Мурза Ғапаров. Икки маҳал гуллайдиган олмалар (ҳикоя)

Уй ичи тор бўлгани учун, бола бутун қиш давомида печка остидаги бурчакда мушукдай ғужанак бўлиб, ранги унниққан полнинг устида ётиб чиқди. Ҳаво илиб, очиқ осмон остида яшаса бўладиган пайт келиши билан, ёғоч омборидан яшириб олиб келган ва шахтадан чиққан чиқиндиларнинг орасидан топган яроқсиз тахталарни қураштириб, ўтинхонанинг ёнига кичкинагина сўри ясаб олди-да, шаҳардагилар орасида биринчи бўлиб ташқарида яшай бошлади. Устига соя тушмайдиган сўрида пешин маҳали ухлаб, дам олиш қийин бўлгани учун, ўгай отасидан ҳаддан ташқари қўрқса ҳам, унинг бугун соат учда келишини билса ҳам, онасининг зорланиб қаршилик кўрсатганига қарамай, таваккал қилиб, уйга кириб каравотга ётиб олди. Ётганда ҳам, кийим-пийими билан ётди.
Ўгай отаси унинг ориқ елкасидан туртиб уйғотди.
– Эй, ошга юк, бошга юк, яқин орада сен мени ўз уйимдан ҳам қувиб чиқарадиганга ўхшайсан-а?!
Ғижиниб турган отасининг жун қоплаган кенг кўкраги, йўл-йўл чизиқлар тушган дўнг пешонаси, қуюқ қошларининг остидан заҳар сочаётган кўзлари ва дўрдоқ лабларига нафрат билан бир сидра қараб чиққан бола каравотдан секин тушиб, ташқарига йўналди. Даҳлизга чиқадиган остонада ҳаммасини кўриб, эшитиб, йиғлагудай бўлиб лаблари титраб турган онаси ёнидан ўтиб бораётган боланинг орқа курагига шап этиб бир туширди. Бола йиғлаб қочишнинг ўрнига, онасининг ёш тўкишга тайёр турган кўзларига «Бу тағин нимаси?» дегандай тик қараб, индамай ташқарига чиқиб, ўзининг қуёшда қизиб ётган ёзги сўрисига борди. Девор остидаги примусга қўйилган кичик тунука товоқдаги сарғиш тусли шўрванинг билқиллаб қайнашига қараб, бир муддат ўйланиб ўтирди. Кейин ўрнидан илкис туриб, икки қадам наридаги торгина хиёбонга ўтди. Анчадан кейин ўнг томонга бурилиб, темир йўлни кесиб ўтиб, асфальт йўлга тушди. Кўп ўтмай шаҳар ҳудуди тугаб, буғдой экилган кенг дала бошланди. Бола буғдойзор ичини оралаб ўтган йўлга бурилди.
Кўпдан бери ҳеч ким юрмаган овлоқ йўлда ёмғирли баҳор кунларини эслатувчи от-арава, сигир-бузоқ ва йўловчиларнинг лойга ботган эски излари кўринди. Изларнинг ҳар жой-ҳар жойида буғдой униб чиқиб, пишиб қолибди.
Бола бир зумда буғдойзорга кириб, кўздан ғойиб бўлди. Шу пайт орқа томондан онасининг таниш ва ёқимли овозини эшитди.
– Сар-да-ал! – Овоз бўғиқ ва аянчли эди. Бола ортига ўгирилиб, олисдан сап-сариқ буғдойзорни оралаб келаётган онасининг қоп-қора бошини, юқори кўтарилган қўлида ҳилпираган рўмолни кўриб ўрнидан турди.
Онаси анча жойгача югуриб келди, лекин охири ўпкаси оғзига тиқилиб, оғир-оғир нафас ола бошлади.
– Қайт, Сардал!
Бола онасининг ниятини тушуниб, ортига ўгирилмай қоча бошлади. Она билан бола ўртасида қувлашмачоқ бошланди.
– Сар-да-ал, қайт!
– Сар-да-ал!
Аёл ҳолсизланиб орқада қола бошлади.
– Сар-да-ал!..
Бу гал онасининг овози узоқдан эшитилганини билган бола тўхтаб, орқасига қаради.
