Пауло Коэло. Мактуб

МАКТУБ[1]

 (Битик)

Нг Чик[2] хотирасига

“Мактуб” – бу “ёзилган” демакдир. Араблар безовталаниб, “Бу унчалик тўғри таржима эмас», дейдилар, ҳолбуки, ҳақиқатдан ҳам барча нарса аллақачон ёзиб бўлинган, Худо меҳрибончилик билан бизга ёрдам бериш учунгина уларни ёзган.

* * *

Дарҳақиқат, “Мактуб”га луғатларда “ёзилган”, “буюрилган”, “тақдирда белгиланган”, “хат” маънолари берилади. Бу маъноларнинг барчасини муаллиф тақдир битиги экани билан изоҳламоқда. Тақдир битиги эса ҳар бир фалсафий дунёқараш, айниқса, диний тасаввурларда ўзига хос тарзда акс этади. Тақдир диний фалсафанинг нозик ва сирли, айни чоғда, жозибали жиҳати экани барчага маълум. Бу масалани англаш жуда мураккаб, шу сабабдан айни мана шу масалада баҳс ва мунозаралар чексиз. Лекин икки нарса аниқ. Биринчиси – Аллоҳ таоло барча нарсани олдиндан билувчи Зот бўлгани учун ҳам тақдирни битиб қўйган. Иккинчиси – Инсон ўз ихтиёри билан қилган амаллари юзасидан жавоб беради, яъни тақдир уни бу ихтиёрда мажбур этмаган, балки унинг аввалдан шу ишни қилишини билган Зот тарафидан тақдир китобида (лавҳул-маҳфуз) қайд қилинган, холос. Замон ва макон чегаралари махлуқотлар учун. Зеро, Аллоҳ азал ва абад бўлиб, замонни ҳам, маконни ҳам Ўзи яратган. У ҳамма замон ва маконларни бирдай кўради. Тақдир битиги айни унинг Яратувчилик қудратидандир.

Муаллиф тақдир битиги инсонга Яратганнинг марҳамати эканини ёзар экан, бу масалага турли жиҳатдан ёндашиш мумкинлигини кўрсатади. Аввало, инсон бошига келган мусибат, синовларга бардош бериши, ноумид бўлмай олға интилиши учун тақдирга тан бера олиши муҳимдир. Кимки мағлубиятини тақдирдан билиб, сабру матонат ва умид билан ўз йўлида давом этса, унга дунёда омад, охиратда мукофот берилиши тайин. Бинобарин, омадларни ҳам тақдирнинг мукофоти деб билиш ва шукр қилиш камтарликни ошириб, мол-дунёга бўлган хирсни сўндиради. Бундан ташқари, инсон ҳаётида учраётган ҳолатларда унинг учун белгиланган аломатларга эътиборли бўлиб боради. Аломат борасида бўлса муаллиф кейинги қиссада қисман тўхталиб ўтган.

* * *

Сайёҳ Нью-Йоркда   эди. Учрашув тонгида ухлаб қолди, меҳмонхонадан чиқаётганида, машинасини полиция томонидан ортиб кетилаётганини кўрди. Оқибати – жуда кеч етиб келди. Тушлик одатий вақтдан анча чўзилди. Бу муддатда у (машинани тақиқланган ерда қолдиргани учун) тўлайдиган жаримаси ҳақида ўйларди. Яхшиликка бўлсин. Лоп этиб хотирасига кеча кўчадан бир доллар топиб олгани келди. Ана шу доллар ҳамда бугун эрталабдан буён содир бўлаётган воқеликлар ўртасидаги ажабланарли боғлиқликни ҳис қилди.

“Ким билсин, балки бу пулни топиб олиши тақдир этилган одамдан аввал мен олгандирман? Эҳтимол, бунга муҳтож одамнинг йўлидан олиб қўйгандирман? Балки, айни одам ўз насибасини олишида халал бергандирман?” У тезроқ ўша пулдан қутилиш зарурлигини англаб етганида, йўлкада ўтирган тиланчига кўзи тушди. Пулни дарҳол унга тутқазди, ўзини елкасидан тоғ ағдарилгандек сезди.

“Бир дақиқа, – дейди тиланчи. – Мен садақа тиланмайман. Мен шоирман, сизга қайтиш ҳақида шеър ўқиб бермоқчиман”. “Яхши, фақат биронта қисқароғини, илтимос, шошиб тургандим”, – деди сайёҳ. Тиланчи: “Ҳамонки яшаётган экансан, демак етиб келишинг лозим бўлган ерга ҳали етмагансан”.

Муаллиф сайёҳнинг ўй ва ҳаракатлари воситасида инсон амаллари билан тақдири ўртасидаги боғлиқликни кўрсатмоқчидек. Одатда, инсон омадсизлиги учун ўзидан ўтган қусурларни ҳамиша ҳам таҳлил этавермайди. Аксинча, омадсизликнинг сабабини ўзидан ташқаридагиларга боғлай бошлайди. Лекин шу билан биргаликда бу қадар чуқур таҳлил одамни асосий йўлдан чалғитиб қўяди. Йўлимизда аломатлар бор – бу аниқ, аммо ҳаммаси ҳам биз учун эмас.

* * *

Калтакесак ҳақида ўйлаб кўргина. У умрининг катта қисмини қушларга ҳавас қилиб ерда ўтказади ва ўз турқидан, тақдиридан надомат чекади. “Мен ерда судралишга маҳкум этилган, бесўнақай, хунук, энг бадбахт махлуқман”, деб ўйлайди у. Ахийри, бир куни Она Табиат унга пилла қўйишни буюради. Калтакесак ажабланади (шу топгача у ҳеч қачон пилла қўймаган эди). У ўзига қабр қуриб ўлимга тайёр туриши лозим экан, деб тушунади. Ҳамон бахтсиз бўлса-да, Худога ёлворади: “Эндигина нарсаларнинг шу ҳолатига кўниккан эдим. Парвардигорим, сен мендан ўша арзимас нарсани ҳам олиб қўймоқчимисан?” Ноилож у пиллага ўралиб, охирини кута бошлайди.

Бир неча кун ўтиб, калтакесак гўзал бир капалакка айланади. У осмонда парвоз қилар ва бундан завқланар эди. У ҳаёт ажойиботлари ва Худонинг ҳикматларига лол қоларди.

Баъзан тақдир зарбаларидан зада бўлиб, надомат чекувчилар ҳам учрайди. Уларнинг баъзилари бир кун келиб, боридан-да аянчлироқ ҳолатга тушадилар, аммо бунинг ҳикмати янглиғ катта бир омадга учрашлари мумкин. Бундай бўлмаслиги ҳам мумкин, албатта. Ана ўша надомат ва армонлари билан дунёни тарк этиш ҳам мумкин. Бу ўринда ҳақиқий бахт нима эканини англаш жуда муҳим. Агар киши бахтни фақат дунё лаззатларида деб билса, унда армонсиз одамнинг ўзи қолмайди. Чунки, лаззатлар шундай нарсаки, улар ўз номи билан лаззат, уларга тўйиб бўлмайди. Бахтни иймон бутунлигида деб, эътиқод қилган киши ҳеч қачон надоматлар денгизига ғарқ бўлмайди, аксинча, буюк саодат – Яратган Жамолига етишув ишқи билан хотиржам яшайди.

* * *

Бу одам Пиреней[3] водийларида кезар чоғда кекса чўпонни учратди.  Чўпон у билан ўз таомини баҳам кўрди, улар узоқ вақт ҳаёт ҳақида суҳбат қурдилар. Агар одам Худога ишонса, ўзининг эркин эмаслигини тан олиши лозим. Ҳолбуки, Худо унинг ҳар бир қадамини кузатиб туради, деди у. Бунга жавобан, чўпон уни бир ғорга олиб борди. У ерда ҳар бир овоз соф ҳолда садо берар эди. “Ҳаёт мана шу деворлар, тақдир эса, биздан чиқаётган овозлардир”, деди чўпон. “Биз нима қилмайлик барчаси унинг қалбида акс этади ва бизга худди шундай бўлиб қайтади. Худо биз қилаётган амалларимизнинг акс садосидир”.

Бирон бир эътиқод менинг ҳаёт йўлимдаги эркинликларимни чегаралаб қўяди, деган хулоса билан эътиқодсиз яшайдиганлар жуда оз бўлса-да, топилади. Аммо иймон-эътиқодсиз яшаш кишини субутсиз, масъулиятларга эътиборсиз бўлиб қолишига асос яратиши мумкин. Айни чоғда тақдирни Худо ёзиб бўлган, биз ҳеч нима қила олмаймиз, деган хулоса ҳам беҳуда бўлиб, бизнинг ўз ихтиёримиз билан қилаётган амалларимиз тақдир битигига айланганини англаш муҳим.

