Нажоти Жумали. Жўхоризорда (ҳикоя)

Агар қишлоққа борганингизда Халилдан янгиликларни сўрайдиган бўлсангиз, қишлоқда ҳеч нарса ўзгармаганини, ҳатто одамлари ҳам бундан икки йил аввал қандай бўлсалар шундайликларича қолганларини айтади: яхшилар — яхшилигича, ёмонлар — ёмонли-гича, ишёқмаслар — ишёқмаслигича, меҳнатсеварлар — меҳнаткашлигича, фирибгарлар — фирибгарлигича, ҳалоллар — ҳалоллигича. Лекин агар мулладан эшитадиган бўлсак, ишлар Халилнинг айтганларининг бутунлай тескариси бўлиб чиқади. Унингча, қишлоқ аҳолиси — ёппасига гуноҳкор. Неча йиллардан бери олло таолони эслашмайди, худодан қўрқмай гуноҳга ботиб кетишган, мачитга боришмайди. Улардан бирортаси бешвақт намозини ўқимайди, ўлганларга дуойи фотиҳа қилиб, қуръон буюришмайди. Хотинлари ҳамда қизларига бош яланг, юзларини очиб, шунингдек, қўл ва оёқларини беркитмай юришга рухсат беришади.
Ҳаммаларининг боғ ва томорқалари бор, улар деҳқончилик қилиб буғдой ўстиришади, лекин бирорталарининг ақлига ўз хўжалиги бўлмаган, бутун ҳаётини олло таолога беминнат хизмат қилишу бировларнинг гуноҳларини сўраб олиш, яъни умумбахтига бағишлаган муллаларига бир сават узумми, мева-чевами ёки бир ғалвир-ярим ғалвир буғдойми олиб келиш келмайди.
Аммо-лекин янги мулла бундай ҳол билан муроса қилиб кетаверадиганлардан эмас, одамлар ундан мол-дунёларини яширишга қанчалик уринмасинлар, дуч келиб қолганларида кўзларини олиб қочмасинлар — унинг назаридан ҳеч нима қочиб қутулмасди. У кимнинг уйида нимаси бор-йўқлигию махфий фикрларигача, шунингдек, кимнинг қўшнининг қизи ёки хотинига қайси кўз билан қарашигача беш бармоқдай биларди. Ҳақиқатанам ҳамма қишлоқилар жанжалкаш одамлар; бўлар-бўлмасга шунақанги шовқин-сурон кўтаришадики, асти қўяверасиз. Ҳаммалари бирдай худосиз, хасис, айёр, суяк-суягигача қурумсоқ, қисқаси — гуноҳкоргина бўлиб қолмай, барча қилаётган ишлари ҳам наҳсли. Албатта, буларнинг ҳаммаси яхшиликка олиб бормайди. Шундан кейин мулла ҳаммани огоҳлантириб, таҳдид ҳам қила бошлади. Масалан, агар ёмғир кам ёғиб, ёз қуруқ келадиган бўлса, муллага худо берарди: «Ҳа, ёмғир кам ёғяптими? Сизлардай гуноҳга ботган худо-бехабарларга шуям кўп! Фақат шу йўл билангина жазолагани учун худога шукур қилинглар!» Бундай таҳдидлар, албатта, деҳқонларнинг дилига ғулғула соларди ва улар худди қўй подасидек мулланинг атрофига йиғилиб, раҳм қилиб, ўз ҳимоясига олишини ялиниб-ёлворишарди.
Бу орада ҳаво ўзгариб, ёмғир ёға бошларди, лекин бу ҳол муллани қиттаям хижолат қилмас, аксинча, у машъум авлиёлик қилиб: «Ёмғир шу ёққанича. тинмай ёғаверади, нақ қиёмат кунигача тўхтамайди. Суякларингизгача ивиб кетасизлар, шундаям худонинг қаҳ» ридан қочиб қутулолмайсизлар!»—дерди.
Деҳқонлар қўрқув-таҳликага тушишарди, шунда мулла мана ҳозир улар менинг этагимга ёпишиб:
«Энди нима қиламиз, ҳожи афанди? Энди нима қилиш кераклигини ўргат?»—деб ялиниб-ёлворишади деб ўйлаб, ҳузур қиларди.
