Рабиндранат Тагор. Жогешшорнинг қурбони (ҳикоя)

Жогешшор қачонлардир туппа-тузук ҳаёт кечирар эди. Ҳозир эса, унинг нураган лойшувоқ уйида илонлар, қурбақалар ва кўршапалақлар ўрмалайди. Чол бўлса, кичик кулбада яшаб, зериккан чоғларида «Бхагавад-гита»ни ўқиб вақт ўтказади.
Ўн бир йил илгари у қиз кўрди. Ўша маҳалдаёқ унинг бир вақтлардаги фаровонлик ойи бота бошлаган эди. Шунинг учун бўлса керак, қизига Комола  деб ном қўйди. Бу ҳийладан мурод маъбудаларнинг энг инжиғи — Лакшмининг диққатини бу уйга жалб этиш эди.
Гарчи бу найрангдан ҳеч нарса чиқмаса-да, ҳар ҳолда, маъбуда Лакшми қизнинг чеҳрасига бир нигоҳ ташлаб қўйди — Комола соҳибжамол қиз бўлиб ўсди.
Жогешшор қизини эрга бериб, бирор нарса ортиришни хотирига ҳам келтирмаган эди. Унга ким қўйибди бу ҳақда ўйлашни! Шу атрофдан битта-яримта мўмин-қобилни топиб, Комолани узатиб юборса бўлди-да.
Лекин аммаси бошқача ўйларди: унинг севикли жияни фақат бадавлат хонадонга тушиши керак! «Мен топган-тутганимнинг ҳаммасини сепига бераман» — деб аҳд этди у. Ниҳоят, у шастр ўқиш билан банд бўлган акаси Жогешшорни куёв қидиришга жўнатди.
Чол Ражахига бориб таниш бир адвокатнинг уйига қўнди.
Адвокатнинг мижозлари орасида Гоуршундор Чоудхури деган бир заминдор бўлиб, унинг бирдан-бир ўғли Бибхутибушон колледжда ўқир, адвокатнинг уйида тарбияланарди.
Бу йигитнинг Комолани қачон ва қандай қилиб кўрганлиги бир худодан бошқа ҳеч кимга маълум эмас.
Жогешшор, табиийки, худонинг бу макрини ўйлаб-ўйлаб тагига етолмади. Бибхутига бўлажак куёвим деб қараш унинг хаёлига ҳам келган эмас. Бу мўмин чол ўзига бино қўйишни ҳам, елиб-югуришни ҳам билмасди. Бибхути эса, хушбичим, жонон йигит! Шундай йигит унга куёв бўлармиди!
Жогешшор адвокатнинг ёрдами билан қизи ажойиб куёв топди. Йигит жуда билимдон бўлмаса ҳам молу дунёси етарли. У йилига давлат хазинасига уч минг икки юз етмиш беш рупия солиқ тўлайди, шундоқ бўлгач, бирор ўқув юртини битирмаган бўлса ҳеч боқиси йўқ.
Қиз ҳам куёвнинг ота-оналарига маъқул бўлди. Улар адвокатнинг уйида меҳмон бўлиб, сутда тайёрланган ширинликлар ва норанж ёнғоғидан пиширилган тансиқ таомлар тановул этишди.
Бу даракни эшитиб эртасига Бибхути Жогешшоминг уйига келди. Чолнинг кайфи чоғ эди, у меҳмонни сийламоқчи бўлди. Аммо йигит иштаҳаси йўқлигини айтиб, ҳеч нарса емади ва бирор оғиз гапирмай чиқиб кетди.
Ўша куни кечқурун адвокат Бибхутидан хат олди. Йигит, Жогешшоминг қизи менга жуда ҳам маъқул, мен ўшанга уйланаман, деб ёзибди. «Ана холос, — деб ўйлади адвокат, — мен балога қоладиган бўлдим. Энди Гоуършундор ўғлининг қариндошимга уйланишини фақат мендан кўради».
Ўтакаси чиққан адвокат Жогешшорни қишлоққа юбо-риб, Комоланинг тўйини тезлатишга уринди, ўз тарбиясидаги йигитга эса, фақат ўқиш билан шуғуллан, бошқа ҳар қандай фикрни йиғиштириб қўй, деб насиҳат қилди.