Онаси анча олисда, йўлнинг ўртасида тўхтаб қолибди. Ўғлининг жойидан қўзғалмай турганини кўриб, бир оз ишониб-ишонмай, иккиланиб юра бошлади. Боланинг яна қочиб кетишини кутиб, ундан кўзини узмасдан қадамини тезлатди. Қаттиқ шошилганидан бир марта қоқилиб, ерга юзтубан йиқилди. Уст-боши, юз-кўзи чанг-тупроққа беланди, лекин эгнини қоқмай, ҳурпайган сочларини тузатмасдан, гўрдан чиққандай ғалати аҳволда юриб бораверди.
Бу болага таъсир этди. Юраги ачишиб, томоғига нимадир тиқилди. Ўзи сезмаган ҳолда аста-секин қадам ташлаб, онаси томон юрди. Онасининг тупроқ теккан қуюқ қошларининг остидан боқиб турган қоп-қора кўзларини кўргач:
– Опа! – деб қичқириб югурди. Аёл ҳам бор кучини йиғиб, икки кўлини чўзиб, унга талпинди.
Кейин бошларидаги осмон сингари кенг буғдойзор ўртасидаги майса қоплаган эски йўлда она-бола бир-бировини маҳкам қучоқлаб, бир-бирининг қалб ҳарорати, ёқимли ва таниш ҳидидан ҳаяжонланиб, анчагача индамай туришди. Бир-биридан нигоҳларини яшириб, кўз ёш тўкишди.
– Энди… – деди бир маҳал онаси боланинг бошини кўксидан бўшатмай, – шундай аҳд қилган бўлсанг, майли… Лекин отангнинг олдига боргач, мен ҳақимда гапирмай қўяқол, майлими?
– Йўқ, – деди ўғли онасининг қучоғидан чиқиб, – айтаман. Хаммасини айтаман. Ертўлага ўхшаган уйингни, камбағал ва ночорлигингни, турмушинг ёмонлигини, кийимларинг юпунлигини, ишинг оғирлигини, нон бўлмай қолган пайтларда талабаларнинг кийимини ювиб пул топишингни, ёлғизлигингни, касалхонада бирга ишлайдиган кир ювувчи хотинлардан бошқа ҳеч ким сени танимаслигини, шу ҳолингга қарамай, эринг бор пулига ичиб келиб, раҳм қилмасдан сени савалашини – ҳамма-ҳаммасини айтаман.
Дийдагирён аёл ўзини хотиржам тутишга уринди.
– Бундай қилсанг, менга кўмагинг тегмайди-да, Сардал.
– Шундай бўлса ҳам…
– Полвоним, сен ҳали кўп нарсани тушунмайсан. Билсанг, катталар ҳам янглишади. Энг ёмони, уларнинг ҳар бир хатоси жуда қимматга тушади…
– Эҳ, опажон! – деди бола бошини қайтадан онасининг кўксига босиб. – Бир пайтлар қандай бахтли эдик… Ўз отам билан… Ўз уйимиз, қўрғонимиз, боғимиз бор эди… Икки туп олмамиз кузда қайта гулга кирарди. Эсингдами, опа?
– Албатта, – деди онаси беихтиёр жилмайиб, – лекин бу олмаларнинг меваси пишмай қоларди. Совуқ кузнинг ортидан қиш келиб…
Кўзидаги ёшни боласига кўрсатмаслик учун бошини баланд кўтариб, олис-олисларга қаради. Кипригида милтираган томчида қуёш нурлари, оппоқ булутлар, сарғайган осмон акс этди.
– Опа, эсингдами, отам билан уччовимиз шаҳарга бориб, менга велосипед сотиб олгандик. У ҳозир ҳам отхонада турибди. Сенинг олдингга келсам, отамнинг олдига жўнатмай қўйишингни билганимда, велосипедимни шаҳарга олиб келган бўлардим. – Бола бир оз ўйга ботиб, жим бўлиб қолди. Кейин чуқур хўрсинди. – Опажон, ўшанда нимага жанжал қилдинглар?.. Ҳаммасини сен қилдинг… Кейин ярашиб олсангиз ҳам бўларди. Бечора отам сендан қайта-қайта кечирим сўради. Эрга текканингдан кейин ҳам келиб юрди. Шу йилнинг ўзида ҳам келиб кетди-ку! Сен бўлсанг…
– Сардал, юр, – деди аёл нафасини ростлаб, – сени кузатиб қўймоқчиман.
