Рабиндранат Тагор. Ноёнжорлик бабу (ҳикоя)

I

Бир вақтлар ноёнжорлик заминдорлар ўз аслзодаликлари билан машҳур эдилар. У вақтларда олижаноблик билан ном чиқариш осон эмас эди. Бабу номини олиш учун тасаввуфнинг мушкул расм-рисоласини ўрнига қўйиб, жуда кўп риёзат чекишга тўғри келарди. Бу шундай оғир эдики, ҳозирда райбахадур унвонини олиш учун тавсиянома йиғиш, зиёфат бериб, ўйин-кулгилар ташкил этишдан заррача қолишмасди.
Ноёнжорлик нозик бабулар маҳаллий матолардан қилинган дағал шарфларни ёқтирмай, Дакда тўқилган ҳарир шарфларни тақиб юрардилар. Улар яхши кўрган мушукларини ясантириш учун неча минглаб рупияни совуришга тайёр эдилар. Айтадиларки, улар қандайдир бир байрам муносабати билан кундузга кеча тусини бериш учун сон-саноқсиз чироқлар ёқишган экан. Сунъий равишда қуёш нури ҳосил қилиш учун соф кумуш толалардан ёмғир ҳам ёқдирган эмишлар.
Маълумки, бунча исрофгарчилик ва дабдабали ҳаёт узоқ давом этолмасди. Ноёнжорлик заминдорларнинг давлат ва шуҳратлари кўп пиликли чироқ сингари ялт этиб ёндию шу заҳоти абадий сўнди.
Бизнинг Койлаш Рай Чоудхури ноёнжорлик аслзодаларнинг сўнгги авлоди эди. У туғилганда аждодларининг ҳаловат чироғида ёғ тагигача ёниб битган, отасининг вафотидан сўнг эса, одатдан ташқари тантанали дафн маросими бўлиб, охирги марта ялт этган чироқнинг сўнгги учқуни ҳам сўнди. Ҳамма мол-мулк сотилиб, қарзга тўланди. Қолган андак нарса эса, аждодларнинг собиқ шуҳратини тиклашга етмасди.
Шунинг учун Койлаш бабу Ноёнжорни ташлаб, ўғли билан Калкуттага кўчиб келди. Бироқ кўп ўтмай ўғли ҳам ёлғиз қизчасини етим қолдириб, аждодларининг ғойиб бўлган шон-шуҳрати билан абадий хайрлашиб, нариги дунёга саёҳатга жўнади.
Койлаш билан биз қўшни эдик. Аммо насл-насабимизнинг тарихи тамомила бошқача. Менинг отам ўзи уриниб юриб мол-дунё тўплаган. У ҳеч қачон тиззасидан пастга тушадиган кийим киймади, пулнинг қадрини биларди. Бабу унвонига ташналик унга бегона эди, бурринг учун мен, унинг ягона ўғли, ундан жуда миннатдорман. Мен пул бўлса ҳеч қандай лақабсиз ҳам иззат-икромга сазовор бўлиш мумкин, деб ўйлашга ўрганиб қолдим. Шуҳратнинг қандай нозик нарса эканини жуда яхши биламан. Кампаниянинг темирсандиғимиздаги қоғозлари менинг учун бабу унвонининг бўш хазинадаги ялтироқ ёрлиғидан кўра юз марта қиммат.
Мана шунинг учун мен, отдан тушса ҳам узангидан тушгуси келмай, ҳадеганда аслзодалигини, путури кетган собиқ обрўсини пеш қилишни яхши кўрадиган Койлаш бабуни жинимдан ҳам ёмон кўрардим. Назаримда, ота ўз кучи билан пул топгани учун Койлаш бабу биздан нафратланиб юргандай туюларди. Бу менинг ғашимга тегар, бундай нафратга қайси биримиз лойиқроқмиз, деган савол ҳаёлимдан чиқмасди. Бутун умри оғир муҳтожликларга бардош бериб, ҳар қадамда қийинчиликларни енгиб, ҳаёт жилваларига маҳлиё бўлишдан ўзини тийиб, одамзоднинг серташвиш шуҳратидан нафратланиб, кеча-кундуз ишлаб, ўз ақли туфайли, ўзи ёлғиз, ўз қўли билан кичкина кумушдан бойликнинг баланд эҳро-мини қурган одам нафратга муносибми? Наҳотки у тиззасидан пастга тушадиган рўдапо кийим киймагани учунгина ҳурматдан маҳрум бўлса!
