Прамудя Ананта Тур. Блора ҳаёллари (ҳикоя)

Ҳар бир маҳбус нимани кутишини биласизми? Албатта биласиз. Маҳбус кутадиган нарса бу Озодликдир. Бугун мен жуда бахтлиман. Чунки қамоқхона назоратчиси узоқдан — Прем! Нарсаларингни йиғиштир! Сен озодсан! — деб бақирди.
Мен шошиб қолдим. Камерамга югуриб бориб нарсаларимни йиғиштирдим. Дўстларим олдимда тўпланишди. Кимдир мени табриклади, яна кимдир эса ўз тақдиридан нолиди. Кетаётганимда улар — Озодлик! Озодлик! Бизни унутиб юборма! — деб хайқиришди.
Қўлимда кийимларим билан китобларим солинган қутини кўтарганча қамоқхонанинг учта темир эшигидан ўтдим. Сўнгги эшик очилиб ташқарига чиққанимдан сўнг нарсаларимни қамоқхона лагеридаги устахонада ишлаганимда хом ашёдан ўғирлаб канопдан тўқилган сумкага жойлаб елкамга осдим. Сумкада иккита шим, Стейнбек, Тагор, Экзюпери каби адибларнинг китоблари бор эди. Ортимдан қамоқхонанинг бақувват темир эшиги тарақлаб ёпилгани эшитилди. Мен ортимга ўгирилиб қарадим.  — Қандай мустаҳкам қути! Икки йил умримни мана шу қутининг қафаслари ортида ўтказдим! Секинлик билан йўлга тушдим. Юрагим ғам-қайғуга тўла эди.
Пазар Жатинегарага бориб қорнимни тўйғаздим. Таом ҳақига ўша иккита шимимни бердим. Заргарлик дўконига бориб никоҳ узугимни сотдим. Кейин мен учун қадрли бўлган китобларимдан ҳам воз кечдим. Бошқа иложим йўқ эди. Вокзалга бориб чипта сотиб олдим ва туғилиб ўсган она шаҳрим Блорага кетадиган поездга чиқдим.
Поезд денгиз, ўрмонлар, уруш туфайли ёниб кулга айланган шаҳарлар, бузилиб ётган автомобил йўллари ва кўприклар олдидан тезлик билан ўтиб борарди. Бир неча соат ўтиб Блорага яқинлашдик. Аввал бу ерда юк машиналарининг овозини эшитишга кўникиб қолгандим. Аммо энди шаҳар анча сокин. Мен учун қадрли бўлган инсонлар, ота-онам ва бошқа қариндошларим яшайдиган она шаҳримизга яқинлашар эканман қалбимда ўзгача туйғулар пайдо бўлди. Бу ҳиссиётлар ўрнини бир зумда қўрқув ҳисси эгаллади. Чунки бутун оиламни Мусанинг коммунистлари ёки Голланд мустамлакачилари қириб ташлаган бўлиши мумкин. Ахир ҳозир уруш пайти. Эҳ Блора! Бу шаҳар қашшоқлиги билан машҳур. Бу ерда ҳафтасига бир марта гўшт сотиб олишга қурби етадиган киши энг бой одам ҳисобланади. Мана Блорага ҳам етиб келдим. Менинг ҳикоям айнан шу ердан бошланади.
Мен дастлаб вайронага айланган вокзални кўрдим. Бу ер фуқаролар уруши оқибатида бутунлай харобага айланганди. Вокзалнинг тўғрисида хитойликлар қароргоҳи бор эди. У ернинг ҳам аҳволига қараб бўлмасди. Йўловчилар бирин-кетин поезддан туша бошлади. Мен поезддан тушиб оиламни тезроқ топиш илинжида йўлга тушдим. Ҳарбий транспортлар у ёқдан бу ёққа ҳаракатланарди. Ҳўкиз қўшилган аравалар ёниб кулга айланган уйлар олдидан ўтиб борарди. Атрофга ярим-яланғоч болалар ва тиланчилар тентираб юрарди. Блора ўлик шаҳарга айланганди.
— Болам! Болам! — деб кимдир мени чақирди.
Ортимга ўгирилиб қарадим. У ерда пакана, юзларини ажин босган бир онахон турарди.
— Болам — деб яқинлашди ва мени бағрига босди. — Омонмисан, болам? Тириклигингни билардим — кампир йиғлай бошлади.