Лекин ёмғир ўз-ўзидан тинарди, норози бўлган мулла еса: «Шошмай туринглар, бу гал осон қутулган бўлсанглар ҳам келгусида қутулолмайсизлар. Бу йил бўлмаса, келаси йили ўз жазоларингни оласизлар!»—деб вайсагани-вайсаган эди.
Секин-аста деҳқонлар унга қулоқ соладиган, мачитга борадиган, узум, мева-чева ҳамда сабзавот олиб келадиган бўлишди, лекин мулланинг ҳамон кўзиям, ўзиям тўймасди. Тунд ҳолда, қўлини орқасига қилиб ёки қаҳрабо тасбеҳ доналарини ўгирганча, ўзининг рўдапо қора жуббасида қишлоқ бўйлаб ҳаммага емоқда-ичмоқда бўлиб қараб юрарди.
Одамлар нима қилишмасин, ҳатто унга мурожаат қилиб, маслаҳат сўрашганда ҳам, касал болаларни, зурёдсиз аёлларни қайтариқ қилиб буғлашга олиб келишса ҳам бари бир унинг кўнгли тинчимасди. Агар битта-яримта бетоб бўлиб қолса-ю, лекин муллага мурожаат қилишга шошилмаса, унинг ўзи ҳозиру нозир бўлиб, бармоғи билан бола ёки беморга ниқтаганча: «Олиб бор»—деб таҳдид қиларди.
Деҳқонларнинг қалбига қўрқув чуқурроқ ўрнаша боргани сари уларнинг ўзлари ҳам ўзгариб, художўй, риёкор, бировларнинг гуноҳию камчиликларини топишдан бошқа иши йўқ айғоқчиларга айланиб боришарди.

* * *

Халил — анчайин камбағаллардан бўлиб пешанасида бир парчагина ерию бир этак ейман-ичаман, деб турган майда-чуйда болалари бор эди, холос. Муллага назр қилишга на сабзавоти-ю, на мева-чеваси йўқ. Халил хўрозлар қичқириб тонгдан хабар берганидан то қоронғи кечгача даласида ёки томорқасида ишлаб, тинкаси қуриб бурнидан тортса йиқилгудек бўлиб келар, шунинг учун ҳам мачитга боришга вақти йўқ эди. Ўлганларга обидийда қилиб, қуръон буюртирганидан кўра тирикларни бир амаллаб боқиб турса бас!
Мулланинг ёлғон-яшиқларига учган ҳамқишлоқлари Халилга, худди ҳамма бахтсизликларининг айбдоридек ёмон кўз билан қарай бошлашди. Халил деҳқонларга, агар у даласида эртадан-кечгача ишламай, яна боз устига, муллага назр-ниёз ташийдиган бўлса оиласи очидан хароб бўлишини айтиб, қанча тушунтирмасин бари бир улар қулоқ тутиб эшитишни хоҳлашмасди: «Ҳамманиям оиласи бор, сенинг ҳам болаларинг бизникича еса бир ери камайиб қолмайди. Сен аввал олло таоло-ю ҳожи олдидаги қарзингни узиб қўй!»—деб ўзлариникини маъқуллашарди.
Мулла Халилнинг ҳақ таоло йўлига юришни хоҳламаётганини кўриб, деҳқонларни баттар унга қарши гижгижларди. Ҳар жума намозида битта даҳрийнинг касри, ҳатто улар бегуноҳ бўлсалар ҳам минглаб художўйга уришини уқтиргани-уқтирган эди.
Деҳқонлар Халилга ёмон муносабатда бўла борганлари сари, у ўзининг ёлғизлигини кўпроқ ҳис қиларди, ич-етини еб, адойи тамом бўлай деди! Унинг қалби ғам-андуҳдан тарс ёрилай дерди: «Бизнинг она қишлоғимизга нима жин урди-я? Авваллари, хоҳ камбағал, хоҳ бой бўлсин, доим шод-хуррам бўлиб, ҳаётни жонидан ортиқ севарди. Ҳеч ким одамларни даҳрию тақводор, деб гуруҳларга бўлмас эди. Ҳеч қачон биров-бировни қоралашга журъат этмасди. Ҳар кимниям ўзига яраша камчилиги бўлади-ку, ахир, илгарилари биз бир-биримизнинг кўзимизни ўйишга ҳаракат қилмасдик-ку? Емғирлар ҳам, эсимни танибманки, бир меъёрда ёққан эмас. Ҳар доим ё жудаям кўп, ёки жудаям кам ёғарди. Ўша вақтда ҳам ҳозиргидек касалланардик: кимдир тузалиб кетарди, агар кимнинг вақт-соати етган бўлса нариги дунёга равона бўларди. Мисол учун, ўзим ҳам қандай бўлсам, шундайлигимча қолдим, на оздиму на семирдим, гуноҳим ҳамда савобли ишларим на камайди-ю, на кўпайди.»
