Офоқ Масъуд. Инспектор Вайсман (ҳикоя)

Ғулом Ҳусайнли Фанлар академияси ҳовлисига қадам қўйди-ю, кутилмаган манзарадан саросимада қолди. Чамаси, шаҳарни мўр-малаҳдай босиб кетган, дуч келган муассасаю дўкон ва емакхоналар пештоқига ҳар турли лавҳаларни осиб, кўча-кўйда беғамгина кавшаниб юрадиган, юзлари қип-қизил ажнабийлар, ниҳоят, бу даргоҳга ҳам бошини тиққан кўринади. Асрий сарвзор қўйнида жойлашган, ранго-ранг гулхоналари кўзни қувонтирадиган муқаддас илм масканида, одатан, қалин-қалин папкаларни қўлтиқлаб олган олимлар салмоқланиб сайр этиб юришарди. Энди эса бежирим асфальт йўлкаларда тумшуғига хорижий давлатларнинг байроқчалари қадалган ҳашамдор қоп-қора машиналар тизилишиб турарди. Улар ялт-юлт этиб кўзни қамаштирар, улкан гулдасталарни қучоқлаб олган илмий ходимлар ўзларини қўярга жой тополмас эди. Бу ҳолни кўриб Ғулом Ҳусайнлининг кураклари орасида совуқ тер томчиси ўрмалади… Серрайиб туриш ноқулай эди, у тез-тез юриб, остонада уймалашиб турган одамлар орасидан ичкарига кирди. Бироқ фойеда ҳам сохта тантанавор манзарага дуч келди. Ҳовлида ҳукмрон бўлган байрамона кўтаринкилик гўё опичлаб ичкарига олиб кирилган эди.
Иккинчи қаватга чиқиладиган мармар зинапоя тепасига ажнабий тилда бир нималар ёзилган оппоқ матолар, мовий байроқлар осиб қўйилган.
Ғулом Ҳусайнли бу ерда ҳис-ҳаяжонини аранг жиловлаб турган тарихчи, филолог профессорлар даврасига тушиб қолди. Уларнинг кўзлари алланечук ғамгин эди. Лекин бўлажак тадбир тўғрисида баланд-баланд товушда сафсата сотишар, тилёғламалик билан кимнидир мақташар, бир-бирига қулоқ солмасдан савол беришар, жавобини эса ҳеч ким эшитмас эди — эшикдан баайни ҳазрати Хизр кириб келишини ҳамма интиқ бўлиб кутмоқда. Бир кишидан нақд ҳаммомдан чиққан оқавадек зах ҳиди анқир, булбулигўёлик қилаётган бу кимса шу тобда, куппа-кундуз куни чириб, пўпанак босиб бораётганга ўхшар эди.
Ғулом Ҳусайнли профессорларнинг бақир-чақирини эшитмаслик учун ўтган кунларни — унутилмас жўшқин йилларини эслаб кетди. У вақтда эндигина академиянинг аспиранти бўлган эди. Ўшанда бу даргоҳ унга муҳташам илм ибодатхонасидек кўринар, у кезларда ҳали ёш бўлган ҳозирги илмий ходимлар институт директорларига ёки сўроқ аломатидек букчайиб қолган академикларга тақлидан салмоқ билан одим отишга ҳаракат қилар эди. Хотиралар Ғулом Ҳусайнлини тўлқинлантириб юборди, у мижжаларида пайдо бўлаёзган ёшни яшириш учун фойенинг нақшинкор устунларини, шифтларни талмовсираб томоша қила бошлади.
Нафсиламрини айтганда, ўтган кунлар ҳали унчалик узоқлашиб кетмаган. Аммо, Ғулом Ҳусайнлининг назарида, бугун барҳаёт ўша профессорлар авлоди ниҳоятда абгор бўлиб қолган, гўё академиянинг товуш ўтказмайдиган қалин деворларини қулатиб, вайрон қилиб бесўнақай бир трактор ўтиб кетгану одамларни ҳам эзиб-янчиб юборган эди.
Академиянинг ўзи ҳам ўзгариб кетган. Хийла чўкиб, торайиб қолганга ўхшайди. Йўлаклари ҳам аввалгидек чароғон эмас, хира тортган. У ҳозир Ғулом Ҳусайнлига тасодифий йўловчилар билан тўлиб-тошган бесаранжом вокзал перронларини эслатди…
Ҳамма нарса аянчли, хору зор, ташландиқ.
Иккинчи қаватдаги мажлислар залига кирилгандан кейингина профессорларнинг жағи тинди. Бу зал аллақачон таъмирталаб бўлиб қолган, ниҳоятда афтода эди. Ғулом Ҳусайнлининг ён-верига жойлашиб олган илм аҳли саватчаларга солинган гуллар билан безатилган саҳнани, тобора гавжумлашиб бораётган зални бетоқат қиёфада кузата бошлади.
