Муродбой Низанов. Ота ҳурмати (ҳажвия)

Бир куни мени муҳарриримиз ҳузурига чорлаб, туйқусдан сўраб қолди:
– Сен отасан, а?
– А? – Мен ҳовлиқиб қолдим. – Кимга?
– Масалан, мен – отаман, уч фарзандим бор. Сенам отасан, шундоқмасми!
– Шундай, шундай… Худога шукур, беш фарзандим бор.
– Ана! Шундоқ экан, оталарга ҳурмат қандоқлигини ҳеч ўйлаб кўрганмисан? Оталар ҳурмати жойига қўйиляптими? Қани менга инсоф билан айт-чи, қайси шоир дунёдаги барча оталар ёдлаб ёки хиргойи қилиб юргудек битта қўшиқ яратди? Ёхуд ота ҳақида роман, қисса қоралаган ёзувчи борми? Йўқ!.. Ҳатто, садағанггина кетай, пайғамбаримиз ҳам “отанг билан онанг баравар чақириб қолсалар, уч мартагача олдин онангнинг олдига бор, кейин отангга бор”, дея лутф қилганлар. …Хўш, биз фақирларнинг ёзуғимиз нима?
Ўйлаб кўрсам, айни ҳақиқат.
– Шу боис, – деди муҳаррир охирида, – биз иккаламиз оталар ҳурматини жойига қўяйлик.
– Қандай қилиб қўямиз?
– Боплаб мақола ёзасан! Ёзгандаям шунақанги боплаб ёзасанки, шу пайтгача беҳафсала юрган кимсалар ота фазилатларининг нақадар серқирралигидан воқиф бўлсин. Фарзанднинг отага бўлган ҳурматиниқўл етмас чўққиларга кўтар. Сенга бир ой муҳлат!..
Одатдагидек мақола бўлганда-ку, менга озгина муддатнинг ўзиёқ кифоя эди. Аммо, бунақа муаммоли масала учун бир ойлик муддат, менимча, эрта ўтиб, индинга етиб келадигандек туюлди.
Ҳарқалай, топшириқни бажариш керак. Қолаверса, ўзимнинг ҳам оталик ғурурим ғимирлаб қолди, шекилли. Лекин, мия қурғурга ҳеч вақо келмади. Тун бўйи тўлғониб чиқдим. Эртасига яна. Учинчи куни ҳамма уйқуга ётгач, миямга бир фикр келгандек бўлди. Шу тахлит бошлайман, дедим хаёлан, ҳамма ҳайрон қолсин:
…Қадимда болалар оталари кексайгач, опичлаб олиб, кимсасиз жойларга ташлаб келар экан. Ҳозир, худога шукур, тўрга ўтказиб, эъзозлайди…
Йўқ, бўлмайди! Баъзи ақли ноқислар “эски урф-одатларни қайта тиклайман” деб қолса-чи, оталарини аллақайларга обориб ташлаш пайига тушиб қолса-чи!
Чўчиб тушдим. Қайта хаёлга чўмдим. Топдим! Мана, бундоқ бошлайман:
…Бир фарзанд ўз отасини опичлаб, Каъбага оборибди… Йўқ, тўхта, тўхта. Афсонага кўра, “ўз онасини” деб айтилади, шекилли… Аниғини билмаган нарсага алағда бўлмай қўяқолай.
Ёки. …Ҳа бўлди, мана бундай ёзаман:
…Бир чол билан кампирнинг ёлғиз ўғли бор экан. Уни, иттифоқо, шаҳарга катта мансабга таклиф қилишибди. Бироқ, кампир-чолнинг овулдан кетгиси келмабди. Шунда ўғли отасини рози қилиш учун ўтирган ерига икки қаватли муҳташам сарой қурдириб берибди…
Бўлмайди! Ичкарисида неваралари чопқилаб ўйнамайдиган, ўғли ҳар кун эрталаб Тангри саломини бермайдиган, келини саҳарлаб таҳорат сувини илитиб бермайдиган муҳташам саройнинг кимга кераги бор?!
