Парвин Нуралиева. Самир учун… (ҳикоя)

Овозидан аҳволи яхши эмаслигини сездим. Тушлик баҳонасида мени ишхонаси яқинидаги қаҳвахонага таклиф қилди. Бинодан югуриб чиқдим. Совуқдан бошим, қулоқларим музлагандай бўлди… Оёғимни қўлимга олиб, қаҳвахонага чопиб кирдим. Бир бурчакдаги стол орқасида ўтирганча, сигарет бурқситаётганди. Унга кўзим тушди дегунча, ҳавонинг совуқлигини бирданига унутдим, вужудимни қандайдир бир илиқлик қоплади. Мени кўрди дегунча, оёққа қалқиб, пешвоз чиқди. Гўё минг йилдан бери кўришмаган одамлардай, қучоқлашдик, ёноқларидан ўпдим. Ҳол-аҳвол сўрашгандан сўнг, қизиқсиниб сўрадим:
– Тинчликми, нима гап ўзи?
– Ҳеч гап йўқ, соғлигим жойида, фақат бироз шамолладим, холос.
– Овозинг бўғиқлигидан буни сездим. Бошқа нима гап?
– Бошқа ҳеч гап йўқ…
– Нима, мени алдамоқчимисан, кошки, сени билмасам экан!
Бу гапимга хийла кулди. Бироқ кулгусида қандайдир ташвиш бор эди. Уни ташвишга солган нарсани тезда билгим келди. Шу чоғда негадир сочидаги оқларга кўзим тушди.
– Сочингдаги оқлар анча кўпайибди.
– Қарияпман-ку!..
Бу сўзлар ичимни куйдиргандай бўлди. Кулимсирашга уриндим.
– Бу ирсиятдан. Бунинг оқаришга нима алоқаси бор? Отамнинг сочлари ёшлигидаёқ оқарган эди. Нега ташвишли кўринасан? Болалар яхшими? Ёки уйда бирон гап бўлдими, – Шу йўсинда уни саволларга тутдим…
– Уйда ҳаммаси зўр. Болалар ҳам яхшилар. Фақат ўзим бироз чарчаганман. Бу чиркин муҳит мени чарчатди. Тушуняпсанми? Дам олишни истайман, ҳаммадан, ҳаммасидан…
…Шу паллада официант буюртма олиш учун бизга яқинлашди. У овозининг оҳангини ҳеч ўзгартирмай ва официантнинг юзига ҳам қарамай:
–Ҳамишагидай, – деди.
Официант бош ирғаб, “хўп бўлади”, деди ва узоқлашди.
У яна битта сигарета ёқди ва сўзида давом этди:
– Ўзинг биласан, сендан ҳеч нарсани сир тутолмайман. Бунинг устига маслаҳатингга муҳтожман. Бир иш қилмоқчиман. Буни уйдагиларга қандай айтишни билолмай гарангман!
Бармоқларининг титрашини кўриб, мен ҳам ҳаяжонга тушдим. Чунки у ҳар нарсага юқоридан, истеҳзо билан қарай оладиган йигит эди. Уни бунчалик ташвишга солган не экан ўзи?! Бардошим тугади:
– Самир, Худо ҳаққи, нима гаплигини тез айт. Юрагим ёрилай деяпти. Нима гап ўзи?
– Кетяпман… Чет элга… Ишлашга… Бир компания билан беш йилга шартнома имзоламоқчиман.
– Қаёққа? Қанақа иш?
– Бир қурилиш компанияси. Европанинг қайсидир мамлакатига юборишлари мумкин. Қаёққа юборсалар, ўша ёққа кетавераман.
– Хўш, нима иш қиласан? Қурилишда ишлаш қўлингдан келадими?
– Нега қўлимдан келмас экан?! Дала ҳовлимизни кўтарган уста, Коля ёдингдами? Унинг қўлида роса ишладим-ку…
У бу гапларни сўзлар экан, бошим устидан қайноқ сув қўйилгандай бўлди. Нечоғлиқ асабийлашганимни айтиш учун сўз тополмаётгандим. Агар қаҳвахонада ўтирмаганимизда, бақириб берган бўлардим. Онам берган ўгитларни эслаб, овозимни бир парда пасайтирдим:
— Жинни бўлиб қолдингми? Тўққиз йил ўқиб-ўқиб, энди чет элда лой қормоқчимисан? Бошқа иш қуриб қолдими?
