Олесь Гончар. Сирли мактуб (ҳикоя)

Қиш фасли охирлаб, дилни яйратувчи баҳор келди. Труханов оролидаги дарахтлар аста-секин куртак ёза бошлади. Ккенг ялангликларда майсалар ниш урди. Қалбларда ёқимли, кишига роҳат бахш этувчи ҳис-туйғулар уйғона бошлади. Усмон ва Марта! Улар ҳозир қаерда эканлар? Ҳаётлари қандай кечди экан? Аста-секинлик билан кириб келаётган сўлим Киев баҳори улар ҳақидаги хотираларни ёдимга солади.
Бу воқеа Латвияда иккинчи жаҳон уруши пайтида рўй берган эди. Ҳолдан тойдирувчи ҳужумлардан сўнг, ниҳоят, бизга дам берилди. Батареямиз билан ботқоқликлар орасида қолиб кетган ярим вайрона бир қўрғонда тўхтадик. Қўрғон хўжайини бизни яхши кутиб олмаса-да, малла сочли қизи барчамизни очиқ чеҳра билан қаршилади. Кошона бўлмаса-да, тин олишга имкон берадиган бир қўналға топганимиздан хурсанд эдик.
Марта исми бу эпчил бу қиз барча ишларга улгурарди. Шалоладай олтинранг сочлари юрганида у ёқдан-бу ёққа бориб-келарди. У ҳовлида юрганида кўнглимиз ёришиб кетарди.
Бизни кўрганда қизнинг яноқлари қип-қизариб кетарди. Айниқса, энг ёш, қадди-қомати келишган алоқачи аскар Усмонга кўзи тушганида қорачиқларида ўзгача бир ўт ёнарди.
Усмонни барчамиз ёқтирардик. У кўз ўнгимизда ўзгара бошлади. Ҳа, унинг дунёсига бошқа бир фасл кириб келган эди. Усмон қандай ишга қўл урмасин, қойиллатар, чеҳраси ботиний бир нурдан порлай бошлаган эди. Усмон Мартани ёқтириб қолганини биздан сир тутмасди. Уларнинг муҳаббати тонгги шафақдек бутун батареяга нур соча бошлади.
Ҳар биримиз ўз муҳаббат тажрибаларимиздан гапириб, Усмонни “қуроллантирмоқчи” бўлардик. Улар кўпинча қудуқ ёнида суҳбатлашиб туришарди. Марта бўш челакни ушлаб олганча Усмонга табассум ҳадя қиларди, бу сеҳрли онларни ажиб бир завқ билан томоша қилардик. Ахир, барчамиз муҳаббатни соғинган эдик-да!
Бизни бир нарса ҳайрон қолдирарди: қизиқ, улар бир-бирининг тилини тушунмаса, қандай гаплашишаётган экан-а? Йигит самарқандлик, олтин сочли Марта эса латиялик эди.
Бир куни ҳаммомга тушадиган бўлдик. Ҳаммомни навбатма-навбат қиздирардик. Авваллари Усмон истар-истамас бажарарди. Бу гал ишга жон-жаҳди билан киришди. Ҳўл ўтинларни аранг ёқиш, аччиқ тутундан бўғриқиб олиш − бундай нохушликлар севимли қизининг кўзлари осмондаги юлдуздек чақнаб, унга тикилиб тургани учун йигитга асло сезилмасди.
Улар бирга ўтин ташиб келар, тутаётган нам ўтинни болаларча “пуф”лаб аланга олдиришга ҳаракат қилишарди… Кечқурун Усмон ҳаяжон билан капитаннинг ёнига борди.
− Ўртоқ капитан, мурожаат қилишга рухсат этинг! – деди.
− Рухсат!
− Ҳаммом ювинишга тайёр!
Командир ва унинг ёнида турганлар Усмоннинг беҳад ҳаяжонланаётганини сездилар:
− Ҳой, бола, сархушга ўхшайсан, мабодо, у ерда бирортаси билан ичмадингми?
− Йўқ, ичганим йўқ, ўртоқ капитан!
− Унда нега лолақизғалдоқдек қизариб кетдинг?
− Мен… мен… мен… ундан…
− Олов ёқаётган эдик, ўтхона тутаб кетди, ҳеч нарса кўринмай қолди… Кейин, шу… воқеа содир бўлди.
Биз унинг “бўса олдим” деган сўзни айта олмаётганини ҳис этдик.
Ён-атрофдагилар хохолашди. Командир ҳам босиқлик билан жилмайиб қўйди.
− Нимаям дердим… Энди унга уйланишингга тўғри келади. Шу ҳақда ўйлаб кўрдингми, Усмон?