* * *

Франция ва Испания оралиғида тоғ тизмалари бор. Шу тоғларнинг бирида Аргелес қишлоғи жойлашган. Қишлоқдан водийга кетаверишда эса бир тепалик бор. Ҳар куни чошгоҳда бир қария тепаликка чиқади, қайтиб тушади. Сайёҳ илк бора Аргелесга келганида бундан бехабар эди. Иккинчи бор келганида ўша одам билан йўлда учрашиб қолиб, унга эътибор қилди. Ҳар гал қишлоққа келганида қариянинг кийими, қалпоғи, ҳассаси, кўзойнагига узоқ разм солди. Қачон  ўша қишлоқни эсласа, ўша қарияни  ҳам хотирлайди. У фақат бир мартагина қария билан гаплашганди. Ўшанда қарияга бир оз ҳазил аралаш деган: “Сиз Худони ана у бизни ўраб турган азим тоғларда яшайди деб ўйлайсизми?” “Худо – деди қария. – Унга изн берилган жойлардагина яшайди”.

Қария, Худога ишонган одамнинг қалбида Худо яшайди, демоқчи.

* * *

Устоз бир кечани шогирдлари билан ўтказди, суҳбатлашиб ўтиришлари учун гулхан ёқишни буюрди. “Руҳий камолот йўли гулханга ўхшайди. Олов ёқмоқчи бўлган одам, албатта, оловнинг диққинафас тутунига, кўзларининг ачишиб, ёшланишига тайёр туриши лозим. Шу кўйи унинг иймони уйғонади. Эртами кечми олов тамом ёнгач, тутун йўқолади, аланга иссиқлик ва фароғат беради, атрофдаги барча нарсаларни ёритади”. “Оловни кимдир ёқиб бериб, бизни тутундан холи қилса-чи?” – деб сўради шогирдлардан бири. – “Кимдир шундай қилса, у сохта устоздир. Устоз қаерда истамасин ўша ерда олов топа билади ва истаган вақтида уни ўчира олади. Олов ёқишга ўргатмаган бўлса, барча нарсаларни қоронғуликда қолдирган бўлади”.

* * *

Устоз деди: “Кўзингни юм. Кўзинг  очиқ ҳолатда бўлса ҳам, шамолдаги қушлар галасини тасаввур қил. Энди, айтгин-чи, нечта қуш кўрдинг: Бештами? Ўн биттами? Ўн олтитами? Жавоб қандай бўлишидан қатъи назар, барча учун ҳам нечта қуш кўрганини айтиб бера олиш осон эмас – бу кичик синовнинг хулосаси бор. Қушлар галасини тасаввур қила оласан, лекин қанча қуш борлиги тасаввурингга сиғмайди. Тасаввурингдаги нарса ҳамон кўз ўнгингда, шунинг ўзи саволнинг жавобидир. Сен тасаввур этаётган қушлар галасида нечта қуш борлигини сендан бошқа яна ким айтиб бера олади?!”

Инсоннинг ҳаётий мақсадини айни шу инсоннинг ўзидан бошқа ҳеч ким аниқроқ айтиб беролмайди. Устозлардан сабоқ олинади, аммо мақсадни ҳар ким ўзи учун ўзи белгилайди.

* * *

Бир одам Сцета ибодатхонаси яқинида яшовчи зоҳидни зиёрат қилмоқчи бўлди. Саҳро бўйлаб кезиб, ахийри ўша тақводорни топди. “Руҳий камолот йўлидаги биринчи қадам нимадан иборат эканлигини билмоқчи эдим”, – деди у. Зоҳид уни кичкина бир қудуқ олдига олиб келди ва қудуқ сувидаги ўз аксига қарашни буюрди. У энди қарайман деганида, зоҳид сувга тош ташлаб юборди ва сув бети ҳаракатланиб кетди. “Сен тош ташлайверар экансан, мен сувда ўз аксимни кўра олмайман”, – деди у. “Худди шу каби инсон онги Худони излайвериб толиққан бўлса, Уни топиши маҳолдир”, – деди тақводор. “Мана шу – биринчи қадам!”

* * *

Сивилла[4]  номи билан бир гуруҳ машҳур башоратчи аёллар Рим империяси келажаги ҳақида тўққизта китоб ёзадилар. Китобларни Тиберийга   олиб келадилар. “Қанча туради?”, – деб сўради Рим императори. – “Юз бўнак олтин”, – дея жавоб берди Сивиллалар. Тиберий[5] дарғазаб ҳолда уларни ҳайдайди.

Сивиллалар учта китобни ёқиб юборадилар ва яна унинг олдига қайтадилар. “Улар ҳамон юз бўнак олтинга тенг”, дейишади Тиберийга. У кулди ва рад этди: “Нега энди мен олти китобга тўққиз китоб нархини беришим керак экан?” Сивиллалар яна уч китобни ёқиб, қолган учтаси билан  келдилар. “Қиймати – ҳамон юз олтин бўлаги”. Тиберий қизиқиб, сотиб олишга қарор қилди. Аммо у ўз империяси тақдирининг фақат учдан бир қисминигина ўқишга муваффақ бўлганди. Устоз деди: “Ҳаётда имкон бор экан, асло савдолашмаслик лозим”.

* * *

Оқ танли тадқиқотчи Африка марказидаги манзилига тезроқ етиш ташвишида ҳаммолларга тезроқ юриши эвазига қўшимча ҳақ тўлашни ваъда қилди. Бир неча кун давомида ҳаммоллар анча сезиларли даражада тезлашдилар. Лекин барибир, бир куни чошгоҳда ҳаммоллар юкларни ерга отиб, ўтириб олдилар. Ваъда қилинаётган пулнинг қийматидан қатъи назар, олға юришдан бош тортдилар. Тадқиқотчи улардан нима сабабдан бундай қилаётганларини сўраганида, дедилар: “Биз шу қадар тез ҳаракат қилдикки, эндиликда нима қилаётганимизни ўзимиз англамай қолдик. Энди биз руҳларимиз ортимиздан етиб келишини кутишимиз лозим”.

* * *

Ҳамиша ҳам мантиқий иш кўришга интилаверма. Шундан сўнг авлиё  Павел[6] деди: “Оламнинг донишмандлиги Худо наздида телбаликдир”. Мантиқийлик – кунда битта пайпоқ кийгандек гап. Бир хил ҳаракат. Аммо сайёралар ҳаракати-чи? Бу қаёққа кетади? Токи бошқаларга зарар келтирмас экансан, ўз фикрларингни оз миқдорда ўзгартирасан. Ўзингга ўзинг тап тортмай қарши гапир. Бу сенинг ҳаққинг. Бошқалар нима деб ўйласалар ўйлайверсинлар, улар барибир нимадир ўйлайдилар-ку. Шундай экан, чиранма. Олам сени ўраб олишига қўйиб бер. Ўз таажжубингдан шодлан. “Худо донишмандларни ҳайратга солиш учун ерда номақбул нарсаларни ихтиёр қилган”.

* * *

Олим Роджер Пенроуз дўстлари билан баралла суҳбатлашиб борар эди. У фақат кўчани кесиб ўтаётгандагина жим бўларди. “Кўчани кесиб ўтаётганимда бошимга ажойиб фикр келганди”, – деди Пенроуз. – “Лекин йўлдан ўтганимизда, бизлар суҳбатимизни тўхтаб қолган жойидан давом эттира бошладик, бир неча лаҳза олдин миямга келган фикрни бўлса унутиб қўйдим”. Кун тиккага келганида Пенроуз сабабини ўзи ҳам билмаган ҳолда жуда хушвақт эди (эйфория): “Мен бир нарсани кашф қилганимни сезардим”. У ўз кунини дақиқама-дақиқа ортга айлантира бошлади, кўчани кесиб ўтаётган чоғда бошига келган фикрини эслади. Бу гал ёзиб олди. Замонавий физикада инқилобий вазиятни юзага келтирган қора туйнуклар назарияси ғояси Пенроузга йўлни кесиб ўтаётганимиздаги сукунатни тиклай билиш қобилияти билан қайтди.

* * *

Саҳрода яшовчи авлиё Антоний[7] ҳузурига ёш бир йигит келди. “Авлиё ота, бор-будимни сотиб, қашшоқларга тарқатдим. Шу ерда яшаш учун зарур бўлган айрим нарсаларнигина қолдирдим. Нажот йўлини кўрсатишингизни тилайман”. Авлиё Антоний сақлаб қолган нарсаларни сотиб, пулига шаҳардан озгина гўшт сотиб олишни, қайтишда гўштни танасига боғлаб келишини тайинлади. Ёш йигит айтилганидек қилди.

Йўлда гўшт илинжидаги итлар ва бургутлар унга ҳужум қилишди. “Мен келдим”, – дея хабар берди авлиё отага йигит жароҳатланган танаси ва увада кийимларини кўрсатиб. “Кимдир янги йўлга кирар чоғида эскисидан бирон нима олиб қолса, уни ўзининг ўтмиши қиймалаб ташлайди”, – деди авлиё.

