Муродбой Низанов. Қорбобонинг кампири (ҳажвия)

Кези келганда бошқалардан олдинроқ отни қамчиласанг, омадинг чопади. Янги йилга бир ой қолганда телевизордан реклама бердим.
— Янги йил кечаси уйингизга Қорбобо совға олиб бориб, қутлашини истайсизми? Унда янги очилган “Қорбобо” фирмасига мурожаат қилсангиз бас. Манзилимиз…
Эртасига идорамизга одам сиғмай кетди.
— Тўнғич набирам янги йил кечаси бир ёшга тўлади. Унга сюрприз қилмоқчиман. Қорбобонгиз уйимга болалар аравачаси олиб кирсин.
— Қанақасидан бўлсин? Ҳозир шаҳримизда уч хили бор.
— Шаҳардагини айтмасангиз ҳам, ўзим биламан. Қорбобо олиб келган аравача сеҳрлироқ бўлсин-да.
— Бўпти, четдан олиб келтираман. Кассага тўлаб кетинг, — деб қўлига кўнглимга келган нархда чек бердим. У ҳам мард экан, пулни ўша заҳоти тўлади.
— Менга икки шиша француз шампанидан олиб келасиз! Қорбобо билан ичаман.
—    Қорбобо ичмайди.
—    Нега? Қорбобонгиз эркакми ўзи?
—    Эркак.
—    Бўпти. У билан ўзим гаплашаман!
—    Бизга торт.
—    Қанақасидан? Шоколадлими, кремлими?
—    Шоколадли. Бироқ яхшисидан бўлсин.
—    Айтганингиздан ҳам аъло бўлади.
—    Фотоаппаратингиз борми? — деди ёши улуғ бир аёл.
—    Бор.
— Суратни ўша заҳотиёқ чиқариб берасиз-а?
—    Албатта.
—    Менинг куёвим шол бўлиб ётиб қолган. Бугун кетадими, эртагами, билмайман. Ўлимлигини олиб қўйибмиз. Тўшагида у билан бирга ётиб суратга туширтириб берасиз.
—    Ўрнидан турғизиб, ўтирғизиб суратга туширсак бўлмасмикин?
—    Йўқ. Сал қимирлатсак, шўримиз қуриб қолиши мумкин. Қорбобо кийимида тўшакка ётасиз…
Мижозни қочирмаслик учун маъқул дедик, у ҳам савдолашиб ўтирмасдан биз айтган пулни тўлаб кетди.
Ўша куни ўттизтача одамдан буюртма олдик. Бировнинг боласига синмайдиган ўйинчоқ, яна бирининг уч ойлик қизига “Янги йилингиз қутлуғ бўлсин!” деган ёзуви бор эмизак, яна кимгадир “Напалеон” коняги, кигиз пайпоқ, гапирадиган қўғирчоқ, пулт билан юрадиган машина, кимгадир пишган ошқовоқ, хуллас ярим қулоч рўйхат туздик.
Буюртмачиларнинг кети ҳамон узилгани йўқ. Бир ҳафтадан сўнг рўйхатга ёзилганлар сони етмиш нафардан ошди. Ниҳоят идорани ёпдик-да, совға тайёрлашга киришдик. Мен аэропортда, хотиним вокзалда, катта ўғлим шаҳарга кираверишдаги божхона постида — четдан келаётган юк машиналарини кутиб олади. Ҳаммасида бизнинг буюртмаларимиз бор. Бизга ҳам, чўнтагимиздаги уяли телефонга ҳам тиним йўқ. Рекламада телефон номерларимизни берган эканмиз. Симкартасини алмаштирайлик десак, узоқда юрган савдогарлардан қўнғироқ кутмоқдамиз. Ноилож чидашга тўғри келди.
Янги йил яқинлашган сайин ҳаммамиз ҳаяжонлана бошладик. Совғаларнинг барини қандай қилиб машинага сиғдирамиз? Уларни бир кечада тарқатиб улгурамизми, йўқми? Нима бўлганда ҳам ўлимдан бошқасининг иложи топиларкан. Эпладик. “Нексия”га арава тиркадик. Ўғлим рулда, мен Қорбобо, қизим Қорқиз, хотиним совғаларни тайёрлагувчи…
Рўйхат бўйича биринчи буюртмачининг уйига кирдик. Уй эгаси қувониб кетди.
—    Кимнинг уйидан бошладингиз? — деб сўради у дарҳол.
—    Сизнинг.
—    Ростданми?
—    Ростдан.
—    Хотин, қадаҳни келтир! Илойим, йил давомида биринчи бўлиб юрайин.
—    Икки қадаҳга “Юбилейний” ароғидан қуйилди.
—    Марҳамат, Қорбобо, бир дуо қилиб юборинг!
—    Дўстим, курдошим, ўғил-қизларим! Кириб келаётган янги йилингиз қутлуғ бўлсин! Насибангиз ҳамиша мана шу қадаҳдек тўла бўлсин.
—    Қани, Қорбобо, олиб юборинг, — деб уй эгаси санчқининг учида гўшт узатди.
—    Йўқ, мен ичмайман. Бугун биз хизматдамиз…
—    Эркакмисиз?
