Муродбой Низанов. Реклама (ҳажвия)

Жўра-ёронларнинг бори яхши. Қисинсанг, мас­ла­ҳат беради, қувонсанг, бирга қувонади. Хафа бўлсанг, ғамингни бўлишади. Хуллас, дўстинг кўп бўлса, юкинг ерда қолмайди.
Тадбиркорлик билан шуғулланиб, бахтимни синаб кўрмоқчи бўлдим. Бу борада дўстларнинг маслаҳатига муҳтожлик сездим. Нега десангиз, ишларим юришмай қолди. Гоҳо пул топмайман, пул топсам уни сарфлайдиган ер топмайман. Давосиз дардга йўлиққан кишидай сал сирлашадиган одам топилса унга дардимни тўкиб соладиган бўлдим.
– Нега ишларинг юришмай турганини биласанми? – деди дўстларимдан бири.
– Билмасам. Ҳисоб-китобга нўноқроқман.
– Гап унда эмас, оғайни. Ҳисоб-китоб деганинг ик­кинчи даражали масала. Биринчи масала ишнинг кў­зини билишдир.
– Хўш, ишнинг кўзи нимада экан?
– Шуни яхши билгинки, ишнинг кўзи рекламада!
– Йўғ-э?
– Ҳа, шунақа. Ривожланган мамлакатларда реклама, бу – ҳаёт дегани. Ишбилармонликни рекламасиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ҳали сен тадбиркорликнинг нозик томонларига, сир-асрорларига ўрганолмай турибсан. Шунинг учун ишларинг юришмай қийналиб ўтирибсан. Масалан, сенда тахта борми – бор. Бундан кимлар хабардор?
– Сен биласан, Дўспанбет билади. Ержаннинг хабари бор. Нурабилла эшитган эди, кейин…
Дўстим кулиб юборди.
– Боланинг гапини гапирасан! Майли, биз ҳар қай­симиз ўнта одамга айтайлик. Нари борса эллик-олтмиш одам хабар топар. Тахта уларга ё керак, ё керак эмас. Агар реклама қилсанг, бир кунда юз минг одам эшитади. Эртасига ярим миллион, индинига эса бир ярим миллион одам хабар топади. Ана шундан кейин кўрасан савдони!
Ўйлаб кўрсам, гапида жон бор. Икки вагон тахта келтирганимга уч ой бўлди. Эндигина беш кубини сотдим, фанерларим ҳам нам тортиб бораётир. Бола-чақамни безор қилиб, уларни куноша шамоллатиб тахтлаймиз. Шиферларимнинг бир қисми харидор топилавермагач, ўзининг оғирлиги билан сина бошлади. Шунча нарсам пулга айланмай туриб қолди. Агар реклама берганимда буларнинг бари сотилиб, фирмамнинг ишлари юришиб кетарди.
Эртаси куни радиода реклама бердим. Келаси куни телевизор орқали маълум қилдим. Уч кундан ке­йин барча газеталарда “Топармон-тутармон” фирмасида (яъни менинг фирмамда) хоҳлаган турдаги қурилиш материаллари сероблиги ҳақида рекламалар босилиб чиқди. Реклама харидор чақиради, деганлари рост экан. Телевизорда айтилган кундан бир кун ўтиб бир йигит келди.
– Кеча сизнинг фирмангизда тахта бор деб айтгандай бўлишдими?
– Ҳа, шундай, тахта бор.
– Қандай хилларидан топилади?
– Хоҳлаган хилингиздан топиб берамиз! Шифер қоқтириш учун стропила керакми, пол учун учлик-тўртлик тахтами ёки ойна-эшик тузатишга ярайдиган тахтами – хуллас, ҳамма хилидан топилади.
– Силлиқ қилиниб рандаланган кийгизма тахтадан-чи?
– Ундан ҳам бор, уста қидириб юрмасдан ўзингиз қоқаверасиз.
– Қани бўлмаса, шу тахталарингизнинг ҳужжат­ларини бир кўрайлик-чи, – деди ҳалиги йигит ғўддайиб.