Устоз деди: “Сенга бугун берилган барча марҳаматдан баҳраманд бўл. Худонинг марҳаматини сақлаб қўйиб бўлмайди. Илоҳ марҳамати сақланадиган ва керак бўлганда фойдаланиладиган идиш йўқ. Фойдаланмасанг, тез ғойиб бўлади. Худо ҳаётимизга кириб келгандаёқ, бизнинг ижодкор шахс эканимизни билган. Бизга ҳайкал йўниш учун бир кун тупроқ, бошқа куни мўйқалам билан мато ёки қалам билан қоғоз беради. Лекин ҳеч қачон тупроқни матода, қаламни эса ҳайкалтарошликда ишлата билмаймиз. Ҳар куннинг ўз мўъжизаси бор. Худонинг марҳаматини қабул этинг, меҳнат қилинг, арзимас бўлса-да, ўз санъат дурдонангизни бугуноқ яратинг. Эртага бошқасини оласиз”.

* * *

Гўзал  ўсимликлар билан ўралган ибодатхона – Испаниянинг Рио Педра соҳили учун асл воҳадир. У ерда унча катта бўлмаган дарё қудратли оқимга айланади, ўнлаб шаршараларга ажралиб тушади. Сайёҳ сувнинг оҳангини тинглаб, шу ердан ўтиб борарди. Қоя ортидаги бир ғор унинг диққатини тортди. Замонлар нуратгану табиатнинг матонатли қўли билан бунёд бўлган шаклу шамойилга тасанно ўқиди. Р.Таҳурнинг пластинкага ёзилган шеърини эслади: “Бу қояларни болға эмас, сув ўзининг тоти, рақси ва қўшиғи ила гўзал айлаган”. Қаерда куч бўлса, фақат бузиши, нафосат эса йўниши мумкин.

* * *

Тонгда Будда[8]  шогирдлари билан ўтирар экан, бир одам келди. “Худо борми?” – дея сўради. “Ҳа, Худо бор” – дея жавоб қилди Будда. Нонуштадан сўнг бошқа бир одам келди: “Худо борми?” “Йўқ, Худо йўқ”, – жавоб қилди Будда. Кун заволида учинчи одам ҳам худди шу саволни берди, жавобан: “Буни ўзинг учун ўзинг ҳал қилишинг лозим” – деди Будда.

“Устоз, бу қандай гап?” – деди шогирдлардан бири. – “Бир саволга уч хил жавоб?” “Улар ҳар хил одамлар эди”, – жавоб берди Будда. – “Ҳар бир одам ўзигагина хос йўлда Худони топажак: айримлар қатъият, бошқалар инкор, яна баъзилар шубҳа билан”.

* * *

Устоз илоҳий сўзларни тарғиб қилиб юрган чоғида, шогирдларининг эътиборсизлиги туфайли уйи ёниб кетади. “Ишониб топширилган уйга етарли эътибор бермадик”, – деди шогирдлардан бири. Зудлик билан ёнғин ўрнида янги уй тиклаш ҳаракатини бошлайдилар. Лекин кутилганидан барвақтроқ қайтган устоз уларнинг ишларига гувоҳ бўлади. “Демак, нарсаларимиз янги уйни қидираётган экан-да”, – деди у қувониб. Ҳижолатдаги шогирд бўлган воқеани сўзлаб беради. “Мен бир нарсани тушунмайман”, – дейди устоз. “Мен ҳаётга ишонадиган ва унда янги саҳифа очаётган кишиларнигина кўриб турибман. Ким ўзида бор нарсани йўқотган бўлса, у бошқалардан кўра, яхшироқ ҳолатдадир, чунки шу дамдан ҳамма нарса  яхшиланади (янгиланади)”.

* * *

Ёш Наполеон[9]  Тулон[10]  даги тўпга тутиш вақтида шамолдаги арқон каби қалтирар эди. Сипоҳ уни дўстига кўрсатди: “Қара, у ўлимдан қўрқмоқда”. “Ҳа, мен қўрқаман”, – жавоб қилди Наполеон. – “Аммо  барибир курашни давом эттираман. Сизлар қўрқинчимнинг ярмини туйганларингда ҳам дарҳол қочиб қолар эдинглар”. Устоз деди: “Қўрқинч кўнгилчанглик белгиси эмас. Қўрқинч бизни қадрга, бардошга олиб чиқади. Кимки қўрқинчни ҳис қилса-ю, чўчитишга йўл қўймай ҳаракатида қатъий давом этса, жасоратини исботлаган ҳисобдир. Лекин мушкул вазиятларда хавф-хатарни эътиборга олмаса, ўз масъулиятсизлигини исботлайди, холос”.

* * *

Тонгда устоз шогирди билан далалар бўйлаб ўтиб борарди. Шогирд, Худога етишиш учун қандай парҳез лозим, дея сўрайди. Устоз доим барча таом муқаддас деб айтса-да, шогирд тўла ишонмасди. “Бизни Худога яқин қилувчи қандайдир бир таом бўлиши лозим”, – дерди у. “Яхши, балки сен ҳақдирсан. Масалан, ҳув анави қўзиқоринлар”, – дейди устоз. Шогирд поклик ва маърифат берувчи қўзиқоринларни ўйлаб ҳаяжонланди. Лекин қўзиқоринлардан бирини энгашиб олаётган чоғида “Улар заҳарли! Агар улардан бирини есам, тил тортмай ўламан-ку!”, – деди  ва қўрқиб кетди. “Унда мен сени тезликда Худога етказувчи бошқа бир емишни билмайман”, – деди устоз.

* * *

Сайёҳ 1981 йилнинг қишида аёли билан Прага[11]  кўчаларини кезар экан, ён-атрофдаги бинолар суратини чизаётган бир болани кўриб қолади. Ажнабий суратлардан бирини сотиб олишга қарор қилди. Пулни узатаётганида боланинг қўлида қўлқоп йўқлигини пайқади, ҳаво -20 дан совуқ. “Нега қўлқоп киймайсан?” сўради у. “Қалам билан чиза олишим учун”. Улар Прага ҳақида бир оз суҳбатлашишди. Бола сайёҳнинг рафиқаси портретини бепул ишлаб бермоқчи бўлди. Ёш рассом ҳали ишини якунламай туриб, ажнабий бир ғаройиб ҳодиса рўй берганини англаб қолди – у бола билан беш дақиқача суҳбатлашди, иккаласи ҳам ўз тилларида гаплашишди. Улар ўзаро суҳбатлашиш истагида хатти-ҳаракат, табассум, имо-ишораларнинг сўзсиз тил оламига кириб қолган эдилар.

* * *

Ҳасан дўстини бир кўзи ожиз хайру садақа сўраб ўтирган масжид эшиги олдига олиб келди. “Бу мамлакатдаги энг донишмад инсондир”, – деди дўсти. “Қачондан буён кўзингиз ожиз?” сўради Ҳасан у одамдан. “Туғилганимдан бери”, – деб жавоб берди у. “Қандай қилиб донишманд бўлдингиз?” “Кўзим ожизлигига эътибор қилмай, мунажжим бўлишга интилдим. Осмонни кўролмаганим сабаб юлдузлар, Қуёш, сайёраларни тасаввур қилишим лозим эди. Худо яратган нарсаларга кириб борганим сари, Унинг ҳикматидан баҳраманд бўла бошладим”.

* * *

Журналист  Волтер  Карелли аргентиналик ёзувчи Хорхе Луис Борхесдан интервью олади. Суҳбат якунида улар сўзлардан холи тил ва инсониятнинг бошқаларни англаш иқтидори ҳақида суҳбатлаша бошлайдилар. “Мен сизга бир мисол келтираман”, – дейди Борхес. Ва у ғаройиб бир тилда гапира бошлайди. Кейин тўхтаб, журналистдан нима деганини сўрайди. Карелли жавоб бермасидан аввал, унинг ёнидаги фотограф: “Бу бизнинг ифтихоримиз”, – дейди. “Тўппа-тўғри”, – тасдиқди Борхес. “Мен буни фин тилида айтдим”.

* * *

Циркдаги ҳайвон ўргатувчи жуда оддий ҳийла билан филларга таъсир қилади – ҳайвонлар ҳали ёш бўлган вақтида бир оёғини дарахт танасига боғлайди. Ёш филча қанчалик уринмасин, ўзини ундан қутқара олмайди. Бора-бора у дарахт танасини ўзидан кучли деб тушуна бошлайди. Улғайиб кучга тўлганида, дарахт танасига боғлаб қўйилса, қутилиш учун ҳаракат ҳам қилмайди. Худди филлар каби кўпинча бизнинг ҳам оёқларимиз жуда мўрт иплар билан боғланган бўлади. Лекин болалигимиздан дарахт танасининг кучли эканига кўникиб қолганмиз, қаршилик кўрсатишга журъатимиз етмайди. Эркинликни қўлга киритиш учун оддий бир жасорат етарли эканини англамай юраверамиз.