Бу тиланчи кампир нега бундай қилаётганини тушунмай қолдим.
— Кимсиз, бувижон? — дедим ўзимни орқага олиб.
— Наҳотки мени танимадинг? Ахир мен сенинг бувингман-ку!
— Бувим? Ҳа бувим! Бувижон! — мен бувимни қаттиқ қучоқлаб олдим.
Биз онам дафн этилган қабристонга бордик. Онамнинг қабрини катта қийинчиликлар билан топдик. Қабр атрофини бегона ўт босиб кетибди. Бувим иккимиз ўтларни юлиб чиқдик. Онамни японлар ўлдиришган. Онам билан бир вақтда энг кичик синглим ҳам мангу уйқуга кетган. Уларнинг қабрлари ёнма-ён эди. Кучсиз қўлларим билан чанг босиб ётган қабртошларни артдим. Қабртошларда Сити Саида ва Шри Сюзанти деб ёзилганди.
— Ойижон, бебош ўғлингиз келди — шивирладим.
Бувим билан қабристондан чиқиб уйга йўл олдик. Ҳар қадамда душман аскари санғиб юрибди. Собиқ маҳбус бўлганим учун бошқа ҳудудларга боришим таьқиқланганди. Шу сабаб ўзимни четга тортиб юрдим. Биз эски мактабим олдидан ўтдик. Энди бу мактабга отам хўжайин эмас. Японлар уни ўз лавозимидан четлатишганди. Луси дарёси бўйидаги йўлда орқасига капалак тутувчи тўрни ташлаб олган болакай кўринди. Унинг ортидан кичкина жўжа эргашиб келарди.
— Ўғлим, бу сенинг кичкина уканг — деди бувим.
— Ким? Жукми? — дедим.
Бувим бошини қимирлатди. Мен Жукни чақирдим. Укам узоқдан менга қараб турди-да оқсоқланиб югириб кела бошлади. Мен ҳам қадамимни тезлатдим. Етти ёшли укамни кўтариб, маҳкам бағримга босдим.
— Нега оқсоқланаяпсан, укажон? — деб сўрадим.
Укам йиғлаб юборди. Мен уни ўпдим.
— Отам оёғингдан яра чиққан деб айтди — деди. — Мас оға (оиламдагилар мени шундай чақиришарди), опам Мбак Кун оёғимни ҳар куни тузли сув билан ювиб қўяди. Кейин мен озгина юра оламан. Аммо бари бир оқсоқланяпман-да! Сиз буни тузата оласиз-а, Мас оға? Менга дори олиб келгандирсиз. Бир марта менга эчки олиб бергандингиз, ҳозир ўша эчки йўқ. Опамнинг айтишича уни бўри еб қўйибди. Бошқасини олиб берасизми? Мени чўлоқ деб устимдан кулишади. Энди бундай қила олишмайди чунки сиз қайтиб келдингиз.
Юрагим оғриди. Укамнинг оёғи хасталанса-ю менинг қўлимдан ҳеч нарса келмаса…
— Албатта — дедим укамнинг бошини силаб. — Нечанчи синфда ўқияпсан, Жук?
— Мен мактабга бормаяпман, акажон — Жук хўнграб юборди.
— Хафа бўлма — деб унинг кўз ёшлардан намланган юзидан ўпдим.
— Сиз билан Жакартага кетаман. Машинага миниб, Гамбир бозорини томоша қиламан. Шундайми, Мас оға?
— Албатта.
— Машинангиз қаерда? Японлар олиб қўйдими? Отамдан сиз ҳақингизда сўраганимда дадам сизни Голландлар асирга олди деб айтди. Бу ёлғон. Сиз жасурсиз. Асирга тушмагансиз-а?
— Йўқ. Мен асирга тушганим йўқ. Жук, сен ҳали ҳам қўшиқ куйлашни яхши кўрасанми?
— Бунга руҳсат беришмайди. Коммунистлар таьқиқлаб қўйди. Лекин энди сиз шу ерда экансиз мен яна қўшиқ куйлай оламан — Жук баланд овозда қўшиқ хиргойи қила бошлади.
Мен тезда қўлим билан укамнинг оғзини бекитдим. У типирчилаб бақира бошлади.
— Бақирма! — дедим.
Укам жим бўлди. Мен қўлимни унинг оғзидан олдим.