– Қанақа ҳужжат? – дедим мен. – Бари рисоладагидай. Менда ҳужжатсиз, ноқонуний нарсанинг ўзи йўқ.
– Масалан, божхона ҳужжати борми?
– Албатта, бор!
– Қани кўрсатинг!
– Нега кўрсатар эканман?
“Харидор”им чўнтагидан хизмат гувоҳномасини чи­қарди.
– Божхона бошқармасиданман. Шубҳали молларни текширишга ҳақим бор.
Сира бу ҳужжатни биров сўрайди, деб ўйламаган эканман. Уч ойдан бери ётган ҳужжатни ағдар-тўнтар қилиб зўрға топдим. Тахта олар деб ўйлаган бу “харидорим” ҳужжатларни мудраб-мудраб варақлади. Та­қир ердан чанг чиқарадиган сиёғи бор. Ниҳоят ўйла­ганимдай бўлди.
– Манави рухсатномани ким берди?
– Ўқиб кўринг, оти-зоти ёзилгандир ахир?
– Ёзилгани учун сўраяпман-да! Ориқдан келган, узун бўйли йигитми?
– Эсимда йўқ. Унча эътибор қилмаган эканман.
– Эътибор қилмаган бўлсангиз, билиб қўйинг. Бекжонов деган одам. Ҳозир қамоқда у.
– Қамоқда?!
Дастлаб чўчиб тушдим. Кейин ўзимга келиб сўра­дим:
– Унинг менга қандай алоқаси бор?
У рухсат берган материалларнинг ҳаммаси ҳозирги кунда текширилмоқда. У божхонамизнинг номига доғ тушириб, ўғирлик молларни ўтказиб юбораверган.
– Шунда менинг тахталарим ҳам ўғирликми?
– Ким билади? Балки шундай бўлиб чиқар? Буни текшириб кўришимиз керак!
Ана бошланди. У “ўғирлик мол” деб гумон қилади, мен ҳужжат қолдирмай кўрсатаман. У ҳеч бирини тан олмайди. Унинг айтишича тахтани олган жойимга бориб қайтадан ҳужжат келтиришим керак экан. Шундагина тахталаримнинг ўғирлик нарса эмаслигига ишонса бўлар эмиш. Бўлмаса бош-адоқ давлат фойдасига мусодара қилишармиш. Текширувчи минғирлайвериб тушгача жонимни халқумимга келтирди. Реклама бўйича келган ўнлаб одамлар эшикни очиб, бетоқат мўралайди. Мен эса уларнинг ҳолидан хабар олгудай алфозда эмасман. Ниҳоят пичоқ суякка қадалар ҳолатда текширувчи билан тил топишдик.
– Хўп, акаси, бўлмаса шундай қилайлик, – деган садо чиқди ундан. – Гилам сотсанг, қўшнингга сот, бир четида ўзинг ҳам ўтирасан, деган гап бор. Элга тахта олиб келган экансан, савоб иш қилибсан, бироқ кесмагунча қонамайди, деган гап бор…
Хуллас, божхона ходими бир сўм ҳам бермай уч куб тахтамни олиб кетди. Тушдан кейин бошимни қуйи солиб ишга зўрға келдим. Етти-саккиз одам мени кутиб турган экан.
– Оғайнилар, сизлар сал сабр қилиб туринглар. Мен кираману чиқаман, – деб бир бадбашара киши изим­дан эргашди. Тушгача бўлган можаролардан юрак ол­дириб қўйганим учун унга гумонсираб қарадим. Унчалик текширувчига ўхшамайди.
– Кеча реклама кўрган эдим, – дея у олдимга яқинроқ келиб ўтирди. Сизда шифер ҳам борми?
– Албатта бор!
Битнинг аламини бургадан олгандай бўлмасин деб ҳалиги текин кетган уч куб тахтанинг алами ичимни итдай тирнаб турган бўлса-да, бу кишига сездирмай молимни мақтай кетдим.
– Ўзи жуда сифатли шифер. Етти қобирғали. Синган, дарз кетган жойи йўқ. Устига чиқиб тўп ўйнасанг ҳам билинмайди.