* * *

Аббат Жузеппа шу қадар кўп ибодат қилар эдики, ҳеч нарсадан хавотирланмай ҳам қолган, унинг эҳтирослари тамом енгилганди, дейди руҳоний. Бу сўзлар Сцетадаги ибодатхона донишмандларидан бирининг қулоғига етди. У кечки дастурхондан сўнг шогирдларини йиғиб, “Эшитдингизми, аббат Жузеппада васваса қолмабди, курашсиз қалб ожизлашади. Келинглар, Худодан аббат Жузеппага оғир синов сўрайлик. Агар у бу синовга бардош бера олса, биз яна бошқасини, тағин яна бошқасини сўрайверамиз. Шу тарзда у яна синовларга қарши кураша бошлагач, биз: “Парвардигоро, бу иблисни йўқот”, – дея дуо қиламиз. Унинг Худога “Парвардигоро, зулматни енгиш учун менга куч ато эт”, – деб дуо қилишини сўраймиз.

* * *

Кун ичида бир вақт борки, кўриш қийинлашади – бу завол вақтидир. Нур ва зулмат аралашиб, ҳар бир нарса на тўла ёруғ ва на тўла қоронғу. Аксар диний қарашларда бу фурсат муқаддас саналади. Католик мазҳаби кеч соат олтида “Салом Марям” дейиш лозимлигини уқтиради. Инклар (Кечуа) одатига кўра, икки дўст кечгача бирга бўлсалар, кеч кирганда яна бир бор қайта “Хайрли кеч” тилаб саломлашади. Ғира-шира вақтида инсон ва сайёра ўртасидаги мувозанат текширилади. Худо Ернинг айланишда давом этишга қуввати етадими-йўқми билиш учун сояни нур билан аралаштиради. Агар Ер қўрқувни енгса, зулмат тушади ва тонгдан янги кун бошланади.

Завол вақтининг ўзига хослиги борасида турли тушунтиришлар бор. Жумладан, Шарқ табобатида бу вақтда ухлаган одамнинг руҳий касалликка йўлиқиши, китоб ўқиса кўзи хиралашиши, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ҳадисларида эса бу вақтда “кироман котибайн” – ҳар бир инсон елкаларидаги котиб фаришталар алмашинуви ҳақида гап боради. Аммо рамзий маъно борлигини ҳам унутмаслик керак. Инсон ҳаётида айрим ҳолларда ҳақиқатни англаб етиш қийин бўлган муҳмал ва мужмал вақтлар кечади. Кишининг иймон-иродаси синалади.

* * *

Ҳикмат излаб юрган одам, “Худо ҳар икки йилда бир марта шу тоғда кўринади”  деганлари учун бу ерга келди. Йил давомида ўсган барча нарсани еб тугатади. Озиқ-овқат қолмайди, шаҳарга қайтишга мажбур бўлади. “Худо адолатсиз экан!” нидо қилади у. “Наҳотки, билмаган бўлса, унинг овозини эшитиш учун бир йил кутдим. Ахир очман, шаҳарга қайтишга мажбурман”. Шу вақт фаришта пайдо бўлади. “Худо сен билан сўзлашишни кўп истади. Бир йил сени синади. Ўз озиқ-овқатингни етиштиришингни кутди. Аммо сен нима хоҳладинг? Киши ўз яшаётган ерида ҳосил етиштирмаса, у Худо билан сўзлашишга лойиқ эмас”.

* * *

“Йўлни кесиб ўтаётган мана бу камтар авлиёга қарагин-а”, – деди бир шайтон бошқасига. – “Бориб унинг қалбини забт этиш лозим”. “У сени эшитмайди, у фақат раҳмоний нарсалар билан банд”, эътироз билдирди шериги. Лекин шайтон ўзининг доимий шошқалоқлиги билан фаришта Жаброил кийимини кийди ва ўша одам қаршисида пайдо бўлди: “Сенга ёрдам бериш учун келдим”. “Сиз ким биландир янглиштирган бўлсангиз керак, мен ҳаётим давомида фаришта ёрдамига лойиқ бирон амал қилган эмасман”, – дея нимани рад этганини ўзи ҳам билмаган ҳолда йўлида давом этди авлиё.

* * *

Ҳавво Одамнинг боғида сайр қилар экан, унга илон йўлиқди: “Мана бу олмани е”. Ҳавво Худо ўргатилганидек рад қилди. “Бу олмани ейсан”, қатъий деди илон. “Шу йўсин сен эринг учун янада гўзалроқ бўласан”. “Ҳожати йўқ, унда мендан бошқа ҳеч ким йўқ”, – жавоб берди Ҳавво. Илон кулди: “Албатта, бор”. Ҳавво ишонмагач, уни тепалик ўртасидаги қудуққа олиб борди: “У пастда. Одам уни худди шу ерга беркитган”. Ҳавво пастга қараб, сувда гўзал аёл аксини кўрди. Кейин эса, илон тавсия қилга олмани еди.

* * *

Устоз деди: “Ҳар куни дуо қилинг. Ҳатто дуоларингиз сўзсиз ва ҳеч нарса сўрамаган ҳолда, шунингдек, тушуниш қийин бўлса ҳам. Дуони ўзингизга одат қилиб олинг. Агар олдинига бундай қилиш қийин кечса, ўзингиз учун: ‘’Мен шу ҳафта ҳар куни дуо қиламан’’, – денг. Ва бу аҳдингизни ҳар куни янгиланг. Шуни ёдда тутинг, бу билан нафақат сизнинг руҳий олам билан алоқангиз кучаяди, балки шу билан бирга, сиз ўз иродангизни ҳам чиниқтирасиз. Муайян услублар билан биз яшаш учун зарур бўлган тартибга ўрганамиз. Бир кун дуо қилишни унутиб қўйиб, кейинги кун икки ҳисса кўп дуо қилиш дуруст эмас. Ёки бир кун етти марта дуо қилиб, қолган кунлар бутун ҳафта давомида ўз вазифасини адо этиб бўлгандек ҳис қилиш ҳам ярамайди. Баъзи бир нарсалар, лозим даражадаги суръат ва давомийликда кечиши керак”.

* * *

Устоз деди: “Чорраҳа муқаддас ҳисобланади. Унда зиёратчи қарор қабул қилиши лозим. Мана нима учун ҳам маъбудлар чорраҳада ухлашади ва тамадди қилишади. Йўллар кесишадиган жойда иккита катта куч туташади: танланадиган ва воз кечиладиган йўл. Иккаласи қисқа оралиқда ягона йўлга айланади. Зиёратчи дам олиши, озгина ухлаши ва бу ерга ўрнашган маъбудлардан маслаҳат олиши мумкин. Лекин ҳеч ким у ерда абадий қолиши мумкин эмас: танлаб бўлгач, ўзи воз кечган йўл ҳақида ўйламай, кетиши керак. Акс ҳолда, чорраҳа лаънатга қолади”.

* * *

Сайёҳнинг дўсти бир неча ҳафтани Непал[12]   ибодатхонасида ўтказмоқчи бўлди. Чошгоҳда ибодатхонадаги беҳисоб эҳромларнинг бирига кирди ва меҳробда табассум қилиб ўтирган монахни кўрди. “Нега куляпсан?”, – сўради у. “Мен бананлар моҳиятини англадим”, деди монах қопчасини очиб ундан бузилган бананни чиқарар экан. “Бу ўз йўлини босиб бўлган ва фойдаланилмаган ҳаёт, унинг учун энди жуда кеч”. Сўнг  қопчасидан ҳали кўм-кўк бананни чиқарди. Бананни кўрсатиб, қайтиб қопчасига солди. “Бу ҳали ўз йўлини бошламаган, ўз мавридини кутмоқда”. Ниҳоят, қопчасидан ғарқ пишган бананни олди, уни артиб, савол берувчи билан бўлишди: “Бу – ҳақиқий вақт. Сен уни бехавотир босиб ўтишни англа”.

* * *

Африкалик донишманд шогирдини чангалзордан олиб ўтар эди. У жуда кекса бўлса-да, тез юрар, ёш шогирд бўлса кўп қоқиларди. Қоқилади, сўкинади, сотқин ерга туфлайди ва яна устози ортидан эргашади. Узоқ юргач муқаддас ерга етадилар. Донишманд тўхтамасдан ортга бурилди ва саёҳатини бошлаган тарафга қараб қайта бошлайди. “Сиз бугун менга ҳеч нима ўргатмадингиз”, – дейди ғўр шогирд яна бир қоқилиб тушгач. “Бир нарса ўргатдим, лекин сен буни билмадинг ҳам”, – дейди донишманд. “Мен сенга ҳаётдаги хатолар устида ишлашни ўргатдим”. “Хўш, мен уларга қандай муомалада бўлай?” “Худди шу йиқилишларинг каби”, – жавоб берди донишманд. “Йиқилган жойингни лаънатлагандан кўра, нима йиқилишингга мажбур этгани ҳақида фикрлашинг лозим”.

