Мурза Ғапаров. Бойчечак (ҳикоя)

Телефон узоқ жиринглади.
Кияз унинг овозини анчагача эшитиб ётиб, аранг кўзини очди.
Хона ичи қоронғи. Қай маҳал бўлгани: кечқурунми, тун ўртасими, саҳарми, билинмайди. Аэропортдан самолётларнинг гуриллагани эшитилади. Улар кеча-кундуз учиб туришади…
«Бемаҳалда ким телефон қиляпти экан? Шаҳардан эмаслиги аниқ: телефоннинг овози узун-узун жиринглаяпти».
– Эй, телефон жиринглаб ётибди, – деди аёлини туртиб.
Лекин аёли уйғонавермади. Туришга тўғри келди. Стол-стулларга туртиниб бориб, трубкани кўтарди.
– Алло…
– Бу Исоқовнинг уйими?
– Ҳа.
– Новқот билан гаплашинг.
Новқот туғилиб-ўсган тумани. У ёқда кўп қариндош-уруғлари яшайди: отаси, онаси, оға-инилари, амма-холалари, янгалари… энаси. Лекин уларнинг ҳеч қайси бири бундай бемаҳалда телефон қилишмасди. Нима бўлди экан?
Новқот томондан:
– Алло, – деган эркак кишининг овози эшитилди.
Кияз овоз эгасини танимади.
– Кимсиз? – деб сўради.
– Менман, Кияз, – деди новқотлик. – Йўлдошман.
– Қайси Йўлдош?
Киязнинг Новқотдан кетганига ўн саккиз йил бўлди. Ҳозир у ерга йилда бир бориб, икки-уч кун туриб, қайтиб келади. Бора-бора элдан, туғилган еридан узоқлашиб, баъзи юртдошларини унутиб ҳам қўйяпти.
– Қайси Йўлдош?
Ҳалиги одам унинг ҳаяллаб қолганининг сабабини тушунди шекилли:
– Йўлдош – почтачиман, – деб қўшиб қўйди.
– А-а-а, Йўлдош ака… – деди Кияз буни эшитиб. Уларнинг қишлоғида шундай одам бор эди, лекин у кишининг буларга ҳеч қандай тегишли жойи, яқинлиги йўқ эди. Шунинг учун унинг телефон қилиши, айниқса, ярим тунда кўнғироқ қилиши яна ҳам ғалати туюлди
– Хў-ўш, нечун телефон қиляпсиз?
– Кияз, овулга бир келиб кетгин, ука. Энанг бетоб бўлиб қолди.
Энасининг авваллари ҳам тоби қочиб турарди, кексайиб қолган-да. Бироқ бу ҳақда бундай тарзда хабар бериб, унинг тинчини бузишмаганди. Демак, бир гап бўлганга ўхшайди…
– Нима бўлди, аҳволи оғирми? – деб сўради Кияз тўлиқроқ маълумот олмоқчи бўлиб.
– Анча оғир, – деди Йўлдош почтачи. – Келишинг керак.
Демак, бир ҳодиса бўлган деб ўйлади Кияз. Бироқ аниғини билиб олиши зарур: шунчаки тоби қочиб қолган бўлса, боролмайди – келгуси жумагача авторефератини топшириши керак, ойнинг охирида диссертациясини химоя қилади; тўсатдан кампирга бир нима бўлиб қолган бўлса, боришига тўғри келади. Лекин буни қандай аниқлайди. Тўғридан-тўғри «ўлдими?» деб сўрагани одамнинг тили бормайди. Ҳалиги одам «оғзи-бурнини қийшайтириб, бунинг сўраганини қара», деб ёмон кўриб қолиши мумкин. Қишлоқнинг одами-да.
– Нима қилсам экан? – Кияз ўйланиб қолди, лекин хаёлидан ўтгани оғзидан чиқиб кетди. – Ишларимни нима қиламан?
– Ишларингни икки-уч кунга қўя турасан-да, – деди почтачи. – Келмасанг, бўлмайди. Кампирнинг кўнгли оғрийди.
Киязнинг хаёли бўлинди. Йўқ, кампир анча ўсалга ўхшайди ёки унга нимадир бўлган. Очиғини айтиб қўявермайдими, гапни айлантирмай.
– Шундай қиламан, бошқа иложим йўқ.
– Тезроқ етиб кел, ука. Бандалик-да…
Оббо, бу одамнинг мулоҳазакорлиги ҳаддан ошди! Гапни пардаламай, ўлган бўлса, ўлди демайсанми, мусурмон.
