Оскар Уайльд. Шиша кўз (ҳикоя)

Кунлардан бирида мол-мулкининг ҳисоби йўқ такаббур жаноб ҳаётида кўнгилсизлик рўй берди: бояқиш ов маҳали бир кўзидан ажралиб қолди. Бу кўргуликдан сўнг у дунёдаги энг яхши сунъий кўзни қўйдиришга қарор қилди. Аммо бу ясама кўз сўқир қароғдан жой олгач, сунъийлиги билинмаслиги, жанобнинг обрўю шон-шуҳратига доғ туширмаслиги лозим эди.
Хуллас калом, соф биллур ва тоза бўёқдан ясама гавҳар бунёд бўлди. Унинг тубидаги қорачиқ бахмалдай майин эди, камалакдай жилоланаётган тим зангори қобиққа эса тилласуви югуртирилганди. Йигитлик савқи кетмаган бой сунъий гавҳарни сўқир кўзига жойлаб, ўзини бир кўзгудан иккинчи кўзгуга солиб, роса томоша қилди. Бу юмушга шу қадар берилиб кетдики, ясама кўз ёқиб қолганидан ўз-ўзини бошқатдан севишга тараддуланди гўё. Шундан сўнг у сунъий кўзда одамларда қандай таассурот қолдиришини синамоқчи бўлди ва чошгоҳдан сўнг ҳузурига энг яқин дўстини чорлади. Икков хўп гурунглашдилар. Меҳмон мезбоннинг шиша кўзи борасида хўп яхши гаплар айтиб, уни обдон мақтади. Жаноб худди ўзи кутганидек бўлиб чиқди. Дўсти алқашдан нарига ўтмас, шиша кўз ўнгдами, чапдами, буни айтишга шошилмаётганди. Охири тоқати тоқ бўлган бой ўртоғидан кўзининг қайси бирида сунъий гавҳар қўндирилганини сўради. Дўсти эса унинг кўзларига синчков нигоҳ ташладию аммо тағин аравани қуруқ олиб қочди:
– Соғ кўзингдан фарқланмайди-я, ажойиб. Шуни чин дилдан айта оламанки, беқиёс гўзал, таърифлашга тил ожиз…
– Ё худо!-хитоб қилиб юборди бой,- бундан бошқа айтадиган гапинг йўқми? Ё соғ кўзни сунъийсидан ажрата олмайдиган даражада ношудмисан? Наҳотки, шиша кўзимнинг шишалиги сезилмаётган бўлса? Ўртоқ, бўла қол, яна бир бор кўз ташлаб кўр, иккала кўзимга диққат билан қара, қайси бири сунъий, шуни ажратиб бер.
Жанобнинг йўриқларини инобатга олгач, дўст унга назар ташлади ва бир зум термилиб унинг қайси кўзида сунъий гавҳар борлигини аниқлади. Бой “буни қандай уддаладинг” дея савол берганида ўртоғи соддалик билан шундай жавоб берди:
–  Иккала кўзни таққослаганда, сунъийси гўзал экан.
– Эҳ! – деб юборди бой ранжиган бўлиб.-Эҳтимол ҳақдирсан, лекин сабаби бу ҳам эмас. Иккала кўзимнинг фарқини осонгина ажратиб олганининг сабаби бошқа. Лаънати овда ажралиб қолган кўзимнинг қанақалигини илгари билардинг. Кел, кичкина бир тажриба ўтказиб кўрамиз. Ҳозир иккаламиз кўчага чиқамиз, дуч келган биринчи йўловчидан кўзларимнинг қайси бири шиша эканини аниқлашини сўраймиз.
Бир ёқадан бош чиқарилгач, икков кўчага чиқишди. Дўстларнинг бир чеккада, деворга суянган кўйи чордона қуриб ўтирган жулдур кийимли ғариб тиланчига кўзлари тушди. Гадо шу қадар афтодаҳол эдики, бойнинг ўртоғи “агар ҳожатингни чиқарса, ундан марҳаматингни дариғ тутма” дея хе-хелади.
Жаноб дўстини чеккада қолдириб, ўзи гадо олдига секин қадам ташлаб келди-да, элбурутдан ҳиммат қила кетди:
– Крона ишлашни истамайсанми?
-Крона?-қулоқларига ишонмай сўради тиланчи,-истайман. Ахир неча кундан бери туз тотганим йўқ. Сўнгги бор қачон тамадди қилганимни эслаёлмайман. Менга пул жуда-жуда зарур.
Бой тиланчига яқин сурилиб келиб, ҳамёнидан бир дона крона олиб, унинг исқирт кафтига тутқазаркан, мақсадга кўчди:
-Фақат битта шартим бор. Кўзларимга тўйгунингча қара, шошма, улардан қайси бири шишадан ясалган. Мана шу жумбоқни ечиб бер сенг, пул сеники.
Гадо бойнинг қароқларига тикилиб, бир муддат ўйланиб турди-да сўнг унинг ясама гавҳар жойланган кўзига имо қилди.
Бой тонг қотиб, ортига тисланди. Бу жумбоқнинг тагига қандай етганини сўради. Тиланчи унга шундай жавоб берди:
-Агар гапимни қўполлика йўймасангиз, сэр, бу жумбоқни мен хамирдан қил суғургандек қилиб ечдим. Сизнинг шиша кўзингиздагина шафқатга ўхшаш майин нарса борлигини илғадим.

Умид Али таржимаcи