* * *

Бир куни Сцетадаги ибодатхона бош руҳонийси олдига бир зоҳид келади. “Маънавий устозим мени қандай йўналтиришни билмайди. Мен уни тарк этишим лозимми?”, – сўрайди у. Руҳоний ҳеч нима демайди ва зоҳид саҳрога қайтади. Ҳафта ўтгач такрор руҳоний зиёратига келади. “Маънавий йўлга бошловчим қандай йўналтиришни билмайди. Уни тарк этмоқчиман”. “Бу оқиллик”, – деди руҳоний. “Киши қалби қаноатланмаётганини ҳис қилса, у насиҳат сўрай олмайди. Мустақил қарор қабул қилиш эса, сенинг бундан буён ҳаётда олға силжишинг учун зарурдир”.

* * *

Устоз деди: “Сўз қудратдир. Сўз олам ва одамни ўзгартиради. Ҳаммамиз эшитганмиз: Одамларга ўзимиз ҳақимиздаги яхши нарсаларни гапирмаслигимиз керак, гўёки уларнинг ҳасади туфайли бахтимиз тўзийди. Бўлмаган гап. Ғолиблар ўз ҳаётларидаги мўжизалар ҳақида фахр билан сўзлашади. Агар ўзингиздан ижобий қувват таратсангиз, сизга хайрихоҳлардан янада кўпроқ ана шундай ижобий қувват оласиз. Ҳасад ва бузилиш масаласига келсак, фақат ана шундай қувват таратсангизгина юзага келиши мумкин. Чўчиманг. Ҳаётингиздаги яхши нарсалар ҳақида сизни эшитаётган ҳар бир одамга сўйлайверинг. Олам Руҳи сизнинг бахтли бўлишингизни ортиқ истайди”.

* * *

“Ким зўр қиличбоз?” – устозидан сўради жангчи. “Ибодатхона майдонига бор”, – деди устоз. “У ерда бир қоя бор. Қояга ҳақорат ёғдир”. “Бу нега ахир, қоя жавоб бермайди-ку”. “Яхши, у ҳолда қиличинг билан унга бир тушир”, – деди устоз. “Имкони йўқ, қиличим синади. Қўлим билан ҳужум қилсам, бармоқларимга заҳм етади, қояга эса ҳеч нима бўлмайди. Бу менинг саволимга жавоб эмас”. “Энг зўри шу қояга ўхшашидир”, – деди устози. “У қиличини қинидан суғирмасданоқ, ҳеч ким унга бас келолмаслигини намойиш этиб турибди”.

* * *

Сайёҳ Испаниянинг Наварра[13] вилоятидаги Сан Мартин де Юнкс қишлоғига келди, черков калитини сақлайдиган аёлни топди. Аёл камоли эҳтиром билан тор зиналардан кўтарилиб, эшикни очди. Ўрта аср эҳромидаги қоронғулик, жим-житлик сайёҳни ҳаяжонга солди. Суҳбат асносида пешин чоғида ҳам гўзал санъат асарларини кўриш мумкинлигини билиб олади. “Муайян қисмларини фақат тонгда кўриш мумкин”, изоҳ беради аёл. “Афсонада айтилишича, черков қурувчилари бу билан одамларга, Худо ўз қудратини аниқ бир вақтдагина намойиш этади, демоқчи бўлганлар”.

* * *

Ҳайкалтарош Микеланжелодан бетакрор асарларни қандай яратганлигини сўрашди. “Жуда оддий”, – жавоб берди у. “Мен мармар бўлагига қараганимда, унда ҳайкални кўраман. Ишим ундан ортиқча жойларини олиб ташлаш бўлади, холос”. Устоз деди: “Ҳар биримиз яратишимиз тақдир этилган санъат асари бор. Бу ҳаётимизнинг марказий нуқтасидир, ўзимизни алдашга қанчалик ҳаракат қилмайлик – бу бахтимиз учун жуда зарур эканини биламиз. Одатда, бу санъат асари йиллар қўрқинчи, айбдорлик ва беқарорлик чангига беланган бўлади. Агар барча ортиқча нарсаларни олиб ташлашга қарор қилсак, агар ўз салоҳиятимизга шубҳа қилмасак, узоққа борамиз. Бу шарафли яшашнинг ягона йўлидир”.

* * *

Ўлим тўшагидаги қария ёш йигитни чорлаб, унга қаҳрамонлик ҳақидаги воқеани айтиб беради: у урушда бир одамнинг омон қолишига ёрдам беради. Яна бошпана, озиқ-овқат ва ҳимоя билан таъминлайди. Қутқарилган одам эса бехавотир жойга етиб олгач, қутқарувчисини сотиб, уни душманлар қўлига топширмоқчи бўлган. “Қандай қутилиб қолдингиз?” – сўрайди йигит. “Мен қочмадим. Ўша сотқин мен эдим”, – деди чол. “Лекин, ўзимни қаҳрамон ўрнига қўйиб сўзлашим, у менга қанчалик яхшилик қилганини ҳис қилиш имконини бермоқда”.

* * *

Испан даъватчиси уч ацтек[14]   авлиёси яшайдиган оролга боради. “Сизлар қандай ибодат қиласизлар?” сўрайди авлиё ота. “Бизда фақат биргина дуо бор”, – жавоб берди ацтекларнинг бири. Биз, “Парвардигоро, сен уч ягонасан ва биз ҳам учтамиз. Бизга раҳминг келсин”, – деймиз. “Мен сизларга Худо эшитадиган бир дуони ўргатмоқчи эдим”, – деди даъватчи. Шундан сўнг дуони ўргатиб йўлида давом этди. Испанияга қайтар вақтда яна шу оролда бўлди. Кема қирғоққа яқин келганида унга қараб соҳилдан уч авлиёнинг сув юзасида юриб келаётганини кўрди. “Ота, ота”, – деди улардан бири. “Илтимос, бизга ўша Худо эшитадиган дуони яна бир бор ўргатиб қўй. Биз унутиб қўйибмиз”. “Ҳожати йўқ”, – деди авлиё ота, мўжизани кузата туриб. Шу тариқа у Худодан истиғфор ўтинди, ҳолбуки, Худо ҳамма тилларни тушинади.

* * *

Кекса хитой донишманди қорли майдондан ўтиб бораётиб йиғлаётган аёлни кўриб қолади. “Нега йиғидасиз?” сўрайди у. “Сабаби – ҳаётим, кўзгудаги ёшлигим, гўзаллигим ва севган инсоним ҳақида ўйлаяпман. Хотирлаш имконини бериши Худонинг шафқатсизлигидандир[15] . У ҳаётимнинг баҳорини эслаб, йиғлашимни билган-ку, ахир”. Донишманд қорли майдонда бир нуқтага тикилиб турди-да ўйлади. Аёл йиғидан тинди: “Сиз нимани кўриб қолдингиз?”. “Атиргуллар боғини”, – жавоб берди донишманд. “Хотирлаш имконини берган Худо менга ғамхўр. Қишда доим баҳорни хотирлашимни ва табассум қилишимни У билган, ахир”.

* * *

Устознинг юзлаб шогирдлари бор. Барчаси вақтида ибодатни адо этади. Фақат биттаси – майхўри бундан мустасно. Устоз оламдан ўтар кунида шу шогирдини чақиради ва ўз сирларининг махфий жиҳатларини унга ўргатади. Бошқа шогирдлар норизо бўлишди: “Қанчалар номус! Биз устоз учун боримизни аямагандик”. Устоз жавоб берди: “Бу сирларни ўзим яхши билган одамгагина айтишим лозим эди. Яхши кўринадиганлар, одатда, ўз манманлиги, кибр ва чидамсизликларини яширишга уринадилар. Шу боис ман сармастлик нуқсони аён кўриниб турган ягона шогирдни танладим”.

* * *

Падари бузруг Абрам Сцета ибодатхонаси яқинида кекса бир донишманд яшашидан хабардор эди. Ўша одамни топиб сўради: “Агар ёнингизда аёлни кўрсангиз, у аёл эмаслигига ўзингизни ишонтира оласизми?” “Йўқ”, – деди донишманд. “Лекин ўзимни бошқара оламан”. Падари бузруг давом қилди: “Агар саҳрода тилла тангаларни кўриб қолсангиз, уларни тош ҳисоблаб кетаверасизми?” “Йўқ”, – деди донишманд. “Лекин ўзимни бошқара оламан, уларни ўша ерда қолдираман”. Падари бузруг яна сўради: “Икки оға-ини билан кўришдингиз, уларнинг бири сизни ёмон кўради, бошқаси эса хуш кўради, у иккисини ҳам тенг кўрармидингиз?” Зоҳид айтди: “Ичимдан зил кетсам-да, ҳурмат қилганга ва ёмон кўрганга бир хил муомалада бўлардим”. “Сизга ким донишманд саналишини айтаман”, – деди падари бузруг шогирдларига: “Донишманд шуки, ўз ҳиссиётларини ўлдирмаган ҳолда, уларни бошқара биладиган кишидир”.