— Яхши, лой қормайман. Ғишт ташийман…
— Ол-а! Жуда ақллисан-да!? Саволимга дарров зўр жавоб топдинг-а?!.. Тўғрисини айтсам, миянг суюлганга ўхшайди… Хотин, бола-чақа, ота-онангни ташлаб қаёққа кетмоқчисан?
– Беш йил нима деган гап, кўз очиб юмгунча ўтади-кетади. Хорижда ишлаб, ҳеч бўлмаса, қора қозон қайнатгулик пул топаман, моддий аҳволимни яхшилаб оламан. Бу муҳитдан ҳам анчагача узоқлашган бўлардим. Болаларни рўкач қилмай қўяқол, улар отамникида яшаб туришар. Билсанг, қарорим қатъий. Фикримни ўзгартираман деб уринмай қўяқол. Агар менга ёрдам қилмоқчи бўлсанг, яхшиси, бу гапни уйдагиларга қандай тушунтиришим кераклиги ҳақида гапир. Ҳеч кимни ранжитмоқчи эмасман. Аммо роса чарчадим. Бу ердан сал бўлса ҳам узоқроққа кетгим келяпти. Одам дегани қачонгача савиясиз, аҳмоқ кишиларнинг қўлида ишлаши мумкин?! Бунинг устига берадиган маошлари қора чақа, биринг икки бўлмайди… Тўққиз йил ўқидинг дейсан. Нима қипти? Тўққиз эмас, тўқсон йил ўқиганимда ҳам аҳвол шу бўларди! Ўқиганни қадрлайдиган киши борми ўзи?
… Унинг саволлари қаршисида ожиз эдим. Лекин бир йўлини топиб, уни фикридан қайтаришим керак. Официант дастурхон тузагунча, нима дейишим кераклигини ўйладим. Ананас шарбатидан қултумлаб, нутқ ирод қила бошладим:
– Самир, бу дунё ҳамма жойда бир хил. Чет элга кетсам, ҳамма нарса бирданига яхши бўлиб қолади, деб ўйлаяпсанми? Ундай эмас, акажон. Худо ҳаққи, ундай эмас. Агар хориж жаннат бўлганида, улар руҳшуносга биздан кўра кўпроқ югурмаган бўлишарди. Нега уларда қўйди-чиқди, ўз-ўзига суиқасд, жиноятчилик бунчалик кўп? Чунки уларнинг турмуши бизникидан баттар…
Аслида бўлмағур гаплар айтаётганимни ўзим ҳам билиб турардим. Қўйди-чиқди, суиқасд, жиноятчиликдан лоф урадиган пайт эмасди. Аммо сўйлашга бошқа гап тополмагандим. Ҳамиша булбулгўёдек тинмай сайрайдиган синглисининг бу гал жўяли гап тополмаётганини Самир ҳам сезди шекилли, юзимга меҳр билан боқиб деди:
– Яхши, сингилжон. Овқатингни е, ош бўлсин. Бироздан кейин ишга қайтишинг керак. Сен ишингга бор, мен бўлсам, бу ерда ўтириб, уйдагиларга нима дейишим кераклигини ўйлаб олай. Биламан, болалар кўнмайди. Онамиз бўлса, қарши чиқади. Лекин сен қўлласанг, уларни рози қилиш осон кўчган бўлармиди…
Оғзимдаги луқмани бир бало қилиб ютдим ва Самирнинг юзига терс қараб дедим:
– Шундай мушкул бир масалада ёрдам сўраяпсанки… Энди сенга нима десам экан?.. Қайсарсан… Айтганингдан қайтмайсан…
Бу гапларни айтар эканман, ўзимни янада ёмонроқ ҳис қила бошладим. Вазиятни юмшатиш учун гапни бошқа ёққа буриш керак, лекин қани ўша мавзу?! Кўзойнагимни ечиб, кўзларимни ишқалай бошладим… Бошқа гап топишим керак. Хархаша оҳангида дедим:
– Сен нега менинг охирги ҳикоям ҳақида ҳеч нарса демаяпсан? Ҳамма ўқипти, мени табриклаб ётишипти. Акажоним бўлса, ҳалигача ўқимапти…
– Сенинг-ча, мен ҳикоя ўқийдиган аҳволдаманми? Ҳозир адабиётнинг вақтими?