 — Сиз ҳам куйлашимга қаршимисиз? Мени пастга туширинг. Уйга бир ўзим кетаман. Сиз душманларнинг малайисиз! Сиз душмансиз, Мас оға!
— Йўқ, укажон. Аввал оёғинга дори қўяман. Тузалиб олгач яна куйлайверасан.
Жукнинг юзига табассум югирди.
— Мбак Кусга ўргатганингиздек менга ҳам алифбони ўргатасизми?
— Мбак Кус мактабга боряптими?
— Ҳозир ҳеч ким мактабга бормаяпти.
— Мак Лик қаерда?
— Акамни Голландлар олиб кетди. Бир киши уни исёнчи деди.
Танамга титроқ кирди. «Бечора укагинам! Қанақасига у исёнчи бўлсин? Ахир ҳали ўн тўрт ёшли бола-ку! Қамоқда ўтирганимда унинг ёшидаги иккита бола бор эди. Эй Худойим! Қамоқда укагинамнинг ҳоли нима кечади? «
— Отамнинг аҳволи яхшими, Жук? — дедим изтироб уммонидан чиқишга уриниб.
— Дадам бир дарахтнинг остида ўтириб олиб «Махабхарата» достонини баланд овозда ўқийди. Кейин кечгача алланималарни ёзиб чиқади.
Ниҳоят уйга етиб келдик. Уйимизнинг томи бузилиб кетибди. Деворлари ёниб кулга айланган бу уй бутунлай вайронага айланганди. Йўлнинг бурилиш томонидан патрул машинаси кўринди.
— У яна келяпти, Мас оға — деди Жук патрул машинасига қараб. — У ёш бир йигит. Доим уйимизга келиб менга ширинлик беради. Опам Мбак Кус билан гаплашиб ўтиради. Отамга бу ёқмайди. Бу йигит опамни узоқ-узоқларга олиб қочиб кетмоқчи.
«Эх менинг ўн олти ёшли ёқимтой сингилгинам, Мбак Кус!»
— Мбак Кус! Мбак Кус! Мас оғамиз қайтиб келди! — Жукнинг хайқириғидан ҳаёлларим тарқалиб кетди. Синглимнинг сўлғин юзини кўрдим. У олдимга югуриб келди. Илгаригидек чаққонгина. Мени тезлик билан қучоқлаб олди.
— Келдингизми, Мас оға? Қамоқда узоқ қолиб кетдингиз. Анча озиб кетибсиз. Уйимиз ёниб кетди. Энди хонангиз йўқ. Мас Вит ҳам ҳарбий бўлди — синглим ўзини қўярга жой тополмай гапирарди.
— Вит Голландлар тарафидами? — деб сўрадим.
— Йўқ. У коммунист. Ох, қўлларингиз чўп бўлиб қолибди-ку! Ҳали ҳам жўхори қайласини яхши кўрасизми,акажон? — деди синглим.
— Ҳа — дедим ва биз ичкарига кирдик. Укаларим ва сингилларим — Кун, Ум, Кус ва Жук бирин-кетин кириб келишди. Отам қўлида китоб кўтариб олдимга келди.
— Яхши келдингми, ўғлим? — деб совуққина сўрашди.
— Худога шукр, ота — дедим.
Отам индамай дарахтнинг тагига қараб кетди.
— Ака, сиздан бир йил аввал хат олгандим — деди катта синглим Мбак Кун.
— Нега жавоб ёзмадинг?
— Ўн беш марта ёздим. Лекин сиздан бошқа мактуб келмади.
Синглим чуқур нафас олди. У ўн саккиз ёшда ва бир аскарга турмушга чиққанди.
— Нега бувимни тиланчи қилиб қўйдинглар?
Бувим индамай ўрнидан туриб эшикка қараб юрди.
— Мас оға — деб гап бошлади катта синглим. — Биз мана шу ҳовлида жўхори ўстириб, ҳосилини еб кун кўрамиз. Еримиз катта эмас. Кичкина ука-сингилларингиз меҳнат қилиб жўхори етиштиради. Отам эса дарахтниг тагидан нари келмайди. Отамнинг ер чопишини ўзим ҳам истамайман. Голланд офицери отамга иш таклиф қилди. Лекин мен «Отам қариб қолди, ишлашларига йўл қўймайман» деб рад жавобини бердим. Емагимиз ҳаммага тенг тақсимланганди. Бувим Жукнинг ҳақини ўғирлади. Мен бувимни уришиб бергандим, у киши аразлаб уйдан кетиб қолди. Болалар бувимизни вокзалда тиланчилик қилиб юрганини айтишди. Бувимдан кечирим сўраб, уни уйга қайтаришга уриндим. Лекин бувим вокзалда қолиб сизни кутишини айтди.
