Мустафо ал-Манфалутий. Етим (ҳикоя)

Қўшни уйнинг энг юқори хонасига яқиндан бери ўн тўққиз-йигирма ёшлардаги бир йигитча келиб яшай бошлади. Мен уни биронта олий ёки ўрта-махсус билим даргоҳида ўқиса керак, деб ўйлагандим. Одатда мен янги қўшнимни унинг хонаси рўпарасидаги ўз хонамдан кўриб турар эдим. У озғингина, ранги сўлғин, негадир хафа кўринарди. Доим хона бурчагида чироқ ёруғида ўтирарди. Гоҳ қандайдир китобни ўқир, гоҳида эса, дафтарга нималарнидир ёзаётган ёки ниманидир ёд олаётган бўларди.
Мен совуқ қиш кечаларининг бирида уйга қайтиб келиб уни кўрмагунимча, унга эътибор бермаган эканман. Нима учундир хонамга кирдиму, ногоҳ унга кўзим тушди. Йигитча ўз ўрнида – чироқ ёнида ўтирар, бошини очиқ турган дафтарга қўйиб олганди, “Қийин дарслар ва уйқусиз тунлар уни чарчатган бўлса керак”, ўйладим мен. Унинг кўзларидаги уйқуни сезганим боис, фикран уни ўз жойига бориб ётишига ундадим ва у бошини кўтармагунча жойимдан жилмадим. Шундагина унинг кўзлари ёшга тўла ҳамда шу кўз ёшлари дафтар саҳифасига томганини кўрдим. Сиёҳ кўз ёшларидан бўялиб, ўқиб бўлмайдиган ҳолатга келган эди. Оздан кейин йигитча ўзига келди, қаламини олиб, ишини давом эттирди. Бу қоронғу кечада фақир, бахтсиз ёш йигитчани ёлғиз, бўм-бўш совуқ хонада, оловсиз, иссиқ кийимсиз кўриш мени ўйлантириб қўйди. Уни ҳаёт қувонч ва ташвишлари ўз домига олган, тақдир зарбалари зор қақшатган, аммо у на таскин топа олган эди, на суянч. Бу ҳорғин, ғайратсиз сиймо ортида тоза, азобланаётган қалб борлигига ва бу руҳий азоблардан жисми қовжираб, кундан-кун заифлашиб бораётганига ишончим комил эди. То йигитча дафтарини ёпиб, ўрнидан туриб, ухлашга кетмагунча мен жойимда туравердим. Бу вақтда аллақачон тун зулмати чекинган, ундан ер юзида асар ҳам қолмаган эди, туннинг охирги дақиқаларини ҳам тонг шафағи эгаллай бошлаган эди.
Шундан сўнг кўпгина тунлар мен қўшним йиғлаётганини ёки бошини қуйи солиб ўтирганини, яна ўз жойида ётиб олиб, худди яхши кўрган кишисини йўқотиб қўйган аёлга ўхшаб, инграётганини кузатдим. Гоҳида у хонанинг у ёғидан-бу ёғига тинмасдан юрар, охири мадори қуриб, курсига ўтириб қолар эди.
Унинг ғамига шерик бўлганча мен ҳам аҳён-аҳёнда кўз ёши тўкардим. Агар иложи бўлса эди, унга дўст сифатида ўзини асрашини ва ўз ғамига мени шерик қилишини илтимос қилар эдим. Бу қўлимдан келарди ҳам, аммо йигитчани хижолатга қўйишдан ва унинг қалб тубида яширинган сирларидан воқиф бўлишдан қўрқардим. Ахир ўз сирларини яшириб юриш ҳам инсонга хос нарса эмасми!
Ўтган кун деразадан қарасам, йигитчанинг хонаси тинч ва қоронғу. Мен уни бирор ёққа чиққан бўлса керак, деб ўйладим. Лекин, шу заҳоти заиф, хаста инграш қулоғимга чалинди. Бу товуш мени ҳаяжонга солди ва мен уни бир бахтиқаронинг қалб тубидан чиқаётганини ҳис этдим, ўз юрагимда ҳам унинг акс этганини сездим. Ўзимга ўзим : “Бу йигитча касал, ёнида эса унга ёрдам берадиган ҳеч ким йўқ”, – дедим.