Иккиси бир-бирига суяниб, жимгина қадам босишди.
– Сардал… – деди аёл бир неча қадам юришгач, негадир қийналиб, – сен отангга айт… Эртага дам олиш куни… Сен билан шаҳарга келсин… Янги велосипединг ғилдирагига ел берган жойимизда, толнинг остидаги супада мени кутинглар, хўпми?
– Опа… – деди ўғли қувончини яширолмай.
– Бор, бор энди… – Онаси тўхтади.
Бола онасидан кўзини узолмасдан беш-олти қадам юриб, кейин ортига тез-тез қараб, ундан узоқлаша бошлади.
Аёл йўлнинг ўртасида довдираб, ўғли сап-сариқ буғдойзорнинг орасига тамоман сингиб кетгунча ундан кўзини узмай қараб тураверди…
Бола онасининг боши қоп-қора нуқтага ўхшаб, унинг юраётгани ёки тўхтаб тургани билинмай қолгунча юриб, кейин ботинкаларини ечиб, уларни бир-бирига боғлаб елкасига илиб, шимининг почасини тиззасигача қайтариб олди-да, илдамлаб кетди.
Кўнгли ўсган бола йўл бўйи ирғишлаб ўйнаб, шаталоқ отиб югуриб, дам олган пайтларида чигирткаларни уриштириб, буғдой ичидан капалак ва чирилдоқ қувалаб, йўлдан адашиб қолгунча кетаверди. Кун ботар маҳали буғдойзор тугагач, бола ўзига таниш қиёқ-қамишлар ўсган ботқоқликка етди. Шу ерда буғдойзор ичидаги йўл бошқа томонга бурилди, бола эса қамишзор яқинидаги ёлғизоёқ йўлга тушди. Қоронғилик туша бошлагач, қамишзор ичидаги ёввойи ўрдаклар қўноқ излаб, нари-бери уча бошлади. Бола уч-тўрт дақиқадан кейин ботқоқликдан ўтиб, колхозчиларнинг томорқаларига дуч келди. Аввал экинзорларни, кейин қишлоқ боғларини, уйларни оралаб юриб, ўзларининг қўрғонига етиб келди.
Негадир дарвоза ичидан берк экан. Бола тирқишдан қараб, олма остида ўтирган кампирни, ўчоққа ўт қалаётган ёшгина жувонни, велосипедининг ғилдирагига ел бераётган ўзига тенгдош болани кўрди. Умрида кўрмаган бегона кишилар уни ҳаддан ташқари ҳайрон қолдирди. Бир муддат нима қилишини билмай, гарангсиб турди-да, кейин шимининг почасини тушириб, ботинкаларини кийиб, кичик мушти билан дарвозани қоқди. Шу заҳоти қўрғон ичидан калишнинг «ширп-шурп» овози эшитилиб, кўп ўтмай дарвозанинг оғир занжири шалдираб, рўпарасида истараси иссиқ ёш жувон пайдо бўлди.
– Ҳормангиз… – деди бола аёлдан бир оз тортиниб.
– Бор бўл, кел.
– Келдим… Жақип ака уйдами? – У негадир «отам» дегиси келмади.
– Йўқ. Экинларни суғоришга кетган. Нима ишинг бор эди?.. Айтавер, мен унинг хотиниман.
Бола жувонга анграйиб тикилиб қолди. Шу чоғ аёлнинг ёнига велосипедини етаклаган бола келди.
Сардал боланинг юзига қарамай туриб, велосипедга кўз қирини ташлади. Велосипеднинг бир оз майишган рулидан унинг ўзиники эканлигини билиб, қўй кўзларига тўлган ёшни етти ёт бегоналарга кўрсатмаслик учун ортига қайтди.
Уй эгалари ҳайрон бўлиб қараб қолишди.