– Ўзимизникими ёки Россияникими?
– Россияники.
– Сотиб олиб келдингми ёки бирор нарсага алмаштирдингми?
Аста кўз қирим билан унга қарадим. “Сотиб олиб келдимми, қарзга олдимми ёки бирор нарсага алмаштирдимми, бунинг нима иши бор экан?”
– Шифер олмоқчимисиз ўзи? – дедим қовоғимни уйиб.
– Оламанми, олмайманми бу иккинчи масала. Сиз менинг ҳалиги саволимга жавоб беринг. Шиферни сотиб олдингизми ё бирор нарсага алмаштириб олиб келдингизми?
Ана холос, етимнинг оғзи ошга етганда бурни қо­найди, деганлари шу бўлса керак? Реклама берсанг ишларинг юришиб кетади деган гап бекор экан-да.
Бу харидорим коррупциядан бўлиб чиқди. Икки оғизгина сўзлаб чиқаман деган бу нусха кечга яқин икки юзта шиферимни теп-текинга олиб тинчиди.
– Қўрқма, иним, қўрқсанг ишлай олмайсан, – деди у кетар чоғида елкамга қоқиб. – Ўзим устингдан қуш учирмайман. Ғайрат қилавер.
Эртаси кун бўйи уйдан чиқмай ётдим. Кечга яқин телефоним жиринглади.
– Рекламани беришга бериб ўзинг яшириниб ётибсанми? – деди биров ўдағайлаб.
Ана холос! Тағин ким бўлди экан?
– Йўғ-э, яширинганим йўқ, сал мазам бўлмай…
– Эгри йўл билан мол топсанг, мазанг бўлмай­ди-да!
– Қанақа эгри йўл? Ҳеч қандай қинғир йўл билан мол топганим йўқ!
– Хабаримиз бор, эртага барча ҳужжатларингни олиб солиқ бошқармасига кел. Мен Бодиков бўламан. 44-хонага келасан.
Бодиков дегани борганингдан муддаосини айта қолса қанийди. Йўқ. Ишларимни ковлаштира кетди. Фир­мам иш бошлаганидан буён ҳамиша солиқларни кам тўлаган эмиш. Айримларини эса яширганман. Ясама ҳужжатлар топганман, энди келаётган кварталга ҳам со­лиқ тўлашим керак эмиш.
Хуллас, қуёш оға бошлагач Бодиков дегани зўрға муддаосини айтди. Эллик дона шифер керак экан.
Реклама берганимдан уч кун ўтиб-ўтмай қочарга жой тополмай қолдим. Фирмамнинг эшигини очмайман. Уйда телефоннинг ҳам симини узиб ташладим. Шунда ҳам эвини топиб участка инспектори ўнта дераза шишаси, прокуратура терговчиси ўттиз дона оргалит, суд ижрочиси эса саккизта ёғоч олиб кетди.
Арзимни кимга айтишимни билмай ҳушим бошимдан учди. Шундай вақтда жўра-ёронларнинг бори яхши экан. Тағин уларни ахтариб топдим.
– Реклама бер! – деди улар.
– Ўзи рекламадан куйиб ўтирибман-ку.
– Айтганимизни қилавер, реклама бер!
– Фирмамизда ҳеч нарса йўқ. Ҳеч нарса билан савдо-сотиқ қилинмайди, деб реклама бер!
Уларнинг айтганидай қилдим. Бошқа иложим йўқ.
Ростданам рекламада гап кўп экан, қулоғим тин­чиди-қўйди.
Энди ўзимнинг нарсаларимни ўзим ими-жимида харидор ахтариб сотадиган бўлдим. Мабодо сизга ҳам қурилиш материаллари керак эмасми? Бир жойда бор, айтсангиз топиб бераман. Фақат биров эшитмасин. Тс, жим!

Қорақалпоқ тилидан Исмоил Оллоберганов таржимаси

«Ёшлик» журналининг 2012 йил 2-сонидан олинди.