Рабиндранат Тагор. Ҳукм (ҳикоя)

I

Ака-ука Дукхирам билан Чхидам эрта саҳарлаб белкуракларини олиб ишга кетган ҳамон, хотинлари орасида қаттиқ жанжал, можаро бошланарди. Аммо қўшинлари бунга шундай кўникиб қолишганки, бу жанжалларни кўчадаги оддий товушлардай парвосиз эшитаверадилар.
Хотинларнинг чинқирганини эшитиб, улар бир-бирларига:
— Мана, тағин бошланди! — деб қўярдилар, холос.
Бунинг маъноси шуки, худди улар кутган нарса рўй берди, бу кун ҳам бошқа кунлардан сира фарқ қилмайди.
Шарқ тарафдан қуёш чиқишининг сабабини ҳеч ким сўрамагандек, бу овсинлар орасидаги низонинг сабабини билишга ҳам ҳеч ким қизиқсинмасди. Табиийки, бунчалик жанжал ва ғавғолар қўшнилардан ҳам кўра бу аёлларнинг эрларига кўпроқ таъсир қилиши керак эди, лекин бу уларни ҳам у қадар безовта қиҳнайди. Улар ҳаётнинг узоқ йўлида бир аравада кетиб боришар, ёғланмаган ғилдираклардан чиққан тўхтовсиз ғижирлашлар эса уларга ҳаёт чархининг табиий овози бўлиб эшитиларди. Аксинча, агар уйдан бақирган овоз чиқиб тинчликни бузмаса, оқибати нималарга олиб боришини айтиш қийин бўлган жуда катта жанжал чиқишидан қўрқиб турардилар.
Бизнинг бу қиссамиз бошланадиган кун кечқурун ака-укалар ишдан чарчаб қайтганларида уй жимжит эди. Ташқарида ҳам одатдан ташқари жимлик ҳукм сурарди. Олти соатдан бери қуйиб турган ёмғир, охири тинган бўлса-да, уфқларда қора қалин булутлар ҳамон ястаниб ётарди. Ҳавода заррача шабада сезилмасди. Ёмғир вақтида қишлоқ атрофидаги дарахт ва кўкатлар барқ уриб яшнади. Сув оқизиб келган кўкатларнинг хушбўй ҳиди уй теварагида анқиб турибди. Уйлар орқасидаги кўлдан бақаларнинг вақиллаши эшитилади. Шу яқиндан ўтган Падма дарёси ёмғир сувидан тошиб қуюқ қора булутлар остида айниқса даҳшатли тусга кирган эди. Дарё экинзорларининг кўп қисмини босиб, уйларга яқинлашмоқда. Чўккан ерлардан манго ва нон дарахтларининг томирлари чиқиб турибди; улар бирор таянч топиш ниятида бўшлиққа қараб панжаларини узатиб тургандай кўринади.
Ўша куни ака-ука Дукхирам билан Чхидам заминдорнинг идорасида ишладилар.
Дарёнинг саёз жойларига экилган экинлар етилиб, қишлоқ камбағаллари ё ўз далаларида, ёхуд жудкор ерларда банд эдилар. Шунинг учун заминдорнинг ишбошиси ташқарига чиқиб, фақат шу оға-иниларни кўрди, холос.
Идоранинг томи тешилган, кўп еридан чакка ўтарди. Ака-ука кунбўйи шу тешикларни ямашди. Тушда уйга боролмай, шу ерда, идорада андак тамадди қилишди. Кунбўйи ёмғирда ишлаб кийимлари жиққа ҳўл бўлди, уларга коржома берилмаган эди. Бунинг устига, таънаю ҳақоратларни одатдагидан кўпроқ эшитдилар. Суяк-суягигача нам ўтиб, ҳаммаёқлари ифлос ҳолда, қош қорайганда уйга қайтдилар. Уканинг хотини Чондора кийимининг пешини ёзиб полда ётарди. Ҳар кунгидек қовоқлари солиқ. Афт-ангори шу ёмғирли оқшом сингари ғамгин. Аканинг хотини Радха бўлса, айвонда ҳурпайиб ўтирибди. Ака-ука уйга кириб қарашса, ҳадеб йиғлайдиган бир ярим яшар бола бурчакда чалқанча ётиб яланғоч ухлаб қолибди.