Сардалнинг кайфияти бузилиб, қўрғондан узоқлаша бошлади. Муюлишга етганида кўча бошидан дупурлаб келаётган сигирларни, уларнинг ортидан тупроқ кўчани бошига кўтариб ўтаётган болаларни кўриб тўхтади. Сигирларни ҳам, уларнинг эгаларини ҳам таниб, шу заҳоти ўзини қоронғиликка уриб, девор панасида яшириниб турди. Ўзининг эски дўстлари олдида сувга ирғитилган кучукдай аянчли ҳолда шалвираб тургиси келмади.
Ўтлоқдан тўйган қоринларини аранг кўтариб, сут иси келиб турган елинларини осилтириб, ўз турмушидан рози бўлиб, юрсамми-юрмасамми дегандай, сигирлар ўта бошлади. Болалар Сардални пайқашмади. Улар қуёш чиққанда қўзиқорин чиқиш-чиқмаслиги борасидаги баҳсга алаҳсиб ўтиб кетишди.
Болалар кўздан йўқолгунча, Сардал ўрнидан жилмади. Бирдан қулоғига булбулнинг «чик-ак» деган аянчли товуши эшитилди.
Бола юқорига қараб, ҳалидан бери эътибор бермаган, меваларининг оғирлигидан ерга эгилиб турган олма шохларини кўрди. Бу олмалар ўзгача, ҳар йили икки марта гуллайдиган икки туп олманинг шохлари эди… Бола олмаларнинг ҳар бир новдасини, ҳар бир япроғини соғинч билан кузатди. Туйқусдан бир неча шохда тонгги юлдузларга ўхшаган гуллар кўринди.
Боланинг кўзига қайтадан ёш тўлди. Энди бу гуллар булоқ остидан чиқиб, олис-олисларга учиб боргач, бир-бирига қўшилиб, булутга айланиб кетишди…
Бола кўзларини артиб йўлга тушди. У қишлоқ уйларини, боғларни, экинзорларни ортда қолдириб, қамиш ўсган ботқоқликка яқинлашди. Шу ерда унга бир ит йўлиқди. Ит йўлнинг четида ўсган ўтлар орасида югуриб, қўнғиз тутиб еб юрганди.
Сардал аввалига унчалик эътибор бермади, кейин таниб қолди: бу ўзларининг ити эди. Ит болани пайқамади. Бола уни чақириб, ўзининг кичиклик пайтидагидай бўйнидан қучоқлагиси келди, лекин эргашиб қолишидан чўчиб индамади, чунки боланинг ортидан борса, шаҳарда яшаши қийин бўлади.
Болага итнинг ҳеч нарсадан хабарсиз, эркин юриши ёқди. «Сен жуда ҳам бахтлисан…» – деди итдан кўзини узмай бораётиб.
Бирданига ит уни сезиб қолди. Ўша заҳоти югуриб келиб суйкалиб, боланинг юз-кўзи, қўлларини искаб, атрофида айланди.
Буни кўриб боланинг юраги ҳаприқиб кетди. Бирпас итнинг манглайини силаб туриб:
– Мен билан кетасанми-а? Кетасанми? – деб сўради.
Ит унинг кўлини ялаб, думини қимирлатди.
– Ундай бўлса, юр!
Ит болага эргашди. Иккиси қамишзор ичига киришди. Бу ер кенг, ғор сингари қоронғи ва тинч экан.
Бола оёғи билан тусмоллаб йўлни топиб, юз-кўзини қиёқ-қамишлардан тўсиб, қўлларини юқори кўтариб, буғдойзор ёнидан чиқди. Шошмасдан шимининг почасини қайириб, ботинкасини елкасига илди. Қаршисидаги денгиз сингари ястанган далага бир қараб қўйди-да, чарчоқдан зирқираб оғрий бошлаган оёқларини аранг кўтариб, буғдойзорнинг ичига кириб кетди.
Ит унинг ортидан қолмади. Шу пайт боланинг рўпарасида-ги олис тоғлар ёришиб, чақмоқ чақилди. Қорайган осмондан буғдойзордаги чигирткалардай товуш чиқариб, дастлабки томчилар тома бошлади.

Қирғиз тилидан Авлиёхон Эшон таржимаси