Узоқ мулоҳазалардан кейин ҳаммасига янги мулла
айбдор эканлигини тушуниб қолди. Унинг саъй-ҳаракатлари орқасида қишлоқ кўки зулматга чулғанди-қўйди. У собиқ дўстларни бир-бирига душман қилиб қўйгани майли-я, Халилни бутун қишлоқ олдида айбдорга чиқариб, унинг қалбини ғам-андуҳга тўлдирди. Деҳқонлар мулла сиёсатининг туб моҳиятини тушунмай, кўрмай ва ҳатто намойишкорона равишда кўришни истамаётган бир вақтларида Халил унинг асил башарасини билиб олди: қишлоқда мулладан ҳам бузуқи, иккиюзламачи ва очкўз одам йўқ экан.
Шу тахлит икки йил ҳам ўтди. Июлнинг ўрталарида Халил шаҳарга бир сават нок олиб бориб сотиб келаётган эди. У отда қишлоқ йўлидан, икки томонида ястаниб ётган буғдой ҳамда жўхори далаларини завқ билан томоша қилиб келарди. Буғдой ҳалитдан белга уриб қолган, жўҳори эса баъзи жойларда ҳатто одам бўйи бўлиб қолганди. Ўрим-йиғим палласи яқинлашиб қолганидан далада одам зоти кўзга чалинмасди. Сукунатни фақат чумчуқларнинг чирқиллаши бузиб турарди. Отлиқнинг яқинлашаётганини кўриб улар қўрққанча йўлдан ҳавога кўтарилиб, самода чарх уришарди.
Халил қишлоқ қоровулига тегишли даланинг ёнидан ўтиб кетаётганида, бирдан жўхоризорда қандайдир ҳаракатни сезиб қолди. Ундан ўн беш-йигирма қадамча наридаги бир нечта жўхори пояси бир меъёрда тебраниб турарди. У сергакланди. Бу нима бўлдийкин? Балки қуёнмикин, балки илон мушук ёки кучукни бўғаётганмикин? Ёки бўлмаса илон улоқчани тутиб олдимикин?
Халил отини тўхтатиб, теварак-атрофга қарай бошлади. Қилт этган шамол йўқ далада жўхори поялари аввалгидек фақат бир жойдагина тебраниб турарди. Воажабо, у ерда нима бўлиши мумкин ахир?
Халил шоша-пиша чўнтагидан каттакон пичоғини олди-да, эҳтиётла экинзор оралаб юриб кетди, Жўхори поялари аро кўрган биринчи нарсаси каттакон қора доғ бўлди. «Ё эчки, ё сигир, ёки мулламизнинг жуббаси»,деб ўйлади у. Ҳар эҳтимолга қарши пичоқни яна чўнтагига солиб қўйдида, ўзи эса писганча яқинлаша бошлади. Мана шунда унинг кўз олдида ғаройиб манзара намоён бўлди: подасидан адашган эчки устида дам-бадам қанот қоқиб турган бургутга ўхшаб, мулла ўзининг кенгмўл қора жуббаси билан ерга чўзилган қоровулнинг ҳотини — ёшгина Ханифанинг устида жавлон урмоқда эди. Ханифанинг чолвори тўпиғигача сирғалиб тушган. Ерда аёл рўмоли ётарди. Жуббанинг чўнтагидан мулланинг тасбеҳининг каҳрабо доналари осилиб турарди. Халил шу заҳотиёқ қатъий қарорга келди-да, югуриб бориб рўмол билан тасбеҳни чангаллаб олди. Уни кўриши билан Ханифа: «Вой, шўрим қуриди!»—дея бақириб, юзини қўллари билан тўсиб олди. Бу қўққис тасодифдан тили калимага келмай қолган мулла шоша-пиша иштонини кўтарганча, ўрнидан туришга ҳаракат қиларди.