—    Овқат бер! — деди хотинига Дукхирам.
Радха ўтга тушган порох бочкасидай портлаб:
—    Овқатни қаёқдан оламан?— деб овозининг борича чинқириб юборди. —Нима, ўзим бориб пул топайми?
Кунбўйи оғир меҳнат ва таҳқирлардан қақшаб қайтгач, очлик тугунидан қоронғилашган уйда хотиндан Сундай заҳарли таъна эшитишга тоқат қилолмасди.
Дукхирам яраланган йўлбарс овозини эслатадиган бўғиқ товуш билан:
—    Нима дединг? — деди-ю, қўлидаги белкурак билан хотинининг бошига урди. Радха овсинининг оёқлари остига йиқилиб, шу заҳоти жон берди.
Овсини Чондора эса:
—    Йўқ, тхакур — деб ўрнидан қўзғалди у, — агар хотиним ҳалок бўлса, мен бошқасини оламан, бордию укамни оссалар иккинчи ука тополмайман.
Аммо Чхидам хотинини жиноятчи деб айблаганда, бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмаган эди. У оғзига келган гапни айтишга айтди-ю, энди ўзи ҳам ларзага тушиб, ўз қилмишини оқлашга йўл қидирарди.
Ёш деҳқонинг эътирози асослидай туюлди Чокробортига.
—    Ундай бўлса нима ҳам қилардинг, — деди у, — жиноят қандай зуҳур этган бўлса, шундай қилиб айтиб бер. Бари бир жиноятни яшириб бўлмайди.
Шу сўзларни айтиб Рамлочон чиқиб кеди ва шу заҳотиёқ бутун қишлоқда жанжал вақтида Чондора Дукхининг хотинини белкурак билан уриб ўлдирибди, деган дув-дув гап тарқалди.
Тўғонни уриб кетган сувдек, шов-шув билан қишлоққа политсия ёпирилиб келганда, гуноҳкор ҳам, бегуноҳ ҳам ҳамма баравар ҳаяжонда қолди.

II

Чхидам бир айтган сўздан қайтиб бўлмаслигини тушунар эди. Рамлочонга айтган гапи аллақачон бутун қишлоққа тарқалган, энди у ўзи ҳам бошқа бир важ излашга ботинмас чунки бунинг оқибати нимага олиб келишини билмасди. Шунинг учун хотинини қутқазишнинг бирдан-бир йўли деб, илгари айтганларини рад этмай, сўроқ вақтида ишни чигаллаштириш фикрида эди.
Чхидам хотинига айбни ўз бўйнига олишни таклиф этди. Бу илтимос уни ҳанг-манг қилиб қўйди.
—    Менинг гапирадиган гапларимдан ташвиш қилма, — деб далда берди унга Чхидам, — бари бир биз сени қутқариб оламиз.
У хотинига тасалли берди-ю, лекин ўзи ваҳимага тушиб, томоқлари қуруқшади, ранглари мурдадай оқариб кетди.
Чондора энди ўн саккиз ёшга қадам қўйган эди. Унинг юзлари ширмондай, бақувват, ҳаракатчан гавдаси шундай чиройли эдики, юрса ҳам, қайрилса ҳам, эгилса ҳам, хуллас ҳамма ҳолатда ўзига ярашарди. Чондора янги қайиқча сингари тез, енгил ҳаракат қилар, кийимларида эса бирор ғижим топилмасди. У ҳар бир ишни ғайрат ва меҳр билан бошлар, кўчага чиқиб гаплашишни яхши кўрар, қўлига кўза олиб, қудуқ бошига келаркан, рўмолини қия қилиб, чақнаб турган ўткир қора кўзлари билан ўтган-кетганни кузатишга жуда ишқибоз эди.