Ғулом Ҳусайнли ҳам саҳнадан кўз узмасди, аммо у шу тобдаги дабдабабозликка қараб негадир “Қалам” адабий шўъбасида ўтаётган ночор кунларини, очин-тўқин кечаётган ҳаётини ўйларди. Қадрдон “Қалам” шўъбаси шарти кетиб парти қолган эски троллейбусга ўхшарди: ўйдим-чуқур йўлларда ҳар ёнга ташлаб оғиб кетса ҳам, давр синовларига мардонавор дош бериб, талай йиллардан буён ўзининг камтарона йўналишини ўзгартирмас эди…
Шўъба аъзоси бўлмиш қаламкаш биродарлари бир-бир хаёлидан кечди. Ўтган ҳафта Шоирнинг таваллуд куни нишонланди, аммо “чақалоқ” байрамни қизитиш ўрнига — совутди: тотариб-бўзарди, дардини сиртига чиқармади, Сўз қудрати ҳақида лом-мим демади; ундан кейин нутқ ирод қилган калтатой Фараж ҳам калавасининг учини йўқотиб қўйди — бир нималарни минғирлаб, тезгина минбардан тушиб кетди; охирида Оғаали тасаввуф дурдоналарини дунёвий адабиётга алмаштирмайман деб, икки оёғини бир этикка тиқиб олди, сўнг кутилмаганда Садайнинг юзига шапалоқ тортиб юборди… Ғулом Ҳусайнли ана шунга ўхшаган нохуш воқеаларни эсларкан, сочлари орасида чумоли ўрмалаб кетди — хижолатдан боши терлади.
Гўё аҳли замон эс-ҳушидан айрилган, дунё остин-устун бўлган, ҳамма нарса пул билан ўлчанадиган, ҳеч кимни қорин дардидан бошқаси қизиқтирмай қўйган эди. Ҳатто муқаддас маскан саналмиш, ғаразли мақсадлардан ниҳоятда узоқ ҳисобланган академия ҳам нафси аммора йўлида аллақандай ажнабийлар билан ҳамкорлик қилишга мажбур. Қадрдон “Қалам” шўъбаси эса на одамларга, на адабиётга бир чақалик фойда келтирадиган абадият қонунларини тадқиқ этиш билан овора! Баландпарвоз даъволар шу замонда кимга керак, ахир?! Ундан кўра кўрпага қараб оёқ узатган маъқул эмасми?.. Барига ўзи, ўзининг ўжарлиги сабабчи. Адабиётга мутаассибларча сажда қилади, шу боис боши балодан чиқмайди. Фақат ўзи қийналса гўрга эди, шўъбанинг барча аъзолари, ёр-дўстлари ҳам елкасига офтоб тегмай ўтиб кетяпти. “Балиқ бошидан…” деган нақл бекорга айтилмаган экан.
Ажабланарли жойи шундаки, Ғулом Ҳусайнли балчиққа ботиб қолганини жуда яхши билади, жонҳолатда ундан халос бўлишга интилади, аммо қимирлаган заҳоти ботқоқ баттар комига тортиб кетаверади. Ҳеч нарсани ўзгартириб бўлмайди. У гўё ёмон туш кўриб, алаҳсираб ётган одамга ўхшарди — уйғониб уйғона олмас, ухлаб ором нелигини билмас эди; бир чигалликдан қутулса, иккинчиси рўпарасида кўндаланг бўлаверарди. Хуллас, адабиёт қурбонлик талаб этар, уни унча-мунча нарса билан рози қилиб бўлмас эди.
“Хўш, абадият қонунларининг кимга кераги бор ўзи? — деб баъзан ўтирган жойида хуноб бўларди у. — Бу суфиёна васвасалардан нима фойда?!”
Аслини олганда, ўзи ҳам, дўстлари бўлмиш калтатой Фараж, Шоир, Денгиз ва шўъбанинг бошқа аъзолари ҳам қандайдир шубҳали мазҳабнинг мутаассиб муридларига ўхшарди. Сиртдан қараган одам уларни жинни-пинни бўлса керак деб ўйламоғи тайин.
Бошқа ёзувчилар эса кечаю кундуз тадбиркорлик билан пухта режалар тузиб, қандай қилиб фаровон турмуш кечириш тўғрисида бош қотирар, китобларини чет элларда бостириб пул топиш пайида эди. Булар-чи, тамаки тутунига тўлиб, димиқиб кетган хоналарида бадиий сўз қудрати, бирон бир асарнинг фазилатлари тўғрисида, теран рамзий маънолар ҳақида томоқлари хириллаб қолгунча баҳслашар, бирор сўзнинг маънодошини қидириб антак-тентак бўлар, сўнгра кўзлари косасидан чиққудек бир алфозда бу кашфиётларини бир-бирига айтиб маъқуллатар эди… Ҳақиқатан ҳам, бундай йиғинлар адабий кечадан кўра, яширин мазҳаб аъзоларининг махфий учрашувига кўпроқ ўхшаб кетарди.