Бироқ бу насиҳат Бибхутининг жаҳлини чиқариб, ўжарлигини оширди, холос.
Жогешшоминг кулбасида зўр бериб тўй тараддудини кўра бошладилар.
Кунлардан бир кун Жогешшор яшаган қишлоқда Бибхутининг ўзи пайдо бўлди.
— Марҳамат, азизим, марҳамат, — деди бесаранжом чол.
«Меҳмонни қаерга ўтқизиш, нима билан меҳмон қилиш керак? Ахир, мен шаҳарликларга ёқадиган таомни қаёқдан олай», — деган ташвишда қолди у.
Бибхути чўмилиш олдидан тош курсида ўтириб баданига хушбўй нарсалар суркай бошлади. Комоланинг аммаси узун бўйли, барваста йигитнинг фил суягидай оқ баданига қараб маҳлиё бўлди.
—    Қани энди шу йигит бизнинг Комолани ола қолса, — деб шивирлади у, Жогешшоминг қулоғига.
Чол қўрққанидан кўзларини катта очиб:
—    Бўлмағур гаплами қўйсанг-чи, — деб юборди.
—    Ҳа, нима бўпти? Яхши ният, уриниб кўриш керак.
Амма мол бозордан пишлоқ олиб келиб, меҳмонга овқат тайёрлай бошлади.
Овқатдан кейин Бибхути хижолатда қизариб-бўзариб чолнинг қизига оғиз солди.
Шошиб қолган Жогешшор бу катта янгиликни дарҳол синглисига етказди.
—    Жуда соз, азизим! Лекин бунақа ҳовлиқишнинг кераги йўқ! — деди аёл. Уни бирор нарса билан ҳайратда қолдириш анча мушкул эди. Агар Кобил амири ёхуд Хитой ҳоқони остонангга келди, деса ҳам бу аёл ҳайрон бўлмас эди.
Лекин Жогешшор сира ўзини босолмади. У йигитнинг қўлидан ушлаб:
—    Азизим, ишқилиб бизни хижолат қилиб қўйма, — деб ёлворарди.
Бибхути, қизга ниятини расмий равишда билдириб, отасининг ҳузурига жўнади.
Гоуршундор саводсиз эди, шунинг учун ҳам ўғлининг билимдонлигидан жуда фахрланарди. У ҳамиша ўзининг нодонлиги ва маданиятсизлигини Бибхутидан яширишга уринар, ўғлим кўнглида мен учун уялмасайди, саводсизлигимдан нафратланмасайди, деб жуда қўрқарди.
Шундай бўлса ҳам, ўғлининг камбағал қизга уйланиш ниятида эканини билиб жаҳли чиқди.
Йигит отасининг сўзларини бошини қуйи солиб тинглади. Чол бир оз ҳовуридан тушгач, ўзини тутиб сўзларига якун ясади:
— Мен унинг сепидан қуруқ қоламан деб гапираётганим йўқ. Бўлажак қайнота билан савдолашиб ўтирадиган пасткаш одам эмасман. Келиним яхши оиладан бўлсин дейман, холос.
Шунда Бибхути унинг яқиндагина камбағаллашиб қолган мўтабар авлодга мансуб эканини айтди.
Гоуршундорнинг эътироз қиладиган жойи қолмай, ночор рози бўлди, лекин дилида Жогешшорга кек сақлаб қўйди.
Комола билан Бибхутини фотиҳа қилишди, олиқ-солиқлар ҳақида ҳам келишиб олишди, лекин тўйни қаерда ўтказишга келганда сира ҳам бир фикрга келишолмади. Гоуршундор ўғлининг никоҳ тўйини катта дабдаба билан ўтказмоқчи эди, Бурашитолдаги кулба эса бундай маросимга нобоп. У қайсарлик қилиб, тўй ўз уйимда бўлади, деб туриб олди.
Комоланинг аммаси эса, хуноб бўлиб йиғлагани йиғлаган эди: «Ахир, биз ҳам бир вақтлар яхши кун кўрардик. Тўғри, Лакшми биздан юз ўгирди, шунинг учун биз ўз шаънимизни поймол қилиб, аждодларимизнинг муборак хотирасини таҳқирлашимиз лозимми? Йўқ, бундай шармсорликка йўл қўйиб бўлмайди. Майли, уйимиз похол билан ёпилган бўлса ҳам, тўй фақат ўзимизда бўлади!»