Акасининг хотини Радха Чогндоранинг тамом тескариси: сусткаш, ялқов, исқирт эди; у на бошидаги рўмолини, на қўлидаги гўдакни, на уй-рўзғор ишларини эплай оларди. Тағин, бирор иши бўлмаган ҳолда, муғамбирлик қилиб ўзини ҳамиша банд қилиб кўрсатарди. Чондора у билан камдан-кам гаплашарди — шунчаки айтган бир-икки оғиз сўзи учун овсини шаллақилик қилиб бақирар, шанғиллаб қарғагани қарғаган эди.
Ажабки иккаласининг ҳам хулқи ўз эрининг хулқига ўхшарди. Дукхирам узун бўйли, барваста, ясси бурунли йигит. Кичик кўзлари борлиқнинг моҳиятини тушунмай, шу билан бирга, сўрашга ҳам ботинмай тургандай, савол назари билан қарарди. Хуллас, бундай ювош, бақувват, айни замонда лапашанг одамни қидириб топиш қийин.
Чхидам бўлса, ялтироқ қора тошдан маҳорат билан ясалган ҳайкалга ўхшарди. У жуда ҳам келишган йигит бўлиб, ҳамма аъзолари мутаносиб, уйғун, нақ камолотнинг намунаси эди. Унинг ёғланган қуюқ қора сочлари ҳамиша таралган, бунинг устига, ўзи ҳам покиза кийинар, андак олифтанамо ҳам бўлиб юрарди. Ҳеч ким дарёга Чхидамчалик юқоридан ташлаб шўнғимас, ҳеч ким унингдек бир забт билан қайиқни итариб юборолмас, ҳеч ким унчалик чаққонлик билан бамбук тепасига чиқиб, ёш новда синдириб тушолмас, қисқаси — у нимаики қилса, ҳамма ишида тартиб, фаҳм-фаросат сезиларди.
Чхидамни қишлоқдаги соҳибжамол қизларга бепарво қарайди деб ҳам бўлмасди, лекин, гоҳо қизлар олдидан савлат тўкиб ўтса-да, ўзининг ёш хотини Чондорани ҳаммасидан яхши кўрарди.
Баъзан эру хотин орасида низо чиқиб, айтишиб қолишса ҳам, бир-бирларини ҳақорат қилишмасди. Тотув яшашларининг бир сабаби, асосан, шундан иборатки, агар Чхидам Чондора сингари соҳибжамол, лекин енгилтак хотиннинг жиловини бўш қўйиш ярамайди, деб ўйласа, Чондоранинг фикрича, унинг эри кўзи билан хотин овлайди, бордию уни рашк занжири билан боғлаб қўйилмаса, бир кун эмас, бир куни уни ташлайди-кетади.
Юқорида айтилган воқеадан бир оз илгарироқ эр-хотин орасида жиддий бир жанжал чиқди. Чондора эрининг баъзан ишни баҳона қилиб қаёққадир кетиб қолаётганини пайқади. Масалан, охирги марта у икки кун йўқолиб кетиб, уйга пулсиз, қуппа-қуруқ қайтиб келди. Буни кўрган Чондора ҳам, ишлар чатоқ экан, мана бўлмаса деб, уйдан тез-тез кетиб қоладиган бўлди. У кўпроқ пристанга борарди ва кўчадан қайтиши билан Каши Можумдарнинг кичик ўгли ҳақида эси кетиб гапирадиган бўлди.
Чхидамнинг ҳаёти заҳарланган эди. Ишда ҳам фикр-ёди шу. Бир кун келин ойиси Радханинг олдига келиб хотинидан ҳасрат қилди. Радха бу гапни эшитиб чапак чалиб юборди ва мархум отасининг арвоҳини шафе келтириб, бобиллаб кетди:
—    Қараб тур, ҳали бу бахти қора бир балони бошламаса деб қўрқаман. Мен жуда яхши биламан бугун-ерта у бир фалокатга сабаб бўлади!