Ёхуд мана бу тарзда ёзсам-чи:
…Бир амалдор фарзанд отасига чақмоқдек ялтиллаган яп-янги “Нексия” обериб, ишхонаси ҳисобидан бир ҳайдовчи тайинлаб қўяди.
Йў-ғе! Бу ғирт жиноят-ку?..
Тўғриси, бирор жўяли гапнинг жиловидан ғиппа ушламасанг, ҳафсаланг пир бўлиб, хаёлингга ҳеч нарса келмай қўяркан. Шуйтиб, бу оқшом ҳам бесамар кетди.
Халқнинг “билмаганни сўрашнинг айби йўқ” деган нақли бор. Мен ҳам тизгинсиз хаёлларни йиғиштириб, дўст-ёронларимдан мадад сўрадим. Улар ҳам ҳар бири баҳоли қудрат ёрдамга ошиқди:
– Отанг – таянч тоғинг! Отанг – Худодан кейинги улуғинг!
– Отанг – Оллоҳ таолодан кейинги ижодкоринг!
Хўш, шу тариқа баландпарвоз сўзлар билан бошларман ҳам дейлик. Кейин-чи? Ҳаётдан олинган мисол бўлмаса, нима қизиғи бор?
Аммо, “чин кўнгилдан йиғласанг, сўқир кўздан ёш чиқар” деганлари рост экан. Мисол топилди. Душанба эди ўша кун. Каллаи саҳарлаб, Дўстмирза деган ўртоғим қўнғироқ қилди:
– Пайшанба куни Қўнғирот шаҳрига, тоғамнинг уйига борамиз. Тадоригингни кўравер.
– У ёқда нима бор?
– Сен излаб юрган мисол бор.
– Хўш-хўш?
– Тоғамнинг Қутлимурод қалпе (қуш овчиси) деган қўшниси бор. У бир пайтлар қуённинг қулоғидан, қирғовулнинг оёғидан ушлай оладиган аломат овчи бўлган. Ҳозир устаси фаранг тадбиркор. Савдо-сотиқ туфайли унинг оёғи етмаган ер йўқ бу оламда. Ҳатто, туғилган кунига Туркиядан меҳмон келади. Кореяга ёки Японияга бориб келиш унга чўт эмас, худди ўзимизнинг Чимбойга бориб келгандек осон.
– Бунақа гаплар менга на ҳожат? Менга отасининг ҳурматини жойига қўйган одам керак.
– Нақ шунинг учун айтяпман-да! Ҳозирча одам оёғи етгудек жойда Қутлимурод қалпедек отасининг ҳурматини жойига қўйган одам йўқ. Ибрат олса арзигулик фарзанд. Яқинда отасининг қабри устига шоҳона мақбара қурдирган. Пайшанба куни ўша мақбаранинг очилиш тантанаси бўларкан. Тоғам айтдилар. Икки автобус, еттита енгил машина сафини туман ДАН машинаси бошлаб бораркан!..
Хулласи калом, дўстим мени кўндирди.
Пайшанба куни эрталаб йўлга чиқдик. Бориб кўрдикки, тумонат одам. Қабристонга боришдан олдин “енгилгина чойхўрлик” бўлди. Рости, шу “енгилгина чойхўрлик” дастурхонидаги тўкин-сочинлик манзараси менинг ўтган йили ўғлимнинг суннат тўйига ёзилган дастурхондан анча дабдабалироқ эди.
Аммо лекигин, қалпе жаноблари муллалардан кўра журналистларни кўпроқ хуш кўраркан. Дўстмирза иккаламизни биринчи машинага ўтқазди. Ўзи олд ўриндиққа жойлашди.