Мана шуларни ўйлаганда Ғулом Ҳусайнлининг юраги ҳар гал ғалати ҳаприқиб тушади. Лоп этиб қаламкаш дўстларининг дилбар мисралари, мумтоз шоирларнинг шоҳбайтлари хаёлига келади. Булар уни нафақат маънавий ҳалокатдан, балки расмона ажал чангалидан ҳам асраб қолган. Ўлим — ҳақ, ҳеч ким ундан қочиб қутула олмайди. Лекин ўлим бошқа, ўз жонига қасд қилиш бошқа нарса. Худкушлик ўйига борган онларида Ғулом Ҳусайнли мардлик қиляпман деб, аслида номардлик қилмоқчи бўлганини дафъатан ҳис этар, сўнгра эс-ҳушини йиғиб олиб, шум ниятини қоғоздек ғижимлаб, кераксиз қоралама нусха каби улоқтириб юборар эди…
Бугунги дабдабаю асъасалар аввалгиларига ўхшамасди. Шу тобда академияда ҳукмрон бўлган муҳит, уддабуронлик намойиши кўнгилни айнитиб юборгудек даражада эди. Беихтиёр аллақачон таъмирга муҳтож бўлиб қолган шўъба биноси, унинг ғалвирдек илма-тешик томи, бечораҳол ходимларнинг озиб-тўзиб кетган қиёфалари бир ёндаю адабиётни тирикчилик манбаига айлантириб олган семизқуртлар яна бир ёнда намоён бўлади…
Нимадир қилиш, ниманидир ўзгартириш керак. Эҳтимол, Адабиёт Қалъасининг булутларга қадалиб турган бирор арконини қулатиш керакдир? Шўъбани ҳам булут босган, булут остида инграб ётибди. Зоҳиран батартиб академиянинг мажлислар залида ҳам оқимтир булутлар кўзга ташланади. Худди кафанга ўхшайди.
Зал одамлар билан лиммо-лим бўлди.
Ғулом Ҳусайнли кейинги ўн йил мобайнида бу ерга қадам босмаган эди; академия аъзоларининг таркиби деярли янгиланибди. Йиғилганларнинг кўпчилиги ёшлардан иборат, кекса ёки ўртаяшар кишилар ҳам бор, лекин аксарият янги одамлар Ғулом Ҳусайнлига нотаниш эди. Улар амалдор устозларига тақлидан қатор оралаб кеккайиб юришар, киборлар мисоли тишларининг оқини кўрсатиб бир-бирига таъзим бажо келтирар, қандайдир ҳужжатларни олдинги қаторда ўтирган зотларга қўлма-қўл узатишар эди.
Аҳли илм орасида бир неча таниш академик ҳам кўзга чалинарди; улар аллақачон кексайиб, букчайиб қолган эди. Академия казо-казолари ён тарафдаги пастак эшикдан энгашиб кириб, чумоли галасидек тизилганча, эҳтиёткорлик билан саҳна ёнидан ўтди-да, қатъий тартиб бўйича биринчи қатордан жой олди, ҳандалакдек вазнсиз каллаларини ҳар ёнга буриб паст товушда ўзаро минғирлаша бошлади. Чамаси, улар бошқалар тушунмайдиган хос бир лаҳжада сўзлашарди. Ғулом Ҳусайнлининг эсида: улар бундан ўттиз йил илгари ҳам худди ҳозиргидек рангпар ва бужмайган кўринарди. Ўтган йиллар мобайнида янада букчайиб, янада заҳил тортиб, замон ва макондан четда қолиб кетишибди.
Ниҳоят, анжуман бошланди. Саҳнада академиянинг вице-президенти пайдо бўлди — миқтидан келган, ўртаяшар бир гумбаз; у шодлигидан лаб-лунжини йиғиштира олмас, гўё анови “янгилик”ни тезроқ айтмаса, нақд юраги ёрилгудек эди. Саҳнага чиққач, театру қоидасига кўра, номаълум нуқтага тикилиб хийла сукут сақлади-да, сўнг вазмин оҳангда сўз бошлади. Афтидан, моғор ҳиди анқиб турган эски саҳнада вице-президент ўзини ноқулай ҳис этарди. Шу боис ғайритабиий равишда овозини баланд қўйиб гапиришга ҳаракат қилди. Нутқининг ўрталарида алломалигини писанда қилиб мураккаб илмий истилоҳдан фойдаланмоқчи бўлди-ю, оддийгина найрангбозликни ҳам эплай олмади — дудуқланиб қолди, қийшанглаб нодонлигини хаспўшлашга уринди. Боз устига, биринчи қаторда қотиб ўтирган кекса академиклар уни баттар саросимага солиб қўйди. Ғулом Ҳусайнли ҳам ўз фаолияти давомида мана шундай лоқайд нигоҳларга кўп бора дуч келган. У димоғдор вазирларнинг кабинетларида, юқори мансабларга қўққайтириб қўйилган амалдорларнинг ҳузурида адабиёт шўъбасининг оғир иқтисодий аҳволи, томдан чакки ўтаётгани, йўлакларда елвизак ўйнаётгани, бир четга уюб қўйилган бебаҳо қўлёзмалар пўпанак босиб, яроқсиз ҳолга келаётгани тўғрисида гапиравериб чарчаган. Унинг дийдиёларини чўянбашара кимсалар қилт этмасдан эшитарди, Ғуломбой эса битта гапни тўтиқушдек такрорлайверарди, баъзан тутилиб қолар, жаҳли чиқар, ичида ўзини сўкар эди. Гоҳо асаблари чатнаб, чакка томирлари бўртиб кетар, охири овоз чиқариб бир нималар деб дўнғиллардию каловланиб ташқарига отиларди. Барча таваллолари яна-тағин ҳавога совурилганини остонадаёқ ҳис этарди.
Ўлик кўзларнинг бундай лоқайдлиги бирпасда ҳар қандай иштиёқни сўндиради, унга дуч келган одамнинг қўли ишга бормай қолади.
