Нодар Думбадзе. Жинлар ва Манавела бобом (ҳикоя)

Жинлар уч хил бўлади.
Бири – қулоқлари диккайган, эчкитуёқ ва эч­ки­соқол, жимжилоқдек мугузчали ва ўйноқи ғилай кўзли бўлади. Эчкига жуда ўхшайди. Аммо у жин. Дунёда бор ҳамма жонзот товушида гапира олади: хоҳласа – аёл, хоҳласа эркак ёки бола овозида сўзлайди, турли ҳайвонлар товушини ўхшатади, ҳамма қушларга қойиллатиб тақлид қилади.
Иккинчи хил жин думли, бадбуруш, бесўнақай ва хунук. Оёқ кафтлари тепага қайрилиб кетган, қирғийбурун бўлади, оғзида битта сўйлоқ тиши кў­риниб туради, манглайидаги якка-ягона кўзи яшил рангда ёнади, бадани – бароқ, жундор.
Учинчи жиннинг тўртта қўли ва тўрт оёғи бўлади. Ҳар бирида – олтитадан панжа. Унинг юзи иккита, ҳар бирида бир жуфтдан кўзи бор. Яғрини умуман йўқ. Гавдасининг ҳар икки тарафи – қорин. Яъни, икки қоринли ва икки киндикли. Икки томонидан ҳам бир хил кўринади. Қисқаси, у иккита бир хил жинни тутиб, кетини кетига ёпиштириб қўйгандек бир махлуқ.
Рост, яна бир жин бор, лекин… у ҳақда кейинроқ сўзлаб бераман, энг охирида.
Анов уч жинни мен кўрмаганман, аммо бобом Манавела Цинцадзе ўз кўзи билан кўрган.
Эчкига ўхшаган жинни – Айиқ дарасида.
Думли-юнгдор жинни – Лашис-геледа.
Орқа-олдидан бир хил кўринадиганини – Сатап­лиа тоғида.
Бу уч жин билан тўқнашувдан Манавела бобомда даҳшатли излар сақланиб қолган.