– Бораман. Тушгача етиб бораман…
Уйнинг ичи ёришиб, аёлининг юзи, яланғоч кўкраги оқариб кўрина бошлади. Эндигина турмуш қуриб, ҳали ўйин-кулги билан овора бўлиб юрган пайтлари эди. Шунинг учун хотинига бирпас суқланиб қараб туриб, шу заҳотиёқ унинг кўйнига кириб ётгиси келди, лекин самолётларнинг овози борадиган жойи олис эканлигини эслатгани учун ўзини тутди. Аёлини уйғотиб, телефонда эшитган гаплари ва ўзининг қарорини айтди.
– Мен ҳам бирга борайми? – деб эснаб қўйди хотини.
– Кераги йўқ, – деди Кияз, – кампир ҳали ўлгани йўқ. Бунинг устига, сен уни кўрмагансан ҳам. Ундан кўра, тинчгина ётиб ухлайвер, ойдиним.
– Яхши бориб кел. Чиқаётганингда эшикни қаттиқроқ ёпиб қўй…
Кияз унинг айтганини қилди.
Аэропортга етиб келса, тушгача бўладиган рейсларга чипта йўқ экан. Ёлғон гапиришига тўғри келди.
– Ўлик кўмгани боряпман, – деди мунғайиб.
Ёлғонни осонгина айта олганига ўзи ҳам ҳайрон бўлди, лекин шу заҳоти, балки бу ёлғон эмасдир, чиндан ҳам энам ўлиб қолгандир деб ўйлаб, ўзини оқлади.
– Гапингизни тасдиқлайдиган бирор нимангиз борми? – деб сўради кассир аёл.
Кияз бу қайғули хабарни телефон орқали эшитганини айтди. Кассир унга ишониб-ишонмай қараб турди-да, яқинда учадиган самолётга чипта ёзиб берди.
Самолёт бор-йўғи эллик дақиқа учиши керак. Кияз йўл бўйи ойнадан ташқарига қараб кетди. Бир йилдан бери Фрунзедан четга чиқмади. Мана, энди шаҳар, ундаги ўзининг машаққатли ҳаётини ортда, ерда қолдириб, ўзини эркин ва енгил ҳис қила бошлади. Ёз манзаралари кайфиятини кўтарди. Айниқса, шимол билан жанубни ажратиб турган тоғлардан ўтаётганда юраги тўлқинланиб кетди.
Тоғлардан қор кетмабди. Яқин орада кетадиган ҳам эмас. Бир-бири билан туташган тоғлар паст-баландлиги ҳам билинмай, оппоқ кенгликка айланиб, осойишта ялтирайди. Осмонда узуқ-юлуқ булутлар қалқиб юрибди…
Кияз самолётдан тушиб, таксига ўтирди. Машина уни тўғри қишлоғига етказиб қўйди. Энаси ўлибди. Отасининг эшигида тўпланган одамларни кўриб, буни тушунди. Кўпчилик ўгирилиб машинага қаради. Биров шошилиб уйга кириб кетди, шу заҳоти жимлик чўккан уйдан йиғи товуши эшитилди. Кимдир издиҳом орасидан ажралиб, Киязга пешвоз чиқди. Йўлдош почтачи экан.
– Келдингми, ука? – деди почтачи унга нари-бери қўл узатиб.
– Энди нима қилай? – Киязнинг тилига бошқа калима келмади.
У бирданига гангиб қолди. Бироқ куйганидан эмас, ҳали куймоқ нималигини билмасди, ёши ўттиз бешга чиқиб, ўлим-йитимни кўрмаганлиги учун эсанкираб қолди. Ахир, энаси ўлиб ётибди. Нима қилмоғи лозим?
– Йиғлаб, ортимдан эргаш, – деди почтачи.
Кияз унга эргашди, лекин йиғлашга ҳали тайёр эмас эди. Умрида ўлган одам учун йиғламаганди. Ўзига қараб турган одамларни чамалаб, шипиллаб бораётган почтачининг ортидан қадам ташлаб кетаверди.
– Йиғла, йиғламайсанми? – дея пичирлади почтачи ярим ўгирилиб. Унинг сўзлари таънага ўхшаб эшитилди.
Кияз таваккал қилиб:
– Энам-ей, энам-ей, – деб юборди.