Шу пайтда қўшни хонадан чиққан Чондора салмоқлаб:
—    Нимадан бунча қўрқяпсиз овсин? — деди. Икки хотин орасида қаттиқ жанжал бошланди.
Чхидам қонга тўлган кўзлари билан хотинига тикилиб:
—    Агар яна ёлғиз пристанга борганингни эшитсам, суякларингни мажақлаб ташлайман! — деб бақирди.
Чондора бўлса:
—    Ҳали шундайми? Майли, менинг суякларим мажақланса мажақланиб қўя қолсин, — деди-ю, кўчага қараб йўл олди.
Бироқ Чхидам бир сакраб унга етиб олди. Сочидан ушлаб уйга итариб юборди-да, эшикни қулфлаб кетди. Кечқурун ишдан келиб қараса, эшик очиқ — уйда ҳеч ким йўқ. Бу пайтда Чондора уч қишлоқни босиб ўтиб, тоғасининг қишлоғига яқинлашган эди.
Чхидам кўп ялиниб-ёлвориб, хотинини аранг олиб келди шу билан ўз мағлубиятига иқрор бўлди.
Чхидам билдики, кафтдаги симобни қўл билан ушлаб бўлмагандек, бу нозанин жувонни ҳам уйда тутиб туриш мумкин эмас. У ортиқ зўравонлик қилмади, аммо доим нотинч эди. Ёш, ўжар хотинининг серташвиш муҳаббати унинг учун азобдан иборат бўлиб қолди. У баъзан Чондора ўлса анча енгил бўларди, чунки оиим танг-рисидан ҳеч ким рашк қилмайди, деб ўйларди.
Ана шу маҳалда оилада мусибат рўй берди.
Eри Чондорани, айбни бўйнингга ол, деб авраб турганда, у донг қотиб кўзлари гўё икки лахча чўғдек бўлиб, Чхидамнинг юрак-бағрини куйдирди. Аёл изтироб ичида, гўё бу аждаҳосимон эрдан қутулиш чорасини излагандай туюларди. У эридан абадий юз ўгирди.
Чхидам хотинини, бу ишнинг қўрқадиган жойи йўқ, деб ишонтиришга, ҳатто политсия ва судда қандай жавоб беришини ўргатишга ҳам уринди. Аммо унинг узундан-узоқ насиҳатидан Чондора бирор сўзни қулоғига илмай тошдай қотиб, қимир этмай ўтираверди.
Дукхирам ҳамиша ва ҳамма ишда укасига таянарди. Чхидам унга, ўлимнинг айбдори деб Чондорани кўрсат, деганида, у:
—    Унда сенинг хотининг нима бўлади? — деб сўради, холос.
—    Мен уни қутқариб оламан, — деди Чхидам. Солоқмон Дукхирам эса шу билан тинчланиб қола қолди.

III

Чхидам хотинига йўл-йўриқ ўргатиб бундай деди:
—    Радха мени пичоқ билан урмоқчи бўлди, мен ўзимни ҳимоя қилганда бехосдан белкурак унга тегиб кетди, дегин!
Судда воқеани шу зайлда баён қилишни Рамлочон бобо ўйлаб топди. У хотин шундай жавоб берганда, Чхидам ўзи нима дейиши ва қандай далиллар келтириши лозимлигини батафсил тушунтирди.
Бу орада етиб келган политсиячилар иш бошлаб юбордилар. Радхани Чондора ўлдирибди, деган овоза қишлоқ аҳолисининг миясига сингиб кетганди. Ҳамма гувоҳлар шуни тасдиқлардилар.
Чондора сўроқда:
—    Ҳа, мен оидирдим, — деб жавоб берди.
—    Нега?
—    Уни кўргани кўзим йўқ эди.
—    Жанжаллашиб қолганмидинглар?
—    Йўқ.
—    Аввал у сени ўлдирмоқчи бўлдими?
—    Йўқ.
—    Eҳтимол у сенга ёмон гап гапиргандир?
—    Йўқ.
Бу жавоблар ҳаммани ҳайратда қолдирди. Чхидам ҳанг-манг бўлиб қолди.