* * *
…Ҳайтовур, сават тўқишга пўстлоқ ғамлаб келиш учун Айиқ дарасига боргандим. Кун адоғига етаёзган, қош қораяр маҳал эди.
Хўш, мен ишни тугатдим, талай пўстлоқ арчдим, ювиндим, тош устига ўтирдим, чубуғимни чиқазиб, тамаки солдим – кел, бир-икки тортай, сўнг уйга жў­найман, деб ўйладим.
Чақмоқтошни ишқалаб турувдим, қарасам, у ҳа­роми ҳў наридаги тош устида ўтирибди, менга қинғайиб қарайди, де. Белимни пайпасладим. Худога шукур, болта жойида экан.
– Туф-ей, шайтон! – деб юбордим. Ҳушим бошимдан учиб ирғиб турдим, уч марта чўқиндим ва болтага ёпишдим.
– Ўзинг шайтонсан, агар бу кам бўлса, итваччасан! – деди у менга.
– Сен ўзинг кимсан бўлмаса? – кекирдагимни чўздим мен ва тағин чўқинмоқчи бўлдим, лекин эплай олсам қани!
Алмойи-алжойи ҳаракат қиламан, қўлимни пешонамга обориш ўрнига киндигимга узаламанми-ей. Анов алвасти эса менга қараб турибди, ҳиринглаб қўяди тағин.
– Ҳоп! – қичқирдим мен. Лекин бу фақат менга қичқириқдек туюлди, аслида эса шунчаки оғзимни очгандим холос.
– Манавела, роса меровсан-да, ташла болтангни, кел, ёнимга ўтир, сўзлашамиз.
– Сен билан нимани сўзлашаман, иблисдан туққан, – жеркидим мен, аммо ичимда чўчиб “ҳайтовур, хафа бўлмасин-да” деб қўйдим. Ранжиш қаёқда! Бу унинг учун, масалан, биров-ярим менга “сен, Манавела, Афанасий ўғлисан” дегандай гап-да. Хуллас, нимаям қилардим, бориб ёнига ўтирдим, у мени шундоқ авради, шундоқ аврадики!
– Манавела Цинцадзе, дейди, сен басавлат, кўр­кам, ўктам ва учтаси фаранг йигитсан… Нимага куласан, итвачча, ўша пайтлар мен ҳозиргидақа эмасдим, чиндан ҳам кўрган одамнинг суқи киргудай йигит эдим! Тағин, айтадики, ҳайтовур, сени куёв қилмоқчиман, дейди. Қизимга уйлан, Манавела, дейди, зоту насабимизга шерик бўласан. Зарга кўмаман, оёғингни узатиб ётасан, истасанг, етти қават кўрпача устида маза қилиб ётиб, “Хасанбегуру” ва “Криманчули”ни1 хиргойи қиласан.
– Аввал айт: инсмисан, жинсмисан? Қолганини ўйлаб кўрамиз.
– Одамман, Манавела, одам, сен билан одам каби гаплашиб турганимни кўряпсан-ку.
– Агар одам бўлсанг, нега эчкига ўхшайсан? – сўрадим мен, ўзим қўрққанимдан совуқ терга ботганман.
– Нима қипти, тўнғиз ёки эшакка ўхшаган одамлар озми дунёда, ҳеч ким уларни кўксидан итармайди-ку? – жавоб беради у газанда. Мен нима дердим, миқ этолмадим, чунки гапи рост эди, айни ҳақиқат.
– Менга қизингни кўрсат-чи, – дедим унга илтифоту назокат билан.
Шундай дейишимни биламан, чунон маърадики! Эчки бўлиб маъради! Маъраган эди, орқасидаги қоя қоқ иккига бўлиниб, орасидан бир қиз чиқиб келди, шунақа гўзал! Бахмаро чўққисидан қуёш чиқишини томоша қилганмисан? Қилмагансан! Зим-зиё тунда қора булутлар орасидан тўлин ой чиққанини кўрган жойинг борми? Йўқ! Ёйинки, боғда ҳамма атиргул буталари бирваракайига очилганини кўрганмисан? Айт, кўрганмисан? Йўқ, кўрмагансан!
У мен билан сўзлаша бошлади, овози бирам ёқимли эдики! Минглаб кўзачалардан тўқ қизил “Иза­белла” виноси шилдираб қуйилганини эшитганмисан? Йўқ, эшитмагансан! Кўклам чоғи ой балқиб турган тунда Гуриядаги2 бари булбуллар, қораялоқлар, майналар хониш қилади, эшитганмисан? Йўқ, эшитмагансан…
Шундай қилиб десанг, таърифга сиғмас нозанин, ҳуснига кўз тўймас соҳибжамол анави бадбашара, таъвия отасининг ёнида мўъжиза мисол турибди, менга кўз ташлаб қўяди ҳар замонда…
– Хўш, энди нима дейсан, Манавела Цинцадзе, кўзинг қамашиб кетдими? – дейди менга у баттол.
Мен-чи – мен нимаям дердим! Очиғи, бир нима­лар деб минғирламоқчи бўлардиму? лекин тилим қурғур танглайимга чиппа ёпишиб қолганди.
– Сен уни бекордан-бекорга бермасанг керак менга, эвазига бир нима сўрайсан, албатта, – дедим ба­зўр, анчадан кейин тилга кириб.
– Сендан нима унарди, бир жулдурвоқи бўлсанг! Колхозда меҳнат кунингга бир пайса жўхори оласан, бор будинг шу! Қурбинг етмагани учун менга иймонингни сотасан, хўпми?
Бу гапдан кейин ўпкам оғзимга тиқилиб қолгандек бўлди.
– Менга бундай дейишга қандай ҳаддинг сиғди! – ҳайқирдим мен ва болтани олдиму ифлос калласини мўлжаллаб, улоқтирдим… Ҳай аттанг!..
Бобом иштонини ҳимариб, оёғидаги чуқурлиги икки бармоқ қалинлигича келадиган, болдиригача чўзилган чандиқни кўрсатади.
– Ғойиб бўлди, дардисар малъун, бир зумда йўқ бўлди-қўйди! Болта боягина у ўтирган тошга тегиб сапчидию шу еримга, чандиқни кўрдинг-ку, тегди. Қон фаввора бўлиб отиляпти, мен, сенинг бобонг Манавела Цинцадзе, ҳушдан кетиб ерга қуладим… Ўшандан бери мараз жиннинг чинқироқ кулгисию “Иймонингга ҳазир бўл, Манавела! Қочиб кетмасин тағин! Ҳа-ҳа-ҳа”, деб қичқиргани қулоғимда шанғиллаб туради.
Бошқа ҳеч нимани эслай олмайман.