Тақдир мени у билан бекорга учраштирмаганди. Хизматкорга дарҳол фонусни келтиришни буюрдим ва уйдан чиқиб қўшнимникига йўл олдим. Уй бўсағасидан ҳатлаб киришим билан мени қабр устида марҳумга видолашув сўзлари айтаётган одамдаги тушкунлик чулғаб олди. Кирганимни пайқаб, йигитча, худди уйқудан ёки мангуликдан ўзига келгандек, кўзларини очди. У олдида хира фонусни ва нотаниш одамни кўриб, ҳайратланди. Бир муддат у жимгина менга тикилиб турди. Мен унинг каравотига яқин бориб ўтирдим ва дедим: “Мен сизнинг қўшнингизман. Сизнинг оғир инграшингизни эшитиб, бу ерда бир ўзингиз эканлигингизни тушундим. Бу нарса мени ҳушёр қилди ва мен келдим. Балки ёрдамим тегар? Ўзингизни қандай ҳис қилаяпсиз?”. Йигитча қўлини кўтариб, пешонасига қўйди. Мен ҳам унинг пешонасига кафтимни қўйдим, унинг пешонаси ёнарди. У қаттиқ иситмалаб ётарди. Сўнг мен унинг баданига разм солдим; қаршимда эти бориб устихонига ёпишган муштдек жусса ётарди, у кийими ичида аранг кўринарди.
Мен хизматкоримга иситма дориси олиб келишни буюрдим ва уни беморга ичирдим. У тезда ўзига келди. Менга зийрак нигоҳлари билан қараб, миннатдорчилик билдирди. Мен ундан: “Укам, сизни нима безовта қилаяпти?” – деб сўрадим. “Ҳеч нарса”, – деб жавоб берди. Шунда мен унинг қачондан буён бундай ётганини билмоқчи бўлдим. У буни эслай олмаслигини айтди. “Сизга табиб керак”, – дедим унга. – “Уни бу ерга чақирсам майлими?” Йигитча бироз қаддини кўтариб, ёшланган кўзлари билан қараганча синиқ овозда: “Табиб фақат ўлимдан ҳаётни афзал кўрадиганларга ёрдам қилади”, – деди. Шундан сўнг у кўзларини юмди ва яна ҳушидан кетди. Мен беморнинг хоҳиш-иродасига қарамасдан табибни чақириш лозимлигини англадим.
Табиб иссиқ жойидан қўзғатиб, совуқ тунда қоронғу кўчалардан юришга мажбур қилишганидан норози ҳолда кириб келди. Лекин, мен унинг кўнглидаги гапни билар эдим, шунинг учун ҳеч нарса демадим. Табиб беморнинг томирини ушлаб кўриб, қулоғимга: “Беморингиз ўлим тўшагида. Агар Оллоҳ аралашмаса, унинг умри оз қолибди, бандасига аён бўлмагани яратганга аёндир”, – деди. Шундан сўнг табиб ўтириб, куни битган беморлар ичадиган дорилардан ёзиб берди. Гўё бу билан табиб ўз ҳамкасблари – доришуносларга қул – беморлардан ҳаёт солиғи олиб қолишни буюради.
Мен табибни рози қилганимдан кейин у мамнун ҳолда чиқиб кетди. Бемор йигитча олдида узун ва зулматли тунни ўтказдим. Тонг отгунча гоҳ унга дори ичирдим, гоҳ уни ўйлаб йиғладим. Йигитча ўзига келди, у ёқ-бу ёққа қараб менга кўзи тушди ва сўради: “Сиз ҳали ҳам шу ердамисиз?”. Мен: “Ҳа, – дедим, – сал ўзингизга келиб қолдингизми?”. “Ҳа, шунақага ўхшайди”, – деди у. Мен яна сўрадим: “Биродар, малол келмаса, айтинг-чи, бу ерда нима қиласиз? Меҳмонмисиз ёки шу ерликмисиз? Сизни касаллик қийнаяптими ё бошқа бир сир борми?”. У: “Мен ҳар иккисидан азобдаман”, – деди. “Сизга нима бўлганини айтиб бера оласизми? – деб унга мурожаат қилдим. – Худди дўст ўз дўстига кўнглини очган каби ўзингизнинг ташвишларингизни айтиб бера оласизми? Шунда мен сизнинг ташвишларингизни худди ўзингиз ҳал қилгандек ҳал қилиб берардим”. Бемор менга савол билан жавоб берди: “Агар Оллоҳ менга ҳаёт берса, менинг сиримни сақлашга, агар ўлим ҳақ бўлса, менинг васиятимни бажаришга ваъда берасизми?”. Мен: “Ҳа”, – деб уни ишонтирдим. Шундан сўнг йигитча деди: “Мен сизнинг ваъдангизга ишонаман, чунки, жуссасида сизникидек шундай улуғ юрак уриб турган инсон ёлғончи ҳам, сотқин ҳам бўлиши мумкин эмас”.