Бу сўзларни шунчаки эмас, балки бироз оҳангга солиб, чўзиб, мунгли қилиб айтди. Лекин дийдасига ёш келмади. Одамлардан кўзини яшириш учун плашчининг чўнтагига қўлини суқиб, дастрўмолини излади. Қўл солган чўнтагида рўмолчаси йўқ экан. Унинг мақсадини тушундими, кимдир югуриб келиб, қўлидан портфелини олди. Кияз бўшаган қўли билан бошқа чўнтагидан дастрўмолни топиб, кўзига тутди…
Почтачига эргашиб йиғи эшитилаётган уйга кирди. Аввал даҳлиз, кейин тўрдаги хонага ўтишди. Хона ичи қоронғироқ экан. Кияз остонага тўқиниб, почтачининг елкасига туртиниб кетди. Юз-кўзидан дастрўмолини олиб, йиғлаётганларни ғира-шира кўриб қолди. Уларнинг ҳаммаси ўзининг қариндошлари бўлиб чиқди: отаси, онаси, оға-инилари, амма-холалари, янгалари… Улар бир кишилик ёғоч сўрининг атрофида тик турган ҳолда йиғлашмоқда. Сўрида энаси ётибди. Соғлигида букчайиб юрадиган жуссаси кичик қора кампир энди оёқларини узатиб, бўйи узайиб қолибди. Устига қора бахмал ёпилгани учун унинг ҳеч каери кўринмайди. Кияз энасининг юзини очиб кўриши керакми, йўқми, билолмай қолди. Урф-одат қандайлигини билмасди. Шунинг учун энасидан икки қадам берида тўхтаб, бошқаларнинг сафига қўшилиб:
– Энам-ей, энам-ей, – деб овоз солди.
Кўзига тағин ёш келмади. Уйнинг ичида уввос солиб турганлар ҳам, энасининг жонсиз ётиши ҳам, унинг юрагини эритолмади. Бунга ўзи ҳам ажабланди.
Бир пайт кимдир келиб кўксига бошини қўйди. Онаси экан. Онасининг оҳангга солиб айтаётган йўқловидаги сўзлар Киязга тегишлидай туюлди. У бир оз тўхтаб, онасининг нима деяётганига қизиқсинди. Лекин шовқин-сурон ичидан унинг «Энангдан айрилиб қолдик…» деган сўзларини зўрға илғай олди.
Ҳа, энамдан айрилдик, деди Кияз ҳам ичида. Мана, энаси ўлиб ётибди. Ҳар бир кишининг битта энаси бўлади. Эна дегани – онасининг онаси. Демак, жуда ҳам яқин. Албатта, Кияз буни билади, лекин ақли билан тушуниб турса ҳам, юрагига етказолмай турибди.
– Энам-ей, энам-ей…
Онасидан кейин бошқа қариндошлари ҳам бир-бир келиб, унинг бўйнига осилиб йиғлаб, ғам-аламларини у билан тенг баҳам кўрмоқ бўлишди. Лекин уларнинг ҳаммаси бир бўлиб ҳам, ғусса ва кўз ёшларини Киязга юқтира олишмади. Унинг ботини сувсиз қоронғи қудуққа ўхшаб қолгандай эди.
– Энам-ей, энам-ей…
Кияз бошқаларнинг назарида ўзини бўзлаётгандай кўрсатиб, қуриб қолган қудуғидан сув чиқаришга уринди. Атайлаб бўлса ҳам, қалбини юмшатгиси келиб, энасини, унинг феъл-атворини эслади. Энаси умрида бировга қаттиқ гапирмаган, ўзи ҳам бошқалардан ёмон гап эшитмаган, жуда ақлли ва меҳрибон аёл эди. Болаларим, болаларимнинг болалари деб юриб, охири мана бундай қилиб, дунёдан ўтди. Киязни яхши кўрарди. Ҳар гал набираси қишлоққа келганида, уни кўзида ёш билан кутиб олиб, атрофидан айланиб-ўргиларди.
«Болаларингни бешигини тебратиб, кейин ўлсам армоним қолмасди», – дерди доимо…
Хотиралар ҳам Киязнинг юрагини илитмади. У аввалгидай кўз ёш тўкмай, овоз солиб тураверди.
– Энам-ей, энам-ей…
Кампирни ташқарига олиб чиқиб, ўртага қўйишди. Салла ўраган бир чол жаноза ўқиди. Кейин кампирни қабристонга олиб жўнашди.
Урф-одатга биноан, гўристонга фақат эркаклар боради. Хотин-халаж дод-фарёд уриб қолаверди. Албатта, ҳовлидан чиқишлари билан ўзини кампирга қариндош деб билган эр-каклар ҳам йўл бўйи йиғлаб боришди. Бу ҳам Кияз учун катта синов бўлди, лекин у бундан ҳам ўта олмади. Кўксидаги қудуқ ҳали ҳам сувсиз эди.
Қабристонда кўп овора бўлишмади, жой тайёр экан, майитни дарров қабрга қўйишди. Кияз энасини охирги марта кўриб қолгиси келди, лекин армонда қолди: кампирни оқ кафанга ўраб, бош-оёғини боғлаб қўйишибди.