Ёшлигимда сал нарсага аччиғим чиқиб уришардим. Улғайгач билдимки, булар ҳаммаси беҳуда гап — менинг катта давлатим бор, ҳеч нарсага муҳтож эмасман. Майли, чўнтагида бир чақаси бўлмаганлар насл-насабларини рўкач қилиб юраверсинлар. Бу уларнинг бирдан-бир ва охирги тасаллиси. Бундан мен чорак пайсалик ҳам зиён кўрмайман.
Койлаш бабуни мендан бошқа ҳеч кирн ёмон кўрмаслигини пайқамаган эдим.
Бу олижаноб ва ожиз одамнинг табиати жуда қизиқ эди. У қўшниларининг ташвишларига ҳамиша аралашиб, қувонч ва қайғуларига шерик бўларди. Катта-кичикка бир хилда мулойим табассум билан тикилиб, қаерда нима ҳодиса рўй берса ҳаммасига қизиқиб юрадиган бир сахий меҳрибон эди. Танишларидан бирор одамни учратса узундан-узоқ гапга соларди: «Уй ичларингиз билан хотиржаммисиз? Шоши саломатми? Олижаноб бабумизнинг аҳволи шарифлари қалай? Модхунинг ўғли безгак бўпти деб эшитдим, қалай, тузалиб кетдими? Хоричорон бабуни кўпдан бери кўрмайман, бу орада унинг бошидан нелар кечди? Ракхалингиздан хат-хабар борми? Уйингиздаги аёллар сиҳат-саломат борми?» ва ҳоказо.
Унинг кийим-боши кўп бўлмаса ҳам, мудом покиза эди. Чадор, эски кўрпа, ёстиқ жилдлари ва гиламчаларни ташқарига олиб чиқиб шамоллатганда барини авайлаб арқонга осиб, қоқиб, чўтка билан тозалашлари ўзи бир томоша эди.
Бу қария қаерда пайдо бўлмасин, ҳамиша яхши кийингандек кўринади.
Озгина жиҳозни уйига шундай жойлаштирган эдики, кўрган одам, жиҳози кўп экан-ку, сиғмай қолибди-да, деб ўйларди. Кўпинча хизматкорсиз турарди, шундай кезларда уйга кириб олиб, зўр бериб дхоти, кўйлак ва чадорини тозалар, дазмоллар эди.
Аждодларнинг чексиз мол-мулки совурилган бўлса ҳам, чол қашшоқлик комидан атир сепадиган қимматли кумуш буюмни, гулоб соладиган идишни, олтин товоқ, кумуш трубка, шол рўмол, эскича тикилган иккита кўйлак ва бир саллани сақлаб қололган эди. Агар одатдан ташқари бирор ҳодиса бўлиб қолса, Койлаш бабу бу нарсаларни сандиқдан чиқариб кўрсатар ва шу тариқа нойднжорлик бабуларнинг юксак шон-шарафини ҳимоя этарди.
Гарчи Койлаш бабу камтар одам бўлса ҳам, аждодларини турли йўл билан мақташни бурчи деб биларди. Шуни ҳам айтиш зарурки, унинг бу ишига ҳайбаракаллачи бўлиши кўп қўшниларга ҳам ҳузур бағишларди. Қўшнилар уни Тхакурда-мохашой  деб аташар, унинг ҳузурига кўп одам келарди. Чолнинг оғир аҳволда кун кечираётганини билиб, меҳмонларнинг ҳеч бири унинг тамакига чиқимдор бўлишини истамасди. Шунинг учун меҳмонлар Койлашникига келишдан олдин бир неча сердан тамаки харид қилардилар.
Одатда улар бундай гаплашардилар:
—    Тхакурда-мохашой, мана бу тамакидан чекиб кўринг-а, яхшимикан? Яқинда қўшнимиз Гайидан олган экан.