—    Нотўғри гапиряпти! — деб қичқирди у. — Радха биринчи бўлиб пичоқ кўтарган.
Политсиячилар унга танбеҳ бериб, жим туришга мажбур этдилар. Масаланинг бирор жиҳати қоронғи қолмасин деб, Чондорани батафсил сўроқ қилишди, лекин бу фойда бермади: унинг жавоблари ҳамон боягининг ўзи эди. Радханинг биринчи боииб ҳужум этганини у қатъий рад этди. Бу аёл сира кўрилмаган ўжарлик қилди. У тўғри дор остига қараб
ёи тутган, уни бу йўлдан тўхтатгулик куч йўқ эди. Ажабо, бу қандай таҳликали кибр?
Чондора фикран эрига мурожаат қилиб: «Сени қолдириб, ўз ёшлигимни дорга бағишлайман, майли, бу туғилишимда дор менинг охирги таянчим бўлсин», — деди.
Мана, ўлимга ҳукм этилган Чондора ҳамқишлоқлари олдида шармандаи-шармисор этилган ўша беозор, чаққон, хушчақчақ жувон ёшликдан таниш кўчадан, аравалар ёнидан, бозор майдонидан, пристан ёнидан, Можумдаминг уйи, мактаб ва почта олдидан ўтиб, қишлоқни абадий тарк этиб бормоқда. Унинг кетидан болалар тўда-тўда боииб чопишар, тенгқур жувонлар эса, баъзилари рўмолини қия қилиб, баъзилари эшик тирқишидан, бировлари дарахтлар орқасида яшириниб, Чондорани олиб кетаётган политсиячиларга қарар, даҳшат, уят ва ғазабдан қалтирар эдилар.
Судда ҳам Чондора устига қўйилган айбга иқрор боиди. Унинг иқрорича, Радха оиим олдидан унга ҳеч қандай қаттиқ сўз айтмаган.
Гувоҳлик бериш навбати Чхидамга келди. У илтижо қилгандай қои қовуштириб, судга қараб баланд овоз билан деди:
—    Жаноби судя, қасамёд қилиб айтаманки менинг хотинимда ҳеч қандай гуноҳ йўқ.
Судя унга бақириб тинчлантиргач, сўроқ бошлади. Чхидам бўлган воқеани тўппа-тўғри сўзлаб берди.
Аммо судя унинг сўзларига ишонмади, чунки энг ишончли бош гувоҳ Рамлочон воқеани қуйидагича тасвир этди:
—    Мен жиноят рўй берган жойга ўша заҳотиёқ етиб келдим. Гувоҳ Чхидам менга бўлган воқеани батамом сўзлаб берди. У менинг тиззаларимни қучоқлаб туриб: «Хотинимни қандай қилиб қутқараман, шунга бир ёи кўрсатинг» — деб илтимос қилди. Аммо мен унга ҳеч нима деёлмадим. «Агар мен хотини овқат пиширмагани учун акам уни уриб оидирди десам, Чондорани қўйиб юборармиканлар», — деб сўради. Бунга мен: «Тентак, бунақа гапдан эҳтиёт бўл. Суд олдида бир оғиз ҳам ёлғон гапирмаки, дунёда бундан қаттиқроқ гуноҳ йўқ, дедим…»
Рамлочон Чондорани қутқариб қолиш учун бир қан-ча ёлғон-яшиқ важларни ўйлаб қўйган бўлса ҳам, аёл ўзини оқлашга уринмаганини кўриб, қўрқди. «Ёлғон гувоҳлик берганим учун охири ўзим жавобгар бўлмайин тағин! Яхшиси, ўз билганимни гапирай», — деб ўйлади у. Мана шу қарорга келиб, у судга ўзи эшитган нарсаларни гапирди, бироқ баъзи тафсилотларни қўшишни ҳам унутмади. Судя бу ишни кўриш учун вақт тайинлади.
