Пауло Коэльо. Янги ҳаёт (ҳикоя)

Бир одам нафи бўлмаса-да, ҳар қандай шароитга мослашиб кетаверадиган қадрдон ўртоғини учратиб қолди. «Унга озроқ пул берсаммикан»,-ўйланди у аввалига унинг кўп муваффақиятсизликларига гувоҳ бўлганини эслаб. Бироқ суҳбатдан сўнг маълум бўлдики, у давлат орттириб, қарзларини ҳам узишга улгурган экан.
Икков авваллари бўш вақтларини бирга ўтказадиган, кўнгилхушлик қиладиган қаҳвахонага йўл олишди. Қадрдон икки дўст қаҳвахонадаги бир столга жойлашиб, отамлашишди. Харажатларга давлатмандроқ дўст пул тўлади. Гурунг қизиб, биринчи дўст бадавлат ўртоғидан қандай бойликка эга бўлгани, омад қозонгани ҳақида сўраганида у «янги ҳаёт» деб айтди.
– Бу нима деганинг, бирор сири борми?-ҳеч нарсага тушунмай сўради биринчи дўст.
– Янги ҳаёт деганим, бу устозларимнинг мен қандай инсон бўлишимдан қатъий назар, ким бўлиб етишишим йўлидаги берган сабоқлари, олган таҳсилимдир. Бир ўйлаб кўр-а, одам кексайганида очидан ўлиб қолмаслик учун умр бўйи пул жамғаришга уринади, бойлик орттириш мақсадида беқиёс режалар тузади. Бироқ умри оз қолганини фаҳмлагач эса тадбири хато эканлигини, бир умр адашиб яшаганини фавқулодда англаб етади. Афсуски, бу вақт кеч бўлади.
– Нималар деб валдиряпсан? -яна ҳеч нарсага тушунмади дўст.
 – Мен ўз қалби амрига қулоқ тутадиган одамлардан бириман. Шу пайтга довур кўнглим азобланадиган, қийноқлар комига тортадиган бирор иш қилганим йўқ, қўрқинч ҳисси юрагимни чулғамаган.
 – Ахир хоҳлайсизми-хоҳламайсизми, барибир, дард чекасиз, изтиробга тушасизку?-деди икки дўстнинг ширин суҳбатига қулоқ тутиб турган қаҳвахона нозири даврага келиб қўшилиб.
 – Ҳамма гап мана шу дардни тан олганингизда. Тўғри, дунёда ҳали ҳеч ким ўз қайғу-аламларидан қоча олгани йўқ, умуман бундан қутулишнинг иложи ҳам йўқ. Энг яхшиси, юрагингиздаги орзу-умидларнинг рўёби учун тинимсиз курашиш лозим. Бу йўлда ютқизиқлар, дейлик, йўқотишлар бўлади, бунинг учун қайғуриш шартмас.
-Бор-йўғи шу, холосми?-сўради ҳар икки тингловчи ҳам.
-Ҳа. Қачонки мен шу ҳақиқатни англаб етганимда, пайсалга солмай курашишга тушдим. Нимагаки эришишим даркор бўлса, ниманики мақсад қилган бўлсам шу йўлда курашишдан чекинмадим. Мен аввалги дунёимни буткул тарк этганман. Ўзгача ҳаётим менга бош-оёқ назар солиб, ҳеч қаерга қўйиб юбормасликка қанча тиришмасин, муваффаққиятсизлик ва мағлубиятлар ҳақида чўпчак тўқимасин, мен ойдин келажагим ҳақида қайғуриб, жангга киришдим. Мана аввалги ҳаётим қобиғидан ажралиб чиққанимдан буён янги ҳаётимдан қувват олиб юрибман.

Умид Али таржимаcи