Тхакурда-мохашой бир неча бор тортиб кўриб:
—    Яхши, иним, яхши тамаки экан,— деб мақтайди. Сўнгра у ўзи гап очиб, мен одатда бхориси  олтмиш олтмиш беш рупиялик тамакидан чекаман, деб меҳмонларга ундан бир чекиб кўришни таклиф этади.
Меҳмонлардан бирортаси чекиб кўришни хоҳлаган тақдирда ҳам, хўжайиннинг калитни қидириб тополмаслигини ҳаммаси яхши биларди. Кўп қидиришлардан кейин, ярамас хизматчи Гонеш калитни қаерга яширгани номаълум бўлиб чиқарди. Гонеш бўлса, бу таъналарга лом-мим демай қараб турарди. Шунда меҳмонлар мезбонга тасалли беришарди:
—    Овора бўИманг, Тхакурда-мохашой, овора бўлманг! У тамаки жуда кучли, мана бу эса, ўртача.
Койлаш бабу қаршилик қилмас, фақат мийиғида кулиб қўярди. Меҳмонлар турадиган вақт етганда, чол бирдан:
—    E-ҳа, айтгандай, дўстларим, сизлар бизникига қачон бир келасизлар, овқат қилардик? — деб қоларди.
—    Қачон бўлишини бир кун келишиб олармиз.
—    Ундай бўлса яхши, яқинда ёмғирлар бошланиб, ҳаво салқинроқ бўлади, ана ўшанда овқат қилармиз.
Йўқса, бундай иссиқда кучли овқат одамни лоҳас қилиб қўяди.
Ёмғир даври ҳам келарди, аммо ҳеч ким чолга унинг таклифини эслатмасди. Бордию баъзан шу ҳақда гап очилгундай бўлса дўстлар:
—    E, қўйсангиз-чи, шундай ҳавода бу жуда ўнғайсиз иш… ёмғирлар тўхтасин, бир гап бўлар, — дер эдилар.
Кичик уйда, ўнғайсиз шароитда яшагани учун дўстлари Койлаш бабуга ачинардилар. Улар, Калкуттада дурустроқ жой топиш жуда қийин, ҳатто мумкин эмас, деб юпатардилар чолни. Уларнинг кўпчилиги чолга неча йиллардан бери яхши уй қидириб юргандай бўлиб кўринсалар ҳам, ҳеч бири муносиброқ бир жой топиб беролмасди.
—    Шунинг ўзи тузук, дўстларим, — деди охири Койлаш бабу, — сизларга қўшни бўлиб яшаганимдан жуда бахтиёрман. Ноёнжорда менинг катта уйим қолиб кетди, бироқ у ерда сизлардек одамлар топилармиди?
Фикримча, одамлар унга шунчаки тасалли бериб юрганларини чол ўзи ҳам тушунарди. У ноёнжорлик бабуларнинг бир вақтлардаги дабдабали ҳаёти ҳақида ҳикоя қилишга киришганда, қўшнилар эса унга ҳа, ҳа деб далда бериб турганда, эзгу ҳислар таъсирида бир-бирини алдашдан бошқа нарса эмаслигини чол юрагида сезиб турарди, албатта.
Шунга қарамай, ундан кўнглим қолган эди. Ёшликда ўзгаламинг манманлигини, гарчи у беозор бўлса ҳам, янчиб юборгинг келади, бундан ташқари, мен одамларнинг аҳмоқлигини сира ҳазм қилолмасдим. Шуниси ҳам борки, Койлаш бабу умуман аҳмоқ эмас, унинг ёрдами ва оқилона маслаҳатлари кишилар учун анча фойдали эди. Аммо баъзи ҳолларда, айниқса аждодларининг шон-шуҳратидан гап очилганда у ҳаддидан ошиб кетарди. Уни яхши кўрган қўшнилари эса чолни ранжитишни истамас эдилар. Ҳеч ким бир оғиз сўз билан унга эътироз этмас, чол эса, ҳеч қандай чегарани билмас эди. Бирор одам унинг олдида кулгили муболағалар билан ноёнжорлик бабуларнинг насл-насабини мақтаб қолса, у ўйлаб-нетиб турмай, бу уйдирмани ҳақиқат деб қабул қиларди. У ҳикоячининг сўзига бирор одамнинг шубҳа қилишини ҳаёлига ҳам келтирмасди.