* * *
Нариги жини Лашис-геледа даф қилган. Сўзан­балиқ овлаш мавсуми эди, мен тунги овга чиққандим – пойлашга, улар уруғ ташлаш учун Губазоулидан Ла­шага сузадиган пайт эди-да. Сувни бўғиб, балиқ ўтиши учун кичкина туйнукча қолдирдим ва эндигина чубуғимга тамаки солган эдимки, сув шалоплади. Ана, дедим, балиқ ўта бошлаяпти. Тўр ташлашга шайланиб турдим ва негадир ёнбошимга ўгирилдим. Нимани кўрдим де? Ўтирибди у, ғаддор! Ўтирган кўйи якка яшил кўзини менга тиккан, худди тешиб юборгудай!
Разм солиб қарасам, Айиқ дарасида оёғимни пўла қилган жинга сира ўхшамайди.
…Айиқ дарасидаги жин каби, бир кўзли жин ҳам бобомга ўз қизини хотинликка олишни таклиф қилибди ва эвазига иймонини сўрабди. Қизининг сепи тариқасида бобомга колхоз раислигини ва яна тағин бир ботмон олтин ҳам ваъда қилганмиш…
– Бунисини соғ қўйиб бўпман! – дедим.
Қулочкашлаб у иблисга тўр ташладим. Тўрни мен ўзим томонга, у ўзига тортди. Яна тортдим, у тағин тихирлик қилди. Қочиб қутула олмасди барибир: тўр худди тишига илиниб қолганди, тиши оғзидан баайни илгакдай чиқиб турарди-да, ўзиям. Мен тўрни бўшатиш учун унинг жағига қўл чўздим, шу пайт… – Манавела бобом секингина ўнг қўлини узатиб, менга жимжилоғи ва сўфи бармоғини кўрсатди. Ўша қўлида бошқа бармоқлари йўқ унинг. – Малъуннинг жағидан шу иккита бармоғимни суғуриб олдим холос. Мени ғафлатда қолдирди, лаънати, бахтимга, қўлимни буткул узиб олмади! Шунисигаям раҳмат…