“Менинг исмим фалончи, фалончининг ўғлиман. Отам олти ёшимда мени йўқчиликка топшириб, ўлиб кетган. Мени отамнинг укаси – амаким ўз тарбиясига олди. Амаким қолган барча қариндошларим ичида энг яхшиси эдилар, кўнгиллари тоза, меҳрибон, раҳмдил одам эдилар. Мен уларникида кичкина қизлари қандай эркин яшаса, шундай эркин яшадим. Унинг ёши ҳам мен тенги ёки бироз кичикроқ эди. Амаким ўз қизлари олдида узоқ йиллар Оллоҳдан сўраб етолмаган ўғил фарзанд – акасини кўриб қувонарди. У менга худди қизига қандай ғамхўр бўлса, шундай ғамхўр эди, ҳатто мактабга ҳам иккаламизни бир кунда юборганлар.
Мен у қизга худди акадай самимий муносабатда эдим ва унга жуда ўрганиб қолдим. У билан дўстлашиб, ота-онамни олиб кетган ва вақти-вақти билан ўзини билдириб турадиган ғам-алам боис йўқотган қувонч ва бахт онларини туйдим.
Синглим вояга етиб, алоҳида хонада яшаш вақти келмагунча биз доим бирга бўлдик. Бирга мактабга борар ва бирга қайтар эдик, ҳовлида ўйнар ёки боғда сайр қилардик, синфда дарс қилиш учун учрашардик ёки ухлашдан олдин суҳбатлашардик. Бизнинг қалбларимизда севги олови ёна бошлаган ва уни ҳеч қандай тақдир тўсиқлари енга олмайдигандек эди. Ҳаёт гўзалликларини мен фақат унинг ёнида ҳис этардим, бахт нурини фақат унинг тонг уфқи каби мусаффо кулгуларида кўрар эдим. Унинг олдида ўтказган бир соатим учун ҳаётимнинг барча қувонч ва ҳаловатларидан кечган бўлардим. Ақлу заковат, яхшилик, самимият, садоқат ва яхши тарбияни мен фақат унда кўрдим ва бошқа қизларда бу сифатларни тан олишни истамас эдим.
Ҳозирда мени зулмат қоронғуси ва ғаму ташвишлар ўраб олган бўлса ҳам, узоқдан болалик кунларимизда бизни ўраб турган оқ нур таратувчи ҳузур-ҳаловатнинг қанотларини кўра оламан. Шу боис, биз иккимиз ҳам ўшанда худди биллур қадаҳ ичидаги май каби нур сочар эдик. Мен бизнинг қувончларимиз, орзу ва истакларимиз гувоҳи бўлган гўзал боғни тасаввур эта оламан, уни худди олдимда кўргандек кўра оламан, уни, унинг сувларини, тош йўлларини, дарахт новдаларини, гулларнинг барча рангларини – ҳамма-ҳаммасини, ҳатто, биз кун сўнгида бирга ўтиришган ўша тошли ўриндиқни ҳам. Биз суҳбатлашиш ёки гуллардан гулчамбар ясаш учун, ёки қайсидир китобни варақлаш учун ёки бўлмаса ким яхши чизиш бўйича баҳслашиш учун шу ерда учрашар эдик. Мен дарсларимиз тугагандан кейин доимо унинг соясида ўзимизга қулай жой топиб, ўзимизни худди оналари бағрида ором топган қуш болалари каби ҳис қилган ўша кўм-кўк ўт-ўланларни яққол кўз олдимга келтира оламан. Яна мен ариқ ва булоқчалар олдида кавлаган кичик-кичик ҳовузча-ларимизни тасаввур эта оламан. Биз уларни сув билан тўлдирар эдик, сўнг унинг атрофида ўтириб олиб, у ерга ташлаган балиқчаларимизни қўлимиз билан тутиб ўйнар эдик. Агар овимиз зўр бўлса, мамнун бўлар эдик. Мен қушлар боқадиган ажойиб тилларанг қафасларни кўз олдимга келтира оламан, биз соатлаб уларнинг ёнида ўтириб, уларни кузатар эдик ҳамда уларнинг ғайриоддий тумшуқларини томоша қилар эдик. Қушлар сув ичаётганида ёки дон ейишаётганида биз уларга лақаб қўйиб олар эдик ва улар билан гаплашардик. Уларнинг чуғур-чуғурини эшитиб бизнинг сўзларимизга жавоб беришаяпти деб ўйлар эдик.