Ювош Жогешшор анча қийин аҳволда қолди. Ниҳоят, Бибхутининг қўллаши билан тўйни келинникида ўтказмоқчи боидилар.
Гоуршундор ва унинг хешу ақраболари Жогешшорни баттар ёмон кўриб қолдилар. Улар, куёвни огоҳлантирмай, жуда кўп куёвнавкар бошлаб бориб, бу гердайган камбағалнинг таъзирини беришга аҳд қилдилар.
Тўй бойшах  ойида бўлиши керак эди. Жогешшор бор-йўғини тўйга сарф этди. Уйига айвон қилди. Пабнадан ун, ёғ, қанд ва бошқа масаллиқлар олиб келди.
Амманинг ҳам жиян тўйига атаган пуллари тамом бўлаёзди.
Худди ўчакишгандай, тўйга икки кун қолганда ҳаво айниди. Даҳшатли бўрон кўтарилиб, сел қуя бошлади. Сўнгги йигирма беш йил мобайнида бундай сел бўлганини ҳеч ким эслолмасди.
Гоуршундор олдинроқ ҳаракат қилиб, стансияга бир неча фил ва тахтиравон юборди. Жогешшор қўшниларининг соябон араваларини ёллади, ҳаво ёмон бўлгани учун аравакашлар боришга кўнмадилар. Жогешшор ялиниб-ёлвориб, икки баравар ҳақ тўлашга ваъда қилиб, уларни аранг кўндирди. Бу араваларга тушган одамлар эса дарғазаб бўлиб кетдилар.
Қишлоқ йўлини сув босган эди. Филлар оёқларини ёпишқоқ лойдан кўтаролмас, араваларнинг ғилдираги зўрға айланарди. Ёмғир ҳамон шариллаб қуймоқда. Куёвнавкарларнинг ҳаммаёғи ҳўл, лой. Улар бундай хўрлик учун ўч олишга аҳд қилишди! Шўрлик Жогешшор бемаҳал ёмғир учун ҳам жавоб беришга мажбур эди.
Ниҳоят, куёв ўз қавм-қариндошлари, ёр-дўстлари билан қайнота уйига етиб келди. Кутилмаганда бунча меҳмоннинг пайдо бўлишини кўриб боёқиш Жогешшорни ваҳима босди. «Бунча одамни қаерга жойлай-ман», — деб ўйларди у.
Чол икки қўли билан бошини ушлаб:
— Жуда ёмон бўлди-ку, энди шарманда бўла-ман, — деб ғудирлар эди.
Жогешшор бу ойда бунча ёмғирнинг қаердан пайдо бўлишини сира тушунолмасди.
Янги айвон атрофидан сув шариллаб оқмоқда. Аслида тор жой, атрофда сув оқиб турганида янада торроқ туюлар эди. Шунда қишлоқнинг каттаю кичиги Жогешшорга ёрдамга келди. Уларнинг қий-чуви ёмғирнинг шарил-лашига қўшилиб кетди. Гўё биров денгизни чайқагандай туюларди.
Қишлоқ оқсоқоллари, муносиб иззат-ҳурмат кўрсатолмаганлари учун меҳмонлардан узр сўрадилар.
Куёв таомилга мувофиқ, ичкарига кириб кетди. Унинг ҳамроҳлари:
—    Очдан ўлдик-ку, бизга овқат беринглар! — деб тўполон қилишарди.
Бечора Жогешшор икки букилиб, хафа бўлманглар, деб илтижо қиларди.
—    Мен қўлимдан келганча ҳаракат қилдим, — дерди у,— таом тайёрладим, бироқ ҳаммасини сув босиб кетди…
Дарҳақиқат, масаллиқларнинг бир қисми ҳанузгача Пабнадан келмаган эди. Бунинг устига чалавайрон ошхонага сув кириб, печкани ғарқ этди, бор масаллиқ ҳам сув остида қолиб, бўтқага айланди.
Бурашитола унча бой қишлоқ эмас эдики, у ердан керакли масаллиқлар дарров топила қолса.
Гоуршундор мамнун бўлди. Уни қувонтирган нарса Жогешшорнинг бошига тушган кулфат эди.