* * *

“Сиз нега Сантяго йўли ҳақидаги ҳикояни сўзламадингиз”, деди зиёратчи сайёҳга икковлон анжумандан чиққан чоғларида. “Эътибор берсам, кўпчилик зиёратчилар Сантяго йўлида бўладими ёки ҳаёт йўлларидами, бундан қатъи назар ҳамма қатори қадам босишга ҳаракат қиладилар. Ўз зиёратим аввалида мен ҳам гуруҳимдагилардек юришга ҳаракат қилдим. Толдим, жисмимдан имконидан ортиғини талаб қилдим. Диққатим ошди,  чап оёғим эти шилиниб кетди. Икки кун юра олмадим ва тушундимки, фақат ўз суръатимда юрсамгина Сантягога етиб боришим мумкин экан. Бу мени бошқалардан анча узоқда қолдирди, олис йўлни ёлғиз босиб ўтдим. Аммо шу воқеа туфайли бутун йўлни босиб ўтишга муваффақ бўлган суръатимни ҳурматлай бошладим. Ҳаётимда мана шу услубни қўллайдиган бўлдим”.

* * *

Лидия[16] қироли Крез[17], Форсга ҳужум қилиш учун қарор қилиб, юнон коҳини билан маслаҳатлашади. “Тақдирингизга улкан бир империяни йўқ қилиш битилган”, – дейди коҳин. Бахтиёр Крез уруш очади. Икки кунлик жангдан сўнг Лидия Форс томонидан эгалланади, пойтахт таланади, Крез асир тушади. Ғазабланган ҳолда ўзининг Юнонистондаги элчисига коҳинни топишини, нақадар янглишганини айтишини тайинлайди. “Хато сизларда”, –  дейди коҳин элчига. “Сиз улкан империя – Лидияни барбод қилдингиз”.

* * *

Олмон файласуфи Ф.Ницше айтганди: “Оламда бўлаётган нарсаларни доимий муҳокама қилиш билан вақтни ўтказиш шарт эмас; вақти-вақтида хато қилиб туриш инсон табиатининг ажралмас қисмидир”. Устоз деди: “Шундай одамлар борки, ҳатто майда чуйда нарсаларда ҳам ўзларини ҳақ деб ҳисоблайдилар. Улар тез-тез ўзларига хато қилиш учун изн бермайдилар. Натижада, олға ҳаракат қилишдан қўрқиш ҳиссинигина қўлга киритадилар. Хато қилишдан қўрқиш қаршимизда турган эшикни қулфлаш демакдир. Қўрқувни бартараф эта олсак, ўз озодлигимиз йўлида дадил қадам ташлаган бўламиз”.

* * *

Сцета ибодатхонаси бош руҳонийсидан сўрашди: “Худо розилиги учун қандай ишлар қилиш керак?” Нистерос Ота жавоб берди: “Иброҳим   муҳожирларга жой берди ва Худо ундан қувонди. Илёс бегоналарни хушламасди ва Худо ундан ҳам рози эди. Довуд ўз ишларидан фахрланар ва Худо бундан ҳам рози эди. Римлик соқий меҳроб олдида қилган ишларидан уялди, Худо рози бўлди. Жон Баптист саҳрога кетди ва Худо рози. Юҳанно буюк шаҳар Ниневияга[18]  кетди ва Худо ундан ҳам рози. Қалбингдан сўра, у нимани истайди. Агар қалбингиз ўз орзуларингиз билан бир йўлда бўлса, Худо розилиги шундан”.

* * *

Буддавий устоз шогирдлари билан борар экан, уларнинг ўзаро ким яхшироқ экани борасида баҳслашаётганларини эшитиб қолади. “Ўн беш йилдан бери медитация билан шуғулланаман”, – дейди улардан бири. “Ота-онам уйидан чиқиб кетганимдан буён меҳр улашиб келмоқдаман”, – дейди бошқаси. “Ҳамиша Будда насиҳатларига амал қилиб келмоқдаман”, – дейди учинчиси. Қоқ пешин чоғи улар дам олиш учун бир олма тагида тўхтайдилар. Дарахт мевалари кўплигидан ерга тегай-тегай деб қолган эди. “Дарахт мева билан тўлиб тошганида шохлари ерга эгилади. Ҳақиқий донишманд – камтарин инсондир. Дарахт мевасиз бўлса, шохлари юқоридан серрайиб қарайди. Нодон ўзини ҳаммадан ақлли билади”.

* * *

Растада бир одам кўза сотарди. Аёл келиб, уларни кўздан кечира бошлади. Айримларига жуда чиройли безак берилган, баъзилари умуман безаксиз. Аёл кўзаларнинг нархини сўрайди. Уларнинг бари бир нархда. “Безакли кўза безаксизи билан бир нархдами, ахир?” ҳайратланди у. “Нега кўпроқ куч ва вақт сарфланган маҳсулотнинг нархи камроқ сарфлангани билан бир хилда?” “Мен – рассомман”, – деди сотувчи. – “Мен ўзим ясаган кўзага нарх қўяман, унинг гўзаллигига эмас. Гўзаллик бу эркинликдир”.

* * *

Шаҳзодани чўқинтириш маросимига уч пари таклиф этилди. Биринчиси шаҳзодага ўз муҳаббатини топиш неъматини берди. Иккинчиси хоҳлаган ишларини қила олиши учун маблағ берди. Учинчиси гўзаллик. Бироқ барча эртакларда бўлганидек ялмоғиз пайдо бўлди. Таклиф этилмаганидан аламзада ялмоғиз шаҳзодани дуои бад қилди: “Сенда ҳамма нарса бор экан, аммо яна бир арзимас туҳфани ҳам олақол. Сен неки ишга қўл урсанг, барчасига қобил, иқтидорли бўласан”. Шаҳзода гўзал, бадавлат ва муҳаббатли бўлиб ўса бошлади. Лекин у Ер юзидаги бирон вазифани охиригача адо этолмасди. У жуда истеъдодли рассом, ҳайкалтарош, мусиқачи, математик эди, аммо ҳеч қачон ўз ишини якунлай олмасди. Сабаби тезда бошқа ишни қўлига олишга мажбур бўлар эди. Устоз деди: “Барча йўллар бир жойга олиб боради. Аммо йўлни ўзингиз танлайсиз ва охиригача борасиз. Барча йўллар билан боришга интилманг”.

* * *

Устоз деди: “Ёз! Нима бўлишидан қатъи назар, хатми, кундаликми ёки ўзинг бажармайдиган оддий эслатмаларми, телефонда гаплашган гапингми – ёзавер! Ёзув воситасида биз Худога ва атрофдагиларга яқинлашамиз. Агар сен Оламдаги ўз вазифангни яхши билиб олмоқчи бўлсанг, ёз. Ўз қалбингни сатрларга сиғдиришга интил, ҳатто уни ҳеч ким ўқимаса-да ёки бирон кишининг ўқимаслигини истасанг-да ёзавер. Оддий ёзув бизга ўз фикрларимизни уюштиришга ва атрофимиздаги нарсаларни янада тиниқроқ англашга ёрдам беради. Қоғоз ва қалам мўъжиза содир этади – оғриқни қолдиради, орзуларни амалга оштиради, йўқотилган умидни олиб келади. Сўз кучга эгадир”.

* * *

Милтон  Эрикссон  Қўшма штатларда минглаб одамлар устида амалиёт ўтказган янги психологик тренинг асосчиси. У 12 ёшлигида полиомиелит билан касалланган. Ўн ой ўтгач, врач унинг ота-онасига: “Эрталабгача бормайди”, – деганини эслайди. Эрикссон онасининг йиғисини эшитади. “Тонггача ўлмасликка ҳаракат қилсам, онам бу қадар ғуссага ботмас”, – ўйлайди у. Тонг отгунича ухламасликка ҳаракат қилади. Қуёш чиққанида қичқириб онасини чорлайди: “Ҳой, онажон, мен ҳамон яшаяпман!”. Уйдаги қувонч шу қадар улкан эдики, шу кўйи у бир умр ўз уйидан қайғуни ҳайдагани учун кечалари ухламасликка ҳаракат қилди. 1990 йилда инсониятнинг ўз қобиқларидан ташқари чиқишига имкон берувчи ноёб китобларни қолдириб, 75 ёшида вафот этди.

* * *

Ёш диндор бош руҳонийга: “Менинг юрагим олам муҳаббати билан тўлиб-тошган, иблис васвасасидан озод.  Эндиги қадамим қандай кечади?” Падари бузруг шогирдини тавбага муҳтож бўлган бетоб одам зиёратига олиб борди. Оила аъзоларига хотиржамлик бергач, Падари бузруг уй бурчагидаги бир сандиққа эътибор қилди: “Сандиқда нима бор?” “Тоғамнинг ҳеч қачон кийилмаган кийимлари”, – деди унинг жияни. “У буларни кийиш учун алоҳида сабаб бўлиши керак дея ҳисоблар эди, оқибатда, улар сандиқда чирий бошлади”. Руҳоний қайта туриб шогирдига: “Сандиқни унутма”, – деди. “Агарки қалбингда руҳий хазина бор экан, ҳозироқ тасарруф эт, акс ҳолда у йўқолиб битиши мумкин”.