Баъзан менда шуҳратпарастлик билан қарилик қучоқ-лашиб яширинган бу қалъани тўпга тутиш хоҳиши пайдо бўларди. Овчи дарахт шохида бамайлихотир ўтирган қушни кўрганда, унда ҳам ўшани отиш истаги пайдо бўлади! Ўсмир бола қоядан бир тош парчаси узилиб тушиш олдида эканини сезиб қолса, бу тошни туртиб юбориш учун дарров қўлига таёқ олади. Бунда овчига отиб туширилган қуш, болага юмалатиб юборилган тош кўп ҳузур-ҳаловат ва қаноат бағишлайди. Койлаш бабунинг ёлғони шунчалик содда, унинг асослари шунчалик омонат эдики, бу ёлғон ҳақиқат қилиши олдидаги ўлим рақсини эслатар ва менда бу сохталикни мажақлаш хоҳиши пайдо бўларди — фақат ўта ялқовлик билан зўр одамийликкина кишиларни унга қарши қўл қўтаришдан сақлаб турарди.

II

Ёшликдаги фикр ва туйғуларимни имкон борича хотирамда тиклаб, таҳлил қилгандан сўнг, шу хулосага келдимки, бир вақтлар Койлаш бабуга бўлган душманлигимнинг сабаби хийла чуқур экан, бу сабабни андак изоҳласа арзийди.
Отамнинг бойлиги санъат магистри унвонини олишимга халақит бермади, ёшлик эса, иснодга қолдирадиган улфатлар орасига олиб кирмади. Ҳатто ҳомийларимнинг ўлими ҳам менинг феълу атворимга ўзгариш киритмади. Бунинг устига, мен шунчалик хушбичим йигит эдимки, агар чиройли эдим десам, одамлар мени камтар эмас экан, деб айблашлари мумкин, лекин ёлғон дея олмас эдилар. Шунинг учун мен, Бенгалиянинг қизлар бозорида юқори баҳоланарман, деб қаттиқ ишонардим. Тасаввурим энг гўзал қиз сиймосини яратди, хаёлимдаги бу қиз, гўзаллигидан ташқари, билимдон, нозик, ота-оналари эса — жуда бадавлат одамлар эди.
Менга қизини бермоқчи бўлганларнинг сон-саноғи йўқ эди. Улар ўн минг рупиядан қалин ҳам ваъда қилишди, аммо мен ўз талабларимнинг сезгир тарозусида қизларнинг фазилатларини совуққонлик билан тортавердим-у, ўзимга тенгини топмадим.
Охири шоир Бхавабхўтининг  фикрларига қўшилдим:
Муносиб ёрни узоқ кута оламан, кўнгил тўқ, —
Олам қучоққа сиғмас, вақтнинг чегараси йўқ.
Аммо кичкина Бенгалияда менга муносиб қизнинг топилиши эҳтимолдан узоқ эди.
Қизлари балоғатга етган ота-оналар, уларнинг қизлари менга ёқиш-ёқмаслигидан қатъи назар, мени мақтай бериб эслари кетарди. Мақташга келганда улар сўзни аямас, мендан янгидан-янги фазилатлар қидириб топардилар. Шастрлардан маълумки, тангрилар бандаларига мурувват қиладими, йўқми — бунисига қарамай, улардан сиғинишни талаб этади, агар улар сиғинмасалар қаттиқ ғазабига олади. Менинг ҳам, юрагимда ана шундай ҳислар пайдо бўлганди.