—    Йўқ, мен Қорбобоман.
—    Қорбобонинг эркаги эмасмисиз?
—    Ҳа, эркагиман.
—    Унда оласиз!
—    Мен ахир…
—    Қўйсангиз-чи энди, мен иримчи одамман. Қорбобо менинг уйимдан қуруқ оғиз билан кетса, йил давомида оғзим қуриб қолади, рўзғоримдан хайру барака қочади.
Шу гапдан сўнг дурустроқ баҳона тополмай қолдим. Дастлаб қадаҳни лабимга сал теккизгандим, у тубидан кўтарди.
—    Қолмасин. Ўзи аччиғим тез. Қорбободан аччиқ қолса, йил давомида дуч келган киши билан ёқалашиб юраманми?
Хуллас бир қадаҳ ароқ кетди. Лекин ичим илиб, хушчақчақ бўлиб қолдим. Ароқни ёмон кўрадиган эркак борми, ахир?
Иккинчи уйга борсам, бу уй эгаси “қўявер, Қорбобо эркак бўлса, тилини ўзим топаман” деган киши экан. Эшикдан кирганимдан мен олиб борган шампанни уч қадаҳга қуйди. Бири менга, иккинчиси ўзига, учинчиси аёлига.
—    Қани, Қорбобо, табрикланг!
—    Насибамиз мана шу қадаҳдаги шампандай тўла бўлсин!
Бу сафар қисталанг қилиб ўтирмадим. Барибир топган баҳонам ўтмас эди. Бир қадаҳ ароқнинг устидан бир қадаҳ шампан кетди. Икки мушукни бир қопга солиб кўтаргандек бўлдим. Ҳарҳолда ароқ кучли-ку, ўзидан аввалги шампанни кекиртириб-кекиртириб бурнимдан қувиб чиқарди.
Кейинги уйларга борганимизда қистамасалар ҳам ўзим қадаҳ сўзи айтавердим. Навбатдаги уйларга Қорқиз иккимиз кириб чиқдик. Ўнта уйдан сўнг қизим қўлтиғимдан суяб юрадиган бўлди.
—    Ота, ҳадеб ичаверманг! Ҳали қанча совға тарқатишимиз зарур.
—    Нима мени маст бўлиб қолди, деб ўйлаяпсанми? Ҳали яна бир баклашка ароқ ичсам ҳам кўтараман. Айтгандек, “Напалеон” конягини эгасига бердикми?
—    Йўқ, ҳали навбат келган эмас.
—    Ана ўшандан бир пиёла ичгач, тўхтатаман.
Напалеон конягини буюртма берган жойда мени уч киши суяб турди. Ўша уч кишининг ўртасида чайқалиб туриб тилак айтдим.
—    Напалён ким бўлибди биз учун? У биздан енгилган! Биласизларми — енгилган! Сиз билан биз, оқсоқол… отингиз нима?
—    Қоблан!
—    Айтдим-ку, Наполённи Қоблан енгади! Қоблан ундан зўр! Оқсоқол, енголмасангиз, ўзим ёрдам бераман!
Коняк тўла қадаҳни кўтариб, симирганимни биламан, қолганини эслолмайман. Эрталаб уйғонсам, уйда ётибман. Эгнимда Қорбобонинг кийими йўқ. Бироқ кеча совға солиб кўтарган қопларимиз бўм-бўш.
Секин оёққа туриб, муздек сувга юз-қўлимни ювдим. Эгнимга палтомни кийдим-да аёлим жаврамасдан бурун қуён бўлдим.
Одатдагидек бош оғриқни даволаш учун “Елвизак” кафесига бориб, бир бокал пиво қуйдириб қарасам, менга ўхшаган йигитлардан тўрт-бештаси ўтиришибди. Улар ҳангомалашиб, ичаклари узилгудек кулишмоқда.
—    Кеча уйингизга Қорбобо бордими?
—    Борди. Бироқ оёғида туролмайди.
—    Бизникига ҳам келган эди, гапиролмайди.
—    Сизнинг уйингизга эркак Қорбобо борганмиди? — деди бирови.
—    Қорбобо эркак бўлади-да!
—    Бизнинг уйга боргани аёл-ку! Қўнғироқ жиринглаганидан сўнг эшикни очсам, қизил пўстин кийган, оппоқ соқолли Қорбобо турибди. Салом бердим.
—    Янги йилингиз қутлуғ бўлсин! Буюрган совғангизни олинг, марҳамат! — деди ҳалиги. Қарасам аёл киши.
—    Кечирасиз, Қорбобо эркак эмасмиди? — дедим ҳайрон бўлиб.
—    Мен Қорбобонинг кампириман! — деди ҳалиги аёл.
Шундан сўнг ҳеч кимнинг гапини тинглаб ўтирмай, пивони симирдим-да уйга қайтдим. Ичкарига кирсам, хотиним шол одамнинг ёнида ётиб тушган суратини томоша қилаётган экан. Аёлни яратганга шукур! Эртага юзи шувут бўлиб уялиб қолмасин деб, қолган совғаларнинг ҳаммасини ўзи тарқатган экан.