…Вице-президент дарҳол ўзини қўлга олиб, шакаргуфторлик билан нутқини поёнига етказди. Кейин ажнабий сармоядорларнинг гумашталари саҳнага таклиф қилинди. Баландпарвоз мақтовлардан довдираброқ қолган вакиллар саҳнага чиқди. Оврупоча олақуроқ шим кийган икки йигит бирин-кетин ўз тилида бир нималар деб чулдиради. Юз-кўзини сепкил босган, қотмагина маллатоб йигитчани Ғулом Ҳусайнли зимдан кузатди. Маллатоб ажнабий Олмония элчихонасининг бир ходимига жуда-жуда ўхшарди; беш-олти ойдан буён Ғулом Ҳусайнли салмоқдор китоб нашр этишга буюртма олиш илинжида инспектор Вайсман ҳузурига зув-зув қатнайди. Ўша инспекторнинг юзини ҳам сепкил қоплаган, аммо суҳбатдошидан ҳазар қилаётганини башарасидаги сепкил ҳам яшира олмасди.

* * *

Элчихона шаҳар марказидаги муҳташам бинонинг қуйи қаватида жойлашган. Мана шу балконлари ойнаванд бинода бир вақтлар хокисор Халқ шоири истиқомат қиларди. У ниҳоятда одамохун инсон эди. Ҳозир иморатнинг деворлари қайта сувоқдан чиқарилган, негадир кулранг тусга бўялган, олисдан хўмрайгандек кўринади, товуш ўтказмайдиган ойнаванд эшиклари доим ёпиқ туради. Худди ўлим лагерларига қамалган маҳбуслар мисоли оёқ учида юрадиган элчихона ходимларининг тунд башаралари Ғулом Ҳусайнлига болалик чоғларида кўрган олачалпоқ фильмлардаги фашистларни эслатарди.
“Олмон адабиёти антологияси”ни тайёрлашга қарор қилган шўъба номидан элчихонага расмий хат билан мурожаат этилди. Бироқ ҳозирча олмончадан бир мисра шеър ҳам озарбойжон тилига ўгирилмаган. Хавфсизлик юзасидан деворлари зирҳланган элчихона қабулхонасида ҳар гал Ғулом Ҳусайнлини чиройли бир озарбойжон қиз кутиб олади. У ойнаванд тўгарак стол ёнида алчайиб ўтиради, уят-пуятни билмайди, аллақачон олмонлашиб улгурган; она тилида зўрға чайналиб гапиради, дудмал жавоблари кишининг энсасини қотиради. Устига устак, учлари ўткир туфлиси билан гоҳ оёққа тепиб, гоҳ ўткир тирноқлари билан юзни чимдиб олаётгандек туюлади. У сизга гумонсираб қарай-қарай, товуш ютадиган юмшоқ тўшама қопланган йўлак бўйлаб маллавой ходим ўтирган хонага бошлаб боради. Инспектор билан учрашувга қадар кечадиган бу савдолар Ғулом Ҳусайнлининг таъбини ҳар гал тирриқ қилади.
Аллақандай ваҳимали электр асбобига ўхшаган Вайсманнинг ҳапдори ҳиди анқиб турган хонасига кириб, унинг рўпарасида икки-уч дақиқа мулзам бўлиб ўтирганидаёқ Ғулом Ҳусайнли бу ерга бекор келганини англайди, ичидан зил кетади. Лаънати расмий хатни хаёлан юз марта майда-майда қилиб йиртиб ташлайди, лекин энди Вайсманнинг бақрайган совуқ кўзларидан қочиб қутулишнинг иложи йўқ.
Ўша хат юзасидан инспектор Вайсман яна бир неча марта Ғулом Ҳусайнлини ҳузурига чорлади. Инспекторнинг хонаси вазнсизлик ҳолатида муаллақ осилиб турган космик кеманинг каютаси каби тор, димиқиб кетган эди. У қилдан қийиқ ахтарадиган безбет терговчига ўхшаб суҳбатдошини эринмасдан сўроқ қилади; “Агар Олмония элчихонаси антология чоп этиш учун маблағ ажратса, пул қай йўсинда, нималарга сарф этилади?..” деб қайта-қайта сўрайди. Одамнинг жонини ҳиқилдоғига келтиради. Антология харажатларига ажратиладиган пулдан ҳали дарак йўғ-у, ўтган ҳафтадан бери Вайсман ҳар кеча Ғулом Ҳусайнлининг тушига киргани кирган. Боз устига, тасқара бир қиёфада намоён бўларди: гоҳида маҳаллий кампирларнинг этаклари ер супуриб юрадиган рўдапо кўйлагига бурканиб, сап-сариқ тук қоплаган қўллари билан Ғулом Ҳусайнлининг бўйнидан