Орасио Кирога. Пар ёстиқ (ҳикоя)

Тўйдан кейинги асал ойи келинчак кутганидан кўра ўзгача ўтаётганди. Оқ-сариқдан келган, гўзал ва уятчан қизнинг бир пайтлардаги ўй-хаёллари эрининг совуққина муносабатидан саробга айланаётгандек эди.
Шундай бўлса-да, келинчак эрини жуда севар, кўчада сайр қилиб юрганларида соатлаб сўз қотмайдиган баланд бўйли, келишган Хорданга кўз қирини яширинча ташлаб ширин энтикарди. Эр туйғуларини сездирмас, аммо у ҳам хотинини айрича севарди.
Улар уч ой давомида – уларнинг тўйи апрелда бўлган эди – шу зайлда ўзлари кашф қилган муҳаббат оламида яшадилар. Дарҳақиқат, нозиккина келинчак севгидан осмонларда учиб юрар, аммо эрининг доимий жиддийлиги ўзини эркин тутишига изн бермас эди.
Улар яшаётган уй ҳам ёш келин-куёвнинг ҳиссиётларига таъсир кўрсатаётганга ўхшарди. Пашша учса эшитиладиган жимжит ҳовлининг оппоқ устунлари, мармар ҳайкаллар кузги сеҳрланган саройни эслатарди. Ичкарининг ялт-ялт этган оппоқ тусли баланд деворлари ҳам совуқ ҳиссиёт туғдирарди. Бир томондан бошқасига ўтганда оёқ товушларининг чўзиқ акс-садоси сукунатга сингиб кетгунча эшитилиб турарди.
Муҳаббатнинг бу ғалати гўшасида Алисия бутун кузни ўтказди. Шунга қарамай у ўзининг бир пайтлардаги орзуларига берилар, эри келгунича бундан бошқа нарсаларни уйламай тушда юрган каби вақтини ўтказарди.
Нимагадир Алисия оза бошлади. У аввалига енгил шамоллагандек туюлди, аммо кундан кунга касаллиги зўрайиб орқага кета бошлади ва шу кўйи аҳволи ўнгланмади. Бир куни тушдан кейин келинчак эрининг кўмагида боққа чиқди. У ёқдан бу ёққа ҳафсаласиз кўз югуртираётганида, Хордан мулойимлик билан унинг бошини силади, Алисия эрининг бўйнидан қучди-да, ҳўнграб йиғлаб юборди. Эркалашдан бўшашиб шу кунга қадар бўлган сукутини бузиб узоқ йиғлади. Аста-секин йиғи тинди, у бир сўз айтмасдан қимирламай эрини қучоқлаганча анча турди.
Бу Алисиянинг ўрнидан турган охирги куни бўлди. Эртасига заифлашган ҳолда уйғонди. Хорданнинг хос шифокори Алисияни диққат билан текшириб, унга тинчлик ва кўпроқ дам олиш кераклигини тайинлади.
Ҳеч нарсани тушунмаяпман ‒ деди кўча эшик олдида паст овозда шифокор ‒ Унинг бундай заифлашиб кетаётганлиги ғалати, кўнгил айнаш йўқ, бирор жиддий сабаб йўқ … Эртага ҳам шу аҳволда уйғонса, дарҳол мени чақиринг.
Эртаси куни ҳам унинг аҳволи ўзгармади. Шифокор келди. Ўта оғир анемия ташхисини қўйди, аммо сабабини тушунтира олмади. Алисия асабийлашмас, сокин, аммо ҳаёти сўнаётгани кўриниб турарди. Кун бўйи чироқ ўчмаган ётоқда сукунат ҳукмрон бўлди. Жимжитликда соатлар ўтди. Алисия фақат ухларди. Шу кунларда Хордан уйнинг меҳмонасида яшар, унинг ҳам чироғи доим ёқиғлиқ турди. У тўхтовсиз у бурчакдан бу бурчакка юрар, қалин гилам оёқ товушларини ютиб кетарди. Вақти-вақти билан хобгоҳга кириб жимгина хотинига термуларди.