Кампирни қабрга туширишаётган пайтда бир ўспирин қаттиқ бўзлаб йиғлади. Қараса, акасининг кенжа ўғли. Бола шу қадар тўлиқиб, шу қадар куйиниб йиғладики, Кияз унга ҳайрат ва ҳавас билан тикилди.
Бу боланинг гўдаклигида у шаҳарга кетганди. Шундан буён ўн саккиз йил ўтибди. Агар энаси ўн саккиз йил илгари ўлганида, балки у ҳам шу болага ўхшаб йиғлармиди…
Гўрга тупроқ торта бошлашди. Бола баттар бақириб йиғлади.
Туйқусдан осмонда тўрғай сайраб юборди.
Кияз анчадан буён тўрғайнинг овозини эшитмаганди. Ялт этиб осмонга қаради. Ўзининг қаерда эканлиги ёдига тушгач, хижолат бўлди. Дарҳол бировнинг кетмонини олиб, энасининг қабрига тупроқ торта бошлади…
Тўрғай сайрайверди.
Бола бўзлайверди.
Бир пайт Киязнинг кетмони бир бойчечакни узиб кетди. Бойчечак тупроққа аралашди. Кияз ўйланиб ўтирмай, уни қўлига олди-ю, бирор киши кўриб қолмадимикин деган хаёлда шошиб чўнтагига солди.
Бола бўзлайверди.
Тўрғай сайрайверди.
Кампирни кўмиб бўлган одамлар қабристондан чиқа бошлашди.
Янги қабр ёнида бўзлаётган болагина қолди.
Кияз ортига қайтиб, унинг қўлтиғидан тутди:
– Юр энди…
Энасини янги манзилга қўйиб қайтишди.
Қишлоққа қайтган эл бирин-кетин тарқалди.
Кечқурун уйда олис-яқин қариндошларгина қолишди.
Ўт ёқилган иссиқ ўчоқ ёнида кампир ҳақида гаплашиб ўти- ришди.
– Бечора энам Киязни чақиринглар, уни бир кўриб ўлсам, армоним қолмасди деб жон берди, – деди отаси.
Онаси бир халтача ўрик мағзини олиб келиб, Киязнинг олдига тўкди.
– Ўзи йиғиб-териб, ўзи чақиб, келса бераман деб, сенга илиниб юрганди, – деди кўзига ёш олиб.
Кияз ҳамма гапларни жимгина эшитиб ўтирди.
Эртаси куни кампирнинг руҳ-арвоҳига бағишлаб ош беришди.
Ошдан кейин Кияз ўзининг автореферати, диссертациясини тезроқ битказиши лозимлигини айтиб, ота-онасидан кетишга рухсат сради.
– Ўзинг биласан, – деди онаси чуқур хўрсиниб.
– Зарур бўлса, қайтавер, – деди отаси. – Барибир кампирни тирилтириб ололмаймиз…
У шаҳарга учиб кетди.
Икки кун ичида тоғларнинг кўриниши ҳеч ҳам ўзгармабди.
Пастда ҳали ҳам оппоқ ва кенг майдон жимирлаб ётибди…
Лекин бу гал тоғлар ҳам, дарёлар ҳам, булутлар ҳам Киязда қизиқиш уйғотмади. Бағри ғамга тўлиб, кўнгли чўкди. Бир нима ичгиси келди, лекин ичгани ҳеч нарса топилмади. Тамаки чеккиси келиб, чўнтагига қўлини суқди, лекин тамаки ўрнига юмшоқ, муздеккина бир нарса қўлига илинди. Олиб қараса, бойчечак экан. Бойчечак сўлиб қолибди.
Кияз уни истаб-истамай ушлаб туриб, ҳолсизланиб ўтирди. Қабристонни эслади. Бир зумда икки юзи қизариб, нафаси тиқилди. У жирканиб бошини чайқади.
– Қандай ёввойилик… – деб шивирлади ўзига-ўзи. – Қандай ёввойилик… Қандай ёввойилик…
Ўзининг шундай ҳолга тушиб қолганига ачинди. Ўзига-ўзи аянчли кўриниб, ўзига раҳми келди. Бирданига кўзига ёш қалқди. Кўз ёши оқиб, юзларини ювиб туша бошлади…
Кияз анчагача юм-юм йиғлади. Йиғлаган сайин қалби мулойимлашиб, кўксидаги туман тарқаб, ўзини енгил ҳис қила бошлади. Уч кун деганда зориқтириб келган бу кўз ёшидан ғоят севинди. Қуриб қолган қудуғи очилиб, унда яна сув пайдо бўлаётгандай эди.
Демак, ҳали кеч эмас экан.

Қирғиз тилидан Авлиёхон Эшон таржимаси