Койлаш бабунинг қиз невараси борлигини юқорида айтиб ўтган эдим. Мен уни бир неча бор кўрганман, аммо унинг чиройи ҳеч қачон менинг диққатимни жалб этмаганди. Бинобарин, унга уйланишдай аҳмоқона фикрнинг бошимга келиши ҳам мумкин эмасди. Аммо чол мени энг муносиб йигит деб, худоларнинг ризолиги учун қурбонлик қилгандай, бир кунмас-бир кун неварасини келтириб менга назр этар, этагимга солиб кетар деб қаттиқ ишонардим. Бироқ у бундай қилмади. Менинг дўстларимдан бирига, ҳатто, мана бундай гапирганини ҳам эшитдим:
— Ноёнжорлик бабулар ҳеч қачон, ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамаганлар. Мен неварамнинг қиз ўтишига рози бўлсам бўламан, аммо-лекин аждодларимизнинг анъаналарини бузишга рози бўлмайман.
Менинг ғазабим келди. Кўп вақт юрагимда ғазаб қайнаб турса ҳам, одобли бола бўлганим учун хомуш юрдим. Чақмоқ момақалдироқ билан алмашиниб тургандай, баъзан менинг ғазабим ҳам ҳазил билан алмашиниб турарди. Бироқ чолга ҳазил қилиш учун пайт тополмай юрдим. Бир кун бошимга шундай бир фикр келдики, уни амалга оширмасдан иложим йўқ эди.
Чолнинг кўнглини олиш учун дўстлари унинг ёлғон гапларига ҳам «ҳа, ҳа» деб туришларини юқорида зикр қилган эдим. Бир қўшниси Койлаш бабуга бундай дебди: губернатор ўринбосарини кўрдим, у мендан ноёнжорлик бабу жаноблари ҳақида суриштира бошлади, соҳиб айтдики, Бенгалияда фақат иккита олижаноб авлод бон Бурдхван  рожаларию ноёнжорлик бабулар.
Чол бу гапдан жуда хурсанд бўлиб, шундан буён бу қўшнисини қачон учратса, уни турли-туман сўроқлар билан кўмиб юборар экан:
—    Губернатор билан рафиқаларининг кайфлари қалай? Болалари сиҳат-саломатми?
Шунинг билан бирга, чол соҳиб билан учрашишга зўр иштиёқманд эканлигини ҳам қайта-қайта изҳор этаркан. Аммо ноёнжорлик бабу бу даргоҳга қадам қўйгунча не-не губернатор ва ўринбосарлар ўзгариши мумкин эканини қўшниси жуда яхши биларкан, албатта.
Бир куни эрталаб Койлаш бабуни бир четга чақириб олдим-да:
—    Ткахурда, — дедим шивирлаб, — кеча мен губернатор ўринбосарининг ҳузурида бўлдим. Тасодифан ноёнжорлик бабу ҳақида гап очилди. Мен соҳибга, Койлаш бабу Калкуттада, дедим. Шу вақтгача уникига бормаганингиз учун жуда ҳам ранжиб қолди. Сўнгра, букун қиём пайтида ўзим у кишини кўргани бораман, деб айтдилар.
Бошқа бирор кимса ҳақида шундай гап бўлса, чол ишонмай кулиб қўя қоларди. Бу гапимга тамом ишониб, терисига сиғмай кетди. Ҳам қувонди, ҳам ҳаяжонга тушди — мўтабар меҳмонни қаерга ўтқизиш керак, унга қандай таом тайёрлаш лозим, не йўсинда табриклаш керак? Ахир, Ноёнжорнинг шуҳрати шунга боғлиқ-да! Бунинг устига, Койлаш инглиз тилини билмасди. Бас шундай экан, у меҳмон билан қандай суҳбат қилади — масаланинг мана шу жиҳати чолни ҳаммадан кўп бесаранжом этарди.
— Хафа бўлманг, — деб Койлаш бабуга тасалли бердим. — У билан бирга таржимон бўлади. Губернатор ўринбосари учрашув чоғида сиздан бошқа одам бўлмаслигини илтимос қилди.
Қиёмда, қўшниларнинг аксарияти идорага кетиб, қолганлари эшикни бекитиб ухлайдиган пайтда, Койлаш бабунинг уйи олдига икки от қўшилган извош келиб тўхтади.