Амакимнинг қизига бўлган сирли ҳис-туйғуларим ака-сингиллик риштаси эдими ёки оловли муҳаббатими, буни ҳозир айтишга ожизман, лекин аниқ биламанки, бу ноаниқ ва ноумид туйғу эди. Қиз боланинг мусаффо юрагига ғам-ситам юкини ортганларнинг биринчиси бўлмаслик учун мен унга ўзимнинг соф муҳаббатимни ошкор этмадим. Чунки мен уни, яъни энг яхши кўрган амакимнинг қизини ҳамда эрта болаликдаги ўртоғимни жуда эъзозлар эдим. Бир-биримизнинг умр йўлларимизни бирлаштириш ҳатто хаёлимга ҳам келмас эди. Унинг ота-онаси менга ўхшаш бу бечора, бахтсиз йигитни худди қизларидек ёқтиришларига ишонмас эдим. Мен ундан барча севишганлар эҳтиёж сезадиган нарсаларни талаб қилмас эдим, чунки мен унинг қадрини жуда баланд тутар эдим. Унинг ўткир нигоҳларига қараш билан унинг қалби тубида мен учун қанча жой ажратганига эътибор қилмас эдим, балки ака сифатида жой ажратгандир, балки севгилиси сифатида. Амакимнинг қизига бўлган севгим худди руҳоний малойика қаршисида тиз чўкиб, таъзим қилишдай гап эди, гўё у илоҳий маъбудаю мен унга бош кўтариб қарашга журъат қилмаган художўйман.
Токи амаким оғир касалликка чалиниб вафот этгунларича биз шундай яшадик. Амакимнинг хотинига умид билан айтган охирги сўзлари шундай бўлди: “Ўлим бу болага қилаётган ғамхўрлигимга халақит бермоқда, мен унга қандай ота бўлган бўлсам, сен шундай она бўлгин. Мен сенга ўлимимдан кейин у мендан бошқа ҳеч нарсасини йўқотмаслигини васият қиламан”.
Аммо аза кунлари ўтмасданоқ мен ўзимга нисбатан бошқа муносабатни, бошқача қарашларни сеза бошладим. Қалбимда шу пайтгача ёт бўлган ўзгача бир ҳис-туйғу пайдо бўлди. Мени ҳадик ва умидсизлик қамраб олди, умримда биринчи марта бу уйда бегоналигимни, ёруғ жаҳонда мусофир эканимни ўйлаб кетдим.
Кунларнинг бирида хонамда ўтирган эдим, хонамга истараси иссиқ, очиққина хизматкор аёл кириб келди. У тўғри олдимга келди-да, деди: “Хўжам, хоним сизга бир гапни айтиб қўйишимни буюрдилар; яқинда у қизини турмушга чиқарар экан, сиз ва синглингиз вояга етганингиз боис амакингиз вафотидан кейин сизнинг бу ерда қолишингиз куёвда шубҳа уйғотиши мумкин. Ҳозир сиз яшаётган хонада келин-куёвларга жой ҳозирланар экан. Хоним ўзларига тегишли қайси уйни хоҳласангиз ўшанга ўтиб яшашингиз мумкинлигини айтдилар. У сизга барча шарт-шароитларни яратиб бериб, айрилиқ азобларини ҳис этмас экансиз”.
Бу сўзлар отилган ўқдай юрагимни тешиб ўтди. Шундай бўлса-да, ўзимни қўлга олиб: “Менинг истагим нима бўларди, Оллоҳ рози бўлса, бўлгани”, – дедим.