* * *

Сайёҳ икки дўсти билан Нью-Йорк кўчаларини айланар эди. Бирдан ниманингдир муҳокамаси баҳсга айланиб, икки ҳамроҳи бир-бирларини ҳақоратлай бошлашди. Ўзларини тутиб олгач, қаҳвахонага киришди. Бири иккинчисидан узр сўради. “Ўзинг билган одамга зарар етказиш жуда оддий иш эканини англадим”, – деди у. “Агар ажнабий бўлганингда ўзимни бир оз назорат қилган бўлардим. Лекин биз дўст бўлганимиз учун ва сен менинг қандай эканимни яхши билганинг учун ҳам қаттиқ итоб қилдим. Одамнинг табиати шундай”. Балки бу инсоннинг асл табиатидир. Лекин биз бу билан курашмоғимиз лозим.

* * *

Бир гуруҳ яҳудий донишмандлари ер юзидаги энг мухтасар Конституция тузиш учун тўпланадилар. Йиғилишда, уларнинг ҳар бири навбатма-навбат бир оёқда мувозанатини йўқотгунча турган ҳолда Конституция лойиҳасини шакллантиришга келишиб олдилар. Инсониятни бошқара олувчи қонунни шакллантира олган уларнинг орасида энг донишманди дея тан олинадиган бўлди. “Худо жинояткорларни жазолайди”, – деди бири. Бошқалар бу қонун эмас – таҳдид, дейишди. Бу ибора қабул қилинмади. Шу чоғда, раввин Хиллел йиғилишга қўшилди. У бир оёқда туриб деди: “Бошқалар сизнинг устингиздан юритишини хоҳламаган ишларни бошқалар устидан юритманг. Бу – Қонун. Бошқа ҳаммаси изоҳлардир”. Шу тарзда раввин Хиллел энг зўр донишманд деб тан олинди.

* * *

Ёзувчи Жорж Бернард Шоу ҳайкалтарош дўсти Ж.Эпстайн[19]нинг меҳмонхонасидаги улкан тош бўлагига эътибор қилди. “Бу тош нега керак?” – сўради Шоу. “Ҳозирча билмайман. Бу ҳақда ўйлаяпман”, – жавоб берди Эпстайн. Шоу ҳайрон: “Сен ўз илҳомингни режалаштирмоқчимисан? Ахир рассомсан, эркинлигинг, фикрларингни ўзинг хоҳлаган вақтда ўзгартириш истагинг ҳақида ўйламайсанми?” “Бу (ўз фикрингни ўзгартириш) – бор-йўғи 5 грамм келадиган қоғозни буклаётганингдагина иш берадиган ҳолатдир. Агар 4 тонналик нарса устида ишлаётган бўлсанг, сен бошқача ўйлашингга тўғри келади”, – деди Эпстайн. Устоз деди: “Ҳар биримиз ўз ишимизни яхшироқ бажариш йўлини биламиз. Аммо инсон қийинчиликлар кутаётганини ҳис қилса ҳам ўз олдига чигал вазифалар қўяверади”.

* * *

Саҳро афсоналаридан бирида яқин бир воҳага кўчиш мақсадида юкларини туясига ортаётган киши ҳақида ҳикоя қилинади. Туя устига гиламлар, идиш-товоқ, кийим-кечак – бор нарсани ортади, жонивор ҳам буни кўтаради. Улар йўлга тушган чоғида отаси унга совға қилган чиройли мовий патни эслаб қолади. Патни топиб чиқиб, туя устига қўяди. Шу чоғда жонивор йиқилиб, жон беради. “Туям биргина шу патни кўтаролмади-я”, – деб ўйлайди у. Баъзан бизнинг кичкинагина ҳазилимиз сўнгги томчи сифатида ғам-андуҳ косасини тошириб юборади.

* * *

“Баъзан одамлар кинога шу қадар берилиб кетадиларки, натижада, ҳақиқатни унутиб қўядилар”, – деди нотаниш киши сайёҳга. “Сиз “Ўн Васият” фильмини эслайсизми? “Албатта. Мусо[20]   – Чарлтон Хестон – ўз асосини уриб, денгизни очади ва Бани Исроил Қизил денгиздан ўтиб кетади”. “Библияга кўра бундай эмас, у ерда Худо Мусога кўрсатма беради: Бани Исроилга олға юришни буюр. Улар юра бошлагачгина Мусо асосини кўтаради ва денгиз очилади”, – дейди у киши. Зотан фақат журъатгина йўлларни очишга сабаб бўлади”.

* * *

Қуйидаги сўзлар виолонче созандаси Пабло Касальсом[21] томонидан ёзилган: “Мен доим қайта туғиламан. Ҳар тонг – ҳаётни янгитдан бошлаш демакдир. Саксон йил аввал умримни худди шу тарзда бошлаган эдим – лекин бу бир механик дастур дегани эмас. Бахтим учун ўта муҳим. Уйғонаман ва фортопианода иккита куй ва Бахнинг фугасини ижро этмаман. Куйлар уйимга барака олиб кираётгандек бўлади. Бу ҳаёт асрори ва инсон яратилишидаги мўъжиза билан боғланишни тиклаш йўлидир. Саксон йиллик куй мен учун ҳеч қачон бир хил туюлган эмас – у ҳар гал менга қандайдир янги, ғаройиб хаёлотни ўргатади”.

* * *

Пабло Пикассодан иқтибос: “Худо – рассомдир. У жирафа, фил ва чумолини яратди. Ҳолбуки, У ҳеч қачон ўз услубини изламади, балки, нени истаса шуни қилди”. Устоз деди: “Биз ўз йўлимизни бошлаган вақтда кучли қўрқинч юзага келади. Ҳамма ишни тўғри бажаришга мажбурлигимизни ҳис қиламиз. Алал-оқибат ҳаёт бир маротаба берилажагини англаган ҳолда, “Ҳаммаси мана бундай бўлса тўғри бўлади”, деган қоидани ким ўйлаб топган, деб қоламиз. Худо филни, жирафа, чумолини яратди – нима учун биз қандайдир қоидалар изидан боришимиз лозим? Булар бошқалар ўз шахсиятларини қандай намоён қилаётганларини аниқлаш учунгина мавжуд. Кўпинча, биз бошқалар хатти-ҳаракатига қойил қолишимиз, бошқалар хатосидан сақланишимиз мумкин. Албатта, яшаш яхши – лекин биз буни фақат ўзимиз учунгина қиламиз”.

* * *

Бир нечта яҳудий художўйлари сенагогада ибодат қилар эдилар. Улар бир гўдакнинг: “A, B, C, D”, деган овозини эшитадилар. Муқаддас ёзувга диққатларини қаратишга ҳаракат қиладилар, лекин овоз яна такрорланади: “A, B, C, D”. Ибодатни тўхтатиб ортларига қараганларида бола ҳамон алифбо ҳарфларини куйлар эди. Раввин боладан сўради: “Нима учун бундай қилмоқдасан?” “Чунки мен муқаддас сатрларни билмайман”. Агар ҳарфларни ифодаласам, Худо улардан сўзлар тузади ва сўзлардан лозим бўлган сатрларни шакллантиради, дея умид қилдим”. “Сабоғинг учун сендан миннатдорман”, – деди раввин. “Балки мен ҳам сен Худога ҳарфларни бағишлаганинг каби Ер юзидаги кунларимни бағишларман”. Устоз деди: “Фараз қилинг, биздаги мавжуд Илоҳий руҳ, гўёки кинотеатр экранида намойиш этилаётган фильмга ўхшаш. Экранда турли вазиятлар содир бўлади – одамлар севадилар, ажраладилар, хазина топадилар, номаълум ўлкаларни кашф этадилар. Қандай фильмлиги муҳим эмас. Экран ҳамиша ўша-ўша. Одамлар кўзидан ёш оқадими, қон томадими бари бир – экран оқ рангига доғ туширмайди. Киноэкран каби Худо ҳар бир ҳаётий қайғу ёки қувонч ортидадир. Буни биз ўз фильмимиз тугаганда биламиз”.

* * *

Қирол тинчлик шартномасини имзолаши лозим бўлган элчисини узоқ юртга юборади. Элчи фурсатдан саёҳат мақсадида фойдаланиш учун дўстларига хабар беради. Дўстлари ундан ташрифни қолдиришини сўрайдилар. Элчи сафарга чиққанида эса битим тузишга кеч бўлгани, уруш бошлангани, қиролнинг режалари, элчини ушлаб қолган одамларнинг ҳам ишлари бузилгани маълум бўлади. Устоз: “Ҳаётимизда фақат битта муҳим нарса бор: ўз тақдиримиз билан яшамоқ –шу биз учун вазифа қилиб белгиланган. Бироқ ҳамиша орзуларимизни йўққа чиқарувчи нокерак ташвишлар билан ўзимизни овора қилиб қўямиз”.