– Мен шахсан ўзим шуҳратпараст эмасман, – деди у машина ўрнидан қўзғалиш биланоқ. – Аммо, журналистлар мени қаёқдан бўлмасин излаб топиб олишади. Бир куни телевидениедан, эртасига радиодан, индинига газетадан. Мана, ҳозир ҳам, ҳатто қабристонгаям бирга боряпти журналистлар.
Индамадим. Нима дей? Бораётганим рост-ку.
Қабристонга етдик. Ҳамма машинадан тушди, ўзиям катта бир маъраканинг одами жамулжам бўлибди. Гумбаздек салла ўраган имомга эргашиб муҳташам мақбара сари кўтарилдик. Эҳ, мақбарамисан мақбара бўлипти-да. Ҳар бир ғишти ўзгача бир меҳр билан тарошланиб, ўзгача бир бўёқ ишлатилгандек ялтиллайди. Тепасидаги ярим ойга тикка қарай олмайсиз – қуёш нури кўзингизни қамаштириб юборади.
Гумбазнинг теварак-айланасига ҳар хил рангдаги нақшинкор тошлар ётқизилган. Тош тўшалмаларнинг четига қуббали темир панжара ўрнатилган. Гумбаз олдига қўйилган ялтироқ мармар тошда оппоқ соқолли, сариқ чакмонли, очиқ чеҳрали бир мўйсафиднинг ҳайкали қўйилган. Ҳайкал олдида бахмал тўшалган стол. Стол устида пиширилган курка гўшти, қази-қарта, олма-узум, сархил мевалар. Столнинг икки томонида елкаларига сочиқ ташланган икки забардаст йигит хизматга шай ҳолда серрайиб турибди.
Йиғилганлар гумбаз ёқалаб ўтирдик. Бояги оқ саллали имом қироат билан эзиб-эзиб, қуръон тиловат қилди. Кейин ҳамма кетма-кет тизилишиб, мақбара олдидаги дастурхондан туз тотдик.
Шундан сўнг митинг бошланди.
– Дунёга келган ҳар бир фарзанд, – дея бамайлихотир сўз бошлади имом ҳазратлари, – отага мана шу тахлит ҳурмат бажо келтирмоғи жоиз. Қанийди, менинг ҳам, сенинг ҳам, унинг ҳам ўғил-қизлари Қутлимуроджондек саховатпеша инсон бўлиб, келажакда мақбаралар бунёд қилсалар!..
Гоҳ ҳазратнинг маърузасини тинглайман, гоҳо оғзим очилиб, мақбарага суқланиб қарайман. Гоҳида биз ўтирган жойдан юз қадамча наридаги оддий бир қабр кўриниши диққатимни тортади. Қабр афтодаҳол, лойсувоқлари кўчиб кетган. Уям гумбазсимон қилиб қурилган. Лекин, Қутлимуроднинг отасига тикланган мақбара гумбази билан таққослаганда… э, таққослаб бўлмайди. Аммо, негадир, бу ерга зиёратга келган киши борки, ҳаммаси ўша қабр томон қайрилиб ўтяпти, девори тупроғини пешонасига суришяпти. Секи-ин суриштириб билдимки, у аллақайси шайхнинг қабри бўлиб, ушбу қабристон унинг номи билан аталаркан.
Мақбара олдидаги митинг марҳум ҳақида эмас, нуқул Қутлимуроднинг шаънига айтилган мақтовлардан иборат тантанага ўхшаб кетди-ёв.
– Қутлимурод дўстимиз, керак бўлса, отаси учун жонини ҳам аямайди, – деди қорин қўйворган биттаси. – Мана, манави отасининг суратини Эрондан рассом олдириб чиздирган. Рассом бу асарини юз йил асл ҳолида туширишга кафолат берди. Қутлимурод айтганини икки қилмай, унга уч миллион сўмни нақд санаб берди. Мен шахсан ўзим санашдим.