– Албатта, аслида айни ҳозир ҳикоя ўқишинг керак. Миянг дам олади, кераксиз фикрлардан чалғийсан ҳам.
– Сен шу романтикадан қутулмадинг қутулмадинг-да!.. Сенга қолса, адабиёт қоринни ҳам тўйғазади, дейсан…
– Ана қара, сенга ҳам ёзувчилик юқди, кинояли сўзлай бошладинг… Адабиёт урушларни ҳам тўхтатади. Инсонларни бирлаштирган ҳам адабиёт эмасми? Севган қизингнинг бошини айлантириш учун мендан шеърлар ўрганиб, sms юборган сен эмасмидинг? Ўшанда адабиёт сенга кўмак бермадими?!..
Кулди.
– Оллоҳ ҳеч бир бандасининг сирини сенга ошкор этмасин экан. Хотира эмас, компьютер… Энди сен бу аҳволимга ҳикоя шифо бўлади, демоқчимисан?
– Албатта. Ўрни келса, бир ҳикоя, бир роман оқ сочларни қорайтириши ҳам мумкин. Нима, ишонмаяпсанми? Гап шундаки, бу асарни ким ва қандай ёзганига боғлиқ.
– Ўҳўў… Сиз нақадар мистик масалаларга киришиб кетдингиз, ойимқиз, – деди. Хаёлига келган фикрдан овози кескинлашди. – Мен боғдан келсам, сен тоғдан келаётирсан. Осмону фалакда учганинг етар, энди пастга туш. Оёғинг ерга тегсин…
Жаҳли чиққанини сездим. Аммо ичимда бир сас тўғри йўлдасан, деяётганди. Бу гаплар билан уни чет элга кетиш фикридан қайтара оларман, деб ўйлаётган эдим. Мушкул математик масалани ечиш йўлини топган ўқувчидай қувониб:
– Кел, сен билан бир шартнома имзолаймиз, – дедим. – Туғилган кунинггача шундай зўр ҳикоя ёзаманки, уни ўқиб, беш йил у ёқда турсин, беш кун ҳам бу ердан узоқда яшай олмаслигингни тушунасан ва ҳеч қаёққа кетмайсан…
– Чинданми? Нима ҳам дердим? Қани бир ёз-чи, кўрайлик… Лекин бунга кўпам ишонгим келмаяпти. Ёзган ҳикоянг ҳамёнимни қаппайтирадими? Ёки шу муҳитни ўзгартирадими?
Бирдан “Casio” эсимга тушди. Соатимни айтяпман. Ишга қайтишим керак эди. Бадбинона хайрлашишни истамадим. Гапни ҳазилга бурдим:
– Ишга боришим керак. Овқат ҳам чала қолди. Овқат егани фурсат ҳам бермадинг-да… Бу одат сенга қўндоқда теккан-ку… Менинг овқатимни ҳам қўшиб ейиш учун атайлаб мени гапга солдинг.
– Ол-а… Сенинг бу бемаза парҳез овқатингни ер эканманми?
– Ҳаа, ёшлигимизда қўлимдаги шоколадларни тортиб олиб еган сен эмасмидинг?! – дея кулдим ва оёққа қалқиб, пальтомни кийдим. У ҳам ўрнидан турди. Сочларини тўзғитиб, ёноғидан ўпдим. – Гап бир, келишдикми? Сен ёзадиган ҳикоямни кут, кўрасан, сингилгинанг нималарни ёзар экан, – шундай дедим-у, тезда қаҳвахонадан чиқдим.
Март ойининг бўйларини ҳис эттим дегунча, бадбин хаёлларга берилдим. Ўзимдан жаҳлим чиқаётган эди: “Уддасидан чиқолмасанг, нима қилардинг баҳс бойлашиб! Ундоқ ёзадурман, бундоқ ёзадурман, бундоқ якунлайдурман, деб лоф урган ким эди? Хўш, нима бўлди? Ўша кундан бери бир ҳафта ўтди, бир сатр ҳам ёзмадинг-ку!”
