади.
 – Кирсам майлими? деди жаноб Стюард.
 – Кечирасиз, мен бироз банд эдим деб Норма ортига бурилди.
– Наҳотки бу нарса нима эканлигига қизиқмаяпсиз?
 – Унчалик эмас.
– Бу жуда қимматбаҳо буюм.
Норма хўмрайиб қолди. Жаноб Стюарднинг турқи-таровати унга ёқмаётганди.
 – Нимани сотмоқчисиз ўзи? деб у сўради ниҳоят.
 – Ҳеч нарса сотмоқчи эмасман деди жаноб Стюард.
– Нима гап? деб ичкаридан Артур чиқиб келди. Жаноб Стюард унга ўзини таништирди.
– Қандай буюм сотмоқчисиз?
 – Кўп вақтингизни олмайман. Ичкарига кирайлик. Артур хотинига қаради.
 – Ўзингиз ҳал қилинг деди Норма. У иккиланиб қолди.
 Улар мехмонхонага киришди. Жаноб Стюард Норманинг стулига ўтирди. У палтосининг ички чўнтагига қўлини тиқиб кичкина конверт чиқарди.
 – Бу конвертнинг ичига сизга ташлаб кетилган ёғоч қутичанинг гумбазини очадиган калит бор деб конвертни стол устига қўйди.
– Хўш, бу матоҳингизнинг нима каромати бор? деб сўради Артур.
 – Агар қутичанинг дастагини бурсангиз дунёнинг қайсидир бурчагида сиз билмайдиган кимдир ўлади. Бунинг эвазига сизга 50.000 доллар тўлаймиз деди жаноб Стюард.
 – Бу ҳазилми?
– Йўқ. Бу айни ҳақиқат.
– Демак бу сафсатангизга ишонишимизга умид қиляпсиз.
 – Қайси фирманинг вакилисиз? орага суқилди Норма.
– Буни сизга айта олмайман аммо сизни ишонтириб айтаманки фирмамиз халқаро миқёсда фаолият юритади. – Менимча кетганингиз маъқул деб ўрнидан турди Артур.
 – Албатта. Жаноб Стюард ҳам кўтарилди.
– Калитингиз ва матоҳингизни ҳам олиб кетинг.
– Балки ўйлаб кўрарсиз? Артур бош чайқаб қутича билан калитни олиб жаноб Стюарднинг қўлига тутқазди.
– Бу менинг ташриф қоғозим деб Жаноб Стюард эшик олдидаги стол устига кичкина қоғозчани қўйди.
 У кетганидан сўнг Артур ташриф қоғозини олиб йиртиб стол устига ташлади.
 – Унинг гапларига ишонасизми? деб сўради диванда ўтирган Норма.
 – Бу ҳақида эшитишни ҳам истамайман деди Артур.
– Қизиқмаяпсизми?
 – Йўқ.
Артур газетасини қўлига олди. Норма эса ошхонага бориб идишларни ювди.
 – Нега бу ҳақида гапиришни истамаяпсиз? деб яна гап бошлади Норма. Артур тишларини юваётганди. У кўзгудаги аксига қаради.
– Яна бошладингми? Бу менга ёқмаяпти деди жаҳли чиқиб.
 Улар ётоқхонага боришди.
 – Эҳтимол бу психологик тадқиқотдир деди Норма кроватга ўтириб.
– Бўлиши мумкин деб елка қисди Артур.
– Балки бу бирорта эси паст миллионернинг ўйинидир.
 – Эҳтимол.
 – Буни билишни истамайсизми?
– Йўқ. Артур бош чайқади.
– Нега?
 – Чунки бу аҳлоқсизлик. Артур чироқни ўчирди ва –хайрли тун! деди.
– Яхши ётиб туринг! Норма кўзларини юмди. “Эллик минг доллар” ўйлади у.
 Эрталаб уйидан чиқаётиб Норма столда турган қоғоз бўлакларига кўзи тушди. Дарров уларни олиб ҳамёнига солди. Тушлик пайтида Норма ҳамёнидан қоғоз бўлакларини чиқариб уларни бирлаштирди. Ташриф қоғозида фақат жаноб Стюарднинг исми ва телефон рақами ёзилган эди.
 Тушликдан сўнг Норма жаноб Стюардга қўнғироқ қилди. У бироз ҳаяжонда эди.
 – Мен Норма Лъюисман деди ўзини қўлга олиб.
 – Эшитаман Лъюис хоним? деди жаноб Стюард.
– Мен қизиқаяпман.
 – Бу табиий.
– Бизга айтган гапларингизга ишонгим келмаяпти.
– Бу мутлақо ҳақиқат ишонаверинг.
 – Кимдир ўлади деб нимани назарда тутдингиз?
– Айнан кимдир ўлишини. У истаган киши бўлиши мумкин. Ўлган одам кимлигини билмаслигингизга кафолат берамиз. У одам қачон ва қаерда ўлганини ҳам кўрмайсиз.
– Бунинг учун эллик минг доллар берасизлар-а?
– Тўппа-тўғри.
– Бу телбалик.
– Ҳеч ундай эмас бу кашфиёт.
– Менга ўша дастагингизни қайтариб юборасизми ?
 – Албатта.
 Эшик остонасида картон қути турарди. Лифтдан чиқиб келган Норма уни кўрди. У эшикни очаётиб қутига бир қараб қўйди.
– Ҳозир буни олиб кирмайман деди ўзига ўзи.