* * *

Сайёҳ Сидней бандаргоҳидаги шаҳарнинг икки қисмини боғловчи кўприкда турар экан, бир австралиялик келиб газетадаги эълонни ўқиб беришини сўрайди. “Ҳарфлари жуда кичкина”, – дейди у. “Кўзойнагимни уйда қолдирибман, усиз ўқий олмайман”. Сайёҳ ҳам кўзойнаксиз эканини айтиб, узр сўрайди. “Ҳа, менимча, бу эълонни унутганим яхши”, – дейди у одам. Австралиялик суҳбатни давом эттириш ниятида унга: “Фақат иккимиздаги ҳолат эмас, илоҳий назар ҳам хира тортган. Бу унинг қарилигидан эмас, шуни истаганидан. Унга яқин бўлганлар хато қилсалар аниқ-тиниқ кўрмайди. Адолатсиз бўлишни истамай ўша одамни кечиради”, – деди. “Яхши ишлар борасида-чи?”, – дея сўради сайёҳ. “Худо ҳеч қачон кўзойнагини уйида қолдирмайди”, – дея кулди у ва нари кетди.

* * *

“Ибодатдан ҳам муҳимроқ бирон нарса борми?” – сўради шогирд устозидан. У ён атрофдаги бутадан шох қирқиб келишга буюрди. Шогирд итоат этди. “Бута омонми?” – сўради устоз. “У ҳозирга қадар қандай омонликда бўлса ўшандай”, – жавоб беради шогирд. “Энди унинг илдизини қирқиб кел”, – дейди устоз. “Бу иш билан бута қурийди”, – инжилади шогирд. “Ибодат дарахтнинг шохлари, иймон унинг илдизларидир”, тушунтиради устоз. “Ибодатсиз иймон бўлиши мумкин, аммо иймонсиз ҳеч қандай ибодат бўлмайди”.

* * *

Муқаддас Тереза д’Авилья айтади: “Ёдда сақланг: Худо барчамизни таклиф қилган – У соф Ҳақиқат экан, биз унинг таклифига шубҳа қилмаслигимиз лозим”. У айтади: “Барчангиз ҳузуримга келинг, ичишни истаганларга сув бераман”. Агар таклиф барчамиз учун бўлмаганида эди, Худо айтарди: “Чанқаганлар ҳузуримга келинг, ҳолбуки, сиз ҳеч нима йўқотмайсиз. Лекин мен фақат тайёргарлик кўрганларгагина сув бераман”. У ҳеч қандай шартлар қўймайди. Унинг муҳаббати бўлган ҳаёт сувини олиш учун келиб сўрашнинг ўзи кифоядир.

* * *

Дзен монахлари, медитация чоғида тош қаршисига ўтирадилар ва дейдилар: “То шу тош бир оз ўсмагунича шу ерда кутаман”. Устоз деди: “Атрофимиздаги барча нарсалар доимий ўзгаришда. Қуёш ҳар куни янги олам устида порлайди. Биз ўзгармас деб атайдиган нарсалар янги таклиф ва имкониятлар билан тўлиқдир. Аммо биз ҳар бир кун бошқасидан қандай фарқланишини билмаймиз.

* * *

Бугун қаердадир сизни хазина кутиб тургандир. Бу балки лаҳзалик табассум, балки жуда катта ғалаба, ҳар нечук, аҳамиятсиз. Ҳаёт катта ва кичик мўжизалардан иборат. Ҳеч нима зерикарли эмас, чунки ҳамма нарса ҳамиша ўзгариб турибди. Зерикиш олам моҳиятига зиддир. Шоир Т.С.Элиот  ёзганидек: “Кўп йўлларни босиб, ўз уйингга қайт, бор нарсага илк маротаба кўраётгандек боқ”.

Таржима ва изоҳлар муаллифи Сарвар Cобит

“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 9-сон

[1] Журнал варианти.

[2] Бапендида яшовчи яқиндагина авлиёлик рутбасини олган аёл. Яшаш учун бирон нарсаси бўлмаган ҳолда, 30 йил давомида черков қурган ва қашшоқларга ёрдам берган. Пауло Коэлога ўзининг ёзувчилик иқтидорига ишониши учун ёрдам берган.

[3] Пиреней – Испания, Франция, Андора бўйлаб ўтган Бикай қўлтиғи ва Ўрта ер денгизи оралиғидаги тоғ тизмаси. Узунлиги 450 км, баландлиги 3404 метргача (Ането чўққиси). Мўътадил ва субтропик иқлим оралиғида.

[4] Сивиллалар  (Сибиллалар) – антик давр муаллифлари томонидан зикр этилган афсонавий башоратгўйлар; 12 тагача  Сивилла бўлган. Машҳурроғи Кум Сивилласи бўлиб, қадимги Римда расмий башоратчилик билан шуғулланувчилар фойдаланадиган, мақол ва башоратлардан иборат “Сивиллалар китоби” унга нисбат берилади.

[5] Тиберий (Tiberius) (милоддан аввалги 42 ва милодий 37 йй.) – Рим мператори. Августнинг 14-авлоди. Империянинг молиявий ҳолатини яхшилашга эришган.

[6] Павел  –  насроний афсоналаридаги ҳаворийлардан бири. Черков Янги аҳддаги 14 та мактубни унга мансуб деб қарайди.

[7] Буюк Антоний (тах. 250 – 356 йй.), насроний монахлиги асосчиси, зоҳид. Унинг фаолияти қонуний бўлган.

[8] Будда  (санскр., сўзма-сўз. — нурланган) —  буддавийлик асосчиси бўлган бу шахснинг исми Сидхартха  Гаутама  (милоддан аввалги 623-544), Шимолий Ҳиндистондаги шакя қабиласи шоҳининг ўғли.

[9] Наполеон I (Наполеон  Бонапарт) (1769  —  1821 йй.) – француз императори. Хизматни 1785 йилда артиллерия кичик лейтенанти рутбасидан бошлаган; Буюк Франция инқилоби ва Директория чоғида кўтарилган. 1799 йил ноябрида давлат тўнтариши қилиб, биринчи консул вазифасини олган. Секин асталик билан бутун ҳокимиятни ўз қўлга олган ва 1804 йилда император деб эълон қилинган.

[10] Тулон – Франциянинг Ўрта ер денгизи соҳилидаги порт шаҳар.

[11] Прага – Чехия пойтахти. Валтва дарёсининг Элбага қуйилиш бўйида жойлашган.

[12] Непал (Непал Қироллиги) – Жанубий Осиёдаги мамлакат. Ҳимолайнинг марказий қисмлари орқали Ҳитой ва Ҳиндистон билан чегарадош.

[13] Наварра – Испания шимолидаги тарихий вилоят.  Бош шаҳри — Памплона.

[14] Ацтеклар – Мексикадаги энг катта ҳинду халқларидан бири.

[15] Худо барча диний таълимотларга кўра меҳрибондир. Унда шафқатсизлик эмас, балки “қаҳр” сифати борки, Унинг қаҳру-ғазаби фақат Ўз иродаси биландир. Бинобарин, худо аслида биз яхши кўрган бирон нарсадан бизни мосуво этган бўлса, бунинг ўзига хос ҳикмати мажуд. Фақат уни ҳамма ҳам билавермайди. “Эҳтимол, сизлар ёқтирмаган нарса (аслида) ўзларингиз учун яхши, ёқтирган нарсаларингиз эса (аслида) ёмондир. Аллоҳ билур сизлар эса билмассизлар” (“Бақара” сураси 216-оят).– тарж.).

[16]Лидия – қадимда аҳолиси лидия қабилаларидан иборат бўлган Кичик Осиёдаги мамлакат. Мелоддан аввалги 7-6 асрлардаги мустақил давлат. Мелодан аввалги 6-4 асрларда форслар ҳукмида бўлган, кейин Александра Македонский давлатига, Селевкидлар, Пергамлар ва Римга қарам бўлган (Осиё вилоятининг бир қисмини ташкил этган).

[17] Крез (мелоддан аввалги 595-546 йй.) – Лидиянинг сўнги подшоҳи (мелоддан аввалги 560 йилдан бошлаб ҳукм сурган).

[18] Ниневия – Оссуриянинг қадимги шаҳри.

[19] Эпстайн (Epstein) Жакоб (Ёқуб) (1880-1959) — америка ва инглиз ҳайкалтароши.

[20] Мусо – Библияга кўра, яҳудийларни Фиръавн зулмидан қутқариб Мисрдан олиб чиқиб кетиш учун Худо томонидан танланган пайғамбар. У яҳудийларни Қизил денгиздан олиб ўтади. Сино тоғида Худо томнидан унга 10 насиҳатдан иборат ваҳий нозил бўлади.

[21] Касальс (Casals)  Пабло (1876-1973) — испан виолончелисти, дирижер ва бастакор. 75 йил атрофида чиқишлар қилган. Бах ва бошқаларнинг асарлари интерпретатори. Кўплаб мусиқа жамоалари ва ташкилотлари асосчиси.