* * *
Учинчи жин, ёки, анави, орқа-олди бир хили, Манавела бобомга Сатаплиа тоғида, у асалариларидан хабар олиш учун борганида йўлиққан.
У жин ҳам бобомга қизини олиб бермоқчи бўлибди, агар иймонини сотса, Чохатаур райони секретари лавозимига миндиришни ҳам ваъда қилибди. Бобом эса уни хўп мазах қилибди.
– Кўзларинг оқиб тушсин, Манавела, ношукур банда, қизимнинг ҳусни жамоли қадрига етмадинг, – увиллади жин бир маҳал ва бармоғини кўзимга суқмоқчи бўлди.
Қўлим билан кўзимни тўсмоқчи бўлгандим, қў­лимда иккита бармоқ қолгани ёдимга тушди. Хуллас, у лаънати ахийри ўнг кўзимни ўйиб олди…
– Нимага куласан, кампир, очиб қўйиптими, бола “Манавела бобом алжираб қопти” деб ўйламасин тағин! – бобом шу маҳал хонага кириб келган бувимга ўдағайлади.
– Ишонма унга, тойлоғим, ишонма! Алдаяпти. Эрга текканимда ҳам шунақа эди. Ўзи шайтон-ку, жин бас келармиди бунга, – пинагини бузмайди бувим ва стол устидаги бўш кўзачаларни олиб, чиқиб кетади.
– Жинлар билан жиққа-мушт бўлиб нима қи­лардингиз, бирининг қизига уйлансангиз эди, ҳозир қишлоқнинг олди одами бўлардингиз, – дейман мен, “Изабелла”дан ҳўплаб.
– Иймон-чи, итвачча, иймон нима бўлади? – ач­чиқланди бобом ва икки бармоғида бошимга чертди.
– Иймонингиз шунчалар қадрлими, бунча авайлайсиз! – дедим мен ва ножўя гап қилганимни пайқаб тилимни тишладим.
– Ажинанинг невараси бўлсанг, нима, хурсанд бўлармидинг? – сўради бобом, ягона кўзи билан менга еб қўйгудек ўқрайиб.
– Ҳа, тўғри айтасиз, бу томонини ўйламабман, – айбдор одам товушида дедим мен.
– Ўйламаганмиш! Бўйдан Худо берган сенга, ўйлаб гапиришни ҳам ўрганиш керак энди, – таъна қилди бобом, винодан оғирлашган бошини чайқаб ва каминдаги серкўз ғўлани тўнкариб қўйди.
Бувим кириб, қора “Изабелла”га лиммо-лим тўлатилган кўзачани стол устига қўйди.
Бирдан худди шу кўзача ичидан кичкина, жудаям митти жинча чиқиб келди. Шу қадар жажжики, кафтингга бемалол сиғади. Лекин бурни каттагина экан, йирик картошка мисоли унинг ғарқ пишган помидордек қип-қизил юзида дўппайиб турарди. Бадани тап-тақир, битта ҳам тук йўқ, бунинг устига шаффоф эди. Унга разм солиб, эркак жинсиданми ёки аёлми, фарқлай олмадим. Қисқаси, на униси, на буниси. Қўлларида – олтитадан панжа, оёқларидагини санай олмадим, чунки чипта ковуш кийиб олганди. Бу жинни Манавела бобом кўрмайди, чунки у менинг жиним, ўзимники. Ана, у кўзачанинг оғзидан сакраб тушиб, стаканим қиррасига жойлашиб ўтириб олди.
– Хоҳласанг, Манавеланинг невараси, менга иймонингни сот – эвазига асл ҳақиқатни сенга сўзлаб бераман, – деди у, кулиб.
Кулгиси шу қадар содда эдики, иймон тугул жисму жонимни ҳам қўшқўллаб тутқазардим унга. Май элитган юзи майин жилмайиб турарди.
– Олақол, менга унинг нима кераги бор! – жавоб бердим эшилиб.
Менинг жиним ҳикоясини бошлади.

* * *
Манавела Цинцадзени оға-ини Шаликашвилилар ўрмонга судраб кириб, баҳайбат қайин дарахтига боғ­лашди. Уч ака-ука эди улар: Фридон, Мамиа ва Кациа.
Манавела Цинцадзе уларнинг кенжаси Кацианинг қайлиғи, бешикданоқ унга унаштирилган қизни олиб қочганди – Тинатин Накашидзени.
Олиб қочди деганимни қандоқ тушунтирсам экан: Тинатин Накашидзе уни Бахмародаги байрамда кўрган эди. Йигит қора чоха3 кийиб, гижинглаган оқ оти Шамилни миниб келганди. Даставвал у беш чақиримга пойгада ҳаммадан ўзиб, биринчи бўлди. Тулпори абжир чавандоз тагида кўпикка ботганча турарди. Шундан сўнг тўрт саржинлик хода устига ўрнатилган биллур кубокни бир ўқ билан чил-чил қилди. Ва ниҳоят, белигача яланғоч бўлиб, сиртига мой сурилган, баландлиги уч саржин арча устунига бир уринишда тирмашиб чиқди. Устуннинг тепасига маҳкамланган кумуш кубокни олиб тушиб, халойиқнинг таҳсину олқишлари остида, офтобдек балқиб турган соҳибжамол Тинатин Накашидзенинг ёнига келди, бир тиззасида чўк тушиб, унинг кўйлаги барини ўпди ва хижолатдан қизариб кетган қизга кубокни тортиқ этди.
Ўша дамлар Тинатин Накашидзе ўн бешга ҳам тўлмаганди ҳали, Манавела Цинцадзе эса эндигина ўн тўққизни қоралаган бўлиб, диловарликда унга кимса бас келолмасди.
Бир ҳафта ўтгач Манавела Цинцадзе Накашидзенинг қизи Тинатиндан мактуб олди.