Уйга кирди ва овқат тайёрлади. Бироздан сўнг кўча эшикни очиб картон қутини олди ва уни ошхонага олиб келиб стол устига қўйди. Унга бироз қараб турди. Кейин уни омборхонага олиб кириб қўйди.
 Кечки овқат пайти Норма ва Артур жимгина овқатланишаётганди. Норма бирдан санчқини ерга тушириб юборди.
– Тинчликми? деди Артур.
– Бу таклифни қабул қилсакмикан? деди Норма.
– Нима қилмоқчисан? Стюарддан дастакни қайтариб олиб уни сурмоқчимисан? Кимнингдир ҳаётига зомин бўлмоқчисанми? деди Артур қизишиб. Норма аччиқланиб қаради.
– Кимнингдир ҳаётига зомин бўлиш? Ахир у одамни танимаймиз-ку! деди.
– Ўйлаб гапираяпсанми? Ўша одам дунёнинг қайсидир бурчагидаги оиласини боқаётган ишчи, ҳаёт учун курашаётган бемор, энди туғилган чақалоқ ёки кичкина қизалоқ бўлса-чи? Ана шуларни ўйлаб кўр, хотин. Кимни ўлдиришингни аҳамияти йўқ бу иш барибир қотиллик. Артур хотинига қаради.
 – Эллик минг доллар-чи, Артур? Бу озгина пул эмас. Бир умрлик орзуимиз Европага саёҳат қилиш имконияти. Оролдан уй сотиб олишимиз мумкин.
– Йўқ, Норма. Артурнинг юзи оқариб кетди.
 – Дилингизни оғритдимми? Шунчаки айтдим. Тинчланинг деди Норма эрининг аҳволини кўриб.
– Бу ҳақида бошқа гаплашишни истамайман! деди Артур жаҳл билан.
 – Хўп деб унинг елкасига қўлини қўйди Норма.
 Эртасига Норма одатдагидан эрта туриб эрига шохона нонушта тайёрлади.
 – Қаердан кун чиқди? деди Артур кулиб.
 – Шунчаки ўзим деди Норма.
 – Мени хурсанд қилдинг. Норма эрининг чашкасига қаҳва сузди.
– Сизга худбин эмаслигимни кўрсатгим келди.
 – Сенга худбинсан дедимми?
 – Кеча ўша дастак ҳақида гаплашганимизда мени яхши тушинмадингиз?
 – Сизнингча мен фақат ўзимни ўйлаяпман.
– Норма!
 – Йўқ, мен ўзимни ўйламаяпман. Мен шунчаки яхшироқ шароитда яшашимизни хоҳлайман. Каттароқ квартирамиз, янги мебеллар, чиройли кийимлар, машинамиз бўлишини истайман. Аҳволимиз яхшиланса фарзандли бўлардик.
 – Норма ҳаммаси бўлади.
 – Қачон? Артур жимиб қолди. Норма эрининг қўллари қалтираётганини кўрди. Артур ўрнидан турди ва индамай чиқиб кетди.
 Эри ишга кетгач Норма идишларни саранжомлади. У ишига ҳам боришни унитганди. Омборхонадан картон қутини олиб чиқди. Уни очиб ичидан дастакли қутичани олди ва уни стол устига қўйди. Норма қутичага узоқ тикилиб қолди. Кейин конвертдан калитни олиб дастак устидаги шиша гумбазчани очди.
– Қандай беманилик! деди дастакка қараб. Дастакни ушлаб пастга қараб тортди.
– Беманилик! деди яна. Атрофга аланглади.
 – Ҳеч нарса содир бўлмадими? деди қўрқув билан. Қутича ва калитни ахлат саватчасига ташлади ва ишига шошилди.
 Кечга яқин Норма кечки овқатни тайёрламоқчи бўлиб турганида телефон жиринглади.
– Алло? деди Норма.
–Лъюис хоним?
– Лаббай?
– Биз Ленокс Хилл касалхонасидан қўнғироқ қиляпмиз. Касалхонадагилар Нормага метрода фалокат содир бўлгани яни тиқилинчда Артур платформадан поезднинг тагига тушиб кетгани ҳақида айтишди. Норма турган жойида қотиб қолди.
 Телефон гўшагини қўйгач Артур ҳаётини суғурта қилдирганида у билан бахтсиз ҳодиса содир бўлса 25000 доллар, мабодо ана шу фалокат туфайли вафот этса яқинларига эллик минг доллар товон пули берилиши ёдига тушди. Норманинг нафаси бўғзига тиқилиб қолди. Оёғини зўрға босиб карахт ҳолда ошхонага борди. Саватдан дастакли қутичани олди. Ёш тўла кўзлари билан унга тикилиб турди-да уни синиб кетгунича урди. Қутичанинг ичида на транзистор на сим бор эди. У бўм-бўш эди.
 Норма йиғлаб ўтирганида яна телефон қўнғироғи жиринглади. У қоқилиб-сурилиб мехмонхонага ўтиб гўшакни олди.
– Лъюис хоним? деди Жаноб Стюард.
– Сиз ўлган инсонни умуман билмайсиз дегандингиз-ку! деди Норма алам билан.
 – Хоним, сиз чиндан ҳам ўз эримни яхши биламан деб ўйлайсизми? деди хотиржамлик билан жаноб Стюард….

Инглиз тилидан Феруз Зиёдуллаев таржимаси
“7×7” газетаси, 2015-йил, 29-октябр сони