Бувим йиғлай бошлади.
— Бувижон! — дедим.
Бувим парво қилмади. Бориб уни қавариб ётган қўлидан тутдим. Биз секинлик билан омборхонага ўтдик. У ер бўм-бўш эди. Кигиз устига ўтирдик.
— Кун эринг қаерда? — деб сўрадим.
Синглим индамай чиқиб кетди. Фурсат ўтмай икки ликопчада жўхори қайласини олиб келди.
— Бувижон, акажон мана буни еб олинглар — деб таомни олдимизга қўйди.
— Сендан куёв қани деб сўрадим?
— Куёвингиз қайтмаса керак. Мен билмайман. Бирорта ҳам хабар йўқ — деди Кун иккиланиб.
— Ёлғончи! Поччам кеча тунда милтиқ кўтариб келди-ку! — деди орқамда турган Жук.
Кун уни оғзини ёпиш учун орқамга ўтди.
— Кун, мени алдамаяпсанми?
Жук тиззамга бошини қўйиб йиғлай бошлади. Кун эса жимиб қолди.
— Мас оға, поччам Жус ўтган кеча қўлида милтиқ ва граната билан келди. Уни ўз кўзим билан кўрдим. Гапим рост. Поччамдан қаерга кетаётганини сўрагандим, опам мени рўмоли билан ўраб олди. Мен қўрқиб кетдим.
Укаларим ва сингилларимнинг бирортаси менга қарашга ботина олмай, бошларини эгиб олишганди. Уларнинг кўзларида қўрқув ва хавотир бор эди.
— Мас оға, бу ердан кетайлик. Бу ерда уруш бўляпти. Мен урушдан қўрқаман. Жакартага кетайлик — деб ўтинди Жук.
— Албатта кетамиз. Фақат кейинроқ — дедим.
Кун, Кус ва Ум индамай чиқиб кетишди. Мен чуқур нафас олдим ва бошимни кўтариб атрофга қарадим. Бирдан катта эски стулда ўтирган бир кимсага кўзим тушди. Унинг икки оёғи сонигача йўқ эди. Қўлларига зарар етмаган, аммо ўнг қўлидаги тўртта бармоғи ҳам йўқ. Юзи эса таниб бўлмас даражада. Бурнидан чап қўзигача чуқур чандиқ излари бор. Юз териси шилиниб тушган, сочларининг ярми йўқ, ўнг қулоғи йиртилиб кетганди.
— У доим шу ерда ўтиради. Ҳеч ким билан гаплашмайди — деди Жук.
Стулдаги кимса менга синчиковлик билан қараб турди-да кўзларидан ёш қалқиди. Мен ўрнимдан туриб унга яқинлашдим.
— Салом. Мен Премман — деб қўл узатдим.
Стулдаги кимса жавоб бермади. Мен унинг ҳарбий либосдалигини кўрдим. Унвонига эьтибор бердим. У сержант экан. Унга яхшилаб разм солдим-у дахшатга тушдим. Кўзларим ёшга тўлиб йиғлай бошладим. Эй Худойим! Қандай қилиб йиғламайин, ахир бу тирик мурда менинг жон-у жигарим, катта укам, ҳарбий полиция сержанти Вит эди.
— Қамоқдан эрта озод этилибсан. Бизни сотмаганинга ишонаман, Мас Мук. Лекин билиб қўй, мабодо душманга сотилган бўлсанг шу аҳволимда ҳам сени осонгина тинчитишим мумкин — деб Вит чўнтагидан тўппончасини чиқарди.
— Бу ҳудудда қурол олиб юришга қўрқмайсанми? — деб сўрадим.
Вит кулди. — Мен аллақачон аскарлик қасамёдини қилганман, нега қўрқарканман? Укаларимиз ҳам қасамёд қилишди. Энди сўнгги жангни кутяпман.
— Манави аёллар тўппончаси биланми?
Вит яна кулди. — Қурол-яроғим етарли. Қолаверса бир километр узоқликда аскарларим жанга шай турибди. Вит мени ўзига тортди.
— Жук ўлиши керак! — деб қулоғимга шивирлади.