– Оғайнилар! “Ёмон чинини айтаман деб, сирини айтади” деган нақл бор, – деди яна бир галстук таққан арбоб. – Нақлда айтилганидек, менам чинимни айтсам, сўнгги ўн йилдан буён отамнинг қабрига бормаганман. Ҳар йили хотира кунида бола-чақаларни юбораман. Сабаби, вақт ҳам йўқ, қунт ҳам йўқ. Отамнинг қабри ҳали-ҳануз қаровсиз. Тўғри, қабрни таъмирлашга, бирор лавҳа ўрнатишга қурбим етади. Лекин… Энди шу… Мана шу мақбара олдида туриб, қасамёд қиламанки, келгуси йили, албатта, отамнинг қабрига лавҳа ўрнатаман. Чунки, Қутлимурод дўстим бугунги саховатпешалиги билан барчамизга ибрат бўлди, мени мулзам қилди!
Мунозара мусобақага айланди:
– Қутлимуроджон ушбу мақбара учун ўттиз уч миллион сарфлади!
– Йўқ, ўттиз етти миллиондан ошиқроқ. Қурилишнинг бош-қошида ўзим бўлганман!
– Тўғри! Лекин у отаси учун атиги ўттиз сўм сарфлаганчалик ҳам оғринмади.
– Отага сарфланган харажат – ўта савоб ишдур!
– Тақсир, оқилона нақл қилдингиз. Ота Оллоҳдан кейинги ижодкоримиз, ахир!
Хуллас, “ким ўзарга” нутқлар ирод қилинди. Сўзга чиққанларнинг ҳар бири “мени кўрдимикин” қабилида асосан Қутлимурод қалпега қараб гапирди. У эса ҳар бир гапни берилиб тинглаган сари, бир ўкчадан бир ўкчага миниб, виқор билан гердайиб туради.
Кун оққандан сўнггина қабристондан аранг қайтдик. “Хомталашнинг каттасини туя сўйганда кўринг” деганларидек, дастурхоннинг каттаси кейин бўлди. Боя унчалик эътибор қилмаган эканмизки, бу уй шаҳарнинг тор кўчасига ўхшамаскан. Аслида, атрофидаги тўрт қўшнисининг ер майдонини кўтарага сотиб олиб, ўрнига узундан узоқ сарой қурдирган экан. Саройнинг охирига бири-биридан ҳашамдор уч ўтов тикланган.
Қалпе журналистларни “қадрлаш” ақидасига амал қилди, шекилли, бизни биринчи ўтовга таклиф қилди. Бу ерда казо-казолар, гапирганда оғзининг бир чеккасидан миллионлар чиқиб кетаверадиган бизнесменлар, сўнг катта-кичик мансабдорлар эди. Энг ғариби Дўстмирза иккаламиз бўлдик.
Мени бир нарса қизиқтира бошлади. “Бу кишининг отаси тириклигида ким бўлдийкин? Суратдаги келбатига қараганда, сал мундайроқ дин пешвоси ё кароматли эшон бўлса кераг-ов”. Шу боис, ёнимда “эртага кечқурун Эронга кетаман” деб ўтирган тижоратчи йигитдан аста шивирлаб сўрадим:
– Жўра, Қутлимуроднинг отаси тириклигида ким бўлган?
У, худди орқасидан эргашиб келган серхархаша болага қарагандек, бир олайиб қаради-ю, яна гурунгини давом қилаверди.
Бироз ўтириб, яна қўзғалдим. Бу гал тижоратчи йигитнинг нарёғида учинчи бўлиб ўтирган кишининг елкаси оша сўрадим:
– Ёшулли, Қутлимуроднинг отаси ким бўлган?
У менга бақрайиб боқди:
– Нима, ёзмоқчимисан? Сиз журналистларнинг дастидан, ҳатто, ўликларгаям тинчлик йўқ!