“Абад ойинг бўлгум, қуёш, сен-ла ичгайман қасам
Таслим бўлмам, гар ортимдан учта қуёш келса ҳам,
Қоя узра кўз ташлагум, зулмат ҳаддан ошгандан,
Қанотли бир тилак айт, ёр, нажот энди самодан!”

Бошида мактуб Манавела Цинцадзени гангитиб қўйди. Сўнг шодлигидан эси оғиб, ҳовучлаб тупроқ ошади ва – нима бўлса бўлар! – ўтириб, жавоб хатини ёзди.

“Жондан азиз мактубингга кўзларимни қададим,
Ва дедимки: “Қуёш сендан кечолгайми, қамарим?
Худо шоҳид, ранжитмасман, сен – кечам, сен – саҳарим,”
Ҳаётманми, жон бердимми, ё тушми бу, билмагум.”

Ўн тўртинчи октябрга ўтар кечаси, тўлин ой тиккага келган маҳал Накашидзенинг қизи Тинатин Чормих қишлоғига элтувчи йўлнинг муюлишига, улкан эман дарахти ёнига келди. Куч билан эмас, ўз ихтиёри билан, севгисини деб келди. Оёғи яланг, битта кўйлакда эди қиз.
Манавела Цинцадзе қувончини даст кўтариб ердан узди, чакмонига ўради ва эгарланмаган отининг олдига ўтқаздию қамчи босди.
Уч ака-ука Шаликашвилилар изидан қувишди.
Манавела уларга ўқ узди.
Шаликашвилилар ўқидан яраланган оти йиқилди. Манавела то ўрнидан тургунича ўраб олишди уни.
Оға-ини Шаликашвилилар Манавела Цинцадзени қалин ўрмон ичкарисига олиб кириб, эман оғочига боғладилар.
– Қани, Манавела Цинцадзе, келинимга мактуб ёзган қўлларингни кўрсат-чи! – деди уларнинг тўнғичи, Фридон Шаликашвили.
Орқасига чандиб боғланган қўллари увишиб, шишиб кетган, Манавела уларни сезмасди ҳатто.
Шунда Фридон Шаликашвили дарахт ортига ўтиб, совуққонлик билан Манавела Цинцадзенинг аввал ўнг қўли бошмалдоғини, сўнг кўрсаткич бармоқни ва ниҳоят, ўрта бармоғини кесиб ташлади. Қон шариллаб отилди. Манавела оғриқ ўрнига енгил тортганини ҳис қилди, унинг кўксидан шодон ҳайқириқ отилиб чиқди.
– Ана қаҳрамону мана қаҳрамон! – заҳарханда қилди Фридон Шаликашвили.
– Накашидзелар уйи остонасини ҳатлаб ўтмоқчи бўлган оёқларингни кўрсат-чи! – деди ўртанча Шаликашвили, Мамиа, қиличини яланғочлаб.
Манавеланинг кўзи олди хиралашди.
– Мени майиб қилма, князь, – дўрилдоқ овози тит­ради унинг.
– Бахмарода от гижинглатиб олифталик қилган чоғларингда майиб бўлсанг соз бўлмасмиди? – аччиқ кулди Мамиа Шаликашвили ва Манавела Цинцадзенинг ўнг болдирига қилич солди. Манавела қилич суякни қирққанини сезди ва ҳушидан кетди.
– Ўзига келдими? – сўради бу гал кенжа Шаликашвили, Кациа, Манавела кўзини очганини кўриб. – Қани, қайлиғим Тинатинга олайтирган кўзларингни кўрсат-чи менга…
Манавеланинг тепа сочи тикка бўлди, тили калимага келмай қолди.
Кациа Манавела пича ўзини ўнглаб олишини кутди.
– Нима қиляпсизлар, ваҳшийлар! Исони ҳам бунчалик азоблашмаган, гуноҳим нима ахир…
– Кўзларингни кўрсат, Манавела, кўзларингни!