Бу орада меҳнат ва савдо, қувонч ва алам — дунёда ҳамма нарса ўз навбатида давом этди. Ўтган йиллардаги сингари срабон ойида етилаёзган экинзорларга тўхтовсиз ёмғир ёғиб турди.
Политсия гуноҳкор ва гувоҳларни яна судга олиб келди. Суд биносининг ҳовлисида жуда кўп одамлар йиғилиб, ишнинг оқибатини кутмоқда эди.
Ботқоқлик бир участкани қурилиш майдонига айлантириш юзасидан Калкуттадан бир адвокат келган эди. Шу муносабат билан даъвогар тарафидан ўттиз тўққиз гувоҳ чақирилди. Неча юзлаб одамлар судга келиб, ўзларининг чигал ишларини ечмоқчи бўладилар! Ҳар ким ҳам ўз ишидан кўра жиддийроқ иш йўқ деб ўйлайди! Чхидам бу серташвиш оламга деразадан назар ташларкан, унга ҳамма нарса ўткинчи тушдай туюлди. Банан дарахтининг осилиб турган шохида какку сайрарди, қушларнинг на суди, на қонуни бор.
—    Оҳ соҳиб1, бир гапни ҳадеб сўрай берасизми? — деди Чондора.
—    Гуноҳингни бўйнингга оласанми?— деди судя.— Бунинг учун қандай жазо берилишини биласанми?
—    Йўқ, — деди аёл.
—    Сени дорга осадилар.
—    Босган изларингиздан ўргилай, соҳиб: шу иш тезроқ бўла қолсин! — деб қичқирди Чондора. — Хоҳлаганинингизни қилинг, менинг тоқатим қолмади!
Суд залига Чхидамни олиб кирганларида Чондора ундан юз ўгирди. Судя унга мурожаат қилиб:
—    Мана бу гувоҳга қараб айт-чи, у сенга ким бўлади? — деди.
Хотин юзларини қоии билан бекитиб жавоб берди:
—    Менинг эрим.
—    У сени севадими?
—    Севганда қандоқ! — жавоб берди у.
—    Сен-чи, сен уни севмайсанми?
—    Жону дилдан севаман!
Сўроқ навбати Чхидамга келганда, у:
—    Мен ўлдирганман, — деб туриб олди.
—    Нима учун?
—    Овқат сўраганимда бермагани учун. Дукхирамдан сўроқ бошланганда у беҳуш бўлиб қолди. Ўзига келгач:
—    Мен ўлдирганман, соҳиб, — деди.
—    Нима сабабдан?
—    Овқат бермагани учун.
Гувоҳлардан қайта-қайта сўраб, суд, бу ака-укалар хотин кишини шармандаларча дорга осилишдан халос этиш учун айбни ўз бўинларига олмоқдалар, деган қатъий фикрга келди.
Аммо Чондоранинг ўзи ҳамма жойда — политсия участкасида ҳам, судда ҳам бир айтганини такрорлай берди. Унинг жавобларида заррача иккиланиш сезилмасди. Икки адвокат, ихтиёрий равишда, уни ўлимдан қутқазиш учун ҳимоя қила бошлади, бироқ, охири уларнинг ҳам ҳафсаласи пир боииб, ўзига қўйиб беришди.
Бир вақтлар, ёшлик тонгида кулча юзли, жажжигина қорача қизча, қўғирчоқларини қолдириб, ота уйдан қайнота хонадонига келиб кирган эди. Ўша қувончли никоҳ кечаси букун юз берган бу воқеани ким ҳам тасаввур эта оларди! Ота, нима бўлганда ҳам қизимга яхши тарбия бердим, деб беармон кўз юмди.
Осишдан олдин кўнгилчан бир врач Чондорадан, бирор одамни кўришни истайсанми, деб сўради.
—    Мен онамни кўришни истардим, — деди Чондора.
—    Eҳтимол, эринг билан кўришишни хоҳларсан, уни чақириб берайми?
—    Йўқ, ўлган яхши! — деб жавоб берди Чондора.

Тўхтасин Жалолов таржимаси