− Албатта, жуда кўп ўйладим!
− Хўш, қандай қарорга келдинг?
− Қарорим қатъий, унга уйланмоқчиман.
Усмоннинг ҳар бир гапига кулардик.
Бироқ унинг ҳазиллашишга вақти йўқ эди, учрашувга шошаётганди. Маълум бўлишича, Марта кечки овқат пайтида Усмонни уйидагиларга таништирмоқчи бўлган экан.
Қизнинг ота-онаси Усмонга худди куёвларидай илтифот кўрсатишибди.
Эртаси куни қисмимизга йўлга тушиш ҳақида буйруқ келди. Ҳаво рутубатли эди, атрофда қарғалар қағиллар, шамол қайин баргларини юларди. Ҳамма нарса кетишга тахт қилиб қўйилганди. Барчанинг кўз ўнгида Усмон билан Марта хайрлашишарди.
Мартанинг кўзидан шашқатор ёш оқса-да, ёмғир ортидан чиққан қуёшдек йигитга табассум билан боқар, унинг кафтини юзларига босарди, Усмон эса сеҳрлангандек қиздан кўз узмасди.
Йигит қизнинг қўлини қаттиқ сиқди-да, машина томон югуриб кетди. Марта машина ортидан югуриб бораркан, қўлини силтаганча Усмонга нималардир дер, сочлари эса шамолда байроқдек ҳилпирарди. Усмон ҳам қизга жавобан нималардир дерди…
Жанг майдонларида, окопларда Усмон Мартадан орзиқиб хат кута бошлади. У хат ташувчини ҳоли-жонига қўймасди.
— Сен хатимни адашиб, бошқага бериб юборгансан! — дея почтачини койирди.
Ниҳоят, хат келди.
Усмон хатни бор овози билан ўқиб, шодлигини барча билан баҳам кўрмоқчи эди. Бирдан тарвузи қўлтиғидан тушди, хат латиш тилида ёзилганди.
Нима қилса экан? Кимдан ёрдам сўрасин? Афсуски, орамизда латиш тилини биладиган аскар топилмади.
Усмон бу ҳолатга ҳам кўникди. Муҳими, Марта ўз қўли билан ёзган хат келди-ку! У хатда ёзилган бирон сўзни тушунмаса-да, танга топган гадодай суюнарди. Демак, Марта уни унутмабди!
Усмон Мартадан келган хатларни кўксидаги чўнтагида сақлаб юрар, кафтларида силаб қўярди. Аскар бир ерда турармиди? Яна йўлга тушдик.
Усмон ўтирган машина шаҳардан ўтаётганда шериклари унинг одамлар орасидан кимнидир қидириб, безовта бўлаётганини сезиб қолдилар.
− Усмон, сенга нима бўлди?
− Тўхтанг! − у тўсатдан командири ўтирган машина томини ура бошлади. − Тўхтанг! Бир дақиқага! Бир дақиқага! Илтимос, тўхтанг! − дерди тинмай.
− Ҳа, нима дейсан?
− Марта! Марта! − дея қўлини силкитарди Усмон.
Машина тўхтади. Усмон ундан ўқдек отилиб тушди-ю, одамлар орасига кириб кетди ва пўстинли бир кишини қўлидан тортиб, ўзига қаратди.
− Тўхтанг! − деди Усмон ва хатни чиқариб, унга узатди. — Сиз латишсиз-а?
— Ҳа, нимайди?
— Мана бу хатни ўқиб беринг!
− Кечирасиз…
− Ўқинг! Ўқинг! Илтимос!
Уларнинг атрофида одамлар тўплана бошлади. Ҳалиги киши Мартанинг хатини овоз чиқариб, ўқиб, йигитга таржима қилиб берди. Қиз хатида Усмоннинг қиёфаси эртаю кеч унинг кўз ўнгида эканлиги, тушларида тез-тез кўраётгани ҳақида ёзганди. Хуллас, бошдан-оёқ севги сатрларига тўла ишқий мактуб эди.
Усмон хатни ўқиб бераётган кишидан муҳаббат тўла кўзларини узмас, унинг дўриллаб хат ўқишини гўё ёқимли мусиқадек, эрта баҳорда сайраётган булбул навосидек бор вужуди билан берилиб тингларди.
Орқамизда турна қатор бўлиб қолган машиналар “дид-дид”лаб, биздан йўл сўрарди. Биз эса муҳаббат дунёсида муҳаббат сўзидан, муҳаббат исидан маст йигитга қараб, ҳаётнинг бор машаққатини унутгандек эдик. Ишқ олдида қолган барча ҳиссиётларимиз таслим бўлгандек эди.

Рус тилидан Назира Жўраева таржимаси