– Ниятингдан қайт, Кациа, ёруғ оламни кўришдан маҳрум этма мени! – Манавела йиғламоқчи эмасди, бироқ кўз ёшлари ўз-ўзидан қуйилди.
Иш жуда пухта бажарилди: Кациа Шаликашвили ўткир қиличини Манавеланинг қовоғига олиб борди ва суқди… Чалажон гавдани Чормих қишлоғи одамлари эртасига ўрмондан топишди.
Ярим йил тўшакка михланиб ётди Манавела Цинцадзе. Олти ой давомида на бир сўз деди, на оҳ-воҳ қилди. Олти ойдан сўнг қўшнилар торкўчада абгору оқсоқ Манавела Цинцадзени кўрдилар. Ўшандан бери уни “Ўлмас Манавела” деб аташади. Бу унинг лақаби бўлиб қолган.
Орадан бир йил ўтгач, Айиқ дарасининг нариги ёғидаги қишлоқда яшовчи Леварсий Тавберидзе дарадан Фридон Шаликашвилининг жасадини топди. Унинг очиқ кўзлари ҳайрат ва даҳшатдан қотиб қолганди. Фридоннинг баданида на бир ўқ изи бор эди, на тиғ изи ва на ўзга жароҳат. У қўрқувдан юраги ёрилиб ўлганди.
– Тун яримдан оғганда Айиқ дарасидан аллақандай ўкирик эшитилувди, айиқ бўлса керак деб ўйловдим… – дерди Леварсий Тавберидзе.
Яна бир йил ўтди, ва Лашис-геледа Мамиа Шаликашвилини топишди. Қиличда бир зарб билан елкасидан киндигигача чопилганди унинг. Шак-шубҳа қолмади: Ўлмас Манавела Шаликашвилиларнинг қонини ичмоқда эди.
Ўлмас Манавела ўрмонга яширинди.
Оғаларининг кушандасидан интиқом олиш қасдида юрган Кациа Шаликашвилининг ўлигига қоровуллар Сатаплиа тоғида дуч келишди. Пилтамилтиқдан мерганона узилган ўқ миясининг қатиғини чиқазиб юборганди. У орқа-олди бир хил жин Манавела бобомнинг кўзини ўйиб олган жойда – жўка дарахти тагида ётган экан.
1918 йилнинг баҳорида Манавела ўрмондан чиқди.
– Инқилоб ҳамманинг ҳамма айбини кечирган, бобонгни бошқалардан кам жойи борми? – дейди менинг жинчам, қиқир-қиқир кулиб.
– Тинатин, қимирла, бизга яна бир кўза “Изабелла” келтир, томоқларимиз қуриб қолмасин, – кампирини чақиради бобом. Тинатин бувим тағин бир кўза вино келтиради ва чолига эркалагансимон жилмайиб, унинг ёнига ўтиради.
Бобом жинлар ҳақидаги чўпчакларини давом эттиради бироқ у менинг ўз жажжи жинчам борлигидан бехабар. Ана, у оёқчаларини осилтирган кўйи стаканим қиррасида ўтирибди. Бобомнинг пойма-пой гаплари унинг димоғини чоғ қилиб юборади, у маза қилиб кулади ва аслида қандай бўлганини сўзлаб беради менга.
Тун яримлашар маҳалда жинчам кўзачага тушиб олади, ва биз – жинлар, ҳақиқату ривоятлар, бобом ва бувим – ҳаммамиз чирсиллаб турган камин атрофида уйқуга кетамиз.

Изоҳлар:
1. “Хасанбегуру” ва “Криманчули” – грузин халқ қўшиқлари.
2. Гурия – Грузиядаги вилоят.
3. Чоха – Кафказ халқларида эркакларнинг миллий кийими, лекин у ҳар бир халқда бошқа-бошқа номлар билан аталади.

Рус тилидан Ойбек Мўминов таржимаси.
“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 4-сон