Занғарнинг овози қаттиқроқ чиқиб кетди, шекилли, ҳамма менга ёвқараш қилди. Ношудликдан ўнғайсизланиб, бу ўтовни тарк этишга мажбур бўлдим.
Иккинчи ўтовда ҳалиги имом билан мулла гумашталари ўтирган экан. Улар менинг бўсаға ёнига келиб ўтирганимга парво ҳам қилишмади.
Бир нарсани билгиси келса, одам тинчини йўқотар экан. Бу гал шивирлашни йиғиштириб, дангалига кўчгим келди. Устига устак, муллалар савол-жавобни ёқтиришади-ку.
– Тақсир! – дедим имомга мурожаат қилиб. – Бир нарса сўрасам майлими?
– Сўранг, бўтам! – деди у виқор билан.
Ҳамма жимиб, менинг оғзимга тикилди.
– Қутлимурод дўстимиз бугун отасининг ҳурматини жойига қўйди. Офарин. Энди мен бир нарсани билгим келяпти. Шу дўстимизнинг отаси аслида ким бўлган?
Имомнинг юзи тундлашди.
– Бўтам! – деди у бироз тин олиб. – Иккинчи бора уламоларга мурожаат қилишдан олдин обдан ўйлаб ол. Қолаверса, бу оламдан ўтган мўминлар ҳақида ғийбат ковлама!
Пешонамга пайғамбар асоси билан ургандек, карахт ҳолда ўтовдан чиқиб кетганимни билмай қолдим. Бўсағадан чиқишим биланоқ орқамдан ғовур кўтарилди.
– Тақсирим, кўнглингизга олманг.
– Шаҳарда улғайиб, бефаросат бўп кетган занғар-ку!
– Тўғри, ўзиям савол берганига пушаймон бўлгандир…
Учинчи ўтовга киришниям-кирмасликниям билмадим. Дўстмирза боя биринчи ўтовда қолганди. Яхшиямки, ўзи келиб қолди:
– Нима қилдинг? Билолдингми? Ким бўлган экан отаси?
– Ҳеч ким айтмади.
Шу пайт қўлида қумғон ушлаган бир қария ўтов ортидан чиқиб келди. Назаримда, ҳар қандай гапдан тап тортмайдиган, дангалчига ўхшайди. Мен яна таваккал қилишга бел боғладим. “Шу кишидан ҳам сўраб кўрай, нари борса битта сўкинар. Сўкишни-ку эшитавериб…” дедиму қарияга аввал саломимни, кейин саволимни бердим. У жавоб беришдан олдин у ёқ-бу ёғига қараб олди.
– Иним, – деди қария кейин хушламайроқ, – бу атрофга кўчиб келганимга атиги ўн йил бўлди. Нариёғини билмайман.
– Оқсоқол, у киши ўтган йили қазо қилган-ку. Сиз ўн йилдан буён шу атрофда…
– Ахир, мен кўчиб келганда у киши йўқ эди-да! Қариялар уйига обориб ташлаганларига бир йил бўлган экан. Шундан бери… мана, ўтган йили ўлди. Ўша ёқда ўлди. Мурдасини олиб келишганларида, келин уйига киритмай, анави муллалар ўтирган ўртадаги ўтовга қўйишди. Ювғучлар ўша жойда ювишди. Ювишда менам қатнашганман…
Дўстмирза иккаламиз ҳангу манг бўлиб қолдик. Қария таҳорат қумғонини ўтовнинг қапталига суяб қўйиб, ўзи ичкарига кириб кетди.
Ўшандан буён орадан ўн йил ўтди. Муҳаррир бир ой муҳлат берган мақола ҳамон ёзилгани йўқ. Мен эса, рости, отанинг ҳурмати қандай бўлиши кераклигини ҳалигача билолмай доғда юрибман.

Аҳмад Оқназаров таржимаси
“Шарқ юлдузи” журнали, 2013 йил, 4-сон.