Вақт ўтиб Алисия алаҳсирай бошлади, аввалига учди, кейин ерга қулади. Келинчакнинг кўзлари олайиб катта очилди ва кроватидан ерга тўшалган гиламга қарай бошлади. Ярим кечада нигоҳи бир нуқтада қотиб қолди. Бақирмоқчи бўлиб оғзини очар, бурун ва лабларидан тинимсиз тер қуйиларди.
‒ Хордан, Хордан! ‒ ахийри овози чиқиб кетди қизнинг, кўзлари эса ўша куйи гиламда қотиб қолганди.
Хордан ётоққа югуриб кираркан, унга қараб Алисия қўрқув аралаш додлаб юборди.
‒ Бу мен, Алисия, бу мен!
Алисия эрига ғалати қараш қилди, кейин гиламга қаради ва яна эрига, шу ҳаракатни бир неча марта такрорлаб бир оз вақт ўтиб тинчланди. Жилмайишга уринди ва кафтлари орасига эрининг қўлини олиб титроқ бармоқлари билан сийпалади.
Алисияда алаҳсираш хуруж қилганда, энг ёмони унинг бармоқларига ёпишиб олган-ча гиламдан кўзлари совуқ бир маҳлуқ унга кўрина бошлаганди.
Шифокорлар умидсиз қайтиб кетишди. Уларнинг кўз ўнгида кундан-кунга қонсизлашиб ҳаёт шоми яқинлашаётган бир ёшгина вужуд ётар, нима сабабдан бундай бўлаётгани эса бутунлай қоронғу эди. Сўнгги текширувда Алисия ҳали у билагини, ҳали бу билагини ушлаб кўраётганларга ажабланиб термулди. Жимгина уни текшириб бўлгач, ошхона томонга ўтишди.
‒ Ҳммм … ‒ ҳафсаласиз елкаларини қисди хос шифокор. ‒ Аҳволи ўта оғир… қўлимиздан ҳеч нарса келмайди.
‒ Бундай бўлиши мумкинмас! ‒ столга муштлаб ураркан, бўғилиб деди Хордан.
Алисиянинг қонсизликдан аҳволи янада оғирлашди. У, айниқса, шом пайтида жуда безовталанар, аммо, иложсиз ўзини тун ҳукмига топширарди. Кундузлари касаллик унча қўзғалмас, бироқ тонгда ранглари оппоқ оқарганча деярли ҳушсиз мурда каби ётарди. Тунги алаҳсирашларда, худдики унинг танасига бир оз қон киргандек, ҳаёт нишонаси бордек туюларди. Қиз эрталаблари жонсиз танасини ботмонлаб оғир юк босгандек ҳис қилар, учинчи кундан бошлаб бу оғир юк ҳисси уни тарк этмади. Фақат амаллаб бошини қимирлатарди. Тўшагига тегинишларини, айниқса, ёстиғини алмаштиришларини умуман хоҳламади. Тунда ёшгина жувоннинг кўзига маҳлуқлар кўринар, улар унинг тўшагида сакраб ўйинга тушардилар.
Охири бутунлай эс-ҳушини йўқотди. Кейинги икки кун паст овозда инграниб чиқди. Шу кунлари чироқлар ётоқхона ва меҳмонхонада сира ўчмади. Ётоқдан келаётган нимжонгина инграш билан Хорданнинг туганмас сассиз қадамлари уйдаги ҳукмрон сукунатга сингиб кетарди.
Қанча ҳаракат қилинмасин, Алисия ўлди.
Хизматкор аёл тўшакни йиғиштириб олгани кирди ва ёстиққа ажабтовур тикилиб қолди.
‒ Жаноб ‒ чақирди у Хорданни паст овозда. ‒ Ёстиқда қон доғчалари борга ўхшаяпти.