Хизматкор аёл юмушига кетди, мен эса кўз ёшларимга эрк бериб қоронғу тушгунча бир ўзим ёлғиз қолдим. Жомадонимни олиб унга кийимларимни ва китобларимни жойладим ва ўзимча ўйладим: “Бу ҳаётда мени бахтли қиладиган ҳеч нарса қолмади, ҳатто мен ҳурмат қиладиган ва мени ҳам ҳурмат қиладиган яқин кишимдан-да жудо бўлдим. Энди на қувона, на афсус қила оламан”. Шундан сўнг билдирмайгина бу уйдан чиқиб кетдим. Аммо кетишимдан олдин сўнг бор шаффоф парда ортида тинчгина ухлаётган севгилимга назар ташладим. Бу менинг у билан сўнгги учрашувим эди.

Қасамки, жонажон Бағдодни гина қилиб тарк этмадим,
Эҳ, қанийди Бағдодда умрбод қололсам!
Мени ғам қийнади, шу боис пинҳона кетдим,
Ҳатто дўстлар билан хайрлашишга ҳам қолмади мадор.

Худди Одам алайҳиссалом жаннатни тарк этганидек, мен ҳам узоқ вақт бахтли яшаб келаётган уйимни тарк этдим. У ердан карахт, қочоққа ўхшаб аянчли тусда мусибатлар ва хавф-хатарлардан боши чиқмаган киши каби ортиқ учрашишга умидим йўқ ҳолда тақдирга тан бериб, ғариблик сари юз тутдим.
Бахтиёр онларимдан нишона сифатида озгина пулим бор эди. Юқори қаватдаги мана шу бўш хонани ижарага олдим, лекин бу ерда лоақал бир соат ҳам туролмадим, юрагимни ҳасрат ва ғамдан озод қиладиган дори топиш илинжида гоҳ у ерга, гоҳ бу ерга кўчиб юра бошладим. Бир неча ойлик узоқ сафарга жўнаб кетдим. Бир шаҳарга келиб қўндим демагунча кўнглим бошқа шаҳарни тусайверади, бир жойга қуёш чиқа бошлаганида етиб борсам, ботаётганида бошқа жойда бўлардим.
Шунга ўрганиб қолган эдим. Аммо мактабда дарслар бошланиб қолди ва мен болалигим ўтган шаҳарга, амакимнинг уйига қайтдим. Энди одамлар орасида яшасам-да, якка яшаш орзусида ҳамон уларнинг кўзига ташланавермасдим. Мен ўзим билан ўзим бўлишга, ҳеч нарсага эътибор қилмасликка, ўтмишимни унутишга, ўтмишимни эслатадиган барча нарсалардан қочиб яшашга қарор қилгандим.
Мактаб ва уйдан бошқа ҳеч қаерга бормасдим. Қалбимда ўтмиш кечинмаларимдан ҳеч вақо қолмаганди. Фақат гоҳида пайдо бўладиган ғамгина руҳимни безовта қилиб турар эди, шунда мен ўзимнинг ёлғизлигимдан аччиқ-аччиқ йиғлаб олардим. Буни Оллоҳдан бошқа ҳеч ким билмасди, токи қалбим сокинликка эришгунча шу ҳолат давом этди.
Мен бирмунча муддат шундай яшадим. Кеча эса қанча пулим қолганини билмоқчи бўлдим. Қарангки, пулим қолмабди ва мен бундан кейин қандай яшашимни ўйлаб қолдим, боз устига яна ўқиш пулни ҳам тўлаш зарур эди. Аҳволим танг эканлигини ўйлаб анча довдираб қолдим, нима қилишимни билмасдим. Шунда китобларимни кўздан кечирдим, энг зарурларини қолдириб, қолганларини китоб бозорига олиб бордим. У ерда кун бўйи турдим, аммо китобларимни тўртдан бир баҳосига ҳам оладиган харидор бўлмади. Чарчаган ва жаҳлим чиққан ҳолда уйга қайтдим, шу лаҳзаларда мендан-да бахтсизроқ ва мендан-да ғариброқ инсон йўқ эди.