қучоқлаб, юзини юзларига босганча эркаланиб озарбойжон тилида бир нималар деб чулдираса, гоҳида полициячилар либосида рўпарасида ўтириб олиб, Ғуломнинг башарасига қизил чироқни тўғрилаб кўзларини қамаштирар, шеър-пеърни эслатадиган аллақандай матнни олмон тилида ўқиб берар эди. Кейинги марта кўрган тушида Ғулом Ҳусайнли Вайсман олкишлаб турган эшакдек тозидан зўрға қочиб қутулди. Сўнг чағир тошлоқ бўйлаб югуравериб ўпкаси бўғзига тиқилди, яланг оёқлари тилиниб кетди; қандайдир илонизи сўқмоқлардан ўтиб, тонг маҳали ҳолдан тойиб ерга қулади ва шу заҳоти яна устига қутурган ит ташланди…
Ғулом Ҳусайнли қора терга ботиб уйғонди, безгакка чалинган бемор мисоли вужуди дағ-дағ титрарди; қалин кўрпани устига тортиб ўраниб олди. Энди элчихонасига қадам босмайман, у ерларни елкамнинг чуқури кўрсин, деб қасам ичди; Вайсманни эса ашаддий бир душмандек хотирасидан батамом ўчириб ташлайди. Афсуски, орадан икки соат ўтар-ўтмас шўъбага бордию зинапояда қисилиб-қимтиниб, мунғайиб турган, саратонда сувсиз қолган гуллардек сўлиб-сарғайган ходимларга кўзи тушиб, беихтиёр элчихонанинг қадимий қалъа дарвозасига ўхшаш оғир-вазмин темир қопқаларини, товуш ўтказмайдиган қалин ойналарни, Вайсманнинг малла башарасини яна эслади, яна ундан умидвор бўлди…

* * *

Профессорлардан бирови алам билан бош чайқаб, аста энгашиб ёнида ўтирган шеригининг қулоғига ниманидир шивирлади. Уларнинг садақа тилаб ўтирганидан Ғулом Ҳусайнлининг кўнгиллари айниб кетди. “Намунча ялтоқланади? Одам боласи шу қадар ҳам тубанлашадими?..” Унинг юраги дук-дук урар, асаблари чарсиллар эди. Ўзини босиб ўтиришга ҳаракат қиларди-ю, лекин эплаёлмасди.
Нима учун кўплаб китоб, сценарий ва йирик таржима асарлар муаллифи бўлган Ғулом Ҳусайнли келиб-келиб қандайдир чаласавод ажнабийга ҳовучини чўзиб тиланчилик қилиши керак? Вайсман ким бўпти — Олмониянинг гадойтопмас бир кандигида туғилган, оиласи ҳам электр асбоблари жамулжамига ўхшаса ажаб эмас, ўзи амал-тақал қилиб бирорта ўқув юртини тамомлаган бир кўппак, холос! Нега ана шу галварснинг бемаъни савол-сўроқларига чидаши керак экан? Ундан кўра, ер ёрилиб, ерга кириб кетгани минг марта афзал эмасми?! Дод, минг додким, ўша лаънати даргоҳ остонасига бош уриб боришга мажбур. Инсоний ор-номусини топтаб, бетини қаттиқ қилиб элчихонага бориб келганидан сўнг ҳар гал яна навбатдаги учрашув тўғрисида бош қотиради. Бундан ортиқ ҳақорат бўлмас…
Умр бўйи ўзларини олиму фузало ҳисоблаб келган, раҳбарликни ҳам ўрнига қўйган, уюм-уюм илмий асарлар яратган калондимоғ профессорлар нима учун сочлари оқарган бир вақтда бетайин, енгилтак ажнабийлар қаршисида думларини лик-лик ўйнатяпти?..
Оғир ўй-хаёлларга ғарқ бўлиб ўтирган Ғулом Ҳусайнли қандай қилиб диққинафас академияни тарк этганини ҳам сезмай қолди. У ғир-ғир шабада эсаётган сўлим кўчалар бўйлаб оҳиста одимлаб борарди.

* * *

Бу гал Вайсман хонасида ёлғиз эмас экан, ёнида баланд бўйли, истараси иссиқ яна бир олмон ўтирарди. У нимаси биландир машҳур бастакор Штраусни эслатарди. Улар Ғулом Ҳусайнлига бир қараб олгач, ўзаро олмончалаб паст овозда ғўнғирлай бошлади. Олмон тилини билмагани учунми ёки кейинги вақтларда Вайсман тўғрисида кўп ўйлагани сабабми, Ғулом Ҳусайнлининг назарида олмонлар уни калака қилаётгандек туюлди. Иккинчи олмоннинг кўз қорачиғида, қизларникидек қирмизи лабларининг буржида истеҳзо аломатлари пайдо бўлди.
