О’Генри. Фойдали қўлёзма (ҳикоя)

Бу бино мамлакатимизнинг суяги ва асаби бўлган Техас нашрига тегишли. Чунки бу ерда энг шов-шувли мақолалар тайёрланади. Муҳаррир ўзининг ёзув столида бошини чангаллаб, ғамгин қиёфада хат ўқирди. Бу хат қарзга қоғоз берган фирмадан келган бўлиб, қоғоз пули ундирилмаганда судга мурожаат қилишга мажбур бўлиниши ҳам айтилганди. Муҳаррир хатга такрор кўз югуртираркан, столига яна ҳам яхшироқ ўрнашди. Шу пайт хонага эскидан одати маълум бўлган бир мижғов шикоятчи, икки қўлтиғида баайни ўтин қўлтиқлагандек қилиб, оғир қўлёзмани кўтариб кирди ва муҳаррирнинг столи устига бирин-кетин қўйди.
— Нима бу? — сўради муҳаррир қовоғи уюлиб.
— Мен бу қўлёзма устида узоқ вақт ишладим. Мана, марҳамат, тайёр. Ниҳоят битди.
— Хўш, нима бу?
— Бу, жаноб президентнинг ёлғондакам берган ваъдаларига жавоб.
— Сизнингча бунинг оғирлиги қанча? — сўради муҳаррир ўйчан ҳолатда қоғозларга қараркан.
— Беш юзу йигирма етти варақ, жаноб ва…
— Варақнинг икки томонига ҳам қалам билан ёзганмисиз? — сўради муҳаррир кўзлари ғалати тарзда ялтираб.
— Ҳа.
— Қўлёзмани қўйиб кетишингиз мумкин. Ўйлайманки, биз уларни керакли мақсадларда ишлата оламиз, — деди муҳаррир креслосидан қўзғаларкан…
Шикоятчи ўн дақиқача қўлёзмасидан кўз узолмай, мамнун қиёфада тикилиб турди. У ўзича юқоридагиларга керакли мушт туширганига ишончи комил эди. Ва шу кайфиятда таҳририятни тарк этди.
Бутун таҳририят ходимлари қўлёзма устида “иш” бошлаб юборишди. Таҳририят газета учун айнан шундай қоғозга эҳтиёжманд эди.
Ва газетанинг янги, ўта муҳим сони кам нусхада бўлса-да чоп этилди. Эртасигаёқ ўз ўқувчилари қўлига етиб борди. Хуллас, газета кечикмади.
Елкасидан тоғ ағдарилган муҳаррир қоғоз учун кетадиган пул қийматига назар ташлар экан:
— Ҳозирча ҳаммаси яхши, — деб қўйди. — Аммо келаси сонни яна нимага босиб чиқаришни билишни жуда-жуда истардим.
Муҳаррирнинг елкасига яна шундай юк тушди. У ёзув столига чўкиб, янги муаммони қандай ечиш кераклиги устида бош қотирарди.

Инглиз тилидан Шаҳноза Раҳмонова таржимаси.