Ясанган хизматкорлар губернатор ўринбосарининг келганидан хабар бердилар. Чол боболар давридан қолган либосларни кийиб, меҳмонни кутарди. Эски хизматкори Гонешга ўзининг энг яхши кийимларини кийгизиб оро берганди. Меҳмоннинг келганини эшитган ҳамон чол ҳансираб, кўзларига ёш олиб югурди. Тўхтовсиз таъзим этиб, қайта-қайта салом бериб, меҳмонни уйга олиб кирди. Инглизча кийинган, фараз этилган губернатор ўринбосари, менинг дўстим, унинг кетидан кириб келди.
Уйдаги креслога қимматбаҳо шол ёпиб қўйилган эди. Койлаш меҳмонни креслога ўтқизиб, унга қарата иззат-ҳурмат билан нутқ ирод қилди. Сўнгра азиз меҳмонга олтин товоқда қадимий олтин тангалардан тизилган маржон тақдим этди. Шу пайтда қўлида гулоб ва гул билан Гонеш пайдо бўлди.
Койлаш бабу, мен Ноёнжордаги уйимда бўлсам хурматли меҳмонни муносиб кутиб олардим, бу ерда, Калкуттада бегонаман; бу ерда сувдан чиқиб қолган балиқдай ожизман, деб такрорларди, холос.
Менинг ошнам силиндрни олмай, жиддий қиёфада калласини қимирлатарди. Инглиз одатига мувофиқ, бош кийи-мини олиб қўйиш лозим бўлса-да, танилиб қолиш хавфи уни бош кийимда ўтиришга мажбур этди. Койлаш бабу ва унинг гердайган эски хизматкоридан бошқа ҳар ким меҳмонни инглизча кийинган бенгал йигити эканини дарров пайқаши мумкин эди.
Оз минутли суҳбатдан сўнг (менинг ошнам суҳбат асносида миқ этмай, фақат бош қимирлатиб турди) меҳмон ўрнидан қўзғалди. Илгаритдан ўргатиб қўйилган югур-даклар креслодан шолни, олтин товоқ билан олтин маржонни йиғиштириб олдилар, Гонешнинг қўлидан атир сепадиган кумуш буюмни, гул ёғи солинган шишани ҳам юлқиб олиб, ҳашам билан ҳаммасини извошга олиб чиқдилар. Койлаш бабу уларнинг йўлини тўсмади, у губернатор ўринбосарининг одати шунақа бўлса керак, деб ўйлади чоғи.
Мен қўшни хонада яшириниб, томоша қиларканман, кулгим қистаб, ёрилгундек бўлдим. Ортиқ жим туришга тоқат қилолмай, меҳмон ва мезбон турган уйдан нари-роқдаги хонага чопиб ўтдим. У ерда қотиб-қотиб кулардим, аммо тўсатдан пайқадимки, бу ерда яна кимдир бор экан. Каравотда бир қиз ётиб алам билан ҳўнграрди. Менинг қўққисдан кириб келишим ва телбаларча қувноқлигимни кўриб қиз ётган жойидан турди. Қизнинг ёш тўла қора кўзлари чақнаб турар, йиғидан қалтираган овози эса момақалдироқдай янграрди.
— Менинг бобом сизга нима ёмонлик қилди? Нега сиз уни бундай калака қиласиз? Бу ерга нега келдингиз? — деди қиз ва ортиқ гапиролмади, юзини рўмоли билан ўраб, яна ҳам қаттиқроқ ҳўнграб юборди.
Менинг кулгиларим қаёққа кетди! Ҳозиргача ҳамма қилмишларимни ҳазилдан бошқа нарса эмас деб ўйлардим. Ҳозир, тўсатдан кўрдимки, маъсум бир қалбга қаттиқ озор берибман. Қандай қўполлик, одобсизлик қилганим бирдан равшан бўлди-қолди. Уялиб, минг пушаймон бўлиб, калтак еган итдай бўлиб хонадан чиқдим. Хўш, бу қария менга нима гуноҳ қилган эди? Ахир у ўзининг беозор ғурури билан ҳеч қачон, ҳеч кимнинг дилини оғритмаган-ку! Менинг манманлигим эса, дилозорликка айланди.