Укамнинг бу гапидан эсанкираб қолдим.
— У барчамизнинг ҳаётимизни хавф остида қолдиряпти. Бугун тунда сен уни Луси кўпригига олиб борасан-да бўйнига пичоқ тортасан! Мен ана шу ҳудуднинг қўмондониман, сен буйруғимга итоат этишинг керак.
Мени титроқ босди. Вит эса гапида давом этди.
— Бу ҳудуддаги барчанинг ўлиши ёки яшаши менга боғлиқ. Мен ҳам раҳмдил инсон эдим. Гўзилликни севардим. Лекин вахший душманлар менга кислота сепиб юзимни куйдиришди. Золим Голланд мустамлакачилари мени шу аҳволга солишди. Шу сабаб энди ана шундай тубанликларни тап тортмай қиладиган бўлдим.
Орада жимлик ҳукм сурди. Бирдан Жук бор овозда қўшиқ айта бошлади. Вит унга бақирди. Укам жимиб қолди. Бир чеккада индамай ўтирган бувим ўрнидан туриб менга яқинлашди.
— Болажоним, сен қайтиб келдинг, энди мен кетаман. Сизларга ортиқча юк бўлишни истамайман — деб шивирлади.
— Қаерга борасиз, бувижон? Наҳотки набираларингиз билан яшашни истамайсиз?
Бувим бош чайқаб чиқиб кетди. Мен ўрнимдан туриб эшикка қараб юрдим.
— Қаерга кетяпсан, Мас? — деди Вит.
— Отамнинг олдига. Келганимдан буён у билан тузукроқ гаплаша олмадим.
— Мендан руҳсат сўрадингми?
— Буйруқларинга бўйсугишга мажбур эмасман. Мен ҳали ҳам лейтенантман. Сен менга буйруқ бера олмайсан?
— Мажбурсан. Асирга тушиб қамоқда ўтирган ҳарбий барча унвонидан маҳрум этилади. Тушунарлими?
Мен укамга қарадим. Вит ҳўмрайиб қолди. Тиззамга юзини босиб Жук ҳам унга қаради.
— Мас оға, мен ундан қўрқаман. Тезроқ Жакартага кетайлик, илттмос. Мен қўрқиб кетяпман — Жук ялина бошлади.
— Мас Мук, вақт бўлди! Уни овозини ўчир. Бу бола бошимизга бало бўлади. Уни ўлдир! — деб бақирди Вит голланд тилида.
Унинг гапини маьносини англаган Жук бор овози билан бақиришни бошлади. Вит кумуш пичоғини чиқариб мен томонга ташлади.
— Бир… — санашни бошлади.
Мен кўзларим ёшланиб пичоқни олдим.
— Икки…
— Эй Парвардигор! Наҳотки мурғак укамни ўз қўлим билан ўлдираман?
— Уч!
Пичоқ Жукнинг кўксига санчилди. Кичик укам чинқириб ерга йиқилди.
— Жук! Укажон! Мен нима қилиб қўйдим? — деб ўкирдим.
Ҳамма ёқ қип-қизил қонга бўялди.
— Энди мени ҳам ўлдирасанми, оқибатсиз? — деб бақирдим.
Кўйлагимнинг енги билан кўз ёшларимни артдим. Шу пайт ташқаридан шовқинли овозлар эшитилди.
— Патрул келяпти. Жукнинг устини жўхори билан беркит — шивирлади Вит.
Патрул уйга кириб келганида мен Жукнинг фақат бошинигина беркита олгандим ҳолос. Ердаги қонни кўрган патрул ходимларидан бири — Кусе! Кусе! — деб бақирди. Вит қўлидаги аёллар тўппончасини ўқталди. Патрул аскарлари турган жойида тўхтаб, қўлларини тепага кўтарди. Укам менга ташқарига чиқиб қўриқчилик қилиб туришимни буйирди. Мен эшикка қараб юрдим. Ёғоч бўлагига оёғим қоқилиб кетди ва ерга йиқилдим. Шу пайт бирдан хаёлларим тарқалиб кетди. Атрофга қарасам ҳануз қамоқхонадаман. Қоровулларнинг қадам товушлари қулоғимга чалинди.
Икки ой сабр қилсам менга берилган ўша икки йиллик муддат тугаб озодликка чиқаман…

Инглиз тилидан Ферузбек Зиёдуллаев таржимаси.