Ҳа, ёза олмаётгандим. Унинг ҳаётига алоқадор исталган бир воқеани ҳикояга айлантиришим мумкин эди. Бироқ бу мавзу унинг фикрини ўзгартиришга қодир эмаслигини яхши тушунардим. Унга бу ердаги ҳаётининг гўзаллигини англатадиган бир нарса ёзишим даркор эди… Кун ўтган сайин жиғибийрон бўлавердим.
… Ҳафта охирида боғимизда йиғилишга қарор қилгандик. “Балки, ота-онамни ишга соларман”, деб ўйладим. Саҳармардондан дала ҳовлига етиб бордик. Самир рафиқаси ва болаларини юборганди. Ўзи бўлса оқшом палласи келиши керак эди.
Телевизорда суюкли ёзувчимга бағишланган кўрсатувни томоша қила бошладим. Ошхонадан онамнинг овози эшитилди:
– Компьютерингни унга оид видеолар, ёзувлар билан тўлдириб ташлаганинг етмайдими?!.. Бу ёзувчи ҳақида билмаган нарсанг қолганми ўзи? Тур ўрнингдан, бу ёққа кел, ҳамма билан бирга ўтир…
Ошхонага кириб, онамнинг сочлари унга беланганини кўрдим ва шу заҳоти Самирнинг оқарган сочлари эсимга тушди…
– Акамнинг туғилган кунига атаб бир ҳикоя ёзмоқчи эдим. Бир мавзу айтсанг-чи.
Онам буни сўрашимни худди олдиндан билгандек, бирдан жавоб берди:
– Қайдан билай… Ака-сингил муносабатлари ҳақида ёзақол. Сени у катта қилган. Биз ишлар эдик. Сен куни бўйи у билан қолардинг. Қилғуликларинг учун сенга жазо бермоқчи бўлганимизда, у чидай олмай ёлворар, “Синглимни уришманг… Синглимни урманглар”, дерди. Сендан “Онангни яхши кўрасанми ёки отангними?” деб сўрашганида нуқул “Акамни” деб жавоб берардинг…
Онам ўша йиллардан қолган хотираларни эслади, шекилли, узоқларга тикилиб қолди.
– Отанг касал бўлганида у тўрт кунда саккиз кило озди. Ҳафталарча ухламади… Эсингдами?
Онам шундай деркан, ҳузн билан қўлидаги хамирни қора бошлади. Бу менга ишора эди. Гапни чўзмаслигим керак. Ошхонадан чиқиб, меҳмонхонага бордим. Отамга яқинлашдим, меҳр билан ундан-бундан суҳбатлашдик. Кейин унга ҳам айни саволни бердим:
– Самирнинг туғилган кунига бир ҳикоя ёзмоқчи эдим. Бу ҳақда бирон нарса дея оласанми, нима ҳақда ёзсам экан?
– Кўп нарса ёзишинг мумкин… Болалик пайтларингизда бўлган воқеаларни ёзгин. Эслайсанми, у институтга кирганида ҳечам қувонмаганди. Чунки ўша йили сен имтиҳондан “йиқилган”динг… Бу воқеани ҳикояга айлантир қўй…
Отамнинг бундай теран, фалсафий масала ҳақида ўзига хос, оғир, бироқ содда, шавқсиз йўсинда сўзлашидан мамнун бўлдим. Лекин маҳаллий шевада гапиргани учун бир қитмирлик қилмасам, кўнглим жойига тушмасди:
– Дунёнинг қаерида бўлса бўлсин, сен билан гаплашган одам ўзини Абшеронда ҳис қилади. Ҳазар ҳам, Шани ҳам, Нефт ҳам, Душбара ҳам сенинг тилингда сўйлайди… Маслаҳатинг учун раҳмат. Лекин бу хийла мушкул иш, – дедим ва хонадан чиқдим.
…Йўқ… Янада таъсирлироқ бир нарса топишим даркор! Чунки буларни Самир яхши эслайди. Ёзганим унинг учун янгилик бўлмайди. Самирнинг чет элга кетиш қарори ҳақида ота-онамга ҳеч нарса дея олмадим… Бутун умидим ёзадиган ҳикоямдан эди…
Боққа чиқиб, тут остида кеза бошладим. Телефонимни очиб, эски sms-ларни, қайдларим, ярим қолган ёзувларимни ўқишга тутиндим. Уларнинг орасидан бир ўқ жумла, илҳом берадиган бирон гап чиқиб қолишидан умидвор эдим… Миям ишламас, ҳамма нарса ағдар-тўнтар бўлиб кетганга ўхшарди. Тўсатдан уй эшиги очилиб, боққа Самирнинг ўғли кириб келди…
– Бор, уйга кир, шамоллаб қоласан.