Вайсманнинг қиёфасида яхшиликдан ном-нишон ҳам кўринмасди. У юм-юмалоқ иткўзлари билан Ғулом Ҳусайнлининг қоп-қора мўйловини, тугунчаси ғалвайиб турган, эрталаб апил-тапил боғланган бўйинбоғини, оҳори тўкилган кўйлагининг шўр босган ёқасини бирма-бир кўрикдан ўтказди; оппоқ бармоқлари эса зўр ҳафсала билан столга тахлаб қўйилган ҳужжатларни силаб-сийпаларди. Бу силлиқ жаноблар кўзини лўқ қилиб ўтиргани сари Ғулом Ҳусайнли ўзини ноқулай ҳис этар, юзи қип-қизариб, сочларининг остидан ҳам тер чиқа бошлаган, боши ғув-ғув айланар, алланечук қичишар эди. Ногаҳон бугунги учрашувга келишдан олдин туфлисини ярақлатиб артганини эслади. Одатда кўчага чиқаётиб оёғидаги пойабзалга қиё ҳам боқмасди. Бу гал негадир “дўст бошга, душман оёққа қарайди” деган нақлга амал қилди. Оёғидаги пойабзал ярақлаб турган бўлса-да, учлари пачоқ. Ғулом Ҳусайнли буни бир ойча муқаддам шаҳар марказидаги олмонларнинг дўконидан сотиб олган эди. Мана, бир ой ўтар-ўтмас, аввалги ҳашамидан асар ҳам қолмади. Баттар бўлсин. Аслида, хотин кишининг гапига аҳмоқ эргина қулоқ солади. Унинг хотини ҳам арзонроқ пойабзал харид қилгин деб қулоқ-миясини еб қўяди, бир ойдан сўнг эса тумшуғи пачоқ, пошнаси емирилган туфлини кераксиз буюмдек, қўли юпқароқ бирор қариндошига инъом этиб юбораверади…
Вайсман ҳамон ёқимтой олмон билан шивир-шивир қилиб музокарани давом эттирарди. Афтидан, улар рўпарада бир одам мунтазир бўлиб ўтирганини ҳам эсларидан чиқариб юборган кўринади. Зеро, бирортаси Ғулом Ҳусайнли тарафга қиё боқмасди… Ниҳоят, боядан бери Вайсман сийпалаб ўтирган папкани очиб, ҳужжатларни кўздан кечира бошлашди; баъзан оламшумул сир сақланаётган қутичадан илон чиқиб қолгандек кўзларини ола-кула этиб юборишар, шунда қоғозлардан кўз узиб Ғулом Ҳусайнлига ёвқараш қилиб қўйишар, гўё ҳар хил белгилару сўроқ-ундов аломатлари билан тўлиб-тошган ҳужжат асл нусхасига — Ғулом Ҳусайнлининг башарасига таққосланар эди. Ғулом Ҳусайнли ўтирган жойдан Вайсманнинг ботинкаси баралла кўринарди: пойабзал яп-янги бўлса-да, нариги олмоннинг ботинкасидан сипороқ; худди икки жуфт ботинка дўкон пештахтасидан унга тикилиб тургандек… Ҳар иккала олмоннинг билаклари хивичдек ингичка, бўйни қилтириқ, касалманд кишиники каби сарғимтир эди. Ғулом Ҳусайнли уларнинг бошқа тана аъзоларини ҳам кўз олдига келтирди; оёқлари товуқникига ўхшаса керак, деб ўйлади. Сўнг бирдан фикри равонлашди: ҳа-а, гап бу ёқда экан-да, олмонларнинг пойабзали қилтириқ оёқларга мўлжалланган, ундай оёқ мўрт пойабзални йиртмасдан, пошнасини емирмасдан бир йил судраб юриши мумкин… Инспекторларнинг кўйлаклари ҳам яп-янги эди: ёқалари асл ҳолида тикрайиб турибди, ҳали дазмол нималигини билмайди, демак, тоғорага тушмаган, ювилмаган. Уларнинг кийим-боши аслида янги эмас… Ғулом Ҳусайнли хаёл суриб ўтириб рўмолчаси билан бўйнидан оқаётган терни артиб олди… Аммо баданга ёпишиб турган бу шўрлик кийим-кечак чинакам ҳаётдан бехабар, шу боис эскирмайди, йитмайди…
— Бу нима?!
Туйқус берилган саволдан Ғулом Ҳусайнли чўчиб тушди. Вайсман қоқшол қўлида унга таниш ҳужжатни тутиб турарди. Бу антология нашрига мўлжалланган харажатлар ҳисоб-китоби эди. Вайсман айниқса мана шу қоғозни жуда ёмон кўрарди. Ҳар гал савол-жавоб ҳужжатлар орасидан ажратиб олинган мана шу ҳисоб-китобдан бошланар, Ғулом Ҳусайнли эса ижикилаб изоҳ берар эди. У ёд бўлиб кетган гапларни тўтиқушдек такрорлашга киришди: “Биз антология нашр этмоқчимиз, озарбойжон китобхонларини олмон адабиёти билан таништирмоқчимиз, шу йўсин олмон-озарбойжон маданий алоқаларини ривожлантиришга муносиб улуш қўшмоқчимиз” ва ҳоказо. Босиқ, паст товушда гапирди, ўзини зиёлидек тутди, овруполиклар каби кулимсираб турди, дона-дона қилиб сўзлади, иборалар орасида сукут сақлади, ишқилиб, жиззаки элчихона ходимининг жинини қўзитмасликка ҳаракат қилди. Бироқ у гапираётган пайтда Вайсман қоғоз ушлаб турган қўлини пастга туширмади, киприк қоқмасдан, юм-юмалоқ кўзларини