— Меҳмонларни оч қолдириш яхши эмас, бирор чора кўриш керак-да! — деди зарда қилиб.
Жаҳли чиқиб турган меҳмонлар ғовға кўтаришди:
— Биз стансияга чиқиб, поездга ўтирамиз-да, уй-уйимизга кетамиз! — деб бақиришди.    Жогешшор қўл қовуштириб ёлворарди:
— Сизлардан ўтиниб сўрайман, кетманглар. Ҳали у-бу нарсам бор. Бизнинг ўлкамиз ажойиб пишлоғи билан донг чиқарган. Мен пишлоқ ва бошқа ширинликларни кўнглингиз хоҳлаганча топиб келаман. Нима бўлса ҳам кетманглар! Бундай кўнгилсиз ҳодиса рўй бергани учун нечоғли хафа эканимни бир худонинг ўзи билади.
Сутфурушлар Жогешшорни қўллаб юбордилар:
—    Қўрқманг, мухтарам, биз сизга пишлоқ билани ширинликни қўлимиздан келганча топиб берамиз, — дедилар улар.
Агар меҳмонлар оч қайтишса, бутун қишлоқ иснодга қоларди. Шунинг учун сутфурушлар жуда кўп пишлоқ келтиришди.
Ўзаро шивирлашиб олгач, меҳмонлар мезбондан сўрадилар:
—    Сиз ростдан ҳам пишлоқ қанча керак бўлса шунча топа оласизми?
Жогешшор бир оз нафасини ростлади.
—    Албатта.
—    Бўпти, олиб кела беринг!
Меҳмонлар яна қайтиб ўтиришди. Гоуршундор бир чеккада жим туриб, аҳволни зимдан кузатар эди. Ёмғирда ҳовуз тошиб, меҳмондорчилик учун тузалган жойнинг атрофида ҳам лойқа кўлмак сув ҳосил бўлган: пишлоқ келтирилган ҳамон меҳмонлар уни ел-каларидан ошириб шундай ирғитдиларки, шалоп-шалоп этиб лойга тушаверди.
Боёқиш чолнинг кўзларига жиққа ёш тўлди. Аммо у қайта-қайта узр сўраб илтижо қиларди.
—    Мен хоксор бир одамман, мени ранжитиб нима қиласиз?! — дер эди у.
Қайси бирдир тошюрак кулди:
—    Сиз келиннинг отаси, ўз гуноҳингизни юволмайсиз. Қишлоқ оқсоқоллари ҳам Жогешшорга таъна қила бошладилар.
—    Агар қизингни ўз бараварингга берганингда бундай кулги бўлмас эдинг, — дейишди нафрат билан.
Ичкаридан йиғи эшитилди, қизнинг катта бувиси ташқаридаги тартибсизликдан хўрлиги келиб йиғлаб юборди. Буни кўриб набираси ҳам йиғлади. Шунда келиннинг аммаси Бибхутининг ёнига келди:
—    Биз камбағалмиз, узр сўраймиз. Лекин бизни масхаралаб, тўйни бузишнинг нима ҳожати бор?
Бу вақтда сутфурушлар пишлоқнинг лойга ирғитаётганларини кўриб, жанжал кўтармоқчи бўлиб турган эдилар.
Жогешшор нима бўлса ҳам уларни тинчитишга ҳаракат қиларди: у меҳмонлар билан сутфурушлар орасида жанжал чиқмасайди деб қўрқарди.
Бу ҳангома бўлиб турган жойга, кутилмаганда, куёв чиқиб келди.
—    Шу ишлар бизга муносибман, — деди бўғиқ овоз билан отасига қараб. Йигит пишлоқ солинган патнисни ўзи олиб меҳмонларнинг олдига қўя бошлади.
—    Сизлар орқароқда туринглар, агар бирор киши пишлоқни лойга ташласа, олиб жойига қўйинглар, — деди у сутфурушларга.
Бир неча киши ўтиришини ҳам, туришини ҳам билмай, Гоуршундорга қаради.
Бибхути Гоуршундорни таклиф этди:
—    Ота, ўтиринг энди, вақт алламаҳал бўлиб қолди. Гоуршундор ўтирди. Унинг олдига ҳам хурмо япроғида пишлоқ қўйдилар.

Тўхтасин Жалолов таржимаси