Бу воқеа менинг кўзимни очиб, бошқа нарсаларга қарашимни ўзгартирди. Ҳозиргача мен Койлаш бабунинг невараси Кушумга ҳеч қачон ҳеч ким уйлан-майдиган, беҳудага харидор кутиб турган бир буюм деб қарардим. Назаримда, уни мен севмагач, истаган одам олиб кетиши мумкиндай туюларди. Бироқ тўсатдан билдимки, бу эски уйнинг бир бурчида яшаб турган қизча каттакон инсоний қалб эгаси экан.
Унинг қувончи ва алами ҳам, ғазаби, марҳамати ҳам, номаълум ўтмиши ва қоронғи келажаги ҳам менга сирли туюлиб, ихтиёрсиз ўзига торта бошлади. Наҳотки шундай қалб эгасининг бировга ёқиши учун пул ва шаҳло кўз сингари безакларга эҳтиёж бўлса?
Мен тун бўйи мижжа қоқмай чиқдим. Эртасига, офтоб чиқиши билан, кеча олиб кетилган нарсаларни йиғиб, худди ўғридай, яширинча Койлаш бабунинг ҳовлисига кирдим. Ҳеч кимга билдирмай, нарсаларни чолнинг хиз-маткорига топшириб қўймоқчи эдим.
Уни ҳеч ердан тополмадим, нима қилишимни билмай тўхтаб қолдим. Мана шу ерда чол билан қизнинг қўшни хонада гапиришиб турганини эшитдим:
— Бобо, кеча губернатор ўринбосари сизга нима деди? — сўради Кушум майин товуш билан.
Такаббур Койлаш унга Ноёнжорнинг қадимий аслзодлари ҳақида гўё губернатор ўринбосаридан эшитган гапларни хаёлий ранглар билан бўяб, бўрттириб гапира бошлади. Кушум чолнинг гапларига зўр эътибор билан қулоқ соларди.
Бу заиф қизнинг она қалби билан бобосига ёқимли ёлғонни маъқуллаб, унинг кўнглини кўтаришини кўриб кўзларимдан ёш тирқираб чиқди.
Узоқ вақт жим турдим. Ниҳоят, чол ўз ҳикоясини тугатиб чиқиб кетди, шунда мен қизга яқинроқ келдим. Унга ҳеч нарса демай, Ноёнжор аслзодаларининг оилавий ёдгорларини рўпарасига қўйиб чиқиб кетдим.
Шу воқеагача мен чол билан салом-алик қилмасдим, бу кун эса, унга ҳавасим келиб пронам  қилдим. Койлаш бабу менинг бу кутилмаган эҳтиромимнинг сабабини кеча губернатор ўринбосарининг ташрифидан деб ўйлади, албатта. Бу унга ёқарди, у Индрадай виқор билан менга соҳиб ҳақида сўзлаб кетди. Мен унинг сўзини бўлмадим. Чолни ҳар хил гаплар билан рағбатлантириб турдим. Кечаги воқеани эшитган қўшнилар ҳам ўз навбатида Койлаш бабудан ҳикояни бошдан батафсил сўзлаб беришини сўрай бошладилар.
Ниҳоят, ҳамма кетиб бўлгандан кейин мен хижолатдан қизариб, чолнинг неварасига оғиз солдим. Мен айтдимки, гарчи бизнинг наслу насабимиз ноёнжорлик зодагонларга баравар келмаса ҳам, ҳар ҳолда…
Гапимни тамом қилишим билан Койлаш бабу мени ўзига яқинроқ тортиб, камоли қувонганидан хитоб этди:
— Мен камбағалман! Тақдир менга бундай бахт ато қилар деб ўйламаган эдим, дўстим. Менинг Кушумим бахт тилаб кўп муножот қиларди, мана сиз бахт олиб келибсиз! — чолнинг кўзларидан ёш оқиб тушди.
Букун у ўз умрида биринчи марта улуғ аждодлари олдидаги бурчини унутиб, камбағаллигига иқрор боиди. Унинг айтишича, менинг бу оилага кириб келишим ноёнжорлик аслзодаларнинг шон-шуҳратига заррача путур етказмас экан.
Койлаш бабунинг обрўсини тушириш учун қилган ҳаракатларимнинг оқибати шу бўлдики, у мени энг муносиб куёв деб севиб қолди.
1895

Тўхтасин Жалолов таржимаси