О’Генри. Вақт қиймати (ҳикоя)

Ота одатдагидек ишдан кеч қайтди. Ҳорғин, ҳафсаласиз, пажмурда гавдасини аранг судраб остона ҳатлади. Бўсағада уни мижжа қоқмай кўзлари тўрт бўлиб, интиқ кутаётган 5 яшар ўғли қарши олди.
— Салом, дада! – деди у қувончдан кўзлари порлаб.
— Салом, бўталоғим, ҳалиям ётмадингми?
— Йўқ. – дея жавоб берди бола ва сабрсизлик билан сўради. — Дада, майлими сизга савол берсам?
— Майли. Қани эшитайлик-чи, оромингни ўғирлаб, алламаҳалгача сенгинани йўлимга интизор қилдирган қандай савол бўлди у?
— Бир соатда қанча пул ишлайсиз? – кўзларини пирпиратиб болаларга хос содда самимият ила сўради болакай.
Ҳориқулодда берилган 5 яшар боланинг кутилмаган саволи отани тонг қолдирди ва туриб – туриб жаҳлини чиқарди.
— Бемаҳалда бошқа бўлмағур савол ўйлаб тополмадингми? Қалаверса, бу сенинг ишинг эмас, зумраша.
— Дада, илтимос, мен шунчаки билмоқчи эдим, айта қолинг, бир соатда қанча пул топасиз? – оёқ тираб олди болакай.
Боланинг ҳукми пошшонинг ҳукмидан устун эмасми, ота қараса жавоб бермаса бўлмайдиган, жовдираб тикилаётган покиза кўзлар билан нигоҳи бақамти келганида кўнгли ийиди ва:
— Бир соатда 20 доллар ишлайман, қўзим, – дея жавоб қилди у боласининг бошини силаб.
— Яшасин! – қичқириб юборди кичкинтой. — Дада, менга 10 доллар қарз бериб тура оласизми?
Буниси ҳаммасидан ўтиб тушди ва дарғазаб отанинг сабр косаси тўлиб, ортиқ жаҳлини яширолмади:
— Ие, тағин яна нима ўйлаб топдинг. Қаердаги кераксиз ўйинчоқларни сотиб олишинг учун дадам 10 доллар беради, деб ўйласанг, чўчварани хом санабсан. Қани ҳозироқ ўз ўрнингга бориб ёт ва охирги пайтларда қанчалар худбин бўлиб улғаётганинг ҳақида бош қотириб кўр! Мен ҳар кун бетиним машаққатли меҳнат қиламан ва жоним ҳалқумимга келиб аранг уйга қайтаман. Сенинг хархашаларинг ва инжиқликларингни кўтаришга тобим йўқ!
Мўлтираб тикилиб турган кўзларга ёш қалқди. Болакай индамай ортига ўгирилди. Чарчаган ота дам олгали ўрнига чўзилди, бироқ ҳар қанча ҳориган, жисмонан эзилган бўлмасин, ҳадеганда кўзларига уйқу инай демасди. Асаблари дош бермай, боласига бақиргани учун кўнгли бузилди. “Тун ярмигача ухламай, топган саволини қаранг. Қизиқ, 10 доллар унга нега керак бўлиб қолдийкин?”. Шу йўсинда орадан бир соат ўтди. Ота у ёнига ағдарилди, бу ёнига ағдарилди, лекин кўзлари юмилмади. Бу туришда саҳарга довур ухлолмаслигини англаб, ўрнидан турди. Ҳовуридан тушган ота сокин ўй сурар экан: “Чиндан ҳам болам шу 10 долларга муҳтож бўлса, мен жигаргўшамнинг гапини эшитмай туриб, кутганини ҳам рўйхотир қилмай уришиб бердим” дея кўнгли хижил бўлди.
У ўғлининг хонаси томон йўналди. Эшикни секингина очиб:
— Ухлаяпсанми, болажоним? – деб сўради.
— Йўқ, уйғоқман, дада.
— Сенга нисбатан ноҳақлик қилдим, қаттиққўллик қилганимни тушундим. Шунинг учун чиқар чирм этганим йўқ. Мендан ранжимадингми? Баъзан катталар ҳам хато қиладилар. Мана сенга 10 доллар, энди эски гиналарни унутамиз.
Бола пулни қўлига ҳам олмай, чопқилаб бориб ёстиғининг остидан бир даста ғажимланган пулларни чиқарди. Ўғлининг ҳараракатларини сукут сақлаб кузатиб турган ота ҳайратда эди.
— Шунча пулинг бор экан, мендан тағин 10 доллар сўраганинг нимаси, бўталоғим?
— Пулим борликка бор эдикуя, аммо етмасди-да. Мана энди 20 долларим бор. Дада, мен бир соат вақтингизни сотиб олмоқчиман. Эрта уйга вақтлироқ келинг, бирга тушлик қилсам девдим…

Инглиз тилидан Шаҳноза Раҳмонова таржимаси