Бир оғиз ҳам гапирмай, Халил қўлида рўмол билан тасбеҳни ушлаганча тезда отининг олдига қайтиб келдида, орқасига қиё ҳам боқмай қишлоққа от чоптириб кетди.
Кечаси Халилнинг эшигини тақиллатиб келишди. У эшикни очиб, худди ўзи ўйлагандек муллага кўзи тушди, Ранги девор бўлиб кетган мулла қўли титраганча, шайтон йўлдан оздириб зинога майл билдирганини тутила-тутила гапира бошлади. «Нима хоҳласанг, ҳаммасини бажо келтираман,— дея ялиниб-ёлворарди у Халилга,— фақат бу машмаша қоровулнинг қулоғига етмаса, қишлоқдагилар билиб қолишмаса бўлгани.»
Неча ойлардан бери биринчи марта Халил енгил нафас олгандек бўлди. У мулланинг гапларига қулоқ солганча жилмаярди.
— Мен унинг эрига айтиб аҳмоқ бўлибманми, ҳожи афанди.
Мулланинг кўзларида умид учқуни порлади:
— Агар Ханифа сенга ёқса, у сенга ҳам йўқ демайди. Шу дақиқадан бошлаб Ханифа сеники,. Менга келсак, мен бундан буён унга қўл тегизсам.
Халил индамай турарди. Шунда мулла ғижимланган ўн лиралик қоғоз пулни узатди.
— Манавини олгинда, савоб иш қилгин: тасбеҳимни бер.
Халил ҳатто жойидан қимирламади ҳам. Мулла титроқ қўлларини қўйнига тиқди.
— Агар бу кам бўлса, мен яна ўн лира қўшиб бераман.
Халил қовоғини уйиб олди.
— Менга Ханифангам, пулингам керак эмас. Мулла титраб-қақшай бошлади.
— Бўлмаса нима қилмоқчисан?
— Нима қилишни ўзим биламан.
— Ахир, сен, ҳар ҳолда, унинг эрига айтмассан?
— Айтиб ўлибманми!
— Нима қилмоқчилигингни айта қолсангчи, нима қиласан мени қийнаб?
Халил шунча йиллар бадалида йиғилиб қолган ғазаб нафратини жиловлаганча, тишини гириҳ қилиб:
— Мен узоқ вақт сукут қилдим, ҳожи афанди, мана, ниҳоят, менинг навбатим келди,— деди.
Ҳожи Халилнинг оёғига йиқилиб, унинг қўлини ушлади.
— Мени нима қилсанг ҳам розиман, бир умрга қулинг бўлай, фақат ҳеч кимга айтмасанг бўлгани.
Халил қўлларини тортиб олдида, муллани итариб юборди.
— Мен ҳали эсимни еганимча йўқ, ҳожи афанди! Унинг эрига айтишдан нима фойда? У ичига ютиб, индамай қўя қолади, шу билан ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолаверади. Ундан кўра, мен, яхшиси, жума куни мачитга бориб бутун жамоага айтаман. Агар хоҳласанг, тасбеҳингни ҳам ўша ерда оласан. Рўмолниям қоровулга бутун жамоанинг олдида бераман.
— Сенга қ-қ-қанча керак?—дудуқланганча ғўлдиради мулла.— Х-х-хоҳласанг эллик лира бераман.
— Эллик лиранг бошингда қолсин, йўқол бу ердан!
— Ю-ю-юз лира бераман!
Халил ўзини тутолмай бақириб юберди:
— Бу ердан туёғингни шиқиллат! Мен мусулмонман, қачон хоҳласам, ўшанда мачитга бораман Агар виждонинг соф бўлса, агар ҳеч нарсадан қўрқмасанг, демак, жума куни мачитга келасан.
У нақ мулланинг бурни тагида эшикнн тарақлатиб ёпди.
Бу воқеа душанбада бўлганди. Эртасига, қишлоқда мулла касал бўлиб қолибди, деган овоза тарқалди. Чоршанба, пайшанба ўтди, у бўлса ҳануз қорасини кўрсатмасди. Жумада, намозхонлар мачитга йиғилишганда, намоз бошланишига бир соат қолганда ҳожи афандининг юраги ёрилиб ўлганлигини хабар қилишди.

Ҳикоят Маҳмудова таржимаси