Уй дарвозаси олдида қўшнилардан мени сўраб турган қандайдир аёлга кўзим тушди. Мен уни танидим. У амакимнинг уйидаги хизматкор аёл эди. Мен: “Сиз фалончими?” деб сўрадим. У: “Ҳа” деб жавоб берди. Мен у аёлдан нимага келганини сўрадим, аёл менда иши борлигини айтди. У билан ўз хонамга кўтарилдим, ёлғиз қолганимизда ундан нима гапи борлигини сўрадим. У гап бошлади: “Уч кундан буён сени қидирмаган жойим қолмади, сени на биров кўрган, на биров эшитган. Мана, охири сени бугун топдим”. Шундай деб аёл ҳўнграб йиғлаб юборди. Унинг йиғиси мени чўчитиб юборди. Марҳум амакимнинг уйида бирор бир кор-ҳол бўлдимикин деб қўрқинч билан хизматкор аёлдан нимага йиғлаяпсиз деб сўрадим. У ажабланди: “Наҳотки амакингнинг уйида нима бўлганидан бехабар бўлсанг?” деди. “Хабарим йўқ, – деб жавоб бердим. – Хўш нима бўлди?”. Шунда хизматкор аёл кийимининг қатидан бир хат олиб, менга узатди. Мен хатни очдим, у менинг севгилимдан эди. Мен ҳеч қачон ёдимдан чиқмайдиган сўзларни ўқий бошладим: “Мен билан хайрлашмасдан кетиб қолибсан, лекин бундан хафа эмасман. Аммо бугун мен ўлим тўшагида ётибман, мен билан охирги бор хайрлашишга келмасанг, сени кечирмайман”. Қўлимдаги хатни ирғитиб, эшик томон талпиндим. Хизматкор аёл енгимдан тортиб тўхтатди: “Хўжам, йўл бўлсин?”. “У касал, мен уни, албатта, кўришим керак”, – деб қичқирдим унга. Аёл бироз сукут сақлади. Сўнг ҳазин овозда: “Энди фойдаси йўқ, хўжам. Тақдирга тан беринг”, деди.
Юрагимда бир нима чирт узилди, бутун дунё қоронғулашди. Турган жойимда ҳушсиз йиқилдим ва анчагача шундай ётдим. Ниҳоят кўзимни очиб, тун чўкканини, ёнимда эса хизматкор аёл йиғлаб турганини кўрдим. “Эй аёл, наҳотки айтганларинг рост бўлса?” унга мурожаат қилдим. “Ҳа” деб жавоб берди у. Мен ундан ҳаммасини бир бошдан айтиб беришини сўрадим.
У қуйидагиларни ҳикоя қилди: “Сен кетганингдан кейин хўжам, амакингнинг қизи ўзини қўярга жой тополмай қолди. Сен кетган кунинг у мендан нима учун бундай қилганингни сўради ва мен унга онаси айтган гапларни сенга етказганим учун кетганингни айтдим. Шунда у бечора додлаб: “У шўрлик энди нима қилади! Ахир улар бизнинг муҳаббатимиз ҳақида билишмайди-ку!” – деди. Гўё қалбидаги яраларни даволагандай сени ҳеч эсламади. Бир неча кун ичидаёқ унинг руҳий хасталиги жисмига ўтди. У ўзини жуда ёмон ҳис қила бошлади. Олдинги ҳуснидан ном-нишон қолмади, лабларидаги майин табассум аллақаёққа ғойиб бўлди, кейин у тўшакка бир ётиб қолганича бошқа қаддини кўтара олмади. Қизининг бу аҳволидан онанинг ёмон кайфи учди, уни турмушга бериш ҳақидаги ўйларни унутди, ахир олдинлари туну кун хаёлида фақат шу гаплар бўлар эди-да. У табиб чақиртирди ва қизига қараб туриш учун энага ҳам ёллади. Табиб ҳам, энага ҳам ёрдам бера олмади. Қизнинг кундан-кун ажали яқинлашиб келарди. Бир неча кун олдин ёнида ўтирганимда, унинг аста қимирлаб қўйганини сездим. Мен унга томон энгашдим, у қўлидан ушлашимни ишора қилди. Мен қўлидан ушладим ва у бир амаллаб туриб ўтирди, кейин соат неча бўлганини сўради. Мен: “Қоронғу тун”, деб жавоб бердим. Уйидагиларнинг ҳаммаси уйқудалигига ва менинг бир ўзим қолганимга ишонч ҳосил қилгандан сўнг: “Амакимнинг ўғли қаердалигини биласанми?” деб сўради. Мен