Хордан тез-тез юриб яқинлашди. Унинг ҳам ажабланиши ортди. Ҳақиқатдан ҳам, ёстиқнинг Алисияни бошидан қолган ботиқ жойи икки чеккасида кичик-кичик қорамтир доғчалар бор эди.
‒ Чаққандаги доғга ўхшайди, ‒ қимирламай бир оз кузатгач, деди шивирлаб хизматкор аёл.
‒ Уни ёруғ жойга олиб чиқ ‒ буюрди Хордан.
Оқсоч аёл ёстиқни кўтарди-ю, аммо тезда уни ташлаб юборди ва ранглари оқариб, тиртаган кўйи ёстиққа қараб қотиб қолди. Хорданга хизматкор аёлнинг сочлари ҳурпайиб кетгандек туюлди.
‒ Нима бўлди? ‒ аччиқланиб сўради у.
‒ Жуда оғир экан. ‒ қўрқув ичида жавоб берди аёл.
Хордан ёстиқни ўзи олди, ростдан ҳам у ғайритабиий даражада оғир эди. Бирга чиқишди, Хордан ёстиқни ошхонада стол устига қўйиб бошидан охиригача кесди ва столга уни ағдарди. Енгил парлар ҳавода тўзғиб учдилар ва хизматкор аёл қўлларини ёноғига тушиб турган зулфига қўйганча оғзини катта очиб ваҳимали додлаб юборди. Тўзғиган парлар орасидан тукли оёқлари секин ҳаракатланаётган, шилимшиқ ва шарсимон мавжудот кўринганди. Маҳлуқ шишиб кетганлигидан оғзи қаерда, билинмасди.
Аниқ бўлдики, Алисия шамоллаб ётиб қолганидан кейин, бу паразит тунлари билан оғзини, аниқроғи нишли хартумчасини қизнинг чаккаларига қўйиб қонини сўрган. Одатда чаққани умуман сезилмайди. Ёстиқни ҳар куни алмаштириб туриш бу маҳлуқнинг ривожланишига тўсқинлик қилган бўларди, аммо оқсочнинг бу вазифасини бажариши ҳолдан толган қиз учун азоб эди. Беш кеча-ю беш кундузда маҳлуқ Алисиянинг қонини ичиб бўлганди.
Булар паррандаларда яшайдиган кичик паразит ҳашаротлар бўлиб, қулай шароитда кутилмаган даражада ўсиб кетади. Одам қони бу паразитнинг севимли таоми ҳисобланади, шу сабаб у пар ёстиқларда тез-тез учрайди.

Испанчадан Дилрабо Бахронова таржимаси.

Таржимон ҳақида: Бахронова Дилрабо Келдиёровна – Филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).
У 1973 йилда Бухоро вилояти Ғиждувон туманида туғилган, миллати ўзбек. 1995 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетини тамомлаган. 2015-2017й Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети докторантураси илмий ходим-изланувчиси бўлган. Илмий ишлари тилшунослик назарияси, лингвокультурология, когнитивистика ва таржимашунослик масалаларига бағишланган.
Бахронова Дилрабо Келдиёровна испан тили ва адабиёти, ўзбек тилшунослиги, тилшунослик назарияси, таржимашунослик бўйича Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети етакчи мутахассисларидан. У 1 ўқув қўлланма, 2 электрон ўқув қўлланма муаллифи. Шунингдек, унинг илмий тадқиқотлари юзасидан 40дан ортиқ илмий мақолалари мамлакатимиз ва Испания, Россия, Австрия, Туркия каби хорижий давлатлар илмий журналларида чоп этилган. Д.Бахронова тузган “Испанча ˗ ўзбекча луғат”дан таълим муассасаларида фойдаланиб келинмоқда.
Д. Бахронова 2011 йилдан Европа Иттифоқи испан тили ўқитувчилари (АЕРЕ) жамияти аъзоси, Испанияда бўлиб ўтган халқаро конференцияларда 3 маротаба илмий тадқиқоти юзасидан бевосита маъруза қилган ва 2014 йилда Кастилла Ла Манча университетида малака оширган.