– Вини…
– Мен Вини эмасман… Менга “амма” дегин.
– Амма, ёнингга борсам бўладими?
Билдимки, Оллоҳнинг бу балосига “йўқ, келма” десам, йиғлаши турган гап.
– Яхши, келақол. Лекин қалинроқ кийиниб чиқ, кейин келавер.
Икки дақиқа ҳам ўтмай ёнимда пайдо бўлди.
– Вини…
– Ҳали айтдим-ку, менга “амма” дегин деб.
– Амма…
– Жоним… Исмингга қурбон бўлай сенинг! Айт, нима дейсан?
– Сен йиғлаяпсанми?
Бу сўзлардан кейин ҳақиқатан ҳам йиғлагим келди. Беш яшар бола ичимдан ўтаётганларни қандай ҳис қилди экан?! Қўлидан тутиб, тахта ўриндиқ томонга бошладим. Ўтирдим. У қучоғимга кириб, мен билан юзма-юз ўтирди. Бошини силадим. У ҳам исирғаларим, сочларимни ўйнай бошлади. Бола гўзалликнинг тилини биладиганга ўхшарди.
– Амма, сенга нима бўлди?
– Сен аммангнинг нимасисан?
– Жониман… Амма, сенга нима бўлди?
Қучоғимда ёш бола эмас, кап-катта киши ўтирганга ўхшарди. Энди мен билан гаплашиб барча масалаларни ҳал қиладигандек эди. Ҳикояни ҳам ёзади, отасининг ишларини йўлга қўяди, ҳатто уни бу диққинафас муҳитдан ҳам қутқаради. Билмадим, аммо негадир бу беш яшар фаришта билан очиқ-ойдин гаплашгим келди.
– Отанг узоқларга кетишни хоҳлаяпти, жоним. Амманг шунинг учун ҳам ўйга ботган, болам.
– Нега? – боланинг кўзлари ёшга тўлди.
– Кўп ишлаш, кўп пул топиш учун кетади, сўнгра қайтиб сенга ўйинчоқлар, машина олиб беради…
Сўзларимни тамомламай туриб, бола сакраб ерга тушди ва уй томонга чопа кетди.
“Вой худойим-эй… Энди бориб онамга айтса, иш расво бўлади. Ўзимдан жаҳлим чиқди: “Сен ҳам дардлашадиган одамни топдинг-да!”… Лекин у кўп ўтмай уйдан чиқиб, яна ёнимга келди. Ҳаяжонланиб, тез-тез гапира бошлади, аммо нима деяётганига тушунмаётган эдим.
– Нима бўлди, қўзичоғим?
– Амма, буларни отамга бер… – дея бир тўда тангани ҳовучимга битта-битталаб қўя бошлади: ўн, беш, уч ва бир тийинлик тангалар. Ҳаммаси ўн тўққиз тийин. Шу чоғда бутун вужудим титрай бошлади.
– Буларни қаердан олдинг, болам?
– Бувим берган. Сен буларни отамга бер, узоқларга кетмасин. Ҳаммасини бер, булар сенга етади, де…
– Хўп бўлади, ақлли болагинам менинг. Бераман. Энди уйга борақол. Ҳаво совуб кетди…
Ҳовучимдаги ўн тўққиз тийинга узоқ тикилиб ўтирдим. Нима қилишимни билмасдим. Телефонни олиб, Самирга sms ёздим: “Ўғлинг сен учун ўн тўққиз тийин тўплабди. Шу етадими? Мана шу сенинг ҲИКОЯНГ…”

P.S. – Мени кечир, ақлли болажоним, сенга бағишлаб бир ҳикоя ёза олмадим. Ҳали жуда кичкинасан. Бироз катта бўл… Ўттиз ёшга кирганингда ёзаман. Бу ҳикоянинг номини “Самир учун” деб атаймиз…

Озарбайжончадан Бобохон Муҳаммад Шариф таржимаси