ҳайрон қолдим, чунки у кўпдан буён сен ҳақингда гапирмаган эди-да. “Ҳа, у қаердалигини биламан”, – дедим. Аслида сенинг қаердалигингни билмасдим, лекин у бечорани ноумид қилмаслик учун шундай дедим. Барибир унинг куни битган эди. У мендан: “Ҳеч кимга билдирмасдан менинг хатимни унга етказа оласанми?” – деб сўради. Мен: “Бу нарса қўлимдан келмас-ов, хоним…” дедим. Аммо у сиёҳдонни сўради ва қўлингдаги мана шу хатни ёзди. Тонг отгач, уйдан чиқдим-да, сени қидиришга тушдим. Ҳар бир ўткинчининг юзига тикилиб қарайман, сенга ўхшатаман, лекин у бошқа бўлиб чиқарди. Яна қуёш бота бошлади, кеч кирди ва мен уйга қайтдим. Уйга яқинлашганимда қулоғимга гўянда хотинларнинг товуши чалинди ва мен ажал ўқи нишонга текканини, ўзининг таровати ва гўзаллиги билан оламни тўлдириб турган ажойиб атиргул сўнгги япроғини тўкканини англадим. Мен ёлғиз боласини йўқотган она каби унга жуда куюндим. Дарҳақиқат, ўша куни ҳамма йиғлади. Мен учун энг оғири шу бўлдики, у умрининг охирги дақиқаларида сени кўришни умид қилган эди ва бу орзуси ушалмай қолди. Мен бу хатни яшириб юриб, сени ахтардим ва охири топдим”.
Мен у аёлга миннатдорчилик билдириб, кузатиб қўйдим. У кетди… Бир ўзим қолгач, кўзимни қоронғулик қоплаётганини сездим ва ҳеч нарсани кўрмай қолдим. Сизни кўрмагунимча нималар бўлганини эслай олмайман”.
Ҳикоясининг шу жойига келганда йигитча оғир хўрсинди, шунда мен унинг юраги ана-ана ёрилади деб ўйладим. Мен унга томон энгашиб: “Нима бўлди, хўжам”, – деб сўрадим. “Ўз қалбимни бироз бўлса ҳам таскин топтириш учун бир томчигина кўз ёши истадим, аммо қани у?”, деди ва жим бўлиб қолди. Кейин бир нималар деб шивирлаётгандек туюлди. Мен яна унга энгашдим ва у секин деди: “Эй, Худо, сен менинг ёруғ дунёда кимсасиз, ёлғиз эканимни биласан. Мен бир камбағал одамман, менинг суянчим ҳам, қўллаб-қувватловчим ҳам йўқ. Мен заифман, нотавонман, тирикчиликка қаердан пул топишни билмайман. Бахтсизлик мени ёмон забтига олди, юрагим сўнгги марта ураяпти… Эй Худо, ахир сен Ўзинг менга жон ато қилгансан, мен сенинг амрингга шаккоклик қилиб, ўз жонимга қасд қилолмайман. Шу боис, уни Ўзинг ол, менга берган омонатингни ол, ўз даргоҳингга қайтар, Сенинг паноҳингда, Сенинг ҳузурингда бўлиш қандай бахт”.
Шундай деб, йигитча бошини чангаллаганча заиф овозда: “Бошим ёнаяпти, юрагим эса оғриқдан тарс ёрилай деяпти. Менинг умрим оз қолганга ўхшайди… Оллоҳ ўз амрини бажо келтиргач, сиз мени севгилим ёнига кўмишга ва мана бу хатни лаҳадга мен билан бирга қўйишга ваъда берасизми?”,– деб сўради. Мен: “Яхши, Оллоҳдан руҳингизни енгил қилишини сўрайман”, дедим. “Энди мен хотиржам жон бераман”, – деди у. Бу унинг сўнгги сўзлари эди.
Бахтсиз йигитча борасидаги қайғум унинг васиятини адо этганимдан сўнг хиёл енгиллашгандай бўлди. Мен уни ўша амакисининг қизи ёнига дафн қилдирдим ҳамда ўша қиз ўз олдига келишини сўраб ёзган хатни ҳам бирга қўйдим. Тириклигида бу чақириққа кела олмаган йигитча ҳар қалай ўлгандан кейин етиб келди-ку.
Шундай қилиб, икки мурғак қалб бирлашди. Ҳаётлик даврларида бу ёруғ оламда уларга жой йўқ эди, аммо ўлганларидан сўнг эса оддий лаҳад уларга бошпана бўлди.

Рус тилидан Фаҳриддин Муҳаммадиев таржимаси