лўқ қилиб ўтираверди. Боз устига, нариги олмоннинг лабларида яна заҳарханда аломати зоҳир бўлди. Ғулом Ҳусайнли расмий хат моҳиятини батафсил изоҳлагач, оғир жиноятнинг ашёвий далилидек, боядан бери Вайсман қўлидан қўймай турган ҳужжат ҳақида тушунча берди. Гапираётиб, булар ҳозир менга бир бало бўлишини кутяпти, деб ўйлади негадир. Хўш, менга нима бўлиши мумкин?.. Ғулом Ҳусайнли бирдан тўхтаб, ўйланиб қолди. Вайсман эса ҳамон ҳисоб-китоб ёзилган қоғозни тутганича унга қараб ўқрайиб турарди. Сас-садосиз таъна-дашном Ғулом Ҳусайнлининг суяк-суягидан ўтиб кетди. У яна терлай бошлади. Аъзойи баданидан қуйилиб келаётган тер юпқагина чит кўйлагини бирпасда жиққа ҳўл қилди. Терлаб-пишиб кетганини сезиб ўзидан уялди, асабийлашди, натижада баттар терлай бошлади. Бир неча ой муқаддам шоша-пиша, бухгалтер билан антология харажатларини ҳисоб-китоб қилганини эслади. Шу нарса бошга битган бало бўлди-ку, деб ўйлади ижирғаниб. Ундан воз кечсам қутуламанми?.. Ғулом Ҳусайнлининг назарида, олмонлар унинг терлаб-пишиб хижолатдан қовурилаётганини мароқ билан томоша қилиб ўтиргандек туюлди. Кутилмаганда Вайсман Ғулом Ҳусайнлининг изоҳларидан қониқиш ҳосил қилгандек қўлини пастга тушириб, ҳисоб-китоб ёзилган қоғозни папкадаги ҳужжатлар орасига авайлабгина тиқди-да, бошқа варақни олиб ёқимтой олмоннинг олдига қўйди. Ғулом Ҳусайнли узоқдан турибоқ ўзлари олмон тилида тузган — антологияга кириши режалаштирилган ёзувчилар рўйхатини дарров таниди.
— “Кристиан” сўзи нотўғри ёзилибди. Олмончада бу атоқли от “Хh” ҳарфи билан ёзилади, сизлар “К” билан ёзасиз…
Штраусга ўхшаган ёқимтой олмон чучукроқ тилда сўзлар экан. Ҳечқиси йўқ, ажнабийлар талаффузидаги нуқсон кечиримли. Муҳими, у озарбойжонча гапирди. Аммо нутқида хийла қусур сезилади. Хусусан, ундош товушларни олмонча йўсинда ҳалқумидан чиқариб, тишларининг орасидан ўтказиб ўқдай отиб юборса, юмшоқ унли товушларни қаттиқ оҳангда талаффуз этарди. Болалик чоғларидан қулоқларига ўрнашган майин, мусиқий товушлар худди бир арава шағалдек Ғулом Ҳусайнлининг устига ағдариларди.
“Штраус” гапини тамомлаб зўраки жилмайди, лекин бу жилмайиш мамнунликни эмас, қаҳр-ғазабни ифодаларди.
— Қолаверса, бизга тақдим этилган ҳужжатда қайд этилишича, китобнинг юз нусхаси ҳар хил идораларга совға қилинар экан. Буни нима деб тушуниш керак?..
“Йўқ, энди чидаб бўлмайди! — дея хаёлан эътироз билдирди Ғулом Ҳусайнли ғазабини аранг жиловлаб. — Нима, булар мени муттаҳам деб ўйлаяптими?!”
Ёқимтой олмон бирдан Вайсманга ўхшаб Ғулом Ҳусайнлига ўқрайиб тикилди; Ғуломбойнинг юраги товонига тушиб кетди гўё, тиззалари билинар-билинмас қалтирай бошлади, томоғига муштдек бир нима қадалиб қолди. Ажабо, у ҳеч қачон бундай аҳволга тушмаган эди. Лекин одамнинг тиззаси қачон қалтирашини яхши билади… Вой аблаҳлар-эй, одам боласини шу қадар хўрлаш керакми?!.
Йиллар давомида сўлиб-сўниб қолган тўфон бирдан кўкрак қафасини ларзага келтириб юборди.
— Нима демоқчисиз ўзи? — деди Ғулом Ҳусайнли ўсмоқчилаб. Гулдурак янглиғ овозидан ўзи ҳам илҳомланиб кетди. Бир жуфт амалдорвачча бақрайиб ўтирган бу хонада, дарҳақиқат, унинг товуши момогулдиракдек янграган эди. — Балки ўша идоралардан ишончнома ҳам келтириб беришим керакдир? Нима бало… — деб бирдан айтмоқчи бўлган гапини унутгандек тўхтаб қолди. — Сиз… мени ким деб ўйлаяпсиз ўзи?!
Ғулом Ҳусайнли ҳаяжон гирдобига тушган, ҳиқилдоғига қадалиб қолган муштдек бир нарса ҳамон товушини бўғиб турар, шу боисми, сўзлари олмонларга деярли таъсир этмас эди. Улар кўзларини лўқ қилиб, қилт этмай ўтирарди. Ҳаддан зиёд ҳаяжонланганиданми ёки ўзи айтган сўзлар таъсиридами, Ғулом Ҳусайнлининг кўз олди қоронғилашиб қолди.
— Одамни яна қанча хўрлаш мумкин?! Сизлар берадиган ўша ҳисоб-китобли пулни ўмариб кетаманми?! Нима, мени ҳеч нарсани тушунмайдиган аҳмоқ деб ўйлаяпсизларми?! Сиз…
У дийдасида ёш айланаётганини сездию ажнабийлар олдида йиғлаб юбормаслик учун сапчиб ўрнидан турди.
Бу димиққан бинода йўқ бўлиб кетишни, инсоний шаънини ер билан яксон этишни истамади — яна бирпас турса, йўлакларга тўшалган қалин гиламлар қадам товушларига қўшиб уни ҳам ютиб юбориши ҳеч гап эмасди гўё!
Югуриб кўчага чиқди.
Кўчалар гавжум эди. Енгил-елпи кийиниб олган одамлар қаҳвахоналардан таралаётган мусиқа садолари остида сайр этиб юришарди.
У ҳаллослаб бориб муюлишдан бурилди-да, Фавворалар майдонига чиқди. Энди эслаб кўрса, ҳали кўзларида ёш ҳалқаланиб ўрнидан тураётган пайтда олмонлардан бирининг лаби титраб кетган, сўнг лоқайд башарасида қониқиш аломатлари пайдо бўлган экан. У буни кўз қири билан кўрган, яққол ҳис этган эди.
Худо билсин, бир инсоннинг хор-зор бўлишини, икки қўлини тос кўтариб майдондан чиқиб кетишини лўттибоз амалдорваччалар қанча кутган экан! Мана, энди улар муродига етди.
“Худди расмона урушга ўхшайди-я!” деди ичида Ғулом Ҳусайнли.
У тамаки тутатиб чекди. Ўша лаънати учрашувни тезроқ унутишга аҳд қилди.
Кўчаларда бамайлихотир айланиб юрди: бировнинг бошига қаради, бировнинг оёғига… Гоҳ-гоҳ мийиғида кулиб қўярди: бош ёки оёққа қараб дўст ким, душман ким — билиб бўлмайди-ку, биродар!
Кўча-кўйда одамлар кийиб юрган пойабзалларни Ғулом Ҳусайнли олмонларнинг ўша пойабзал дўконида кўргандек эди. Уларнинг барчаси Вайсманнинг ботинкасидек ярқирар, ғашингизни келтириб ғирчиллар эди.
Ҳамма олмон туфлисини кийиб олган, мана, ўзи ҳам ўшанақа бошмоқни судраб юрибди. Ғулом Ҳусайнлининг юраги сиқилди, тезроқ уйга кетгиси келди — ажнабий пойабзалларини ортиқ томоша қилишни истамасди.
У сигаретини ахлатдонга отиб юбориб, қадамини тезлатди.
“Энг ажабланарли жойи шундаки, мана шу бемаъни ҳодисанинг ҳам қандайдир маъниси бор, — дея йўл-йўлакай хаёлидан ўтказди Ғулом Ҳусайнли. — Вайсман ҳар қанча пасткаш бўлмасин, лекин у ҳам ўзича ҳақ…”

* * *

Орадан бир ҳафта ўтгач, Ғулом Ҳусайнли шахсан элчи жанобларининг номига мактуб йўллаб, сафоратхона ходими уни нечоғлиқ хўрлагани, сарсон-саргардон этганини батафсил баён қилди.
Кейинги ҳафтада элчихонадан жавоб келди. Элчихонанинг маданий ишлар бўйича вакиласи фрау Зибек уни суҳбатга таклиф этган эди.
“Улар ким билан ўйнашаётганини билган бўлса керак!..” Бу фикр Ғулом Ҳусайнлига хийла таскин берарди. Адабий мушоҳадалардан, жиддий далил-дастаклардан иборат мактуб ҳар қандай фаҳм-фаросатли одамни бефарқ қолдирмайди.
…Белгиланган куни у элчихонага етиб борди. Ҳар эҳтимолга қарши, Вайсман билан “Штраус”нинг хурмача қилиқлари, олмонларнинг эътиборсизлиги ҳақида мухтасаргина, аммо сермазмун нутқ қораламасини ҳам ҳозирлаб олган эди.
Қабулхонага кираверишда ойнаванд тўгарак стол ортида алчайиб ўтирган, аллақачон олмонлашиб улгурган анови озарбойжон қиз телефонда ким биландир шивирлашиб гаплашаётган экан. Унга кўзи тушган заҳоти гўшакни кафти билан тўсиб:
— Қулоғим сизда, — деди.
— Мен соат ўн учга таклиф этилганман, — деди Ғулом Ҳусайнли ич-ичидан ғурурланиб. Аслида, шу чоққача мана шу қизга ҳам тилёғламалик қилишга мажбур эди; энди ҳаммаси бошқача бўлади — эски тераклар кесилиб кетган.
— Ким таклиф этган?
— Фрау Зибек.
Қиз нариги телефон гўшагини кўтариб, бир тугмачани босди ва ким биландир олмон тилида қисқагина гаплашиб, гўшакни жойига қўйди.
— Сиз тўрт дақиқа кечикдингиз, — деди у кейин. — Ҳозир фрау Зибек бандлар. Қайта учрашув тайин қилинишини сўраб элчихонага ариза билан мурожаат этишингиз мумкин…
Ғулом Ҳусайнли чап томон деворга осиб қўйилган соатга қаради.
Дарҳақиқат, соат ўн учдан тўрт дақиқа ўтган эди…

Рус тилидан Набижон Боқий таржимаси
“Тафаккур” журнали, 2006 йил, 4-сон